Мажусийлик нима дeгани?

Қадимги одамлар учун уларни қуршаб турган олам бошдан охиригача сир-синоатлардан иборат бўлган. Улар, масалан, нима учун момақалдироқ гумбирлайди, нима учун шамол эсади? Нега айрим йилларда ер яхши ҳосил беради-ю, баъзи йилларда қурғоқчилик бўлиб ҳамма экинлар қовжирайди, натижада одамлар нонсиз қолади? Нима учун одамлар касал бўладилар ва ўладилар, нега подаларга қирғин келади? деган кўплаб саволларга жавоб излаганлар.

Бироқ қадимги одамлар табиатда содир бўладиган барча воқеа ҳодисаларнинг бирортасига ҳам маънили жавоб топа олмаганлар, натижада дунёдаги ҳамма нарсага аллақандай ғайриоддий илоҳий кучлар бошқарувчилик қилади. Улар — худолар деган ақидага ишонганлар. Шуни унутмаслик керакки, қадимги одамлар наздида худо битта бўлмаган, улар бир нечта бўлиб, ҳар бирининг ўз вазифаси ва мавқеи бўлган. Худди мана шу каби тушунчаларга мажусийлик деб аталади.

Қадимги славянлар ҳам мажусийлар динига эътиқод қилганлар, уларнинг ҳам худолари кўп бўлиб, ҳар бирига ҳар хилда муносабатда бўлганлар. Айрим худоларни саҳоватли, бағри кенг деб ҳурмат қилишса, айримларидан, жуда қўрқишган, уларнинг кўнглини овлаш учун қурбонликлар келтиришган.

Айниқса, энг кўп қурбонликлар мажусийлик худоларининг энг каттаси Перун шарафига аталган. Қадимги одамларнинг наздида Перун худоси осмонда, булутлар ортида истиқомат қилиб ўта баджаҳл ва қаҳрли бўлган. Агар у одамлардан зиғирча хафа бўлса, шу заҳотиёқ осмонни қора булут қоплаб момақалдироқлар гумбирлаб, чақмоқлар чаққан.

Одамлар ҳатто ёғочдан Перун худосининг ва бошқа худоларнинг ҳайкалларини ўз тасаввурларидагидек қилиб ясаб, уларни уйларининг энг улуғ жойларига қўйишган, уларга қурбонликлар келтиришиб, сўйилган жонивор, ҳатто одам қонини ҳам ўша ҳайкалларга суришган.

Энг суюкли худолари эса Қуёш худоси ҳисобланиб, кишилар уни — Дажбог деб эъзозлашган. Улар ушбу худони ўз қўшиқларида мадҳ этишган, унинг шарафига турли байрамлар уюштиришган.

Велес номли худо эса «чорва худоси» ҳисобланиб, у чорва подаларини ўз ҳимоясида сақлаган, чўпон ва подачиларнинг раҳнамоси бўлган. Агар чорвадорлар турмушида бирор нохуш ҳодиса юз берса, улар дарҳол Велесга мурожаат қилишиб ундан мадад сўрашган.

Сворог номли худо эса славянлар учун илоҳий олов маъбуди саналган. Ҳатто, айнан Сворог томонидан ер юзига темирчиларнинг сандони, босқони-ю болғаси келтирилган, айнан у кишиларга темирдан турли қуроллар ясашни ўргатган деган ривоятлар ҳам бор.

Асосий етакчи худолардан ташқари, яна турли ҳаётий икир-чикирлардан, ташвишлардан халос қилувчи бошқа худолар ҳам бўлган. Улардан ташқари, қадимги одамлар яна алоҳида эҳтиёткорлик билан муносабатда бўладиган руҳлар ҳам мавжуд булган. Бундай руҳларнинг айримларини, айтайлик уй ажиналарини, ўрмон алвастиларини, сув париларини ва ҳимоячи руҳларни улар ҳар томонлама эъзозлашса, айримларини ёмон кўришган ва улардан қўрқишган. Уларнинг номини ҳам жуда ваҳимали қилиб қўйишганки, тилга олишнинг ўзи юракларга ғулғула солган: масалан, вурдалаклар (ажиналар), упирлар ва ҳоказо.

Рус кишилари насронийликни қабул қилган пайтлардан бошлаб улар ягона худога ишона бошлаганлар, бироқ турли руҳларга сиғиниш ҳоллари то ҳануз учраб туради. Шак-шубҳа йўқки, китобхонларимиз орасида ҳам насроний динига мансуб қари кампирлар оғзидан ҳар бир уйнинг ўз ажинаси борлиги, ҳар оқшом ўрмон ва кўлларнинг бўйларида сув парилари базм қилишлари ҳақидаги ривоятларни эшитган кишилар ҳам топилади.