Ҳерманн Ҳессе. Курортчи (қисса)

Курортда

Поезд Баденга етиб келиши биланоқ, вагон зинасидан бир амаллаб тушишим ҳамоно шаҳарнинг сеҳрли кучи намоён бўлди. Перроннинг зах бетон майдончасида турганча меҳмонхона дарбонини кузатарканман, мен келган поезддан камида уч ё тўрт нафар ҳамкасб-ишиатик беморларнинг тушганини кўрдим, кетларини маҳкам танғиб олишгани, бир қадар ночор ва дилгир қиёфалари, эҳтиёткорона ҳаракатлари-ю, қатъиятсиз қадам ташлашларидан уларни таниб олиш қийин эмас эди. Гарчи уларнинг ҳар бири ўзига хос кайфият ва ҳаракатларга эга бўлса-да, барибир қандайдир умумийлик сезилиб турарди, шунинг учун бир қарашдаёқ уларнинг ишиас-беморлар, ўз биродарларим, ҳамкасбларим эканликларига амин бўлдим. Кимки агар шифокорлар томонидан “субъектив туйғу” деб аталмиш nervus ichiadicusнинг найранглари билан бир мартагина бўлса ҳам дарслик орқали эмас, балки тажрибадан таниш бўлса, унинг кўзи пишган. Камина шу заҳоти тўхтаб, манови қарғиш олганларга синчиклаб разм сола бошладим. Нима ҳам дердим, учалови ёки тўрталовининг ҳам афти-башаралари меникидан-да қўрқинчлироқ, ҳассаларига янада оғирроқ таянишган, титраб-қақшаб, болдирларини маҳкамроқ тортиб қўйишар, ҳадиксираб оёқ босишар, улар мендан ҳам кўра бахтсизроқ, ачинарлироқ эдилар, бу ҳолат эса каминага ғоят ижобий таъсир қилди, ва умуман Баденда бўлган чоғимда, бошдан-оёқ мана шу вазият, яъни атрофимдаги одамларнинг оқсоқланиб, ҳатто эмаклаб юришлари, санитар аравачаларда инграб, азоб чекишлари, мендан кўра дардмандроқ эканликлари камина учун битмас-туганмас таскин манбаи бўлиб хизмат қилди! Шундай қилиб десангиз, мен дарҳол, илк дақиқаданоқ, барча курортларнинг асосий сир-синоатлари ва сеҳрли хусусиятларидан бирини англаб етдим ҳамда ўз кашфиётимдан ўзим ҳузур қилиб, ғурурландим: яъни, ўртоқларнинг мусибат уюшмаси, socios habere malorum.
Ниҳоят, платформани ортда қолдириб, тоғ этагига тик тушиб келган, тўғри ваннахонага олиб борадиган кўча бўйлаб мамнун борарканман, мазкур қимматли кузатишларим ҳар қадамда кучайиб борарди: ҳамма жойда курортчилар судралиб, мадорсиз ва аллақандай қийшайиб юришар, айримлари яшил рангга бўялган ўриндиқларда дам олишар, баъзилари эса кичик-кичик гуруҳларга бўлиниб, сал-пал оқсоқланиб, гап сотиб ўтиб боришарди. Санитар аравачада бир аёлни олиб ўтишди, у носоғ қўлида ярим сўлган гулни ушлаб олган кўйи ҳорғин жилмаяр, унинг ортидан эса гул-гул очилиб, соғлом, бақувват ва серғайрат ҳамшира келарди. Бод касаллар откритка, кулдон ва пресс-папье харид қиладиган дўкондан ёши бир жойга бориб қолган жаноб чиқиб келди (шунча ашқол-дашқолни нима қилишаркин, ҳалигача тушунолмайман), – у пиллапоянинг ҳар бир зинасига чиқиш учун роппа-роса бир дақиқадан, ундан кам эмас, вақт сарфлар ва олдинда чўзилиб кетган кўчага худди толиққан ва ўзига ишончини йўқотган одам ўз олдига қўйилган мураккаб вазифага қараб қолгандай, термилиб тикиларди. Сочлари ҳурпайган, пистоқиранг ҳарбий бош кийим кийган ёшгина йигитча бирданига иккита ҳассага суянганича тиришиб, аранг олға силжирди. Э, бу ерда ҳамма жойда учрайдиган оғир, асфальтга зулукдек ёпишиб оладиган йўғон резина учли жин ургур шифохона ҳассаларини асти қўйинг! Тўғри, мен ҳам ҳассада юрардим, яширмайман, бежирим ингичка ҳассам менга жуда бакор келарди – зарурат бўлмаганда усиз ҳам кетаверардим, лекин ҳар ҳолда бунақанги резинали беўхшов йўғон таёқ билан юрганимни ҳали ҳеч ким кўрган эмас! Йўқ, очиғи, ўзим онда-сонда фойдаланадиган, кўпроқ эрмак учун олиб юрадиган оддий безак, шунчаки олифтагарчилик ашёси ҳисобланган ана шу ингичка ҳассам билан мана шу қадрдон кўча бўйлаб эркин ва бемалол лақиллаб юрганим ўзимдаги (қуёнчиқ касали) билинар-билинмас, беозор, тўғрироғи салгина белги бериб, сонларимни таранг қилиб қўрқа-писа ва умуман олганда йўлка бўйлаб адл, чаққон қадам ташлаб юришим, хасталиклари шундоққина аниқ-равшан ва қатъий кўриниб турган манови мункиллаган, майиб-мажруҳ ака-ука ҳамда опа-сингилларимиз билан қиёс қилганда, каминанинг ҳали қанчалик навқирон ва соғлом эканлигим уларга очиқ-ошкора маълум бўлиши муқаррар эди! Ҳар қадамда ўз-ўзимга ишончим ортиб борар, бошқалардан устун эканлигимни англаб шодланар, ўзимни деярли соғлом ҳис қилар, ҳар ҳолда манови барча бахтсизларга қараганда хийла камроқ хаста ҳисоблардим. Модомики, резинали таёқ кўтарган шунақанги ярим ногирон, чўлоқ одамларки соғайишга умид боғлашган экан, ҳамонки Баден ҳам уларга мадад беришга қодир экан, у ҳолда менинг арзимас, эндигина бошланган касалим бу ерда илиқ шамолнинг иссиқ эпкини остида эриган қор янглиғ батамом йўқ бўлиб кетиши лозим, ана ўшанда камина шифокор учун ҳақиқий топилмага, энг самарали феноменга, ўзига хос кичик шифо мўъжизасига айланаман-қоламан.
Хайрихоҳлик ва андиша туйғулари билан тўлиб-тошган мана шу далда берувчи шарпаларга самимият ила боқаман. Ана, қандолатчилик дўконидан бир кекса хоним йиқилай-йиқилай деб, аранг ўрмалаб чиқди; афтидан, ўз ожизлигини яширишга бўлган ҳар қандай уринишдан аллақачон воз кечган, рефлектив ҳаракатлардан заррача ҳам тап тортмас, бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай енгилликка таянар ва бамайлихотир кўчанинг нариги бетига ўтиб олиб, лапанганча мувозанатини ҳам сақлай олар, секинроқ бўлса-да, нақ урғочи денгиз шерига ўхшаб сузиб борарди. Уни чин дилдан олқишлаб, ичимда “офарин” дедим, урғочи денгиз шерини, Баденни дуо қилиб, бахтли тақдиримга шукроналар айтдим. Ахир, мени рақиблар ўраб олишган, камина эса улар олдида барча афзалликларга эга эдим. Бу ерга айни пайтида, енгил ишиаснинг илк палласида, эндигина бошланаётган подагранинг энг биринчи белгилари сал-пал билинаётган вақтдаёқ келганим қандай яхши бўлди! Шундоқ орқамга ўгирилиб, ҳассага таянган кўйи урғочи денгиз шерини ҳаммага таниш бўлган ўша ёқимли туйғу билан узоқ кузатиб турдим, ушбу лаҳзада дилдаги ҳаяжонларнинг тасвирига тил ожиз эканлигини исботлаб бергучи, недир ичиқоралик ва раҳмдиллик каби зиддиятлар бу ерда бир-бири билан чамбарчас чатишиб кетган экан. Худойим-ей, бечора аёлнинг аҳволига бир қаранг! Одам деган ҳам шу кўйга тушадими!
Бироқ руҳий нажот бахш этгувчи лаҳзаларда ҳам, шундай қувончли дамларнинг хушбахт онларида ҳам ботинимдаги жонга теккан овознинг уни ўчмади. Албатта у, ақл-идрок овози бизга зарур бўлса-да, унга ҳамиша ҳам қулоқ солавермаймиз, ва у каминага сергак оҳангда, афсусланиб, аста шуни уқтирдики, менинг тасалли берадиган хулосаларим фақат нотўғри услубга асосланган экан, гарчи мен, ингичка ҳассага суяниб, сал-пал оқсоқланиб юрадиган адиб, тақдиримга шукур қилиб, ўзимни ҳар бир оёғи оқсоқ, ҳар бир чўлоқ ҳамда букчайган бемор билан таққосласам-да, лекин нимагадир каминанинг бошқа бир тарафдан бўлган белги-аломатларига доир беҳисоб шкалани эътибордан соқит қилиб, ўзимдан ёшроқ ва соғломроқ касалларни шунчаки назарга илмаган эмишман. Очиғи, уларга эътибор берганман, аммо ўзимни улар билан тенглаштириб ўтиришни лозим топмаганман, яна тағин, биринчи келган кунларимда учратган ҳассасиз, жисмонан бенуқсон ва оқсоқланмасдан шодон сайр қилиб юрган барча одамларга қараб туриб, соддаликка бориб, булар асло менинг ҳамкасб оғаларим, курортчи ва рақобатчиларим эмас, балки соғлом, ақли расо тубжой аҳоли бўлса керак, деб ўйлаганман.
Шундай қилиб, биринчи кун қувончидан бениҳоя шодланар, ўзимга объектив борлиқни рад этгувчи субъект деб қараб, бундан кайф қилардим ва ўзимча ҳақ эдим. Ҳар тарафдан дуч келаётган курортчиларга, ўзимдан хастароқ оғаларимга синчиклаб разм соларканман, ҳар бир майиб-мажруҳни кўриб мамнун бўлар, рўпарамдан келаётган ҳар бир замбил-курсига шодон ачиниш ҳамда хайрихоҳона мағрурлик билан қараб, мана шу ҳайратланарли тарзда осойишта, ҳайрон қоларли даражада қулай қилиб қурилган кўчадан енгил қадамлар билан тушиб борардим, вокзалдан беморларни худди шу кўча орқали тўғри ваннага олиб боришарди; ёқимли, текис нишаб кўча пастга, эски ваннахонага олиб боради ва курорт меҳмонхоналарига кираверишда суви қуриган дарё янглиғ кўздан йўқолади. Эзгу ниятлар ва шодон умидлар билан тўлиб-тошган ҳолда ўзим қўнмоқчи бўлган “Табаррук ҳовли”га яқинлашдим. Бу ерда уч-тўрт ҳафта сабр қилиб, ҳар куни ванна қабул қилиш, имкони борича кўпроқ сайрга чиқиб, иложи бўлса, ғам-ташвиш ва ҳаяжонлардан холи бўлмоқ керак. Албатта, баъзида бир хиллик жонга тегиб, зерикишга ҳам тўғри келар, эҳтимол, негаки серҳаракат, фаол турмуш бу ерга мос келмайди, қўйга ўхшаб яшаш ёки меҳмонхона ҳаётини жини суймайдиган, унга аранг чидай оладиган мендек ёлғиз одамови қария учун олдинда ҳали талай тўсиқлар турибди, уларни енгаман деб, хийла таъзиримни есам керак. Лекин шубҳасиз, мазкур янги, мен мутлақо кўникмаган ҳаёт, балки бир қадар буржуйлиги ва бемазалигига қарамасдан, кўп ажойиб ҳамда қизиқ нарсаларни билиб олишимга имкон берар – узоқ йиллар давом этиб келган, фақат ишдангина иборат бўлган қишлоқдаги осойишта-ёввойи, хилватнишин турмушдан сўнг маълум бир муддатга яна одамлар орасида бўлишим камина учун бениҳоя зарур эмасмикин? Ва энг муҳими: барча тўсиқлар ортидан мен меҳмонхонани тарк этиб, худди мана шу кўча бўйлаб дадил юриб, тоққа кўтариладиган, ўзим эса ёшарган ва соғайган ҳолда Баден билан хайр-маъзур қиладиган кун узоқдан кўриниб турарди.
Афсус, меҳмонхонага энди кираман деб турганимда, ёмғир томчилай бошлади.
– Сиз бизга ёмон об-ҳаво олиб келдингиз, – табассум-ла танбеҳ берди менга қабулхонада ўтирган фавқулодда илтифотли фройлайн, саломимга алик оларкан.
– Йўғ-е, – дея олдим мен аранг.
Хўш, буёғи қандоқ бўлди? Наҳотки, чиндан ҳам шу ёмғирга камина сабабчи бўлиб, уни бу ерга мен олиб келган бўлсам-а? Сийқа идрок бундайин эҳтимолни рад этиб, мендек теолог ва мутасаввиф одам учун далил бўла олмади. Ахир, тақдир билан характер ягона тушунчанинг турли номларигина бўлса, унда мен қандай қилиб маълум маънода ўз исмим ва касбимни, ёшим, юз тузилишимни, ишиас касалимни танлай олганман ва бунинг учун ўзимдан бошқа ҳеч кимни жавобгар деб ҳисоблашга ҳақли эмасман-ку, энди манови ёмғир хусусида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин, шекилли. Ва мен буни ўз зиммамга олишга шай эдим.
Фройлайнга буни маълум қилиб, келувчилар варақасини тўлдирдим ва номерга оид музокараларга киришдим, бу ишлар ақли расо одамга шунчаки номаълум, у бунинг барча даҳшатлари хусусида шубҳаланиб ҳам ўтирмайди, буни фақат карвонсаройга қўниб ўтган, ёлғизлик ва жимжитликка ўрганган, уйқусизликдан азоб чекадиган дарвеш ҳамда ёзувчи одамгина билади, холос.
Меҳмонхонадан номер олиш – ақли расо одамлар учун арзимаган, шунчаки оддий иш, у ҳеч қандай ҳиссиётга сабаб бўлмайди, икки дақиқада ҳал бўлади-қўяди. Бироқ бизнинг акамиз учун, уйқусизлик касалига дучор бўлган невротик ва телба одамлар учун бу нарса энг оддий, сон-саноқсиз хотиралар, ҳис-ҳаяжон ҳамда қўрқув билан қоришиб кетганки, у чинакам азобнинг ўзгинасидир. Меҳмонхонанинг очиқ юзли бекаси, ёқимтой администратор аёл бизнинг ҳадиксираб қилаётган қатъий илтимосимизга жавобан ўзининг энг “жимжит хона”сини тавсия этаркан, мазкур машъум сўз дилимиздаги айрим тасаввурлар, ҳадик-хавотирлар билан аралашиб, нечоғли ғалаён қўзғаётганлигини тасаввур ҳам қилолмас эди. О, бизнинг энг аччиқ азобларимиз, энг бешафқат мағлубиятларимиз маскани бўлган ушбу тинч, осойишта хоналар бизга нақадар яхши маълум ва таниш! Меҳмондўст жиҳозлар, хушвақт гиламлар-у, қувноқ гулқоғозларнинг бизларга қандайин сохта ва маккорона, қандай иблисона назар ташлашлари-чи! Анови қўшни хонага тиқиштириб қурилган эшикнинг қанчалик ваҳимали, нақадар нафратомуз тиржайиб туришини қаранг, худди ножўя иш қилиб қўйганидан уялгандек, парда ортига бекиниб олибди! Юқорига, оқланган шипга азоб ила итоаткорона қараймиз, у унсиз бўшлиқда туриб ишшаяди, кейин эса, кечқурун ва эрталаблари юқори қаватда яшовчиларнинг одимлари остида лорсиллайди, – эҳ, шу таниш қадамларнинг ўзигина бўлса қанийди, унда демак, унчалик қўрқмаса ҳам бўларди! Йўқ, таҳликали фурсат бошланди дегунча, оддийгина оқ текислик бўйлаб, гўё юпқа эшик билан девор орасидан ўтаётгандек, кутилмаган шовқин-суронлар гувиллаб эшитила бошлайди: полга шиппак ёки таёқчани тушириб юборишлар (соғломлаштириш гимнастикасига доир), кучли ритмик чайқалишлар, стулларнинг ағнаши, тунги столчадан китоб ё қадаҳнинг тушиб кетиши, мебел ва чамадонларнинг у ёқдан бу ёққа сурилишидан пайдо бўлган турфа хил товушлар ва ҳоказо. Бунга яна одамларнинг овозларини, диалог ҳамда монологлар, йўтал, кулги, хурракларни қўшинг! Ва ниҳоят, энг ёмони, биз нималигини аниқлашга қодир бўлмаган, тушуниб ва тушунтириб бўлмайдиган ғалати ғала-ғовур, қандайдир хаёлий товушлар, улар ўзи қаердан, қай тарзда пайдо бўлаяпти ва қанча давом этади, бунга умуман ақлинг етмайди, бундан ташқари, уй ажиналарининг тўполонлари ва шўхликларичи: қасир-қусур, шатир-шутур, шивир-пичир, ғичир-ғичир, чиқ-чиқ, тақ-туқ, оҳ-воҳ, ҳиқ-ҳиқ, пиш-пиш – атиги бир неча квадрат метрдан иборат бўлган меҳмонхона номерида аллақандай ғаройиб кўринмас оркестр яшириниб олганлиги ёлғиз Худонинг ўзига аён!
Шундай бўлгандан кейин, хона танлаш акамиздақанги одамлар учун фавқулодда нозик, масъулиятли ва шу билан бирга, ҳар кимга ҳам ишониб бўлмайдиган қалтис иш ҳисобланади, бунда ўнлаб майда-чуйда нарсаларни, юзлаб имкониятларни назардан қочирмаслик лозим. Бир хонада деворжавон, бошқасида – иситиш қувурлари, учинчисида эса – қўшнинг окарина чалиб, сенга кутилмаган акустик совға тайёрлаб ўтирган бўлади. Тажрибалардан маълумки, ҳеч қанақанги хона тўғрисида, у мени кўнгилдагидек тинч уйқу билан таъминлай олади, деб ишонч билан гапириш мумкин эмас, негаки ҳатто энг осойишта ва қулай туюлган номерда ҳам кутилмаган ҳодисалар рўй бериши мумкин (бир куни сершовқин қўшнилардан қочиб, хизматчиларнинг олтинчи қаватдаги каталакдек ҳужрасида қолгандим, ўшанда шундоқ устимдаги қақир-қуқир чордоқда каламушлар галаси чопиб юрган экан), шунинг учун умуман танлов-панловдан воз кечиб, ўйланиб ўтирмасдан шартта таваккал қилиб қўя қолиш маъқул эмасмикин? Шубҳасиз, бу маъқул иш бўларди. Бироқ биз бундай қилолмаймиз, камдан-кам ҳоллардагина шундай йўл тутамиз, чунки агар ташвиш-хавотирлардан сақланиш йўлидаги ҳаракатларимизни биргина ақл билан интилиш бошқарганида, у ҳолда бу қанақанги ҳаёт бўлган бўларди? Туғилишданоқ қисматимиз олдиндан белгилаб қўйилгани ва унинг муқаррар эканлигини наҳотки билмаймиз, биламиз, лекин шунга қарамасдан танлаш иллюзиясига, ирода эркинлигига жон-жаҳдимиз билан ёпишиб оламиз. Ҳар биримиз бетоб бўлганимизда шифокорни танлай туриб, иш жойимиз ва яшаш манзилимизни, қаллиғимизни танлаётганимизда барча ишни тақдирнинг ўзига раво қилиб қўя қолсак бўлмасмиди, – қайтанга ҳар биримиз ўзимиз танлаймиз ва бунга қанча куч-ғайрат, ҳаракат ва меҳнат сарфлаймиз? Баъзи бировлар шунчаки соддадиллик, болаларча иштиёқ билан, куч-қудратига ишониб, ўз тақдирига таъсир ўтказа олишига ҳаракат қилади; бошқа бирови ўз саъй-ҳаракатларининг бефойда эканлигига амин бўлса-да, фаолиятсизликда қотиб қолгандан кўра, ҳаракат қилаверишни, интилаверишни маъқул кўради, буни ўринли, ҳаётий муҳим ё лоақал қизиқ деб билади. Яхши хона излаб чарчамайдиган соддадил каминангиз ҳам худди шундай йўл тутаман, ўз саъй-ҳаракатларимнинг беҳудалиги-ю, кулгили даражада бемаънилигига ўзим чуқур ишонишимга қарамасдан, барибир ҳар гал бўлғуси номер (хона) тўғрисида кети узилмайдиган музокараларни қайтадан олиб боравераман, қўшнилар ҳақида, эшикларнинг бир ё қўшқаватлилиги… ва ҳоказо ва ҳоказолар ҳақида астойдил сўраб-суриштиравераман. Камина “ўйнайдиган” мазкур ўйин ўзига хос спорт бўлиб, унда ушбу арзимас ва кундалик масала борасида иллюзияга, ўйиннинг сохта қоидаларига, гўёки бунақанги нарсаларга умуман оқилона ёндашиш мумкин ва улар шунга муносибдек, қайта ва қайта ишонавераман. Бу ўринда мен, худди ширинлик харид қилаётган бола ёки математик ҳисоб асосида ўйнаётган қиморбоз сингари, ҳам ақл билан, ҳам ўйламасдан иш тутаман. Шунга ўхшаш вазиятларда биз ҳаммамиз ғирт тасодиф билан бақамти иш кўраётганлигимизни яхши биламиз, бироқ энг чуқур ботиний эҳтиёждан келиб чиқиб, гўё тасодиф деганлари йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасдек, гўё дунёда барча нарсалар бизнинг ақлий тафаккуримизга ва мантиққагина бўйсунадигандек, ҳаракат қилаверамиз.
Шундай қилиб, илтифотли фройлайн билан мавжуд беш-олтита бўш хоналарни батафсил муҳокама қилдим. Билишимча, улардан бирига девор-дармиён бўлиб, бир скрипкачи аёл турар, у кунига икки соатдан машқ қилар экан – ҳар ҳолда ижобий ҳодиса, айниқса, танлаш имкониятлари чек­ланган бир пайтда, яхшиси, мазкур номердан ҳам, қаватдан ҳам узоқроқ бўлишга қарор қилдим. Айтгандай, мен акустик шарт-шароитлари ҳамда имкониятлари хусусида гап кетганда, камина шунақанги сезиш ва олдиндан кўра билиш қобилиятига эгаманки, унга кўпгина архитекторлар ҳавас қилса арзийди. Хуллас, камина эҳтиёткорлик билан, оқилона йўл тутдим, асабий одам хона танлашда қандай ҳаракат қилиши жоиз бўлса, шундайин мулоҳаза билан виждонан иш тутдим, якуни эса одатдагидек, уни тахминан қуйидагича ифодалаш мумкин: “Гарчи бу иш бефойда бўлиб, танланган хонада, ҳар қандай бошқасида бўлганидек, мени шубҳасиз ўша кутилмаган совғалар-у, кўнгилсизликлар кутиб турган бўлса-да, ўз бурчимни бажардим, ҳаракат қилдим, қолганига энди Худо пошшо.” Лекин айни дамда, шунақа пайтларда ҳамиша бўлганидек, қандайдир овоз онгимнинг энг тубида туриб, аста шивирларди: “Ҳаммасини Худонинг ўзига қўйиб бериб, ушбу комедиядан воз кечиб қўя қолганингда, яхшироқ бўлмасмиди?” Мен бу таниш овозни ҳам эшитардим, ҳам эшитмасдим, чунки расмий маросим силлиққина ўтганидан кайфиятим аъло даражада эди, чамадонимни 65-номерга олишди, бу орада шифокор ҳузурига борадиган вақт ҳам бўлди ва мен унинг қабулига йўл олдим.
Буни қарангки, бу ердаям ҳамма иш кўнгилдагидек бўлди. Кеч бўлса ҳам тан оламанки, мазкур ташрифимдан бир оз хавотирда эдим, бунинг сабаби таҳликали ташхисдан чўчиётганимда эмас, балки камина шифокорларни маънавий иерархияга дахлдор, уларни олий тоифага мансуб деб билишимда эди, борди-ю, агар ҳафсалам пир бўлгудек бўлса борми, буни кўтаришим оғир, мабодо агар темир йўл ёки банк хизматчиси ё лоақал адвокатдан кўнглим қолса, бунга унчалик ҳам хафа бўлмасдим. Сабабини аниқ билмайман-у, аммо-лекин камина шифокордан грек, лотин тилларини билиш ва муайян фалсафий тайёргарликни кўзда тутувчи ўша гуманизмнинг қандайдир қолдиғини, эвоҳ, кўпгина касблар ҳамда замонавий ҳаёт учун умуман керак бўлмайдиган қандайдир мавҳум гуманизмни кутиб юраман. Умуман, барча янгиликлар ва инқилобий нарсаларга чин дилдан қувонсам-да, бу масалада камина хийла консерватив бўлиб олиб, маълумотли доира вакилларидан маълум идеализмни, инсонни тушуниш ва моддий фойдани кўзламаган ҳолда у билан баҳслашиш учун муайян ҳозирликни, қисқаси, қачонлардан бери мавжуд бўлмай қўйган ва яқин орада, эҳтимол, мумдан ясалган фигуралар музейида кўзга чалиниб қолиши мумкин бўлган гуманизмни талаб қилардим.
Каминани узоқ куттирмасдан кабинетга олиб киришди; чиройли, дид билан жиҳозланган хона менда ишонч уйғотди. Қўшни хонадан, одатдагидек, сувнинг шилдираши эшитилди, сўнг шифокорнинг ўзи чиқиб келди, унинг зиёлинамо чеҳрасида тушуниш туйғуси зуҳур эди, ва бизлар, жанг олдида турган боадаб боксчиларга ўхшаб, самимий қўл қисишиб, саломлашдик. Эҳтиёткорлик билан раундни бошладик, бир-биримизни синаб, енгил зарбалар бера бошладик. Ҳамон холис турарканмиз, суҳбатимиз беморнинг ёши, овқатланиши, модда алмашинуви, бошдан кечирилган касалликлар ҳақида бўлди ва мутлақо беозор кечди, фақат айрим сўзлар хусусидаги қарашларимиз бир-бирига зид келиб, тантанавор жангга шай эканлигимиздан дарак берарди. Шифокор сирли тиббиёт тилига оид турли иборалардан фойдаланар, улар унинг нутқига ажиб ранг-баранглик бахш этибгина қолмай, унинг мендан сезиларли даражада устун эканлигини ҳам кўрсатар, камина эса уларнинг маъносини тахминан англар эдим. Шунга қарамасдан, орадан бир неча дақиқа ўтгач, менга шу нарса аён бўлдики, бу шифокор ҳафсаламни пир қилади, деб бекорга қўрққан эканман, бундай ҳолат менинг ҳолатимдаги одамлар учун ўта нохуш ҳисобланади: ақл ва билимнинг жозибали ташқи қиёфаси ортида қотиб қолган догматикага дуч келасан, киши, унинг биринчи қоидасидаёқ бизга беморнинг қарашлари, фикрлаш тарзи ва терминологияси – ғирт субъектив ҳодиса, шифокорники эса – аксинча, жиддий объектив аҳамиятга молик эканлигини уқтиради. Йўқ, мен билан муомалада бўлган шифокор, у билан даҳанаки жанг қилишда маъно бор, чунки у касби тақозо этганидек, нафақат билимдон, балки – қай даражадалигини ҳали аниқлай олганимча йўқ – жамики маънавий қадриятлар нисбийлигини ҳис этишга қодир донишманд ҳам экан.
Ҳали рентген ва қон таҳлили олинмаганига қарамай, текшириш натижалари ижобий чиқди. Юрак уриши меъёрда, нафас олиш жойида, қон босими бинойидек, аммо унча сезилмайдиган ишиас аломатлари, шишлар ҳамда мускулларимда ланж оғриқ борлиги маълум бўлди. Доктор қўлларини қайтадан юваркан, суҳбатимизда қисқа танаффус бошланди. Сўнг, кескин бурилиш юз берди: доктор эҳтиёткорона таъкид билан бехосдан савол бериб, ҳужумга ўтди:
– Нима дейсиз, касаллигингизга қисман руҳий ҳолат ҳам сабаб бўлмаётганмикин?
Шундай қилиб, олдиндан кутилаётган нарса содир бўлди. Объектив кўрик маълумотлари менинг шикоятларимга тўла мос келмас, дардга ўта мойиллигим аниқ-равшан сезиларди. Хуллас, каминани невротик деб топишганди. Нимаям дердим, энди биз ҳам жангга киришамиз!
Мен “руҳий ҳолат” сабаб бўладиган касаллик ва дармонсизликларга ишонмаслигимни, ўз биологиям ва мифологиямда “руҳийлик” аллақандай иккинчи даражали омил эмас, балки бирламчи куч эканлигини, бинобарин, ҳар қандай ҳолатимиз, ҳар қандай қувонч ва ғам туйғусини, ҳар қандай касаллик, ҳар қандай бахтсиз тасодиф ва ўлимни руҳ сабаб бўладиган руҳий ҳодиса деб ҳисоблашимни худди шундай эҳтиёткорлик билан ва шунчаки йўлига тушунтирдим. Агарки, бармоқларимдан шишлар ўсиб чиқса, бу менинг жоним, руҳим, бу – олий ҳаёт негизи, “у” менда пластик модда сифатида ўз-ўзини ифодалаган бўлади. Агар жон оғриса, у буни турли-туман усуллар билан ифода этишга қодир, у кимдадир сийдик кислотаси шаклига кирволиб, унинг “мен”ини емира бошлайди, яна бошқа бировга эса ичкиликбозлик қиёфасида худди шундай “хизмат кўрсатади”, учинчи бир кимсанинг бош косасини қўққисдан тешиб ўтиб, унга қўрғошин парчаси бўлиб жойлашиб олади. Шу билан бирга, даволовчи шифокорнинг вазифа ва имкониятлари кўп ҳолларда ноилож моддий, яъни иккиламчи ўзгаришларни аниқлаш ва улар билан яна тағин моддий воситалар асосида кураш олиб бориш негизида чекланиши лозимга ўхшайди. Бунга ишончим комил.
Мен ҳозир доктор эътироз билдирса керак, деб ўйлардим. Ишқилиб менга қараб: “Беҳуда гапларни гапирманг, муҳтарам зот!” демаса бўлди, – лекин балки сал ошириб юборилган илтифотли табассум-ла, гапимни маъқуллаб, кайфиятнинг таъсири тўғрисида сийқаси чиққан гапларни гапириб, ва яна ўша бемаъни “хаёлпараст” сўзини ҳам айтвориши мумкин, эҳтимол. Ушбу сўз – ўртамиёна олим фантазия деб айтишга одатланган синов тоши, руҳий-маънавий мезонлар учун энг сезгир тарозидир. У бу қулай сўздан ҳар гал, ҳаёт ҳодисотларини чамалаб, изоҳлаб бериш зарур бўлганда фойдаланаверади, улар учун мавжуд моддий ўлчов асбоблари ҳаддан зиёд қўпол, гапирувчининг истак ва қобилиятлари эса камлик қилади. Ахир табиатшунос олим, одатда, унча кўп нарса билмайди-да; хусусан, у ўзи фантазия деб атайдиган амалий қадриятлар учун табиий фанлардан ташқари ўлчов ва ифоданинг кўҳна, ўта нозик усуллари ҳам борлигини, Фома Аквинский ҳам, Моцарт ҳам ҳар бири ўзича, ўз тилида мана шу фантазияларни ғоят зўр аниқлик билан ўлчашдан бўлак ҳеч қандай бошқа иш қилмаганликларини билмайди. Курорт шифокори, агар у ўз соҳасининг энг зўр билимдони машъали бўлгандаям, мен ундан ана шундай тўғри фикр кута олармидим? Бироқ камина унга ишондим ва бундан пушаймон бўлмадим. Мени тушунишди. Барака топгур шифокор камина шахсида қандайдир унга ёт ақойид эмас, балки аллақандай ўйин, қанақадир санъат, мусиқа рўбарў турганлигини, унда ҳаққоният ҳамда баҳсларнинг йўқлиги ва бўлиши ҳам мумкин эмаслигини, балки фақат жавоб жаранги ёки тўлиқ синишгина бўлишини тушуниб етди. Ва у янглишмади, мени тушунишди ва тан олишди, албатта, ҳақ сифатида эмас, бундай эмасман ва бўлиш ниятим ҳам йўқ. Балки фикрловчи, антипод, бошқа бир жуда олисдаги, аммо шу қадар тўла ҳуқуқли факультетдаги ҳамкасб сифатида тан олишгандир.
Шунда нафас олишим ва қон босимим жойидалиги сабаб яхшиланган кайфиятим янада кўтарилиб кетди. Ёмғирли об-ҳаво, ишиас ва даволаниш билан боғлиқ ишларим қай бир томон бўлмасин – мен учун энг муҳими, варвар қўлига тушмаганим эди, қаршимда инсон, ҳамкасб, пухта ва кенг тафаккурга эга шифокор турарди! Шундай бўлмаганда, у билан тез-тез ва узоқ суҳбатлашишни, ҳар турли муаммоларни муҳокама қилишни мўлжаллармидим? Йўқ, гарчи ёқимли имконият сифатида каминани хурсанд қилолса ҳам, бунга ҳожат йўқ эди; маълум бир муддатга ўз ихтиёримни ишониб топширишимга тўғри келган одам, назаримда, инсоний етуклик аттестатига эга эканлигининг ўзиёқ кифоя эди. Майли, доктор ҳозирча мени, гарчи фикрловчи, лекин афсуски, бир қадар невротик бемор деб, ҳисобласа ҳам, балки бир кун пайти келиб, у “мен”имнинг юқори қаватларини ҳам очар ва менинг чин эътиқодим, шахсий фалсафам унинг дунёқараши билан ўйинга, мусобақага киришиб кетар, эҳтимол. Шунда каминанинг Нитше ва Гамсунга таянадиган, невротиклар хусусидаги назарияси ҳам бир оз олға силжиб қолса ажабмас. Дарвоқе, бу унчалик муҳиммас. Невротик характерини касаллик деб эмас, балки қандайдир азоб берадиган, бироқ хийла ижобий сублимация жараёни деб қараш – бу ажойиб фикр эди. Аммо уни таъриф-тавсиф қилиб ўтиргандан кўра, шундай характер билан яшаш муҳимроқдир.
Чўнтагимда даволанишга доир таклифлар ёзилган узун рўйхат, шифокор билан хурсанд ҳолда хайрлашдим. Ҳамёнда эса тавсиялар битилган қоғозча – уларни эртага эрта тонгданоқ бажаришга киришишим лозим эди, – менга турли хил: ванна, маъданли сув ичиш, диатермия, кварц (чақмоқтош), даволаш гимнастикаси сингари фойдали ҳамда қизиқарли муолажаларни ваъда қилар эди. Шунинг учун ҳам зерикишга ҳожат қолмасди.
Агарда курортдаги биринчи кунимнинг илк оқшоми ҳар жиҳатдан яхши ва ёқимли ўтган бўлса, бунда албатта, меҳмонхона соҳибининг ҳам хизмати бор. Кечки овқат дабдабали зиёфатга айланди, дастурхонга камина анчадан буён татиб кўрмаган тансиқ таомлар, ғоз жигаридан тайёрланган “гноччи”, ирландча димлаб пиширилган қўй гўшти, ертутли музқаймоқ тортилди. Ажойиб қадимги меҳмонхонада, ёнғоқ дарахтидан ясалган каттакон эски стол атрофида қизил мусалласдан оз-оздан ичиб ўтирарканман, уй соҳиби билан қизғин суҳбатимиз алла-маҳалгача давом этди, насл-насаби, касб-кори, интилишлари ҳамда турмуш тарзи бошқа бўлган мутлақо нотаниш одамнинг хайрихоҳлигига сазовор бўлиб, унинг қувонч ва қайғусига шериклигимдан, ўз навбатида, у ҳам менинг кўпгина фикр-мулоҳазаларимга қўшилаётганидан хурсанд эдим. Биз бир-биримизга атаб мадҳия айтмасак-да, лекин тез тил топишдик, фикрларимиз ҳам бир жойдан чиқди, одатда бундай самимият ўзаро меҳр-оқибатга олиб келади.
Уйқу олдидан бир оз сайр қилгани чиққан эдим, ёмғир кўлмакчаларида, тунги шамолда қаттиқ шовиллаётган бир нечта мислсиз гўзал кекса дарахтлар узра акс этган юлдузларга кўзим тушди. Улар эртага ҳам гўзал бўлишади, аммо шу дақиқада улар шундай бир сеҳрли, бетакрор гўзаллик оғушида эдиларки, бу гўзаллик аслида ўз қалбимиздан бошланар ва, греклар эътиқодига кўра, Эрос назар ташлагандагина, бизни бирданига чулғаб олар экан.

