Тошкентда Hi-Tech услубида қурилган масжид фойдаланишга топширилди

Тошкент шаҳрида Hi-Tech услубида қайта бунёд этилган “Тепа” жомеъ масжиди очилди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси. Масжиддаги илк жума намозида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқнаназар қатнашган.

“Тепа” масжидининг эски биноси 1992 йилда бунёд этилган бўлиб, йиллар давомида бир неча бор таъмирланган. 2021 йилга келиб, уни тўлиқ қайта қуриш бошланган. Икки йил мобайнида масжид замонавий Hi-Tech услубида бунёд этилган. Масжид хонақоҳи ортиқча безакларсиз, киши эътиборини тортмайдиган даражада, кўркам қилиб таъмирланган.

2000 дан ортиқ намозхонни сиғдира оладиган масжидда асосий хонақоҳ, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият ва бошқа техник хоналар мавжуд.

Қайд этилишича, қуёш панеллари ўрнатилган масжид ортиқча сарф-харажатсиз энергия манбаига эга бўлмоқда.

Фото: “Muslim.uz”