Бегали Қосимов. Жадидчилик. Айрим мулоҳазалар (1990)

Яқин тарихимиздаги ижтимоий-маданий харакатчиликда унингдек муҳим роль ўйнаган, айни пайтда унингдек хилма-хил баҳо ва талқинга сазовор бўлган иккинчи бир ҳодисани топиш қийин. Русияда инқилобнинг энг оғир йили бўлган 1919 йилда инқилобчи драматург Абдулла Бадрий «Ёш бухоролилар кимлар?» деган савол қўяди ва шундай жавоб беради: «…онларнинг фикру хаёллари ва муддаолари биз бечора ва қашшоқларни ғурбатдан, яъни амирлар, беклар ва бойларнинг зулмларидан озод қилмоқ ва бизларнинг рохатимиз ва тинчлигимиз учун ҳаракат ва тараддуд қилмоқдур»[1]. Москва Давлат университети ижтимоий фанлар факультетини эндигина битириб келган 23 ёшли марксист адабиётшуносимиз Отажон Ҳошим ўзбек адабиёти тарихи тараққиётини икки катта босқичга бўлади: чиғатой (Навоий даври — Б. Қ.) ва жадид даврлари. 1928 йилда у ёзади: «Чиғатой адабиёти адабиётимизнинг энг гуллаган давридир. То жадид адабиётига қадар бўлган адабиёт бу давр адабиётининг пасайган шаклда асосан кайтарилишидан иборатдир»[2].

Тадқиқотчи фикрини давом эттирсак, шундай хулосага келамиз: 20-йилларнинг сўнггидаги адабиёт жадид адабиётининг давомидир. Акмал Икромовнинг ЎзЛҚСМ МҚнинг 1926 йил 19 майда бўлиб ўтган II Пленумидаги нутқидан: «Жадидизмнинг буржуа идеологияси савдо буржуазияси идеологиясидир. Унинг бизга ҳеч бир дахли йўқ, негаки, у Октябрнинг бир томонида, биз эса иккинчи томонида турамиз»[3].

Яна: «Жадид адабиёти ўзбек буржуазияси адабиётидир. Жадид адабиёти ўзбек буржуазиясининг фикрини ва унинг бошдан кечирган ҳолатларини акс этадир, унинг учун ишлайдир, куядир, йиғлайдир»[4].

Жадидчилик хақида яхлитроқ тасаввур ҳосил қилиш учун гапни сал олдинроқдан бошлаш керак.

У бизда ўтган асрнинг сўнггида пайдо бўлди. Ҳар бир ҳодиса сингари унинг ҳам майдонга келиш шарт-шароити, сабаблари бор.

Иброҳим Мўминов ёзади: «Тарих ўртага шундай муаммони қўйди. Эскиликни тор-мор қилиб, рус халқининг фани ва техникасини ўрганиб, ҳозирги замон билан бирга олға бориш еки ўрта асрчилик ҳолатида феодаллик тузумида қолабериш керакми?»[5].

Ҳаракатчиликнинг ўлкамиздаги бевосита иштирокчиларига сўз берайлик. Абдулла Авлонийнинг «Таржимаи ҳол»идан: «Шул замонда (1894— 1904 йиллар кўзда тутилади — Б. Қ.) ерли халқлар орасида эскилик-янгилик (қадим-жадид) жанжали бошланди. Газит ўқиғувчиларни муллалар «жадидчи» номи билан атар эдилар».

«Туркистон вилоятининг газети» 1908 йилда ёзади: «Усули жадид надур?» «Усули жадид» янги усул демакдир. Янги усул деганда, усули эътиқод ва ибодатда янгилик демак эмас, балки сўнг замонларда халқни(нг) фақирлиги сабабли бик қизғонч бир ҳолга тушган мактаб ва мадрасаларимизнинг керак идорасини ва керак таълим, тадрис кайфиятларини ислоҳ этмак…дан иборатдир». (20 март).

Тошкент жадидларининг отаси деб тан олинган Мунаввар Қори жадидчиликни қоралаш айни авж олган бир пайтда, муҳокамалардан бирида шундай деган эди: «Жадидликка қандай баҳо бериш тўғрисида қуйидағи асосларни келтираман: Жадид мактаби қай вақтда ва кимлар қўли билан вужудга чиқди? Мана буни текшириш учун 20 йил илгарига қараш, албатта, лозим. Ҳозирги пайтда ўрта маълумотға эга бўлган кишилар Масков ва бошқа жойларга бориб ўқишни ҳавас қилса, авваллари саводи чиққан ҳар бир киши Бухоро бориб ўқишни ўзи учун бир шараф деб билар эди. Чунки улар илмни факат дингина деб билар эдилар. Муҳит ҳам шуни тақозо қилар эди.

Жадид мактаби ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналарнинг етиштирган кишилари эди. Улар ёлғиз Боқчасаройда чиқадурғон Исмоил Гаспринскийнинг газетасини ўқидилар ва шу орқали мактабни яхши тушуниб, китоблар олдирар эдилар»[6].

Юқоридагилардан шу нарса маълум бўляптики, жадидчилик мактабдан бошланган. Сўнг матбуот, театр, сиёсатга ўтган. Иккинчидан, унга мансуб кишиларнинг ижтимоий келиб чиқиши бир хил бўлган эмас. Ниҳоят, унинг майдонга келишини деярли барча замондошлари сингари Мунаввар Қори ҳам Исмоилбек Гаспринский номи билан боғламоқда.

Дарҳақиқат, Русия мусулмонлари дунёсидаги бу ижтимоий‑маънавий силжишда Гаспринский (1852—1914)нинг хизмати бениҳоядир. У Русия мусулмонлари хаётида янги ҳодиса бўлган «усули жадид»га асос солди, «Таржумон» (1883—1914) газетаси билан туркий тилдаги матбуотни бошлаб берди. Ўтган асрнинг охирларида «усули жадид»нинг довруғи етиб бормаган бирор қишлоқ — қарияни мусулмон Русиясининг марказида эмас, Туркистон музофоти, ҳатто, Хива, Бухоро хонликларидан ҳам топиш қийин эди. Даврида унинг «Таржумон»идан машҳурроқ газета йўқ эди. Шунинг учун ҳам 1914 йилда у вафот этганида Ўрта Осиёда, Кавказу Волга бўйида қайғурмаган зиёли қолмади.

Ота-боболарининг номи Русиянинг кибор-дворянлари китобига тушган, насл-насаби аслзода Исмоилбекнинг илк таълим-тарбияси оврупоча бўлганлиги, хусусан Воронежда, Москвада кадетлар корпусида ўқиганлиги мутахассисларга яхши маълум. Лекин у шарқона ҳам таҳсил кўрган, ҳар икки ўқиш-ўқитиш усулининг сир-асрорларидан хабардор эди. Чунончи, у Боғчасаройда Занжирли мадрасасида, сўнг Истамбулда ўқиди. Унинг Истамбулда ўқиш даври Туркиядаги машҳур «Танзимат» (1840—1860) деб ном олган ислоҳотлар амалга ошиб, ўзининг дастлабки самараларини бера бошлаган, ижтимоий ҳаётнинг ҳамма жабҳаларида қизғин бир кўтарилиш кўзга ташланган, миллий онг ва тафаккур уйғонаётган, маърифат-маданиятга иштиёқ беҳад кучайган 70-йилларга тўғри келади.

1865 йилда тузилган яширин «Генж османилар» (ёш усмонлилар) жамияти мамлакатни «зулум» ва «жаҳолат»дан олиб чиқиш учун феодал салтанатга қарши кураш эълон қилган эди. Чамаси, булар Исмоилбек Гаспринский ҳаётида беиз кетмаган. Тақдир уни яна Марказий Оврупога бошлаб борди. 3 йил Парижда яшади. Рус жамиятида бошланган ўзгаришларни, хусусан XIX асрнинг ўрталарида майдонга келган икки ижтимоий-тарихий тенденцияни — «оталар» ва «болалар»ни адабиётга олиб кириб, баҳосини берган И. С. Тургенев билан танишди. Шунчаки танишди эмас, унга мирзалик қилди. 1883 йилда адиб вафотидан қаттиқ қайғурди, «вафоятнома» езди. Шуларнинг ўзиёқ кўрсатиб турибдики, жадидчилик қандайдир дафъатан майдонга келган ҳаракат эмас. У, аввало, муайян сабаблар билан умумтараққиётдан узилиб қолган ҳар бир миллат, мамлакат ҳаётида бўлиши табиий ҳол эди. Фарқи шуки, у Русия мусулмонлари орасида «жадидчилик» шаклида намоён бўлди. Иккинчидан, у бошланишдаёқ тор, миллатчилик йўналишида бўлган эмас, аксинча Ғарб билан Шарқнинг энг сўнгги ютуқларига таянган, унга эргашган ҳаракатчилик эди. Тўғри, буржуа ҳаракатчилиги эди, лекин худди шу шароитда инқилобий кучга эга бўлган, ўзнда мутараққий мазмун ташиган буржуа ҳаракатчилиги эди.

Гаспринский фаолиятини кузатишда давом этамиз:

У «Раҳбари муаллимин ёки муаллимларга йўлдош» (1898) китобида ёзади:

«Замонамизда дунёда яшамоқ ичун инсонлар зиёда билмия (билмоққа) ва зиёда чолишмия (курашмоққа) муҳтождирлар. Ҳар бир одам зарурати диниясини ўргандикдан сўнг ҳар кун ишда ва муомалада лозим ўлан билук (билим), ҳунар, саноеъ ва камолоти соира (бошқа) билмаси (билмоғи) лозимдир. Бунлар (булар) ҳам таҳсил ва таълим ила майдона келур.

Бизим мусулмонлар ёлғиз бир миқдор каломи шариф ўқумоқ ва баъзан бир-ики сатр қораламоқ таҳсили ичун беш сана мактаба воруб келурлар ва олажақ бу таҳсил ичун ёшлиғи ва замон таҳсили фавт (қурбон) эдарлар. Агар мактаблар гўзал бир усула кунлурса (ўтказилса) беш саналик таҳсил мукаммал ўлароқ икки санада тамом эдилуб, қолан уч санада доҳо хийли маълумот ва илм қозанмоқ мумкин ўлажакдур.

Бунга биноан 1884 санаси Боқчасаройда бир мактаби усули жадида қўймиш эдим. Самараси умидимдан зиёда ўлди. Бир қоч (қанча) мактаблар доҳо усулими қабул ила ислоҳ ўлдилар. Соир вилоятлардан усул кўрмия келуб-кеданлар ўлуб, бу сояда ҳар тарафдан ики юздан мутавожуз мактаблар усули қабул этдилар…» .

Гаспринский уни «усули жадид» мактаби деб атади. У «усули жадид»ни аввалгиларига — «усули қадим»га зид қўйиш йўлидан бормади, аксинча бир-бирининг давоми, замонга мувофиқлаштирилгани деб ҳисоблади:

«Эски усул мактаб муаллимлари, ҳурматлу қариндошларимиза бу ёздиқларимиз оғир келмасун. Хошо, биз кандимиз (ўзимиз) эски усул ила ўқудуқ… Ота-бобо кунлариндин қолмиш миллий мактаблари ислоҳ этмак усули жадид демакдир, бошқа бир ўқув, бошқа бир мактаб демак дагил (эмас)дир».

У қандай мақсадда ва нима сабабдан юзага келди? Уни «усули қадим»дан ажратиб турувчи асосий хусусият нимада?

«Усули жадид оз вақтда зиёда ва доҳо мукаммал ўқутмоқ ва ўқумоқ йўлларини гўстирир (кўрсатади)».

Муаллиф ушбу китобида бундай мактабларнинг қурилиш план-лойиҳасидан тортиб, дарс хоналарининг ички жиҳоз-ускуналаригача, муаллим курсисининг туриш жойидан ўтиргич‑парталарнинг жойлашиш тартибигача, бўр-табоширдан ёзар‑бузар доскагача, қопу (эшик)дан панжара-деразаларгача хамма-ҳаммаси ҳақида батафсил тўхтайди. Дарс жадвалини тузишда нималарга риоя қилиш, танаффус-таътиллар, имтиҳонлар, дам олиш кунлари ҳақида фикр юритади. Чунончи, мактабнинг 12 моддалик «Риоя»сида ўқиймиз: «Беш соатда беш турли фандан дарс боқмоқ оғир дагилдир. Лекин беш соат ёлғиз бир дарс ила ўғрашмоқ зеҳнни бузар… Шогирдлари урмия, сўкмия ҳожат йўқдир…»

Хар олти ойда имтиҳон қилиб, синфдан-синфга ўтказиш, билмаганларни қолдириш ва булар орқали шогирдларда ўқишга ҳавас уйғотиш хусусида сўзланади. Китобда асосий ўринни «усули жадид» мактабининг дарслик-программаси ва «дарс вермак усули қоидалари» эгаллаган.

Муаллиф ишни 3— 5 ҳарфни ўқувчига танитиб, шулардан сўз ясаш билан бошлашни, бир дарсни ўзлаштиришга эришмасдан, навбатдагисини бошламасликни уқдиради. Ҳарфларнинг сўздаги ўрнига қараб турли шакл олишига диққатни қаратади. Уларни 2 қисмга — олдидан келувчи ҳарфларга қўшилувчи («ҳуруфи мунфасила») ва ҳар икки томон билан қўшилувчи («ҳуруфи муттасила»)га ажратади. Шу тариқа, савод чиқаришда ҳар бир ҳарфнинг «садосини, савтини, махражини баён этиш»ни талаб килувчи «усули савтия» (товуш методи) атрофилича асосланади. Муаллиф уни «усули савтияи тадрижия» деб атайди.

Бу гаплар аслида сал илгарироқ бошланган эди. 1881 йилда Симферополда Гаспринскийнинг «Русия мусулмонлари» деган китоби босилиб чиқди. Унда мадрасаларни ислоҳ қилиш, дунёвий фанлар ўқитиш, рус тилини ўргатиш масаласини кўтарди. Жумладан, диний фанлар ва араб тили билан бир қаторда тиббиёт, ҳикмат, кимё, наботот, нужум, ҳандаса фанлари, рус, форс тиллари (жаьми 17 предметни санайди) ўрганилиши шартлиги ҳақида сўз юритди. Айни пайтда, Русиядаги мусулмонларнинг маърифати ўз тилларида, анъанавий воситалар билан олиб борилиши лозим деб ҳисоблади. Сўнг 1884 йилда — усули жадид мактаби очган йили унинг учун махсус «Хўжа сибён» (Болалар муаллими) номли ўқув дарслиги ҳам ёзиб чоп эттирди. Бир сўз билан айтганда, ўқитишнинг оврупоча ҳарф‑товуш усулини биринчи маротаба Русия мусулмонлари маорифига олиб кирди.

Шу тариқа, жадидчиликнинг тамал тошларидан бўлган янги мактаб — маориф концепцияси ўтган асрнинг 80-йилларида Қримда пайдо бўлди. Унинг асосчиси эса Боқчасаройлик Исмоилбек Гаспринский эди.

Бу нуқтаи назар майдонга келиши билан икки жиддий тўсиқка дуч келди: 1. Чор маъмурий аппарати. 2. Маҳаллий мусулмон муттассиблиги. 1882 йилнинг 30 августида машҳур миссионер Н. Остроумов директорлик қилган Тошкентдаги Ўқитувчилар семинариясида «Ғайрирус мусулмонларнинг маорифи асосларини қандай принциплар ташкил этмоғи керак?» деган мавзуда кенгаш ўтди. Унда Туркистон генерал-губернатори А. К. Абрамов бошлиқ ўлка ҳарбий маъмурият вакиллари, руҳонийлар иштирок этдилар. Тарих, география ўқитувчиси М. А. Муропиев маъруза қилиб, Гаспринский лойиҳасини қабул этиш «мудраб ётган мусулмон мутаасиблигини тирилтириш, бинобарин, кўксимизда илонни асраш бўлур эди», шу сабабли, «мусулмонларимиз маорифининг асосида уларни руслаштириш», «исломни бузиш», «умуман диний жиҳатларини бузиш» «ётмоғи лозим»[7], — деб ҳисоблади. Кавказорти Ўқитувчилар семинариясининг директори Семёновнинг Гаспринский лойиҳасини қувватлашидан хафа бўлди. Тошкент Ўқитувчилар семинарияси 15 йилдан буён ерли аҳолини жалб қилолмаётганлигидан зорланди. «Бизнинг бурчимиз ерлиларни мактабимизни севишга, ҳурмат қилишга ва ишонишга мажбур этмоқдир», — деди, Ҳиндистондаги инглизларнинг бу соҳадаги ишларини ўрнак қилиб кўрсатди.

Иккинчи бир мисол.

1892 йилда Гаспринский мусулмон мактабларининг ислоҳи ҳақидаги лойиҳаси билан Туркистон генерал-губернатори Розенбахга мурожаат қилади. Генерал-губернатор лойиҳа билан танишиш ва у ҳақда фикр билдиришни Н. П. Остроумов билан В. П. Наливкинларга топширади. Улар, табиийки, лойиҳани рад этадилар, «маъқуллаш мақсадга мувофиқ эмас» деб топадилар, Остроумов Гаспринский қилаётган ишларни Оврупо маданияти ютуқларидан ўз миллийлигини сақлаб қолиш учун фойдаланишнинг бетимсол намунаси деб қарайди ва худди шу жиҳати унга ёқмайди. Иккинчидан, Гаспринскийнинг таъсири Туркистонга ҳам ёйилаётганидан безовта эканини айтади. Хуллас, Розенбах лойиҳага «оқибатсиз қолдирилсин» деган имзо чекади[8]. Тўғри, Гаспринский 1893 йилда Тошкентга келди, Самарқанд, Бухоро каби қатор шаҳарларда бўлди, бироқ Туркистон ҳарбий маъмурияти ҳам, Бухоро амирлиги ҳам унинг «усули жадид»ини хайриҳоҳлик билан кутиб олмадилар. Иш қийин кечди. Тошкентдаги интилишлар ҳам самара бермади. Масалан, Мунаввар Қорининг усули жадид мактаби очишга рухсат сўраб қилган мурожаатларига Сирдарё ҳарбий губернатори рад жавобини берди. А. В. Пясковский Гаспринский дастлаб келган 1893 йилда Самарқандда янги типдаги битта мактаб очилганини, Фарғонада эса бу ҳаракат муваффақиятсиз тугаганини маълум қилади. Самарқанддаги мактабнинг қайси миллатга мансублиги аниқ эмас, лекин 1895—1900 йилларда Туркистон ва Бухорода очилган янги мактабларнинг, деярли ҳаммаси татарларники бўлган. Туркистоннинг 1916—1917 йиллардаги геиерал-губернатори И. А. Куропаткин ўз кундаликларида «Биз 50 йил тубжой аҳолини тараққиётдан четда, мактаблар ва рус ҳаётидан четда тутдик» деб ёзар экан, бунда жуда катта маъно бор эди.

Усули жадид мактаблари аср бошларида, унда хам минг бир машаққатлар билан пайдо бўлди. Бунда рус-тузем мактабларининг ҳам маълум роли бор. XX аср бошларида янги мактаблар учун биринчи дарсликлар сифатида майдонга келган «Устози аввал»нинг (1902) муаллифи Саидрасул Азизий 1900 йилда Тошкентдаги Биринчи рус-тузем мактабида, «Иккинчи муаллим»ни ёзган Алиасқар ибн Байрамали Калинин Кўкчадаги Иккинчи рус-тузем мактабида сартия муаллимлари эдилар. Шуларга қарамай усули жадид маҳаллий мутаассибларнинг ҳам қаршилигига учради. Азизий «насоро» (кофир) махсум номини олди.

Авлоний ёзади: «1904 йилдан «жадид мактаби» очиб, ўқитувчилик қила бошладим. Муллолар «жадидчи»ларни «мунофиқ», «муфсид», «зиндиқ», «даҳрий» сўзлари билан халк орасида пропағанда ва агитация кила бошладилар. Ва буларнинг қилғон бу ҳаракатлари бизнинг-да қонимизни қайнатуб, бойларнинг ёнига муллоларни хам қўшуб, муллоларга қарши «жадидчи»ларнинг ҳам душманликлари орта борди» («Таржимаи ҳол»).

Мунаввар Қори 1927 йилдаги машхур қурултойда шундай деган эди: «…ўша вақтдағи жадид мактабига уламо, бой, ҳамма ва ҳамма қарши эди. Жадидлар шундай шароит ичида жасорат билан чикиб иш бошлағон эканлар, буларға берилатурғон баҳо ҳам шундан ортиқ бўлмаслиғи лозим эди. Жадидлар шу мактабга яхши назар билан қарағон кишиларни ўзига дўст кўриб, қучоғига тортар эди».

Муҳаммадшариф Сўфизода Чустдан бадарға қилинди, салкам 20 йил юртма-юрт сарсон-саргардон кезишга мажбур бўлди. Самарқандлик Сиддиқий-Ажзий 5—6 минг киши ҳузурида Улуғбек мадрасаси жомеъсида «кофир» деб эълон килинди. Тошкентлик Мирмуҳсин Шермуҳамедов Эски Жўва бозори расталарида сазойи этилди… Лекин бу мактабларнинг бири ёпилса, иккинчиси очилаверди. Янгилик ва тараққиётга иштиёқ ой сайин эмас, кун сайин ўсиб борди.

Биринчи рус революцияси жадидчиликнинг кучайишига, кўлами ва мазмун йўналишининг кенгайишига йўл очди. Матбаачилик йўлга қўйилди. Туркистоннинг кўпгина шаҳарларида босмахоналар ишга тушди. «Мусулмонча» китоблар чоп этила бошланди. Ўн йилча вақт оралиғида юзлаб китоблар босилди. Ўзбек тилида газета ва журналлар чиқарилди. Абдулла Авлоний «Бурунғи ўзбек вақтли матбуотининг тарихи» («Туркистон» г., 1924 йил, 295-сон) мақоласида инқилобгача чиққан 20 та газета, ўнга яқин журнал ҳакида маълумот берган эди.

Театрчиликка асос солинди. Тошкент, Самарқанд, Қўқон шаҳарларида театр труппалари пайдо бўлди. Беҳбудий, Авлоний, Хамза каби театр ва маданият арбоблари етишдилар. Драматургия майдонга келди, 1911—17 йилларда яратилган ва номлари мутахассисларга маълум бўлган ўзбек драмаларининг сони 40 дан ошади.

Публицистика шиддат билан ривожланди. Биргина Бехбудийнинг матбуотда босилган мақолаларини мутахассислар 300 дан зиёд чамалайдилар. Мирмуҳсин Шермуҳамедов биргина 1914 йилда юзга яқин мақола эълон килган эди. Реалистик проза таркиб топди. Чўлпон, Қодирий, Мирмуҳсин, Ҳамзаларнинг ҳикоя ва қиссалари, «миллий роман»лари пайдо бўлди. Ниҳоят, бой ва қадим шеъриятимиз қисқа муддатда жуда катта ўзгариш ясади. Замоннинг долзарб масалаларини акс эттира олган ижтимоий-сиёсий шеърият майдонга келди. Тавалло ва Ажзийнинг ўтли шеърлари, Сидқий Хондайлиқийнинг дард тўла вазмин достонлари дунё юзини кўрди. Қардош халқлар, биринчи навбатда, туркийзабон қариндошлар билан адабий-маданий ҳамкорлик кескин кучайди. Бир сўз билан айтганда, ижтимоий-маънавий турмушнинг ҳамма қатламларида кўтарилиш кўзга ташланди. 1916 йилда А. Н. Самойлович шуларни кўзда тутиб, «Туркистонда янги адабиёт майдонга келди. Бу мен учун кутилган ҳол эди»[9], деб ёзди.

Ижтимоий-сиёсий масалаларда-чи?

Баъзи ҳамкасбларимиз Жадидчилик ҳаракатини биргина маърифатчилик билан чеклайдилар. Бу, тўғри эмас. Бундай ёндашув, аввало, эски бўлиб, маълум сабабга эга. У жадидчиликка қарши кураш эндигина бошланган 20-йилларда ўртага ташланди ва таъкидлаш керакки, азбаройи унинг аҳамиятини, бинобарин ўша йиллар нуқтаи назаридан карасак, «зарари»ни камайтириш учун қилинди. Масалан, у ҳеч қачон чор ҳукуматига, махаллий истибдодга карши курашган эмас, бор‑йўғи маданий-оқартув ройишидаги ҳаракат бўлган, холос каби. Бунга ўз вақтида Мунаввар Қори шундай жавоб берган эди. «Чор ҳукуматини йўқотиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас. Наинки биз жадид мактаби очиш билан савдо хизматчилари, бошкача таъбир билан айтганда, дўконда ўлтириб насия ёзадурғон ходимлар етказсак. Шу ишга ақлли одам шу баҳони беришда у ёқ бу ёқни мулоҳаза килсин»[10].

Авлоний ёзади: «Мулло ва бойларга қарши ҳамда эски турмуш билан қатъий суратда кураш бошладук. Ўз орамиздан муллоларга қарши уюшмамиз ҳам вужудга чикди. 1905 йилгача шул ҳолда синфий курашда давом қилдук. Бой ва уламолар «жадидчи»ларга қарши, «жадидчи»лар бой ва уламо ҳам эскилик ва хурофотга курашиб келди. 1904 йилда рус-япон уруши чиқуб, бу уруш бутун Русия ишчиларин кўзин очғондек, бизнинг ҳам кўзимиз очилди. 1905 йилдаги Русияда бошланган инқилоб тўлқуни бизға ҳам зўр таъсир қилди. Бизнинг ташкилотимиз сиёсий маслакларға тушуниб, биринчи навбатда қора халқни оқартирмоқ ва кўзин очмоқ чорасиға киришди. Бу мақсадға эришмоқ учун газит чиқармоқни муносиб кўруб, уюшманинг ҳаракати билан ўзбек тилида газеталар чиқарилди. 1906 йилда «Тараққий», «Хуршид» газеталари чиқуб, эски ҳукумат томонидан тўхтатилғондан сўнг 1907 йилда мен ўз муҳаррирлигим билан ҳамда темир йўл ишчиларининг социал‑демократ фирқасининг алоқа ва ёрдами билан «Шуҳрат» исминдаги газитни Сапёрни кўчада чиқардим» («Таржимаи ҳол»).

Яна: «1913 йилдан бошлаб халқни кўзин очмоқ, маданиятға яқинлаштирмоқ учун театру ишлариға киришуб, Тошкентда бир неча маротаба театру ўйнағондан сўнг бутун Фарғонани айлануб, ҳар бир шаҳарларда бир неча мартабадан театру ўйнаб қайтдук. Бу вақтларда бизнинг мақсадимиз зоҳирда театру бўлса ҳам ботинда Туркистон ёшларин сиёсий жиҳатдан бирлаштирув ва инқилобға ҳозирлов эди» (Авлоний, «Таржимаи ҳол», 1924 йил, 5-бет).

Мунаввар Қори ҳам, Абдулла Авлоний ҳам ўз кўрсатмаларида жадидлар «тўдаси», «уюшмаси», «ташкилоти» деган сўзларни ишлатадилар. Мунаввар Қори «турли гуруҳлардан иборат бир жадидлар тўдаси ташкил қилдик», «жадидлар ўз уламолари, бойлариға карши рус социалистлари билан бирга қўлға қўл бериб ишлади» деб таъкидлайди 1927 йилги Тошкент маданиятчилари қурултойида қилган нутқида.

Булардан, бизнингча, шундай хулосаларга келиш мумкин:

  1. Жадидчилик сиёсий ҳаракат сифатида 1905 йил арафаларида майдонга келган ва муайян ташкилий характерга эга бўлган.
  2. Характер ва йўналишига кўра антифеодал, антиколониал бўлиб, Туркистондаги кенг омманинг, жумладан, шаклланиб келаётган буржуазиянинг интилиш ва манфаатларини ифода этди.
  3. Туркистонни саводли ва маърифатли, тўқ ва фаровон, озод ва обод ватанга айлантириш, биринчи навбатда, мустақилликка эришиш, мустамлакачилик исканжасидан халос бўлиш жадидчилик ҳаракатининг асосий мақсади эди.
  4. Жадидлар икки Русияни фарқлай олдилар. Улар меҳнаткаш Русияга эмас, мустамлакачи Русияга қарши курашдилар. Максад ва интилишлари йўлида инқилобий Русияга — «рус социалистлари»га, уларнинг «социал-демократик фирқаси»га суяндилар. Афсуски, уларнинг мустамлакачи Русияга карши олиб борган кураши, «рус социалистлари» билан ҳамкорликда олиб борган кураши узоқ йиллар давомида умуман рус халқига ва Русияга қарши кураш сифатида талқин қилиб келинди.
  5. Жадидчилик таркибига кўра хилма-хил ижтимоий гуруҳларни ўзида жам этган эди. Шу сабабли Туркистоннинг бўлажак идора усули, умуман ижтимоий қурилиши, ер ва мулк муносабатлари, хотин-қизлар озодлиги масалаларига муносабатда якдиллик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас эди. Жадидларнинг ижтимоий-сиёсий карашларида идораи машрутачилик (конституцион монархия)дан тортиб жумҳуриятчиликкача бор эди. Лекин уларнинг асосий қисми хориждаги қандайдир яширин бир ташкилотлар билан эмас, йўқ, биринчи галда рус озодлик ҳаракати билан боғланган бўлиб, миллий-ижтимоий озодлик йўлида улар билан хамкорлик қилдилар. Февралдан сўнг Муваққат хукумат ишларида, ишчи-солдат депутатлари советларида, турли шўроларда, Октябрдан кейин эса янги совет идораларида иш олиб бордилар.

Туркистондаги жадидчиликнинг рус инқилобий ҳаракати билан боғланиши, умуман олганда, 1905 йил арафаларига тўғри келади. Зийрак тадқиқотчиларимиздан марҳум С. Қосимов «Гулистон» журналининг 1979 йил 9—10-сонларида чоп эттирган «Кураш саҳифалари» мақоласида жадид газетаси «Тараққий» ҳақида тўхтаб, унинг муҳаррири Исмоил Обидовнинг 90-йиллардаёқ Қозондаги марксистик тўгаракларда иштирок этганини, 1904—1905 йилларда Мулланур Воҳидов, Ҳусайн Ямашев каби татар инқилобчилари билан ҳамфикр бўлганини, Октябрдан кейин эса Туркистондаги Ички ишлар комиссари даражасига кўтарилган большевик курашчи эканлигини фактлар билан исбот этган, газетанинг «ўзбек халқи революцион онгини юксалтиришда муҳим ўрин тутган»ини далиллаб кўрсатган эди. Абдулла Авлоний ўз «Таржимаи ҳол»ида буни тасдиқ этади. «Тараққий» ва «Хуршид» тўхтатилгач, 1906 йилда «Шуҳрат»ни ўз уйида (Сапёр кўчада) чиқарганини, «темир йўл ишчиларинннг қўмиталари» вакили «Рафиқ Сабироф» исмли қозонли бир орқадош» билан «Ўринбурғда чиқадурғон…» «Солдат» номли махфий газетани… ва русча фроқламацияларни… турли қишиларнинг воситаси билан» тарқатишганини ва хиёнат туфайли кўпчилик қўлга тушиб газета тақиқланганини маълум қилади.

