Улуғбек Усмонов. Француз адабиётида­ шарқ талқини

 (Амин Маалуфнинг “Самарқанд” романи мисолида)

Таржимонларни турли эллар ўртасидаги олтин кўприкка қиёс этадилар. Юртимизда таржимашунослик мактаби асосан XX асрнинг иккинчи ярмида ривожлангани яхши маълум. Таржимашунослик илмининг ривожланишида Ғайбулла Саломов, Нажмиддин Комилов, Қудрат Мусаев, Жуманиёз Шарипов каби атоқли олимларнинг салмоқли хизматлари бугун биз учун ўзига хос илмий-маърифий хазина бўлиб қолган. Айниқса, профессор Ғайбулла Саломовнинг таржимашуносликка оид китобларини қунт билан ўқиб-ўрганган талабалар бу соҳа сирларини янада пухтароқ ўзлаштирдилар. Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунга келиб ўзбек таржимашунослар мактаби жаҳон таржимашунослик илмида тан олинди. Айни кунда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети хорижий филология факультетида кўплаб бўлғуси таржимон ва таржимашунослар сабоқ олмоқдалар.

Айтиш жоизки, юртимиз мустақилликка эришганидан буён ўзбек адабиётида бир қанча жанрлар қатори бадиий таржима борасида ҳам муайян ўзгаришлар юз берди. Илгари аксарият чет эл асарлари рус тили орқали ўгирилган бўлса, сўнгги ўн йилликларда инглиз, француз, немис ва бошқа хорижий тиллардан дурдона асарлари она тилимизга бевосита таржима қилинаётгани ижобий ҳолдир.

Сўнгги йиллардаги ютуқларимиздан яна бири – айрим ёш истеъдод соҳиблари ўзбек адабиёти дурдоналарини бевосита хорижий тилларга эмин-эркин таржима қилишмоқда. Хорижлик адиб асарини ўзбек тилига ўгириш учун инсон, аввало, ўзбек бўлмоғи, миллий руҳда улғайиши лозим, деб ҳисобланади.

Таржима амалиёти илмга асосланади. Бирор асарни таржима қилишга киришишдан илгари унинг назарий асосларини пухта ўзлаштириш мақсадга мувофиқдир. Таниқли таржимон Григорий Стариковский билан “Таржимон ўзига ва сўзга муносабатини яшира олмайди”[1] сарлавҳали (рус тилидан Аҳмаджон Мелибоев таржимаси) мулоқотда қайд этилганидек, “таржимонлик ҳамма вақт, ҳатто оғир иш кунидан кейин ҳам шуғулланиш зарур бўлган ҳунар”. Демак, ижодкор ҳар куни қоғоз қоралаб машқ қилиши зарур бўлгани каби таржимон ҳам муттасил ўз устида ишлаши мақсадга мувофиқдир.

Таржимашунослик илми – адабиётшунослик, тилшунослик, грамматика, стилистика каби қатор фанлар билан узвий алоқада бўлиб, бўлғуси таржимон аввало, ана шу фанларни ҳам пухта ўрганишлари лозим. ЎзМУ хорижий филология факультети француз тили йўналишида талабаларга тил ўргатиш баробарида таржимашунослик илми қатор фанлар билан биргаликда ўргатилмоқда. Таржимашунослик амалиётида талабалар аввало француз тилидаги асарлар ва уларнинг таржималарини солиштириб таҳлил қилишади.

Шундай асарлардан бири – асли келиб чиқиши ливанлик бўлган таниқли франциялик адиб Амин Маалуфнинг “Самарқанд” романи бўлди. Уни таниқли олим ва таржимон Абдумурод Кўчибоев бевосита француз тилидан она тилимизга ўгирган. У Амин Маалуфнинг мазкур роман таржимаси устида қарийб беш йил меҳнат қилган. Таржималарини дастлаб матбуотда эълон қилган. Роман таржимасини таниқли олим ва таржимон Озод Шарафиддинов юксак баҳолаган. Шу тариқа роман “Жаҳон адабиёти” журналининг 2003 йил 6-7- ва 2005 йил 7-8-сонларида чоп этилган. Асар таржимаси тилининг равон, ғализликлардан холи эканлиги билан китобхон эътиборини тортади. Шу жиҳатдан, романни ўзбек тилига аслиятга муқобил таржима қилинган асар дея баҳолаш мумкин.

“Ўзбекистон” нашриётида тўртта китобдан иборат ушбу романнинг чоп этилиши адабиётимизда эсда қоларли воқеа бўлди. Ўзбекистоннинг Париждаги элчихонаси ўз салоҳияти ва изланишларини юртимиз тарихи билан боғлаган бир гуруҳ маданият ходимларига Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвонини берди. Улар орасида таниқли француз адиби Амин Маалуф ҳам бор эди. Адиб “Самарқанд” романи учун бу унвонга лойиқ топилган.

Амин Маалуф (Amin Maalouf) – 1949 йил 25 февралда Ливаннинг Байрут шаҳрида француззабон рассом ва журналист педагоглар оиласида туғилган. Адибнинг болалик йиллари Мисрда ўтган. Байрутдаги Авлиё Иосиф университетида иқтисодиёт ва социология соҳаларида таҳсил олган. У 1971–1975 йилларда Ливанда чоп этилувчи “Кундуз” (“An-Nahar”) газетасида халқаро мавзулар бўйича журналист, мухбир ва муҳаррир сифатида фаолият олиб борган. Маалуф 1971 йилда Андрея исмли тарбиячи қизга уйланган. Маалуф хоним ливанча таомлар билимдони бўлиб, бу борада бир неча китоб ёзган ва нашр эттирган. Амин ва Андрея Маалуфнинг уч нафар ўғли бор.

Француз, инглиз ва араб тилларида эркин мулоқот қилиш салоҳиятига эга адиб ҳаёти давомида олтмишдан зиёд мамлакатда бўлган. У 1976–1979 йилларда “Навқирон Африка” (“Jeunes Afriques”) журналининг муҳаррири сифатида иш бошлаган. Сўнгра 1979–1982 йилларда “Кундуз” газетасининг халқаро мавзулар бўйича Париждаги мухбири, 1982–1985 йилларда эса “Навқирон Африка” журналининг бош муҳаррири лавозимларида хизмат қилган. Адиб 2007–2008 йилларда Европа Комиссиясининг Кўптиллилик бўйича ишчи гуруҳига раислик қилган.

Амин Маалуфнинг “Африка арслони” (1985), “Самарқанд” (1988), “Ойдин боғлар” (1991), “Беатрисдан кейинги биринчи аср” (1992) каби асарлари адабиёт соҳасидаги нуфузли Гонкур мукофотига сазовор бўлган. “Таниос қояси” (1993), “Ливан дарвозаси” (1995), “Балдасар васвасаси” (2000), “Арслон севгиси” (2001), “Насаблар” (2004), “Адашганлар” (2012) каби романлари нафақат французлар, балки дунё китобхонлари томонидан севиб ўқилади. Профессор Муҳаммаджон Холбеков “Самарқанд” романи ҳақида ёзган “Французча янграган гўзал қасида” мақоласида қайд этганидек, “Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги сиёсий ва маданий алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасидаги ёзишмалар бу алоқаларнинг тарихидан гувоҳ беради. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, икки давлат ўртасида сиёсий, маданий ва адабий жабҳаларда алоқалар жадал ривож топа бошлади. Тўқсонинчи йиллар бошида ўзбек астроном олими ва давлат арбоби Мирзо Улуғбек таваллудининг 600 йиллиги, француз адиби ва файласуфи Франсуа Вольтер таваллудининг 300 йиллиги Ўзбекистон ва Францияда кенг нишонланди. Кейинги йилларда ҳам икки мамлакат ўртасидаги дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётир… Бу асарнинг “Ўзбекистон” нашриётида чиройли муқовада чоп этилган нусхаси асар муаллифи ва француз адабий жамоатчилигида катта таассурот қолдирди”[2].

Амин Маалуфнинг “Самарқанд” романи дастлаб 1988 йили Париждаги Жан-Клод Латье нашриётида чоп этилган. Ўша йилиёқ бу роман француз “Матбуот уйи”нинг бош совринига лойиқ топилди ва ўтган ўттиз йил мобайнида дунёнинг турли тилларига таржима қилинди. Муаллиф бир суҳбатида: “Мен 1987 йил романимни ёзаётганимда рафиқам билан Самарқандда бўлгандим. Бу жуда ажойиб саёҳат эди. Ўшандан буён мен дўстларимга ва ўқувчиларимга Самарқандга саёҳат қилишларини маслаҳат бераман. Уларнинг кўпчилиги маслаҳатимга қулоқ солиб, Самарқандга боришади ва у ердан бир олам таассурот билан қайтишади”, деб эътироф этган. Хуллас, асли миллати араб бўлиб, асарларини француз тилида ёзаётган Амин Маалуф ижоди, унинг машҳур “Самарқанд” романи эндиликда дунё китобхонларининг севимли асарига айланиб бормоқда. Романнинг ўзбек тилидаги янги нашрини амалга оширишда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, таниқли олим ва жамоат арбоби Акмал Саидовнинг саъй-ҳаракатини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Унинг роман таржимасига ёзган “Амин Маалуфнинг муаззам Самарқандга гўзал қасидаси” сарлавҳали сўзбошиси муаллиф ҳаёти, ижоди ва унинг “Самарқанд” романи ҳақида муфассал маълумот беради.

