Озарбойжонлик ижодкорлардан қисқа ҳикоялар

Рафиқ Аҳмад

499 ТА БЕЛГИДАН ИБОРАТ ҲИКОЯ

Нарҳ-наволар кўтарилиб, ишлайвергандан қўллар тиззадан пастга тушган қимматбаҳо куз кунларининг бирида у шундай эълон ўқиб қолди: “500 та белгидан иборат қисқа ҳикоя ёз. Танловда қатнаш ва ғолиб бўл. Ҳар ҳарфи учун 60 гепик”.
Чўнтагидаги сўнгги 20 гепикка сигарета олганди. Очлигидан қорни черков қўнғироғидек жарангларди. Кун кўриш қийин, пул жуда зарур эди.
Уйга келдию эски “Pentium-4” компютерининг “Power” тугмасини оёғининг бош бармоғи билан босди. Янги файл очди. Клавиатура бўм-бўш хонада аёвсиз фарёд чиқара бошлади: “ Нарх-наволар кўтарилиб, ишлайвергандан қўллар тиззадан пастга тушган қимматбаҳо куз кунларининг бирида…”

* * *

Бобак Алиев

ТОНГ

Кеча бугунни кутардим. Бугун келди ва эртани кутишимни эслатди.

* * *

Ҳусайн Ҳусайнзода

СУИҚАСД

Онам мени илк ва сўнгги маротаба тушида кўрганди. Ўша куни тонгни қон ичида қаршилаб боласини ўлдириб қўйганини англади.
Мен на қуёшни, на дераза ойнасида ёмғир томчиларини, на бошқа гўзалликларни кўрдим. Мен эҳтирос ва ишқдан яралдим, отамнинг буйруғи билан онам қабул қилган қарор туфайли вафот этдим.

* * *

Байрам Мустафозода

ҚЎРҚУВ

– Деразани ёпиб қўяман, ойи.
– Шартмас қизалоғим, ёпма.
– Қўрқаман ахир…
– Нимадан қўрқасан қизим, нима бўлди?
– Укам ўзини ташлаб юбориши мумкин.
– Ия, товба-товба, нимага отар экан?
– Ахир у ҳам 8 синфда ўқийдику…

* * *

Ҳожиоға Алиев

“ҚАЕРДАСАН?”

11 йилдирки ўқишим туфайли ота-онам билан бирга яшамайман. Отам ҳар кун қўнғироқ қилиб “Қаердасан” деган саволни сўрайди. Саломлашмайди, аҳволимни ҳам сўрамайди. Ҳатто телефонимга унинг номини ота эмас, “Қаердасан” деб сақлаб қўйганман. Ундан қўнғироқ келаркан ҳамиша қаердалигимни билдирувчи баҳона ўйлаб топишимга тўғри келади. Бир куни кечаси соат 11 яримларда отам яна телефон қилди. Доимги савол янгради. Ўша пайт кайфиятим йўқ эди, жаҳл қилиб “Фейсбукдаман” деб жавоб қайтардим.
У эса ўйлаб ўтирмай бақирди: “Бало борми фейсбукда бу маҳалда, чиқ, дарҳол уйга бор!”

* * *

Севда Сафаралиева

ОНА ҚОРНИДАГИ БОЛА

Бошига келадиган балоларни била туриб ҳам туғилишга уринарди…

* * *

Орхан Расимўғли

РАҲМАТЛИ БУВИМ

Раҳматли бувим асл совет аёли эди. Советга жуда боғланиб қолган, Коммунист партияси билан бирга нафас оларди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, ҳар йил Сталиннинг ўлган куни ёсинни ўқир ва бир кун қайтиб келишини таъкидларди. Ҳамма уни қариб, мияси чириб кетган деб ҳисобларди. Бироқ мен раҳматли бувимни яхши тушунардим, ҳеч капитализмга ўргана олмаганди, ҳар доим “Coca-cola”га нон тўғраб ерди.

* * *

Элнур Содиқов

ҲАЁТ – ЖУДА ГЎЗАЛ

Базўр нафас олар, эҳтимол, ортиқ нафасини тугаётганини, сўнгги кунларини яшаётганини ҳис қилиб турарди. Тўсатдан ҳовлидан бир фарёд эшитилди. У нима қилиб бўлсаям ҳамширага уни деразага яқинлаштиришини сўради. Бир одам ўлган, яқинлари эса йиғлаб дод соларди. Юраги баттар ғамга тўлиб, кўзлари ёшланган ҳолда сўнгги сўзини айтди: “Ҳаёт – жуда гўзал!”

* * *

Фуад Расулзода

ҲАЁТ ЙЎЛИ

Қизалоқнинг ҳорижда таҳсил олиш, бахтиёр оила қуриш, она бўлиш каби бир қатор орзулари бор эди. Бироқ умр вафо қилмади, аборт қилинди.

* * *

Парвиз Иманов

АСКАРНИНГ ШОДЛИГИ

Соатларча давом этаётган урушда унинг фақат битта истаги бор эди: “Қанийди, беш дақиқа тинчлик бўлса, этигимни ечиб оёғимни бир марта қашисам”. Баъзида қўлидаги ўқ тўла автоматни оёғига отиб, бўшатишни истарди. Ортиқ чидай олмасди. Оёқларида гўбалак ҳасталиги бор, дорилари эса тугаб бўлганди.
Сўнгги жанг… Шундоқ ёнида мина портлади… Мурдалар атрофга сочилиб кетди.
Шифохонада кўзларини очди. Хотирасида қолган сўнгги нарса: оёғини бир марта қашлаш истаги эди…
Аскар улар энди ҳеч қачон қашламаслигини ўйлаб ич-ичдан шодланарди.

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси