Мускат ёнғоғи энг яхши ва машҳур зираворлардан биридир. У қаттиқ ядро — «данак» — тропик мевасидан иборат.
Мускат ёнғоғининг 80 турдан ортиқ дарахт ва буталари бор. Улар, асосан, Филиппин, Молукка ороллари ва Бразилияда ўсади. Уларнинг ичида кенг тарқалгани ва амалий қимматга эга бўлгани хушбўй мускатдир. Бу чиройли доимий яшил дарахт танасининг узунлиги 7 метргача боради. Унинг сон-саноқсиз шохлари тубидан тепасигача бутун танани қоплаб олган бўлади. Бу шохларда очилган майда сариқ гулларнинг ҳиди лилия бўйларини эслатади.
Дарахт ўтқазилганидан 8 йил ўтгач, гуллаб, ҳосил бера бошлайди. Меваларнинг гуллаш ва етилиш жараёни йил бўйи тўхтовсиз давом этади, аммо асосий ҳосил йилига тўрт марта йиғиб олинади.
Мускат дарахти мевасининг ўлчами ва шакли нокни эслатади. У пишиб етилгач, тилла рангига киради ва икки бўлакка бўлинади. Бу икки бўлак қизил ва зич этдан иборат, унинг ичида ёнғоққа ўхшаш уруғ бор. Ушбу уруғларнинг ичида мускат ёнғоғининг зиравор сифатида ишлатиладиган қисми жойлашган.
Ёнғоқ этдан ажратиб олингач, махсус печдуховкаларда пўстлоғи ёрилиб кетгунча қуритилади. Сўнгра у печдан олиниб, пўчоғи тозаланади. Пўчоғи арчилган ёнғоқни бемалол ейиш мумкин. Мускат ёнғоғи турли овқатларга туйилган ҳолда солинса ҳам, узоқ масофаларга сифатини йўқотмаслик учун бутун ҳолича ташилади.
Сифати паст ёнғоқлардан овқатга яроқсиз экстракт — мускат ёғи олинади.