Тўлқин Эшбек. Тилимиз жонкуяри

http://n.ziyouz.com/images/pirimqul_qodirov.jpg

Адабиёт ихлосмандлари Пиримқул Қодировни асосан атоқли адиб сифатида биладилар. Ваҳоланки, ул улуғ истеъдод соҳиби филология фанлари номзоди, таъбир жоиз бўлса, тилшунос олим эдилар.
Буни адибнинг «таржимайи ҳоли»дан ҳам билса бўлади. Яъни, 1951 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлаган Пиримқул Қодиров Москвадаги Максим Горкий номидаги Адабиёт институти аспиранту­расида таҳсил олган ва «Абдулла Қаҳҳорнинг урушдан кейинги ижоди» мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1963–1976 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими лавозимида ишлаган. Демоқчимизки, адиб ва олим умр бўйи она тилимизнинг жонкуяри сифатида фаолият кўрсатганини унинг ана шу фаолиятидан ҳам англаш мумкин.
Пиримқул Қодиров мустабид тузум шароитида она тилимизни асраб-авайлашга бағишланган қатор мақолалар, рисолалар ҳам ёзган. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида 2008 йилда чоп этилган «Меҳрга йўғрилган ижод» (Пиримқул Қодиров ижоди адиблар ва мунаққидлар талқинида) китобида шундай сатрларни ўқиймиз: «Тилларни қўшиб юборишга, шу йўл билан маҳаллий тилларни йўқотишга қаратилган сиёсат, айниқса, етмишинчи йилларга келиб кучайиб кетди. Мен буни оғриниб ҳис қилганим учун «Халқ тили ва реалистик проза» (1973), «Тил ва дил» (1974) деган рисолаларни ёзиб, она тилимизни ҳукмрон мафкураларнинг тажовузларидан ҳимоя қилишга, она тилимиз бойликлари ва гўзалликларидан авлодларни огоҳ этишга уриндим».
Адиб ва олим ўзбек тили ва адабиётининг ил­мий-назарий масалаларига оид рисолалардан ташқари 2 жилдли «Адабиёт назарияси» китобининг «Адабий асарнинг тили» ва «Адабий жараён» деган бобларини ҳам ёзган.
Пиримқул Қодировнинг 1972 йилда ёзган «Тил бойлиги – дил бойлиги» мақоласини ўқир эканмиз, муаллифнинг она тилимиз тақдири ва келажаги учун қанчалик қайғурганини ҳис этамиз. «Ҳар бир сўз – ҳаётдаги муайян бир нарса ёки тушунчани ифодалайди, – деб ёзади муаллиф. – Демак, кишида сўз бойлиги қанчалик кўп бўлса, одам тилни қанчалик чуқур билса, унинг ички дунёси шунчалик бой бўлади. Ҳар бир халқ ўзи обод қилган водийлар, ўзи яратган тил бойликлари билан ҳам шунчалик ифтихор қилади. Чунки ҳар бир тил шаҳару қишлоқлар каби шу халқнинг бутун тарихи давомида яратилади, обод водийлар каби асрлар давомида сайқал олади».
Муаллиф ушбу мақоласида Абдулла Қодирий, Садриддин Айний, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби адибларнинг асарлари ҳақида сўз юритаркан, уларнинг ҳаммаси ҳам жонли халқ тилини адабий тилга санъаткорона пайванд қила олганларини алоҳида таъкидлайди. Аммо худди шу икки дарёни – жонли халқ тили билан адабий тилни бир-бирига қандай қилиб қўшиш, уларни қандай уйғунлаштириш масаласини ҳар бир ёзувчи ўз олдига қўйган ғоявий-бадиий вазифадан келиб чиқиб, ўзига хос дид, иқтидор, ҳаётий тажриба иштирокида мустақил ҳал қилиши, уларнинг бадиий тилларидаги ранг-баранглик шундан келиб чиқишини атрофлича талқин қилади. «Ёзма адабиётимиз асрлар давомида истеъмолга киритган сўз бойликлари реалистик характерлар орқали янги адабий тилимизга кириб, хилма-хил вазифаларни бажаради, – деб ёзади адиб. – Масалан, биз баъзан бош бармоқдан кейингисини русча «указательный палец»га ўхшатиб «кўрсаткич бармоқ» деймиз. Ҳолбуки, ёзма адабиёт орқали кирган «шаҳодат бармоқ» ибораси янги ада­бий тилимизда ҳам ишлатилиб келади».
Муаллиф мақоласида аниқ мисолларга мурожаат этар экан, шундай ёзади: «Ғафур Ғулом ёзган «Шум бола» қиссасининг бош қаҳрамони қаландарларга қўшилгандан кейин эшон учраб қолади:
«Шаҳодат бармоқлари» билан ўз олдиларига имладилар. Тавозе билан олдиларига бордим. «Муборак қўллари билан пешонамдан силаб:
– Бай, бай бўтам, жуда «худо назар қилган бачча экансан, осмонга қара ўғлим! – дедилар.
Шунда беш панжалари­нинг орасидан етмиш битта жаннат кўрибман».
Бу ерда ёзувчи эшон­нинг «мўъжиза»ларини ҳажвий кулги билан кўрсатяпти. Шу билан бирга, Ғафур Ғулом айрим эски диний китоблардаги ва халқ ичидаги хурофотларни ҳажвий услубда танқид ҳам қилади. Эшоннинг ҳажвий характерини очишга хизмат қилган «та­возе», «муборак қўллар», «худо назар қилган бачча» каби сўз ва иборалар адабий тилга кириб, янги мазмунни очишга билвосита хизмат қилади».
Мақолада келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, «ажойиб ўзбек адиблари маълум бир даврни, маълум бир инсоний, миллий, ижтимоий муҳитни, маълум қаҳрамонларни ҳаққоний тасвирлаш йўли билан адабий тилимизга жуда кўп сўз бойликларини олиб кирдилар, бу тил бойликлари билан китобхонларнинг дилларини бойитди» деб хулоса қилади муаллиф.
Пиримқул Қодировнинг она тилимиз тарихини ўрга­ниш ва уни янада ривожлантириш борасидаги дадил саъй-ҳаракатларини 2005 йилда чоп этилган «Тил ва эл» илмий бадиаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу илмий бадиада тилимизнинг энг қадимий манбалари – туркий тош битиклар, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Яссавийлардан тортиб Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор каби ижодкорларнинг асарла­ригача бўлган бадиий тил хусусиятлари элимизнинг тарихи билан чамбарчас боғлиқ ҳолда қизиқарли баён этилган. Маълумки, собиқ шўролар даврида она тилимизнинг ҳаракат доираси беҳад чекланган, унга расмий эътибор йўқолиш даражасига етиб борган эди. Лекин ватанпарвар кишилар ўша шароитда ҳам тилимизга аталган меҳрларини дил тубида асраб келдилар. Тилимизга эътибор ҳали мустақилликка эришмасимиздан аввал кучая бошлади – она тилимизга давлат тили мақомини бериш учун кураш бошланди. Бунда зиёлила­римизнинг хизматлари жуда катта бўлди, десак адашмаймиз. Улар кўплаб илмий ва публицистик мақолалари билан матбуотда чиқиш қилиб тилимиз нуфу­зини ошириш йўлида тинмай хизмат қилдилар ва бугунги кунда ҳам меҳнат қилмоқдалар. Адиб Пиримқул Қодиров ҳам ўзининг бадиий талқинида тилимиз ҳақида уни­нг бетакрор хусусиятларига юксак баҳо бериш билан биргаликда илмий жиҳатдан асослаб ҳам беради.
Тил мавзусини теран таҳлил этган адиб ва олим шундай ёзади: «Она тилимизнинг истиқболи хавф остида қолган оғир вазиятда дадил элдошларимиз Алишер Навоий руҳидан мадад олдилар. Ҳазрат Алишернинг: «Тилга ихти­ёрсиз – элга эътиборсиз» деган ҳикматли сўзлари ўзбек тилига давлат мақоми бериш учун кураш кетаётган 1989 йилда Тошкентнинг марказий майдони (ҳозирги Мустақиллик майдони)нинг кун чиқиш томонидаги улкан бинонинг тепасига одам бўйи келадиган ва ичидан нурланиб турадиган улкан ҳарфлар билан узоқ-узоқ­лардан кўринадиган қилиб ёзиб қўйилган эди.
Нур билан ёзиб қўйилган бу сўзлар «Алишер Навоий» имзоси билан бирга ҳозир ҳам ушбу юксакликда порлаб турибди. Чунки бу сўзлар ҳанузгача ўз теран маъносини йўқотган эмас» дея тилимизга таъриф беради.
Адиб она тилимиз ҳақида сўз юритар экан, унинг туб илдизларини чуқур таҳлил қилади. У тилимизнинг афзалли­гини инкор этиб бўлмайдиган далиллар билан исботлашга ҳаракат қилади. Илмий бадиада кўплаб чет эллик олимларнинг ҳам тил ҳақидаги қимматли фикрларини келтириб, тилнинг миллат учун қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини асослайди.
Бир ўринда муаллиф ўз фикрларини Алишер Навоий асарлари билан боғлаб қимматли маълумотлар келтиради. «Жамиятимизда ўз она тилини ўрганишни астойдил ихти­ёр қилмайдиган одамлар ҳам бор. Албатта, тил ўрга­ниш ихтиёрийдир, – деб ёзади муаллиф. – Аммо она тилига ихтиёрсиз бўлиш – уни писанд қилмасликдан ва элга эътиборсизликдан келиб чиқади. Алишер Навоий бу сўзларнинг худди шу маъносига урғу беради». Муаллиф қайд этишича, «Муҳокамат ул-луғатайн» асарини ўқиган француз олими М.Беллин 1861 йилда ёзган китобида Навоийнинг она тилига бу қадар катта эътибор берганини ватанпарварлик деб атайди. Француз олими узоқ Парижда туриб Алишер Навоийнинг ўз она тилини мардона ҳимоя қилганига бунчалик юксак баҳо бергани тасодиф эмас.
Пиримқул Қодировнинг «Тил ва эл» китоби – тари­хий-илмий асар. Тарихий асарларда ҳарорати сўнмайдиган воқеалар, унутилмайдиган сиймолар тасвирланади. Тўрт унсур қаторида тил ҳам истифода этилади. Лекин Худо ярлақаган истеъдодли зотларга тилни бойитиш, улуғлаш, ҳароратли қилиш имкони берилган. Пиримқул Қодиров тилни бойитган адибларни ҳақиқий ватанпарвар, элпарвар деб билади. Жаҳон адабиётида шундай ўлмас асарлар борки, уларни ўрганганинг сайин янги-янги маъно қатламлари очилаверади. Алишер Навоий «Хамса»си, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»си шулар жумласига киради. Навоий ва Бобур ўз ижоди, илмий асарлари билан мумтоз туркий тилни улуғлади. Унинг беқиёс имкониятларини очиб берди. Қатор тарихий романлари орқали ана шу улуғ зотлар сиймосини улкан маҳорат билан яратган адиб она тилимизга бағишланган тадқиқотида уларнинг бетакрор асарларига илмий ёндашади.
Адибнинг 1976 йилда ёзилган «Халқ тилининг қудрати» сарлавҳали мақоласида шундай сатрларни ўқиймиз: «Тилнинг бутун қудрати – унинг халқ дилида ва меҳнат жараёнида яратилиб, бойиб бориши билан боғлиқдир. Одамлар бир ишни кўплашиб қилганларида бир-бирлари билан сўзлар воситасида алоқа қилишга эҳтиёж сезадилар. Бир авлод ўзининг иш тажрибасини иккинчи авлодга сўзлар воситаси билан тушунтиради. Шу тарзда бундан юзлаб, минг­лаб йиллар олдин яратилган тил бойликлари авлоддан авлодга ўтиб, кишиларнинг маънавий дунёсини бойитиб боради». Муаллиф таъкидлашича, кўпчилик миллий тилларнинг мустақил тараққиёти учун характерли бўлган умумий бир қонуният бор. Бу қонуният шундаки, ҳар бир тилнинг афзалияти шу халқнинг ўзи билан бирга яшайди. Ўз халқи ва сарзаминидан ажралиб қолган, бошқа халқнинг юқори табақаларига китоблар ёрдами билангина ўргатилган тил боғдан кўчириб олинган ва тувакка ўтқазиб қўйилган ўсимликнинг аҳволига тушади. Тувакда ҳам, албатта, тупроқ бор, сув, ҳаво бор, бироқ ҳаммаси чекланган, шароит табиий эмас, сунъий. Шу сабабли ўзига хос табиий шароитларда ўсадиган ўсимликлар тувакда ўсадиган ўсимликлардан устун келаверади. Демакки, ҳар бир тил ўз халқининг тарихига, урф-одатларига, психологиясига, турмуш шароитларига чамбарчас боғланган бўлади ва бу боғланиш иплари узила бошласа, тил ўзининг табиий кучини, гўзаллигини, бойлигини йўқота бошлайди. Тил меҳнат жараёнида яратилгани туфайли унинг бош манбайи ва асосий илдизлари, бинобарин – асосий бойликлари ҳам меҳнаткаш халқда бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, атоқли адиб Пиримқул Қо­дировнинг «Тил ва эл» илмий бадиаси ва ушбу мавзуга бағишланган мақолалари ўқувчи­нинг она тилимизга оид билимларини оширишга, мушоҳадасини янада бойитишга хизмат қилади.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон