Рюриковичлар кимлар?

Тарихчилар илк рус князлари сулоласини рюриковичлар деб атайдилар. Уларнинг фамилиялари бўлмаган, ўз сулолаларининг номини эса улар сулола асосчиси бўлган, 879 йилда вафот этган машҳур Новгород князи Рюрик исмидан олишган. Бироқ бундан‑да ишончлироқ далилларга, асосан тарихий шахс сифатида ушбу сулоланинг асосчиси сифатида Буюк Киев князи Игорни тилга олиш мумкин. Солномалардаги маълумотларга кўра, у Рюрикнинг ўғли ҳисобланади.

Рюриковичлар сулоласи Рус давлати тепасида 700 йилдан кўпроқ ҳукмронлик қилди. Рюриковичлар Киев Русини идора қилганлар. У 12 асрга келиб парчаланиб кетгач, юзага келган катта ва кичик князликларга ҳам бошчилик қилишган.

Рус ерлари Москва теварагида қайта бирлашгандан кейин ҳам давлат тепасида Рюриковичлар авлодидан бўлган Москва князлари туришган. Собиқ князларнинг авлодлари ўз ерларини йўқотдилар, рус аслзодаларининг олий табақасини ташкил этдилар, бироқ улар «княз» деган номни ўзларида сақлаб қолдилар.

1547 йилда Буюк Москва князи «Бутун Рус подшоси» деган унвонни қабул қилди. Рус давлати тахтида подшо бўлган Рюриковичларнинг сўнгги авлоди 1598 йилда вафот этган, бефарзанд шоҳ Федор Иоаннович эди. Бироқ бундан Рюриковичлар авлоди шу билан тугаган эканда, деб ўйламаслик лозим. Зеро, шоҳ Федор вафоти билан бу сулоланинг энг ёш бўғини — Москва тармоғи барҳам топди, холос. Рюриковичлар сулоласига мансуб бошқа маҳаллий князларнинг ўғил фарзандлари эса бу даврга келиб энди алоҳида-алоҳида фамилияларга ҳам эга бўлган эдилар. Масалан: Барятинскийлар, Волконскийлар, Горчаковлар, Долгоруковлар, Оболенскийлар, Одоевскийлар, Реппинлар, Шуйскийлар, Шчербаковлар ва бошқалар, айнан ана шу сулолага мансуб эдилар.

Русда ҳукмронлик қилган ҳамма Рюриковичларни ҳам ёдда сақлаб қолиш қийин, чунки улар жуда кўп бўлган. Аммо уларнинг энг машҳурларини билиб қўйиш лозим. Рюриковичлар сулоласидан чиққан йирик давлат арбобларидан қуйидагиларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Буюк князлар Владимир Святой, Ярослав Мудрий, Владимир Мономах, Юрий Долгорукий, Андрей Боголюбский, Всеволод Болшое Гнездо, Александр Невский, Иван Калита, Дмитрий Донской, Иван 3, Василий 3, шоҳ Иван Грозний.