Бир шаҳарда ака-укалар яшар эди: каттасининг исми Микаэл, ундан уч-тўрт ёш кичигини эса Стефан деб аташарди. Уларнинг отасидан қолган темирчилик устахонаси бор эди. Ота қаттиққўл ва талабчан эди. Устахона шаҳар чеккасида, тўппа-тўғри қишлоққа элтадиган йўл устида жойлашганди. Устахонанинг оқланган деворларини қурум босган, кичик туйнукларини эса ўргимчак тўрлари қоплаган эди. Ичкари жуда тор ва қоронғи кўринар, сандон атрофида темирчилик анжомлари сочилиб ётар, ўчоқдаги кўмир доимо яшнаб турар, кўн босқон эса гоҳ шишиб, гоҳ бўшашиб, тинимсиз шовқин солиб, пишиллаб ишлар эди. Темирчилик устахонаси эскирган, унинг атрофидаги ерлар қурум ва мойдан қорайиб, келиб-кетишни канда қилмайдиган мижозлар оёғи остида топталиб, қотиб кетган эди. Ака-укалар шундоқ устахонанинг рўпарасида, йўлнинг нариги томонидаги эски кулбада қари онаси билан бирга яшашарди. Она уй ёнидаги кўчадан шаҳарга қатнаётган деҳқонлардан гўшт, озиқ-овқат сотиб олар, болаларининг томоғини вақтида тўйдириш учун ошхонада куймаланар, жомакорлар ва чойшабларни оппоқ қилиб ювар, ётоқхонага тоза-озода жой солиб қўяр эди.
Қоронғи устахонада ишлаётган ака-ука бир-бирига бир томчи сувдай ўхшагани билан, аслида иккисининг феълида ҳам, ташқи кўринишида ҳам фарқ бор эди. Кун ёруғига чиқиши биланоқ уларнинг бир-биридан фарқи очиқ-ойдин сезиларди. Иккиси ҳам соқол қўйган, лекин сийрак соқол ака-ука юзидаги фарқни яшира олмасди. Ака жиддий, юз бичими тўғри ва текис, тишини-тишига маҳкам босиб, лаблари кулмай турадиган, нигоҳлари тикандек ўткир эди. Укасининг юзи таъсирчан, лаблари нозик, мийиқлари жилмайишга мойил, икки бетидаги кулгичлари ярашган, тўқ кўзлари қандайдир маъюс боқарди.
Отаси ҳаётлигида ака-укаларнинг юзи ва фаъл-атворидаги фарқ унчалик кўзга ташланмасди. У бутун оилани ўз иродасига бўйсундирган, айтгани-айтган, дегани-деган эди. У соғлом ва бақувват одам эди. Бироқ кунлардан бир кун у… устахонада ўчоқда ловуллаб ёнаётган кўмирнинг алвон-қирмизи шуъласи деразага тушиб турган, сандон ёнида ғайрат билан ишлаётган пайт кутилмаганда кесилган теракдек қулади, ҳатто ҳавога кўтарган болғасини сандонга қайта уришга улгурмай қолди. Ўғиллари уни бутун умри ўтган паст ва қоронғи устахонадан йўлнинг нариги томонидаги уйига кўтариб олиб ўтишди. Жомакорларини ечиб, қурум ва ис босган танасини ювиб, тозалашди. Жасадини оппоқ кафанга ўраб, ерга кўмишди.
Ота ҳаётдан кўз юмганидан сўнг ака-ука орасидаги фарқу нифоқ яна-да кескинроқ тус олди: Микаэл эски устахонани бузиб, унинг ўрнига кенг ва замонавий темирчилик корхонасини қуришни истарди. Ахир, янги замонда темирчилик устахонасида фақат отларга тақа қўйиш ва араваларнинг бузилган ғилдиракларини тузатиш билан чекланиб қолиш кифоя эмасди-да. Темирчилик касбида ҳам янгиликларга мослашиш талаб этилар, шаҳар кундан-кунга ривожланиб борар, вазиятдан имкони борича тезроқ фойдаланиб қолиш, замонавий устахона қуриб, яна бир неча янги ишчиларни ёллаш зарур эди. Аммо Стефан ҳам, онаси ҳам унинг бу ниятига кескин қарши бўлишди. Азал-азалдан ота-боболаридан қолган, умр бўйи темирчилик қилиб, отасининг жони узилган бу устахонани бузиш ҳақидаги сўзнинг ўзиёқ уларни қаттиқ ғазаблантирарди: агар устахонани бузишса, у билан бирга аждодларнинг хотираси ҳам йўқолиб кетадигандек туюларди. Қари онанинг кўзлари ёшга тўлди, Стефан эса, устахона аждодларимиз учун қулай ва яхши бўлган, у ерда боболаримизнинг руҳи яшайди, энди уни пастак ва тор, деб бузиб ташлаш гуноҳ, дер эди. Микаэл иккимиз ҳам уйланиб, бола-чақали бўлганимизда бу устахона иккита катта оилани боқиши керак бўлади, деб эътироз билдирди укасига. Нима қипти, устахона иккита оилани ҳам боқаверади, деб яна гап қайтарди Стефан. Аммо Микаэл ўз сўзида туриб олди: устахона азалдан қандай бўлса, уни авлодлардан-авлодларга шундай эски тарзда мерос қолдириш ярамайди. Бошқа устахона қуриш зарур – у катта, кенг, ёруғ бўлсин.
Стефан бўзрайиб қолди: кўз қорачиғидай асраб-авайлаш лозим бўлган муқаддас мерос ҳақида беписанд гапиргани унинг юрагини яралади. Акаси уни сира билмайдиган, тушунмайдиган бегона эканини англади. Шундай қилиб Стефан акасидан янада узоқлашди, ўзи билан ўзи бўлиб ёлғиз қолди.
Эрталаблари шудринг тушган майсалар устидан юриб, устахонага кирар экан, бу жойга аввалгидан ҳам кучлироқ меҳр қўя бошлади, бу эски бино нақадар гўзал, унинг ичида ўзингни нақадар эркин ва қулай сезасан, деган туйғу кечар эди Стефаннинг кўнглидан. Унинг ичидаги ҳамма тақур-туқурларни ҳар қачонгидан кўра кучлироқ қадрлади: бошига болға тушаверганидан ейилиб кетган сандон қоронғида босқоннинг бўғиқ шовқини аро нақадар сирли ялтирайди. Қош қорая бошлаган кечги пайтларда у устахона олдидаги топталиб метиндек қотган қора ер устида куймаланар, отларга тақа қўярди: аввало туёқнинг қуриган учларини кесиб, текислайди, кейин тақага мих қоқа бошлайди, тиззалаб олиб, от туёғини қаттиқроқ кўкрагига босади, эгилган от бошининг елкасига суйкалиши, от тумшуғи, бурунларидан чиққан иссиқ ҳовур бўйинларини куйдириши унга нақадар хуш ёқади. Қанийди ўла-ўлгунингча устахонангда ана шундай ҳузур қилиб ишласанг.
Микаэл эса устахонанинг торлигидан асабийлашар, фақат майда-чуйда ишларни эрмак қилиб юришдан хуноб бўларди. Устахона фаолиятини кенгайтириш, иш услубини янгилаш режалари ҳақидаги қарори кун сайин мустаҳкамланди. Янги, замонавий машиналар сотиб олиш керак. Янги қуриладиган устахона темирчиликнинг ҳар қандай мураккаб ишларини ҳам амалга ошириш имконига эга бўлсин. Тасаввурида деворлари оқланган, баланд, ичи кенг, ёруғ, тоза, озода, деразалари катта, тунука томли муҳташам бино пайдо бўлди. Ўзини эса темир пармаловчи, металл йўнувчи, турли хомутлар ва гайкалар ясовчи кучли станокларни бошқараётган ишчилар ёнида тасаввур қиларди. Бу эзгу орзу-ниятлари ҳақида онаси ва укасига гап очиши биланоқ, улар Микаэлнинг бошига надомат дўлини ёғдиришарди. Шундай қилиб уларнинг уйида аҳиллик йўқолди.
Орадан икки йил ўтди, ўзаро адоват янада кескинлашди. Микаэл уйланди. Уйдан алоҳида кўчиб чиқиб, эски устахонадан кўп олис бўлмаган жойда янги қурилиш бошлади. Қип-қизил пишиқ ғиштдан ҳавас қилса арзийдиган янги иморат қурилди. Деворлари қалин сувалиб, қордай оппоқ рангга бўялди. Кенг устахона ичига темирлари ялтираб турган улкан машиналар ўрнатилди. Яп-янги пўлат ва темир ускуналар жилосидан кишининг кўзи қамашар, ҳайбатидан от ҳуркарди.
Янги устахонада жуда кўп иш топилди. Микаэл тез орада қурилиш учун олган қарзларини уза бошлади. Вақти келиб у бадавлат одам бўлди.
Энди одамлар эски темирчилик устахонасига бормай қўйишди. Бу пайтга келиб уйланиб, бола-чақали бўлган Стефан эса амал-тақал қилиб кун кечирадиган қашшоқ темирчига айланди. Унинг юрагига еб турган нонини тортиб олган, касбу коридан келаётган ризқу насибасини қийган акасига нисбатан қора ҳасад уя қурди. У аввалгидек табиатан камтар ва мўмин одам бўлса-да, ўз акасини мудом айблар эди.
Микаэл бой-бадавлат бўлиб, четдан қараганда бахтли кўринса ҳам, аслида юрагини туғишганларининг соғинчи ва армон ўртарди. Қари она унинг остонасига ҳам қадам босмас, болаларини тиззасига ўтирғизиб, ажин босган қўллари билан эркаламас эди. Микаэл учун ҳаёт маъносини йўқотгандай, шажарасининг илдизи узилиб, оила дарахти қулагандай туюлди. Шундай қилиб ака-ука ўртасидаги келишмовчилик ва низо уларнинг ҳар бирининг кўнглига аччиқ алам ва қайғу солди. Энди улар юзкўрмас бўлиб кетишган, сира учрашишмас, тасодифан дуч келганда ҳам лом-мим дея сўзлашмас эди.
Шу орада уруш бошланган пайтда ҳаётда икки қиёфа, икки хил феъл-атворга эга ака-ука тахминан қирқ ёшларда эди. Уларнинг иккаласини ҳам ҳарбий хизматга чақиришди.
У пайтларда одамларнинг бир-бири билан яқинлашуви тез ва осон эди. Эл бошига тушган кулфат, ҳамдардлик қайғули юракларни ҳамроз қилар эди.
Эрта тонгда поезд вагонларни аскарларга тўлдириб, бутун мамлакат бўйлаб йўл юриш учун шаҳардан чиқди. Мамлакат эса катта ва серунум эди. Паровоздан ўрлаган қора тутун булутлари юртнинг далалари ва ўтлоқларини қоплади. Қоронғи вагонларда игна тушгудай жой йўқ, аскарлар ғуж-ғуж. Бир-бирининг пинжига тиқилишиб, ҳадик ва хавотир ичра жимжит ўтиришарди. Уларнинг остида вагонлар ғилдираклари муттасил тарақлайди, бақувват рельслар ялт-ялт этади. Тиззалари ўртасида ёғоч қўндоқли, темир дўлли милтиқлар, белларидаги тасмаларга ўқ-дорилар, узун, ингичка тиғли найза осилган. Аскарларнинг юзи вагон қоронғилигига чўмган. Саф-саф йигитларнинг юзи бир хил, кўп сонли битта одам ёнма-ёнма ўтирганидек. Бир одам вагон-вагон бўлиб кўпайиб кетаётгандек.
Аслида аскарларнинг ҳар бири бошқа-бошқа эди: кучлилари ҳам, кучсизлари ҳам бор эди. Икки ака-ука ҳам ёнма-ён, паровознинг шовқини-ю, ғилдиракларнинг шарақ-шуруғини тинглаб боришарди. Поезд ўтхонаси олов пуркаб, уларни шиддат билан манзилга етказишга ошиқарди. Улар кўзларини юмиб ўтиргани билан поезд елиб бораётган мана шу мамлакат ниҳоятда бепоён экани, фақат қаердадир узоқ-узоқларда ўз халқини бошқа халқлардан ажратиб турувчи чегаралар мавжудлиги, ана шу ҳудудларда уруш бораётгани ҳақидаги қуйқа фикрнинг ўзиёқ ҳалқумидан бўғиб турарди. Ака-ука уларни ўлимнинг қучоғига топшириш учун маҳкум қилиб йўқлик томонга олиб боришаётганини чуқур ҳис этарди. Икковиям дарди ичида, ёнма-ён ўтирар, аммо ҳатто ёнма-ён кетишаётганини ҳам сезмаганди.
Икки кундан сўнг поезд уларни фронтга етказиб келди. Аскарлар вагонлардан чиқаётиб тўпларнинг гумбурлаган садоларини эшитарди. Эртасига қулоқларни кар қилгудек гумбурлашлар уларни тўрт томондан қуршаб олди.
У дунё бошқача, ғалати, телба дунё эди. Уларнинг боши узра катта-катта ёрқин юлдузлардек бўлиб снарядлар ёриларди. Ўша ёрилган юлдузлардан сачраган темир парчалари ўз қурбонларига тегиб, уларни тилка-пора қилиб ташлар эди. Аскар изидан аскар қизил қонига ботиб, ер тишлайди.
Ака-ука онда-сонда учрашиб қолар, юзма-юз келганда хижолат бўлиб бир-бирига бош ирғаб қўярди.
Урушнинг йигирманчи куни эди. Ўша кун душман истеҳкомига ҳужум қилиш буюрилганди. Очиқ далада бир саф ортидан иккинчи саф жангга ташланади, лекин душман ёғдираётган ўқларнинг дўли, чақмоғи аскарларни тутдай тўкиб ташлайди. Аскарларнинг навбатдаги янги сафи ҳали қони совиб улгурмаган жасадларнинг устидан босиб ўтиб, жон таслим қилаётганларнинг оҳу фарёдлари ичра ўлим билан учрашишга ошиқади. Илгари буғдой ва иссиқ нон иси анқиб турган бепоён дала мана энди ҳозиргина жангда ҳалок бўлганларнинг қони билан суғорилиб, қизғалдоқзор бўлиб ётарди. Дала ҳам урушда жароҳатланиб, оғриқнинг зўридан ларзага тушиб, титраётгандек эди.
Ниҳоят икки кучли ҳарбий гуруҳ бирин-кетин олға ёриб ўтди. Биринчи гуруҳга ўзини қурбон қилиб, орқадагиларни ҳимоя қилиш, изидан келаёган иккинчи гуруҳга ғалабани қўлга киритиш вазифаси юклатилган эди. Микаэл ғалаба қозонувчилар сафида бораётиб, кутилмаганда жони қурбонликка маҳкум қилинганлар орасида жангга кираётган укасини кўриб қолди.
Ярадорларнинг қичқириғи қулоқларини кар қилиб, ўқ ёмғири остида ҳужумга ташланишди. Жангнинг энг қизиган пайтида ҳам Микаэл укасини кўздан қочирмай, огоҳ бўлиб бораётган эди. Воҳ, тасодифан укасининг бир чайқалиб кетиб, йиқилганини кўриб қолди.
Шу заҳоти кўзлари қинидан чиқиб кетди. У кимнидир ушлаб қолмоқчидай қўлларини чўзиб, олға югурди. Бирданига унинг оёғи остида катта снаряд ёрилди, чор-атрофга олов сачради. Кўзларидаги нур сўнди, ҳеч нарсани кўрмай қолди. Зулматли қоронғиликни пайпаслаб, бироз гандираклаб юрди-да, ерга юзтубан йиқилди.
У оғир яраланмаганди, фақат ўнг қўли ва елкасидан қон оқарди. Аммо нигоҳларини қоп-қоронғи зулмат ютиб юборганди. Даҳшатга тушиб, теваракка аланглади, эрта тонг қуёшининг илк шуълаларига эмаклаб пешвоз чиқишни истагандек бир қатра бўлса ҳам нур излади. Бироқ у қаёққа қарамасин, ҳамма ёқни даҳшатли зулмат қоплаганди. Ёрдамга муҳтож ожиз боладек чинқириб йиғлаб юборди. Катта одамнинг норғул гавдаси аянчли даражада титраб-қақшар эди. Ёруғ дунёни ғам-алам қамради.
Аллақанча вақтдан сўнг улкан қўрқув хуружидан сал ўзига келди, ерда чўзилиб нафас ростлади, у ёқ-бу ёққа ағдарилди. У жудаям заиф ва ночор эди.
Бирданига укасини эслади. Хаёлида машъум манзара жонланди: укаси қўққисдан чайқалиб йиқилди, ҳайҳот! Микаэл бу ҳаётда сўнгги бор очиқ кўзи билан кўргани шу эди. У яраланган Стефаннинг шу яқин орада қонига беланиб ётганини ич-ичидан сезар эди. Ён-атрофига қулоқ тутди. Қоронғиликдан турли овозлар келарди: яқиндан қулоқни тешгудек чинқириқлар, олисроқдан бўғиқ, узуқ-юлуқ оҳу нолалар эшитиларди. Ана шундай шовқин-сурон ичидан укасининг таниш овозини излаб топишга ҳаракат қилди. Бироқ барча қичқириқлар бир-бирига аралашиб, кулфатнинг омухта овозига айланиб кетар эди.
Яна ўзининг қай аҳволга тушганини ўйлай бошлади: қонга бўккан жанг майдонида хор бўлиб ётибди, кўзларидаги нур умрбод сўнган. Энди у ҳеч қачон қуёшнинг кўзни қувонтирадиган нурларини кўрмайди. Ўз ҳунари билан ясаётган нарсаларни, ҳатто ўз қўлини ҳам кўрмайди. Яхши ниятлар билан қурган янги иморатини кўриб қувонолмайди. Катта-катта деразалари ёруғ ва кенг устахонага киролмайди. Бутун ҳаёти давомида унга зулмат ҳамроҳ бўлади.
У уйда қолган туғишганларини: миттигина болалари ва хотинини ўйлади. У энди ҳеч қачон уларнинг қиёфасини кўролмайди, яқинларини муттасил равишда қўли билан пайпаслаб излаб юради. Агар фарзанларининг пешонасидан ўпиш, болалардан бирортасининг юзига-юзини қўйиб суйиш насиб этганида ҳам уларнинг юзидаги меҳрни ҳеч қачон кўрмайди. Пешонасига бундай қўрқинчли бўшлиқ, бундай шўр тақдир насиб этганини, охирги нафасигача шундай яшашини англаб, боши айланиб кетди.
Ўз чекига тушган машъум насибадан ўртаниш ўрнини яна укаси ҳақидаги хавотир эгаллади. Ахир, у оғир яраланган, шу яқин орада менинг ёрдамимга муҳтож бўлиб, азобланиб ётибди, деган ўй кечди хаёлидан. Укасининг ранги рўйи мурдадек оқариб, жасади ер билан яксон бўлиб ётгани, чинқириб додлаётганини тасаввур қилди. Иккисини бу дунёда бир-бирига боғлаб турган ҳамма нарсани бирма-бир хаёлидан ўтказди: болалик ва ёшлик вақтларини, ёнма-ён ўтқазилган ниҳолдек бирга униб-ўсганини эслади. Уларни ниҳоллардек меҳр билан парваришлаган, шамолларда тебраниб тобланиб ўсишга ўргатган, лекин ногаҳоний кучли бўронлардан доимо ҳимоя қилган она-отасини эслади. Бир уйда қандай ёнма-ён ётиб ухлашганини, тонгда бирга уйғониб, биргаликда ҳар кунги ишга отланишганини эслади. Эски ва ҳамиша нимқоронғи устахонада елкама-елка туриб меҳнат қилишганини эслади. Отасидан, бобосидан қолган бу эски устахона, энди туганмас зулмат ичра заиф ва кучсиз, ожиз ва нотавон инграб ётганида у қадар қоронғи ва ғариб бўлиб туюлмаётган эди. Укаси билан иккисининг юрагида бир-бирига нисбатан қаҳру ғазаб, шафқатсиз дов пайдо бўлгунга қадар нимаики азиз ва қадрли бўлса, ҳаммасини эслади. Иккисини ҳам қорнида кўтариб, ҳаёт бағишлаган, азоб билан туққан, энди қариб-қартайибгина қолган онаси ўша эски уйда омонатини топшириш арафасида қилтиллабгина яшаётганини ўйлаганида кўзларидан думалаган ёшлар юзини куйдириб юборди.
Тутдай тўкилиб ётган ярадорларнинг қичқириқларига қулоқ осди. Бир-бирига жўр нолалар ичида укасининг товуши йўқмикин? Юрагининг тубидан бир гап чиқди: мен уни барибир топишим керак.
Зулматда тусмоллаб олға эмаклайди. Қон кўлмакларига ботиб ётган майсалар устидан ўтганида тиззалари, қўллари шилимшиқ, ёпишқоқ бўлиб қолади. Жанг сурони, тўплар гумбурлаши, портлаётган снарядларнинг оловли зилзила солиб ер ўпиришлари тинмайди, бу шовқин гўё узоқлардан келаётгандай туюлади. Қуёш чарақлаб турган жойда жанг қизийди, у эса ўлаётган ярадорлар ва жонсиз мурдаларга тўлган зулмат орасида эмаклашга маҳкум.
Тусмоллаб олдинга қараб эмаклашда давом этади. Мана, ерга қапишиб қолган бир одамга дуч келди. Бироқ унинг гавдаси озғинроқ, навниҳол бўйига қараганда ҳали ўспирин болага ўхшайди. Микаэл уни ташлаб, яна олинга эмаклайди.
Ўзига-ўзи алам билан савол беради: бу зулматнинг ичидан укамни қандай қилиб топаман, ахир? Унинг овозини эшитмасам, юрагим эса уни қаердан излашим кераклигини айтмаяпти. Шу пайт у яна бир одамга дуч келди – ўлим уни аллақачон қучоғига олган эди. Жасаднинг бош томонига эмаклаб ўтди, қўллари билан юзини пайпаслади: бегона экан. Зулмат орасидан эмаклаб олға кетаверди.
Укажонимни қандай қилиб топаман-а? – ўз-ўзига шу саволни қайта-қайта бераверди. Укасининг қон тўкилаётган юраги қаерларда заиф дукиллаб ётганини билмагани, ҳис этмагани учун ўз юрагига ўпка-гина билан надомат қиларди.
Оёғи яна бир аскар гавдасига текканини сезди. Ҳали тирик экан. Бировнинг қўли текканини билиб, у ёрдам сўраб ёлвориб чинқирди. Бироқ Микаэл эшитган бу товуш укасиники эмасди. Ярадор аскарни тақдир ҳукмига ҳавола этиб, “Мен укамни излаяпман”, деб ташлаб кетар экан, унинг кўзлари нақадар жавдираб қараганини, қўрқувдан бутун вужуди билан титраб кетганини тасаввур қилди.
Жанг майдонида қалашиб ётган ярадорларни бирин-кетин пайпаслай-пайпаслай саргардон бўлиб эмаклаб бораверди.
Ниҳоят сийрак соқолли бир йигитнинг ёнида тўхтаб, тиз чўкиб эгилди. У укасини чақирди, зулматда укасининг отини айтиб чақирган товуши янгради. Аммо бунга жавобан ярадор аскарнинг лабларидан бир товуш ҳам чиқмади. Укасининг юзини бармоқлари билан силаб сийпалади, ҳар бир таниш чизгини меҳр билан пайпаслаб чиқди. Укасининг қиёфасини хотирасида жонлантиришга ҳаракат қилди. Унинг азиз қиёфаси шууридан ўча бошлаганини сезди. Шу дамда укасининг юзига бир бора ҳам меҳр билан боқмаган йилларини эслаб ўкинди, сўқир кўзларидан тошган ёш яна юзларини ювди. Ўша пайтларда Стефандан нафратланиб, дарғазаб бўлиб юргани учун қаттиқ пушаймон бўлди. Қалтираган қўллари билан укасининг юзларини пайпаслади, ўзи учун ниҳоятда азиз белгиларни бармоқлари сезгиси ила танигиси келди.
Сония сайин, дақиқа сайин айнан укасининг боши узра тиз чўкиб турганига ишончи мустаҳкамланди. У яна бир бор укасининг отини айтиб чақирди. Сукунат. Бироқ укасининг танаси ҳали совимаган эди. Микаэл укасининг юраги секин бўлса ҳам ураётганини эшитди. Эҳтимол унинг жароҳати унчалик хавфли эмасдир, эҳтимол тезда шифокорларга еткизишга улгурса, уни қутқариб қолиш мумкиндир.
Микаэл эҳтиёткорлик билан укасини кўтарди. Шу пайт худди узоқлардан элас-элас келгандек аранг тушуниладиган сўзлар шивирини эшитди: “Бу сенмисан, Микаэл?” Бу пастгина товушга ҳаддан ташқари тўлқинланиб, зулмат ичра янграган меҳр-муҳаббат тўла овоз билан жавоб берди. Ҳўнграб ярадор укасининг кўксига ўзини ташлади: “Бу менман, сенинг акангман! Укажон, ниҳоят мен сени топдим!” Укасининг қўллари сочларини силаганини сезди. Сўнгра кучсизгина хириллаган товуш эшитилди. Укасининг бемадор қўли шилқ этиб осилиб тушди.
Укасига тинимсиз гапирди. Бироқ у қоронғилик ичидан жавоб қайтармасди. У бор овози билан укасини чақирди.
Шундан сўнг укасининг бақувват гавдасини қўлларида кўтариб, оёққа турди.
Ўзининг гавдаси ҳам укасиникидек кучли ва бақувват эди. Шунга қарамай мушакларининг таранглашиши билан чап елкасидан тизиллаб отилиб чиққан қон қўллари, кўксини булғаб ташлади. Бироқ у укасини хавфсиз жойга элтиши зарур, у ёқда тезда ёрдам кўрсатишади. Ҳарбий қисм жойлашган манзилгача бора олишига кўзи етади. Фақат юзига қуёш нури тушаётган томонга қараб юрса, бас. Чор-атрофини қуршаб олган зулмат орасидан атиги бир қатим бўлса ҳам нурни илғаб топиш учун аста-секин ўгирила бошлади. Ниҳоят кўз ўнгида ғира-шира бир нима сочилгандек туюлди. Укасини қучоқлаб кўтариб, нур келаётган томонга юрди.
У мурдаларга қоқилиб йиқилар, яна оёққа туриб олға интиларди. Борлиқни қоплаган зулмат ичидан жон талашиб ётган аскарларнинг юракни жунжиктирувчи даҳшатли қичқириқлари эшитиларди. Қўрқув ва азоб-уқубат уммони орасида юрар, тусмоллаб қуёш нур сочаётган томонга интилар эди.
У укасини опичлаб фақат олға юрарди. Қийналса ҳам қайсарлик билан яна илгарига, олдинга қадам босарди. У манзилга интиларкан, укасига энг ширин, энг ёқимли сўзлар айтиб эркалар, унинг жавобини эса сабр-тоқат билан беҳуда кутарди.
Бирданига тўхтади, қўрқувдан тарракдай қотиб қолди. Нохуш сезимлари наҳотки рост бўлса: укасининг жасади совиб қолмадимикин, юраги тобора музламаяптимикин?
Қалтироқ қўллари билан укасининг баданини ушлаб кўрди. Юраги ураяптимикин? Юрак уришини эшита олмади. Наҳотки, бирданига тўхтаб қолган бўлса?
Йўқ, укам ўлмаган! Ўлиши мумкин эмас! Микаэл унинг ҳаётини сақлаб қолади, жанг майдонидан соғ-омон олиб чиқади. У ўлгани йўқ! Укам яшаши керак, уйга, онамнинг қошига, митти болаларининг ёнига қайтиши керак! У ўша эски устахонасига қайтиши керак, йиллар қаддини букиб, қариб чиригунича ишлаши, сўнгги дамда худди отасидек сандон устида болғани кўтариб жони чиқиб кетиши керак.
Янгидан куч тўплаб Микаэл укасини қўлларида кўтарганича олға юрди. Қуёш нури тўғри кўзларига қадаларди. Жароҳатидан қон оқиб, кўтариб олган оғир юки залворидан қийналса ҳам яраланган ёввойи ҳайвондек офтобга қараб шаҳд билан юрди.
Ана шунда тирик жон излаб учиб юрган “ғамхўр” темир парчаси бир-бирига маҳкам ёпишиб, қучоқлашиб олган ака-уканинг танасини ёриб ташлади. Ўқ уларнинг кўкрагини тешиб ўтди. Ака-ука биргаликда йиқилиб, ерда ётганида уларнинг танасидан оққан қон бир-бирига қоришиб, қўшилиб кетди, юраклари эса бир-бирига жуда яқин эди.
Ака-уканинг ўлим уйқусидаги юзлари хотиржам ва мамнун эди. Улар бир-бирига нақадар ўхшаш эди. Худди бу дунёда битта одам яшагандек. Фақат қиёфаси икки хил битта одамдек.
Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 6-сон