Овоз бeриш қачон кeлиб чиққан?

Сиёсий сайловлар чоғида овоз бериш ҳуқуқи «овоз ҳуқуқи» деган ном олган. Айнан ана шу ҳуқуқингиз туфайли Сиз, кишиларни давлат лавозимларига сайлашингиз, шунингдек, умумхалқ муҳокамасига қўйилган Қонунларни қўллаб‑қувватлашингиз ёки инкор қилишингиз мумкин.

Инсоният тарихида кўп ҳолларда овоз бериш ҳуқуқига фақат айрим тоифага мансуб кишиларгина эга бўлганлар. Ҳар бир кишининг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга бўлиши демократия деб аталади, бироқ бу ҳуқуққа бугунги кунда ҳам ҳамма жойда ва ҳамма ҳам эга эмас. Барча даврларда ҳам маълум чеклашлар мавжуд бўлган. Бу чеклашларнинг айримлари адолатли, баъзилари эса адолатсиз бўлган. Айрим мамлакатларда, аммо турли даврларда кишининг ёши, жинси, дини ва терисининг рангига, маълумотига, моддий ва ижтимоий аҳволига, шунингдек, солиқларни тўлаб боришига кўра ҳам овоз беришдаги чеклашлар белгиланган.

Қадимги Юнонистонда ва қадимги Римда демократиянинг айрим жиҳатлари кўзга ташлана бошлаган. У ерда овоз беришнинг энг содда усулларидан қўлланилган. Масалан, Афинадаги умумий йиғинларда ижтимоий масалаларга оид муаммолар муҳокама қилинаётган пайтда кишилар қўл кўтариб ўз мулоҳазаларини, муносабатларини ошкор этганлар. Агар бирор шахсга алоқадор масала муҳокама этилса улар ёпиқ овоз бериш усулидан фойдаланганлар. Кишилар, масалан, кўпчиликнинг норозилигига сазовор бўлган одамни амалидан олиб ташлашлари мумкин бўлган. Бироқ, фақат озод фуқароларгина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар. Қуллар ва хорижликлар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум бўлган, айни пайтда хорижликларнинг фуқаролик олиш имкониятлари ҳам бўлмаган.

Ўрта асрлар замонида йирик шаҳарларда истиқомат қилувчи шаҳарликлар ва озод фуқаролар шаҳар ҳокимини сайлаш ҳуқуқига эга бўлганлар. Бироқ овоз бериш ҳуқуқига фақат мулкдорларгина эга бўлганлар. Уйғониш, яъни Ренессанс даврида халқ аристократлар томонидан бошқарилган: оддий халқ овоз ҳуқуқига эга эмас эди. Савдо-сотиқ ва саноатнинг ривожланиши туфайли Европада илк ишбилармон ва тадбиркорлар пайдо бўла бошлагач, овоз бериш ҳуқуқи уларга ҳам насиб этди. Кишининг ёши ва бошқа жиҳатларига кўра белгиланган сайлов чеклашлари, энди унинг моддий аҳволига кўра белгиланган чеклашлар билан алмаштирилди. На Америкадаги инқилоб, на Франциядаги инқилоб, бир гуруҳ аслзода гуруҳларнинг ўз сайлов ҳуқуқларини оддий халқ билан бирдек баҳам кўришга эриша олмади.

Бугунга келиб Буюк Британияда 18 ёшга тўлган ҳар бир одам овоз бериш ҳуқуқига эгадир (Бундан албатта, ақли заифлар, жиноятчилар ва айрим бошқа табақалар мустасно). 1832 йилга қадар Буюк Британияда бу ҳуқуққа эга кишилар жуда озчиликни ташкил этарди. Аёлларни эса 1918 йилгача мутлақо сайловларга қўйишмасди. 1918 йилдан кейин ҳам фақат 30 ёшга тўлган аёлларгина овоз бериш ҳуқуқига эга бўлдилар. 1928 йилдан бошлаб Англиянинг барча фуқаролари овоз бериш ҳуқуқини қўлга киритди.

1832 йилда ўтказилган ислоҳот амалдаги овоз бериш тизимини бекор қилиб, умумий нархи 10 фунтдан кам бўлмаган ер эгаси бўлган (хоҳ у помешчик бўлсин, хоҳ ижарачи) барча эркакларга овоз бериш ҳуқуқини берди.

1867 йилда яна бир ислоҳот ўтказилиб, у туфайли ҳунармандлар ва шаҳар ишчилари овоз ҳуқуқига эга бўлдилар. 1884 йилдан кейин эса деҳқонлар ҳам овоз ҳуқуқидан фойдалана бошладилар. Бугунги кунда ҳар бир инсон овоз бериш ҳуқуқига эга.

Ўтган аср бошларида ер эгаси Парламентга ўз вакилини «сайлов округи» номидан тайинлаш ҳуқуқига эга эди. Бироқ айрим ҳолларда бундай округларда ҳеч ким истиқомат қилмас эди, айтайлик Уилтширдаги кўҳна Сарум округидаги каби: ёки Саффолкдаги Донвиг округи каби бу ерлар сунъий денгиз остида қолиб кетган бўлиши ҳам мумкин эди. 1832 йилга қадар фақат саноқли парламент аъзоларигина халқ овоз бериши йўли билан сайланишган.

Бугунги кунда Англияда ҳар бир номзод сайловда иштирок этишидан олдин 500 фунт стерлинг тўлаши керак. Агар сайлов жараёнида у сайловчиларнинг 5 фоиз овозини ололмаса бу пулларни жарима сифатида тўлайди. 1949 йилга қадар бир шаҳарда яшаб бошқа округда иш юритадиган киши биратўла икки округда овоз бериш ҳуқуқига эга эди. Масалан, шу тарзда, университет битирувчиси маҳаллий номзодлар ҳам, шунингдек, унинг университети томонидан тақдим этилган номзод учун ҳам овоз бериши мумкин бўларди.