Рус давлатида биринчи шоҳ ким бўлган?

Рус тилидаги «цар» шоҳ сўзи лотин тилидаги «сесар» сўзидан келиб чиққан (айнан ана шу сўзнинг сал бошқачароқ «кесар» сифатида талаффуз этилишидан немис тилидаги «кайзер» сўзи келиб чиққан). Биринчи бўлиб Бирлашган Рус ерларига ҳукмдорлик қилган буюк князлардан бири Буюк варяг князи Рюрик сулоласидан бўлган Иван 3 Василевич илк бор ўзини «цар» — шоҳ деб атай бошлаган.

Айнан у биринчи бўлиб турли ҳукумат ҳужжатларида ўз исмини Иван деб эмас, балки черков муқаддас китобларига биноан Иоанн деб ёздира бошлади, масалан: «Худонинг инояти билан Буюк Рус ҳукмдори Иоанн» каби, ва ўзига самодерж — «ҳукмдор» деган унвонни қабул қилди (айнан ана шу сўздан «самодержавия» деган атама келиб чиққан) — византияликлар император деб атайдиган Рус ҳукмдорининг номи рус тилида ана шундай жарангларди.

Бу даврга келиб Византияни Туркия босиб олди, император хонадони барбод бўлди ва Иван 3 ўзини Византия императорининг меросхўри деб ҳисоблай бошлади. У сўнгги Византия императори Константин Полеологнинг жияни Софя Полеологга уйланади, Софя барбод бўлган император хонадонининг меросхўри ҳисобланарди. У Буюк княз Иван 3 га турмушга чиққач, у билан ўзининг меросхўрлик ҳуқуқларини баҳам кўра бошлади. Малика Софянинг Кремлда пайдо бўлиши билан буюк князлик саройининг турмуш тарзи, ҳатто Москванинг қиёфаси ҳам буткул ўзгарди.

Қайлиғини Москвага келтиргач Иван 3 га ҳам ўз аждодлари шу пайтгача яшаб келган шарт-шароитлар, турмуш тарзи ёқмай қолди. Софя билан бирга келган византиялик усталар ва рассомлар черковлар қуриб уларни турли тарзда безай бошладилар, тошлардан палаталар — саройлар бунёд этишга киришдилар. (Кремлдаги Грановитли палата ҳам худди ўша даврларда қурилган эди). Албатта рус ҳукмдорлари тош саройларда яшаш киши саломатлигига зарар қилади, деб ҳисоблаганлар, шу боисдан уларнинг ўзлари ёғоч уйларда истиқомат қилишган. Тош саройларда эса фақат дабдабали зиёфатлар, базму йиғилишлар ўтказганлар.

Москва ўзининг ташқи кўриниши билан ҳам собиқ Сареград-Шоҳ шаҳри, яъни Византия пойтахти Константинополни эслатадиган бўлиб борди. Зеро, эндиликда бу шаҳар ҳам туркларга тегишли эди. Саройдаги ҳаёт ҳам энди Византия қоидаларига мувофиқ ўзгарганди, ҳатто Шоҳ ва Малика саройдан қачон ва қай тарзда чиқишлари, уларни кимлар биринчи бўлиб пешвоз чиқиб кутиб олишлари, бу пайтда бошқалар қаерда туришлари ва ҳоказолар учун ҳам муайян қоидалар ишлаб чиқилган эди. Буюк княз ўзини Шоҳ деб атай бошлагач, ҳатто унинг юриши, қадам ташлаши ҳам ўзгарганди. У энди виқор билан, шошилмасдан ўта тантанавор қадам ташлайдиган бўлганди.

Аммо ўзни Шоҳ деб аташ бошқаю, аслида шоҳ бўлишнинг ўзи бошқа нарсадир. 15 асрнинг ўрталаригача Қадимий Русда Византия императорларидан ташқари Олтин Ўрда хонларини ҳам шоҳ деб аташган. Буюк князлар бир неча асрлар мобайнида татар хонлари қўл остида бўлиб, уларга ўлпон тўлашга мажбур эдилар. Шу боисдан ҳам Буюк княз хонга мутеликдан халос бўлгачгина ўзини Шоҳ деб аташга лойиқ саналади. Бироқ бу борада ҳам аҳвол ўзгарди. Татарлар истибдодига барҳам берилди ва Буюк княз Рус князларидан ўлпон талаб қилишларига батамом чек қўйди.

15 асрнинг охирига келиб Иван 3 ўз сиёсий шартномалари ва бошқа сиёсий ҳужжатларни тасдиқлаш чоғида илк маротаба Византия императорларининг герби — икки бошли бургутни муҳр сифатида қўллай бошлади. Бироқ, расман тож кийдирилган биринчи шоҳ барибир Иван 3 бўлмади. Рус давлатини бошқарувчи буюк князлар расман шоҳ деб аталишига ва бу унвонни мерос қилиб қолдирилишига яна бир қанча вақт ўтиши керак бўлди.

Дунё бўйича расман шоҳ деб тан олинган биринчи шоҳ Иван 3 нинг набираси Иван 4 Василевич Грозний эди. У бу шарафга 1547 йилда сазовор бўлганди.