1917 йилда-чи?

Мунаввар Қори: «Жадидлар Октябрь инқилобиға ёмон қарағон бўлсалар эди, 20—21 йилларгача шўро идораларида ишлаб келмас эдилар…»

Авлоний: «1917 йилда ўзгариш (Февраль инқилоби кўзда тутилади — Б. Қ.) бошланиши билан «Турон» жамияти томонидан «Совет солдатски рабочи депутат»ға вакил сайланиб, шўрода ишладим. Шўро томонидан Эски шаҳар озиқ қўмитасиға контроль тайин этилдим… Иккинчи краевой съездға вакил бўлиб сайландим, бешинчи краевой съезддан 10-краевой съездгача вакил бўлиб, ҳам член ТурЦИК бўлиб сайланиб, турли масъулиятли ўринларда хизмат қилиб келдим…»

Бундай фактларни бошқа жадид ижодкорлари биографиясидан ҳам келтириш мумкин. Дарвоқе, Мунаввар Қори ва Авлоний тилга олган «уюшма»нинг тақдири билан бир қизиқиб кўринг-чи, қандай манзарага дуч келасиз. Уларнинг, деярли ҳаммаси ўзларини инқилобчилар деб билган эдилар. Уюшманинг ярмидан кўпи 1918 йилнинг июнида Ленин партиясига кирган десак, муболаға бўлмас. Ҳар ҳолда Авлоний архивидаги ҳужжатлар шундай хулосага имкон беради. Бухорода бу жараён сал бошқачароқ кечди. Лекин барибир «Ёш бухоролилар» фаолияти 1919 йилда Компартияга бошлаб келди.

Хўш, мана шундай ҳаракатни аксилинқилобий деб талқин килиш қачон, қандай шароитда бошланди?

1923 йил апрелда партиянинг XII съёздига Ленин қатнаша олмайди. Сталин «Партия ва давлат қурилишидаги миллий моментлар» деган мавзуда доклад қилади. Музокарага 30 киши ёзилади. Беш кишигагина сўз берилади, шундан икки киши Ленинни қаттиқ хаяжонга солган машҳур «грузин иши»га тўхталадилар. Ленин сўнгроқ шундай муҳим масаланинг унинг иштирокисиз кўрилганидан ранжийди. Мамлакат қишлоқ хўжалигида аҳвол ёмонлашади. Ўз-ўзидан аёнки, унинг сабаблари излана бошланди. Айни пайтда, партия фаолияти ҳакидаги ҳар қандай танқидий гапни унга ҳужум сифатида қабул қилиш одат тусини олди. Октябрда Троцкийнинг қатор эътирозлар ифодаланган хати Марказқўмга тушди. Изма-из «46 лар аризаси» РКП(б) МКиинг кенгайтирилган Пленуми чақирилди. Баҳслар 1924 йил январда, XIII партконференцияда сталинчиликнинг дастлабки ғалабаси билан якун топди.

Туркистонда ҳам «шубҳали», «ёт» унсурларни излаш шу йиллардан бошланди. Ҳаётининг бир қисми чет элларда ўтган Сўфизоданинг 1923—24 йилларда қийин-қистовга олинганини эсланг. «Коммунист» журналининг 1925 йил 2-сонида Федоров Мунаввар Қори ва унинг «Шўройи ислом»даги фаолиятини «озодликни шариатга мувофиқлатириш» сифатида танқид қилди. Абдулла Қодирий «Раҳбар ходимларни обрўсизлантириш…»да айбланди. Уч ойга яқин сўроқ берди. «Сўзим охирида одил судлардан сўрайман, — деб мурожаат қилади адиб, — гарчи мен турли бўҳтон, шахсият ва сохталар билан хам англашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим, лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам, менга олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамсу ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмағон содда, гўл, виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим яхшироқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Одил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман».

Бу 1926 йил эди. Ф. Хўжаев худди шу йили жадидчиликни илоҳийлаштиришда айбланади, «Буҳоро инқилоби тарихига доир» рисоласи Г. Туркестанский томонидан қаттиқ танқид қилинди. (ж. «Коммунистическая мысль» 1926, № 1— 2). Масала ЎзҚП III съездига (1927) олиб чиқилди. У съездга ёзма мурожаат қилишга мажбур бўлди: «Менинг учун партия ва ишчи синфи ишига хизмат қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳар бир партия аъзоси каби унинг йўлидан бошқа йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, партиямиз ҳимоя киладигаи ҳақиқатдан бошқа ҳақиқат йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Бутуниттифоқ Коммунистик партиямиз ўтказаётган чизиқдан бошқа чизиқ йўқ, бутун партия ва унинг олий брганлари белгилаб берган сиёсатдан бошқа сиёсат йўқ»[11].

Бу ҳол фақат бизда эмас, янгигина қарор топган Советлар Иттифоқининг деярли ҳамма нуқталарида авж олган эди. Татаристонда чиқадиган «Бизнинг йўл» журналининг 1927 йил 2-сонида босилган А. Тулумбойскийнинг мақоласи «Фотиҳ Амирхон не учун тушкунликка тушди?» деб номланган. «Фотиҳ Амирхон буржуа синфи санъатчиси бўлароқ буржуа синфи олға борганда олға борди. Буржуа синфи ботувга юз тутуви билан бирга ул-да заифланди, тушкунликка юз тутди. Пролетариатнинг буюк ҳаракати идеалларидан овоз этмади», — деган айбга дуч келамиз унда.

Социализм тараққий қилган сайин синфий кураш кучайиб боради, деган Сталиннинг машҳур «назарияси» мамлакат ичидан душман излашни асослаб берди ва шарт қилиб қўйди. А. Икромовнинг 1925 йилда Ўзбекистон Компартиясининг иккинчи съездида қилган докладида шундай гапга дуч келамиз: «Ўртоқлар! Хўжалигимизнинг ўсиши билан, пахтачиликнинг ўсиши билан қишлоқда синфий табақалашув, синфий қатламлашув ҳам ўсиб бормоқда… Бойлар ва уларнинг идеологлари‑муллалар ҳамда буржуа интеллигенциясининг, айниқса, ғоявий ва маданий фронтда алоҳида кўзга ташланаётган фаоллиги ҳам ўсиб бормоқда»[12].

Иш бу билан кифояланмади. 20-йилларнинг ўрталаридан расмий нуқтаи назардан ҳар қандай чекиниш ғоявий-сйёсий хатоликдай қабул қилинди. Эркин, мустақил фикр айтиш тобора қийинлашиб борди. «Партиямизда бошқача фикрловчи кишига ўрин йўқ»[13], — дейди А. Икромов 1927 йилда Ўзбекистон Компартиясининг VII Пленумида қилган докладида. Иккинчидан, Туркистондаги инқилобни тайёрлаш ва бевосита амалга оширишда асосий ролни ўйнаган жадидчилик ҳаракатининг ўзида хам давр билан боғлиқ айрим ўзгаришлар кўзга ташланиб қолди. «Жадид адабиёти икки катта даврни ўтди. Биринчиси инқилобдан илгариги, чор ҳукумати вақтидаги давр, иккинчиси инқилобдан кейинги пролетариат ҳокимияти вақтидаги даврдир»[14], ёзади Отажон Ҳошим ва иккинчи даврни ҳам ўз навбатида иккига — «умидли ва умидсиз» бўлган даврларга ажратади. Умидсиз давр деганда ўлкада босмачилик ҳаракатининг пасайиб нисбий осойишталик бошланишини кўзда тутади. «21-йилдан бошлаб жадидлар катта хато қилди, — дейди Мунаввар Қори 1927 йилги маданиятчилар қурултойида. — Турккомиссия томонидан қилинғон ҳаракатларни мустамлакачилик дедик. Ҳақиқатдан, улар мустамлакачи экан, уларга қарши курашмай, бутун ишни ташлаб, араз қилиб, ўзимизни четга олишимиз катта хато бўлғон»[15].

Нима кўзда тутилмоқда?

1917 йил инқилоб ва озодлик сурури, кўтаринкилиги билан ўтди. Буюк инқилобнинг ҳаётбахш шиорларидан бири, борингки, бош мақсади миллатларнинг тенглигини таьмин этмоқ, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилашига имкон яратмоқ эди. Афсуски, ўша йилиёқ бунга шубҳа пайдо бўлди. 26-29 ноябрда Қўқонда чақирилган IV Туркистон умуммусулмонлар съезди инқилоб берган хуқуқ ва имкониятни ишга солиб мухторият эьлон қилди. Лекин 1918 йил февралда Туркистон Халқ комиссарлар Совети раиси Ф. Колесов бошчилигида бостирилди. Таассуфки, кейинги пайтларга қадар у илмий адабиётларда фақат бир рангда — ўзбек халқи манфаатларига зид, аксилинқилобий, «буржуа-миллатчи ҳокимият» сифатида баҳоланиб келади. Вақтида у, хусусан келиб чиқиши ва тугатилиши, бироз бошқачароқ ҳам баҳоланган эди. Диққатингизни ЎзССР Марказий Давлат архивида «Ф. Р. — 17.оп.1, д 45» рақами билан сақланаётган бир ҳужжатга[16] жалб қилмоқчимиз. Бу — «Самарқанд областини(нг) босмачиларни йўқ қилатурғон фавқулодда тройкаси» деб номланган Муваққат Комитетининг Туркистон Марказий Ижроия Қомитетига баённомаси (доклади). Ҳужжат Туркистон Марказий Ижроня Комитетининг вақили, «Фавқулодда тройка» раиси Сергазиев ва маъсул котиб Хрушчев томонидан имзоланган.

«Баённома»да босмачилик ҳаракатининг сабаблари таҳлил қилинади, уни тугатиш йўлида олиб борилаётган ишларга баҳо берилади, қийинчиликлар изоҳланади. «Мутлақо махфий» муҳри билан сақланиб келаётган мазкур ҳужжатдаги таҳлил ва баҳонинг кўп қисмлари биздаги ҳозиргача мавжуд расмий нуқтаи назардан фарқ қилади. Шунинг учун унга сал кенгроқ тўхташга ҳаракат қиламиз.

«Баённома»да босмачиликнинг илдизлари маҳаллий халқнинг асрлар бўйи гоҳ у, гоҳ бу истилочига қарши кураш ва ўзлигини сақлаш жараёнида шаклланган дунёқараши, турмуш тарзи, руҳи — савияси, феъл атвори билан боғланади. Чунончи: Чор ҳукумати давридаги нисбий осойишталик ўлкадаги мустамлакачилик зулмининг мўътадиллигидан эди. «Николай ҳукумати» бунга шу туфайли муваффақ бўлдики, унинг мустамлакачилик сиёсати туб аҳолининг қатламларига киришга улгурмаган эди. «Чор чиновниклари ўлка ва вилоят марказларида туришар, ўз таъсирларини қишлоққа секин ўтказишар, лекин бу таъсир шундай мунтазам, айни вақтда беозор олиб борилар эдики, ерлилар билмай қолишар эди». (124-бет). Туркистон инқилобдан кейин ҳам бирдан ўзгариб қолгани йўқ. Москва шуни сезгандек, буёққа «европалик инқилобий ходимлардан энг жангариларини» юборди. «Чинакам қимматли сиёсий ходимлар билан бир қаторда бу томонларга онги етилмаган, умуман тарихдан, шу жумладан Туркистон тарихидан, тажрибасидан мутлақо бехабар ишчилар, қизил аскарлар ва матрослар келдилар, ўзлари ташкил этган махсус бўлимлар ва чека органлари оркали эҳтимолки, Рязань губерниясида тадбиқ қилиш мумкин бўлган, бироқ Туркистонда қўллаш мутлақо мумкин бўлмаган усуллар воситасида қишлоқда инқилобни амалга оширишга киришдилар. Агар уларнинг аҳолига килган қабиҳ зўравонликлари фактларига батафсил тўхталгудек бўлсак, инқилобга мутлақо даҳли бўлмаган «жасорат»лари ҳақида уюм-уюм қоғозларни тўлдиришга тўғри келади. Ҳеч бир гуноҳи йўқлар икки-уч кишининг тил бириктириши билан отилавергану ашаддий аксилинқилобчилар хеч кимга маълум бўлмаган сабаблар билан бўшатиб юборилган. Самарқандда, масалан, жазо отрядлари ўртасида бир кеча давомида маҳбусларни ким кўп отиш бўйича мусобақа ўтказилган. Келгинди ходимлар ушбу мамлакатнинг одатларини оёқ ости қилиб, эски мутаассибдан, чамаси бирор йил ичида байналмилалчи чиқариш хаёли билан унинг диний туйғуларини топтаган ҳолда мусулмон турмуш тарзининг асрий дарахтини тагидан қўпормоққа киришдилар» (125-бет).

Ҳолбуки, Буюк Октябрь инқилобидан кўп ўтмай 1917 йилнинг 20 ноябридаги «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» қилинган мурожаатда қуйидаги сўзлар ёзилган эди:

«Россия мусулмонлари, Волгабўйи ва Қрим татарлари, Сибирь ва Туркистоннинг қирғиз ва сартлари, Кавказнинг чечен ва тоғликлари, Россия подшолари ва золимлари томонидан мачит ва ибодатхоналари вайрон қилинган, дин ва урф-одатлари оёқости қилинган барча халқлар!

Сизнинг дин ва урф-одатларингиз, сизнинг миллий ва маданий муассасаларингиз бундан буён эркин ва дахлсиз деб эълон қилинади. Ўз миллий турмушингизни эркинлик билан ва баҳузур тузаберингиз. Шундай қилишга ҳақлисиз. Билингизким, сизнинг ҳуқуқингиз ҳам Россиядаги барча халқларнинг хуқуқи каби революция ва унинг органлари бўлган ишчи, солдат ва деҳқон депутатлари советларининг бутун қудрати билан ҳимоя қилинади»[17].

Афсуски, ҳаётда бошкачароқ эди. Инқилобдан анча илгари рус болаларини ўз мактабида ўқитиб, И. А. Крилов, Л. Н. Толстой асарларини, Гоголнинг «Шинель»ини ўзбекчага таржима қилган самарқандлик Сиддиқий-Ажзий «мондаи зулфи чалипо, зери абрўйи ҳилол, То гужо дар зери по гирад ҳилолеро салиб» (Ҳилол — мусулмонлик чалипо-салиб-христианлик томонидан поймол қилинди. Салиб ҳилолни қачонгача оёқости қилади) деган экан, уни тушунгингиз келади.

«Аҳоли ҳар қанча хоҳламасин, келгиндилар қиёфасида уларни асрий зулмдан қутқарувчиларни, пролетариатнинг умум диктатурасига олиб борувчиларни кўра олмади, аксинча урфи, дини тобе бўлишга йўл бермаган янги мустабидларни кўрди» (125-бет), ўқиймиз ҳужжатда.

Ҳужжатда конкрет номлар ҳам бор. Масалан, Самарқанд вилоятидаги машҳур Баҳром билан Очилларнинг босмачиликка кетишига асосий сабаб бирининг акаси Бўян (Поён бўлса керак)нинг чека томонидан отиб ташланиши, иккинчисининг эса қўшниларининг кўриниб турган туҳмати билан, ўн беш мартача ертўлага қамалганидир, деб кўрсатилади. «Қуюшқондан чиққан жазо органлари, — ўқиймиз ҳужжатда, — сўнг ўзларини тутиб тура олмадилар ва тобора тубанликка юз тутдилар. Улардан қочиб, яширинганларнинг қариндошларини таъқиб эта бошладилар, хўжаликларини вайрон қилиб, мол-мулкларини мусодара этдилар. Бу ерда удум бўлган «қонга-қон, жонга-жон» шиори билан қасоскорлик руҳида тарбия топган, тобора кучайиб бораётган зўравонлик билан чиқиша олмаган қочоқлар юзсиз, ҳеч нарсадан кайтмайдиган зўравондан қасл олишни ўз олдиларга мақсад қилиб қўйган тўдалар бўлиб уюша бошладилар.» (126-бет).

Афсуски, 20-йилларнинг ҳаққоний манзарасини ёритувчи факт ва материаллар илмий муомаламизда жуда кам. Борлари ҳам аксарият тенденциоз, инқилобнинг манфаатига хизмат қила олиши мумкин бўлганларигина истифодага киритилган. Асосий-махфий ҳужжатлар махсус фондларда. Иккинчи — мағлуб тарафники бизга етиб келмаган. Асл манзарани тиклаш учун эса ҳар хил ранг, ҳар хил мазмун, ҳар хил йўналишдагн ҳужжат-материаллар лозим бўлади. Биз босмачилик «Октябрь революцияси ғалабаси натижасида ағдарилган эксплуататор синфлар ва малайларининг Совет ҳокимиятига қарши синфий кураши формаси» (ЎзСЭ, 2-том, 378-бет) деган таърифини билар эдик, энди юқоридаги нуқтаи назарни хам ҳисобга олиш шарт бўлади. Бинобарин, мазкур нуқтаи назарни Туркистонда босмачиликнинг, умуман аксилинқилобий ҳаракатчиликнинг пайдо бўлишидаги бир версия сифатида қабул қиламиз-да, давом этамиз.

«Фавқулодда тройка» раиси ва масъул котиби миллатларнинг ўз тақдирларини ўзлари ҳал қилишлари, хусусан, «Қўқон мухторияти»нинг ташкил топиши ва тугатилиши хақида шундай ёзадилар:

«Фарғона воқеаларига батафсилроқ тўхтайлик. Халқларнинг ўз тақдирларини ўзлари белгилаши принципи билан иш тутмоққа бошлаган ҳокимият маҳаллий аҳолига ўз ҳукуматларини туб аҳолидан сайлаш ҳуқуқи билан Фарғона Мухтор жумҳурияти тузишга имкон яратди. Маҳдуд миллатчилар миллий ҳаракатчиликнинг казо-казоларидан шундай бир ҳукумат туздиларки, миллатчилик ғояларини ўтказишни бошлаганликлариданоқ замоннинг руҳига тўғри келмаслиги дарров билиниб қолди ва буни олдиндан кўра олмаган ҳамда аҳолига бошкача қарай олмаган Туркистон ҳукумати Фарғона совнаркомини тарқатишга ва бинобарин, ташкил топаётган жумҳурият тугатишга қарор қилди. Бу тугатиш қанчалар уқувсиз, қанчалар қўпол, қанчалар сиёсий ҳатолар билан қилингани барчага маълум. Қуролли кучлар ҳуқуматни ер билан яксон этиб қўя қолди, ҳамма нарсани остин-устун қилиб аҳоли ўй-фикрида тузатиб ҳам, кечириб ҳам бўлмайдиган жароҳат қолдирди. Ҳукумат катталари чет элга қочиб кетдилар ва Антанта ҳамда унинг югурдаклари Деникин, Врангель ва шунга ўхшаганлар билан алоқа боғлаб, Совет ҳокимиятининг душманлари сафига қўшилдилар, қолганлар эса зич аҳоли орасига сингиб кетдилар, у ерда яна «махсус бўлим»лар таъқиби бошлангач, тоғларга кетдилар ва босмачиликни уюштирдилар» (126-бет).

Қўқон муҳториятининг мазмун-моҳияти, олиб борган сиёсати ҳақида бир томонлама баҳо беришдан ўзимизни тиямиз. Уни бир қадар тушуниш учун «Баённома»да тилга олинган ўлкадаги миллий ва диний-анънавий турмуш тарзини «қўпориш» авж олганини қайд этамиз ва Муропиев 1882 йилда Империя сиёсатининг «бош принципи» деб кўрсатган «руслаштириш»нинг инқилобдан кейинги «тараққиёти»га қисқача тўхтаймиз. Бу, ўйлаймизки, биргина Қўқон мухториятини эмас, умуман жадидчиликнинг мазмун йўналишини, ундаги кўтарилиш-тушишлар, умид-умидсизликларни, борингки, миллатчиликни ҳам англашга ёрдам беради. Сўнгги — миллатчиликни олиб кўрайлик.

Ленин 1917 йил 22 ноябрь (6 декабр)да Ҳарбий флотнинг биринчи Бутунроссия съездида сўзлаган нутқида шундай дейди:

«Россияда великоросслар фақат 40 процентчани ташкил қиладилар, қолган кўпчилик эса бошқа халқлардан иборатдир. Чоризм замонасида ана шу бошқа миллатларга нисбатан қилинган ҳамда ўз рахмсизлиги ва шафқатсизлиги билан мислсиз бўлган миллий зулм тўла ҳуқуқи бўлмаган халқлар орасида монархларга қарши ниҳоятда қаттиқ нафрат туғдириб келди. Ҳатто она тилидан фойдаланишни ҳам таъқиқлаган ва халк оммасини саводсизликка маҳкум қилган кишиларга қараши бу нафрат барча великороссларга ҳам қаратилган экан, бу — таажжубланарли ҳол эмас»[18].

Бу инқилобдан олдинги аҳвол муносабати билан айтилган. Инқилобдан кейин-чи? Юқоридаги «Баённома»га қараганда бу масала олдинга силжиш эмас, орқага кетилган.

Айрим рақамларга эътибор қилайлик.

1918 йил апрелда Туркистон Мухтор жумҳурияти тузилди. Туркистоннинг инқилобдан кейинги биринчи миллий давлати. 1920 йилги аҳоли рўйхатига кўра жумҳуриятда (табиийки, бунга Бухоро ва Хива хонликларидаги аҳоли кирмайди) 5 миллион 250 минг иши яшаган. Аҳолининг 41,1 фоизини ўзбеклар, 19,3 қозоқлар, 10,8 — қирғизлар, 7,7 — тожиклар, 4,7 — туркманлар, 1,4 — қорақалпоққлар ташкил қилган[19]. Европаликлар адади кўрсатилган эмас. 1909 йилда ўлкада етти миллион аҳоли яшаган. Шундан 2,5 миллиони ўзбеклар, 2,4 миллиони қозоқ-қирғизлар, 1,3 миллиони тожиклар, 0,6 миллиони руслар эди. Руслар умумий аҳолининг 7 фоизини ташкил қилган. Икки рўйхат 1,5 миллион кишига фарқ қиляпти. Бошқача айтганда, шундай болажон, серфарзанд келадиган Туркистон халқлари 11 йилда 1,5 миллион кишига камайиб кетган. Ва бу, тахмин қилиш қийин эмас, асосан, инқилоб йилларига, гражданлар уруши даврига тўғри келади.

Энди ҳокимиятнинг бошқарув органларидаги тубжой аҳоли нисбатини, ўз оти билан айтгудек бўлсак, Туркистоннинг ўз тақдирини ўзи белгилаши масаласини олиб кўрайлик. Туркистон Автоном республикасини таъсис этиш масаласи кўрилган V Бутунтуркистон Советлари съезди «мандат комиссияси» 263 мандатни ҳақиқий деб топди… Съездда маҳаллий миллатдан 50 га яқин делегат қатнашди»[20]. Ўлка аҳолисининг 90 фоизидан кўпроғини ташкил этган ерли халқ ўз тақдири ҳал бўлаётган анжуманда олтидан бир овоз билан қатнашган. Аҳолининг бор-йўғи 7 фоизи — европаликлар номзоди эса 220 тача бўлиб, жами овознинг қолган беш қисмини ташкил этган.

Иккинчидан. Масала бу ерда ўртага тушиб, шу ерда ҳал бўлган эмас. Марказда ҳал бўлиб келган. Чунончи, РСФСР Халк Комиссарлари Совети П. А. Кобозевни фавқулодда комиссар қилиб юборади ва у «съезд делегатларини Совет ҳукумати номидан табриклаб, делегатларни миллий масалани амалий ҳал қилишга»[21] чақиради. Шу тариқа съезд РСФСР составида Туркистон Совет Автоном Республикасини тузиш тўғрисида карор қабул қилади, «Туркистон Совет Республикаси тўғрисида Низом»ни тасдиқлайди. Марказий Ижроия Комитети (раис П. А. Кобозев), Халқ Комиссарлари Совети (раис Ф. И. Колесов)ни сайлайди[22]. Бугунги ўқувчи буларни ўқиб, э, бу қонунсиз-ку, дейиши мумкин, албатта. Лекин инқилоб йилларида қонунни суриштирадиган эмас, биладиган одамнинг ўзи ҳам ўлкада кам эди.

1918 йил июнда Туркистон большевистик ташкилотларининг биринчи ташкилий ўлка съезди (ТКПнинг таъсис съезди) бўлиб ўтди. Марказий Комитет раиси қилиб И. О. Тоболин сайланди. Марказий Комитетга сайланган 7 кишининг биттасигина маҳаллий халқдан эди. Съезд қўйган масалалар орасида «рус тили билан бирга ўзбек тилини ҳам ТуркАССРнинг давлат тили деб ҳисоблаш» бор эди.

Тубжой халқнинг қонуний ҳуқуқини тиклаш йўлидаги мана шу илк қадамлар ҳам жуда оғир кечади. Бир гуруҳ шовинистлар маҳаллий аҳолига ўз қонуний ҳокимиятини бериш эмас, уларни қай бир даражада давлат ишларига аралаштиришга ҳам карши чиқадилар. Булар Туркистон тарихида «эски коммунистлар» номи билан маълум ва машҳур. Улар партиянинг II съезди арафасида «аччиқ қилиб» ўз мансабларини ташлаб кетдилар. Шуниси қизиқки, ТКП МК раиси И. О. Тоболиннинг ўзи «эски коммунистлар»нинг ғоявий раҳбарларидан эди. II съезд (1918 йил декабрь) Ўлка комитетига раис қилиб А. Ф. Солькинни сайлади. Миллий сиёсатда ўзгариш барибир сезилмади. Буни шундан ҳам билса бўладики, республика партия ва ҳукумати аппаратида маҳаллий халқ вакиллари бармоқ билан саноқли эди. Комиссарларнинг ҳаммаси, ҳатто маорифгача европаликлардан (П. Н. Лепешинский) эди. 1919 йил 19 январга ўтар кечаси Осипов исёнида нобуд бўлган 14 комиссарнинг биротаси ерли халқ вакили бўлмаганини эслаш кифоя.

Аҳвол шундай давом этаверди. 1919 йил мартда Ўлка Советларининг фавқулодда VII съезди чақирилди. Республика ҳукуматининг янги состави (А. А. Казаков — Тур МИК, К. Е. Сорокин — ХКС) айланди. Буларнинг айримларини (масалан, В. Д. Фигельский Сорбонна университетини тугатган эди) ҳисобга олмаганда аксарият қисми, «фавқулодда тройка» қайд этганидек, махаллий халқ турмушидангина эмас, умуман илм‑маърифатдан йироқ, кўнглидан мустамлакачилик нари кетмаган кишилар эди.

Ўлка советларининг машҳур V съездида қатнашган ва Марказий Ижроия Комитетига сайланиб қолган етти ерлининг бири, ТКПнинг II съездидаги етти «Президиум аъзоси» (МК аъзоси)нинг бири Абдулла Авлоний 1919 йилда РСФСР ҳайъати ваколати таркибида Афғонистонга боради ва Ҳиротда мухтор вакил бўлиб бир йилча ишлайди. Машҳур адиб ва арбобимизнинг кундаликларида ўқиймиз.

«Оҳ, на инсоният, на баробарлик, на социалистик, на миллат тафриқ қилмайдиргон интернационалистлар дунё юзинда топилармукин? Балки бордир, топилур, лекин вужуди анқонинг тухмидек камёб эканлиғин Афғонистон сафарига чиқғонда аниқ билдим. Афғонистонға чиқғон беш ҳайъати ваколанинг ичида биргина мусулмон ман ўлдиғимдан ҳар бир оғир меҳнатни, ҳар бир кулфат ва азиятлар мени устумға юкланди. Ҳиротға яқин Парвона қишлоғиндан бошлаб товаришларимизнинг ороларига тафриқа тушди. Тафриқанинг сабаби ўртоқ Бровин[23] афғон туфроғига ўтгандан сўнг ўзини женерол — чор ноил эълон қилмиш эди. Ҳамда бутун тутғон тактика, ҳатти-харакати-да Никўлайнинг генералларининг рафториндан қолишмас эди… «Ғат-ғат этар карнайчи, балоға колур сурнайчи» мақолинча ўз мақсад ва ғояларига ва ғарази шахсияларина мен бечорани олат қилдилар… Иш «ҳалвони ҳаким ер, калтакни етим» кабилиндан эди»[24].

Туркистондаги бу ҳол ўлканинг тубжой халқида норозилик кайфиятларини туғдириши табиий эди. Бу масала, чамаси, 1919 йилнинг кузига келиб кескинлашди. Ўлка партиясининг IV фавқулодда съезди чақирилиши (12 сентябрь — 6 октябрь). Ўлка Советларининг VIII съезди (6 сентябрь — 3 октябрь) кун тартиби шундан далолат беради. Кўринишдан, булар кифоя килмади. 1919 йил 8 октябрда РСФСР МИК ва ХКС қарори билан Ш. 3. Элиава (раис), М. В. Фрунзе, В. В. Куйбишев. Г. И. Бокий, Ф. Голошченкин ва Я. Э. Рудзутаклардан иборат Турккомиссия тузилди. Комиссияга «Туркистон ва у билан чегарадош бўлган давлатлар доирасида Бутунроссия Марказий Ижроия Комитети ва Халк Комиссарлари советининг вакили сифатида улар номидан иш кўришга ваколат» берилди.

Инқилоб, сиёсий эркинликнинг қўлга тегиши аҳолига завқ ва сурур бахш этган, у унча-бунча иктисодий қийинчиликларни писанд этмас, миллий мустақиллик, ўз мамлакатига, ўз ҳокимиятига эга бўлиш шавқи билан яшар эди. Иккинчи ёқдан эса ўрнатилаётган совет идора усули миллий таркибига кўра олдингидан деярли фарқ қилмади. Ҳокимият тепасида ҳали ҳам ўша эски ҳукумат тургандек эди. Бу шунга олиб келдики, ТКПнинг буюк давлатчилик касалига мубтало раҳбарияти ва унинг қошида 1919 йил мартда 2-конференция қарори билан тузилган мусбюро (мусулмон бюроси) ўртаси узоқлашиб борди. Турккомиссияни ҳам қўшиб ҳисоблаганда ўзига хос уч ҳокимиятчилик майдонга келди. 1920 йил 17 январда ҳар уч ташкилотнинг биргаликдаги мажлиси бўлди. Мусбюро қаттиқ туриб: «Туркреспублика» ва «Турккомпартияси» тузишни, Туркистон АССРнинг Конституциясини қайта кўриб чиқишни, алоҳида мусулмон армияси тузиш ва ғайримусулмон ҳарбий қисмларнинг ҳаммасини ўлкадан олиб чиқиб кетишни талаб қилдилар[25]. Бу кўриняптики, демократияга, социалистик революциянинг мақсад-мазмунига зид эмас эди. Бугунги Литвада бўлаётган ишлар бунга далил. Турккомиссиянинг Элиава, Куйбишев каби аъзолари ерли халқнинг бу хақли талабини қувватладилар. ХаттоТКПнинг V ва мусулмон коммунистларининг деярли бир вақтда 1920 йил январда бўлиб ўтган III конференциялари ҳам ТКП номини ўзгартириб, «Турк халкларининг Коммунистик партияси» деб аташ ҳақида қарор кабул қилди. Бироқ воқеадан сўнгроқ хабар топиб қолган М. В. Фрунзе уни РКП(б) нинг VIII съезди қарорларига зид, бу партияда ажралишга олиб келади деб ҳисоблади. Хуллас, кўпчилик овоз билан у рад этилди. Ҳақли интилиш миллатчилик, миллий оғмачилик деб баҳоланди. РКП(Б) МК 1920 йил 8 мартда мазкур масала бўйича қарор қабул қилди. Туркистон Компартияси ва республикаси номи олдинги ҳолида қолдирилди. Мусбюро бунга кўнмади. 1920 йилнинг майида Т. Рисқулов, Н. Хўжаев, Бек-Ивановлардан иборат «туркделегация» Москвага бориб Ленин билан учрашди. Бироқ туркделегация лойиҳаси рад этилди.

Партия Марказий Комитети мазкур масала муносабати билан қабул қилган қарори лойиҳасида қуйидагиларни таъкидлаган эди:

  1. РКП Марказий Комитети РКПнинг Туркистондаги асосий вазифаси — Россия самодержавиясининг эллик йилдан ортиқ империалистик сиёсати натижасида келгинди европалик аҳоли билан туб аҳоли ўртасида вужудга келган кескин муносабатларни тугатишдир деб ҳисоблайди. Мустамлакачилик психологияси билан ғоят заҳарланган рус ишчиларипинг жуда кичик гуруҳининг кўлида бўлган бу муносабатлар Совет ҳокимиятининг 2,5 йили мобайнида яхши томонга ўзгариш у ёқда турсин, балки ўзига хос «коммунистик» ҳаракатлар туфайли янада кўпроқ кескинлашиб кетди, қулликка туширилган туб аҳоли бу ха ракатларни эски чор ҳокимияти агентлари харакатининг давоми деб билади, улар аслида шундай ҳаракатлардир.

2 …

б) собиқ полиция, жандармерия ва охранканинг барча амалдорлари… партияга, совет органларига, Қизил Армияга ва шу кабиларга суқулиб кириб олганларнинг ҳаммаси Туркистондан Россия концентрацион лагерларига жўнатилсин.

в) Партия кучлари қайта тақсим қилиниб, Туркистоннинг мустамлакачилик ва буюк рус миллатчилиги билан заҳарланган барча коммунистлари Марказий Комитет ихтиёрига юборилсин ва айни замонда марказдан Туркистонда ишлаш учун бир неча юз коммунист сафарбар қилинсин.

г) … Тошкент темир йўлининг бир неча юз ишчисининг иш жойини ўзгартириш ва уларнинг ўрнига бошқа одам қўйиш вазифаси топширилсин.

д) … тўсқинлик қилувчи шахсларга нисбатан сургун қилиш системаси кенг қўлланилсин[26].

Бироқ марказ билан Туркистон республикасининг ташкилий ўзаро муносабатлари, хусусан, ҳар икки ёқнинг ҳуқуқлари ҳақида гап кетганда, энг асосий масалалар: хўжалик, молия, ташки алоқа, ҳарбий ишлар кабилар республика ихтиёридан олиб қўйилди. Туркистон мусулмон коммунистлари фаоллари РКП(б)нинг Туркистондаги асосий вазифалари тўғрисидаги мазкур тарихий қарорга кўшилмадилар. Туркистон Компартиясининг Ўлка Комитети ва Туркистон МИК составида чиқиш тўғрисида ариза бердилар. Мазкур ҳодисалар муносабати билан РКП (б) томонидан шошилинч тузилган (1920 йил июль) туркбюро (унинг дастлабки раисларидан бири туркмусбюро таклифига қатъий карши чиққан Я. Э. Рудзутак эди) 19 июлда Туркистон Компартиясини тарқатиб юборади. Муваққат Марказий Комитет тузади. Унинг учдан икки қисми маҳаллий миллат вакили эди[27].

Айтиш керакки, турккомиссия ва туркбюронинг ўзида хам аҳвол кўнгилдагидек эмас эди. Унинг устига партиянинг миллий масала хусусидаги айрим қарорлари бажарилмай қолди. Марказий аппарат аъзолари орасида ихтилофлар чиқиб турди. [28]Масалан, эски чор амалдорининг Туркистондан чиқариб юборилиши — туркбюро ва турккомиссиянинг ўзида ҳам ҳар хил кабул қилинди. Жумладан, турккомиссия раиси М. П. Томский билан туркбюро аъзоси Г. И. Сафаров (Володин) ўртасида шу заминда ихтилоф туғилди. М. П. Томский 1921 йил 23 июлда Ленинга хат ёзиб воқеадан Ильични хабардор қилади. Ленин уларнинг хар иккисига хат ёзади, А. А. Иоффени юборади. Я. Рудзутак билан сухбатлашади. «Шахсан мен «Томскийнинг йўли» (эхтимол, тўғрироғи Петерс йўлидир? ёки Правдин йўлидир? ва ҳоказо) великорус шовинизмидан ёки, тўғрироғи, шу томонга оғишдан иборат, деб жуда шубҳаланаман»[29] — ёзади Ленин А. А. Иоффега.

Яна. Ленин В. М. Молотовга: «Мен Томскийнинг Туркистондаги вазифасидан бўшатилишига тарафдорман, чунки хатто Томскийнинг дўсти Рудзутак кеча менга бундай деди: «Агар мен 3/4 ҳисса «мустамлакачи» бўлсам, Томский .5/4 ҳисса «мустамлакачи»… Мен (Рудзутак) Томский билан Раҳимбоевни учраштириб қўймоқчи эдим. Томский бош тортди»[30] .

Мунаввар Қорининг 1927 йил қурултойидаги бир эътирофи эсга тушади: «Ўша вақтда (1920—21 йил кўзда тутилади — Б. Қ.) бир мажлисда рус мустамлакачилари билан курашамиз деган эдим. Агар борди-ю, рус ўртоқлар шу гапимга араз қилиб, «ол мамлакатингни, ўзинг идора қил!» десалар мен уларнинг оёғига ёпишиб, энг аввал айтар эдимки, биз сиз билан эмас, сизнинг бойингиз, уламойингиз ва мустамлакачилигингиз билан курашар эдим».

Булар ҳаммаси масаланинг бир томони.

Кейинги пайтларда ошкоралик туфайли инқилобимиз тарихи ва умуман социализм назарияси, амалиётининг айрим масалаларига доир янги фикр-карашлар ўртага тушмоқда. Аслида буларни янги деб ҳам бўлмас. Улар мутахассисларга кўпдан маълум эди, лекин хаммага аён сабаблар билан кўпчилик назаридан узоқда сақланиб келди. А. Платонов, В. Гроссман асарлари, М. Пришвин кундаликлари, В. Солоухин, Ю. Буртин мақолалари, В. Короленконинг А. Луначарскийга хатлари, М. Горькийнинг «Бемаврид фикрлари»и, айниқса, «Архипелаг Гулаг» билан Н. Бердяевнинг «Рус коммунизмининг маъно ва манбалари» китобидан парчалар эълон қилиниши эски баҳсларнинг янги талқинига йўл очди.

20-йиллардаги биродаркушликни, 30-йилларда миллатнинг гулини териб йўқ қилиш кампаниясининг йўлга қўйилишини, давлатнинг ваҳшиёна диктатурасини Октябрь инқилоби назарда тутганмиди? Жуда кўп инқилобларда бўлгани сингари унинг ҳам бошловчилари «кўпнинг нафи» номи билан инкилобий озчиликнинг иродасини зўрлаб тиқиштирмадиларми? Нега Ленин 1923 йилда социализмга бўлган карашимизни тубдан ўзгартиришимиз лозимлигини изтироб билаи айтди? Нима бу, ўлим тўшагидаги доҳийнинг армоними? Юз миллионларча кишилар тақдиридан фавқулодда безовталикми? Ниҳоят, Ленин бугунги ҳаётни орзу қилганмиди?

Мана, мазкур мавзу муносабати билан кўтарилаётган масалаларнинг айримлари[31]. Мутахассислар юқоридаги асарлар орасидан ушбу мавзуга ёндашишда энг жиддий ва пухтаси, ҳар томонлама асослангани, айни пайтда ҳали тилга олинган ижодкорларнинг маълум қисмига илҳом ва озиқ бергани деб Н. Бердяев китобини кўрсатадилар. Н. Бердяев гражданлар уруши ва унинг узвий давоми бўлган сталинчиликнинг сабабларини рус инқилобининг моҳиятидан излайди. Давлат диктатурасини унинг муқаррар йўлдоши ҳисоблайди. Пролетар инқилобига ёрдам берувчи ҳар қандай воситани қўллаб-қувватлашни рус социализмидаги инсон қадрсизланишининг бош нуқтаси деб билади. Унингча, тарихни синфлар кураши тарихидан иборат деб тушуниш дунёни оқ-қорага ажратиб, ҳар кандай ҳолда ҳам душман қидиришга олиб келиши муқаррар эди.

У ёзади: «Рус халқининг вазифаси фақат Россиядагина эмас, балки бутун жаҳонда инсонлар жамоасида ижтимоий адолатни амалга оширишдир деб англанади. Ва бу рус анъаналарига мувофиқдир. Лекин даҳшатли томони шундаки, бундай амалга оширишлар зўравонлик ва жиноятлар билан, шафқатсизлик ва алдовлар, даҳшатли алдовлар билан кечади»[32].

Тарих ҳодисаларининг энг буюк ҳаками вақтдир. Хозирча ўтган 73 йиллик тарих Россия инқилобининг қувончидан аламини, савобидан гуноҳини, фазилатидан айбини кўпроқ таъкидлаётир. Шунга қарамасдан, тарих 1917 йилда белгилаган Октябрь йўлини, социализмни рад этишга асос йўқ. Уни янгилаш, такомиллаштириш керак. У билан боғлиқ ҳамма масалани бениҳоя ҳалол, тўғрима-тўғри, давлатнинг эмас, қонун ва демократиянинг шафқатсиз диктатураси асосида қўймоқ ва ҳал қилмоқ лозим. Унинг тарихи, босиб ўтган йўлини қайта кўриш ва баҳолаш, ишни инқилобга ҳомиладор Россиянинг ҳамма тўлғоқларини чуқур ўрганишдан, янги туғилган Советлар ҳокимиятининг қай даражада қонунийлигини аниқлашдан, унинг амалга оширган ўзгаришларининг қай даражада ақлга мувофиқлигини белгилашдан бошлаш керак.

Хўш, Рус инқилоби Туркистонга, Бухоро, Хевага қачон ва қандай қилиб келди? Аввало, бу жойларнинг, хусусан Туркистоннинг ўз инқилобига айландими ёки рус инқилобича қолдими? Бу тарихимизни ғаразли бир мақсад билан тафтиш қилиш учун эмас, асл ҳақикатни билиш учун керак. Тарихимизни, шу жумладан Ўзбекистондаги инқилоб тарихини ҳаққоний ўрганиш зарурати ўртага тушар экан, бу масалани айланиб ўтиш мумкин эмас. Агар ўлкадаги инқилоб тарғибидан ташкилигача асосан рус большевиклари томонидан амалга оширилган бўлса, ҳаракатнинг марказий, зарбдор кучларини руслар ташкил этган бўлса, уни нима деб баҳоламоқ керак?

Биринчи марксистимиз Отажон Ҳошим «Марксизм Туркистонга Буюк Ўктабр инқилобидан кейингина кира бошлади»[33]  деб езган эди 1925 йилда. Бу факт билан ҳисоблашмоқ керак. Бизнингча, халқимизнинг ижтимоий уйғониши, гарчи Авлонийлар эътироф этгандек, 1905 йиллардан бошланган бўлса-да буни мутлақо эпизодик ҳодиса деб қарамоқ керак. Унинг кўзи очилишида 1916 йилги миллий қўзғолоннинг роли катта бўлди. Мардикорларни она юртидан ажратиб, ғоя ва манфаатларидан бутунлай узоқ, етти ёт бегоналар орасида қора ишларга олиб кетилишига қарши халқнинг «Болалари‑миз-ни бер-май-миз!» деб чиқиши шундан далолат эди. Ниҳоят, у 1917 йил Февраль инқилобидан катта сабоқ, тарбия олди. Октябрь инқилоби билан чинакам уйғониш бошланди. Халқимизнинг сиёсий фаоллиги бирдан кучайиб кетди. Лекин 20-йилларнинг ўрталаридан барқ урган ниҳоллар қовжирашга тушди. Бу юқорида айтга нимиздек, 1920 йилдан, умиднинг умидсизликка айланувидан бошланди. Ўзбек миллий уйғонишининг мана шу босиб ўтган йўлини кузатиш ўзбек жадидчилик ҳаракатини кўздан кечиришдир. Мана шу ҳаракатнинг бутун шаклу шамойили, маъно‑мазмуни, руҳи-сажияси жадид адабиётида акс этган эди. Бинобарин бу йўл 1919 йилда Абдулла Бадрий қайд этганидек, 20‑йилларда Ф. Хўжаев атрофлича асослаб, Р. Иноғомов кўллаб‑қувватлаганидек ўзбек инқилобининг босиб ўтган йўлидир. Ундан қочиб бўлмайди. Бу йўл тарих тақозоси билан келиб буюк рус инқилобига қўшилди. Бу ҳамкорликдан фақат гуллар унди десак, ёлғон айтган бўламиз, албатта. Ундан тиканлар ҳам ўсиб чиқди. Чунки бу ҳамкорликда тенглик йўқ эди. Бу унинг энг катта нуқсонларидан бўлди. Нотенглик ишончсизликка, ишончсизлик умидсизликка олиб келди. Ва бу бир тарафламалик узоқ йиллар давом этди. Кейинги пайтларда қайта қуриш туфайли қалқиб юзага чиққан миллий адоватларнинг заминини ўша даврдан қидириш керак. Озодлик ва Адолат ўтган асрда Париж Коммунаси байроғига ёзилган эди. У 1917 йил инқилобида ҳам асосий шиорлардан бўлди. Бугун ҳам у аҳамиятини йўқотган эмас. Лекин гап шундаки, мутлақ озодлик бўлмаганидек, мутлақ адолатнинг ҳам бўлиши мумкин эмас. Негаки, мутлақ озодлик зўрнинг ожизни оёқости қилишнга олиб келганидек мутлақ адолатни ушлаш кимнингдир эркини чеклашдир. Бунинг меъёр-мезонини фақатгина давлат таъминлайди. Давлат эса 20-йилларда энди тетапоя қадам ташлаб келарди. Кўп нарса номаълум эди. «Биз ҳозир социализмни таърифлаб бера олмаймиз, социализм тайёр ҳолга келганда қанақа бўлади, биз буни билмаймиз, биз буни ҳозирча айта олмаймиз»[34] деб ёзган эди Ленин 1918 йилда. 1920 йилнинг октябрида комсомолнинг III съездидаги машҳур нутқида ўн бешга кирган авлоднинг 10—20 йилдан кейин коммунистик жамиятда яшаши ҳақида сўзлаган эди. Бироқ 1922 йилдаёқ Ленин социализм ҳақидаги қарашларини кескин ўзгартирди. 1923 йилда буни жуда кескин қилиб айтди. Бироқ қайта кўрилиши, қайта қурилиши лозим бўлган, Ленин изтироб билан айтган бу принциплар унинг ўлимидан кейин тақдирнинг истеҳзоси билан мамлакатимиздаги партия ва давлат қурилишининг асоси қилиб олинди. Ва бунинг қандай оқибатларга олиб келгани ҳаммага маълум.

Жамиятимиз тарихининг мана шу мураккабликлари кўзда тутилгандагина жадидчиликни ҳаққоний ва ҳалол баҳолашга йўл очилади.

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 7-сон

–––––––––––––––––––

[1] Абдулла Бадрий. Ёш бухоролилар кимлар? Москва, 1919, 3-бет.

[2] Отажон Ҳошим. Пролетариат ва чиғатой адабиёти тўғрисида. Т., 1928 й. 9-бет.

[3] А. Икрамов. Изб. тр. в 3-х томах. т. 1, Т., 1972, стр. 221.

[4] Отажон Ҳошим. Жадид адабиёти тўғрисида. «Қизил қалам» мажмуаси, 2-китоб, ЎзДавнашр, С-Т., 1929, 16-бет.

[5] Иброҳим Мўминов. Асарлар. 3 том., 1 т, Тошкент, 1969, 231-бет.

[6] «Қизил Ўзбекистон» газ. 1927 й., 7 июнь.

[7] Қаранг: Туркестанский сборник, том 361, стр 144.

[8] А. В. Пясковский. Революция в Туркестане, 1905—1907 гг М. 1958. стр.99.

[9] А. Н. Самойлович. Драматическая литература сартов. Отл. оттиск из Вестника Императорского об-ва Востоковедения, № 5. 1916, Петроград, стр. 3.

[10] Қаранг: «Қизил Ўзбекистон», 1927 йил, 7 июнь.

[11] «Правда Востока» 25 ноября 1927 г.

[12] А. Икрамов. избр. Соч. в 3 томах, т. 1, Т., 1972 стр. 187.

[13] Юқоридаги асар, 322-бет.

[14] Отажон Ҳошим. Жадид адабиёти тўғрисида. Қаранг: «Қизил қалам» мажмуаси, Самарқанд — Тошкент, 1929 й, 17-бет.

[15] «Қизил Ўзбекистон», 1927 йил 7 июль.

[16] Ушбу ҳужжатни топишда яқиндан ёрдам берган архив ходими И. Исоқовга муаллиф ўз миннатдорчилиғини билдиради.

[17] В. И Ленин. Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида Т., «Ўзбекистон», 1984, 493-бет.

[18] В. И. Ленин. ТАТ, 35-том, 127-бет.

[19] ЎзСЭ. 11-том, 368-бет.

[20] Ўзбекистон ССР тарихи, 4 томлик, 3-том, Т., 1971, 156-бет.

[21] Бироз ўтгач, уларнинг ўринларини В. Д. Вотинцев ва В. Д. Фигелский алмаштирадилар.

[22] ЎзСЭ. 11-том, 371-бет.

[23] Н. 3. Бравин — РСФСР Ташқи Ишлар Халқ комиссариатининг Афғонистонга биринчи бор юборилган вакиллар ҳайъатининг бошлиғи. Ғазнида сирли ўлдирилган. Қаранг бу ҳақда. «Правда» Востока». 1989, 16 июнь.

[24] Абдулла Авлоний. Афғон саёҳати, 63-бет (Авлоний уй-музейида сақланади).

[25] Ўзбекистон ССР тарихи, 4 томлик, 3-том, Т., 1971, 237-бет.

[26] В. И. Ленин, Ўрта Осиё ва Қозоғистон тўғрисида, Т. «Ўзбекистон», 1984, 397-398-бетлар.

[27] Ўзбекистон ССР тарихи, 4 томлик, 3-том, Т., «Фан», 1971, 240-бет.

[28] В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Козоғистон тўғрисида, Т. «Ўзбекистон» 1984 йил, 769-бет.

[29] В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Козоғистон тўғрисида, Т. «Ўзбекистон» 1984 йил, 455-бет.

[30] В. И. Ленин. Ўрта Осиё ва Козоғистон тўғрисида, Т. «Ўзбекистон» 1984 йил, 466-бет.

[31] «Литературная газета» 1990, № 3.

[32] «Юность». 1989, №11, стр. 90.

[33] «Маориф ва ўқитувчи» ж. 1925, 3-сон, 48-бет.

[34] В. И. Ленин. ТАТ. 36‑том, 74‑бет.