Академик Акмал Саидов сўзбошисида муаллиф фаолияти билан боғлиқ кўп қимматли маълумотларни тақдим этган. Унинг таъкидлашича, “Ҳозирги замон француз адабиётида Амин Маалуфнинг номи Ду Клузио, Максанс Фермин, Патрик Модиано, Фернандо Арраббаль сингари таниқли ёзувчилар қаторида тилга олинади. Шу билан бирга, адибнинг ўзи ҳамиша Шарқу Ғарбнинг Томас Манн, Альбер Камю, Лев Толстой, Чарльз Диккенс, Стефан Цвейг, Умар Хайём сингари даҳо адиблари ижодидан илҳомланишини таъкидлайди. Айни чоғда, адиб асарлари дунёнинг 40 дан ортиқ тилларига таржима қилинган”.

“Самарқанд” романини мутолаа қилган китобхон қалбида Самарқанд шаҳрига меҳр жўш уради. Айниқса, бу юртга келмаган хорижликлар муаззам шаҳарнинг бутун бўй-бастини кўз ўнгида тасаввур қила олади. Хорижликлар қалбида “Самарқандни бир бориб кўрсам эди” деган орзу-ҳавас, кучли иштиёқ уйғотади. Муаллиф ўз романига америкалик ҳассос шоир, носир ва мунаққид Эдгар Аллан По (1809–1849) қаламига мансуб “Темурбек” достонидан Самарқандга бағишланган ёрқин мисраларни иқтибос келтиргани асар пештоқидаги чироқ янглиғ ажиб маънавий нур таратиб туради.

Амин Маалуфнинг тўртта китобдан иборат ушбу романида воқеалар ривожи Умар Хайём Самарқандга келган XI асрдан бошланиб, XX аср аввалида Яқин Шарқ мамлакатларида содир бўлган ижтимоий-сиёсий, тарихий воқеалар гирдобида Хайём рубоийлари қўлёзмасини қидириб Эронга келган ёш америкалик француз йигити Бенжамин Умар Лессажнинг саргузаштлари, унинг қўлёзма билан бирга “Титаник” кемасида уммон қаърига ғарқ бўлиши билан якунланади.

Романни мутолаа қилаётган китобхон кўз ўнгида 1072 йилнинг ёз оқшомларидан бирида 22 ёшли Умар Хайём сиймоси гавдаланади. Ўша кезда Самарқандга келган бўлғуси буюк олим ва шоир бозор оралаб юрганида Мағрибда Авиценна, Машриқда Абу Али номи билан машҳур аллома Абу Али Ибн Синонинг энг яқин шогирдларидан бўлмиш Узун Жаббор исмли нуроний мутафаккир оломон томонидан майпарастлик ва даҳрийликда айбланиб сазойи қилинаётгани устидан чиқади. Навқирон йигит Умар Хайём ўша воқеага аралашиб, Абу Али Ибн Синонинг кекса шогирдини қутқариб қолишга аҳд қилиб, ўзи балога гирифтор бўлади. Уни Самарқанд шаҳри Асфизор маҳалласидаги Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир ҳузурига олиб боришади. Шариат қозиси, бир томондан, дунёқараши кенг инсон бўлгани, иккинчи томондан, Балх султонига ёқмай қолган бир шеъри учун қатл қилинган шоирнинг аламзада ва ҳушёр укаси экани, қолаверса, Умар Хайёмни ғойибдан танигани учун унга илтифот кўрсатади. Яъни, алломани жазодан қутқариб қолади ва ҳатто, Самарқанд хони ҳузурига йўл очиб беради.

Қизиқ бир эпизод, Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир рубоийларини ҳар кимга ўқиб бермасдан, ёзиб ва тўплаб бориши ҳамда эҳтиётлаб сақлаши учун Умар Хайёмга варақларига ҳали ҳеч нима битилмаган китоб туҳфа қилади. Романда ўша воқеанинг тасвирланиши китобхонни сўзсиз ҳаяжонга солади:

“Китоб қалин ва қаттиқ, ялтироқ чарм муқовали бўлиб, устига товус думининг тасвири босиб ишланган, саҳифа четлари ҳали тўғрилаб кесилмаган ҳам эди. Таассуротларга бой бўлган мана шу ëз оқшомида Умар китобни варақлаб, унинг икки юз эллик олти саҳифаси ҳам ҳали оппоқ эканлигини, уларга на бирон шеър ва на бирон нақл ёзилмаганини кўрди.

Абу Toҳиp ҳаяжонини босиш мақсадида савдогарларга хос қиёфага кириб, гапини давом эттирди:

– Бу китоб Самарқанд устахоналарида қадимий усулда, энг сифатли хитой қоғозидан тайёрланган. Уни мотрудлик бир яҳудий уста менинг буюртмамга биноан махсус оқ тут ёғочидан тайёрлади. Саҳифаларини кўргин, улар худди шоҳидек силлиқ ва мустаҳкам”.

Самарқанд қозикалони Абу Тоҳир ушбу китобни эҳтиёт қилишни та­йинлаб, Умар Хайёмга яна шундай дейди: “Ҳар сафар қалбингда бирон шеър туғилиб, у оламга чиқиш учун бўғзингга югурса, унга тишларинг ва лабларинг мустаҳкам дарвоза бўлсин. Уни овоз чиқариб оламга ёйма, мана шу китобга битиб, бир умрга сир сақла”. Воқеалар давомида Умар Хайёмнинг шу китобга рубоийларини қайд этиб бориши маҳорат билан тасвирланган.

Ишқ-муҳаббат куйчисига айланган Умар Хайёмнинг сарой шоираси Жаҳон исмли гўзал қиз билан тўққиз йиллик ишқий саргузашти ҳам ғоят қизиқарли тасвирланган.

Мухтасар қилиб айтганда, Амин Маалуфнинг “Самарқанд” романи ўзбек адабиёти хазинасига салмоқли дурдона бўлиб қўшилди. Уни таржима қилган фидойи инсоннинг меҳнати ҳам муаллифникидан кам эмаслигини эътироф этсак арзийди.

Французча асарларни она тилимизга ва ўзбекча дурдона асарларни дунёдаги энг нуфузли тиллардан ҳисобланмиш француз тилига моҳирона ўгириш борасида биз учун катта маҳорат мактабини яратиб кетган Абдумурод Кўчибоев (1944–2016) Самарқанд давлат университети роман-герман филологияси факультетининг француз тили бўлимини тугатган. 1977 йилда филология фанлари бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. Қатор йиллар Самарқанд давлат чет тиллар институтининг “Француз тили ва адабиёти”, “Таржима назарияси ва амалиёти” кафедралари доценти сифатида талабаларга таржима сирларидан сабоқ берган.

Таниқли олим ва таржимон Абдумурод Кўчибоев француз адабиётининг ўзбек таржимони сифатида ўзидан муносиб ном ва бой маънавий мерос қолдирди. У Жан Поль Рунинг “Амир Темур” романи ва Проспер Мерименинг “Кармен” қиссасини, Ги де Мопассан, А.Доде сингари атоқли француз ёзувчиларининг элликдан ортиқ новеллаларини ҳамда В.Гюго, Ронсар, В.Вуатюр, О.Баше каби француз шоирларининг шеърларини ўзбек тилига маҳорат билан ўгирган.

Юқорида айтганимиздек, ўзбек таржимонининг она тилимизда яратилган асарларни ўзга тилларга таржима қилиши ғоят мушкул иш. Бу ишни ҳам маҳорат билан уддалаган Абдумурод Кўчибоев Ғафур Ғуломнинг “Ўғригина болам”, Ўлмас Умарбековнинг “Меҳмондорчиликда” номли ҳикояларини, Aзим Суюн ва Мусалламбонунинг баъзи шеърларини француз тилига ўгириб, хорижлик адабиёт ихлосмандларида катта қизиқиш уйғотган.

Абдумурод Кўчибоев таржима қилган Проспер Мерименинг “Маттео Фалконе”, “Таманго”, “Коломбо” новеллалари 2018 йилда китоб ҳолида нашр этилгани адабиётимиз хазинасини янада бойитди.

Бўлғуси таржимонлар Абдумурод Кўчибоев сингари устозларнинг таржималаридан теран нигоҳ ила сабоқ олишлари мақсадга мувофиқдир.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 8-сон

_________________

[1] Калашникова Е. “Таржимон ўзига ва сўзга муносабатини яшира олмайди”. Таржимон Григорий Стариковский билан мулоқот. //Иностранная литература, 2016 й. 3-сон.

[2] Холбеков М. Французча янграган гўзал қасида. //https://teletype.in/@uzas.uz/Skod22M0X.