Кун тартиби

Курортда кун қандай ўтишини баён этишга киришар эканман, ҳақиқат юзасидан энг оддий, кундалик, ҳеч қандай эътиборга лойиқ бўлмаган, ярмини булут қоплаган, қолган ярмида осмон очиқ, мовий, зоҳиран айтарли воқеа-ҳодиса юз бермаган, ботинан ортиқча аломатларсиз ва васвасасиз кечган шунақанги бетараф, холис бир кунни мисол қилиб олаяпман. Негаки, албатта, даволанишдаги ҳолат ва вазиятга қараб, шуни ҳам айтиш керакки, нафақат асабий адиблар, балки бутун бир ишиатик беморлар лашкари учун ҳам бу ерда қайғу-ҳасрат ва маъюс кунлар билан бирга яхши кайфият ҳам барқ урган умид-ишончга тўла ёруғ кунлар, биз сакраб, чопиб юрадиган ва аранг ўрмалаб, умидсизликдан ўринда чўзилиб қоладиган кунларимиз ҳам бўларди.
Бироқ шундай ўртамиёна бир кунни тасаввур этишга ҳар қанча уринмайин, биргина ёқимсиз эътирофни, у ҳам бўлса ҳар қандай кун, айниқса курортдагиси ҳам, афсуски, тонг отиши билан бошланишини айтмасдан ўтолмайман. Балки бу мендаги энг катта камчилик ва иллат билан, ёмон ухлашим билан боғлиқдир, умуман олганда, бу нарса табиатимга, фалсафамга, темперамент ҳамда характеримга ҳар тарафлама мос тушади, бўлмаса, шунча ажойиб шеърларда тараннум этилган тонг камина учун энг ёқимсиз дам эканлигини қандай тушунтиришим мумкин? Албатта, бу – шармандагарчилик, бунга иқрор бўлиш мен учун оғир, лекин ёзувчиликдан, агар унинг замирида ҳақиқатга интилиш ётмаса, не наф? Мусаффолик, янгиланиш, қувноқ ёшлик ғурурининг кўкларга кўтариб мақталган палласи бўлмиш тонг мен учун арзимас, ёқимсиз ва азиятли, биз бир-биримизга тоқат қилолмаймиз. Шу билан бирга, камина Айҳендорф ва Мёрике қаламига мансуб кўпгина шеърларда шундай тетиклантирувчи ҳамда ёрқин жарангловчи ўша порлоқ тонг қувончини тушуниш ва туйиш қобилиятидан асло маҳрум эмасман, шеърларда, расм-суратларда ва хотираларда тасвирланган тонгни шу қадар шоирона қабул қиламанки, гарчи анча йиллардан буён тонг чоғи ҳеч қандай қувончни ҳис этмай яшаб келаётган бўлсам ҳам, ҳақиқий тонг ҳавоси ҳақида ҳали бутунлай унут бўлмаган болалик хотираларим сақланиб қолган. Мусаффо тонг ҳавоси ҳақида мен билган ҳаттоки энг баралла мақтов – Айҳендорфнинг “Тонг – қувончим менинг” номли шеърига Вольф томонидан ёзилган мусиқада ҳам каминага қандайдир сохта оҳанг эшитилади, ушбу мусиқа нечоғли ажойиб янграмасин, Айҳендорфнинг тонгги кайфияти каминани ўзига ишонтиришга қанчалик уринмасин, Ҳуго Вольфнинг тонгги қувончига негадир ишонгим келмайди ва шу ўринда у субҳидам мақтовини келтиришда уни ўз бошидан кечириб эмас, балки қандайдир шоирона-хаёлий, кўнгил-тасаввурдаги фараз билангина кифояланган, деб ўйлайвераман. Ҳаётимни қўрқинчли, ҳатто ёқимсиз мажбуриятга айлантириб, уни оғирлаштирадиган ва мураккаблаштирадиган барча нарсалар эрталабки дамларда ниҳоятда баланд овоз чиқариб, бутун бўй-бастини кўрсатиб, рўпарамда туриб олади. Турмушимни безайдиган, уни роҳатга айлантириб, ажойиб қиладиган барча нарсалар эса, унинг барча мурувват-илтифотлари, жозибадорлиги, мусиқаси эрталаблари ортга чекиниб, кўпроқ афсона ва ривоят янглиғ олисдан аранг эшитилади. Ўзимнинг ёмон, қисқа, тез-тез бўлиниб турувчи уйқумнинг жуда ҳам саёз қабридан эрталаб руҳим кўтарилган ва жонланган ҳолатда эмас, балки ланж, ҳорғин ва маъюс,­ бостириб кириб келаётган ташқи дунёга қарши ҳеч қандай ҳимоясиз бир аҳволда ўрнимдан тураман, ташқи олам гўё аппарат мисол тонги таъсирчан асабларимга ўзининг барча иккиланишлари ҳақида хабар беради. Фақат тушки пайтга бориб, ҳаёт мен учун яна мақбул ва ёқимли бўла бошлайди, кечга яқин ва оқшомги пайтлар – ажойиб, нурли, илҳомлантирувчи, Парвардигор чироғидан мунаввар, анъана ва ҳамоҳанглик, мусиқа ва жозибадорлик мужассам бахт-иқболли кунларда эса у (ҳаёт) каминани ўтган барча бемаза, расво дамлар эвазига сахийлик билан тақдирлайди.
Уйқусизлик азоблари-ю, эрталабки хафақонлик каминага нима сабабдан шунчаки касаллик эмас, балки иллат бўлиб кўриниши, нима учун улардан уялишим, бироқ шу билан бирга, шундай бўлиши керак, деб ҳис этишим, камина уларни на рад этишга, на унутишга, на сиртдан “тузатиш”га ҳақли эканлигим, балки аксинча, асл ҳаётим ва унинг бурч-мақсадлари учун улар рағбатлантирувчи омил сифатида доимий равишда “ниқтаб туриши”га эҳтиёж сезишим тўғрисида бундан кейин фурсати билан айтиб берарман, деб ўйлайман.
Тўғри, Баден курортидаги кун одатдаги ҳаётим кунлари билан солиштирганда бир нарсада мен учун шубҳасиз афзалликка эга: даволаниш вақтида ҳар бир тонг асосий ва энг муҳим мажбурият ҳамда вазифалар билан бошланади, уларни адо этиш осон ва ҳатто ёқимли ҳам. Мен ванна қабул қилишни кўзда тутяпман. Эрталаб уйғонишим билан, соат неча бўлишидан қатъи назар, мен учун биринчи галдаги ва энг муҳим иш қандайдир малол келадиган юмуш, кийиниш ё гимнастика, соқол олиш ёки келган хат-хабарларни ўқиш эмас, балки илиқ, ёқимли, тинчлантирувчи машғулот – ванна ҳисобланади. Бошим енгил айланиб, жойимга ўтираман, эҳтиёткорона ҳаракатлар билан қотиб қолган оёқларимни ишга солиб, ўрнимдан тураман-да, эгнимга халатни ташлаб нимқоронғи, сокин йўлак бўйлаб шошилмасдан лифтга бораман, у мени барча қаватлар оша пастга, ертўлага – ваннали кабиналарга олиб тушиб қўяди. Бу ерда – пастда жуда яхши. Жаранглаб акс-садо берадиган қадимий тошгумбазлар остидан ҳамиша ажойиб иссиқлик бир маромда таралиб туради, негаки теварак-атрофдаги мавжуд булоқлардан иссиқ сув тинмай отилиб оқиб ётади, бу ерга келганимда мени ҳар гал ғорларга хос пинҳоналикнинг ажиб илиқ туйғуси қамраб олади, бундай ҳиссиёт менда бир замонлар болалик чоғларимда пайдо бўларди, ўшанда стол, иккита стул, кўрпа-тўшак, гиламча ёки пояндозлардан ўзимга антиқа “ғор” ясаб олар эдим. Алоҳида ажратилган кабинада ҳозиргина булоқдан қуйилган иссиқ сув билан тўлдирилган чуқур, бассейн каминага мунтазир, унга иккита тошзинадан аста тушаман, қумсоатни ағдариб қўяман-у, сал-пал олтингугурт иси уннаб қолган аччиқ иссиқ сувга иягимга қадар кўмилиб оламан. Юқорида, шундоққина тепамда каттакон қилиб қурилган, бутхона ҳужрасини эслатадиган кабинанинг цилиндрсимон гумбази остида дарча бор, унинг хира ойнасидан кучсиз ёруғлик тушиб турибди; мендан бир қават юқорида, хира дераза ортида дунё қандайдир олис, сутранг бўлиб кўринади, бу ерга унинг товушидан асар ҳам етиб келмайди. Теварак-атрофимда эса сирли сувнинг ажойиб ҳарорати жимир-жимир қилади, узлуксиз равишда ваннамга аста-секин қуйилиб турган ана шу обиҳаёт минг йилдан буён номаълум ерости чашмаларидан оқиб чиқмоқда. Даволаниш қоидаларига мувофиқ, сувда оёқ-қўлларимни имкони борича кўпроқ қимирлатишим, гимнастика ва сузиш машқларини бажаришим керак. Мажбурият юзасидан икки-уч дақиқа шундай қиламан ҳам, сўнгра ҳаракатсиз чўзилиб қоламан, кўзларимни юмиб, чала-ярим пинакка кетаман, шу аснода қумсоатнинг сассиз тўкилишини кузатиб ётавераман.
Бассейн четида қайдандир шамол учириб келган сўлиган барг ётарди, япроқча қай дарахтники, номи ҳам эсимда йўқ, унга қараб туриб, қирра ва чизиқчаларидаги битикларни ўқийман-у, чиришнинг ўша ўзига хос ҳидини туяман, унинг олдида барчамизни қалтироқ босади, бироқ усиз гўзаллик ҳам бўлмас эди. Гўзаллик ва ўлим, шодлик ва фонийлик бир-бири учун зарур ва бир-бирига сабабчи эканлиги нақадар ҳайратланарли ҳол! Теварак-атрофимизда ҳам, ўз-ўзимда ҳам қандайдир ҳиссийликни туйиб, табиат билан руҳ ўртасидаги чегарани яққол ҳис қиламан. Гуллар гўзал ва ўткинчи, олтин эса ўзгармас ва зерикарли, худди шунга ўхшаб, табиат ҳаётидаги барча ҳаракатлар ҳам ўткинчи ва гўзал, руҳ эса ўзгармас ва зерикарлидир. Мана шу лаҳзада мен руҳни рад этаман, унга зинҳор абадий ҳаёт деб эмас, балки абадий ўлим, қандайдир қотиб қолган, бесамар, беўхшов алланима деб қарайман, у абадийликдан воз кечган тақдирдагина шакл ва жон бўла олиши мумкин. Ҳаётга эришиш учун олтин гулга, руҳ эса, жон ва жасадга айланиши лозим. Йўқ, гарчи бошқа пайтда уни чуқур ҳурмат қилишга қодир бўлсам ҳам, ҳозирги фароғат дамларида, қумсоат билан сўлиган япроқ орасида руҳ ҳақида эшитишни ҳам истамайман, камина ўткинчи бўлишни, бола ва гул бўлишни хоҳлардим.
Ўткинчи эканлигимни эса илиқ сувда ярим соат ётганимдан сўнг ўрнимдан туриш вақти очиқ-ойдин ёдга солади. Қўнғироқни чалиб, ҳаммомчини чақираман, у келиб, стул устига илитилган чойшаб тўшайди. Ўрнимдан туришга уринаман, шунда чириб кетган ҳиссиёти аъзои баданимга ёйилади, чунки бу ванналар одамни жуда толиқтириб юборади, сувда ўттиз-қирқ дақиқа ётганимдан сўнг турай десам, тизза ва қўлларим менга ҳадеганда бўйсунавермайди. Ҳовуздан чиқиб, чойшабни елкамга ташлаб, обдан артинаман, бир оз кескин ҳаракатлар қилиб, ўзимга ўзим мадад берай десам, қаёқда, тинкам қуриб, стулга ўтириб қоламан, гўё икки юзга кирган чолдек, ўрнимдан туриб, кўйлак ва халатни кийиб, юра олишга ҳам мадорим етмас эди.
Ниҳоят, у ер-бу ерда, кабиналарнинг эшиклари ортида шилдираётган сув шовқинини ҳисобга олмаганда, жимжит гумбазли йўлаклар бўйлаб оёқларимни аранг судраб босиб, ойнаванд қопқоқ остидан отилиб чиқаётган, сарғимтир тошлар орасида қайнаб ётган олтингугурт булоғи томон йўл оламан. Шу ўринда мазкур чашма билан боғлиқ ажиб воқеа ҳақида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Булоқнинг тошпанжараси четида ҳар доим курортда даволанаётганлар учун мўлжалланган иккита стакан туради, тўғрироғи, ҳамма гап ҳам шунда-да, улар у ерда турмайди, чанқаган одам сув ичай деб, булоқ бошига бориб қарасаки, иккала стакан ҳам яна ғойиб бўлган бўлади. Шундан сўнг, бемор одатда бош чайқаб, ходимларни чақиради; бунга жавобан ё йўлакчи, ё официант, гоҳ ходима, гоҳ ходимгар, баъзан эса лифтга қаровчи бой югуриб келади, улар ҳам қурғур стаканлар яна қаёққа йўқолиб қолганига ақллари етмай, ҳаммалари баравар бош чайқашади. Яна дарҳол янги стакан келтирилади, бемор уни сувга тўлдириб ичади, сўнг яна жойига қўйиб, кетади, орадан икки соат ўтиб, сув ичгани келса, стакан яна йўқ. Стакан воқеаси жонларига тегиб, безор бўлган хизматчиларнинг ҳар бири уларнинг ғойиб бўлиши билан боғлиқ ўз тахминини илгари суради, бироқ уларнинг ҳеч бири тўлиқ ишонтира олмайди. Масалан, бойнинг айтишича, курортчилар стаканларни ўзлари билан хоналарига олиб кириб кетармишлар. Хўп, агар шундай бўлса, унда уларни хизматчи аёл кунига ўша ердан топарди-да! Хуллас, иш ҳамон очилганича йўқ, агар фақат каминанинг ўзини олсак, ёлғиз менинг ўзим учун саккиз ё ўн маротаба янги стакан келтиришга мажбур бўлишади. Модомики, меҳмонхонамизда салкам саксон нафар қўноқ ҳамда даволанаётганлар яшаётган экан, барчаси подагра ёки бод билан оғриган кекса кишилар, уларнинг стакан ўғирлашлари даргумон, камина шундай хулосага келдимки, стаканларни ё ғайритабиий коллекция тўпловчи ўғирлайди, ё афсонавий мавжудот, чашма деви ёки бўлмасам аждаҳо булоқдан фойдаланаётганликлари учун одамларга жазо тариқасида шундай қилади, эҳтимол, қачонлардир омадли аллаким адашиб-нетиб яширин ғорга йўлиқиб қолса ажабмас, кириб қарасаки, истиконлар тоғ бўлиб уюлиб ётибди, ҳа-да, каминанинг камтарона ҳисоб-китобига кўра, у ерда бир йилнинг ўзида кам деганда икки минг дона стакан тўпланиб қолган бўлиши керак.
Стаканни илиқ булоқ сувига тўлдириб, ҳузур қилиб ичаман. Шу аснода яна чўнқайиб ўтириб оламан, кейин эса ўрнимдан туришим жуда қийин кечади. Адо этилган бурч ва ҳалол меҳнат билан эришилган ҳордиқнинг ёқимли туйғусини туйиб, лифт томон секин юриб бораман, негаки ванна билан сув ичишдан қутулиб, камина кундузги энг муҳим муолажаларни, асосан, бажариб адо қилган эдим. Бироқ яна шу тарафи ҳам борки, ҳали эрта тонг, энидигина соат етти ё етти ярим бўлган, туш пайтига қадар ҳали анча вақт бор, шунинг учунми, эрталабки дамларни кечқурунгига айлантирувчи сеҳр-жоду учун бор-будимни бериб юборишга ҳам тайёр эдим, чоғи.
Ана шундай бир пайтда яна даволаниш ҳақидаги қоида жонимга оро кирди, унга кўра ванна қабул қилганимдан сўнг, ётиб дам олишим керак эди. Ванна толиқтирганиданми, кўнглим бундан ортиқ ҳеч нарса тиламас, бироқ бу пайтга келиб, меҳмонхонада ҳаёт қайнай бошлаган, эрталабки нонуштани шоша-пиша тарқатаётган ходима ва официант аёлларнинг оёқлари остида пол тахталари додлаб юборарди. Дам-бадам эшиклар тарақлаб очилиб-ёпиларди. Буниси ҳам майлику-я, мудраса бўлар балки, аммо уйқу ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки уйқусизликдан азоб чекадиган одамнинг ўта сезгир, тажрибали қулоғини чинакамига ҳимоя қила оладиган овозютгич мосламалар ҳали ихтиро қилинганича йўқ. Бунинг устига яна бир оз ётиш, кўзларни қайтадан юмиб, тонг зиммамизга юклайдиган: зерикарли кийиниш, зерикарли соқол олиш, зерикарли бўйинбоғ боғлаш, хайрли тонг тилаш, келган хат-хабарларни ўқиш, бугун нима иш билан машғул бўлиш кераклигини ҳал қилиш, бутун ҳаёт автоматикасини қайтадан бошлаб, такрорлаш сингари зерикарли мажбуриятларни бир оз бўлса-да, ўйламаслик қандай яхши.
Шундай қилиб денг, қўшниларимнинг кулишаётгани-ю, сўкиша­ётганини, оғиз чайқашаётганларини эшитиб, ўрнимда чўзилиб ётибман, йўлакдаги қўнғироқ бетиним жиринглайди, ходимлар елиб-югуради, демак, энди ортиқ чидаб бўлмайди. Ҳеч нима қилолмайсан! Ўрнимдан туриб, ювинаман, соқолимни оламан, уст-бош билан пойафзалимни кийиш учун зарур барча мураккаб ҳаракатларни бажараман, тор ёқа сал бўлмаса бўғай дейди, соатимни нимчамнинг чўнтагига солиб, кўзойнагимни тақаман, – шу аснода ўзимни бамисоли қамоқхона тартиб-қоидалари билан таниш ва буларнинг барчаси умрбод ҳамда абадий эканлигини билган сургундаги одамдек ҳис этаман.
Соат тўққизда камина ранги ўчиб, ювошгина бўлиб, ошхонага кираман, думалоқ столчам атрофига ўтириб, менга қаҳва келтирган дўндиққина, қувноқ аёл билан жимгина саломлашаман, битта булочкага ёғ суриб, иккинчисини киссага ураман, шундоқ ёнгинамдаги почта анжомини очиб, нонуштани қоринга, хатларни пиджагим чўнтакларига жойлайман, йўлакда эса азбаройи зерикканидан камина билан суҳбатлашгиси келаётгани шундоққина сезилиб турган, узоқдан муғомбирона жилмайиб, бунинг устига ҳатто фаранг тилида гап бошлаётган курортчига дуч келиб, кўп ўйлаб ўтирмай, унга дағдаға билан “пардон” дея пўнғиллаб, кўчага ўқдек отилиб чиқиб кетаман.
Бу ердаги курорт боғидами ёки ўрмондами тонгнинг қолган қисмини ёлғизликда кўнгилдагидек ўтказаман. Баъзан, омадим келиб қолса, боғдаги ўриндиқда қуёш ва халойиққа тескари ўтирволиб, тунда миямга келган баъзи фикрларни ёзиб қўяман. Лекин одатда кўпроқ сайр қиламан, шунда чўнтагимга яшириб қўйганим булочкадан хурсанд бўлиб кетаман, негаки камина учун эрталабки энг катта қувончлардан бири (“қувончлар” деганимиз, бу жуда ҳам зўр гап) – нонни майдалаб ушатаман-да, у билан беҳисоб читтак ва қизилтўшларни боқаман. Германияда, бу ердан атиги бир неча мил нарида ҳатто бой-бадавлат одамларга ҳам бунақанги оқ нон қаёқда дейсиз, минглаб кишиларнинг эса еярга умуман нони йўқ, шу топда бу ҳақда ўйлашни ҳам истамайман. Ўз-ўзидан келиб қоладиган бунақанги ўйларни хаёлимдан чиқариб ташлайман, лекин баъзан бу нарса жуда оғир кечади.
Қуёшдами, ёмғирдами, қаерда бўлмасин, эрталабки вақтни ё ишлаб, ё сайр билан бир амаллаб ўтказишнинг иложини топаман, шундан сўнг курортдаги куннинг тиғиз пайти – тушлик маҳали бошланади. Ишонтириб айтаманки, камина мечкай эмас, лекин диний шодонлик ва таркидунёчилик билан таниш бўлган мендек бир одам учун тушлик бамисоли байрам ва муҳим воқеа ҳисобланади. Бироқ мазкур масала янада чуқурроқ муҳокамани талаб қилади.
Камина томонидан муқаддимада айтиб ўтилганидек, ёши ўтган ревматик ва подагрик беморнинг характер ҳамда тафаккурига қуйидаги ҳолат ва хусусиятлар хос: дунёни тўғри тушунтиришнинг иложи йўқлигини тан олиш, антиномияларга ишқибозлик ва ҳурматнинг пайдо бўлиши, қарама-қаршилик ҳамда зиддиятларнинг зарурлигини эътироф этиш. Ва шунга ўхшаш зиддиятларни, албатта, уларнинг теран фалсафий асосига тўхталмаган ҳолда ҳайратда қолдирарли яққоллик билан Бадендаги курорт ҳаётида ҳам учратиш мумкин. Бунга мисоллар кўплаб топилади. Узоққа бориб юрмай, биргина нарсани, у ҳам бўлса Баденда ҳамма жойга дам олиш учун ўриндиқлар ўрнатиб қўйилганлигини айтиб ўтмоқчиман: улар тез чарчайдиган, ўз оёқларига унчалик ҳам ишонавермайдиган курортчиларни ўтириб ҳордиқ чиқаришга чорлайди, дам олувчи эса, бу таклифни бажонидил қабул қилади. Лекин бирон дақиқа ҳам ўтиролмасдан дарров ўрнидан туриб кетади, чунки ана шу кўпсонли ўриндиқларни ўткир ақл эгаси бўлмиш файласуф ва ҳазилкаш металлдан ясаган, унга нозик жойи билан ўтирган ишиатик карахт қилувчи совуқни ҳис қилади ва инстинкт уни дарҳол ташлаб қочишга мажбур этади. Шундай қилиб, ўриндиқ унга дам олиш зарурлигини эслатади, бир дақиқа ўтар-ўтмас эса ҳаёт моҳияти ва манбаи – ҳаракат ҳамда ўжар, қайсар бўғимларга нафақат дам олиш, балки машқ қилиш ҳам кераклигини ишонарли тарзда эсига солиб қўяди.
Бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин. Бироқ муттасил антитезалараро ҳаракатланадиган Баден руҳи ошхонада тушки ва кечки овқат пайтида чинакамига улуғворлик касб этган кўйи намоён бўлади. У ерда ишиас ёки подагра билан оғриган ўнлаб хаста одамлар тўпланишади, уларнинг барчаси Баденга ягона орзу-умид – ўз дардларидан халос бўлиш учунгина келишган. Содда, тўғри, йигитлардек сипо дунёвий донишмандлик кимё ҳамда физиологиянинг аниқ ва оддий асосларига таяниб, бундай беморларга қатъий тарзда илиқ ванна билан бир қаторда энг аввало, гўштсиз, спиртли ичимликлар ва ўткир зираворларсиз ёвғон овқатга қаноат қилиш, эҳтимол, даволаниш юзасидан ҳатто қаттиқ парҳезни ҳам тавсия этган бўлур эди. Аммо Баденда бунақанги ёшларга хос, соддадиллик билан ва бирёқлама фикр юритилмайди, балки Баден юз йиллардан буён нафақат шифобахш сувлари, балки ўзининг тансиқ ва тўйимли таомлари билан ҳам машҳур; ҳақиқатан ҳам Баденнинг модда алмашинуви бўйича хаста беморлари шунақанги мазали ва лаззатли овқатланишадики, ҳали мамлакатдаги бирор меҳмонхона ёки шаҳар аҳолиси бу борада улар билан беллаша олмайди. Бу ерда ҳалим сон гўшти устидан бургунд шароби, ширали шницелдан сўнг бордо мусалласи ичилади, шўрва билан қовурдоқ ўртасида ҳаворанг хонбалиқ жилва қилиб туради, сергўшт таомлардан сўнг эса, дас­турхонга ажойиб пирожний, пудинг ва ширинлик тортилади.
Олдинги муаллифлар Баденнинг ушбу ўзига хос фазилатларини турлича изоҳлашга уринганлар. Бу ердаги юксак овқатланиш маданиятини баҳолаш ва маъқуллаш осон; минглаб нафар курортчилардан ҳар бири бу ишни кунига икки марта бажаради, бироқ буни тушунтириб бериш хийла қийин, чунки ўзига хос сабаблари бор. Бундан кейин улардан энг муҳимларига тўхталиб ўтаман, лекин даставвал доимий равишда тўқнаш келадиган ўша сийқа-рационалистик асос-далилларни қатъият билан рад этмоқчиман. Масалан, сохта мутафаккирлардан курортдаги даволанувчиларнинг асл манфаатларига зид келадиган Баденнинг ажойиб дастурхони, модомики, Баден азалдан ўзининг мазали таомлари билан маълум ва машҳур, ҳар бир тамаддихона хўжайини эса ўз рақобатчиларидан имкони борича орқада қолмасликдан манфаатдор бўлган экан, аслида узоқ тарихга бориб тақалади ва у кўпсонли курорт меҳмонхоналарининг ўзаро рақобатидан келиб чиққан, деган гапларни тез-тез эшитишга тўғри келади. Мазкур енгил-елпи ва юзаки далиллар муаммонинг ўзини четлаб ўтиб, мазали Баден ошхонасининг яратилиш тарихи ҳақидаги саволни анъана ва ўтмишни рўкач қилган ҳолда чалкаштиришга уриниш эканлигининг ўзиёқ ҳеч қандай танқидга ҳам арзимайди. Баден таомининг мазали бўлишига гўё қовоқхона эгаларининг бойлик орттиришга ҳирс-ҳаваси сабаб эмиш, бундай бемаъни фикр бизни яна ҳам камроқ қониқтиради! Худди Баденда қассоб, новвой ва қандолатчининг сарф-харажатларни оширишларига жон-жон деб рози бўладиган майхона хўжайини топиладигандек, ахир бу ердаги ҳар бир меҳмонхона эгасининг ўз ертўласида юз йиллардан буён қўноқлар учун мўлжалланган маъданли иссиқ булоқлар шаклидаги ўз оҳанрабоси, жозибали ва рад этиб бўлмайдиган хўраги бор-ку!
Йўқ, мазкур феноменни назарий жиҳатдан асослаш учун янада чуқурроқ изланишимизга тўғри келади. Жумбоқнинг жавоби ўтмишнинг одат ва анъаналари ҳамда меҳмонхоналар соҳибларининг ҳисоб-китобларида эмас, у коинотнинг теран асосларида, бу эса мавжудлик сифатида қабул қилиниши вожиб бўлган абадий антиномиялардан биридир. Баден таоми одат бўйича бемаза ва тақчил бўлганда эди, хўжайинлар ўз чиқим-харажатларини учдан иккига қисқартирган ва шунга қарамасдан мижозлардан ҳам камчилик кўрмаган бўлардилар, чунки бу ёқларга одамлар овқат ейиш учун келмайди, уларни бу ерга nervus ichiadicus етаклаб келади. Шунчаки синов тариқасида бир зум тасаввур қилиб кўрайлик, агар Баден оқилона ҳаёт кечириб, сийдик кислотаси ва склерозга қарши биргина ванналар билан эмас, балки спиртли ичимликлардан тийилиш ҳамда парҳез билан ҳам кураш олиб борганида – бу қандай оқибатларга олиб келган бўлур эди? Курортда дам олаётганлар соғайган, яқин келажакда эса бутун мамлакатда ишиас мутлақо йўқ бўларди, бироқ табиатнинг бошқа барча кўринишларига ўхшаб, у ҳам ҳаёт ва яшаш ҳуқуқига эга. Ванналарга ҳожат қолмаган, меҳмонхоналар эса таназзулга юз тутган бўларди. Ҳаттоки агар бундайин йўқотиш унчалик муҳим деб ҳисобланмаган ва унинг ўрнини бир амаллаб тўлдириш иложи топилганда ҳам, подагра билан ишиаснинг коинот тизимидан йўқ бўлиб кетиши, қимматли булоқларнинг бекорга оқиб ётиши илло-билло дунёнинг яхшиланишига олиб келмаган, балки бунинг бутунлай акси бўлиши ҳам мумкин эди.
Мазкур кўпроқ илоҳийдек туюлган далил кетидан руҳий асос ҳам келиб чиқади. Ванна ва уқалаш, хавотир ва зерикиш билан бирга яна рўза тутиб, ўз танасини ўлдиришни биз – курортчилар орасида ким ҳам хоҳларди, дейсиз? Йўқ, биз яхшиси чалакам-чатти соғаяверайлик, шундай бўлса ҳам озми-кўпми ёқимли ҳаёт кечирамиз, жиллақурса маза қилиб еб-ичамиз, биз ахир ўзига ва атрофдагиларга муросасиз талаблар қўядиган ёш йигитчалар эмасмиз, турмушнинг муроса-ю, мадораларига чуқур ботиб қолган ва кўп нарсаларга панжа орасидан қарашга кўниккан кекса одамлармиз. Қолаверса, яна шундай бир савол устида жиддий ва яхшилаб ўйлаб кўрсак: барчамиз даволаниш курсини бекамикўст ўтаб, бутунлай ва батамом тузалиб кетганимиз яхшими, бунинг устига, ўлмаслигимиз ҳам лозимми? Бир оз қалтис ушбу саволга виждонан жавоб берсак, жавобимиз шундай бўлади: “Йўқ! Йўқ, бизлар бутунлай соғайиб кетишни хоҳламаймиз, биз абадий яшамоқчи ҳам эмасмиз.”
Албатта, ҳар биримиздан алоҳида сўралганда, ушбу саволга кўпроқ “ҳа” деб жавоб қайтаришимиз ҳам эҳтимолдан холи эмас. Агар каминадан – курортчи ва ёзувчи Ҳесседан, адиб Ҳессе касалликка, ўлимга дучор бўлмасин, шунга розиманми-йўқми, унинг учун абадий ҳаётни кўнгилдаги бахт-саодат ва зарур неъмат деб ҳисоблайманми-йўқми, шуни сўрашганида, эҳтимол, шуҳратпараст камина ҳам, барча адиблар сингари, мазкур саволга даставвал маъқуллаб жавоб берардим. Бироқ худди шу саволни аллаким тўғрисида, масалан, дейлик, курортда дам олаётган Мюллер, ишиатик Легран ёки 64-хонадаги голландиялик хусусида бериб кўришсин-чи, ўйлаб ҳам ўтирмасдан дарҳол “йўқ” деб, жавоб қайтарардим. Йўқ, ҳақиқатан ҳам биз кексаларнинг, у қадар ёқимтой бўлмаган кишиларнинг, гарчи подаграсиз бўлса ҳам, узоқ яшашимизнинг ҳожати йўқ. Ахир бу жуда ҳам кўнгилсиз, ўта қайғули ва ҳатто ниҳоятда жирканч иш бўлур эди. Йўқ, биз кейинроқ, қачонлардир бажонидил ўлишга тайёрмиз. Бугун эса, толиқтирадиган ванналар ва тиришқоқлик билан ўтказилган тонгги пайтдан сўнг бир озгина хурсандчилик қилишни, товуқ қанотчасини ғажиб, бинойидек балиқчани маза қилиб туширишни, асл қизил мусалласдан бир қадаҳ татиб кўришни афзал биламиз. Биз, худбин қариялар, юраксиз номардлар, бўшанг ландавурлар ўзи шунақамиз – ширинроқ нарсаларга суягимиз йўқ. Модомики, бизнинг руҳиятимиз, қалбларимиз, барча ревматиклар ва кексаяётган кишилар қалби, шу билан бирга Баден руҳи ҳам шундай экан, бу тарафдан ҳам Баден ошхонаси анъаналари ўзини тўла оқлаган деб, ҳисоблаймиз.
Тотли ҳаётимиз учун наҳотки шу баҳона-сабаблар, важ-корсонлар етарли бўлмаса? Яна тағин исбот-далиллар зарурмикин? Ахир, уларни юзлаб келтириш мумкин. Биргина – энг оддий мисол айтай: маълумки, маъданли сувлар одамни “еб қўяди”, яъни, иштаҳани очиб юборади. Камина шунчаки оддий даволанувчи, мечкай бўлмасам ҳам, бошқа пайтда қаноат қилиб яшашни тарғиб этиб, рўза тутиш қувончларини кўп марта бошдан кечирган эсам-да, виждон азобини заррача ҳис этмасдан, ҳаттоки дунёда қашшоқлик ҳукм сураётганини била туриб, шахсий модда алмашинувимга зиён бўлишига ҳам қарамасдан, уч ҳафта мобайнида баднафслик балосига йўлиқдим.
Мавзудан чалғидим, чоғи, яна кун тартибига қайтамиз! Шундай қилиб, ўтирган кўйим тушлик қилаяпман. Балиқ, қовурдоқ, мевалар бирин-кетин келиб турибди, ора-сира таом ташиётган официант аёлларнинг оёқларига термилиб, узоқ хаёл сураман – ҳаммалари қора пайпоқда, – метрдотелнинг оёқларига эса унчалик узоқ қараб туролмайман, чунки унинг оёқлари биз, мижозлар учун илҳомбахш томоша ва зўр овунчоқ. Гап шундаки, метрдотел ўзи умуман жуда ёқимтой жаноб, бир пайтлар бод касали билан оғриб, жуда ёмон азоб тортган, ҳатто юролмай ҳам қолган экан, лекин Баденда даволаниш курсини ўтаб, бутунлай тузалиб кетган. Буни барчамиз биламиз, кўпчиликка шахсан ўзи айтиб берган. Шунинг учунми, кўпинча метрдотелнинг оёқларига разм солиб ўтириб, ўйланиб қоламиз. Аммо ёшгина официант қизларнинг қора пайпоқли оёқчалари ҳеч қандай даволанишсиз ҳам ўз-ўзидан хушбичим ва ҳаракатчан, мана шу ҳолат янаям чуқурроқ хаёлга берилишга муносиб кўринади.
Камина якка-ёлғиз турганлигим сабабли курортдаги касбдошлар билан яқиндан танишиш имконияти менга фақат умумий овқатланиш пайтларидагина насиб қилади. Тўғри, уларнинг исмларини билмайман, айримлари билан суҳбатимиз икки-учта сўздан нарига ўтмаган, лекин ўтириш ва овқатланишларини кузата туриб, улар ҳақида кўп нарсаларни билиб оламан. Қўшни хонада турадиган голландиялик – унинг овози ҳар тонг ва ҳар оқшом деворни ёриб ўтиб, каминага соатлаб уйқу бермайди – бу ерда, стол атрофида хотини билан сал бўлмаса шивирлаб гаплашади, агар у 64-номерда яшамаганида, мен унинг овози қанақалигини ҳеч қачон билолмасдим. Э, бу мулойимни асти қўйинг!
Ҳар куни туш маҳали бўладиган томошамиз иштирокчиларининг айримларида амплуанинг аниқлиги, муқомларнинг пухталигидан камина хурсанд. Айниқса, голландиялик биттаси бор. Бўйи нақ икки метр келади ё ундан ҳам узун, тўладан келган, барваста, ўзиям курфюрстинамизга вакила бўлишга муносиб савлати зўр хотин. Қадди-қомати келишган, аммо юриши унчалик эмас, ингичкагина, нозиккина, сал бўлмаса синиб, иккига бўлиниб кетай деб турган миттигина таёқчасига таяниб, залга кириб келганида кўринг томошани, бирам нозу карашмалики, кўриб туриб эсинг оғади. Таёқчасиям темирдан ясалгандир, ҳойнаҳой.
Яна бир ўта жиддий жаноб ҳам бор, менимча, камида депутат бўлса кераг-ов, ўзи жуда мард, серҳиммат, ватанпарвар, Сен-Бернардаги вафодор итларга ўхшаб, бир оз қизарган пастки қовоқлари осилиб тушган, кенг ва таранг бўйни ҳар қандай зарбага дош беради, пешонаси серажин, ҳамёни тўла ҳалол меҳнат билан топилган, пухта саналган қоғозпул, кўкси бенуқсон, юксак, лекин тоқат қилиб бўлмайдиган орзу-мақсадларга тўла. Бир куни кечаси ваҳимали туш кўрибман, гўё шу одам – отам эмишу, мен унинг олдида: биринчидан, ватанпарварлигим етишмаслиги учун, иккинчидан, қарта ўйинида эллик франк ютқазиб қўйганим ва ниҳоят, учинчидан, қиз болани йўлдан урганим учун жавоб бераётган эмишман.Тушимда мени шунчалик қўрқитган ўша сипо жаноб билан эртасига энди ўнгимда яна юзма-юз келишга сира тоқатим йўқ эди. Албатта, унинг қиёфаси мени тинчлантирса керак, чунки воқелик одатда бизга ёмон тушлар орқали намоён бўладиган образлардан кўра бирмунча беозорроқ, эҳтимол у менга кулимсираб қарар, бош ирғар ё официант аёл билан ҳазил-ҳузул қилар ёки жиллақурса ўзининг қиёфаси билан тушимдаги ўша бесўнақай гавдага баъзи бир тузатишлар киритар. Бироқ туш пайти ўша жиддий жанобнинг стол атрофида ўтирганига кўзим тушган эди, у менга қараб на жилмайди, на бош ирғади, унинг олдида бир шиша қизил шароб, маъюс ва ғамгин ўтирар, пешонаси ҳамда бўйнидаги ҳар бир ажин унинг ўзгармас ва қатъий саховат соҳиби эканлигидан дарак берарди, камина бундан даҳшатга тушдим ва мени энди бошқа безовта қилмасин, дея худога илтижо қилдим.
Шунинг баробарида қанчалик олижаноб, ёқимтой ва дилбар инсон экан жаноб Кесселринг, ҳозир ҳаётининг айни гуллаган чоғи, асл касби-кори нима билмадим-у, аммо шак-шубҳасиз гидальго ёки шунга ўхшаш бир нима бўлса керак. Ипакдек майин оқ-сариқ сочлари тиниқ пешонасига ярашган, юзидаги нозик кулдиргичи бирам жозибали, мовий кўзлари болаларга хос хаёлчан ва шодон боқади, ранги очиқ нимчасини дам-бадам нафис ва майин силаб қўяди. Бу одамнинг юрагида мунофиқликдан асар ҳам йўқ, унинг шоирона феъл-атворига бирор бузуқ ният соя сололмаслиги тайин. Худди Ренуар қизи сингари бошидан тортиб, то оёғининг чимчилоғига қадар ҳамма нарсага фақат яхшилик кўзи билан қарайдиган бизнинг Кесселрингдек дилкаш одам ёшлигида Купидонга ўхшаб шўхлик қилмаган ҳам бўлса керак. Мана шу олий фаришта бир куни, ўшанда қоронғи тушаётган пайт эди, чекиш хонасида менга беҳаё суратларнинг чўнтаки тўпламини кўрсатиб, нақадар ҳайрон қолдиргани ва ҳафсаламни пир қилганини айтишга сўз тополмайман.
Лекин келганлар орасида мана шу залда мен шу пайтгача кўрган энг келишган ва энг гўзал аёл бугун бу ерда эмас, у атиги бир мартагина шу ерда, думалоқ столчам атрофида мен билан ўша оқшом бирор соат чамаси юзма-юз ўтирганди, унинг қўйкўзлари қувноқ боқар, нозик қўллари гул – ўзи ҳам атрофдаги касаллар орасида бемор эмас, балки ёшлик ва гўзаллик барқ уриб турган мисли йўқ гул эди. Азизам, мен билан бирга мазали таомлардан ва манови ажойиб мусалласдан тотиб кўриш учун яна келгин, токи эртакларимиз ва кулгиларимиз билан мана шу залга, бир оз бўлса ҳам жон бахш этайлик!
Ҳордиқ масканларида умуман одат бўлганидек, биз, дам олувчилар ҳамиша бир-биримизни кузатиб юрамиз, фақат бизда мода ва башанглик иккинчи даражали роль ўйнайди. Шерикларимиз соғлигини шунчалик диққат билан кузатамиз, негаки бунда ўз аксимизни кўрамиз, агар олтинчи хонадаги қария бугун ўзини яхши ҳис қилиб, эшикдан то столгача бировнинг ёрдамисиз юриб бора олса, бундан барчамиз бирдек шодланамиз, борди-ю, фрау Флюри бугун ўрнидан тура олмаслигини эшитиб қолсак, бундан ранжиб бош чайқаймиз.
Бир соат давомида мазали овқатни тушириб, бир-биримизни кузатгач, ушбу ёқимли машғулотни истар-истамас бас қилиб, зални мамнун тарк этамиз. Мен учун куннинг энг оғир қисми энди ортда қолди. Об-ҳаво яхши бўлса, меҳмонхонамиз боғига бораман, у ердаги овлоқ жойда камина учун юмшоқ узун курси шай туради; ён дафтарчам, қалам ва Жан Пол китобчаси муҳайё. Соат уч ё тўртда “муолажам”нинг катта қисми бошланади, яъни, шифокор ҳузурига боришим керак, у ерда ассистент қизлар мендан энг янги усулларни синаб кўриш учун фойдаланишади. Чақмоқтош лампа тагида ўтирган кўйим мазкур сеҳрли чироқнинг ажойиб таъсир кўрсатадиган кучини тезроқ синаб кўргим келади, шунинг учунми, сабрим чидамай, баданимнинг маълум қисмини чироққа иложи борича яқинроқ тутаман. Бир неча марта ўзимни куйдириб ҳам олдим. Шундан сўнг серғайрат шифокор ёрдамчиси каминани диатермияга таклиф этади. Билакларимга кичкина ёстиқчаларни боғлаб, электр қутбларини улаб, ток юборади ва бир вақтнинг ўзида ана шунақанги иккита ёстиқча билан орқа ва бўйнимга ишлов бера бошлайди, мен эса ҳеч нарса қилишим керак эмас, фақат агар ҳаддан зиёд куйдира бошласа, бақиришимга тўғри келади. Бундан ташқари – яна қўшимча қизиқтирадиган нарса шуки – ана шу муолажалар вақтида шифокор ҳар доим кириб-чиқиб туради ва биз суҳбатлашишимиз ҳам мумкин, ана шундай омад ҳатто йигирма кунда бир келса ҳам, ундан имкони борича фойдаланиб қолиш керак.
Камина ниҳоят, қисқа сайрга отланаман, курорт боғининг дарвозалари ёнидан ўтаётиб, у ерда одамлар гавжумлигидан юқорида – курзалда яна концертга тайёргарлик кўрилаётганини сезаман, бундай концертлар у ерда кўп марта уюштирилаётганига қарамасдан ҳали бирортасига ҳам тушмаганман. Хуллас, йўлимдан бурилиб курзалга кирсам, у ерда тумонат одам тўпланибди, бу ерда даволанаётганлар ва беморларни шундай тўла йиғилган ҳолда, яъни in corpore биринчи марта кўриб туришим. Юзлаб эркак ва аёл ҳамкасабалар стулларга жойлашиб ўтирволишган, кимдир қаҳва ё чой ичаяпти, ким биров китоб ўқияпти ё бир нима тўқияпти, яна кимлардир бир чеккада – зал ичкарисида қизғин куйлаётган кичикроқ мусиқачилар гуруҳини тинглаётибди. Барча жойлар бандлигидан эшик олдида турганимча мусиқага қулоқ соламан. Мусиқачилар берилиб куйлашмоқда, улар асосан, номаълум бастакорларнинг мураккаб асарларини ижро этишарди, мабодо агар бу нарса менга умуман ёқмаётган бўлса, гап зинҳор уларда маҳорат бор-йўқлигида эмас. Мусиқачилар ҳаттоки, жуда яхши чалишаётганди – айнан худди шунинг учун ҳам улар мана шунақанги сувоқчилик, қайта ишлов ҳамда оранжировка ўрнига ҳақиқий мусиқа ижро этишларини истардим. Лекин масала шунчаликка бориб етган экан, каминани бу нарса ҳам қизиқтирмасди. Агар “Кармен” ёки “Кўршапалак”даги кўнгилочар парча ўрнига, мисол учун, Шуберт квартети ёки Ҳендел дуэти ижро этилган тақдирда ҳам ҳеч бир енгиллик тўймасдим. Худо сақласин, бу янаям ёмон бўларди. Бир куни худди шунга ўхшаш воқеани бошдан кечиришимга тўғри келган. Ўшанда қаҳвахонанинг ярим бўш залида биринчи скрипкачи Бахнинг “Чакона”сини ижро этаётган, шу аснода бир вақтнинг ўзида қулоғим қуйидаги таассуротларни ҳам қабул қилишда давом этарди: официант аёл билан ҳисоб-китоб қилаётган иккита ёш йигит қайтимига майда танга олишарди; ғайрати ичига сиғмай бораётган бир хоним эса, гардеробда тажанг қиёфада ёмғирпўшини талаб қилаётганди; тўрт ёшли ёқимтой, дўмбоққина бола ўзининг жарангдор бижир-бижири билан бутун стол атрофидагиларнинг кўнглини чоғ қиларди; булардан ташқари, шиша, стакан, коса ва қошиқларнинг жаранги бир зум ҳам тинмасди, кексайган, кўзи сал ожизроқ кампир эса печенье солинган вазачани столдан тушириб юбориб, ўзи қўрқиб кетди. Ушбу ҳаракатларнинг барчаси ва ҳар бири ўз ҳолича бутунлай ўринли, диққат-эътиборим ҳамда хайрихоҳлигимга лойиқ эди, лекин бирданига уюлиб кетган бир талай таассуротларга бас келишга руҳий қувватим ожизлик қиларди. Бироқ бунга ягона айбдор, ҳамма нарсага халақит берган ўша мусиқа, Бахнинг “Чакона”си эди. Йўқ, курзал мусиқачиларига шон-шарафлар бўлсин! Аммо-лекин бу ердаги концерт, менимча, энг муҳим нарсадан – маъно-мазмундан маҳрум эди. Икки юз нафар одамнинг зерикиб, кечки овқатгача вақтни қандай ўтказишни билолмай туриши, менинг назаримда, яхши мусиқачилар оркестрининг машҳур опералардан аранжировкалар ижро этиши учун етарли сабаб бўла олмайди. Шунинг учун концертга аслида камгина нарса – қалб, чин эҳтиёж, астойдил самимият, санъатдан эркинлик кутаётганларгина етишмас эди. Эҳтимол, камина ҳам адашаётгандирман, балки. Тез орада мана шу кўпроқ бепарво, лоқайд томошабинлар бир хил тоифадаги одамлардан эмас, балки кўплаб алоҳида, айрим жонзотлардан иборат эканлиги ва ана шулардан бири мусиқачиларга зўр эҳтиром билдираётганининг шоҳиди бўлдим. Серзавқ мусиқа ишқибози, тилла пенсьне таққан қора соқолли жаноб энг олдинда, эстраданинг шундоққина олдида стулга суянган кўйи кўзларини юмиб, хушбичим бошини мусиқа оҳангига монанд сархуш тебратиб ўтирарди. Томоша тугагач, у чўчиб кўзларини очади ва биринчи бўлиб олқишларни ёғдира бошлайди. Аммо унга чапак чалишнинг ўзи кифоя қилмайди, энди ўрнидан туриб, эстрадага яқинроқ боради, унга орқа ўгириб турган дирижёрнинг эътиборини бир амаллаб ўзига жалб қилиб, залдагиларнинг давомли қарсаклари остида уни завқ-шавққа тўла мақтовларга кўмиб ташлайди.
Туравериб чарчадим, бунинг устига томошага ҳам ўша соқолли шоввозчалик ҳушим йўқ эди, шунинг учун иккинчи танаффусдаёқ кетвормоқчи бўлиб тургандим, кутилмаганда қўшни бино тарафдан қандайдир ғалати товушлар эшитилиб қолди. Ишиатик ҳамсоядан сўраб билсам, у ерда қиморхона жойлашган экан. Хурсанд бўлиб, ўша ёққа йўл олдим. Дарҳақиқат, хона бурчакларида пальма дарахтлари ўсиб ётарди, атрофга пастак юмшоқ курсилар қўйилган, каттакон яшил стол атрофида эса, афтидан рулетка ўйнашаётганди. Стол томон оёқ учида юриб бориб, уни зич ўраб олган ҳангоматалабларнинг елкалари оша нима бўлаётганини қисман бўлса-да, кузата бошладим. Диққатни тортадиган биринчи нарса – стол хўжайини, соч-соқоли тарашланган, фрак кийган, ёшини ҳам аниқ билиш даргумон, қўнғир сочли, файласуфона вазмин чеҳрали жаноб нафис майишқоқ белча ёки куракча ёрдамида бир қўли билан тангаларни столнинг исталган нуқтасидан яшин тезлигида бошқасига кўчира олишдек ноёб қобилият соҳиби эди. Унинг иш қуроли қайишқоқ куракча бўлиб, шу туришда худди ингичка учига қармоқ ипи боғланган инглизча узун пўлат таёқ билан қуролланган тажрибали форель (гулмоҳи) овловчига ўхшаб кетарди, бундан ташқари, тангаларни елпиғичда ҳавога шунақа ирғитадики, улар керакли катакчаларга тушади-қолади. Мана шу барча мураккаб ҳаракатлар пайтида ҳам уларнинг мароми шарча билан хизмат қилиб юрган ёшроқ ёрдамчиси томонидан баланд овозда маълум қилиб турилади, унинг яхшилаб қиртишланган пуштиранг юзи эса, аввалгидек вазмин ва хотиржамлигича қолаверади. Уни узоқ кузатаман, ана, у ўриндиғи қия ўрнатилган алоҳида махсус стулчада қимир этмай ўтирибди, афт-ангори мудом сипо, фақат кўзлари ўйнайди, чап қўли билан тангаларни осонгина сочиб юборса, ўнг қўли куракча ёрдамида уларни яна осонгина тўплаб, узоқдаги бурчакларга йўналтиради. Унинг олдида устма-уст қилиб териб чиқилган йирик ва майда кумуш тангалардан иборат устунчалар кўзга ташланади, бунчалик кўп тангаларни ҳатто Стиннес ҳам кўрмаган бўлса керак. Ёрдамчи тинмай ирғитаётган шарча рақамлаб қўйилган катакчаларга бориб тушади ва у катакча рақамини тинмай қичқириб эълон қилади, ўйинга таклиф этади ва пул тикиб бўлинганлигини маълум қилиб, огоҳлантиради: “Rien ne va plus”. Стол атрофида ўтирган вазмин жаноб ўйинни шу тариқа бетўхтов давом эттираверади. Буларнинг барчасини илгари, урушдан олдинги узоқ ўтмиш йилларида, сафар-у саёҳатларга чиқиб, юрт кезган пайтларимда кўп кўрганман; мана шунақа пальмаларни, пастак юмшоқ курсиларни, худди мана шунақанги яшил столлар ва шарчаларни дунёнинг кўпгина шаҳарларида кўрганман, Тургенев ва Достоевскийнинг қиморбозлар тўғрисидаги ажойиб ва ҳазин қиссаларини муттасил эсга олиб, сўнг яна касби-коримни давом эттираверганман. Мана шу томошага яқиндан разм солиб туриб, битта нарсага – бутун ўйин фақат фрак кийган жанобнинг хурсандлиги учунгина бўлаётганига ҳайрон қоламан. У талерларини ирғитар, бешталикни еттиликка, жуфтни тоққа алиштирар, ютуқларни тез санаб чиқиб, ютқизиқларни сузиб қўярди – бироқ бу пулларнинг барчаси уники, шахсан ўзиники эди. Томошабинлар орасидан ҳеч ким пул тикмасди; каминага ўхшаб, асосан қишлоқ жойлардан келган барча курортчилар файласуфнинг ҳаракатларини диққат ҳамда завқ-шавқ билан кузатишар, ёрдамчининг совуқ, гўё ях босгандек янграйдиган французча қичқириқларига эътибор билан қулоқ солишарди. Ўзим аранг етиб олган стол четига мунг босиб, икки франк қўйишимни биламан, элликтача кўз менга анграйиб қараб қолса, шунақаям ноқулай аҳволга тушдимки, куракча тиккан франкларимни сузиб олар-олмас, жуфтакни ростлаб қолдим.
Мана бугун ҳам яна тағин Баденштрасседаги дўконларнинг витриналарини томоша қилиб юрибман. Курортда дам олувчилар бу ерда ўзларига керакли туюлган нарса-буюмларни, чунончи: манзарали откриткалар, биринждан ясалган шар ва калтакесаклар, машҳур кишилар тасвири солинган кулдонлар (шунинг учун харидор, масалан, кунига Риҳард Вагнернинг кўзларига ёниқ сигарани суқиб, роҳатлана олади) ва бошқа сон-саноқсиз ҳар турли ашёларни сотиб олишлари мумкин, бироқ уларнинг моҳият ва мақсад-вазифалари асли нимадан иборат эканлигини ҳатто астойдил тикилиб, разм солиб чиққанимдан сўнг ҳам англаёлмадим; айримлари кўринишдан ибтидоий қабилаларнинг диний маросимларда қўлланилган буюмларига ўхшаб кетади, балки камина адашаётгандирман, аммо-лекин буларнинг барчасини кўриб туриб, мени чуқур ғам босди, чунки шу нарса равшан эдики, одамлар билан алоқага киришиш учун бор яхши ниятлар қилинган тақдирда ҳам, барибир буржуйча ва ҳақиқий дунёдан ташқарида яшардим, бу ҳақда ҳеч нарса билмасдим ва уни қачонлардир чинакамига тушуна олишим ҳам амри маҳол эди, шундай экан, адабиёт соҳасидаги кўп йиллик меҳнатларимга ҳам қарамасдан, мени қачонлардир тушуна олишига қандай қилиб ҳам умид боғлай олишим мумкин эди. Вит­риналарни томоша қилатуриб, уларга кундалик эҳтиёж моллари эмас, балки фақатгина зеб-зийнат буюмлари, совғалар ва кулгили нарсалар қўйилганидан, бу дунёнинг шу қадар ёт-бегоналигидан ваҳимага тушаман; юзлаб мол-ашёлар орасида кўпи билан йигирмата, борингки, ўттизта буюмнинг вазифаси нима, ундан фойдаланиш усули, маъниси қандай, кошки агар бу ҳақда заррача тасаввурга эга бўлсам, биронта буюм топилмадики, унга эга чиқишни хоҳласам. У ерда шунақанги нарсалар бор эдики, қараб туриб фол очишингга тўғри келарди: бу шляпага тақиладими? Ё чўнтакда олиб юриладими? Ё пиво кружкасига қўйилармикин? Ёки бу нарса қандайдир қарта ўйинига тегишли жиҳозмикин? Бу ерда камина англай олмайдиган, бутунлай номаълум тасаввур олами юзага келтирган кичкинагина суратлар ва ёзувлар, шиор ва иқтибослар, шу билан бирга ўзимга яхши маълум ва камина қадрлайдиган рамзларнинг мен на тушунишга, на маъқуллашга қодир бўлган татбиқий намуналари ҳам бор эди. Масалан, хотин-қизларнинг урфга кирган ёмғирпўши дастасида Будда ёки хитой маъбудининг ўйма тасвирини кўриш менга ғалати, ёт, бегона, эриш ва ҳатто ваҳимали туюлади; буни атайлаб ёки кўра-билатуриб қилинган шаккоклик деб аташ мушкул, лекин бундайин бўлмағур нарсаларни ясашга тадбиркорни, сотиб олишга харидорни қанақанги тасаввур-тушунчалар, қандай эҳтиёж ва қанақанги руҳий ҳолатлар ундадийкин – мен айнан мана шу нарсаларни билишни хоҳлардим, бироқ буни ҳеч қачон билолмасам керак. Ёки бўлмасам, жамиятнинг сара вакиллари соат бешда тўпланадиган, ҳамманинг диққат-эътиборига сазовор қаҳвахонани олайлик! Мен жуда яхши тушунаман, давлатманд жаноблар маза қилиб чой, қаҳва ичишни, шоколад ва серқаймоқ қиммат пирожнийлар ейишни хуш кўришади. Бироқ ақл-идрокли, эркин, ҳур одамлар бўлатуриб, нега энди улар овқат пайтида тинчлик бермайдиган, кўнгилни беҳузур қиладиган ёқимсиз мусиқа тинглашни, тор ва дим, бунинг устига ҳаддан зиёд ортиқча безаб-зийнатланган ва зарҳалланган хоналарда ўзларига ярашмаган ҳолда тиқилиб ўтиришни афзал кўрадилар, аниқроқ қилиб айтсак, нима учун мана шу барча шовқин-сурон, ноқулайлик ва телба-тескари ишларни одамлар ёмонлик деб қабул қилиш ўрнига, аксинча, уларга кўнгил қўйиб бериладилар – худди мана шу нарсаларни сирая тушунолмайман ва мана шу тушунолмаслигимни аллақачоноқ ўзимнинг, аввал айтганимдек, бир оз шизофреник ақлий хусусиятимга нисбат беришга кўникиб қолганман. Шундай бўлса-да, бу нарса каминани мудом ташвишга солиб келади. Ўйлашга, суҳбатлашишга, деярли нафас олишга қўймайдиган ширин-чучмал мусиқа тинмайдиган, қўпол ва дағал дабдаба, мармар, кумуш, гиламлар, ойна-кўзгуларга кўмилган ана шунақанги қаҳвахоналарда ўтирадиган ўша башанг, бой-бадавлат жаноблар – худди ўша одамлар кечқурун япон турмушининг улуғвор оддийлиги ҳақидаги маърузани қойил қолиб, завқ-шавқ билан тинглайдилар, уйларида эса авлиё-анбиёларнинг қисса-ривоятлари, Будда нутқлари битилган бежирим, чиройли нашр жилдларини авайлаб-асрайдилар. Камина асло ўтакетган мутаассиб ё насиҳатгўй эмасман, ўзим ҳам баъзан айрим нодонлик ва иллатларга қаршилик қилолмай қоламан, одамлар шод-хуррам бўлишса, мен ҳам шодланаман, чунки мамнун кишилар билан бирга бўлиш ёқимли-да, лекин гап шундаки, улар ҳақиқатан ҳам мамнунмикинлар? Мана шу мармартош, қаймоқ, мусиқа – барчаси ўзини оқлай олармикин? Махсус кийимдаги официантлар хизмат кўрсатаётган, олдиларига кекс ва пирожний солинган талинкалар қўйилган мана шу жаноблар очарчилик, қўзғолонлар, отишмалар, ўлим жазолари ҳақидаги кўплаб газета хабарларини наҳотки ўқимаётган бўлишса? Ҳашаматли қаҳвахоналарнинг улкан тошойналари ортида беаёв қашшоқлик ва умидсизлик, ақлдан озиш ва ўз жонига қасд қилишлар, қўрқув ва даҳшатлар дунёси ётмаганмикин? Ҳа, биламан, буларнинг барчаси муқаррар, барчаси қайсидир маънода тўғри ва шундай бўлишини Худо хоҳлаган. Бироқ буни мен, одамлар кўпайтириш жадвалини қандай билишса, шундай биламан, бундай билиш эса, каминани қониқтира олмасди. Аслида, мен буларнинг барчасини асло тўғри ва шундай бўлишини Худо хоҳлаган деб эмас, балки ақлсизлик ва қабиҳлик деб биламан.
Дилим сиёҳ бўлиб, откриткалар териб қўйилган дўконлар томон буриламан. Бу ерларни анча яхши билганим учун Баден откриткаларини ҳар тарафлама ўрганиб чиққанман деб, бемалол айта оламан, мана шу талаб даражаси бўйича биргина иштиёқ нуқтаи-назаридан олганда, яхшиси, ўртамиёна курортчи билан танишиб, унинг юрагига қўл солиш лозим. Вит­риналарга Баденнинг қадимги кўринишлари акс эттирилган анчагина чиройли откриткалар, жумладан, чўмилиш чоғлари тасвирланган эски расмлар ва гравюраларнинг репродукциялари ҳам қўйилганки, улардан ўтган асрларда Баденда унчалик жиддий ва эҳтимол, соғлиқни сақлаш юзасидан ҳозиргидек у қадар мақбул тарзда бўлмаса ҳам, лекин ҳар ҳолда одамларнинг ўша даврларда ҳам вақтичоғлик учунгина чўмилмаганликлари маълум бўлади. Миноралар ва уларнинг чўққиларидаги найзалар, миллий кийим ва либослар акс этган мазкур кўҳна суратларни кўриб туриб, гарчи ўша замонларда мутлақо яшагинг келмаса ҳам, ҳар ҳолда ўз оила-хонадонингни қўмсаб кетаркансан, киши. Мана шунақа шаҳар манзараларидан, чўмилиш саҳналаридан, улар хоҳ ўн олтинчи, хоҳ ўн саккизинчи асрга тааллуқли бўлсин, умуман шунақанги суратлардан ўзи қандайдир сезилар-сезилмас мунг, дард-ғусса таралиб туради, негаки, бунақанги суратлар ўзи аслида ажойиб, уларда табиат билан инсон ўзаро аҳилликда яшаётган, уйлар ва дарахтлар ўртасида ҳам уруш эмас, тинчлик ҳукм сураётган бўлади. Ҳаммаёқ гўзал, бир-бирига мос, ольха дарахтзоридан тортиб, то чўпон уст-бошигача, қўрғон дарвозаларининг минораларидаги кунгурадор безаклардан тортиб, то кўприк, қудуқлар ва нақшинкор устун пойини ҳўллаётган кичик лайчага қадар. Шунақанги бир хил суратларда баъзан кулгили, думбулроқ, мақтанчоқ нарсалар ҳам тасвирланади, бироқ унда ножўя, номаъқул, бақир-чақир қилаётган ҳеч нима йўқ; уйлар чегара-марза тошлари ёки хода устида қатор тизилишиб ўтирган қушлар сингари ёнма-ён туради, ҳолбуки ҳозирги шаҳарларда деярли ҳар бир хонадон қўшнисига бақириб, у билан тортишади ва иложини топиб, уни суриб чиқармоқчи бўлади.
Эсимда, кунларнинг бирида ажойиб бал бўлаётган эди, барчамиз Моцарт замонига монанд кийинволиб, рақс тушаётгандик, тўсатдан маҳбубамнинг кўзларида ёш кўринди, ҳайрон бўлиб, сабабини сўрасам: “Нега ҳозир ҳаммаёқ бунчалик бадбашара бўлиб кетган?”, деса бўладими. Шунда унга ҳаётимиз асло ёмон эмаслигини, ота-боболаримиз давридагига қараганда бирмунча эркинроқ, бой ва маънолироқ эканлигини, яъни ҳурпайган ясама сочлар остида битлар яшириниб, ойнаванд заллар ва биллур қандиллар дабдабаси ортида оч ва мазлум халқ яшаганлигини ва умуман бизда илгариги замонларнинг айнан энг гўзал, қувноқ, байрамона тарафларидан хотираларгина сақланиб қолганлигини айтиб, далда беришга ҳаракат қилдим. Ҳар доим ҳам ана шунақанги оқилона фикр юритиб бўлмайди-да.
Яна откриткалар мавзуига қайтамиз! Бу ерда, яъни мамлакатда уларнинг ўзига хос турлари мавжуд бўлиб, оригиналликда асло қолишмайди. Маҳаллий жой содда тилда лавлаги ўлкаси, деб номланади, шу важданми, турли хил халқ саҳна кўринишлари акс эттирилган откриткаларнинг бутун бир серияси ҳам мавжуд. Мактаб, армиядаги воқеалар, оилавий боғ сайрлари, муштлашишлар акс этган ушбу суратларда барча одамлар лавлаги шаклида тасвирланган. Лавлаги-ошиқлар, лавлаги-дуэлчилар, лавлаги-депутатлар. Мазкур откриткалар, шубҳасиз, ҳақли равишда катта шуҳрат қозонган, бироқ нимагадир улардан ҳам кўнгил тўлмайди. Қадимий Баден манзаралари ва лавлаги суратларидан ташқари яна кенг тарқалган учинчи тоифа – шаҳвонийлик мазмунидаги откриткаларни ҳам айтиб ўтишга тўғри келади. Бу соҳада, витриналарнинг зерикарли дунё­сига ақалли қандайдир жўшқинлик, қанақадир ёрқинлик ва тиниқлик бахш этиб, ниманидир яратиш мумкиндек туюлади. Бироқ бундайин умиддан ҳам дастлабки кунлардаёқ мосуво бўлдим. Откриткалар оламида айнан ишқий муносабатларнинг омади йўқлигини билгач, ҳайратим ошди. Шу тоифадаги ўнлаб, юзлаб откриткаларда, таассуфки, уятчанлик ва маъсумлик кўзга ташланарди, омма диди билан камина таъби бир-бирига қанчалик зид эканлигига амин бўлдим, негаки агар кимдир менга ишқий мавзудаги суратларни тўплашни буюрганида, очиғи, бу ердагиларга қараганда бутунлай бошқачароқларини тақдим этардим. Бу ерда на соф эротика шавқи, на шоирона ноз-карашма бор, турган-битгани унаштириш маросимига хос уятчан-чучмал кайфият, бироқ севишган жуфтликларнинг барчаси бекамикўст ва мода бўйича кийинишган: куёв одатдагидек, сюртук ва цилиндр кийволган, қўлида гулдаста, бунақанги пайтларда кўпинча Ой нур сочиб турган бўлади, сурат остида эса қисқача изоҳ-шеър келтирилади, масалан:

О, беғубор фариштам, ўзингсан ой ёғдуси,
Мовий кўзларингда – бахту иқбол ваъдаси.

Мазкур сериядан, гапнинг очиғи, ҳафсалам пир бўлди, бундай откриткаларни тайёрловчилар, афтидан, ишқий муносабатларда масаланинг биргина расмий ва энг мароқсиз тарафини ҳисобга олишган кўринади, чоғи. Шундай бўлса ҳам, замонамиз фольклорининг намунаси сифатида қуйидаги шеърни ёзиб олдим:

Севикли мавжудот ила қўлма-қўл –
Идеал у, қалбларнинг азиз риштаси.

Ушбу тумтароқ “шеър” қанчалик бемаза бўлмасин, сурат билан солиштирганда уни классика дейиш мумкин. Ёш қиз – унинг юзи ва соч тараши сартарошхона витринасидаги мум манекендан шундоқ ўзлаштириб олингани аниқ-равшан кўриниб турарди – дарахтлар остидаги курсида ўтирибди, унинг олдида эса, аъло сифатли костюм кийган навқирон йигит турибди, у лайка қўлқопни ё кийяпти, ё ечаяпти.
Мана шу откриткалар олдида бугун ҳам яна бир оз тургач, юрагим сиқилди ва мана шу, эҳтимол, ҳурматга сазовор бутун концертлар, қиморбозлар, адабли келин-куёвлар ва лавлаги акс этган откриткалар дунёси олдидан иложи борича тезроқ кетгим келди, кўзларимни юмиб, нажот сўраб, Худога илтижо қила бошладим, чунки барча белги-аломатлар бўйича чуқур умидсизлик ва ҳаётдан нафратланиш хуружи хийла яқинлашиб қолган, бундай хуружлар ҳаётимда тез-тез, таркидунёчилик ва одамовилигимдан жиддий ва энг яхши ниятлар билан воз кечишга энди уринган ва ўз яқин кишиларимнинг аксарият кўпчилиги билан қувонч ва қайғуларимни баҳам кўрмоқни истаган маҳалимда ҳар гал содир бўлиб турарди.
Парвардигор шунда ўзи менга яна мадад берди. Бошқа, менга янада яқин ва табаррук соҳаларнинг аломат ҳамда даъватларидан қийналиб, энди кўзларимни юмиб, курорт ва лавлаги оламидан юз ўгириб тургандим ҳамки, хаёлимга бирдан нажотбахш фикр келиб қолди. Меҳмонхонада ҳамма ҳам билавермайдиган хилват жой бўлиб, у ерда бизнинг хўжайин – унинг шунақанги ажойиб фазилатлари кўп – симтўр ичида тутиб олинган иккита сувсар сақларди. Кутилмаганда уларни кўргим келиб қолди ва ўйлаб ўтирмасдан ортимга, меҳмонхонага қайтиб, тўғри жониворлар ҳузурига йўл олдим. Уларни кўришим билан яна ҳаммаси қайтадан жо­йига тушди, мен мана шу танг вазиятда ўзим учун керакли нарсани топган эдим. Болалардек беғубор, қизиқувчан, ажойиб ва чиройли жониворларни инидан осонгина чиқариб олдим, улар ўз куч ва чаққонликларидан сармаст ҳолда кенг қафас бўйлаб шиддат билан югура бошлади, сўнг бирдан шундоққина олдимда – тўр ёнида тўхташди, қизғиш тумшуқчалари билан ҳавони зўр бериб шимираркан, юз-кўзларимга нам ҳарорат урилди. Менга бундан ортиқ ҳеч нарса керак эмас эди. Жониворларнинг тиниқ кўзларига тикилиб, илоҳий тафаккурнинг ана шу ажиб мўйнали хилқатларини томоша қилиш, уларнинг илиқ нафасларини ҳис этиш, йиртқичларга хос ўткир исларини туйиш – тинчланишим ва барча сайёралар ҳамда турғун юлдузларнинг, барча пальма дарахтзорлари, болта тегмаган ўрмонлар ҳамда табиий дарёларнинг собит мавжудлигига ишонч ҳосил қилишим учун мана шуларнинг ўзи кифоя эди. Ҳар қандай парча булутни, ҳар қандай яшил япроқчани кузатиш нимаики учун етарли кафолат бўлиб хизмат қилолса, сувсарлар камина учун шунчалик кафолат эди; бироқ янада қудратлироқ исбот-далиллар талаб этиларди.
Сувсарлар откриткалардан, концертдан, қиморхонадан ҳам кўра кучлироқ эдилар. Ҳали сувсарлар бор экан, қадимий дунёнинг хушбўй ҳиди ҳам, инстинкт ва табиат ҳам мавжуддир, олам эса шоир учун мақбул, гўзал ва жозибали бўлаверади. Ўпкамни тўлдириб нафас олдим, зулм ортга чекинганини ҳис этиб, ўз устимдан кулдим, сувсарлар учун бир бўлак қанд топиб келдим-да, ўзимни енгилроқ ҳис этиб, очиқ ҳавога айлангани чиқдим. Кеч кирди. Қуёш дарахтзорлар қоплаган тоғларнинг шундоққина четида турар, енгил заррин булутлар из қолдирган мовий осмон парчаси каминанинг саргардонлик водийси узра чақалоқдек беғуборлик билан пайдо бўлди, бахт-саодатли дамлар яқинлигини табассум-ла ҳис этиб, севгилимни эсга олдим, туғилиб келаётган сатрларни бирма-бир хаёлдан ўтказа бошладим, мусиқадан, оламга сочилган бахт ва баракот эпкинидан сарафроз бўлиб, шод-хуррам ҳолда ўтган кун юкини елкамдан ирғитдим-да, қувончли, болаларга хос, беқарор шакл ва қиёфалар дунёси сари қуш, капалак, балиқ бўлиб интилдим.
Ана ўша оқшом ҳақида – ўшанда уйга ҳориб-толиб, аммо бахтиёр ҳолда жуда кеч қайтдим – ҳозир тўхталиб ўтирмайман. Акс ҳолда, каминанинг – ишиатик беморнинг бутун фалсафаси йўққа чиқди деяверинг. Ўша оқшом ҳорғин ва хушбахт, алланимани хиргойи қилиб, уйга қайтдим, буни қаранг, ўша тунда ҳатто уйқу – энг ҳуркак парранда ҳам мендан қочиб-пусиб ўтирмай, аста тушиб келди-да, каминани кўм-кўк қанотларига ўтқазиб, ўзи билан жаннат томон олиб кетди.

Голландиялик

Мазкур бобни ёзишни узоқ вақт пайсалга солиб юрдим. Ахийри бўлмади. Бундан икки ҳафта бурун меҳмонхонадан ўзимга 65-номерни ғоятда пухталик ва эҳтиёткорлик билан танлаб, умуман олганда, пушаймон бўлмадим. Ҳамма жойига чиройли гулқоғозлар ёпиштирилган, деворининг тахмонсимон қилиб ўйилган ўрнига каравот қўйилган ёруғ хона ўзининг янгича, ўзига хос равишда режалаштирилгани билан ҳам каминани хурсанд қилди; ташқаридан ҳеч қандай иморат ёруғликни тўсмайди ва ҳатто бу ердан дарё ҳамда токзорларнинг бинойидек манзараси кўзга ташланади. Булардан ташқари, хона энг юқори қаватда жойлашган, шу сабабли тепамда ҳеч ким яшамайди ва кўча шовқини ҳам бу ерга деярли етиб келмайди. Бир сўз билан айтганда, буёғи омадли бўлди. Шундан сўнг янги қўшниларим ҳақида сўраб-суриштирдим ва кўнгилни хотиржам қиладиган маълумотлар олдим. Бир тарафимда бор-йўқлиги умуман билинмайдиган кекса бир хоним, бошқа томонимда – 64-номерда эса… голландиялик яшаркан! Ана шу жаноб ўтган ўн икки куну ўн икки ғам-ғуссали тун давомида каминанинг бутун фикрларимни билиб олиб, эҳ, сал бўлмаса ўзимни ҳам бутунлай қўлга олволаёзди денг, у мен учун алламбало шахс, аблаҳ, девга айланди. Бир неча кун бўлди, камина уни ниҳоят, енгишга муваффақ бўлдим.
Кўринишига қараб туриб, унинг ҳақида ҳеч қачон бундай фикрларга бормайсан, киши. Мени шунча кун ишлагани қўймаган, менга шунча кун уйқу бермаган голландиялик жаноб, умуман олганда, қандайдир ашаддий тўполончи ёки мусиқа жинниси эмас, у уйга кеч, бевақт ё маст ҳолда келиб, хотинини дўппосламайди, у билан уришмайди, ҳуштак чалмайди, ашула айтмайди, ҳаттоки, безовта қиладиган даражада хуррак ҳам отмайди. У сипо, одобли, навқирон йигит ҳам эмас, балки анча ёшга бориб қолган, соатдек бир маромда ҳаёт кечирадиган, гоҳи-гоҳида учраб турадиган аллақандай ёмон одатларга берилган одам ҳам эмас – энди келиб-келиб ана шундай ибрат бўларли бир фуқаронинг каминага шунчалик азоб бера олиши мумкинмикин?
Ҳа, мумкин экан, ва афсуски, бу – ҳақиқат. Энди мусибатимга келсак, унинг икки асосий, бош сабаблари мана нималардан иборат: 64- ва 65-хоналар ўртасига қурилган эшик столча билан ниқоблаб қўйилган бўлса-да, у асло овоз ўтказмайдиган эшик эмас. Бу биринчи, боз устига, бартараф этиб бўлмайдиган бахтсизлик. Иккинчиси, энг ёмони: голландияликнинг хотини шунақангики, уни рухсат этилган барча воситалар билан ҳам на бу ёруғ оламдан, на 64-хонадан йўқота олмайсан. Бунинг устига, бахтга қарши, қўшниларим ҳам менга ўхшаб, қўноқларнинг нисбатан кам учрайдиган тоифасига мансуб, яъни, вақтининг каттагина қисмини ўз хоналарида ўтказадиганлар хилидан экан.
Агар бу ерга хотиним билан келганимда ёки ашула муаллими бўлганимда, рояль, скрипка, валторна, гаубица ёки қўшноғорам бўлганда борми, ана унда голландиялик қўшним билан жангга кириб, ғалабага умид боғлай олишим мумкин эди. Аслида-чи, нима бўлаяпти денг: голландиялик жуфтлик бутун йигирма тўрт соат мобайнида мен тарафдан бирон дона товуш эшитмайди, айтиш мумкинки, камина уларга худди тождор зотлар ёки оғир касаллардек муомала қиламан, уларга батамом ва мутлақо тинчлик тилаб, муттасил чексиз хайру саховат ёғдириб тураман. Улар-чи, бундайин эзгуликка қандай жавоб қайтаришмоқда? Улар ҳар куни тунги соат ўн иккидан то олтига қадар ухлашади, шу сабабли менга кунига атиги олти соат дам берилади, холос. Ана шу вақтни ишга ё уйқуга сарф этаманми, ибодат билан ёки хаёлга чўмиб ўтказаманми, ихтиёр. Қолган ўн саккиз соат вақтимга эса, эгалик қилолмайман, у каминага тегишли эмас, чунки – ана шу кундалик ўн саккиз соатлик вақт ҳатто маълум бир маънода мутлақо менинг хонамда эмас, балки 64-номерда кечади. Ўн саккиз соат давомида 64-хонадагилар гап сотишади, кулишади, ясан-тусан қилишади, меҳмон кутишади. Йўқ, у ердагилар ўқотар қурол билан ўйнашишмайди, улар мусиқа шайдолари ҳам эмас, бир-бирлари билан муштлашишмайди ҳам, буни тан оламан. Лекин улар на андишани билишади, на юз-хотир қилишади, китоб ҳам ўқишмайди, чакаклари бирпас тинмайди ҳам. Гап-сўзу, суҳбатларнинг чек-чегараси йўқ, баъзан уларникида беш-олтитагача одам тўпланади, кечқурунлари эса эр-хотиннинг гаплари то ўн бир яримга қадар тугамайди. Кейин шиша ва чиннининг жаранги, тиш чўткаларининг ширшири, стулларни нари-бери суришлар ва оғиз чайқаш овозлари бошланади. Сўнгра каравотлар ғичирлаб, шундан кейингина чўккан жимжитлик (буни яна тан оляпман) эрта тонггача, тахминан соат олтига қадар ҳукм суради, сўнг яна ё эр, ё хотин ўрнидан туради, паркет полни қисирлатиб юради, ванна қабул қилиб бўлиб, тезда ортига қайтади; бу орада каминанинг ҳам ванна қабул қиладиган вақти бошланади, қайтиб келганидан кейин эса яна суҳбатларнинг узилган ипи қайтадан уланиб, шовқин-сурон, кулги, стулларни у ёқ-бу ёққа суриш ва ҳоказолар деярли то ярим кечагача ҳам тинмайди.
Бошқаларга ўхшаб, мулоҳазали, ақли расо одам бўлганимда эди, вазиятга осонгина мослаша олардим. Икки киши бир кишидан кўра кучлироқ эканлигини тушуниб етиб, таслим бўлган ва кўпчилик курортчилардан ибрат олиб, кунни хонадан ташқаридаги бирон жойда, қироатхонадами ё чекиш жойидами, йўлакларда, курзалда ёки ресторандами ўтказган, тунда эса маза қилиб ухлаган бўлар эдим. Бироқ камина кундузи ёзув столи атрофида соатлаб танҳо ўтирволиб, кўпинча бутун ёзганларимни кейин йўқотиб ташлаш учунгина зўр диққат билан ўйлашга, зўр бериб ишлашга телбаларча, тинка-мадорни қуритадиган даражада бериламанки, асти қўяверасиз; кечаси эса, гарчи ухлашдан бошқа мақсад бўлмаса ҳам, уйқуга кетишим ниҳоятда оғир кечади, соатлаб чала мудраб ётавераман, уйқум ҳам ўзи қаттиқ эмас, жуда енгил ва нозик, салга ҳам очилиб кетаверади. Соат ўн ё ўн бирларга яқин ҳар қанча чарчаган бўлсам ҳам, қанчалик уйқум келмасин, агар шундоққина биқинимда голландияликлар меҳмон кутишаётган бўлса, ҳеч нарса ёрдам беролмайди, барибир ухлай олмайман. Қачон ярим кеча бўлади-ю, гаагалик менга қачон уйқуни раво кўраркин, деб кутавериб ва эртага қилинажак ишларни ўйлайверганимдан уйқум ҳам қочиб, шунақа хунобим ошадики, озгина мизғиб олишга ҳам улгурмасимданоқ, каминага ажратилган олти соатлик ҳордиқнинг каттагина қисми қулоғини ушлаб кетади.
Каминани мириқиб ухлаш имкониятидан маҳрум қилаётган голландияликка нисбатан даъволаримнинг асоссизлигини ўзим ҳам жуда яхши англашимни тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бормикин? Ёмон ухлашим ҳамда интеллектуал ишқибозликларимга ҳам у эмас, ўзим айбдор эканлигимни жуда яхши билишимни ҳам гапириб ўтишим лозиммикан? Ахир, Бадендан ушбу қайдларни ёзишдан мақсадим кимнидир ёзғириш ёки ўзимни ёқлаш эмас, балки ўз кузатишларимни, майли, улар ҳатто психопатнинг ўзича тушунган бемаъни кузатишлари бўлса ҳам, тасвирлаб, баён қилиб беришдан иборатдир. Бошқа бир, психопатиянинг ҳаққонийлиги тўғрисидаги хийла чалкаш савол ҳақида, муайян тарихий ва маънавий-руҳий шарт-шароитлар остида барча идеалларни қурбон қилиб, ана шу тарихий шарт-шароитларга мослашгандан кўра жинни бўлиш адолатлироқ, олижаноброқ, тўғрироқ иш бўлмасмикин, деган ваҳимали ва одамни дов­диратадиган ушбу савол ҳақида – Нитше замонларидан буён барча эркин, мустақил фикрли доно кишиларни қийнаб келаётган мазкур масала хусусида тўхталиб ўтирмайман; шусиз ҳам бу нарса деярли барча асарларим мавзуига айланган.
Юқорида айтилган сабабларга кўра, голландиялик мен учун чинакам муаммога айланди. Нима учун шундай, сабабини билмадиму, аммо-лекин фикрда ҳам, сўзда ҳам голландиялик билан муносабатим фақат бирлик сонда кечарди. Аслида улар жуфтлик, икки киши-ку. Ё савқи табиий одоб юзасидан эрга қараганда хотинига нисбатан чидамлироқ муносабатда бўлаётгандирман, эҳтимол, ё эркак ўз овози ва оғир қадамлари билан мени кўпроқ ранжитаётгандир, қандай бўлмасин, ҳар ҳолда каминани “лар” эмас, балки айнан “у” – эркак голландиялик қийнамоқда эди. Бу нарсанинг, қисман хийла теран ва табиий сабаблари ҳам бор эдики, мендаги нафрат туйғуси устун келиб, савқи табиий тарзда аёлни четлаб ўтаётган, эркакни афсонавийлаштира бориб, уни ўз душманимга, мухолифимга айлантириб юбораётган эканман: соғлиги мустаҳкам, кўринишдан шод-хуррам голландиялик эркак салобатли гавдаси ҳамда қаппайган ҳамёни билан ҳам камина – аутсайдерга ўз-ўзидан батамом зид эди.
Ёши қирқ учларга борган, ўрта бўйли, зуваласи пишиқ, миқти, соғлом, эс-ҳушли бу жанобнинг ташқи кўриниши яхши таассурот қолдиради. Кулча юзи, юмалоқ, семиз гавдаси айтарли эътиборга молик эмас. Қовоқлари салқиган, оғир, катта калласи гўё жуссасини эзиб тургандек, шунданми, калта бўйни дарҳол кўзга ташланмайди. Гарчи голландияликнинг юриши салмоқли ва одатлари ажойиб бўлса ҳам, тўлалиги ҳамда вазни, афсуски, ҳаракатлари ва қадамларини оғир, вазмин ва бесўнақай қилиб юборардики, бу нарса қўшниларига номатлуб туюлар эди. Овози эса паст ва бир текис бўлиб, деярли кучаймас, оҳанги ҳам ўзгармасди, унинг бутун қиёфаси қандайдир улуғворлик, ишончлилик, хотиржамлик ва кўпроқ ёқимлилик касб этарди. Андак хавотирли жойи шу эдики, у ҳам (Бадендаги деярли барча дам олувчилар сингари) енгил шамоллашга мойил эди, тез-тез ва қаттиқ йўталар, акса урган пайтларида куч-қуввати ошиб-тошиб ётганини сезиш қийин эмасди.
Шундай қилиб, гаагалик мана шу жаноб билан, бахтга қарши, қўшни бўлиб қолдим, у мен учун кундузи – адабий асарларимга қарши курашувчи душман ва офат бўлса, туннинг маълум қисмида – уйқуни ҳаром қиладиган ёвга айланди. Албатта, бундай азоб ва жазо каминани ҳар куни ҳам таъқиб этавермас эди. Гоҳ-гоҳ илиқ ва қуёшли кунлар ҳам келиб қолар, шунда менга очиқ ҳавода ишлаш насиб этарди; меҳмонхона боғидаги буталар панасида, тиззамга папкани қўйволиб, саҳифа кетидан саҳифани бирин-кетин апил-тапил ёзиб ташлардим, ўй суриб, хаёлларга берилардим ёки севимли Жан Полни завқ билан мутолаа қилардим. Аммо совуқ ва ёмғирли кунларда, бунақа кунлар эса кўп бўларди, камина кун бўйи душман билан ёнма-ён қолардим; ёзув столим узра мук тушиб олиб, дамимни чиқармай зўр бериб ишлаётган пайтимда голландиялик девор ортида у ёқдан бу ёққа депсинар, қўлювгичга сувни шаррос очиб, қаттиқ тупургани эшитилар, ўзини оромкурсига таппа ташлаб, хотини билан гапга тушиб кетар, унга латифа айтиб, қаҳ-қаҳ уриб кулар, шу аснода таниш-билишларини ҳам кутиб олиб, кузатиб қўярди. Бундай дамлар кўпинча ниҳоятда оғир кечарди. Тўғри, менинг энг қудратли суянчиғим – ишим бор эди. Камина ҳеч қандай қаҳрамон меҳнаткаш эмасман ва тиришқоқлигим учун мукофот-пукофотга сазовор ҳам бўлмаганман, бироқ агар хаёлимга келган қандайдир образ ёки фикр-ғояларга бир қадар берилиб, ўзим хоҳламасам-да, улар мени ўзига мафтун қилса ва мен ана шу фикр-ғояларга шакл беришга киришиб кетсам борми, ҳеч қандай куч мени бу йўлдан қайтаролмайди ва камина учун бундан муҳимроқ нарса ҳам бўлмайди. 64-номерда бутун Голландия карнавал байрамини нишонлаган пайтлар ҳам бўларди, лекин бу менга сира таъсир қилмасди, инчунин, якка-ёлғиз, ҳайратомуз ҳамда хатарли ўйин-жумбоқ мени ўзига шу қадар мафтун қилардики, қизишиб кетиб, қўлимдаги қаламни титраб-қақшаб маҳкам тутган кўйи фикрларим кетидан қувиб юраверардим, жумлалар тузар, бирданига хаёлимга келган ассоциацияларни танлар, мос келадиган сўзларни зўр бериб излар ва топар эдим. Китобхон учун, эҳтимол, кулгили туюлар, бироқ биз, ёзувчилар учун ёзиш энг қизғин, жўшқин ва ҳаяжон, изтиробларга тўла саргузашт – бўрон-довулли денгиз бўйлаб омонат қайиқда сузиш, олам-коинот узра якка, танҳо парвоз қилишдир. Мияга келган уч дона сўздан биттасини танлаётиб, тузаётган бутун бир жумлангни эшита олишинг ва ҳис қила билишинг керак; жумлани обдон пишитиб, танлаган асар тузилишига ишлов бераётганингда ҳамда унинг (асарнинг) асосий, туб режаси каллакларини тортиб, қотираётганингда қандайдир сирли йўллар оша бутун бир бобнинг, қолаверса, бутун бир китобнинг оҳанги ва мутаносиблигини доимо ҳис қилиб туриш – қандай мароқли, жозибали машғулот бу! Ўз тажрибамга суянадиган бўлсам, ана шундай зўр ғайрат ва диққатни бир жойга жамлай олиш кўникмаси каминага рассомлик санъати билан шуғуллана бошлаган пайтимдан маълум. Бунда тўлиқ ўхшашлик мавжуд. Ҳар бир рангни қўшни ранг билан аниқ ва пухта уйғунлаштириш енгил ва осон, бунга ўрганиш ва сўнгра хоҳлаганча амалда татбиқ этавериш мумкин. Бироқ яна, бундан ташқари, суратнинг барча, ҳатто ҳали чизилмаган ҳамда кўз илғамайдиган қисмларини ҳам доимо кўз ўнгингда кўриб туришинг ва ҳисобга олишинг, бир-бири билан кесишаётган ранг ва нимрангларнинг барча мураккабликларини ҳис қила олишинг керакки, бу ғоятда қийин ва камдан-кам ижодкорга насиб этади.
Шунинг учун ёзувчилик меҳнати кишидан диққатни бир жойга шундай жамлай олишни талаб этадики, ижод учун энг қизғин паллада ташқи қаршилик ҳамда тўсқинликларни бемалол енгса бўлади. Гўё фақат яхши ёритилган, қулай стол атрофида ўзи одатланган ёзув ашёлари, махсус қоғоз ва ҳоказолар билангина ишлай оламан, деб ўйлайдиган муаллиф менга шубҳали туюлади. Албатта, савқи табиий равишда турли хил ташқи қулайлик ва енгилликларни излайсан, бироқ топилмаса, уларсиз ҳам эплайсан. Шу сабабданми, ўзим билан 64-хона ўртасида кўпинча қаламим ёрдамида масофа ўрнатиб, теп-текис ялангдевор қуриб олишга ҳам муваффақ бўлардим, бу эса каминага бирда-ярим унумли ишлашимга имкон туғдирарди. Аммо доимий равишда тўйиб ухламаслик оқибатими, гоҳо сал толиқа бошласам, яна тағин монеликлар пайдо бўлаверарди.
Ишдан ҳам кўра уйқу масаласида аҳволим бешбаттар эди. Шу ўринда ўзимнинг батамом руҳий жиҳатдан асосланган уйқусизлик тўғрисидаги назариямни баён қилиб ўтириш ниятим йўқ. Фақат шуни айтиб ўтмоқчиманки, Голландияга нисбатан вақтинчалик иммунитетни, ишлаётган пайтимда мададкор кучлар ёрдамида гоҳо муваффақ бўлганим 64-номердан ўша узилишни уйқу борасидаги уринишларимга жорий этиб бўлмас эди.
Уйқусизлик касалидан узоқ вақт азият чеккан киши асабий толиқиш ҳолатидаги кўпчилик одамлар сингари ўзидан қай даражада жирканиб, нафратлана бошласа, атрофидаги яқин кишиларга ҳам худди шундай тарзда жирканиш, нафрат ва ҳатто қонхўрлик туйғуларини туя бошлайди. Камина учун ана шундай муҳит Голландия билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, уйқусиз тунларимда менда голландияликка нисбатан нафрат туйғуси аста-секин йиғила бошлади, улардан бутун кун давомида ҳам қутула олмасдим, чунки мендаги қаҳру ғазаб бунга монелик қилар эди. Голландияликнинг айби билан ухлай олмай ётган пайтларимда қаттиқ чарчаш ва ором, осойишталикка ташналик устун келиб иситмам чиқар, қўшнимнинг мағрур, қатъий, вазмин қадамларини, унинг кеккайганнамо ва дадил ҳаракатларини, гулдураган зўр овозини эшитганим сайин унга бўлган нафратим кучайиб борарди.
Шу билан бирга, бундай вазиятда ўз нафратимнинг бемаънилигини ҳамиша маълум даражада англаб етар ва бир лаҳза бўлса-да, унинг устидан кулиб, бу билан уни бир оз пасайтиришга қодир ҳам эдим.
Голландияликнинг бунга шахсан алоқадор эмаслигини хоҳлаганча эслаб, ўзимга-ўзим исботлаб бера олсам ҳам, барибир пировардида ҳеч нима ёрдам беролмасди. Мен уни, нафақат ярим кечада қаттиқ товуш билан юриб, баланд овозда гаплашиб, кулиб, аслидаям бетакаллуф-беадаблик қилиб, каминага ҳақиқатан ҳам халақит берган пайтлардагина эмас, умуман ёмон кўриб қолган эдим. Йўқ, мен энди ундан чинакамига нафратланардим, бу – иши юришмаган майда дўкондор-насронийнинг яҳудийларга адовати сингари ашаддий, қўпол ва аҳмоқона, камина ҳамиша бошқаларга қоралаб келадиган ўша бемаъни, ҳайвоний, беҳуда ҳамда моҳиятан нафратнинг қўрқоқ ва ҳасадгўй бир тури, сиёсатни, амалий ҳамда ижтимоий ҳаётни заҳарлайдиган, ўзимни асло бунга қодир деб билмаган нафрат эди. Мен унинг нафақат йўталишидан, овозидан, балки унинг ўзидан, бутун бир одамдан нафратланардим, у эса қувноқ, ҳеч нарсадан шубҳаланмас, мабодо кундузи рўпара келиб қолгудек бўлса, бу мен учун ғирт душман ва ярамас одам билан учрашувга айланар, бор фалсафам ҳис-туйғуларимга эрк бермасликкагина етарди, холос. Унинг сип-силлиқ, мулойим жилмайиб турган башараси, салқиган қовоқлари, табассум жилва қилаётган дўрдоқ лаблари, урф бўлган таранг нимчаси остидаги семиз қорни, қадам ташлашлари, ўзини тута билиши, борингки, барчаси бир бўлиб, нафратимни қўзғатар, ҳаммасидан ҳам кўра, унинг куч-қуввати, саломатлиги ҳамда собитлигидан гувоҳлик берувчи сон-саноқсиз далилларни, унинг кулгисини, мулойимлигини, серғайрат ҳаракатларини, эринчоқликка мойил нигоҳини, унинг биологик ва ижтимоий устунлигидан далолат берувчи мана шу барча аломат-белгиларни кўргани кўзим йўқ эди. Ахир, кечаю кундуз бошқа бировларнинг уйқуси, куч-қуввати ҳисобига яшаганингдан кейин, кечаю кундуз қўшниларингнинг хушмуомалалиги, индамаслиги ва сабр-тоқатидан фойдаланиб, ўзинг эса уят ҳамда инсоф-диёнатни йиғиштириб қўйиб, хоҳласанг шовқин солиб, тўполон қилиб, бутун уйни бошингга кўтарганингдан кейин, албатта, ўзингни соғлом, мулойим-дилкаш ва яхши одам қилиб кўрсатишдан осони борми. Жин урсин-а, голландиялик бу жанобни! Шу топда бирданига кўз олдимда учар голландиялик ғира-шира пайдо бўлди – мабодо у ҳам ашаддий аблаҳ, ёвуз золим бўлмаганмикин ишқилиб? Айниқса, ёзувчи Мультатули қачонлардир ўзининг қайси бир асарида малайялилар (Малай оролларининг туб аҳолиси)нинг қонини сўриб, уларни эзиш ҳисобига текин бойлик орттирган ўша семиз маишатпараст голландияликни боплаб тасвирлаганлиги ёдимга тушди. Баракалла, Мультатули!
Каминанинг ҳис-туйғулари ва фикрлаш тарзи, иймон-эътиқоди ҳамда қарашлари билан яхши таниш бўлган дўстларим мазкур арзимас ҳолатдан нечоғли изтироб чекканлигимни, бегуноҳ бир кишига нисбатан ўзим ҳам чин дилдан рад этаётган шундай бир ғайриихтиёрий – бунинг устига “душманим”нинг айбсизлиги ва унга бўлган ноҳақ муносабатим боиси эмас, балки энг аввало, ўз хатти-ҳаракатларимнинг бемаънилиги, ўзимнинг ҳақиқий феъл-атворим, юриш-туришим билан мендаги ақл-идрок, ишонч-эътиқод ва маслакни белгилайдиган жамики нарса ўртасидаги чуқур, мустаҳкам зиддият сабаб бўлган нафратдан қанчалик ташвишга тушиб, қийналганимни тасаввур қила оладилар. Зотан, менинг энг теран ишонч-эътиқодим, мен учун энг муқаддас маслак бирликдан, бутун коинотнинг илоҳий бирлигидан иборатдир, зеро, барча кулфат, азоб-уқубатлар, барча ёвузликларнинг келиб чиқишига сабаб шуки, биз, ҳар биримиз ўзимизнинг бутун бир яхлитликнинг ажралмас бир бўлаги эканлигимизни идрок этмай қўйдик, яъни бизнинг “мен”имиз ўз мазмун-моҳиятига ортиқча баҳо бериб юбормоқда. Камина ҳаётда кўп изтироб чекканман, кўп номаъқул ишларни қилиб, ўз айбимга кўра, оғир ва аччиқ дамларни ҳам бошдан кечирганман, бироқ ҳамиша ва муттасил равишда нажот топиб, эсон-омон қутулиш, ўз “мен”имни унутиб, ундан воз кечиш, бир бутунликни ҳис этиш, ботин ва зоҳир ўртасидаги, “мен” билан олам ўртасидаги ихтилофни хомхаёл билиб, унга кўз юмиб, ана ўша яхлитлик ичра ожизона аралашиб кетиш насиб этган. Бу нарса менга ҳеч қачон осон бўлмас, каминани авлиё деса ҳам бўлаверади, лекин шунга қарамасдан мен билан ҳар доим ва ҳамиша мўъжиза такрорланаверарди – уни насроний теологлар ажойиб “роҳат-фароғат” деб атайдилар, у тинчлик-осойишталик, қаршилик қилмаслик, ихтиёрий қабул қилишдан иборат илоҳий ҳолат бўлиб, насронийларга ўз манфаатидан воз кечиш ёки бир бутунликни ҳиндуларча англашдан ўзга нарса эмасди. Мана энди – эвоҳ! – яна тағин ҳар қандай бутунликдан мосуво бўлиб, узилган, тарқоқ, азобланаётган, нафратланувчи, адоват-хусуматли “мен”га айланиб ўтирибман. Албатта, бунақалар бор, мен ёлғиз эмасман, бутун ҳаёти доимий курашдан, атрофдаги оламга зид ўлароқ жангариларча ўз “мен”ини даъво қилишдан иборат бўлган одамлар кўпчиликни ташкил этади. Уларга бир бутунлик, меҳр-муҳаббат ва уйғунлик тўғрисидаги фикр номаълум ва ёт эди. Бундай фикр бемаънилик ҳамда ожизлик бўлиб туюлар. Буни қўя турайлик. Бугунги инсон мансуб бўлган, ҳамма эътироф этган амалдаги дин айнан ўз “мен”ини ва ўз курашини улуғлашдан иборат. Бироқ одам ўз “мен”ини бундай пеш қилганда ўзини яхши ҳис этади ва бундайин курашга, эҳтимол, фақат оддий одамларгина, кучли, пок ибтидоий мавжудотларгина қодирдир, у ҳолда азоб-уқубатлардан кўзлари очилган, кулфат-заҳматлардан руҳланган доно, билимдон кишиларга ушбу курашда бахт-омад ёр бўлмайди, улар учун бахт фақат ўзни унутишда, бир бутунликни ҳис этишдадир. Эҳ, ўзларини яхши кўрадиган ва душманларидан нафратлана оладиган содда, гўл одамларга маза, ўзларидан сираям шубҳаланмайдиган ватанпарварларга ҳам маза, чунки ахир мамлакатлари бошига тушган мусибатлар ва қашшоқликда уларнинг заррача айби йўқ-да, албатта ҳаммасига фақат французлар ё руслар ёки яҳудийлар, ким бўлса ҳам барибир, лекин ҳамиша бошқа бировлар, доимо “душман” айбдор! Эҳтимол, бу одамлар, ер юзида яшовчиларнинг ўндан тўққизи, аслида ҳам ўзларининг ёввойи, ибтидоий динлари билан бахтлидир, балки ўзларининг ақлсиз ёки ақлга душман бўлган совутларида енгил ва қувноқ ҳаёт кечиришаётгандир – гарчи бу хийла шубҳали туюлса ҳам, лекин барибир ўша одамларнинг ва каминанинг бахт-иқболи-ю, азоб-кулфатлари учун умумий ўлчов, меъёрни қаердан ҳам топиш мумкин?
Шу хилдаги ўй-мулоҳазалар билан узоқ тунни тўлғаниб ўтказдим. Шундоқ ёнгинамдаги хонада голландиялик йўталиб, туфлаб, у ёқдан бу ёққа депсиниб турар, камина эса унинг қурбонига айланиб, тер босиб, ўринда дармоним қуриб ётардим, узоқ мутолаа (бошқа нимаям қила олардим)дан кўзларим лўқиллаб оғрирди, ниҳоят: бас, етар, бу ҳолга, бундай азоб ва иснодга чек қўйиш керак, деган қарорга келдим. Лекин ушбу ишонч ёки аҳд қарор топиб улгурмай, ўта азобли дақиқаларда одатда ҳар қандай асабий одамнинг ҳам миясига тентак хаёллар келганидек, дилимни шу дамда: “бу машаққатни охиригача чекиб, сўнг бир ёқли қилиш керак”, деган фикр тонг чоғининг бераҳм совуғидек ўртай бошлади. Мазкур аянчли вазиятдан каминани фақат икки йўл қутқара оладигандек туюлди, энди улардан бирини танлашим: ё ўзимни ўзим ўлдиришим ёки голландияликнинг гирибонидан олиб, таъзирини бериб ғолиб чиқишим керак эди (шу пайт у яна ваҳимали тарзда йўтала бошлади). Иккала ғоя ҳам, гарчи бир қадар енгилтак бўлиб кўринса-да, ажойиб ва нажотбахш эди. Барчага маълум ва маъқул бўлган усуллардан бирини қўллаб, ўзимни ўлдириш ҳақидаги фикр ҳам жуда соз эди. Бирма-бир чамалаб кўраётган пайтингда беихтиёр кўнглингдан: “Мен-ку ҳозир ўзимни ўзим бўғизлайман, аммо сенларга қийин!” деган барча ўзини ўзи ўлдирувчиларга хос болаларча ўй-фикр ўтиши турган гап. Бироқ бошқа бир манзара янаям ажойиб эди – ўзимни эмас, голландияликни бир ёқли қилишим, уни бўғиб ўлдиришим ёки отиб ташлашим, шу тариқа тирик қолиб, унинг дағал, руҳсиз ҳаётсеварлиги устидан ғолиб келиб, тантана қилишим керак эди.
Дарвоқе, ўзимни ёки душманимни йўқ қилиш ҳақидаги ушбу гўлларча хаёлларим тез орада барҳам топди. Тўғри, маълум бир вақтга қадар улар билан овуниб, ўзим истаган манзарадан паноҳ излашим мумкин эди, бироқ улар ҳам тезда хира тортиб, ўз жозибасини йўқотди, негаки бундайин лабиринт бўйлаб бир оз адашиб юрилгач, ҳар қандай зўр истак ҳам саробга айланарди, тан олиб айтаманки, бу нарса фақат бир лаҳзалик талвасанинг тўлови бўлиб, камина аслида на ўзимнинг, на голландияликнинг ўлимини астойдил тиламаган эдим. Мен учун уни бу ердан чиқариб юборишнинг ўзи ҳам кифоя эди. Шунда уни кетказишни конкрет образларда ифода этишга уриниб кўрдим, чироқни ёқиб, тунги столим тортмасидан темирйўл маълумотномасини олдим-да, эринмасдан голландиялик учун бекамикўст маршрут тузиб чиқдим, бунга кўра, у эртага тонг отар-отмас бу ердан жўнаб кетиши, ватанига имкони борича тезроқ етиб олиши лозим эди. Мазкур машғулот каминага қандайдир ҳузур бағишлади: голландиялик тонг қоронғусида ўрнидан туришини тасаввур қила бошладим, унинг 64-хонада охирги марта ювиниб-тараниб, кийинишини, пойафзалини оёғига илиб, эшикни қарсиллатиб ёпиб кетишини кўриб, эшитиб турардим, совуқда қунишиб, вокзалга боришини, у ердан жўнаб кетишини, эрталаб соат саккизда Базелда француз божхона хизматчилари билан уришиб-суришаётганини кўриб турардим, хаёлан уни қанчалик узоққа ҳайдаб борганим сайин, кўнглим шунчалик равшан тортар эди. Бироқ Парижга етиб борганда тасаввурим панд берди, азизимни Голландия чегарасига обориб қўймасимдан анча олдиноқ бутун манзара бузилиб, бўлиниб, парча-парча бўлиб кетди.
Буларнинг барчаси, албатта, ўйин, эрмак эди. Ғанимни – ичимдаги душманни жўнгина ва осонликча мағлуб этиб бўлмасди. Гап умуман голландияликдан бир амаллаб ўч олишда эмас, балки унга нисбатан ўзимга муносиб ва бамаъни мавқе, йўл топишда эди. Вазифа аниқ: голландияликка нисбатан беҳуда нафратимни енгиб, уни яхши кўриб қолишим лозим. Ўшанда у қанчалик тупурмасин, қанчалик шовқин солмасин, устунлик мен томонда бўлади, каминага эса жин ҳам урмайди. Агар мен уни ёқтириб қолгудек бўлсам, унга ҳеч қандай саломатлик ҳам, куч-ғайрат ҳам ёрдам беролмайди, шунда у менга бўйсунади, шунда унинг қиёфаси мендаги бир бутунлик ҳақидаги ғоя билан зиддиятга киришмайди. Мақсад арзирли экан, ишга киришиш, уйқусиз тунни беҳуда ўтказмаслик керак!
Вазифа қанчалик осон туюлгани билан шу қадар мураккаб эди, уни ҳал этиш учун ҳақиқатан ҳам деярли бутун тун бўйи овора бўлдим. Голландияликни тубдан ўзгартириб, қайтадан яратишим, уни ўз нафратим, азоб-уқубатларим манбаидан меҳр-муҳаббатим, хайрихоҳлигим ва дўстона туйғуларим объектига айлантиришим керак эди. Мабодо бунинг уддасидан чиқолмасам, унда тамом бўлдим, голландиялик илгаригидек жонимдан тўйдириб юборади, яна қанча куну тун бу суяк томоғимга тиқилаверади. Қилишим лозим бўлган иш атиги “ғанимларингизни севинг”, деган мўъжизакор ўгитни бажариш эди, холос. Камина кўпдан бери Инжилнинг ушбу ром этувчи ажиб ибораларини панду насиҳат, ”қилишинг лозим” тарзидаги буйруқ сифатида эмас, балки чинакам донишманднинг: “сен аввал ушбу ўгитни бир марта бўлса ҳам аниқ бажариб кўр-чи, қанчалик енгил тортаркинсан”, дея бераётган дўстона маслаҳатларидек қабул қилишга одатланганман. Мазкур сўзлар замирида нафақат юксак ахлоқ-одоб талаблари, балки руҳий хотиржамлик ҳақидаги энг доно ва энг олий таълимот мужассам эканлигини, меҳр-муҳаббат тўғрисидаги бутун Инжил назарияси бошқа барча фазилатлари билан бир қаторда ажойиб руҳий муолажа ҳам эканлигини англаб етганман. Бу масалада бир нарса мутлақо равшан эдики, ўқишни эндигина битирган энг тажрибасиз психоаналитик ҳам мен билан нажот ўртасида биргина йўл борлигини – ўз душманимга меҳр қўйиб, уни яхши кўриб қолишим талаб этилаётганини бемалол тасдиқлаб бера оларди.
Хўш, шундай қилиб десангиз, зўр мувафақиятни қўлга киритдим. У энди томоғимга суяк бўлиб тиқилолмас, уни эритиб, қайтадан қуйиб ташладим. Лекин бу иш осонликча бўлмади, бунинг учун зўр ғайрат билан меҳнат қилишимга, тунда икки-уч соатлаб кучли руҳий зўриқишни бошдан кечиришимга тўғри келди. Аммо ўз мақсадимга эришган эдим. Ишни голландияликни дилимда бор бўй-басти билан гавдалантиришдан бошладим. Энди унинг таҳдидли қиёфасини, қўллари-ю, ҳар бир бармоғидан тортиб, то ботинкаси, қошлари, чаккасидаги ҳар бир дона ажингача аниқ ва равшан кўриб турар, уни буткул эгаллаб олган ва юришга, ўтиришга, ухлашга бамайлихотир мажбурлай олардим. Эрталаб тишларини тозалаётган, кечқурунлари эса ўринда уйқуга кетаётган ҳолда тасаввур қилардим, чарчаб, ҳориганидан қовоқлари юмилиб кетаётганини, бўйни ва калласи шалвираб, ёстиққа ёнбошлаётганини аниқ-тиниқ кўриб турардим. Бунинг учун бир соат чамаси овора бўлдим-ов. Аммо-лекин кўп нарсага эришдим ўзиям. Ёзувчи учун яхши кўриб қолиш – ўзига олиш, ўзлаштириш, ўз фантазиясига сингдириш, меҳр тафти-ла илитиб, эркалаб, ардоқлаб, ўйнатиб, у ёқ-бу ёққа айлантириб, бураб, қалбининг бир парчасини бағишлаб, ўз нафасидан баҳраманд қилиб, жон ато этиш демакдир. Камина ҳам, ғанимимни тамомила эгаллаб олмагунимча ва у менга бутунлай сингиб кетмагунча шундай қилдим. Агар унинг бўйни калтароқ бўлмагандами, роса қийналган бўлардим. Ҳа, унинг бўйни жонимга оро кирди. Голландияликни хоҳлаганимча кийинтириб-ечинтирар, дам калта иштон ё сюртукни раво кўрсам, дам байдаркага ёки овқатланиш столи ёнига ўтқазар, ундан аскар, қирол, тиланчи, қул, чол ё бола ясардим, лекин қиёфаси қанчалик ўзгармасин, барибир калта бўйни ва бир оз чақчайган кўзлари аввалгидек сақланиб қолаверарди. Бу белгилар унинг заиф жойлари бўлиб, худди ана шу ерга қаттиқ ҳужум қилишим керак эди. Голландияликни яшартириш хийла қийин кечди, уни навқирон эр, куёв, талаба ва ўқувчига айлантириш учун анча овора бўлдим. Ниҳоят, у кичкинагина болага эврилган эди. Бўйнини кўриб, менда унга нисбатан илк бор хайрихоҳлик уйғонди. Ачиниш ва раҳм-шафқат орқали қалбимга йўл топди – бақувват питрак болада нафас бўғилишига мойилликнинг илк аломатлари пайдо бўлган, бу билан ота-онасини қаттиқ ташвишга қўйиши мумкин эди. Ўша ачиниш ва раҳм-шафқат йўлида давом этдим, шунда келгуси йиллар ҳамда босқичларни ҳам бирров чамалаб олиш қийин бўлмади. Ниҳоят, эришган натижам – бечора ўн ёшга кексайиб, илк зарбага дуч келганини кўриб туриб, унга ногоҳ раҳмим келиб кетди – лаблари дўрдайган, қовоқлари осилган, овози ҳам бўғиқ, энди ҳамма нарса унинг фойдасига гапирарди. Голландиялик тийиқсиз фантазиям билан ўлмасидан олдин инсонлиги, ожизлиги, муқаррар қазоси менга шу қадар таъсир қилдики, унга ортиқ ёмонлик тилашни бас қилдим. Шунда ўзим ҳам қувониб кетдим, унинг кўзлари абадий юмилган, ўзимнинг кўзларим ҳам аста юмилиб борарди, негаки оқариб тонг отаётган эди, камина эса тунги узоқ ижод азобларидан ҳориб-толиб, болиш узра ола кўланка янглиғ тебраниб турардим.
Кейинги кун ва тун Голландия устидан қозонган ғалабамга бир неча бор амин бўлдим. Қўшним ҳар қанча кулсин, йўталсин, соғлигини хоҳлаганча кўз-кўз қилиб чирансин, хонада истаганча у ёқдан бу ёққа бориб келсин, стулларни нари-бери сурсин, ҳазил-ҳузул қилсин, барибир мени энди ҳеч нарса мувозанатдан чиқаришга қодир эмасди. Кундузлари бемалол ишлаб, кечалари тинчгина ухлайдиган бўлдим.
Камина ғалаба қозонган эдим, бироқ тантанам узоққа чўзилмади. Ўша музаффар тонгдан сўнг, иккинчи суткага ўтар кечаси голландиялик тўсатдан жўнаб кетди. Бу билан у мендан яна ғолиб келган, энг қизиғи, бир қадар ҳафсаламни пир қилиб кетган эди, негаки қийинчилик билан эришган меҳр-муҳаббатим энди ҳеч кимга керак эмасди. Илгари унинг жўнаб кетишини астойдил орзу қилган бўлсам, энди ўзим бундан ранжиётган эдим. Унинг ўрнига 64-хонага кичкинагина, оддийгина хоним келиб жойлашди, у резина учли ҳассага суяниб юрарди. Аммо у хоним деярли кўринмас, овозини ҳам эшитмасдим. Жуда яхши, худди кўнглимдаги қўшни эди, ҳеч қачон халақит бермаган, мени ранжитмаган. Лекин ўтиб кетган бўлса ҳам айтишим керак, орадан бирор ҳафта ё сал кўпроқ вақт ўтди-ю, янги қўшнидан ҳам кўнглим қолди. Қани энди яна ўша, ўзим ниҳоят ёқтириб қолган голландиялик қўшним қайтиб келса-ю, девор-дармиён бўлиб бирга яшасак, дердим ўзимга ўзим.

Маъюслик

Ҳозир ўша Бадендаги илк кунларимнинг некбинлиги-ю, ўшандаги болаларча қувончли умидларим, бу ердаги обиҳаёт билан даволанишга бўлган соддаларча ишончим ва, айниқса,бир оз беадаб хомхаёл ҳамда бачкана мағрурлигим, ўзимни бошқаларга нисбатан навқирон ва тетикроқ, бутунлай енгил бемор ҳисоблаб, ўша илк кунларнинг шўх-енгилтак кайфиятини, Баденга бўлган содда-саркаш эътимодимни, ўзимдаги ишиасни беозор ва тузаладиган касаллик деб ўйлаб илиқ-иссиқ булоқ-чашмаларга, курортдаги шифокорга, диатермия ва кварц лампага бўлган умидимни эсласам, – кўзгу олдига бориб, тилимни чиқариб илжайишдан ўзимни аранг тия оламан. Ё товба, энди бу орзу-умидларнинг саробга айланганини қаранг, қўлидаги ингичка ҳассасини ўйнатиб, ўзига бино қўйганча Баденштрассе бўйлаб диконглаб жилмайиб тушиб келган ўша хушбичим, мулойим, хайрихоҳ, меҳрибон мусофирнинг шарти кетиб, парти қолибди-ю! Шунақаям аҳмоқ бўламанми-я! Боз устига, ўшанда ўзим ижро этган ва ингичка ҳассам қолиб, кўз-кўз қилганим шу қадар некбин, пардозланган, замонасоз ва дунёвий фалсафамдан асар ҳам қолмабди-ю!
Тўғри, ҳасса-ку, қандай бўлса, шундайлигича турибди. Аммо куни кеча ҳаммомчининг нафисгина ҳассачамга лаънати резина учлик ўрнатиб берай, деган таклифини аччиқ билан рад этганим-чи. Ушбу таклиф эртага ҳам такрорлангудек бўлса, уни қабул қилмаслигимга ким ҳам кафолат бера оларди?
Нафақат юрганимда қаттиқ оғриқ пайдо бўлаяпти, ўтиролмаяпман ҳам, шу боис уч кундан берисига кўпроқ ётаман денг. Эрталаб ваннадан чиққандан сўнг, зиғирдеккина икки тош зинадан чиқишим шунақаям оғир бўладики, – ҳарсиллаб, терлаб-пишиб аранг кўтариламан, эгнимга чойшабни зўрға ташлайману, стулга чўккан кўйим узоқ ўтириб қоламан. Тунги туфли билан халатни кийиш ёқимсиз оғир мажбуриятга, олтингугурт булоғигача, сўнг у ердан лифтгача ва лифтдан то ётоқхонагача йўл – энг сердиққат, азобли ва чексиз саёҳатга айланади. Эрталабки мана шу саёҳатим чоғида мумкин бўлган барча ёрдамчи воситалардан фойдаланаман, ҳаммомчини этагидан тутволиб, эшик кесакисини, панжара ва деворни маҳкам ушлаб оламан ва ҳар қанақанги эстетиканинг баҳридан ўтиб, орқам билан бурилволиб, ўзим қачонлардир (о, бунга анча бўлган!) денгиз арслонига қиёс қилганим ўша кекса хоним янглиғ ярим сузган ҳолда ва оғир вазнла ҳалокатга маҳкум бир алфозда оёқларимни ишга соламан. Башарти ана шундай енгилтак ҳазил қачонлардир қизиқчининг ўзига қарши қаратилган бўлиб чиқса, шубҳага ўрин йўқ, бу бўлган гап.
Эрталаб каравот четида ўтирарканман, тунги туфлимни олиш учун эгилиб, букилишдек оғир вазифадан чўчиб ёки ваннадан сўнг ўлгудек чарчаб, стулда чала мудраб ўтирган чоғларимда яқингинада, бундан атиги бир неча ҳафта муқаддам эрталаблари ўрнимдан сакраб туриб, нафас олиш машқларини ғайрат билан ва аниқ бажариб, кўкрак қафасимни кенгайтирган, қорнимни эса тарашадек таранг қилиб, ўпкамдаги ҳавони худди гобойдан чиққандек, дадиллик билан ва бир маромда чиқарган кезларим хотирамда қайта жонланар эди. Бир пайтлар тиззаларимни букмасдан адл туриб, оёқ учида узоқ чўзилиб, аста-секин ва тўлиқ ўтириб-туриш ҳамда ҳар қандай мураккаб гимнастика машқларини ҳам бажара олганим ҳақиқат бўлса ҳам, ҳозир бу гапларга ишониш қийин бўлса керак!
Тўғри, курс бошланишидан олдин каминани ҳам шу хилдаги зўриқишлар рўй бериши, ванналар кишини жуда толиқтириб юбориши ва кўплаб беморларда даволаниш чоғида оғриқлар ҳатто кучайиши ҳам мумкинлиги хусуида огоҳлантиришганди. Ўшанда бунга хўш, нима бўпти, дея бош ирғаб қўяқолганман. Лекин одамнинг баъзан шунақаям қаттиқ чарчашини, оғриқлар шу қадар кучли бўлиши ва ҳатто қайғули оқибатларга олиб келиши ҳам мумкинлигини сираям кутмагандим. Бир ҳафтанинг ўзидаёқ хонада ёки боғдаги ўриндиқда ялпайиб ўтирадиган, ўрнидан аранг тура оладиган ва зинадан кўтарилишга ҳам мадори етмайдиган, лифтга чиқиб-тушишда дастёр боланинг кўмагига таянадиган мункиллаган чолга айландим-қолдим.
Ташқи олам ҳам каминага ҳар турли кўнгилсизликларни ҳозирлаб қўйган экан. Шундоққина олдимда, Цюриҳда яшайдиган кўпгина дўстларим касаллигимни ва бу ерда даволанаётганимни яхши билишади, иккитаси ҳатто, бу ёққа келаётиб кўриб ўтган пайтимда каминани йўқлаб, ҳолимдан хабар олишга ҳам қаттиқ ваъдалашган эди. Келишга-ку, ҳеч ким келмади, албатта келмайди ҳам; шундай деб ўйлаб, олдиндан ўзимча хурсанд бўлгандим, лекин барибир бартараф этиб бўлмайдиган енгилтаклигимга нисбат беришга тўғри келади. Йўқ, улар келишолмайди, албатта, уларнинг бандлигини, барчаси бечора ва ҳолдан тойган одамлар эканлигини, деярли кунига театр, ресторан ва меҳмондорчиликдан чарчаб келгач, қанчалик кеч ётишларини ҳам яхши биламан-ку; бу ҳақда ўйламаслик ва ёш болага ўхшаб, – улар каминани, зерикарли, касал чолни йўқлашдан, худо билади, нима ҳузур топишарди, – соддалик билан буни кутиш ҳам, менимча, бемаънилик бўлур эди. Бироқ мен ҳар доим энг мумкин бўлмаган, ақлга тўғри келмайдиган, амалга ошмайдиган амри маҳол нарсаларни ўйлаб, мўлжаллаб юраман; бирор киши билан танишганим заҳоти уни ёқимтой, истараси иссиқ деб ҳисоблайман-да, унга барча хислату фазилатларни “ёпиштира” бошлайман, бу ҳам етмагандек, ундан шуларни талаб ҳам қиламан ва мабодо кутганларим ўзини оқламаса, ҳафсалам пир бўлиб ранжийман-қоламан. Меҳмонхонамиздаги кетворган гўзал ёш бир хоним билан ҳам худди шундай бўлганди, у билан бир неча бор суҳбат қуриб, уни жуда ёқтириб қолгандим. Тўғри, ўзининг севимли китоблари сифатида шунчаки эрмак учун ўқиладиган бир нечта энг бемаза, тутуриқсиз, кўнгилочар романларни санаб ўтгач, бир зум довдираб қолдим, шунда ўзимга ўзим, адабиёт масалаларида мутахассис ва билимдон бўлатуриб, бу борада бошқалардан ҳам худди шундай билим ва савияни кутишим тўғримикин, дея савол бердим. Китобларнинг сарлавҳаларини бирров ўқиб чиқдим-да, ўзимни ўзим айбдор санаб қўяқолдим ва хонимдан фақат энг гўзал сўзлару олижаноб хатти-ҳаракатлар кутишда давом этдим. Куни кеча оқшом меҳмонхонада ана шу хоним кутилмаганда қотилликка қўл уриб ўтирса денг! Шундай дилбар, ёқимли, гўзал бир аёл, албатта, менинг олдимда ҳатто болани бир чертиш ё бирор жониворга азоб беришга ҳеч қачон журъат қила олмаган бўларди, шундоқ кенг пешона, маъсум кўзлар соҳибаси рояль ёнига жойлашиб ўтириб олгач, кўз олдимда нўноқ, бироқ кучли қўллари билан ўн саккизинчи асрнинг энг кўркам, энг гўзал менуэтини… “зўрлаб”, тинчитди-қўйди! Бундан даҳшатга тушиб, уятдан қизариб-бўзардим, лекин энг ёмони шуки, хунук бир иш содир бўлгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келгани йўқ, бемаъни даъво-талабларимга келсак, камина бу борада ўзи ёлғиз эди. О, ўзимнинг одатдаги ёлғизлигим, кулбаи-вайронамни нақадар соғиниб қўмсадим шу дамда, уни асло тарк этмасам бўлар экан, у ерда азоб-уқубат ва кулфатлар етарли эса-да, бироқ бунинг эвазига рояллар йўқ эди, адабий суҳбатлар йўқ эди, каминага маданий яқин кишилар ҳам йўқ эди у ерда!
Ҳа, мазкур даволаниш, қолаверса бутун Баден – буларнинг барчаси роса кўнглимга урди. Маълум бўлишича, меҳмонхонадаги қўноқларнинг кўпчилиги Баденга биринчи марта эмас, балки олтинчи, ҳатто ўнинчи марта келганлари ҳам бор ва эҳтимоллик назариясига кўра, уларнинг барчаси, яъни модда алмашинуви бўйича барча беморлар билан қандай бўлса, мен билан ҳам шубҳасиз худди шундай бўлади: касаллик йилдан-йилга тобора кучайиб, зўрайиб бораверади ва соғайишга умид ўз навбатида янада камтарона орзу – лоақал вақтинчалик енгилликка эришиш учун Баденга ҳар йили келиб-кетиш билан алмашинаверади. Тўғри, шифокор аввалгидек, ўз хулосаларига қатъий ишонтириб туриб олади, ахир, унинг касби шу бўлгандан кейин нима ҳам қилсин, биз – даволанувчи беморларнинг эса ташқи кўринишимиз яхши, саломатлигимиз ҳам бинойидек таассурот уйғотади, бунга сабаб – кўлам жиҳатидан – мўл-кўл, тўкин-сочин овқат, катта-катта еб-ичиш, ранг-тусимизга эса – бизга зийнатбоп қорайиш бахш этгувчи кварц лампа сабабчи, бунинг натижасида бизларни ҳозиргина тоғдан тушган алпинистлар деб ўйлашлари ҳам турган гап.
Яна тағин денг, одамни ялқов қилиб юборадиган мана шу курорт муҳитида ахлоқан тубанлашиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас экан. Узоқ йиллар мобайнида орттирган тузуккина одатларим, қаттиқчиликка чидаш, сабр-қаноатли бўлиш, ўртамиёна еб-ичиш кўникмаларим, нафас олиш машқлари ва гимнастика билан шуғулланишлар ҳам деярли йўқ бўлиб кетди, тағин шифокорнинг бевосита розилиги билан денг; каминанинг дастлабки кузатиш ва ишлаш ниятлари ҳам худди шундай тарзда бутунлай сўнди. Бўлмаса, мана шу Psychologia balnearia ҳақида қайғуриб ўтирармидим. Аксинча, унинг ўзи аввалбошданоқ ҳунар, қилиқ эди, бадиий асар яратишдек мақсадга қаратилган уриниш эмас, балки атиги машғулот, кўзлар ва қўллар учун мўлжалланган кундалик шуғулланиш эди, холос. Шунда денг, ялқовлик устун келса, шунданми, ёзув-чизувга ҳам ҳозир камроқ сиёҳ сарфлаяпман. Агар номутаносиб равишда қийинчилик билан қўлга киритилган, голландиялик устидан эришган ғалабам бўлмагандами, унда чиндан ҳам турғунлик ва таназзулни қайд этишга мажбур бўлардим. Ва баъзи бир жиҳатлар нуқтаи-назаридан мен учун бошқа ҳеч нарса қолмасди. Энг аввало шуни айтиш керакки, каминани барча эзгу ва фойдали ишлардан, чунончи, ҳар қандай, ҳатто арзимас нарсалардан ҳам, жисмоний ҳаракатлардан ҳам тийиб турувчи қандайдир сустлик, ланжлик деймизми, ғамгин бир танбалликми, чулғаб олган. Ўзимни қисқа сайр қилишга ҳам аранг мажбурлай олардим, овқатдан сўнг эса, ванна ва муолажалардан кейин бўлгани каби, ўринда ва шезлонгда соатлаб ағанаб ётаман; аҳволи руҳиямга келсак, бу ҳақда кейинроқ, бурч туйғусидан батамом мосуво бўлмаган ҳолда баъзида бирда-ярим соат вақт сарфлаб ёзаётган ушбу бемаъни хотираларимни қачонлардир қайта, яна бир бор ўқиб чиққанимдан кейингина янада яққолроқ тасаввур ҳосил қилсам керак, деб ўйлайман. Алалхусус, турган-битганим яккаш ланжлик, бемаъни зерикиш, серуйқуликдан иборат бўлди-қолди.
Бироқ шу ўринда яна бир уятлироқ эътирофни айтиб ўтмасам бўлмайди. У ҳам бўлса, на ишлагим, на ўйлагим келади, ҳатто ўқигим ҳам келмай қолди, руҳан ва жисмонан ҳар қандай бардамлик, тетиклик ва куч-қувват, ғайрат-шижоатдан ҳам маҳрум бўлдим ҳисоб – буларнинг ўзи етмаганидек, янада ёмонроқ бир нима ҳам бор эди: камина айнан курортдаги бекорчиликдан иборат ҳаётимизнинг енгилтак ва бемаъни, қуруқ ва бузуқ томонларига мазахўрак бўла бошладим. Масалан дейлик, бизга тушликда бериладиган барча тансиқ таомларни бошида бўлгани каби зинҳор шунчаки ҳазиллашиб ё ботиний устунликни ҳис этиб ёки лоақал истеҳзо, киноя билан эмас – йўқ, шундай паққос туширадиган бўлдим, гарчи очлик нима эканлигини аллақачонлар унутиб юборган бўлсам ҳам. Узундан-узун таомномадаги кунига икки маҳал бериладиган мазали, лазиз таомларни хуноб одамга, семирган, лоқайд буржуйга хос баднафс мечкайлик билан кўрдим демайдиган одат чиқардим. Доимгидек, кечки овқатга вино ичаман, уйқу олдидан эса бир шиша пивони бўшатишга ўргандим, аслида пиводан бундан деярли йигирма йил илгари бутунлай воз кечган эдим. Пивони дастлаб, тавсия этишганидек, асосан, уйқу воситаси сифатида ичган бўлсам, мана энди, ўрганиб қолганимдан, қолаверса балойи нафс қурғур қўймаганидан ичаяпман. Ҳайрон қоласан, киши, барча ақлсизлик ва номаъқулчиликларни шу қадар тез ўзлаштириб олиб, ялқов кўппакка, семиз мечкайга, бесўнақай очофатга осонгина айланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас экан!
Аммо каминанинг ёмон одатлари мечкайлигу ичкиликбозлик, бекорчилигу ёнбошлаб ётишнинг ўзи билангина чекланиб қолмайди. Маънавий ва жисмоний ялқовлик иккалови ҳам баравар юраркан. Бўлиши мумкин эмас, деб ўйлаган нарсам ахийри рўй берди: маънавий соҳадаги барча қийин, нотекис ва хатарли йўллардан шунчаки қочибгина қолмай, балки бу борада ҳам танбаллик ва баднафслик билан ўша энг ярамас, бузуқ, телбаларча баландпарвоз ва бемаъни кўнгилхушликларни излайдиган одат чиқардим, ўзим аслида улардан узоқроқ юрар, нафратланар, бундай иллатларга ишқибозлиги учун буржуйни, айниқса, шаҳарликни, замонамизни, қолаверса, бутун тамаддунимизни ҳамиша айблар ва ёмон кўрардим. Энди эса, камина ўртамиёна курортчи даражасига шу қадар яқинлашган эдимки, бундайин кўнгилхушликлардан нафақат нафратланар ва қочардим, балки ўзим уларни излаб топиб, иштирокчисига ҳам айланардим. Яна бир оздан сўнг камина даволаниш учун келганларнинг рўйхатини ўқий бошлайман (даволанувчиларнинг вақт ўтказиш усулларидан охиргиси мен учун жумбоқ бўлиб қолди), фрау Мюллер билан бирга унинг бод касали ва ушбу дардга даво бўлган гиёҳлардан тайёрланган дамламаларнинг барча турларини соатлаб муҳокама қиламан, дўстларимга янги келин-куёвлар ёки жасур лавлаги одамлар тасвирланган откриткалар жўнатаман.
Эндиликда курзалда бўладиган концертларга ҳам тез-тез тушадиган бўлдим – илгари улардан иложи борича узоқроқ юришга интилардим – эл қатори стулда ўтириб, янграётган енгил мусиқани тинглайман, бу билан вақтнинг бир қисми, биз курортчиларда бисёр ўша вақтнинг бир бўлаги қандай ўтаётганини ҳузур қилиб ҳис этаман. Баъзида мени мусиқанинг ўзи, яхши янграйдиган бир неча мусиқа асбобларининг соф ҳиссий таъсири ўзига маҳлиё қилиб қўяди, яна шуни ҳам айтишим керакки, ижро этилаётган нарсаларнинг на бир характери, на мазмун-моҳияти онгимга умуман етиб бормайди. Услуб ва дастхат жиҳатидан ҳамиша нафратимни қўзғаб келган мўъжазгина бўш пиесаларни энди ҳеч бир нолимасдан охиригача тинглаб, томоша қиламан. Зерикиб ўтирган бошқа тингловчилар орасида чорак, баъзан эса ярим соатлаб қолиб, ҳориб-чарчаб, бўшашиб кетаман, ҳарна вақт ўтсин деб тинглайвераман, ўзимни зериккан қилиб кўрсатаман, бўлар-бўлмасга бўйнимни ёки гарданимни қашийман, ҳассанинг думалоқ тутқичига иягимни тираб олиб, эснайман, муайян бир дақиқалардагина қалбим ҳадик ва хавотир билан титраб кетади, гўё дашт йиртқичи тўсатдан тутқунликка тушиб қолган, бироқ у яна тезда пинакка кетади, ухлаб қолиб, туш кўради, менсиз, чунки камина мана шу концерт залида ўтирган дақиқадан бошлаб, ўз жонимдан ҳам мосуво бўлганман.
Ва мана энди ўзим оломоннинг бир бўлагига, ўртамиёна курортчига, чарчаган, зериккан тор фикрли одамга батамом ва тўла-тўкис айланганимдан сўнггина ушбу хотираларнинг илк саҳифаларидаёқ ўзимни мазкур оламнинг ва руҳиятнинг ақли расо вакили қилиб кўрсатиш нақадар кулгили ва бемаъни бўлганлигини англаб етаяпман. Бу киноя, истеҳзо эди, холос. Ва мен мана эндигина, ҳақиқатан ҳам мана шу чекланган ва ўз қиёфасини йўқотган кундалик оламга мансуб бўлган, залда кайфиятсиз ўтириб, чой ёки пильзен пивосини ичишгани каби енгил мусиқани тинг­лаётган чоғимда, шундагина мен мана шу дунёдан нечоғли нафратланишимни, уни жинимдан ҳам баттар ёмон кўришимни янаям тўлиқ ва батамом англаб етдим, негаки ҳозир ўзим ёмон кўраётган, нафратланаётган ва мазах қилиб, устидан кулаётганим – ўзимдан бошқа ҳеч кимса эмас эди. Йўқ, мазкур дунё билан бирга бўлиш ва унга мансублик, унинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлиш ва ўзни яхши ҳис этиш – буни ҳозир бутун вужудим, борлиғим билан ҳис қилаяпман – йўқ, бу мен учун эмас, каминага барча эзгу ва муқаддас амаллар қатори гуноҳнинг ҳам мавжудлиги маълум ва унинг иштирокчисига айланиш камина учун бахт, менга мана шу буюрилган. Ва ҳозир шу гуноҳга қўл ураётганим учун, мазкур олам билан бирга эканлигим ва уни маъқуллаётганим учун кўнглим шунақанги айнияптики! Барибир мен ҳеч нима қилаётганим йўқ, фаолиятсизлик онгга қараганда қудратлироқ, семиз, ялқов қорин эса, қўрқа-писа зорланаётган жондан кўра кучлироқдир.
Энди мени ҳам меҳмонхонанинг бошқа қўноқлари гоҳ-гоҳ суҳбатларига жалб қилишса, йўқ демаяпман; тамаддидан сўнг йўлакдами, бошқа жойдами, гаплашиб қоламиз ва сиёсат бобида, биржадаги аҳвол, об-ҳаво ҳамда даволаниш ҳақида, шунингдек, кундалик-дунёвий фалсафа ҳамда оила ташвишлари хусусида нуқул бир хил фикрларни билдирамиз. Ёшлар, қанақасига олиб кўрмайлик, барибир обрў-эътиборли кишилар кўмагига муҳтож эканлиги ва ҳатто баъзан қийинчиликлар билан тўқнаш келиб, аччиқ алам ютишлар ҳам фойдадан холи эмаслиги ва бошқа кўп гап-сўзлар бўладики, буларнинг барчасига олдиндан бажонидил қўшиламан, қорин қурғур тўқ эмасми, уларни тўлиқ маъқуллайман ҳам. Баъзи-баъзида ногоҳ ич-ичингдан беихтиёр ҳадик-хавотирга тушиб, чўчиб ҳам кетасан, тилинг учидаги сўз заҳарга айланади, шунда шошиб-пишиб ва бетакаллуфлик билан хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб қолишга, узлат (о, уни бу ерлардан топиш нақадар қийин!)га чекинишга мажбур бўламан, лекин умуман руҳга қарши бўлган ана шу жиноятда мен ўзим айбдорман, бемаъни қуруқ сафсатага эринчоқлик билан ”ҳа, ҳа, сизники маъқул”, дейиш билан хатога йўл қўяман.
Бу ерда камина ўргана бошлаган яна бир кўнгилхушлик, бу – кинематография эди. Кинога бир неча маротаба тушдим, у ерга илк бор ёлғиз қолиш учун, одамни безор қилиб юборадиган эзма суҳбатлардан қочиб ҳамда голландиялик билан бўлиб ўтган антиқа воқеани унутиш учун борган бўлсам, иккинчи марта хурсандчилик, вақтичоғлик (илгари сўз бойлигимда сира учрамаган “вақтичоғлик” деган сўзга ўрганиб қолдим!) учун бордим. У ерда бир неча марта бўлиб, кўзни қизиқтирадиган суратларнинг лип-лип ўзгаришидан васвасага тушиб, нима яхшию нима ёмон, фарқига ҳам бормай қолдим. Нафақат ваҳимали мусиқа ва ғазабни қўзғайдиган, пала-партиш тўқиб-бичилган ярамас сохта санъат билан ясама драматизмга, балки томошабинлар залининг ўта зарарли муҳитига ҳам маънан ва жисмонан чидайдиган бўлдим. Барча нарсаларга тоқат қилиб, ҳатто энг бемаъни, энг расво номаъқулчиликларни ҳам ичимга юта бошладим. Охири йўқ, узундан-узун фильмларни соатлаб томоша қилардим. Уларда қадимий дунёнинг император аёлини театр, цирк майдони, ибодатхоналар, гладиаторлар ва шерлар, руҳонийлар ҳамда ахта қуллар билан ёнма-ён кўрсатишарди, ва камина, энг олий қадриятлар ва рамзлар, тахт ва салтанат, авлиёлар ридоси ва шон-шуҳрати, хоч ҳамда давлат, инсон қалбининг тасаввурга сиғадиган ва сиғмайдиган хусусият ҳамда хислатлари юзлаб одамлар ва ҳайвонлар билан аралаш-қуралаш ҳолда арзимас мақсад учун кўз-кўз қилингани ва буларнинг барчаси ўз-ўзидан бемаъни, узундан-узун изоҳлар билан қадрсизланган, сохта драматизм томонидан заҳарланган ҳамда эси паст, овсар ва тошбағир томошабин (шу жумладан, ўзим ҳам)лар томонидан ерга урилган ушбу бемаза томоша пировардида майнавозчиликка айланиб кетганини кўриб ўтириб, чидашдан ўзга чорам йўқ эди. Гоҳо, айрим дақиқаларда одам шунақанги даҳшатга тушардики, бир неча бор қочиб кетмоқчи ҳам бўлдим, бироқ бу иш биз, ишиатик хасталар учун осон эмасди, шу боис қолиб, мазкур бемаза томошани охиригача кўришга мажбур бўлдим, эҳтимол, ўша ёққа эрта-индин яна бориб қолсам ажабмас. Кинохонада булардан ташқари яна ажойиб нарсаларни ҳам, хусусан, энг ёқимтой фаранг акробати ва юмористининг чиқишларини томоша қилганимни айтмасам инсофдан бўлмас, унинг топган қилиқларига унча-мунча ёзувчи ҳавас қилса арзийди. Башарти ўзимда пушаймон ва нафрат уйғотди деб, бирон нимани айблагудек бўлсам, бунга кино эмас, албатта томошабин, яъни ўзим айбдорман. Ким мени у ерга боришга, бемаза мусиқани тоқат билан тинг­лашга, бемаъни, телба-тескари титрларни ўқишга, содда, оқкўнгил биродарларимизнинг қаҳқаҳаларини эшитишга мажбур қилаяпти? Юқорида тилга олганим ушбу донғи кетган жангари фильмда чиройли шерлардан бутун бир дюжинасининг музлаб қотган мурдаларини қум устида судраб юришганини кўрдим, икки дақиқа олдин улар тирик эди, мазкур қайғули ва аянчли манзарани кўриб туриб, залнинг ярми бирданига қаҳ-қаҳ отиб кулворса бўладими! Наҳотки бу ердаги иссиқ шифобахш сувлар таркибида инсонни “текислаб” ташлайдиган, ундаги юксаклик, олижаноблик ва қадр-қимматга тўсқинлик қилиб, аксинча, чиркинлик ва пасткашликни рағбатлантирадиган нимадир, қандайдир тузми, тезобми ёки оҳак мужассам бўлса-я? Хўш, нимаям дердим, рози бўлишдан бошқа чорам йўқ, келгусида, ўз даштимга қайтаётганда эса ўзим биламан, дея ўз-ўзимга сўз бердим.
Шу билан ёмон одатларимнинг, ўзим кўниккан иллат-қусурларнинг рўйхати тугайдими, дерсиз? Йўқ, афсуски ҳали тугамайди. Камина энди қимор ўйинига ҳам қатнаша бошладим. Яшил стол атрофида қизиқиш ва иштиёқ билан бир неча бор ўйнадим. Кичкинагина тешигига кумуш франкни ташлашинг билан ютиб юборадиган автоматдан ҳузур қилардим. Афсуски, бу ҳали ҳақиқий ўйин эмасди, чунки пулим кам эди, шунга қарамай икки марта тўлиқ бир соат ўйнаб, чўнтакда борини бой бердим ва охир-оқибат бир-икки франкдан ортиқ ютқазмадим. Албатта, бу ҳақиқий қиморбозга хос эмас эди, шунданми, яна тағин ўйнагим келаверарди, яъни бир марта ўйнаб кўрганим боис айтишим керак: ўйин менга зўр роҳат бағишлаганди. Яна шуни ҳам айтишим керакки, бунда концертларда, курортчилар билан бўлган суҳбатлар чоғида ва кинодаги шерларни кўрган пайтларимдаги руҳий азоблардан асар ҳам йўқ эди, билъакс, мазкур иллатнинг номуносиб ва антибуржуй моҳияти маъқул бўлган ва, афсуски, мўмайгина пул ишлаб оломаётганимга ич-ичимдан ачинардим.
Каминанинг ўйин чоғидаги кечинмаларим тахминан қуйидагича эди: аввалига яшил стол ёнида турган кўйим рақамлардан иборат майдонни кузатар ва рулеткани бошқараётган кишининг овозига диққат билан қулоқ солардим. У қичқириб эълон қилаётган, юмалаб бораётган ҳар бир ра-қам, бундан бир сония олдин бошқа кўплаб рақамлар орасида бемаъни ва оддий туюлган бўлса-да, бирдан янграган жўшқин ва равшан овоз қатида, шарча банд қилган катакчада, ҳозир бўлган кўплаб томошабинларнинг қулоқлари ва қалбларида акс-садо берарди. ”Quatre”, ”cinq” ёки “trois” дейиши ҳамоно нафақат қулоқларим остида ва онгимда, нафақат юмалоқ букик шарча изида, балки яшил стол узра ҳам рақам “мана-ман” дегандек, чарақлаб кетарди. Мабодо етти, ўтакетган расмий ва батартиб қора етти рақами чиққан тақдирда эса, ўзига ажратилган яшил майдон бўйлаб бир зум байрамона шукуҳ билан ярақлаб кетар, шу аснода қолган барча рақамларни бир четга суриб ташларди, чунки улар атиги имкониятгина эдилар, холос, фақат унинг ўзигина рўёбга чиққан ҳақиқий воқелик эди. Эҳтимоли бор нарсанинг амалга ошиши, буни кутиш ва унга алоқадорлик, дахлдорлик – ўйиннинг қизиғи, жозибаси ҳам мана шунда эди. Ўйинни бир оз кузатиб, унга энди қизиқа бошлаган ҳам эдимки, илк ажойиб ва лаззатли, ҳаяжонли дақиқа ҳам етиб келди: олтини эълон қилишди. Бу рақамга заррача парво қилмадим, сабаби, у шу қадар қонуний ва шунчалик табиий равишда пайдо бўлдики, гўё уни муқаррар кутган, бунинг устига, худди ўзим қичқириб эълон қилгандек, гўё ўзим ясаган, ўзим яратгандек эдим. Шу сониядан эътиборан, бутун вужудим билан ўйинга мансуб эдим, тақдирни олдиндан сезиб, пайқаб турардим, тасодиф билан дўст тутинган эдим, бу эса, очиқ айтаман, фараҳбахш туйғу эди, бутун ўйиннинг ўзак-негизи, оҳанраболи кучи ҳам айнан мана шунда эди. Шундай қилиб, аввал етти, сўнг бир рақами чиқди, кейин эса саккиз, бундан на ҳайратландим, на ҳафсалам пир бўлди, айнан мана шу рақамларни кутганимга ўзим ҳам ишондим, шу тариқа ўртада алоқа ўрнатилган, оқим мени ўз домига тортган, ўзимни унга ишониб топширган эдим. Энди теп-текис яшил майдонга дадил боқар, рақамларга бемалол кўз ташлардим, улардан қай бири каминани кўпроқ жалб қилаётган бўлса, унинг секингина чақираётганини “эшитиб” турардим (баъзан бирданига иккита рақам билан ҳам шундай бўларди), ўғринча имлаётганини кўриб, ўз франкларимни худди мана шу рақамга тикардим. Агар у чиқмай қолса ҳам ранжимасдим, ҳафсалам ҳам пир бўлмасди, ўзимнинг олти ёки тўққиз рақамим ҳали албатта чиқади, деб кутишда давом этардим. Ва у албатта чиқиб келар, иккинчи ёки учинчи гал ҳақиқатан ҳам тўсатдан пайдо бўлиб қоларди. Ютуқ лаҳзаси ўзи ажойиб-да. Сен тақдирга мурожаат этиб, унга илтижо қиласан, унга ишониб, умидвор бўласан, буюк сир-синоатга алоқадорлик ҳиссини туясан, гўёки у билан дўст тутиниб, бир иттифоқдасан, буни олдиндан ғира-шира сеза бошлайсан, ва бу тўғри, ўз тасдиғини топади ҳам, шунда дилингдаги пинҳоний, журъатсиз ният-мақсадинг, юракдаги мўъжазгина орзуинг амалга ошади. Мўъжиза рўй бериб, кўнглингга келган нарса ҳақиқатга айланади, қудратли ойнавон шарча айнан сенинг рақамингни танлайди, ғилдирак ёнида турган киши уни баланд овоз билан эълон қилади ва крупье ярқираб турган бир ҳовуч кумуш тангаларни елпиғич билан олдингга ташлайди. Бу фавқулодда зўр, соф бахт-омаднинг ўзгинаси, гап албатта, пулда эмас, негаки ушбу сатрлар муаллифига ҳам ютиб олган барча франкларидан бирон донасиям насиб этмади, рулетка уларнинг барчасини яна қайта “ютиб” юборди. Лекин, шунга қарамасдан, ютуқнинг гўзал дамлари, мана шу бевосита ҳайратланарли, болаларга хос бутун ва бой орзу-умидларнинг амалга ошиши нақадар ёрқин ва жозибали, ҳар бири дабдабали безатилган, порлаб турган рождество арчаси янглиғ нур сочади, ҳар бири мўъжиза, байрам, байрам бўлганда ҳам қалб байрами, энг пинҳоний, энг теран ҳаётий инстинктнинг тасдиғи, эътирофи, парвози эди. Албатта, мана шу чексиз қувончни, сўз билан таърифлаб бўлмайдиган ўша бахт-омадни янада юксак даражада, олижаноброқ ва назокатлироқ шаклларда: теран ҳаётий ҳақиқатдан мунаввар ҳолда, ўз устингдан қозонган ғалабанг онида ва айниқса, ижоднинг бетакрор дамларида, топган дақиқаларингда, қандайдир бир куч, илҳом келиб қолган пайтда, ижодкор табиатида бўладиган танатанавор мақсад чоғида ҳам ҳис этиш мумкин, ва буларнинг барчаси янада юксак соҳалардаги образ ҳамда инъикос янглиғ ютуқни англаш, ҳис этиш билан баравар ва ўхшашдир. Бироқ бундайин мўътабар ва илоҳий дақиқалар ҳатто энг омадли инсонга ҳам, ҳатто истеъдод ва заковат соҳибига ҳам ниҳоятда камдан-кам насиб этади, куч-қудрат ва кўркамликда болаликнинг шодон кечинмаларидан қолишмайдиган қониқиш ва бахт туйғусига биздек ҳорғин, кечиккан кишилар камдан-кам ноил бўламиз! Қиморбоз, гарчи уни фақат пул қизиқтираётгандек кўринса-да, аслида у айнан ана шу кечинмалар кетидан кетидан қувади. У, сийқа ва бемаъни ҳаётимизда шу қадар камёб бўлиб қолган қувончнинг ана шу жаннат қушини қўлга киритиш пайида, нигоҳидаги қизғин эҳтирос айнан ана шунга қаратилган.
Энди ўйин ўзгарувчанлик касб этиб, менга омад аҳён-аҳёнда насиб этар, юмалаб бораётган шарча мурувват кўрсатган маҳал ютардим, шунда каминани ҳаяжоннинг ажиб титроғи босарди. Сўнг, энг юксак нуқтадан ҳам ўтиб бўлинди. Шимим чўнтагида жаранг-журунг қилиб турган ютиб олганим каттагина бир ҳовуч тангаларни бирин-кетин тикавердим, бироқ шу дамда мени негадир илгариги дадиллик аста тарк эта бошлади, аввалига бир, сўнг эса тўрт рақами чиқди, уларни сираям кутмагандим, шу топда улар ошкора адоват билан устимдан кулаётгандек туюлди. Юрагим така-пука бўлиб, безовталана бошладим, жуфт ва тоқ сонлар ўртасида узоқ иккиланиб, ҳеч қандай кўнглим чопмаса ҳам зўрма-зўраки бир алпозда пул қўявердим, бу ҳол барча ютиб олган пулларимни бой бергунимга қадар давом этди. Орадан ҳаял вақт ўтмай, шу ернинг ўзида ўйнаб туриб, ўша муқоясанинг бутун теранлигини чин дилдан ҳис этдим, ўйин давомида бутун ҳаёт манзарасини кўрдим, унда айнан ўша нарса содир бўлар, яъни тушунтириб бўлмайдиган қандайдир бемаъни сезги, ҳиссиёт қўлимизга аллақандай кучли сеҳр-жодуни тутқазиб, қудратли кучларга йўл очар ва эзгу ҳис-туйғуларимиз заифлаша бошлар, шунда соғлом ақл-идрок аралашиб, қандайдир вақт мобайнида уларга қаршилик кўрсатар ва охир-оқибат, бизнинг ҳеч бир иштирокимизсиз ва бутунлай биздан холи бир тарзда ахийри рўй бериши муқаррар нарса ниҳоят, содир бўлар эди. Ўйиннинг энг юксак нуқтасидан ошиб бўлган, бироқ ҳамон ўзини тўхтатишга куч тополмаётган, ҳеч қандай бир туйғу, ҳеч қандай ишонч ортиқ бошқаришга қодир бўлмаган, руҳи тушган қиморбоз энди айнан ҳаётий муаммоларга ечим тополмай ноилож қолган, уларга кўз юмиб кутиш ва сабр қилиш ўрнига ортиқча нокерак ҳисоб-китобларга берилиб, ўлиб-тирилиб, билағонлик қилиш оқибатида муқаррар панд еб, янада аянчлироқ ҳолга тушган одамга ўхшаб кетади. Яшил стол атрофидаги ўйиннинг энг тўғри, энг ишончли қоидаси эса қуйидагича: қандайдир ҳорғин ва омадсиз қиморбоз дам у-дам бу рақамга қаторасига бир неча марта пул тикиб, охирида умидини узиб ташлаб кетган рақамга ҳеч иккиланмасдан таваккал қилавер, ва у албатта чиқади.
Қимор ўйини шаҳар ва курорт ҳаётига хос бўлган бошқа барча эрмак ва томошалардан ўзининг ғалати, қизиқ жиҳатлари билан тубдан фарқ қилар экан. Қиморхонада – яшил стол атрофида ҳеч ким китоб ўқимайди, беҳуда гап сотиш йўқ, концерт ва хиёбондаги сингари пайпоқ тўқиб ўтиришмайди, анграйиш-анқайиш, энса қотиш йўқ, бу ерда ҳатто ревматик­лар ҳам ўтирмайди, одатда шу қадар аяб-эҳтиётлаб юрадиган оёқларида қаҳрамонларча тик тураверишади. Бу ерда, яъни қиморхонада ҳазил-ҳузул кетмайди, деярли ҳеч ким тишининг оқини кўрсатмайди, бирор касаллик ёки Пуанкаре ҳақида ҳеч қандай гап эшитмайсан, стол атрофини қуршаб олган томошабинлар ҳам жиддий, фақат шивирлаб гаплашишади, банкир ёрдамчисининг овози бўғиқ, хира бўлса-да, тантанавор янграйди, яшил стол устидаги тангалар бир-бирига урилиб, ажиб ва сирли жаранглайди, бу бир тарафи, қолаверса, мана шундай иззат-икром ва нисбий вазминлик, сиполик, қадр-қиммат кўз ўнгимда одамлар шовқин солиб, ўзларини беор ва бебош тутадиган бошқа айрим эрмак ҳамда ўйин-кулгиларга қараганда бениҳоя афзаллик бахш этаётгандек эди. Қиморхонада жиддий тантанаворлик ва байрамона кайфият ҳукмрон, бу ерга келувчилар худди ибодатхонага қадам ранжида қилаётгандек, жимгина ва бир оз ҳайиқиб кириб келишади, бир-бирлари билан шивирлаб гаплашишади, фрак кийган жанобга дам-бадам ҳурмат билан қараб қўйишади. У эса ўзини шундай сипо тутадики, ҳар қандай мақтовга лойиқ, уни оддий одам эмас, балки аллақандай юқори лавозимли мансабдор дейсиз. Шу ўринда бундайин байрамона кайфият ҳамда гўзал ва ажойиб тантанаворликнинг психологик сабабларига тўхталиб ўтирмайман, чунки Psychologia balnearia ўзимнинг эмас, балки бошқа бировларнинг руҳияти ҳақида ҳикоя қилади, деган ёлғон-яшиқ гап­лардан аллақачоноқ воз кечганман. Афтидан, қиморхонанинг фазилату тақводорлик уфуриб турган, шивирлашу ибодатдангина иборат бўлган муқаддас муҳитига сабаб шуки, бу ерда гап умуман мусиқа, драмалар ва бошқа шу хилдаги бачканаликлар тўғрисида эмас, балки одамларнинг тасаввуридаги энг муҳим, севимли ва табаррук нарса – пул ҳақида бораётибди. Бироқ айтиб ўтганимдек, бунинг моҳиятини таҳлил қилиб ўтириш ниятим йўқ, бу менинг вазифам ҳам эмас. Фақат бир нарсани, яъни бошқа оммавий ўйин-кулги турларига қарши ўлароқ бу ердаги, қиморхонадаги муҳит ҳам умуман олганда, диёнатдан асло маҳрум эмаслигини айтиб ўтмоқчиман, холос. Мисол учун, дейлик, кинохонада томошабинлар даҳанаки ибораларни айтворишга ҳам унчалик тортиниб ўтиришмайди, бошқа ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам, маъқул-номаъқуллигидан қатъи назар, ўз фикрини айтаверади, бу ерда эса ҳатто бош персонаж ҳисобланган қиморбоз энг асосий ҳамда энг ҳаяжонли дақиқаларда, чунончи, пул ютиб олган ёки ютқазиб қўйган пайтларда ҳам ўз ҳурматини, қадр-қимматини билади, сабр-бардошли бўлишга ҳаракат қилади. Баъзи одамлар эса оддий қарта ўйинида арзимаган йигирма раппен ютқазиб қўйса борми, афсус-надомат қилиб сўкиниб юришади, бу ерда эса юз баравар кўп пул ютқазишаяпти, ”кўз юммасдан” демоқчимасман, кўз юмганда қандоқ, лекин овозларини ҳам чиқаришмайди, ҳис-туйғуларига эрк бериб, уятсиз ибораларни айтворишдан тийилишади.
Модомики, доно ҳукуматлар халқ маорифи равнақига кўмаклашиш ҳақида бош қотириб, унга хизмат қиладиган барча муассасаларни рағбатлантириб, қўллаб-қувватлаётган экан, гарчанд камина бу соҳада ҳеч нимадан хабарим бўлмаса ҳам, мутахассислар эътиборини бир нарсага жалб этмоқчиман, яъни барча ўйинлар, эрмак ва томошалар ичида улардан ҳеч қайси бири очиқ қиморхоналарда бўладиган қимор ўйинидек иштирокчида ўзини тута билиш, хушфеъллик ва хотиржамлик сингари фазилатларни тарбиялашга қодир эмас, дея таъкидламоқни истар эдим.
Лекин мазкур ўйин қанчалик жозибали ва ҳаттоки олижаноб туюлмасин, унинг айрим салбий жиҳатлари ҳақида ҳам яхшилаб ўйлаб кўришга муваффақ бўлдим, аниқроғи, буни ўз шахсий тажрибамда синаб кўрдим. Сиёсий иқтисодчилар томонидан ўртага ташланаётган, рулеткага қарши билдирилаётган қизғин ва жўшқин насиҳатнамо эътирозлар, менинг назаримда, бутунлай асоссиздир. Қиморбозда осонгина бойиб кетиш имконияти мавжуд, шу боис унда меҳнатга ҳар қандай ҳурмат йўқолиши мумкин, бошқа тарафдан эса унга ўзининг бутун бойлигини бир зумда бой бериш хавфи ҳам таҳдид солиб турибди, учинчидан, шарчалар ва тангаларнинг шириллаб айланишини кузата туриб, у ҳатто бутун буржуазия иқтисодий ахлоқ асосларининг асосларидан, яъни пулга нисбатан чексиз ҳурмат-эҳтиромдан ҳам маҳрум бўлиши мумкин, майли, буни одилона ҳам дейлик, аммо мен мана шу барча хавф-хатарларни шу қадар жиддий, дея олмайман. Камина психолог сифатида жуда кўплаб руҳий хаста одамлар учун бутун бойлигидан бир дамда маҳрум бўлиш, шу тариқа пулга бўлган ишончни ҳам йўқотиш улар учун зинҳор бахтсизлик эмас, балки тўғрироғи, ҳатто бирдан-бир, ягона нажот бўлиб туюлиши ҳам мумкин, деб ҳисоблайман, шахсан ўзимга ҳам худди шундай туюлади, яъни бугунги ҳаётимизда иш билан пулга бўлган фавқулодда сиғинишга қарама-қарши ўлароқ тасодифни қабул қилиш, тақдир-қисматнинг инжиқликлари-ю бевафоликларига ишонч билан қараш, менимча, ғоят мақбул иш бўлур эди, айнан мана шу нарса бугунги кунда барчамизга жуда ҳам зарур ва керак, деб ўйлайман.
Йўқ, борди-ю, агар қимор ўйинининг камчилиги бўлса, менимча, ижобий томонларига ҳам қарамасдан, уни пировардида қандайдир қусур, иллатга айлантирадиган нарса, бу – энг аввало соф маънавий бир нима бўлса керак. Шахсан ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, кунига йигирма дақиқа берилиб рулетка ўйнаш ва шу баҳонада қиморхонанинг ғаройиб муҳитига ғарқ бўлиш кишида ҳамиша завқ-шавқ уйғотади. Зериккан, чарчаган одамга бу ҳақиқий жон роҳати, ҳатто ўз бошимдан кечирганларимдан ҳам энг аъло, дейишим мумкин. Камчилиги эса фақат шуки (уни қимор ўйини ёқимли алкоголь билан баҳам кўради), камчилик шуки, ўйин чоғида мана шу ҳаяжон четдан – ташқаридан содир бўлиб, соф механик ва моддий бир тарзда юзага келади; худди шу аснода катта хавф-хатар ҳам пайдо бўлади: шундай узлуксиз, муттасил механик ҳаяжонга берилиб кетиб, шахсий машғулот ҳамда руҳий фаолликка аввалига эътиборсизлик билан қараган бўлсангиз, энди уни батамом ташлаб қўясиз. Ўйлаш, фикр юритиш, хаёл суриш ёки ўйчанлик хаёлга чўмиш орқали эмас, балки соф механик йўсинда – рулетка билан ҳаракатга келтирилиши тана учун ваннадан ёки уқаловчи хизматидан фойдаланиш билан баб-баравар, бироқ айни пайтда шахсий саъй-ҳаракатлар, спорт ва машғулотлардан воз кечиш ҳам демакдир. Кинематографни ҳаракатга келтирувчи механизм ҳам худди шундай рўё асосига қурилган, у кўзнинг ижодий фаолиятини, гўзалликни ва қизиқарли нарсаларни кашф этиш, танлаш ва эслаб қолиш жараёнларини соф моддий кўз озуқаси билан алмаштириб туради.
Уқаловчи қандай керак бўлса, гимнастика ҳам худди шундай зарур. Тана ҳам ўз навбатида рулетка ёки бошқа барча шунга ўхшаш ажойиб қўзғатувчилар билан бир қаторда ўз саъй-ҳаракатларига ҳам эҳтиёж сезади. Шунинг учун қимор ўйинида руҳнинг ҳар қандай фаоллиги юз чандон афзалроқдир: ақл ва хотирани интизомли равишда аниқ-пухта машқ қилдириш, кўрилган нарса, буюм ва ҳоказоларни кўзни юмиб туриб, қайтадан эслаш, кун бўйи бўлиб ўтган барча воқеаларни кечқурун бирма-бир эслаб хотирлаш ҳамда хаёл суриш ва ҳоказо. Мен буларни халқ фаровонлиги фидойилари учун ва эҳтимол, юқоридаги дилетантлик маслаҳатимни бир оз тузатиш учун қўшимча қилаяпман – негаки мазкур соҳада, соф руҳий тажриба ҳамда тарбия борасида камина зинҳор дилетант эмасман, балки кекса ва, айтиш мумкинки, салкам ўта тажрибали профессионалман, холос.
Мавзудан яна четга чиқиб кетдим, чоғи, лекин ушбу хотира-қайдномаларнинг тақдир-қисмати ўзи шунақа шекилли, чунки бир муаммони охиригача ҳал қилмай туриб, ассоциатив тарзда ва бутунлай тасодифан мияга бошқача фикрлар келиб қолаверади. Балки эҳтимол, худди мана шу нарсалар айнан курортда даволанаётган кишининг руҳиятига хос бўлса керак, деб ўйлайман.
Ушбу мавзудан, яъни ўзимнинг тасалли-таскин беролмайдиган, қувончсиз мавзуимдан қимор ўйинини бир оз мақташ учун узоқлашдим шекилли, мазкур мадҳиябозликни яна давом эттиришим ҳам мумкин эди, лекин яна шу мавзуга қайтиш камина учун осон ечмайди. Бироқ нима ҳам қила олардим? Яна курортчи Ҳессега қайтамиз, ҳолдан тойган ушбу кекса жанобга, унинг букилган гавдасига, каловланиб қадам босишига яна бир бор назар ташлаймиз! Бу одамнинг бизга ёқмаслиги турган гап, унга кўнгил қўя олмаймиз ва унга самимият билан, чин дилдан узоқ умр, айниқса, унинг ибрат бўла олмайдиган зерикарли ҳаётини чексиз, узоқ давом этишини ҳам тилай олмаймиз. Мазкур жаноб бир кун келиб саҳнадан кетса ҳам эътирозимиз йўқ, ўзи шундоғам тузук-қуруқ, қувонарли томоша кўрсатолгани ҳам йўқ. Мабодо, мисол учун дейлик, кунлардан бир кун ваннада чўмилаётганда бехосдан мизғиб қолиб, сувга чўкса-да, бўғзига сув тиқилиб ўлиб қолса ҳам, унчалик қайғуриб, ачиниб ўтирмаймиз.
Бироқ биз агар юқорида тилга олинган курортчи ҳақида шундай лоқайдлик билан фикр юритадиган бўлсак, бу албатта унинг ҳозирги ҳаётий фаолиятига, унинг бугунги агрегат ҳолатига тааллуқлидир. Яна шуниси ҳам борки, унинг аҳволи ўзгариши, мазмун-моҳиятан янги бир махражга келтирилиши ҳам мумкинлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим. Бир неча бор бошдан ўтган бундайин мўъжиза ҳар дамда қайта рўй бериб қолиши мумкин. Курортчи Ҳессега қараб туриб, бошимизни сарак-сарак қилиб, уни ғойиб бўлиш учун пишиб етилган, дея ҳисоблайдиган бўлсак, шуни унутмаслигимиз керакки, биз ишонишимиз мумкин бўлган “ғойиб бўлиш” аслида йўқ бўлиш эмас, балки фақатгина метаморфозани кўзда тутади, холос, негаки бизнинг барча нуқтаи назаримиз, бинобарин, руҳиятимизнинг ҳам асоси ва озуқа манбаи Худога – бирликка ишончдир, бирлик эса ҳам меҳр-мурувват йўли билан, ҳам билиш билан ҳаттоки энг ишончсиз ҳолатларда ҳам ҳамиша ва ҳар доим тикланиши мумкин. Бирдан-бир, ягона қадамни босиб, ҳатто ўлимни ҳатлаб ўтиб, шифо топиб соғаймаган ва ҳаётга қайтмаган беморни топиш мушкул. Шундай гуноҳкор ҳам йўқки, токи у бирдан-бир, ягона одим билан эҳтимол, қатл этилган тақдирда ҳам покланиб, илоҳиётга эришмаган бўлсин. Ва ногоҳ раҳм-шафқат билан бахтиёр болага айланмаган йўлдан адашган бахтсиз ёки ўнғалмас одамни топиш ҳам амри маҳол. Истардимки, ушбу ишонч ва эътиқодимни на ўзим ва на ўқувчим, ҳеч ким ҳеч қачон эсдан чиқармаса.Ушбу сатрлар муаллифи ҳақиқатан ҳам билмайди, агар унинг қалбида бирликка нисбатан бузилмас мувозанат сифатидаги ишонч бўлмаганида, у ўз танбеҳлари, кайфияти ва руҳияти учун шунча қатъият ва журъатни қайдан ҳам оларди. Аксинча, буни ўз-ўзимга қанчалик кўпроқ раво кўрганим ва бир томондан узоқроққа кириб борганим сайин, танбеҳларим ҳам шунчалик бешафқат бўлиб бораверади, кайфиятга ҳам шунчалик енгил бериламан ва бошқа, қарама-қарши тарафда турган муроса-ю, мадора ёғдуси ҳам шу қадар ёрқин нур сочаверади. Агар мана шу чексиз, бепоён, муттасил тебраниб тургучи мувозанат бўлмаганда эди, камина ақалли бир оғиз сўз айта олишга, бирон нима ҳақида фикр юритиш, муҳаббат ва нафратни ҳис қилиб, уни изҳор этишга ҳамда шу заминда лоақал бир дам бўлсин яшашга жасоратни қаёқданам олардим, ахир?

Соғайиш

Даволаниш курси ҳам охирлаб бормоқда. Худога шукур, аҳволим яхши, ҳозир анча тузукман. Аввалига бутун ҳафта давомида адойи-тамом бўлдим, руҳан чўкиб, охири жонимдан ҳам тўйиб кетдим. Сал бўлмаса, мен ҳам ҳассамга резина учлик ўрнаттирган ва келганларнинг рўйхатини ўқий бошлаган бўлардим. Енгил мусиқани чорак соат, ярим соатлаб эмас, балки бир соат ёки ҳатто икки соат давом этадиган бутун бошли концерт­ни ҳам тинглаб ором олган ва кечқурунига бир шиша эмас, икки шиша пивони кўрдим, демаган бўлардим. Озгина қолди-я, курзалда бор нақд пулимни совуриб юборишимга. Бунинг устига меҳмонхонадаги бир стол атрофида ўтирадиган қўшниларимнинг, ёқимтой, қанча ҳурматга лойиқ одамларнинг жозибасига берилишимга ҳам бир баҳя қолди-ку, улардан, одатдаги хатога йўл қўймаганимда, кўп нарсаларни билиб олган бўлардим, лекин бунга суҳбатлар йўли билан эришишни ўзим лозим топмадим. Бундай суҳбатларга келсак, мабодо улар билан ўртада қандайдир руҳий яқинлик бўлмаса агар, онда-сонда демаса, одатда бундайин суҳбатлар ўта тутуриқсиз бўлиши ва ҳафсалангни пир қилиши ҳам турган гап. Яна шуниси ҳам борки, бутунлай нотаниш кишилар камина билан суҳбат қураётиб, афсуски, мени фақат ёзувчи деб ўйлашади шекилли, нимагадир нуқул адабиёт ва санъат ҳақида тўхталиб, кутилмаганда беҳуда гапларни ҳам гапириб юбораверишади, натижада шундай ажойиб одамларни бошқа бир тарафдан ҳам ўрганиб, уларнинг энг оддий, ўртамиёна кимсалардан ҳеч қандай фарқи йўқлигини ҳам билиб оласан, киши.
Иннайкейин, ёмон об-ҳаво сабабли деярли ҳар куни шамоллаб қолавердим (голландиялик қўшнимнинг доим шамоллаб юриш сабабини шунда билдим), муолажалардан ҳам роса чарчадим, – бир сўз билан айтганда, мақтанишга арзимайдиган оддий кунлар эди. Ахийри улар ҳам поёнига етди. Бир куни ҳаммаси шунақаям жонга тегди-ки, бор-э деб, ўрнимдан турмасдан ётавердим, ҳатто ванна ҳам қабул қилмай қўйдим. Ҳеч нима қилмасдан, шунчаки ўрнимда чўзилиб ётавердим, тўғри, бу ҳол фақат бир кун давом этди, эртасига эса аҳволим ўнгланди-қолди. Ўзгариш содир бўлган ўша кун ниҳоятда эсимда қолган, чунки бурилиш ва қайта қуриш жуда тез ва бирданига рўй берган. Одамзод агар истаса, ҳар қандай, ҳаттоки энг ёмон ҳолатдан ҳам чиқиб кета оларкан; мана ўзим, даволанишнинг энг нохуш ва ҳазин кунларида ҳам, гарчи ғам-ғуссага берилган бўлсам-да, ушбу вазиятдан қутулиб кетишимга заррача шубҳа қилмаганман. Дарддан халос бўлиш, ташқи дунёни қийинчилик билан аста-секин енгиб ўтиш ва энг оқилона йўлни излаб топиш – бу ҳамиша очиқ, ҳаммага маълум, хийла синалган йўл эканлигини яхши билардим. Бироқ илгариги тажрибаларим бўйича, шунингдек, бошқа бир йўл ҳам маълум бўлиб, уни излаш эмас, балки топиш лозим эди, бу – бахт-иқбол, мўъжиза йўли эди. Аммо ана шу мўъжизанинг шундоқ яқингинамда эканлиги ва сўнгги ваҳимали кунларнинг камситадиган ҳолатидан тинкам қуримасдан, ақлнинг дала йўлидан чанг-ғуборга ботмасдан, онгли машғулот билан руҳланиб, роҳат-фароғатнинг гуллар тўшалган йўлидан бораман, деб ўйламаган – бунақанги омад хаёлимга ҳам келмаган эди.
Ўзимни қўлга олган кунимоқ даволанишни давом эттиришга ва яна яшашга қарор қилдим. Тўғри, ўзимни бир қадар дам олгандек ҳис қилардим, лекин кайфиятим унчалик яхши эмас эди. Оёқларим ва елкаларим зирқираб оғрир, бўйним тахта бўлиб қотиб қолган, ўрнимдан туришга ҳолим йўқ, лифтга, ваннага базўр судралиб борардим, ортимга қайтиш эса яна қийин эди. Мана, ниҳоят тушлик вақти ҳам келди, менда эса на кайфият бор, на иштаҳа, имиллаб ошхонага бордим; шунда ногоҳ ўзимни четдан кўриб қолдим, бирданига нафақат оёқларини буколмай, балки домангир бир қиёфада меҳмонхона зинасидан аста тушиб келаётган курортчига айландим, шу аснода ўз-ўзимни ташқаридан кузатувчига ҳам айландим-қолдим. Бу бехосдан, пиллапоянинг кўплаб поғоналаридан бирида рўй берди, камина бирданига иккига бўлиниб кетдим, ўзимни кузата туриб, қорни сираям очмаган курортчининг зинадан қуйига аста судралиб тушаётиб, ночор бир алпозда панжарага суяниб олганини, унга салом берган метрдотель ёнидан ўтиб, ресторанга кириб кетаётганини кўрдим. Бунақанги ҳолат илгарилари ҳам тез-тез содир бўлиб турарди, шу боис камина учун шундай ноқулай бир пайтда яна бирдан пайдо бўлганини яхшиликка йўйиб қўяқолдим.
Камина кенг ёруғ залдаги ўзимнинг алоҳида думалоқ столчам атрофига жойлашиб ўтирволиб, ўз-ўзимни четдан кузата бошладим: қандай ўтирибман, остимдаги стулни тўғрилашиму, лабимни бир оз қимтиб олганим, чунки ҳар бир ҳаракат оғриқ келтириб чиқарарди; кейин беихтиёр қўлимга гуллар солинган гулдонни олиб, уни ўзимга яқинроқ суриб қўйдим, аста-секин ва хиёл тараддудланиб, чамбар ҳалқадан салфеткани оламан. Бирин-кетин, худди “Оппоқ қор”даги паканаларга ўхшаб, бошқа қўноқлар ҳам кириб келиб, столчалар атрофига ўтиришади, улар ҳам ҳалқалардан қўлсочиқларни суғуриб олишади. Бироқ каминанинг кузатувчи “мен”и учун асосий объект курортда даволанувчи Ҳессе эди. Курортчи Ҳессе кўринишдан вазмин, аммо ниҳоятда зериккан қиёфада, стаканга озроқ сув қуйиб, бир бурда нон ушатди – ҳаммаси атай вақт ўтказиш учунгина эди, – чунки ўзи умуман сув ичгисиям, нон егиси ҳам келмаётганди; паришон бир ҳолатда шўрвага қошиқни солди, каттакон залдаги бошқа столчалар томон бемаъно нигоҳ ташлаб, деворга чизилган манзараларга кўз югуртирди, сўнг зал бўйлаб чаққон бориб-келиб турган метрдотелга, қора кўйлакчаларига оқ пешбандчалар тақиб олган дўндиққина официант қизларга қараб қўйди. Катта-катта столлар атрофидаги баъзи бир меҳмонлар шерик ёки жуфт-жуфт бўлиб, сипо, лекин бениҳоя дилгир қиёфада ўтиришар, ҳар бирининг олдига приборлар алоҳида-алоҳида қилиб қўйилган, улар ҳам қадаҳларга сув ёки май қуйишар, нондан бир чимдим-бир чимдим ушатиб, беихтиёр бошқа столчаларга, манзаралар билан безатилган деворларга лоқайд назар ташлар ва шошиб бораётган метрдотель ҳамда қора кўйлачаларига оқ пешбандчалар тақиб олган дўндиққина официант қизчаларга қараб қўйишарди. Деворлардаги чиройли манзаралар самимият ва соддалик билан бир оз хижолат тортгандек кўринарди, шипдан эса, – номи аллақачонлар унутилган безовчи рассом мўйқаламига мансуб фантазия – ранг-баранг қилиб бўялган тўртта фил бошлари тортинмасдан дўстона нигоҳ билан қараб туришарди, ўша кунлари улар менга кўп қувонч ҳадя этишди, чунки камина ҳинд худоларининг дўсти ва мухлисиман, ушбу суратларнинг ҳар бирида фил бошли доно ва қув маъбуд Ганеша тасвирланган, мен уни ниҳоятда ҳурмат қилардим. Шу филларга қараб туриб, ўзимча ўйга толардим, болалигимда менга насронийликнинг афзал тарафи, энг аввало, ҳеч қандай худо, бут ва санамларни тан олмаслигида, деб уқтиришарди, энди бўлса, қанчалик улғайиб, ақлим ошиб борган сайин шунга амин бўлиб бораяпманки, мазкур диннинг энг асосий камчилиги, ҳақиқатан ҳам, гўзал ва мўъжизавор католик Биби Марямдан бошқа ҳеч қандай худолару, ҳам илоҳий тасвирларга эга эмаслигида экан. Мисол учун дейлик, панду насиҳатлари билан одамларни зериктириб, ваҳима уйғотадиган айрим ваъзхонлар ўрнида агар ҳаворийлар худо бўлиб, уларга у ёки бу тарзда муайян куч-қудрат ҳамда табиий хусусиятлар ато этилганда борми, қойил қолардим, лекин гарчанд кучсиз, ҳар ҳолда ёқимли бир йўсинда жониворлар қиёфасидаги ўзимизнинг евангелчилар ҳарқалай бунинг ўрнини тўлдириб туришибди.
Мени ва бошқаларни, бўлаётган барча воқеаларни, оғзидаги луқмани истар-истамас чайнаётган Ҳессени ҳамда меҳмонхонанинг бошқа қўноқларини кузатиб турган курортчи ва ишиатик бемор Ҳессе эмас, балки кексайган, жамиятга ҳартугул хусумат руҳида муносабатда бўлган дарвеш, ғалати ва қизиқ табиатли Ҳессе, сафар ва саёҳатлар, капалак ва калтакесаклар ишқибози, шоир, қадимий китоблар ва динлар ихлосманди, ўзини дунёга дадил ва қатъий қарши қўя олган, фуқаролик тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун маъмурлар ҳузурига боришни ёки ҳатто рўй-хатга олиш варақасини шунчаки тўлдиришнида азоб деб билган ўша Ҳессе эди. Бу қария кейинги пайтда жамиятдан бир қадар узоқлашган ва ўша йўқотилган “мен” бирдан яна пайдо бўлиб, бизни кузатаётган экан. У курортчи Ҳессенинг иштаҳаси йўқлигидан санчқи билан истар-истамас, қорни очмаган бўлса ҳам, ажойиб балиқни майдалаб, домангир бир алфозда қийшайган лунжига бирма-бир солаётганини кўриб турарди; унинг ҳеч қандай заруратсиз ва ҳеч бир маънисиз стакан ҳамда туздонни нари-бери сураётганини, оёқларини стул остига дам йиғиб, дам узатаётганини; шунингдек, залдаги бошқа меҳмонлар ҳам худди шундай қилишаётганини кўриб турарди, метрдотель ва дўндиққина официант қизлар зериккан манови одамларга, гарчи уларнинг ҳеч бири оч бўлмаса ҳам, қанчалик эътибор ҳамда ғамхўрлик билан хизмат кўрсатиб, қоринларини тўйғазишаётганини, ташқарида эса, залнинг гумбаз шак­лидаги баланд дабдабали деразалари ортидаги бошқа бир оламда, осмонда булутлар сузиб юрганини ҳам кузатиб турарди. Буларнинг барчаси махфий кузатувчига ногаҳон ғоят ғалати, кулгили ва ҳатто бир қадар ваҳимали томоша бўлиб туюлди, манови зериккан, иштаҳаси бўғилган Ҳессе ва унинг дилгир шериклари ўтирган зал – ўзи йўғу хаёлан мавжуд бўлган одамларнинг мум ҳайкалларидангина иборат қандайдир қўрқинчли ва қотиб қолган кабинетдай кўринди. Нақадар кулгили, нақадар аҳмоқона эди мазкур тантанавор томоша, беҳисоб овқатлар, чинни ҳамда биллурлар, нон, май ва хизматкорлар – буларнинг барчаси манови бир ҳовуч қорни тўқ курортчилар учун эди, уларнинг зерикиши-ю, ғам-ғуссаларига эса на таом, на ичимлик ва на юксакликда сузиб юрган булутлар манзараси даво бўла оларди.
Лекин фақат курортчи Ҳессегина азбаройи зерикканидан нима қилишини билмасдан стаканни қўлига олди-да, лабларига текизиб, ҳатто ҳўплаб ҳам қўймади, бу билан тамаддининг барча дудмал ва беихтиёр хаёлий имо-ишораларига яна бири келиб қўшилди, холос ва иккала “мен” бир-бири билан бирлашди, камина дарҳол стаканни жойига қўйдим, бирданига ич-ичимдан кулгим қистаб, қаҳ-қаҳ отиб юборгим келди, бўлаётган барча воқеаларнинг аслида ғирт нодонлик эканини бирданига, болаларга хос соф қувноқлик билан англаб етдим. Худди шу лаҳзада менда шундай бир тасаввур пайдо бўлдики, гўё манови касал, зериккан, нозиктабиат ва ланж одамлар билан тўла мана шу залда, худди кўзгудагидек, бизнинг бутун маданийлашган ҳаётимиз, гўёки ўрнатилган рельслар бўйлаб зўрма-зўраки бораётган, Тангри ҳамда самодаги булутлар билан ҳар қандай алоқадан мосуво ғамгин, кучли истакларсиз ҳаёт акс этгандек эди. Шу аснода юз минглаб қаҳвахоналар ҳақида, улардаги доғ-дуғ босган мармар столчалар, шаҳвоний ҳирс қўзғайдиган ширин ва аччиқ мусиқа ҳақида, меҳмонхоналар ва идоралар, бутун архитектура, мусиқа, бугунги инсониятнинг одатлари ҳақида ўйларканман, буларнинг барчаси қиймат ва аҳамият жиҳатидан балиқни егим келмай санчқида титкилаб, залга лоқайд нигоҳим билан бемаъни тикилиб ўтиришимга бениҳоя монанд кўриниб кетди. Лекин барчаси – ошхона ва бизнинг олам, курортда дам олувчилар ва бутун инсоният, – барчаси асло даҳшатли ва фожиали эмас, балки фақатгина ақлга тўғри келмайдиган даражада кулгили бўлиб туюлди. Кулворсанг бас – сеҳр-жоду йўқолади, барча мураккаб механика майда-майда бўлиб кетади ва Тангри, қушлар, булутлар зерикарли залимиздан сузиб ўтади-ю, биз – курортдаги маъюс қўноқлар коинотнинг кўркам столи атрофида пайдо бўлиб, Яратганнинг қувноқ меҳмонларига айланамиз.
Боя айтганимдек, худди шу сонияда шошиб стаканни жойига қўйдим, ич-ичимдан шунақанги кулгим келдики, аранг ўзимни босиб қолдим. Эҳ, эсласам, болалигимизда ҳам шунга ўхшаш воқеалар тез-тез рўй берарди, қаердадир, синфдами ёки черковдами, стол атрофида ўтирган пайтингда шундай бўлардики, кўзларингдан тортиб, то бурнингга қадар шунақанги бир кучли кулги босиб келади, бироқ муаллим олдида, ота-онанг олдида, қолаверса, тартиб-қоида дегандек, кулиш мумкин эмас ва сен шунда қандайдир йўл билан кулгингни енгишинг лозим. Муаллимларимиз ва ота-оналаримизнинг гапларига унчалик ишонмасак-да, барибир уларга бўйсуниб, итоат қилар эдик, лекин бизни ўша даврларда ва ҳозир ҳам ниҳоятда ҳайратга солиб келган ва келаётган нарса шуки, улар ўз тартиб-қоидаларини, диний таълимот ҳамда панду насиҳатларини мустаҳкамлаш учун обрў-эътиборли шахс сифатида айнан Исо номини далил қилиб келтирардилар, у эса болаларни маъсум, бегуноҳ деб билган. Наҳотки Исо бу билан фақатгина ибратли болаларни назарда тутган бўлса?
Бу гал ҳам ўзимни кулгидан аранг тутиб қолдим. Жимгина ўтирибману, томоғим бўғилиб, бурним қичиб кетаяпти, бундан қутулиш учун бирон-бир чора излаяпман. Нима қилсам экан, балки ёнимдан ўтаётганида метрдотелни аста чимчиб олсаммикин ё официант қизларга стакандан сув сепворсаммикин? Йўқ, ҳарқалай, бу мумкин эмас, бунақанги нарсалар бундан ўттиз йил илгари қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, тақиқланган.
Ўй суриб ўтирибман, кулги эса нақ бўғзимга етиб келди. Шунда тўғри олдимдаги қўшни столчага кўзим тушди, у ерда нотаниш, сочлари оқарган, кўринишдан хаста бир хоним ўтирарди; ёнида – деворга суялган ҳассаси, ўзи қўлсочиқ ҳалқасини шунчаки эрмак учун ўйнаб ўтирибди, чунки бу пайтда навбатдаги таом кутилаётган, ҳамма ўзи билан ўзи андармон эди. Биттаси эски газетани берилиб ўқирди; уни илгари неча марта ўқиб чиққан бўлса ҳам, жаноб президентнинг бетоблиги ҳақидаги хабар билан олимлардан ташкил топган комиссиянинг Канададаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни, яна қайтадан ўқиш билан банд эди. Сал нарида ўтирган қариқиз ойимча эса, истикондаги сувга кукунни аралаштирар, чамаси, овқатдан сўнг дарҳол дори ичиш учун тайёргарлик кўрарди. У нимаси биландир эртаклардаги кўпинча жозибали, кўркам аёлларга зиён етказиш учун сеҳр-жодули оғуни аралаштириб берадиган қўрқинчли хотинларни ёдга соларди. Башанг кийинган, ҳорғин қиёфали жаноб, худди Тургенев ёки Томас Манн романлари саҳифаларидан чиқиб келгандек, девордаги манзаралардан бирини маҳзун нафосат билан кўздан кечирарди. Ҳаммасидан ҳам менга ўзимизнинг полвон хотин маъқул кўринди: чунки у доимгидек ўзини бекамикўст кўрсатар, олдида бўш ликобча, на тажанг, на зериккан қиёфада эди. Яна бир афандим бўлса, серажин, бўйни бақувват, жиддий, кўринишдан ҳимматли, стулда савлат тўкиб ўтирарди, кўриб нақ суд маслаҳатчиси дейсиз, важоҳати шундай эдики, гўё ҳозиргина ўз жонажон ўғлини ўлим жазосига ҳукм қилгандек, аслида эса, атиги ликопча тўла сабзавотни паққос туширган эди. Бизнинг қизил юзли паж жаноб Кессельринг, гарчи бир оз қаримсиқ ва хира тортган бўлса-да, бугун ҳам олижаноб ва қип-қизил кўринарди; афтидан, сал тоби қочиб турибди, шекилли, болаларга хос юзидаги кулдиргичи, кўкрак чўнтагидан чиқиб турган ғалати откриткаларга ўхшаб, ноўрин ва номуносиб туюлаяпти. Нақадар бемаъни ва беўхшов эди буларнинг барчаси! Нега ҳаммамиз бу ерда қўл қовуштириб ўтирибмиз, тиржайиб нимани кутаяпмиз ўзи? Қорин қурғур аллақачон тўйган бўлса, нега энди яна овқат ейишимиз, кейинги таомни ҳам кутишимиз керак? Нега Кессельринг поэтик сочларини кичкинагина чўнтаки чўткача билан текислайди, чўнтагида нега ўша телба-тескари откриткаларни олиб юради ва нега бу чўнтакка шойи астар солинган? Буларнинг барчаси шу қадар тушунарсиз, ҳақиқатга хилоф ва ниҳоятда кулгили эдики…
Шундай қилиб, мен ўша кекса хонимнинг юзига тикилиб қолдим. Шунда у бирдан қўлидаги халқани бир четга қўйди-да, менга қаради ва биз бир-биримизга бақрайиб туриб қолдик. Юзимга беихтиёр кулги ёйилди, ўзимни тўхтатолмадим, хонимга қараб бениҳоя самимият билан илжайдим. Хоним каминани нима деб ўйладийкин, – билмадиму, аммо-лекин бунга ажойиб бир йўсинда жавоб қайтарди. Аввалига тезда қовоқларини уйди ва яна шошилиб қўлига эрмагини олди, бироқ энди у оромини йўқотган ва каминанинг синчков нигоҳим остида бора-бора қалтираб, ажиб титраб борарди. Ниҳоят, хоним кулиб юборди! Афт-башараси буришиб, бўғриқиб, мен завқлантирган кулги билан олишарди! Шундай қилиб, икковимиз, бошқалар тасаввурида ёши улуғ кекса кишилар худди партадош ўқувчилар сингари тўғри олдимизга қараб, бир-биримизга кўз қири билан тикилиб турардик, юзларимиз эса кулгининг зўридан буришиб кетганди. Тушлик қилиб ўтирганлардан икки-уч киши буни сезиб, кулимсиб қўйдилар; шунда бирданига, худди деразани ёриб киргандек, даврамизга оқ-ҳаворанг осмон келиб қўшилди, бир неча дақиқа ичида бутун залга қувноқ-кулгили кайфият ёйилиб, ҳар бир киши ва ҳар биримиз, аканг қарағай курортдаман, деб гердайиб, зерикиб, хунобимиз ошиб, қанчалик аҳмоқ бўлиб ўтирганимизни дил-дилдан ҳис этдик.
Шу дақиқадан бошлаб, яна кайфиятим кўтарилди, энди мен ўз хасталигини даволашга келган шунчаки оддий курортчи эмасдим, балки ўша хасталик ва даволаниш масаласи нима учундир иккинчи даражали бўлиб қолган эди. Илгаригидек жонинг оғрийди, лекин илож қанча. Худо олсин, касал бўлсам нима қипти; яхшиси, уни – касалликни ўз ҳолига қўяман, билганини қилсин, ахир кун бўйи уни эркалаб, кўнглига қараш учун яшамайман-ку.
Тушдан сўнг турқи совуқ шерикларимиздан бири, фикрлари мўл-кўл жаноб тинмай гапириб, каминани безор қилиб юборди. У аввал ҳам бир неча марта газеталарини кўрсатиб, хира пашшадай ёпишиб олган эди; яқиндагина бўлиб ўтган мактабдаги таълим-тарбия масаласи хусусидаги узундан-узоқ ва зерикарли суҳбатда мен унинг синалган барча нуқтаи назар ҳамда фикрларини иродасизлик қилиб, ҳеч бир эътирозсиз маъқуллаган эдим. Мана энди бу одам йўлакдаги доимий “пистирма”сидан тўғри мен томон чиқиб келиб, яна йўлимга тўғаноқ бўлди.
– Салом, – деди у, – бугун жа кайфингиз чоғ!
– Бўлмасам-чи, – дедим мен. – Тушлик қилаётиб, осмонда булутлар сузиб юрганини кўрдим, модомики, шу пайтгача уларни қоғоздан ясалган, залнинг меъморий безаклари бўлса керак, деб ўйлардим, қарасам, ҳақиқий булутлар экан, кўриб жуда хурсанд бўлдим. Кўз ўнгимда учиб кетишди, бирортасида рақам йўқ, ҳатто нарх ёрлиғи ҳам кўринмади. Ҳақиқат бор экан-ку, яна тағин Баденда-я! Қойил!
О, сўзларимни эшитиб, жанобнинг юзи бирам буришиб кетди-ки!
– Шунақа денг, – деди у чўзиб, бунга деярли бир дақиқа вақт кетди. – Демак, сиз ҳали ҳақиқат йўқ, деб юраркансиз-да! Унда сўрашга ижозат этсангиз, ҳақиқат деганда сиз ўзи нимани тушунасиз?
– О, фалсафа-ку, – давом этдим мен, – бу албатта, мураккаб савол. Аммо унга оддийгина қилиб жавоб беришим мумкин. Ҳақиқат деганда, тақсир, камина одатда “табиат” деб аталадиган нарсанинг ўзини тушунаман. Ҳақиқат деганда, бу ерда, яъни Баденда бизни доимий ўраб турган муҳит, курортдаги ғийбат, ёлғон-яшиқ гаплар ва касалликлар тарихи, ревматик романлар ҳамда подагрик драмалар, сайри боғлару концертлар, таомнома ва дастурлар, ҳаммомчи-ю, курортчиларни назарда тутмайман, ҳарҳолда.
– Демак, бундан чиқди, сиз учун курортчилар ҳам воқелик эмас экан-да, шундайми? Масалан, дейлик, ҳозир сиз билан гаплашиб турган мана мен ҳам ҳақиқий эмасманми?!
– Ғоят афсусдаман, жаноб, албатта, сизни зинҳор хафа қилмоқчи эмасдим, аммо-лекин сиз ҳақиқатан ҳам воқеликдан маҳрум одамсиз. Англашимча, сиз ўша, идрок этилган нарсани воқеий кечинмага айлантирадиган асосий хусусиятлардан маҳрум одамсиз. Албатта, сиз яшаяпсиз, афандим, буни инкор этмоқчи эмасман, бироқ менинг кўз ўнгимда замон ва макон воқелиги етишмаётган тубанликда яшамоқдасиз. Демоқчиманки, умрингиз қоғоз, пул ва кредит, ахлоқ-одоб, қонун, руҳ, далда, ҳурмат-эҳтиромдан иборат бўлган тубанликда кечмоқда, сиз замон ва макон нуқтаи-назаридан эзгуликка, ақл ва қатъий императивга шерик ва эҳтимол, ҳатто капитализмга ҳам яқин бўлиб чиқарсиз. Аммо сизда мени ҳар қандай тош ёки дарахт, ҳар қандай чўлбақа, ҳар қанақанги қуш ёки парранда ишонтира оладиган даражадаги воқелик йўқ. Жаноб, мен сизни бениҳоя ҳурмат қилишим, сизни маъқуллашим, рад этишим ёки сиз билан келишишим мумкин, лекин сизни ҳис эта олишимнинг иложи йўқ, сизни умуман яхши кўриб ҳам бўлмайди. Сиз, албатта, ўз қариндошларингиз, ҳурматли яқин кишиларингиз тақдирига шерик бўлмоқдасиз – яхшилик, ақл, қатъий императив ва инсониятнинг бошқа энг юксак орзу-истакларига қўшилмоқдасиз. Сиз олижаноб одамсиз. Биз сиз билан фахрланамиз. Аммо-лекин сиз ҳақиқий эмассиз.
Бу сўзларни эшитиб, жанобнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Хўш, мабодо сиз ҳозир башарангизда бехосдан менинг кафтимни ҳис қилсангиз, ўшанда ҳақиқий эканлигимга ишонч ҳосил қилган бўлармидингиз?
– Модомики, бундай тажрибага журъат этар экансиз, унда биринчидан, ўзингизга ҳам ёмон бўлади, чунки мен сиздан кўра кучлироқман, қолаверса, айни дақиқада ҳар қандай аҳлоқий тўсиқлардан ҳам озодман; бундан ташқари, сиз бундай илтифотингиз билан ҳеч нимага эриша олмайсиз. Камина ҳам тажрибангизга жавобан ўз-ўзимни сақлаш учун ажойиб аппаратимни ишга солишим мумкин, бироқ барибир ҳужумингиз сизда юрак ва шахс мавжудлигига, ҳақиқий эканлигингизга мутлақо ишонтира олмайди. Агар қўлим ёки оёғим билан икки электр қутблари орасидаги бўшлиқни тўлдирадиган бўлсам, унда ўзимни ҳам электрсизлантиришга дучор қилган бўламан, бироқ электр токини худди ўзимдек жон, зот деб, қабул қилиш ақлга тўғри келмайди.
– Ғирт артист экансизу, нимаям дердим, сиздақаларга ҳар нарса мумкин. Сиртдан қараганда, руҳ билан мавҳум тафаккур сизга манфур туюлади, шекилли, улар билан уришиб-тортишасиз. Илтимос, марҳаматли бўлинг. Сиз ёзувчи одамсиз, энди бошқа кўпгина фикр ва мулоҳазаларингиз нима бўлади? Менга сизнинг кўплаб баёнот, мақола ва китобларингиз маълум, уларда сиз айнан тескари тарғиб қилиб, ўзингизни ақл ва тасодифлардан маҳрум табиатнинг эмас, балки ақл ва руҳ тарафдори деб эълон қиласиз ва бу билан ғояни ҳимоя қилиб, маънавиятни энг юксак, олий қонун, дея эътироф этасиз. Хўш, буёғи энди қандоқ бўлди?
– Наҳотки? Шундай дебманми? Нимаям дердим, бўлиши мумкин. Биласизми, ҳамма бало шундаки, мен ҳамиша ўз-ўзимга зид йўлни танлайман. Воқелик ҳар доим шундай кечади, руҳ эса – йўқ, эзгулик ҳам, жумладан, сиз ҳам, унчалик ҳурматли бўлмаган жаноб. Мисол учун, дейлик, жазирамада терлаб сайр қилиб келгач, мен бир кружка сув ёки сувни дунёдаги энг буюк неъмат, деб эълон қилиш тўғрисидаги фикрга берилишим мумкин. Орадан чорак соат ўтгандан сўнг, ташналигим қонгач, менда ейиш ва ичишга бўлган ҳар қандай қизиқиш барҳам топиши турган гап. Овқат, уйқу, фикрлаш хусусида ҳам худди шундай мулоҳаза билдириш мумкин. ”Руҳ” деган нарсага муносабатимга келсак, уни ейиш ва ичишга бўлган муносабатим билан батамом бир хил десам ҳам бўлади. Баъзан менга дунёда руҳ, мавҳумот мумкинлиги, мантиқ ва ғоядан кўра жозибалироқ ва зарурроқ ҳеч нима йўқдек туюлади. Уларга тўйганимдан сўнг, бутунлай қарама-қарши ва зид нарсаларга эҳтиёж ҳамда ташналик сезаман, энди ҳар қандай руҳ, гўё айниган таомдек кўнглимни беҳузур қилади. Ўз тажрибамдан биламанки, бундай хатти-ҳаракат гўё иродасизликдан далолат берармиш ва ғирт тентаклик ҳам эмиш, бунинг устига ножўя саналармиш, лекин бунга сабаб нима, ҳечам тушунолмадим. Негаки, овқат ейиш билан рўза тутишни, уйқу билан бедорликни муттасил алмаштиришга қандай мажбур бўлсам, табиат билан маънавият ўртасида, тажриба билан мавҳумот, тартибот ва инқилоб, католиклик билан реформация руҳи ўртасида у ёқдан бу ёққа узлуксиз равишда худди шундай йўл тутишга мажбурман. Инсон ўзининг бутун ҳаёти давомида ҳар доим ва муттасил тарзда руҳни ҳурмат қилиб, табиатдан нафратланса, муттасил инқилобчи бўлса-,ю ҳеч мутаассиб бўлмаса ёки аксинча бўлса, гарчи бу иш менга хийла эзгулик, ирода ва сабот-матонатдек кўринса-да, бироқ шуниси ҳам борки, одам доим фақат овқат ейишни ёки доим фақат ухлашни хоҳлагани сингари ниҳоятда даҳшатли, жирканч ҳамда ақлсизлик бўлур эди. Аммо шунга қарамасдан барча сиёсий ва маънавий, диний ҳамда илмий бирлашмалар гўё мана шундай ақлсиз хатти-ҳаракат ҳам бўлиши мумкин, гўё у табиий, деган фаразга асосланадилар! Мана, ўзингиз ҳам, тақсир, бир пайтлар руҳга қизғин муҳаббат билан уни кучли, ҳар нарсага қодир, деб ҳисоблаб, бошқа пайт эса – руҳдан нафратланиб, уни лаънатлаб, табиатнинг маъсумлиги ва мўл-кўллигига мурожаат қилишимни нотўғри, деб ҳисоблаяпсиз-ку! Хўш, нега? Нима учун сиз табиийликни иродасизлик, соғломликни ножоиз деб, ҳисоблайсиз? Агар буни менга тушунтириб бера олсангиз, барча моддалар бўйича енгилдим деб, бажонидил ҳам оғзаки, ҳам ёзма равишда гувоҳлик бериб, тасдиқлайман. Ва ўзимда қанча бўлса, сизда ҳам шунча ҳақиқийлик мавжуд, дея тан олиб, сизни бутун бир воқеликнинг шон-шуҳратига буркайман. Лекин аминманки, менга буни тушунтириб бера олмайсиз! Сиз мана турибсиз, нимчангиз остида шубҳасиз таомлардан иборат тушлик бор, аммо юрак деган нарса йўқ, моҳирона ўхшатиб ишланган бош суягингизда гарчи руҳ бўлса-да, лекин табиат йўқ. Эҳ, сизни қаранг-у, ревматик курортчи, сиздақанги хаёлий-кулгили одамни ҳечам кўрмаганман! Қаранг, азизим, ёқангизнинг қоғози ҳам кўриниб қопти, чок-чокингиздан руҳ дегани чакиллаб томиб турибди, аммо ичкарида газета ва солиқ паттаси, Кант, Маркс ва Афлотун, ҳамда даромад жадвалидан бошқа ҳеч вақо йўқ! Пуф десам, учиб кетасиз! Маҳбубам ёки бўлмасам ҳатто энг оддий сариқ наврўзгул ҳақида ўйласам бўлди, сизни воқеликдан буткул суриб ташлашга шунинг ўзи кифоя! Сиз буюм эмассиз, одам ҳам эмассиз, сиз – ғоя, зерикарли мавҳумотсиз!
Шу пайт бир оз қизишиб кетиб, у нусхага ҳақиқий эмаслигини исбот қилиш учун бир мушт туширган эдим, шу кетганича йўқ, ғойиб бўлибди. Ўзимга келиб, бундоқ қарасам, бошялангман, уйдан шляпасиз чиққан эканман, дарёнинг кимсасиз соҳилида турибман; ажойиб дарахтлар остида бир ўзим ёлғиз, атрофда сув шовиллаб, тўлқинлар мавж урарди. Шунда яна бирдан руҳ қарама-қаршилигига берилдим, тасодифнинг бемаъни ва бетартиб оламини, нур ўйини ва нимқизғишранг қум узра сояларни ҳамда тезоқар сувнинг чексиз оҳангларини бениҳоя севиб, яхши кўриб қолдим. Эҳ, қанчалар таниш куйлар эди улар! Эсимга тушди, кунларнинг бирида Ҳиндистонда, дарё қирғоғида шеригим, исми ҳозир ёдимда йўқ, қайиқчи чол билан ёнма-ён, бундан минг йил муқаддам, бирлик ҳақидаги фикрдан сармаст ва ранг-баранглик ҳамда тасодиф ўйинидан завқланиб ўтирардим. Маҳбубам ҳақида, унинг бир тутам сочи остидан кўриниб турган бежирим қулоқчаси ҳақида ўйлардим, ўйлардиму, ўзим қачонлардир ақл ва ғоя йўлида бунёд этганим барча саждагоҳлардан воз кечиб, мана шу ярми кўриниб турган сирли қулоқ супраси шарафига янгитдан меҳроб қуришга чин дилдан тайёр эдим. Дунё бирлик эканлиги, шу билан бирга хилма-хилликка тўла, чирой фақат фонийликда мумикнлиги, роҳат-фароғат эса фақат осий бандасига насиб этиши, – шу ва шунга ўхшаш бошқа юзлаб энг теран ва ҳақиқатлар учун рамз ҳамда муқаддас далил сифатида Изида, Вишну ва нилуфаргул билан бир қаторда мана шу гўзал қулоқча ҳам хизмат қила олиши мумкин эди.
Шундоқ остимда, тошлоқ ўзанда дарё бетиним шовиллар, чинорларнинг олачипор таналари узра ёғду сочаётган қиём чоғидаги қуёш янглиғ куйларди! Яшаш қандай яхши! Ошхонадаги ўша бемаъни кулги истаги ҳам ўтиб кетган ва унут бўлган, кўзларимда ёш қалқир, муқаддас дарё шовқини каминага келажакдан хабар бергувчи доно аломат сифатида жаранглар, қалбим тинчлик ва шукроналик туйғуларига тўла эди. Чинорлар остида узоқ сайр қилганимдан сўнггина каминага ўзим кейинги пайтларда яшаган тубсиз тушкунлик ва чигалликлар, азоб-уқубатлар ва бемазагарчиликлар олами ярқ этиб очилди! Э худойим, қандай аянчли томоша бўлди бу – иродасиз, разил, қўрқоқ кимсага айланиб қолиш ҳам ҳеч гап эмас экан! Бирозгина бетоблик ва оғриқлар, икки-уч ҳафталик курорт ҳаёти, уйқусизлик деб, ғам-ғусса ва умидсизликка томоғимдан ботиб қолибман-ку. Ҳиндий маъбудларнинг овозларини тинглай олган мендек одам-а! Ёвуз сеҳр-жодуларнинг, ниҳоят барбод бўлгани қандай яхши, мен яна ҳаво, қуёш нурлари ва воқелик оғушидаман, яна илоҳий овозларни эшитаяпман, қалбимда яна иззат-икром ва муҳаббат туйғулари жўш урмоқда! Ўтган ана шу ғамгин кунларни бир-бир эслаб, хаёлдан ўтказарканман, ҳам ранжирдим, ҳам ҳайрон қолардим, охирида эса мени ўраб-чирмаб олган ана шу барча арзимас кўнгилсизликлар устидан шунчаки кулиб қўяқолдим. Йўқ, энди мен учун курзалга ва ҳатто қадр-қиммат шу қадар тўлиб-тошган қиморхонага боришнинг ҳам кераги йўқ; энди ўз вақтимни қаерга ва нимага сарфлай деб, бошим қотмайди. Сеҳр-жодулардан батамом қутулдим.
Мана энди, даволанишнинг тугашига бир неча кун қолганда, бу нарсалар қандай рўй бериши мумкин деб, танамга ўйлаб кўраяпман ва тушкунлигим ҳамда барча уятсиз кечинмаларим сабабларини излаб, аниқлаш учун ушбу хотираларимнинг исталган саҳифасини очиб, ўқиб кўриш кифоя қилмоқда. Бунга ўзимнинг хаёлпарастлигим, орзу-ҳавасларга ўчлигим, каминада одоб-ахлоқ ва буржуйликнинг етишмовчилиги сабаб эмас, балки иш ўзи аксинча эди. Айнан ўзим ҳаддан зиёд хушахлоқ, одобли, ҳаддан ортиқ мулоҳазали, ҳаддан ташқари буржуй эдим! Юз марталаб йўл қўйган эски, азалий хатоимга ҳар сафар аччиқ афсус-надоматлар қилардим, мана бу гал ҳам шундай бўлди. Камина меъёрга мослашмоқни ихтиёр қилдим, ҳеч ким қўймаган талабларни адо этмоқни ва ўзгача қиёфада кўринмоқни истадим. Оқибатда эса яна ўз жонимга, ҳаётимга жабр қилдим. Хуллас, бошқача одам бўлмоқчи эдим. Қандай қилиб дейсизми? Ўз ишиасимни касбга айлантириб, меҳмонхонанинг буржуйча муҳитига мослаша оладиган ишиатик ва курортчи ролини ўйнай бошладим. Қарасам, Баденга, даволанишга, атрофимдаги муҳитга, бўғимлардаги оғриқларга ҳаддан ортиқ аҳамият берворибман; ана шу даволаниш курсига чидаш ва албатта соғайиб чиқишни миямга қуйиб олдим. Меҳр ва мурувват йўли билан эришиш мумкин бўлган нарсани тавба-тазарру, кафорат, риёкорлик, ванна, таҳорат ва шифокор ёрдамида ҳамда браҳманлар афсуни орқали қўлга киритмоқчи бўлдим.
Доим бўлганим шу. Ўзимча ўйлаб топганим ажойиб ванна психологияси, – илиқ сувда ётволиб, – буям бўлса бир фокус, найранг, ҳаётни фикран қамраб олишга уриниш эди; бу ҳам муқаррар тарзда муваффақиятсизликка учради. Камина бир замонлар шундай деб ўйлардим, энди эса ҳеч қандай ишиатиклар фалсафасининг вакили ҳам эмасман, умуман, бунақанги фалсафанинг ўзи йўқ. Шунингдек, сўзбошида ёзганим элликёшлилар донишмандлиги ҳам йўқ нарса. Эҳтимол, бугунги фикр-мулоҳазам бундан йигирма йил илгаригисидан бир қадар фарқ қилиши мумкин, лекин ҳис-туйғу ва мазмун-моҳият, истак ва умидлар ўзгармаган, на ақллироқ ва на бемаънироқ бўлиб қолмаган. Ҳозир ҳам худди ўша пайтдагидек, дам болага айланишим, дам чолга айланишим, гоҳ икки яшар бўлиб қолишим, гоҳ эса мингга киришим ҳам мумкин. Чекланган дунёга мослашишга, эллик ёшли ишиатикни тасвирлашга бўлган уринишларим ишиас билан Баденга руҳиятим ёрдамида кўникиш йўлидаги саъй-ҳаракатларим сингари самарасиз қолиб кетди. Нажот сари эса икки йўл мавжуд эди: тақводорлар учун тақво йўли, гуноҳкорлар учун роҳат-фароғат. Мен, осий банда, арзимаган нарсани деб, тақводорликка уринибман ва яна хатога йўл қўйибман. Бу йўлда ҳеч қачон омадим юришмайди. Малҳам – тақводорлар учун, биз, гуноҳкорлар учун эмас, тақводорлик, бу – оғу, у бизни дарғазаб қилади. Кўриниб турибдики, менга ёзувчи сифатида маънавий соҳада дунёни санъат йўли билан эмас, балки тафаккур ила эгаллашда ҳар гал қайтадан уриниш буюргани каби яна шундай уринишларга қўл уриш, яна шундайин хатоларга йўл қўйиш насиб этган экан. Камина мана шундай узоқ ва машаққатли, якка-ёлғиз сафарларга яна ва яна отланавераман, ақл ва сабот билан нимагадир эришишга ҳаракат қилавераман, бироқ барча уринишларим нимагадир ҳар доим азоб ва умидсизлик билан якун топаверади. Аммо ҳар гал ўлим ортидан дунёга қайта туғиласан, менга ҳамиша раҳм-шафқат кулиб боқади, азоб, оғриқ ва умидсизликларга чидаш мумкин бўлади, адашишу, саргардонликлар сира зое кетмайди, мағлубиятлар қимматли, чунки улар мени Она бағрига қайтариб, меҳр ва марҳаматни қайта бошдан кечиришимга имкон берди. Шундай, энди ўзимга ўзим насиҳат қилишим бас, ақлий ва руҳий ҳаракатларимни, соғайишга бўлган уринишларимни, мағлуб ҳамда тушкун ҳолатларимни ортиқ ёзғирмайман, ҳеч нарсага афсусланмайман ва ўзимни бошқа айбламайман ҳам. Ҳаммаси бахайр бўлди. Яна Тангри овозини эшитаяпман, энди ҳаммаси яхши. Ҳозир ўша ўзим яшаган 65-хонага кўз ташласам, қандайдир ғалати бўлиб кетаман; ундан ажралиш ҳақида ўйласам, бу хонага аллақандай меҳрим товланиб кетади ва айрилиқ олдиндан оғриқ уйғотади. Шу ерда, мана шу столча атрофида ўтириб, қанчадан-қанча саҳифаларни ёзиб тўлдирганман, қимматли бир нима қилаяпман деб, баъзан қувониб ҳам қўйганман, баъзан эса – ишончсизлик ва маъюсликка берилган бўлсам ҳам барибир тушуниш ва тушунтира олишга, ҳечқурса чин дилдан тавба қилишга уриниб, ишга батамом кўмилганман! Манови оромкурсида ўтириб, Жан Полни қанчалар суйиб мутолаа қилганман! Хонанинг тахмонсимон ўрнида турган мана шу каравотда неча-неча соатларни, қанчадан-қанча тунларни бедор ўтказганман, хаёл уммонига чўмиб, ўз-ўзим билан тортишиб, дам ўзимни оқлаб, дам азоб-уқубатларимни муаммо ва жумбоқ сифатида англаб, уларнинг қачонлардир, бир кунмас бир кун албатта ечилажагига умид қилганман! Бу ерда нотаниш кишилардан қанчалаб хатлар олганман ва қанчадан-қанча нотаниш одамларга мактублар ёзганман, улар китобларимдаги “мен”им яқин туюлганидан ўз фикрларини билдириб, саволлар йўллашган, улар инсон эътиқоди деганда нимники излаган бўлишса, камина ҳам ўз ижодим ва эътирофларимда айнан шу нарсани: ойдинлик, тасалли-таскин, далиллар ва янги қувонч, соф беғуборлик, ҳаётга янгича муҳаббатни қидириб, изланиб келмоқдаман! Бу хонада менга қанчадан-қанча фикр-ғоялар, қандайин кайфиятлар, қанча ширин хаёллар ошно бўлмади дейсиз! Бу ерда, ёқимсиз тонгги ҳорғинликни енгиб, ванна қабул қилиш учун ўзимни аранг туришга мажбурлар, зирқирайдиган, букилмайдиган бўғимларда ўлимни олдиндан сезиб, фонийликнинг таҳдидли аломатларини пайқай олардим; ўтган кўплаб ажойиб кечалар оғушида хаёлларга берилар ёки нуқул голландиялик билан олишиб чиқардим. Шу ерда, ўша бахтиёр кунда “Руҳият”га ёзган сўзбошимни маҳбубамга ўқиб берганимда у ўзи ҳам яхши кўрадиган Жан Полга кўрсатилган озгина эҳтиромдан хурсанд бўлган, ва ниҳоят, Баденда ўтган вақтим, шу даволаниш, шу таназзул, ички мувозанатимдаги барча йўқотганларим ва топганларим мен учун муҳим босқич эди.
Афсус, мана шу меҳмонхона номерига бундан уч ёки тўрт ҳафта бурун меҳр қўйиб, боғланиб қолмаган эканман! Илож қанча, энди нимаям қила олардим. Яхши, гарчи кеч бўлса ҳам мана шу номер билан меҳмонхонани, голландиялик билан даволанишни яхши кўриб қолиб, улар билан дўстлашиб олдим. Бадендаги даволаниш муддатим охирига етаётган бир пайтда мундоқ ўйлаб кўрсам, курорт ҳам аслида ёмон жой эмас экан, бу ерда энди ойлаб яшай олсам керак. Ҳа, бу ерда ўз-ўзимга қарши, ақл-идрокка қарши, курорт ҳаётига қарши, шунингдек, меҳмонхонадаги қўшнилар ва ошхона столи атрофидаги шерикларга қарши қилган кўплаб гуноҳларимни ақалли бир оз бўлса-да, ювишим керак эди. Ахир, пессимизмга ўта берилган баъзи бир кунларимда ҳатто докторнинг самимий умидбахш сўзларига ҳам шубҳа қилмаганмидим? Йўқ, бу ерда ҳали кўпгина хатоларимни тузатишим керак. Мисол учун, жаноб Кессельрингнинг сирли суратлар галерея­сидан маъни топишни менга ким қўйибди? Қанақанги насиҳатгўйман ўзи? Гўё ўзимнинг ғалати феълларим йўқдек, буни ҳамма билади-ку. Нега энди ўша ҳимматли серажин жаноб қиёфасида айнан буржуй, худбин ва ўзбилармон, ўзига ишонган ҳакамни кўра қолдим? Ўзимга қолса, ундан одиллигидан изтироб чекадиган, қатъиятлиги боис ҳалок бўлган фожиавий қаҳрамоннинг каттакон ҳайкалига тақлид қилиб ишланган римликни ҳам ясаб ташлардим. Ва ҳоказо; агар ҳозиргина бу йўлни тарк этиб, барчасини меҳр-шафқатга қўйиб бермаганимда – яна юзлаб хатоларни тузатиш, юзлаб гуноҳлару, юзлаб бераҳмликларга тавба қилишим керак эди. Шунинг учун, майли, гуноҳлар гуноҳлигича қолсин, энди бундан буёғига янгиларидан ўзи асрасин!
Ўтган ана шу нохуш кунларга яна бир бор назар ташларканман, унинг қаърида, узоқ-узоқларда увоққина бир шарпа кўринди: у курортчи Ҳессе бўлиб, ранг-рўйи ўчган, зериккан, дилгир, жирканч бир алпозда тамадди қилиб ўтирар, шўринг қурғур юмор ва фантазиядан ҳам маҳрум, тўйиб ухламаганидан юз-кўзлари қизарган, нурсиз, лоқайд, ишиасни ҳам жиловлай олмаган, қайтанга унга ёпишиб қолган хаста бир одам эди. Сесканиб кетиб, юзимни бурдим, кейин қарасам, бечора ўлиб қопти, энди уни ҳеч қачон бошқа кўрмайман деб, хурсанд бўлдим. Гўрида тинч ётсин!
Агар Инжил ибораларини панду насиҳатлар сифатида эмас, балки инсон қалбидаги сир-синоатларни ниҳоятда теран билишнинг ифодаси, дея қабул қиладиган бўлсак, бахт ҳақидаги қачонлардир айтилган энг доно гапларнинг, бутун ҳаётий донишмандлик ва таълимотнинг туб моҳияти ушбу сўзлар замирида мужассамдир: “Ўз яқин кишингни ўзингни севгандек сев!” Мазкур сўзлар Тавротда ҳам учрайди. Агар ўз яқин кишингни ўзингдан камроқ севсанг – унда сен худбин, тамагир, капиталист, буржуйсан, юлғичлик билан бойлик орттириш ва ҳокимиятга эгалик қилиш мумкиндир, аммо қалбингда қувонч бўлмайди, сенга чин дилдан энг латиф, энг лаззатли шодликларни буюрсин. Борди-ю, ўз яқин кишингни ўзингдан ортиқ севсанг – унда сен номукаммалликка йўғрилган, барчани севишга интилган шўрпешана ношудсан, ўз-ўзингни азоб ва адоватга қўйиб, ҳаётинг жаҳаннамга айланади, ўз ёғингга ўзинг қоврилиб юраверасан. Аксинча, муҳаббатингда мувозанат бўлса, ундан ё бундан қарздор бўлмасдан сева олсанг, бундай меҳр-муҳаббат ўз “мен”ингни ҳам қисиб, чеклаб, зўрламайди! Ушбу ҳикматда асл бахт-саодат, ҳақиқий роҳат-фароғат сири ўз ифодасини топган. Истасак, уни ҳиндийчасига шундай изоҳлашимиз мумкин: “тат твам аси”, яъни яқин кишингни сев, чунки бу – ўзингсан! Эҳ, ҳақиқий доно ҳикмат бундан аллақанча замонлар муқаддам ана шундай оддий, аниқ ва теран таърифланган экан! Нега энди биз уни доимо эмас, балки аҳён-аҳёнда, фақат яхши кунларимиздагина эслаймиз, англаймиз.

Ортга назар ташлаб

Ушбу сўнгги саҳифани ёзаётганда Баденда эмас, балки уни янги режа ва ниятлар билан тарк этиб, яна ўз даштимда, ёлғизликда ва жамиятда четда яшамоқда эдим. Курортчи Ҳессе, хайриятки, ўлди, энди у билан ишимиз йўқ. Унинг ўрнига бутунлай янги Ҳессе пайдо бўлди. Тўғри, унинг ҳам ишиаси бор, лекин у хасталикка эмас, балки хасталик, яъни ишиас унга хос хусусиятдир.
Дарҳақиқат, Баденни тарк этиш, у билан ажралиш камина учун оғир бўлди. Бу ердаги кўп нарсалар ва кишиларга; ўз хонамга, меҳмонхона соҳибига, дарё соҳилидаги дарахтларга, хайрлашув олдидан бўлган қабул чоғида ҳам ўзини муносиб тутган шифокорга; сувсарларга, хушмуомала ва дўндиққина офисиант қизлар Рёзли, Труди ва бошқаларга; шунингдек, қиморхонага, кўплаб шерикларим – беморларнинг юз-кўзларига ва ташқи қиёфаларига ўрганиб қолган эканман, энди бу ришталарни узишга тўғри келди. Хайр, яхши қол, муолажахонадаги меҳрибон, ҳамиша қувноқ ва илтифотли ҳамшира! Алвидо, голландиялик полвон хотин, алвидо, эй оч жингалак сочли қаҳрамон Кессельринг!
“Табаррук ҳовли”нинг хўжайини билан бўлган хайр-маъзур ҳам жуда кўнгилли ўтди. Меҳмонхонани мақтаб, миннатдорчилик билдиргандим, у аввалига жилмайди, сўнг, доктор мендан ва даволанишимдан кўнгли тўлдими-йўқми, шуни сўради; мен унга, шифокор каминани роса мақтаганини ва мана энди Баденни бутунлай соғайдим, деган умид билан такр этаётганимни айтиб бергандим, меҳмонхона соҳиби қўлини елкамга дўстона қўйиб, муғомбирона мулойимлик билан шундай деди:
– Жуда яхши, ана энди хотиржам бораверинг! Табриклайман. Лекин сизга бир гап айтсам, ишонасизми: сиз қайтиб келасиз!
– Қайтиб келасиз, дейсизми? Шу ёққа, Баденгами? – сўрадим мен. У эса шодон кулиб, деди:
– Ҳа-да. Ҳамма қайтиб келади, соғайганлар ҳам, соғаймаганлар ҳам; ҳозирча бари қайтиб келишаяпти, ҳарқалай. Энди сиз ҳам бизнинг доимий мижозимизга айландингиз.
Хайрлашув чоғида айтилган ушбу сўзлар, албатта, ёдимда. Эҳтимол у ҳақдир, балки бир кун яна қайтиб борарман. Аммо яна қайтиб борсам, энди бу сафаргидек бўлмайди. Яна ванна қабул қиламан, яна электр билан даволашади, яна аввалгидек яхшилаб боқишади, балки яна тағин руҳий тушкунликка тушиб, умидсизликка бериларман, май ичиб, рулетка ўйнарман, бироқ энди ҳаммаси бутунлай бошқача, худди овлоқ паккамга ҳозирги қайтишим олдингиларидан фарқ қилгандек, бошқача бўлади. Алоҳида олиб қаралганда, ҳаммаси деярли бир-бирига ўхшаш, умуман олганда эса янгича ва ўзгача бўлади, бошқа юлдузлар остида кечади. Негаки ҳаёт арифметик вазифа ёки геометрик шакл эмас, балки мўъжизадир. Бутун ҳаётим мобайнида шундай бўлган: барчаси, ўша қайғу-қувончлар, ўша истак, ўша васвасалар ҳаммаси қайта такрорланаверган; пешонамни эшик тепадорига қайта-қайта уриб олаверганман, худди ўша махлуқлар билан олишаверганман, ўша капалак, парвоналар кетидан қуваверганман, доимо бир хил ҳолат ва вазиятларга тушаверганман, бироқ ҳар доим бу янгича, янада ажойиб, мафтункор, янада хатарли, янада жозибали ўйин бўлаверган. Минг маротаба ўз-ўзимга ишонганман, минг марталаб ўлгудек чарчаганман, минг марталаб бачкана, минг марталаб кекса ва вазмин бўлганман – ва ҳеч нима узоқ давом этмаган, ҳаммаси қайтадан яна такрорланаверган, бироқ ҳеч қачон бир хил, бир-бирига ўхшаш бўлмаган. Мана шу кўплик ортидаги камина ҳурмат қиладиган бирлик асло зерикарли, завқсиз эмас, у ақл кўзи билан қараладиган, назарий бирлик, ўйин-кулгига, оғриқ ва азобларга тўла ҳаётнинг ўзидир. У ўйинга тушаётиб, дунёнинг тит-питини чиқараётган маъбуд Шива рақсида, шунингдек, кўпгина бошқа суратда ҳам тасвир этилган; у ҳеч қандай тасвирдан, ҳеч қандай муқоясадан чўчимайди. Унга ҳар доим яқин боришинг мумкин, замондан, макондан, билиш-билмасликдан воз кечганинг ҳамон, расму таомиллар доирасидан чиққанинг заҳоти ва барча маъбудларга, барча одамларга, барча оламларга ва барча даврларга меҳр-муҳаббат-ла хизмат қилишинг билан у сенга пешвоз чиқади. Бундай лаҳзаларда бирлик ва кўпликни бирга ёнма-ён ҳис этасан, ёнингдан ўтиб бораётган Будда ва Исони кўриб, Моисей билан суҳбат қурасан, ўз танангда Цейлон қуёшининг ҳароратини сезиб, абадий музликлар бағридаги қутбларни кўрасан. Бадендан қайтганимдан буён у ерларга ўн марталаб бориб келдим.
Шундай қилиб, камина “соғаймадим”. Аҳволим яхши, шифокор мендан мамнун, бироқ бутунлай тузалиб кетмадим, хасталик ҳар дақиқа хуруж қилиб қолиши мумкин. Асл шифодан ташқари, Бадендан яна бир нима опкелганман, яъни ўз ишиасимни шафқатсизларча таъқиб этишни бас қилдим. Тушунишимча, у мен учун ирсий эмас, худди чаккамдаги оқараётган соч-соқол каби хос хусусият, уни шунчаки йўқотиш ёки маҳаллий сеҳр-жоду билан қувиб солишга уриниш ҳам ақлдан эмас. У билан тинч-тотув яшашга ҳаракат қиламиз, кўнгилчанлигидан фойдаланиб, уни ахир бир кун ўз томонимга оғдириб оламан!
Бир кун келиб, яна Баденга қайтиб борсам, илиқ сувга бошқача тушаман, қўшниларимдан бошқачароқ тарзда изтироб чекаман, бошқача азоб тортиб, бошқачароқ шодланиб, бошқачароқ ёзаман. Янги хатолар қилгудек бўлсам, Худо билан янгича йўллар билан келишамиз. Ва ҳар доим ўйлайманки, ҳаракат қилиб, фикр юритиб яшаяпманми, демак бунда ҳамиша Ўзи мужассам.
Курортда ўтказганим бир неча ҳафталик вақтимга ҳозир назар ташласам, ўтмишга нисбатан ҳар қандай нигоҳда бўлгани каби менда ҳам қандайдир устунлик, тушуниш ҳамда сезгирликдан иборат хомхаёл пайдо бўлади, бундай ҳис-туйғулар ёшликда умрнинг ҳар бир янги палласида учраб турадики, бу чинакамига лаззат бахш этади. Шундай қилиб, ўз “мен”имнинг яқиндаги изтироблари, жисмоний оғриқлар ва руҳий азоб­лар ортда қолди, ўша уқубатли босқичдан ўтилди, ўша, яқинда Баденда ўзини шу қадар бемаъни тутган Ҳессе ҳозир унга аланглаб қараётган доно Ҳесседан беҳад қуйида тургандек, назаримда. Курортчи Ҳессе арзимас майда-чуйдаларни ҳам бўрттириб, муболаға қилаётганини кўриб-билиб турибман, унга хос бўлган тангликнинг қизиқ механикасини яхши тушунаман ва уни унутаман, чунки бу майда-чуйдалар, менимча, арзимас ва улар ортда қолганлиги учунгина кулгили туюлади.
Бироқ майда ва йирик, арзимас ва муҳим деганлари нима ўзи? Агар одам нафсониятга тегадиган майда ташвишларга, арзимас ғижиниш ва ҳақоратларга ғайритабиий тарзда ва жуда тез муносабат билдирса, руҳшунослар уни руҳий хаста деб атайдилар, лекин у одам кўпчиликнинг назарида даҳшатли кўринган кулфат ҳамда изтиробларга сабот-матонат билан чидай олади. Шундай одамлар ҳам борки, улар ақли расо ва соғлом ҳисобланади, лекин оёғини босиб олсангиз ҳам миқ этмайди, буни ҳатто сезмайди ҳам, энг бемаза мусиқага, энг расво архитектурага, энг айниган, бузуқ ҳавога ҳам чидайди, аммо қарта ўйинида арзимаган пул ютқазиб қўйса борми, столни муштлаб “чўрт-пўрт” деб сўкина бошлайди. Меҳмонхоналарда баъзан шундай воқеаларнинг ҳам гувоҳи бўлганман: туппа-тузук, ақли-ҳуши жойида, ҳурматга сазовор жаноб­лар қартада ютқазиб қўйишганда кўпинча шеригини айблашга уриниб, шунақаям қутуриб кетишадики, беихтиёр шу яқин орадаги шифокорга мурожаат қилиб, илтимос, манови бадбахтларни касалхонага ётқизиб, даволанг, деворгинг келади. Барча нарсани асосли, дея эътироф этиш учун турли-туман андоза, меъёрлар мавжуд: лекин улардан биронтасини, илмий ёки урф-одат, ахлоқ-одоб доирасида бўладими, ўзим учун муқаддас деб билишдан буткул ожизман.
Курортчи Ҳессенинг автопортретини кўргач, уни ғалати одам деб ўйлаган киши ўзининг қанақадир фикрлар оқимининг муфассал таъриф-таҳлилини, ўзининг атроф-муҳитга бўлган одатдаги қандайдир муносабатини ўқиб кўрганида, жуда ҳайрон қоларди. Худди микроскоп остида одатда кўзга чалинмайдиган ифлос бир нима, ахлат бўлакчасими, бирданига ажойиб юлдузли осмонга айлана олганидек, худди шундай чинакам руҳшунослик микроскопи (афсуски, ҳали мавжуд эмас) остида қалбнинг заррача ҳаракати ҳам, қандай бўлишидан қатъи назар, аҳмоқона, беўхшов ёки телбаваш бўладими, барибир тантанавор манзара касб этган ва биз унда ўзимиз билган энг муқаддас неъмат – ҳаётнинг фақат намунавий, мажозий аксинигина кўра олган бўлардик.
Агар барча адабий уринишларим кўп йиллардан буён ана шу олис манзил сари интилиш, барча нарсаларни кўришга қодир кўзнинг ўша чиакам руҳиятини кучсиз, журъатсиз бўлса-да, олдиндан сезиш йўлидаги изланишлардан ўзга нарса эмас, десам ўзимга ўта ишонган, ўзбилармонлик қилган, шу билан бирга, ушбу кўз нигоҳида ҳеч нарса ёмон ёки бемаъни ёхуд беўхшов эмас, балки барчаси муқаддас ва муносиб бўлишини таъкидлаган бўлар эдим. Аслида ҳам худди шундай.
Энди мазкур саҳифалар билан хайрлашаётиб, ниҳоят, Баденда бўлган давримга бир қур назар ташласам, каминада қандайдир қониқмаслик, ўкинч ва афсуснамо туйғу пайдо бўлади. Бунинг сабаби ўз аҳмоқликларим, сабрсизлик, асабийлигим, ҳаддан зиёд ошиғич ва кескин фикр-мулоҳазаларим, қисқаси, чуқур асос ва заруратга эга бўлган ўша ўзим билган инсоний хато ва камчиликларда эмас. Йўқ, менинг ўкинчим, шавқсизлик ва ҳасратимга сабаб мана шу эсдалик ва қайдлар, ҳаётнинг зиғирдеккина бир парчасини имкони борича ҳаққоний ва виждонан акс эттириб, очиб беришга бўлган мана шу уринишдир. Тўғрисини айтишим керак, гуноҳ, иллат ва камчиликларимдан уялмайман, балки тилга оид тажрибаларим борасидаги омадсизлигимдан ҳамда адабиёт соҳасидаги саъй-ҳаракатларимнинг натижаси арзимаслигидан хижолат бўламан, холос. Кези келганда шуни ҳам айтишим керакки, бундай умидсизликка тушишимнинг ҳам муайян сабаблари бор. Буни мисоллар ёрдамида тушунтириб беришга ҳаракат қиламан.
Мабодо мен мусиқачи бўлганимда икки чизиқдан, жуфт оҳанг­дошликдан ва қатор ноталардан иборат жўровоз куйни ҳеч бир қийналмай ёзишим мумкин эди ва улар бир-бирини тўлдириб, бир-бири билан мослашиб, бир-бири билан курашиб, келишиб, ҳарҳолда қаторнинг ҳар бир нуқтасида бир-бири билан энг яқин ва қизғин алоқага кириша оларди. Ноталарни ўқий оладиган ҳар қандай киши каминанинг қўшалоқ оҳангини тушуна олиши ва ундаги ҳар бир тон ва унинг акс оҳангини ҳам илғаб, тинглаши мумкин эди. Хўп, ана энди мен ҳам худди шу нарсани, мана шу жўровозлик ҳамда абадий ҳаракатдаги қарама-қаршиликларни айнан ўз матерёлим – сўзлар воситасида ифодалашга интилиб, ҳаракат қилиб келаман, шу билан овораман, бироқ бари беҳудалигига қарамасдан, яна ва яна уринавераман, мени астойдил, берилиб ишлашга илҳомлантирадиган нарса, бу – иложи йўқ бир нимани қўлга киритиш йўлидаги қатъий интилиш, эришиб бўлмайдиган манзил сари шиддатли курашдир. Камина иккиёқлама бирлик учун мос ифодалар топишни, оҳанг ва қарши оҳанг доимо сезилиб турадиган хилма-хилликка бирхиллик, ҳазилга – жиддийлик муттасил йўлдош бўладиган боблар ҳамда қоидалар ёзишни истардим. Негаки, менинг ҳаётим фақат икки қутб орасида тебранишлардан, оламжаҳоннинг қўш асоси узра у ёқдан бу ёққа узлуксиз ҳаракатлардан иборат. Дунёнинг мақташга арзигулик даражада ранг-баранг эканлигини ва мана шу ранг-баранглик асосида бирлик ётишини ҳамиша ва ҳар доим уқтириб, эслатиб туришни истардим; гўзаллик ва хунуклик, ёруғлик ва зулмат, гуноҳ ва савоб фақат бир зумгина қарама-қаршилик сифатида намоён бўлишини, аслида улар муттасил, узлуксиз равишда бир-бирига ўтиб юришини очиб беришни ҳоҳлардим. Инсоният томонидан нимаики сўз айтилган бўлса, мен учун энг олийси – мана шу иккиёқламалик гўё сирли ишорадек ўз ифодасини топган ўша ноёб иборалар, бутун дунё, коинот зиддиятлари ҳам зарурат, ҳам иллюзия янглиғ талқин этилган ўша ҳикматли сўзлар ва рамзий ҳикоятлардир. Хитойлик Лао-цзи ўз даврида бундай ҳикматларни кўплаб яратган. Уларда ҳаётнинг иккала қутблари гўё бир зумлик олов каби бир-бири билан туташиб кетади. Исонинг кўпгина рамзий ҳикоятларида худди шу мўъжиза яна ҳам оддийроқ ва самимийроқ тарзда ифодаланган. Дин, таълимот, назария минг йиллардан буён яхшилик ва ёмонлик, ҳақиқат ва ёлғон тўғрисидаги таълимотни тобора такомиллаштира бориб, охир-оқибат чўққига етиш ва сирли ҳақиқатга эришиш йўлидаги тақводорлик ҳамда итоаткорликка янада юксакроқ талаблар қўяётгани чиндан ҳам ҳайратланарлидир. Ахир айтишади-ку: Худо олдида вақти келса тўқсон тўққиз тақводордан тавба қилаётган бир гуноҳкор авло экан!
Лекин камина ушбу улуғ мақсад йўлида гўё ундовчи ёки даъваткор бўлиб хизмат қилишим лозим, деб ўйласам, эҳтимол, катта хатоим, ҳатто гуноҳ ҳам бўлиши мумкин. Мазкур олий ҳикмат ҳамма жойларда таклиф қилинаётгани, давлат томонидан тан олинган ҳар қандай черков олий ҳокимиятга, пул халтасига ва миллий устунликка бўлган ишонч билан бир қаторда Исо кароматига ишончни ҳам тарғиб қилаётгани, энг қимматли ва хатарли кони ақл бўлмиш Инжилни истаган дўкондан сотиб олиш мумкинлиги ва миссионерлар уни ҳатто текинга тарқатишаётгани, – балки замонамиз мусибати шундадир. Эҳтимол, Исонинг кўпгина нутқларидаги қулоқ эшитмаган, густоҳона, ҳатто ваҳимали ҳақиқатларни пухта бекитиб, махфий сақлаш керакдир. Инсон ушбу қудратли сўзлардан ақалли бирини билиб олиш учун узоқ йиллар умрини сарф этиб, ҳаётини хавф остига қўйганлиги турмушда бошқа олий қадриятлар сари интилишда ибрат бўлиб хизмат қилса, тўғри ва мақбул бўлармиди. Агар шундай бўлса (менга баъзан шундай туюлади), унда эрмак учун кўнгилочар романлар битаётган сўнгги уқувсиз ёзувчи мангу сўзни ифода этишга зўр бериб уринаётган кимсага қараганда тўғрироқ ва маъқулроқ йўл тутаётган бўлиб кўринади.
Мана, менинг олдимда турган дилемма, мақсад ва вазифалар. Бу ҳақда яна кўп гапириш мумкин, лекин муаммони ҳал этиш мушкул. Ҳаётнинг иккала қутбларини бир-бирига томон эгиш, ҳаётнинг жўровоз куйини қоғозга тушириш каминага эҳтимол, ҳеч қачон насиб этмас. Лекин шундай бўлса ҳам, барибир ботиний ғалаённинг ишорасига эргашиб, шундайин уринишларга яна ва яна журъат қилавераман. Соатимни юргизиб турган асосий куч ана шу.

Немис тилидан Мирзаали Акбаров таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 12-сон