Эдит Сёдергран (1892-1923)

Таниқли шоира Эдит Сёдергран (Edith Irene Södergran) 1892 йилнинг 4 апрелида Санкт-Петербургда финляндиялик швед инженер оиласида таваллуд топган. У дастлабки шеърлари 4 тилда: швед, француз, немис ва рус тилларида ёзган.
Ёш шоиранинг ижоди француз символизми, немис экспрессионизми ва рус футуризми таъсирида шаклланади. Сёдергран фин-швед адабиётидаги модернизмнинг илк вакиласидир. 1916 йили Хельсинкида шоиранинг илк «Шеърлар» («Dikter») деб номланган тўплами нашр этилган. Бу тўпламдаги швед шеъриятига хос бўлмаган янги оҳанг ва шакллар олиб кирган шеърлар фин танқидчилари томонидан салбий кутиб олинади, улар ҳатто шоирани масхара қилишгача боришади. Оқибатда шоира узлатга чекинишни мажбур бўлади. Аммо, танлаган йўли — янги шакллар излаш, хусусан, ижодининг асоси бўлмиш верлибрни ривожлантиришдан қайтмайди. Февраль инқилобини катта умидлар қаршилаган шоира ҳаёти қашшоқликда ўтади бошлайди. Бунинг оқибатида унинг касаллиги яна ҳам кучайиб боради.
Шоира 1923 йилнинг 24 июнида Карелиянинг Райвола шаҳарчасида оламдан ўтган. Ўлимидан кейин шоиранинг иккинчи шеърий тўплами нашр этилади. Бугунги кунда Эдит Сёдергран ҳам Швецияда, ҳам Финляндияда энг машҳур шоирлардан бири сифатида тан олинади.

* * *

Мен сенинг боғингда кўкариб ундим,
Чанқаб ёмғирларни ичдим мен, эй, ёр,
Саратон офтобин шимириб қондим
Ва гулладим – энди сени кутгум зор.

КУТИШ

Мен танҳо кезарман кўл ёқасида,
Қарағайлар сафин дўстим атарман.
Милашга сиримни мен очдим аста
Ва сени кутарман… Интиқ кутарман.
Аммо сўқмоқ холи, мен қанча кутмай…
Мойчечаклар мендан кулар: ошиқ, деб.
Бўйнимни қитиқлар кўкатлар тинмай,
Шуларнинг бариси аталар ишқ, деб.

ТОНГ ОЛДИДАН

I

Тонг отмоқда… Жоним, келиб қўлим ол,
Ич, ундан баҳорнинг оташли қонин.
Кел, жоним, қўлим тут. Титраб, бемалол
Оқариб ёритар у зулмат шомин.

Кел, ожиз елкамни эркала, ахир…
Бу қандай бахтли тун – оқар кўзёшим –
Кўксимда босилмиш сенинг бу оғир
Менга тақдирини ишонган бошинг.

II

Сен менинг кўксимга севгининг алвон
Гулини ташладинг – кўксимга босдим.
Уни маҳкам сиқдим – оқди қўлдан қон,
Аммо сўлди гулим – кўзимга босдим.
Сенинг қўлларингдан бу олий тожни
Бошини эгару олар ҳангу-манг,
Севгилинг – кўзлари совуқ маъшуқанг.

III

Уни биринчи бор кўрдим мен бугун.
Уни таниб титраб кетдим ва бу он
Билагимда туйиб турибман унинг
Кучли қўлларининг тафтини ҳамон.
Қайда қолди қизлик кулгум – ғурурим
Ва ҳеч кимга бўйин эгамаган бошим?
Ҳамон вужудимга титроғинг – янграр
Нозик орзу узра кучли товушинг.

IV

Гулни изладингу
Олмани топдинг.

Булоқни кўзладинг,
Денгизни топдинг.

Аёлни изладинг,
Юракни топдинг.

Афсус чекарсан…

ҚОРА ВА ОҚ

Оқаверсин, майли, дарёлар,
Мойчечаклар гулласин қийғос.
Ерга қадар эгилсин ўрмон –
Энди менга бари бир, инон,
Мен учун оқ қародир энди,
Ахир менмас, бегона аёл
Сайр этади маъшуқам билан.

ЎРМОН АРО…

Ўрмон кездим узоқ бахтиёр
Болалигим сўқмоқларида.

Юксак тоғлар аро адашдим
Ёшлик деган қасрни излаб .

Боғинг аро сайраган какку
Бахт бор, дерди аммо, бахтсизман.

ТИЛЛА ЭМАС, ҚУДРАТ ҚОЛДИРИНГ

Эй одамлар, бу тилла, бу зар
Нега керак? Сизнинг қалбингиз
Кўмир чўғидай алвон
Орзу билан тўлсин, илойим.
Фаришталарнинг мағрур кўзларидан
Қиммат ёқутларни суғуриб олинг,
Жаҳаннамнинг совуқ қудуқларидан
Муздек сув ичинг — фақат
Гадоларга ўхшаб тиламанг
Тилла тақинчоғу қиммат тошларни —
Сиз инсонсиз, фарзандларга ҳам
Жаннат қопқаларин очишга қодир
Тимсоли топилмас қудрат қолдиринг.

Хуршид Даврон таржималари

ЮЛДУЗЛАР

Тун чўкди.
Пешайвонга чиқдим, тингладим,
боғда ғужум-ғужум юлдузлар,
қоронғулик ичра пойлаб турдим жим.
Эшитдингми, жаранглаб синди бир юлдуз,
сира оёқяланг юрма ўтлоқда:
боғимда юлдузлар синиғи ғиж-ғиж.

СЎЗ

Ўтли сўз, чиройли сўз, теран сўз…
Бу – қоронғуда кўринмайдиган гуллар ифори.
Уларнинг ортида – чексиз кенгликлар.
Балки бу – севгининг оташ гулханидан
ўрлаётган халқа-халқа дуд?

ҲАЁТНИНГ ОПАСИ

Ҳаёт – ўлимга ўхшар,
ҳаёт билан ўлим тус опа-сингил.
Ўлим – ҳаётга ўхшар:
уни эркалагин, қўлларидан тут,
унинг сочларини силагин –
жилмайиб гулдаста тутар сенга у.
Унинг кўкрагига юзларинг яшир –
кўзларини юмиб шивирлайди: бўл!
бироқ феъли
синглисига ўхшамаслигин айтмас.
Рангпар-кўкиш юзларини
тупроққа босиб ётмас.
оппоқ, тоза тўшакда
чалқанча тушиб ётмас:
ёноқлари қирмизи, гул-гул
кезиб юрар дунёда сарҳуш,
ҳамма билан бир хил гаплашади ул.

Гул юзлари майин, қадрдон,
нозиккина қўллари билан
юрагингни ушлар ногаҳон.
Унинг бармоқлари теккан юракни
сира иситолмас ўт ҳам, қуёш ҳам,
Унинг қўли теккан юрак
музлаб қолар муздан ҳам совуқ,
тошдек қотар, ҳеч кимни севмас.

МЕНИНГ РУҲИМ

Менинг руҳим гапиришни ҳам, ишонтиришни ҳам билмас,
менинг руҳим фақат йиғлашни, кулишни,
бармоқларимни қарсиллатиб қайиришни
билади, холос,
менинг руҳим эслаб қолишни ҳам, ҳимоя қилишни ҳам билмас,
менинг руҳим ҳукм қилишни ҳам, исботлашни ҳам билмас.
Болалигимда қизил атиргулни кўргандим илк бор,
энди ёнимдаги гул бегона, рангсиз,
Бироқ мен ундан
пари аждарҳодан қўрққанидан кам қўрқмайман.
Рицар қутқарган паллада қирмиз ёноқ эди пари,
менинг эса кўзларимнинг тагида
қора халқа, қора халқа.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси