Романовлар кимлар эди?

Романовлар — Россия шоҳлари ва императорларининг сулоласидир. Дастлаб у 14 асрдан маълум ва машҳур боярлар авлоди эди. Романовлар фамилиясини бу авлод дарров олган эмас. Романовларнинг биринчи аждоди ривоятларга қараганда Буюк Москва князи Иван Калита саройида хизмат қилган, асли келиб чиқиши Пруссиялик бўлган Андрей Иванович Кобила эди.

Кобила ўзидан 5 нафар ўғил қолдирган бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида авлодларга, сулолаларга асос солишган. Масалан: Шереметевлар, Количевлар, Неплюевлар, Кокоревлар ва бошқа сулолалар шу жумладандир. Бешинчи ўғилнинг лақаби Кошка бўлган, шу туфайли унинг аждодлари даставвал Кошкинлар деб, кейин Захаринлар, Захарин-Юревлар ва ниҳоят мазкур авлоддан бирининг исмига кўра — Романовлар деб атала бошлаган.

Бу оиланинг яна қайтадан мартабага эришиши 1547 йилда, шоҳ Иван Грозний Анастасия Романовани хотинликка олгач юз берди. Бояр Романовлар бу воқеадан кейин мутлақо ўзгача сиёсий мавқега эга бўлдилар. Энди улар билан худди Рюриковичлар каби муносабатда бўлишарди. 1598 йилда Анастасиянинг жияни — Федор Никитович Романов — Борис Годунов сулоласи ўз ҳукмдорлигини тугатгач, ҳатто тахтга даъвогар ҳам бўлган эди. Борис Годунов ўз даврида Романовлар хонадонини тазйиққа ва қувғинга олган. Федор Никитични эса сочини олдириб, Фидарет деган исм билан монах‑роҳиб қилиб черковга йўллаган эди.

«Оғир замонлар»нинг барча даҳшатлари ортда қолгач 1613 йилда Земский собори Филаретнинг ўғли Михаил Федорович Романовни шоҳ этиб сайлади. Филаретнинг ўзи эса Москва ва Бутун Русия Патриархи бўлди.

Михаилнинг невараси — Пётр 1 — 1721 йилда императорлик унвонини қабул қилди, шундан кейин унинг барча авлодлари ана шу унвонни мерос қилиб олдилар, бироқ оддий халқ уларни аввалгидек шоҳ деб атайверарди.

Романовлар сулоласининг энг охирги эркак вакили — 1730 йилда вафот этган император Пётр 2 эди. У Пётр 1 нинг невараси эди. Ушбу сулола 1761 йил, унинг аёл вакилларидан энг сўнггиси — Пётр 1 нинг қизи императрица Елизавета вафот этгач, ўз ҳукмронлигини тамомлади.

1761—1917 йиллар мобайнида Россияда асли немислардан келиб чиққан Голштейн-Готторпскийлар сулоласи шоҳлик қилди. Ушбу сулоланинг биринчи императори — Пётр 3 ни Романовлар сулоласи билан фақат унинг онаси Анна Пётр 1 нинг қизи эканлиги боғлаб турарди. Пётр 3 нинг отаси эса Голштейн-Готтороп герцоги Карл Фридрих эди. Пётр 3 нинг ўзи Германияда туғилган ва ўша ерда яшарди, унинг асл исми — Карл Питер Улрих. Бошқа меросхўрлари бўлмагани учун императрица Елизавета Пётровна немис шаҳзодаси Карл Питер Улрихни меросхўр қилади. Россияга келгач у православ динини қабул қилди ва Пётр Федорович номини олди. Янги шоҳни ҳам немис қизи — Софя Фредерик Август Анхалт-Сербетскийга уйлантиришди, кейин ушбу малика ҳам номини ўзгартириб Екатерина 2 га айланди.

Пётр 3 ва Екатерина 2 нинг ўғиллари Павел 1 энди ҳақиқий немис эди. Унинг ўзи ҳам то Николай 2 гача бўлган авлодлари ҳам фақат немис маликаларига уйланишди. Бироқ шундай бўлишига қарамасдан Россиянинг сўнгги императорлари ўзларини Романовлардан деб ҳисоблашишарди, бошқача қилиб айтганда, ўзгаларнинг фамилиясини эгаллаб олишган эди. Аммо шуниси ғалатики, бу ёлғон тасаввур таъсирида кўплаб тарихчилар, тадқиқотчилар ўз асарларида Россияда 1613—1917-йилларда шоҳлик қилган барча ҳукмдорларни Романовлардан деб ҳисоблайдилар. Ваҳоланки, бу фикрга қўшилиш мумкин эмас.