Нима учун Пётр 1 ни Буюк Пётр дeйишади?

Пётр 1 шоҳ Алексей Михайлович ва малика Наталя Кирилловна Норишкиналарнинг ўғли эди. У 1672 йил 30 май куни таваллуд топган, 1682 йилда эса шоҳлик тахтига ўтирди. Пётрнинг шоҳлик даври Россия тарихидаги энг шарафли саҳифалардан бири саналади.

Пётр 1 — Романовлар династиясининг энг атоқли вакилларидан бири эди. У бошқа (самодержец) ҳукмдорлардан кескин ажралиб турарди. Болалик чоғлариданоқ Пётр оддий меҳнат билан шуғулланишдан ор қилмас, ҳатто ўзининг 14 ҳунар эгаси эканлигидан фахрланарди. Бу ҳақда А. С. Пушкин жуда ажойиб сатрлар битган: «Гоҳ академик, гоҳ қаҳрамон, гоҳ денгизчи, гоҳ дурадгор, унинг қалби бениҳоя кенг ва у тахтда бўлсада ҳамиша меҳнаткаш ишчи эди».

Табиатан ҳар нарсага қизиқувчан бўлган Пётр бир умр ўқиб-ўрганди. Бошқалардан ҳам шуни талаб қилди. Шоҳ Россиянинг қолоқлигини кўриб-билиб турар ва давлат миқёсида ўзгартиришлар қилиш лозимлигини яхши англарди. Ёш Пётрнинг 1697—1698 йиллар мобайнида Европага қилган саёҳати ниҳоятда катта аҳамият касб этди. Бир ярим йил давомида ўзга юртларда бўлиш ёш шоҳнинг шахсини узил-кесил шакллантирди. У жуда кўп фойдали билимларни эгаллади. Европа маданиятига кўникди, ўзи ҳам қалбан европаликка айланди. Бундан ташқари ўша даврда Россиянинг Европага яқинлашиш жараёни бормоқда эди. Ўша даврлардан бошлаб Рус ёшлари чет элларга ўқиш учун юбориладиган бўлди; Россияга юзлаб чет элликлар таклиф қилинди, уларнинг аксарияти Россияга жон‑дилдан талпинувчи кишилар эдилар. Ниҳоят, Пётр улкан Европа сиёсати ва дипломатиясининг барча нозик жиҳатларини эгаллаб олди. Ватанига келгач, шоҳ қолоқ ва жаҳолатдан иборат аксарият расм-русмларга, одатларга бир бошдан барҳам бера бошлади, уларнинг кўпчилиги чиндан ҳам мамлакат тараққиётига тўсқинлик қиларди. У давлатнинг барча соҳаларида ва жамият турмуш тарзида ўта муҳим ислоҳотларни амалга оширди.

Биринчи галда доимий армияни ва флотни ташкил этди. Бу эса ўз навбатида Россиянинг Болтиқ денгизига чиқиш учун бўлган курашларда шведлар устидан ғалаба қозонишга олиб келди. Ушбу муҳораба Шимолий уруш деб номланиб 1700 йилдан то 1721 йилгача, роппа-роса 21 йил давом этди. Пётр даврида саноат гуркираб ривожланди, жуда кўп мануфактуралар ва тоғкон саноати корхоналари бунёдга келди, савдо-сотиқ гуллаб-яшнади. Шоҳ маданият ва маориф соҳасига ҳам жуда катта эътибор берди, унинг замонасида янги-янги ўқув муассасалари очилиб улардан истеъдодли олим ва ихтирочиларнинг бутун бошли авлоди етишиб чиқди. Пётр 1 фан арбобларини: муҳандис ва меъморларни, ёзувчи ва рассомларни ҳар томонлама рағбатлантирарди. Бу даврда жуда кўп бетакрор бино ва иншоотлар бунёд этилди.

Пётр ўз сиёсатида Шоҳ ҳукуматини ҳар томонлама мустаҳкамлашга интилар ва бунда асосан кенг дворянлар оммасига таянарди. Шоҳ ўзига ёрдамчиларни танлаб олишда улар наслу насабининг машҳурлигига эмас, балки уларнинг ақлу ва истеъдодига кўпроқ аҳамият берарди. Аммо Пётр замонасида оддий халқ вакилларининг ҳаёти анча оғир эди: помешчикларнинг зулми ниҳоятда кучайди, ҳукмдор ўзи амалга ошираётган ислоҳотларини таъминлаш учун солиқларни ҳам ошириб борди. Деҳқонларнинг норозиликлари эса шоҳ ҳукумати томонидан шафқатсизларча бостириларди.

Давлат аппарати ҳам ислоҳ қилинди. Боярлар думаси ўрнига Сенат ташкил қилинди, буйруқлар ўрнига ҳайъат қарорлари жорий этилди. 1700 йилда бекор қилинган патриархликнинг ўрнига Пётр Синод ташкил қилиб, черковни давлатга бўйсундирди. Маъмурий жиҳатдан олганда Россия бошқаруви қатъий марказлаштирилган амалдор- тўралар давлатига айланди. Қадимги уездлар, воеводствалар ва қўрғонлар ўрнига алоҳида ўз губернаторларига эга бўлган 10 та губерния таъсис этилди, кейинчалик бу губерниялар 47 та музофотга бўлинди.

Пётр 1 нинг ислоҳотлари қадимги анъана ва қоидаларни ёқлаб, ислоҳотларға қарши чиқувчилар билан кескин курашлар остида амалга оширилди. Шоҳ ўз душманларининг ҳар қандай фитналарини шафқатсизларча чиппакка чиқарарди. У ўз отасининг тутган йўлига қарши борганларга етакчилик қилган ўгли Алексейни ҳам аяб ўтирмади. 1718 йилда махсус суд ҳайъати шаҳзода Алексейни ўлим жазосига ҳукм қилди.

Пётр 1 нинг ҳар томонлама олиб борган фаолияти натижасида Россия тез орада Европанинг буюк давлатларидан бирига айланди. 1721 йилда ўта буюк хизматлари учун Сенат Пётрга император унвонини ва Буюк ҳамда Ватан Отаси деган унвонларни тақдим қилди. Россия эса империя деб эълон қилинди.

Буюк Пётр 1725 йил 28 январда Петербургда вафот этди. Пётр 1 ва унинг авлодлари Пётропавловск қалъасига дафн этилган.