Катри Вала (1901-1944)

Катри Вала (Katri Vala; ҳақиқий исми фамилияси Ваденстрём Карин Алисе) фин шоираси ва публицисти. 1901 йил 11 сентябрда туғилган. Адабий фаолиятини ёзувчиларнинг “Туленкантаян” (“Машъаладорлар”) тўгарагида бошлаган. “Олис боғ” (1924), “Кўк қопқа” (1926), “Қайтиш” (1934), “Ёнаётир жонажон ошён” (1942) шеърий тўпламлари нашр этилган. 30-йилларда фашизмга қарши оммавий чиқишлар қилган ( “Руҳ ва материя ёхуд ёлғиз аёлнинг Чангютгичи” шеъри машҳур). Иккинчи жаҳон уруши даврида Швецияда яшаган, 1944 йил 28 майда вафот этган. 1945 йилда шоиранинг хоки Хельсинкига кўчирилган.

САМОЛЁТГА

Чин ҳаётга эврилди эртак.
Самалёт!
Сен одам ундирган бир улкан гулсан,
сен оппоқ дур, кумуш гулсафсар;
Сен ҳаворанг кўлда ўсасан
ҳамда қуёш нури таралган
замин узра қанот ёзасан,
жуда баланд-баланд учасан.
Илдизинг узилиб қолади ерда,
поянгни қолдириб кетасан ерда,
сенинг гўзал гулғунчанг
очилади фақат
осмонда!

Фазода
гулбаргларинг орасидан
ерга қарайман.
Эҳ, нақадар бахтиёрман.
Нақадар яқин осмон,
одам кўкда ундирган гулга
Худонинг нигоҳи тушади.
Бу мўъжиза, янги кашфиёт;
номаълум диёрларни
кашф этмоққа ошиқиб,
елаётган кема янглиғ
олисларга интиласан,
сержило гулғунча.
Кашф этишнинг севинчли ва
эҳтиросли орзуси
ўртайди дилимизни.
Қаердасан, ҳали оёқ етмаган
ғаройиб маъво?
Янги кенгликлар бор тақдиримизда.

БАХТ

Тушларингнинг ёнида уйғондим,
қўлларимни чўздим нафасларингга.
Тунда саҳрода қолган йўловчи
ёнаётган гулханга
қўлларини тутиб,
ҳузур билан
иситмайдими
шундай?

ҚИСМАТ

Тонгда мендан сўради дўстим:
“Нима учун уйқунгда кулдинг?
Кулгинг шундай қайғули эди…
Дардинг шундай кучлими ҳамон?”

Мен унга жавоб бердим:
“Кеча қайтиб келган эдим,
эртага эса – кетаман.
Тушлар билан менинг ишим йўқ”.

“Кулдинг-ку, ахир?”
“Бир ҳўкизни кўрдим тушимда.
Эгатларга экар эди
нафис атиргул…
Мана нимага кулдим.
Юрагимга санчилди
шу гул тикани –
мен кулдим”.

ТУНГИ ОСМОН

Осмоннинг зангори даласи
бўрон билан қилинган шудгор,
юлдузларнинг кумуш дони экилган –
олмосдек бебаҳо донлар юлдузлар…

Ким ўроқчи бўлар?
Ой ўроғи билан
ғалла ўрар ким?

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси