Абдурраҳим Каракоч (1932-2012)

Атоқли турк шоирларидан бири Абдурраҳим Каракоч (Abdurrahim Karakoç) 1932 йилнинг апрелида Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятига қарашли Элбистон туманида туғилди.
Муаллиф илк шеърларини икки китоб ҳолида нашрга тайёрлайди бироқ шеърлари ўзига ёқмай китобини ёқиб юборади. Кейинроқ ёзган шеърларини тўплаб “Ҳасанга мактублар” номи билан 1964 йилда нашр эттирди. Бу китоб 10 000 нусхада нашр қилинди. Тўплам тез орада қўлма-қўл бўлиб кетгач, иккинчи нашри ҳам айни тиражда чоп қилинди. Шундан кейин шоир катма-кет 12 шеър китобини шеърият мухлисларига туҳфа қилди.
Абдурраҳим Каракоч 2012 йилнинг 7 июнида Анқарада вафот этди.

АЙТМАДИ ДEМА

Қўрқаман, эҳтимол, эрта кеч бўлар,
Келар бўлсанг, бир кун аввал келгин-ей.
Дардмандларга йўл қарамоқ қийиндир,
Келар бўлсанг, бир кун аввал келгин-ей.

Қор ёғар, қорларда йўллар юрилмас,
Селлар ёғар даралардан ўтилмас.
Кафолат йўқ умр қанча билинмас,
Келар бўлсанг, бир кун аввал келгин-ей.

Жон қуши қафасда турмас, демишлар,
Қочган қуш қафасга қайтмас, демишлар.
Сўнгги пушаймонлик фойдасиз, дерлар,
Келар бўлсанг, бир кун аввал келгин-ей.

ТОҒ БИЛАН СУҲБАТ
 
Ҳеч бошинг оғридими, чарчадингми ҳеч?
Бировдан ранжидингми, сиқилдингми ҳеч?
Севдингми, ўпдингми, севилдингми ҳеч?
Соғинч нимаю, нима эмас, айтгин қани…

Қувончни ким тортар, ғамни ким ўлчар?
Аччиқ тил яроси қанчада битар?
Кутмоқ азоб, айрилиқ мисли ҳанжар
Ғурбат нимаю, нима эмас, айтгин қани…

Ўрмонинг бор, булоғинг бор, тошинг бор,
Тўрт фаслда булут сочли бошинг бор.
Билолмайман, қанча узоқ ёшинг бор.
Муҳлат нимаю, нима эмас, айт қани.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

МЕҲРИБОН

Сориғ сочларингга телба кўнглимни,
Боғламишлар, ечилмагай
меҳрибон.
Айрилиқдан оғир, дема ўлимни,
Чекмагунча сезилмагай,
меҳрибон.

Ёр деган дам, қалам ерда бўзлагай,
Кўзларим инграгай, юрак сўзлагай,
Чироқда титраган олов музлагай,
Ишқ қоғозга ёзилмагай
меҳрибон.

Олдин нози, сўнг сўз ила минг ҳийла,
Маъшуқа ошиқни жойлагай дилга,
Орадан асрлар, йиллар ўтса-да,
Эски одат бузилмагай
меҳрибон.

Табибларда даво йўқдир ярамга,
Ишққа етмай бошқасини излама,
Ҳар нарсанинг бир заволи бор, аммо,
Ишққа ҳудуд тузилмагай
меҳрибон.

Бекор қўнмагайдир булбул гулига,
Ёндирсанг, кўр бўлгай ишқин кулига,
Лолман қаро бахтнинг таҳаммулига,
Тошга урсам эзилмагай
меҳрибон!

Таърифга сиғмайди севги мазмуни,
Фақат, чеккан билар бу дард, ҳузнни,
То азалдан охир шу бир тугунни,
Ечолмадим, ечилмагай
меҳрибон!

* * *

Сиротдан нозикдир кўприги савдо,
Кел, бирга кечайлик тут қўлларимдан.
Ният оқ кабутар, макони само,
Кел, бирга учайлик, тут қўлларимдан.

Кўнгилдаги истак қалқди зоҳирга,
Бермагин аёзга, бўрон, ёмғирга,
Кетган баҳорларга, келажак қишга,
Кел, бирга кўчайлик, тут қўлларимдан.

Бирлашмоқ вақтида шафақла ғуруб,
Қўрқув кутилмайди эшикда туриб,
Иста оғу бўлсин, истагин шуруп*,
Кел, бирга ичайлик, тут қўлларимдан.

Чорла хаёлларнинг энг инжасини,
Яқиндан туярсан ишқнинг сасини,
Сўнгсиз бахтиёрлик панжарасини,
Кел, бирга очайлик, тут қўлларимдан.

Эсла унут бўлган хотираларни,
Олмосдан ёрқинроқ, олтиндан сариғ,
Вақтнинг жиловидан энди уларни,
Кел, бирга тортайлик, тут қўлларимдан.

Шубҳа “муқаддима”, қарор “ниҳоя”,
Замонни замонга қилма шикоят,
Қочмоқ қутулмоқдир, десанг гар шояд,
Кел, бирга қочайлик тут қўлларимдан.
____________
* заҳар.

* * *

Кўнгил дастгоҳида мисра тўқидим,
Ҳарир-ҳарир нақишинда сен борсан.
Ишқ йўлининг қонуни ўқидим,
Модда-модда хат бошинда сен борсан.

Фикр водийсидан бир ирмоқ кечар,
Сарвлар эгилиб сувидан ичар,
Бағрида ой туғар, чечаклар очар,
Сокин-сокин оқишинда сен борсан..

Ўз сувисан ҳаёт деган шишанинг,
Нимасисан кадар ила наъшанинг,
Савдо майдонида шаҳид тушганнинг,
Совуқ-совуқ боқишинда сен борсан.

Сенинг тасвирингда кўринар баҳор,
Япроқдан яшилсан, гулда ҳидинг бор,
Ямоқ-ямоқ қалбимдаги яралар,
Қатор-қатор чокларинда сен борсан.

Ўксинмагин кетиб ҳув олисларга,
Сен “сени”ингни келгил ўзимдан изла,
Умид қуёшимнинг мўр булутларга,
Кириб-кириб чиқишинда сен борсан.

* * *

Дарёлар ишқ истаб жўшар Ҳақ дея,
Бошин тошга уриб-уриб, оҳ чекар.
Шамол тоғдан тоғга кўчар Ҳақ дея,
Орада бир тўхтаб туриб, оҳ чекар.

Майса ҳатто Ё Ҳақ дебон битармиш,
Ёмғир Ҳақдан келар, Ҳаққа кетармиш,
Ҳақ ошиғи кўзи қора бир дарвеш,
Ҳақ йўлида юриб-юриб, оҳ чекар.

Дарахт мудом Ҳаққа очар қучоғин,
Оғриқ бермас Ҳақ амрининг пичоғи,
Кўкда қуёш Ҳақнинг сўнмас ўчоғи,
Чўққида қор эриб-эриб, оҳ чекар.

Қушлар Ҳақ деб баланд учар ҳар тонгда,
Балиқ сувда Ҳақни ичар ҳар тонгда,
Гуллар ўзин Ҳақ деб очар ҳар тонгда,
Ҳидларини бериб-бериб, оҳ чекар.

Ҳақнинг йўлчилари Ҳақда топишар,
Борлиқ зарра-зарра Ҳақни ёпишар,
Қалблар тинмай Ҳақ-Ҳақ, дея тепишар,
Қон томирда қуриб-қуриб, оҳ чекар.

Ҳақ муҳри бор жайронларнинг кўзинда,
Ҳақ танҳодир бутун бу ер юзинда,
Ҳақ Расулу Муҳаммаднинг изинда,
Кўнгил Ҳақни кўриб-кўриб, оҳ чекар.

* * *

Ё Раб, бу ҳасратга кўникмагай жон,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.
Ҳар қадамда бир тўсиқ бор бегумон,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.

Мумкинми бу йўлда бўлмоқ авлиё,
Мумкинми бу юртда дўстга дўст тутмоқ,
Ошиққа ор келар қайрилмоқ қиё,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.

Менга ортилгандай энг оғир гуноҳ,
Зулмат чўкди дилга ҳайронма, э-воҳ,
Умидим ҳеч қачон битмайди бироқ,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.

Севиб севилмаслик бўлса қадарда,
Қай табибда даво бор бу кадарга?
Ҳастаман, мағлубман сонияларга,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.

Эй хонлар хонини ҳалқ қилган Хончи,
Бир ютум ишқ билан туғди бу санчиқ,
Эй фақир емаги, Мўмин ишончи,
Вақтим оздир, мен ҳорғинман, йўл узун.

* * *

Мактуб дея шеър юбормиш, боқ, яна,
Ғамлангайсан, мен ўларман, унутма…
Тоза чирмовуғим ҳаста баданга,
Ўралгайсан, мен ўларман, унутма…

Бир кун қуёш бўлиб кўлга туғарсан,
Бир кун ёмғир бўлиб йўлга ёғарсан,
Бир кун чечаклардан ифор соғарсан,
Чарчагайсан, мен ўларман, унутма…

Қилич оғзи йўлдир, ўқ учи майдон,
Эслаб қол, сен менинг жонимсан эй жон,
Боғда каклик каби, қирларда жайрон,
Сакрагайсан, мен ўларман, унутма…

Ишқ, десалар, ақлни қўй, дали бўл,
Қатра-қатра кўкдан инган нури бўл,
Бўз-буланиқ оққан ёмғир сели бўл,
Ёғилгайсан, мен ўларман, унутма…

Тинглаш мушкул, англаш қийин ёр мени,
Кўрар бўлсанг дардда, ғамда кўр мени,
Кўнгил тупроғида қурдим ҳар нени,
Тирилгайсан, мен ўларман, унутма…

* * *

Мен собит ҳар нени севолмам, эй жон,
Сен
Агар мени тинглар бўлсанг,
Тошгувчи ирмоқ бўл…
Ва кўнгил дастасига ўралган
Нозли-нозли долғаланган
Байроқ бўл…

Мен зулматни ҳеч севолмам, эй жон,
Вақтнинг ҳар онида,
Ҳар қачон,
Оқарган шафақ бўл…
Қуёш нури ила яшнаган чечак
Саҳар елларила уйғонган
Япроқ бўл…

Мен қоришиқликни севолмам, эй жон,
Сен
Яйловлар чашмасида оққан
Сувлардан пок бўл…
Кўл бўлма, тўғон бўлма, тоғ бўлма,
Юксак бўл…

Мен уйқуларни севолмам, эй жон,
Уйқулардан узоқ бўл…
Қаҳратонда қорни ёриб чиққан
Оппоқ бир гул
Мовий бир замбоқ бўл…

Мен заифларни ҳам севолмам, эй жон,
Ҳақиқатларни остин-устун қилган
Заифлардан йироқ бўл…
Нари тур, нари тур, эй жон,
Нафрат саройида султон бўлгандан кўра
Илм ўчоғида шогирд бўл…

Сенга маслаҳатим шулдур, эй жон,
Золимларнинг бўйнида гўзал бўйинбоғ бўлмоқ ўрнига
Боргил,
бир ғариб ўликнинг устида
кафан бўл,
Ёлғиз келинларнинг юзида
рўмол бўл…

Турк тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси