Натаниэл Ҳоторн. Соябон остида (ҳикоя)

Қишнинг ёмғирли кунида иссиқ уйда ўтириш қанчалар роҳат! Бундай фараҳбахш кунда энг яхши эрмак – ё китоб ўқиш – айтайлик, у турли саргузаштлар тўғрисидаги бирон-бир қизиқ асар бўла қолсин; ёки шундоққина деразанг ёнига чордона қурганча ташқарини томоша қилиб ўтириш. Мен буни неча марталаб ўзимда синаб кўрганман, гўёки ёзув­чи бир парча оқ қоғозини олдига ёядию, қаҳрабодек сўзларнинг биллур томчилари каби саҳифа бетига сеҳрлангандек бирма-бир томиб тушишини ўз кўзлари билан кўриб, ҳадсиз ҳузурланади. Сизга қадрдон хонанинг таниш деворлари бўйлаб ғалати шарпалар изғий бошлайди, улар негадир иссиққина печнинг пешонасига урилгудек бўлиб тентийдилар, бу бирам ғалатики! Хос­хонамнинг саҳни тор бўлсада, лекин бағри жудаям кенг, ҳатто бутун бошли уммонни, бутун бир Араб саҳросини ўзига жо этиб юборгудек, ана, саҳронинг узун карвонларидан қолган, чуқур-чуқур из тушган шамолли қумлари, ҳолдан тойган сафарчи туяларнинг офтоб тиғида абжирона лўкиллашлари кино тасмаларидек кўз олдимдан бир-бир ўтади. Қолаверса, бўлинмам­нинг шифти ҳам унчалик баланд эмас, бироқ у Марказий Осиё тоғларининг чўққилари билан бўйлашгудек доим мағрурона кўкрак кериб туради. Қисқаси, турар жо­йимдан нолигулик ерим йўқ. Бозор ҳам бир қадам. Ҳадеса, қўлимни оёғимга олиб, у автобусдан бунисига югуравермайман, бу томондан хотирим жам. Аммо Янги Англия шаҳарчасининг шундай осойиш кўчаларидан бирида ҳам ҳамиша транспорт от-уловлари­нинг овози акс-садо бериб туради, ҳар ёқдан уларнинг гувиллаган ва чинқирган товушлари қулоқни қоматга келтиради. Орадан бироз вақт ўтгач, бу лавҳалар бирин-кетин ғойиб бўлади, шаҳарчага тун чўкади. Кейин менинг ҳам ботинимда худди тун сингари тушкун, қоронғи, ўксик бир кечинма қанотлана бошлайди, у учиб-учиб бор руҳиятимни ўз домига тортади, шунда мен кўксимда потирлаган қушчам – қалбимни хотиржам қилиш учун, соат миллари ётар маҳалга занг чалишидан аввал кун бўйи хаёлимни пармалаган кўланкали тасаввурларимни ёритиб олиш умидида кўча томон йўрғалаб кетаман. Хаёлпараст ўз хаёллари ичида жуда узоқ яшаши мумкиндир, бироқ бутун қисматни саробга бой бериб қўйиш ҳам адолатдан бўлмайди.
Кетиш олдидан, ҳурпайган ёмғирпўшим тугмаларини маҳкам қилиб қадарканман, гумбаздек кенг ёйилувчи соябонимни ҳам унутмадим, уни кўтаришим ҳамон ёмғир томчиларининг оғир хўрсиниқларини эшитгандек бўлдим. Ночоргина бўсағам устида бир нафасга тўхта­дим, ўша ердан хонам ичидаги энг қадрли жойим – оташнафас печь ва унинг биқинидаги оромижон курсимга меҳр билан назар ташладим, бу курси қанчадан-қанча шодлик ва дардларимни мен билан биргаликда баҳам кўрганди. Ҳозир негадир сон-саноқсиз томчилар қуршовига тушишим билан қўрқинчли тасвирлар ҳадиксираган тасаввуримни зумда ўз қаърига тортиб кетди. Йўқ, мен эркак кишиман, бунақа икир-чикирлар таъсирида си­раям ўзимни йўқотиб қўймайман, ҳозироқ яна ортимга қайтиб, севикли курсичамга тирсакла­римни тираганча, яхши кўрган китобларимдан бирини варақла­ганча кунни кеч қи­лиш менга чўт эмас. Аммо куррайи заминни беармон кезиб чиққан жаҳонгаштанинг ҳам ўзи ҳали тўкис ишонмаган, ҳамон унга сирли-сеҳрли бўлиб кўринадиган нималаридир, албатта, мавжуд бўлади. Ҳатто кулбаси томон элтувчи сўқмоқчада қолган сўнгги изларидаям қандайдир қонмаган иштиёқ, ажиб оламга ташналик ҳислари уфуриб ётади.
Ўз-ўзимнинг ўйлашимча, чорасиз инсон табиатида гоҳо хавотирлар тўлқинида мавжла­ниб туради. Бошимни кўтариб, кўкка қарадим, кўзим ҳеч қандай осмонни илғамади, унинг ўрнида бўғилган, ёриб бўлсаям ич-ичига кириб бўлмайдиган зим-зиёлик денгизини пайқадим. У шундай зимистонлик эдики, бамисоли жумлаи жаҳон чексиз мотам қўйнида азадор, тўп-тўп булутлар ўша қазога жафо чекиб юм-юм ёш тўкаётган қиёфадек эдилар. Уларнинг кўз ёшлари менинг ёноғимга ҳам томди, нигоҳимни ерга қададим, бироқ тупроқда ҳам дардимга таскин бергувчи ҳеч нимани тополмадим. Узоқроқ муюлишда хира чироқ милтиллаб турибди, аммо унинг ожиз шуъласи кўча юзини ёритишга етиб боряпти, холос, ҳартугул олдимдаги йўлакда қадамларимни қандай хавф-хатар кутаётганидан огоҳ этиб ту­ришга қурби етяпти бечора­нинг. Йўлим четида лой аралаш, исқиртланган қор уюми дўппа­йиб ётибди, лекин улар мартнинг сўнгги кунларигача яшашга қодир, чоғи. Унинг ортида дилхасталик сўзига ўхшаб кетадиган, балчиқ аралаш қалин чанг-тўзон қоплаган яна нимадир ёйилиб кетган. Афтидан, у росаям чуқур, аввалига тўпиғинг, кейин оёқларинг, аста-секин бўйнинг ботиб бораверади бу балчиқ ичига, ўшанда бу ҳалокатни муюлишдаги ожиз чироқ ҳам намойиш этолмайди, аммо кўзларим билан унинг бор даҳшатини хаёлан кузатяпман. Бордию, шундай офат юз бериб қолса, жонни ўпқон оғзига шартта қурбон қилиш ёки Ер томон қўл чўзиб, курашиш керакмикин? Оҳ, Худойим! Тобора хира­лашаётган мую­лиш чироғи каби бу қадар алжираб кетма­сам! Мана, қаршимдан ёмғир кўлоб қилган ҳалқоб чиқиб қолди. Сел шунчалик шиддат билан қуйганмикан, шунчалик ҳам улкан кўлмак бўладими?! Шу пайт худди болалик чоғла­римдагидек оёғим остидаги кўлмак устидан шартта босиб ўтгим, ботинкамни шалаббо қилиб, шимимнинг почасини шилта ҳўл қилгим келди.
Бўрондек бетизгин ўйларим домида қанча кўп қолсам, ўшанча кўп улар билан ёқалашяпман гўё. Қани, энди ҳаёт манзаралари томон олға босамиз! Бунинг ёрқин исботи сифатида ёмғир томчисини кафтингда тут, кўлмак сув сачратган лойни шиминг этагида асраб қол, чап ботин­кангга илашган муз парчасини эса юлиб ташламай тур, айнан шу алпозда кўчанинг охиригача юриб боравер! Чорасиз чироқ бор кучини тўплаб, атрофига нурли доира ҳосил қилди ҳамда у бурчакдан бу бурчакка кўз қисганча ғалати ярқирай бошлади, мен уни худди йўлимни ёритгувчи ажиб маёқ­қа ўхшатдим, бироқ бу савобгўй барибир булутли қиш оқшомида маюс тортган кўнглимни ёритолмасди. Ҳатто кўзларингизни қаттиқ юмиб, изғирин шиддатига қарши бораман десангиз ҳам, қаҳратон аёзи вужуд-вужудингизни аямай тилкалай бошлайди. Тўхтовсиз ёмғир томчилари нақ сизнинг бошингиз устидан қамчилаб савалаётганга ўхшайди. Шамолнинг сий­рак тутуни кўча­нинг ҳар тарафидан менга томон ҳамла қилишга шай бўлиб тургандек, назаримда. Шуни пайқадимки, кўча бурчаклари бундай дайди шамоллар учун баайни мос, улар шундай ерларни ўзлари учун эрмак қилиб олади. Улар бунда ўзларининг бор тўполону шўхликларини қилишга тайёр. Қаранг, у йўл ёқасидан қунишиб ўтиб бораётган фақиргина бир аёлга қандай ҳамла қилди, бир чангали билан аёлнинг соябонини тортиб олишга чиранса, бошқаси билан боёқишнинг намиққан пальтосини юлиб олишга жаҳд қилгандай! Бир дақиқаям кўз очиргани қўймайдия. Яхшиямки, хонимнинг сабр косаси каттароқ экан, ҳар қанча жафоларини кўтарди шўрлик, шамол зўравонлари уни нақ учириб юборгудек роса жаҳл қилишдида.
Бу ердан тўғри шаҳарча маркази томон бошловчи йўлак устига ўтдим. Энди мутлақо ўзга манзара истиқболимга чиқарди. Бутун йўл бўйлаб ойнаси нақ ерга теккудек қилиб қурилган қатор дўконлар растаси қад рост­лаб борар, улар ёнма-ён қўл ушлашиб турган ака-укалардек мамнун кулиб сизни олдинга кузатиб қўярди. Оқшомги ёғдулар шуъласида силлиқ асфальт йўлак янаям ярқироқ жило сочар, ёмғир ёққанидан сўнг у янаям силлиқла­шиб, тозариб кетган каби кўринар эди. Гўёким осмондан бутун заминга фақат нур ёғиларди. Шундай манзаралар оқимида яна хаёлларим пардек учиб-тўзғиркан, ўз-ўзидан миямга одамзод – ўлажак фоний, бир кунмас бир кун, албатта, дорилбақога риҳлат этади, аммо мана бу лаҳзалар – қор, нур, томчилар, изғирин, ҳўл ёмғирпўшу ивиган оёқ кийим – булар ҳам оний эҳсонлар эмасмикин, деган ҳуш­ёрлик келди. Ҳаммадан ҳам бу лаззатни фақатина дарбадарлар ҳис эта олсалар керак, деб ўйла­дим, улар ўзлари билан танҳо яшовчи жонлар, ғамгин қиш кечаларида янаям ўз сийратларига маҳв бўладилар…
Рўпарамдан чеҳраси ва овозиям ниҳоятда таниш бир киши чиқиб қолади, бир-биримизни аниқ эслай олмасак ҳам, дўстона саломлашдик:
– Қалайсан, оғайни? Бекорчиликми, дейман?
Э-ҳаа, бу анави истеъфодаги денгиз капитани эдику, сал бўлмаса, хаёлимдан фаромуш бўлай дебди. Бир пайтлар денгизнинг қайсар шиддатига қарши бор қувватини ишга солиб бўлсаям ўз мақсадларига эришган матонатли зобит эди у. Ўзига ўхшаган жасур денгиз итлари экипажи ҳар сафар унга ҳамроҳ бўларди. Навбатдаги та­нишим ёмғирпўшини шошилганча елкалари оша ўраб-чирмаб олган, гоҳ шамол таъқибидан қочиб, гоҳ яна жала остида югургилаб бораётган ўрта ёшлардаги бир жаноб бўлди. У билан гаплашолмадик. Боёқиш худди иситма ичида алаҳлаганча шафқатли бирорта докторни қидириб, елиб кетаётган ҳоли танг беморга ўхшарди. Баъзан ёмғир забтидан қочиб, дўкон деразаси пинжига келиб тиқилар, афтидан уни­нг табиатида бунақа романтик об-ҳавога сираям ҳафсаласи йўқдек эди.
Мана бу ерда эса энди жуда ажойиб, кўзни қувонтирадиган гўзал манзара юзага чиқади. Ёш йигит чиройли қиз билан бирга, иссиқ пальтоларига ўранганча, ихчам соябон бағрига беркиниб, енгил қадам ташлаб бо­ришади. Қиз жажжигина, резина этик кийиб олган, йигитчанинг оёғида бўлса росмана кирза этик, кўриб ҳава­синг кетади. Шаштларидан аёнки, улар аниқ бирон-бир зиёфат ёки тантанадан қайтишмоқ­да, енгил таом билан салқин ичимлик ҳидлари ҳавода анқиб юрибди. Биргина шу икки ёшга изғирин нафаси кор қилмай турибди, улар ҳали-ҳамон байрам шукуҳи ичида, юз­лари бахтдан гул-гул очилганча, шодон кетиб боришмоқда.
Аммо…Эҳ! Шу пайт кутилмаган кўнгилсизлик содир бўлди. Кўзларини қувончу масрурлик пардаси қоплаган ёшларнинг йўлидан нақ кўлдек келадиган ҳалқоб улкан тўғондек бўлиб чиқиб қолди. Бу шундоққина икки кўча орасидаги чорраҳада – йўл­нинг айни қоқ ўртасида ҳосил бўлган сувли жарлик эди. Шўрлик севишганлар! Шугина хавфдан огоҳ бўлганимда эди, дарҳол сизни бошқа кўчага жўнатиб юборган бўлардима! Ҳикоямнинг юракни энг эзадиган лавҳаси шу бўлдими, дейман. Лекин ёшлар ўзларини йўқотиб қўйишмади, дадил ҳаракат қилиб кетишди, улар бир-бирларининг қўлларидан маҳкам тутдиларда, тобора каттайиб бораётган кўлмак устидан бир зарбада сакраб ўтдилар. Муҳаббатдек исёнкор олов кўнгилни ёндириб турган бундай чоғда, ишқ­Wдан ўт бўлиб турган бу икки қалбга қаҳратоннинг кескир аёзи нима деган гап ахир? Изғирин энди уларнинг юз ва қулоқларини кўкиштоб қилиб юборган, қизартириб, совуқдан ачиштиргану бироқ улар худди кучли ғанимни енгган қаҳрамонлардек беҳад хурсанд ва янада бахтиёр эдилар, икковлон ўз уйлари томон мисоли қушдек енгил учиб боришар эди.
Мен ҳам йўлимда аста давом этарканман, нур тушиб турган деразалар ёнидан қалбим сурурга, умидга тўлиб ўтса, ногоҳ дарпардалари зич ёпилиб, қорайган даричалар олдида ғамга ботганча туриб қолдим. Шундай турфа руҳият ва кайфият ичида дарбадарона кезиб бора­япман. Энди қаршимдан энг оғир кўчалардан – бойлар ва ғариблар истиқомат қиладиган гўшалар чиқиб келади. Бир-бирига мутлақо қарама-қарши, зиддиятли, юракни бўлаклаб-бўлаклаб ташлайдиган ачинарли лавҳалар жонланади. Бойлик ва қаш­шоқлик аралашган бу маконда фикрла­рим авж билан ғужғон ўйнай бошлайди. Мана, кўримсиз дераза ортидан оддий бир оила давраси­нинг кечки дастурхони намоён бўлади, ҳаммаси жуда оддий, одамлари оддий, сўзлари, қарашлари оддий. Ота-она, болалар, шамдондаги шамнинг омонатгина пириллаб ёниши, печдаги ўтиннинг қарсиллаган товуши, ҳатто бўғотга аста урилаётган ёмғир томчиларигача ҳаммаси жудаям оддий. Ахир бундай қишки ёмғирда иссиққина уйда ўтириш қанчалар роҳат!
Узоқ вақт адашган қисматим кафтида алданган ёш боладек гирён айланаман, ҳар деворга бош уриб ўзимни топиб олгим, сўққабош ва дарвешона ҳаётимга тезроқ хотима ясагим келади. Ё Тангрим, ношукрлик қилмай, ўзинг кечир! Шубҳа йўқки, менга ўхшаш дайдилар ер юзида анчагина бўлса керак, ахир одамлар бир-бирларига бениҳоя ўхшайдиларку! Ана, бемаъни рақобат жар солган кўчанинг энг салобатли саройларидан бири рўпарамда соллониб турибди, юзлаб чироқ­лардан кошонанинг кўзлари қамашади, худди осмондаги жами юлдузларни шу ерга жойлаб, битта-битталаб қадаб чиққандек кўринади. Энг ажабланарлиси, унинг ён қўшниси омади юришмаган, қўли юпқа бир хонадон соҳиблари. Булар мутлақо бир-бирига номутаносиб бўлган, пасту баланд жамият бўғинлари, булар юқори, улар эса, албатта, қуйи табақа вакиллари, бироқ Ажал ва Қайғу найзалари бу икки тафовутни фарқига бориб ўтирармиди ёки мана бу маҳобатли кошона остонасидан улар учиб ўтолмайдиган биронта қонун-қоида яратиб қўйилганми? Асло, қазо ва қайғу ҳамма учун баробар, улар ҳеч кимга бўйинсунмайдилар. Қизиқ, бундай хаёл айни кезларда дилимни ҳам қай­ғулантирар, ҳам қаноатлантирар эди. Бошига оғир кўргулик тушган бойвачча бахтдан шодумон ва осо­йиш камбағал ҳамсоясига холис кўйда бор дардини тўкиб сололмайдими?.. Албатта, тўкиб солади, чунки Дард инсонларни бирлаштиради!..
Юзларимни қор аралаш ёмғир ивитган ҳўл девор устига индамай босиб турдиму, ю­рагимдаги дард торларини томчилар навосига ҳамоҳанг равишда унсиз чалавердим.
Бордию, ҳозир яна йўл юрсам, эҳтимол, тағин йўлимдан адашиб кетарман, ёки беҳаловат тун қўйнида йўқ бўлиб кетарман. Олис-олисдаги митти бир юлдуз менга томон сирли-сирли жилмаяди, қўлимни узатиб уни узиб олгим келади. Бутун теварагим асрору антиқа, ҳайрату ҳасратдан иборатдек бўлиб туюлади, гўё ҳар нафасимда ҳаётнинг энг гўзал лаҳзасини қўлларимда ушлаб тургандек бўлавераман. Ҳар ёққа одамлар шошиб ўтади, йўловчилар совуқдан дийдираган, жониққан, кўзлари уйқуга ташна бўлган вақт асровчилари.
Биргина мен ҳануз ширин бода ичган сар­ҳушдек маст тентирайман. Нигоҳимга таниш кулбамнинг бўсағасида айбдордек бўйин қиса­ман, ҳориб-чарчаб ичкари кираман. Ўзимни парқу кўрпам устига таппа ташлайману яна девор узра изғиётган соялар ўйинига мубтало бўламан. Ана, битта соя мен тарафга жудаям яқин келади, юзини ю­зимга анча пайт босиб турадию, қўлига фонус тутганча дарҳол қаёқларгадир кетиб қолади. Билмадим, эҳтимол, ўша соя менинг ўзимдирман. Лекин у жуда ғалати, худди ичини оғу ўртаётгандек жонсарак аҳволда мени тарк этиб қолади. Балки у қоронғиликда, қаҳратонда музтар бўлиб юрганларга одил чароғбон бўлиш ниятида шаҳд қилиб кетиб қолгандир…
Ана шундай. Биз – бўронли ва мудҳиш олам оралаб, беором тунда саркаш тентировчилар, садоқатимиз зиёсининг қуввати етгунига қадар, қаерда Нурлар макони бўлса, ўша томон, албатта, йўл топиб боришдан ҳеч қачон чарчамаймиз. Қўлимизга соябонимизни оламизу қоронғи тун оғушига қўрқмай сингиб кетамиз.

Инглизчадан Қандилат Юсупова таржимаси

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон