Инклар кимлар?

Инклар 15 аср бошларидан Перуда ҳукмронлик қилганлар. Инклар истиқомат қилган ҳудудга ҳозирги Боливия, Перу, Эквадор, шунингдек Аргентина ва Чилининг маълум қисмлари кирган. Инклар империясининг пойтахти, муқаддас Қуёш шаҳри деб улуғланувчи — Куско шаҳри бўлган. Бошқа мамлакатлар ва қитъалар ҳам мавжудлигини хаёлларига ҳам келтирмасдан умр кечирувчи инклар учун Куско шаҳри бутун ер юзининг маркази ҳисобланган, бу ерга империянинг турли бурчакларидан ғалла, кумуш, олтин, қимматбаҳо, чиройли матолар ва ям-яшил коки ўсимлиги баргларини юклаган карвонларнинг кети узилмаган.

Инклар қаттиққўл, бироқ адолатли ҳукмдорлар бўлишган. Улар ўзлари бўйсундирган халқларнинг, қабилаларнинг ўз урф-одат ва анъаналарини сақлаб қолишларига имконият берганлар. Улар жамиятининг асосий негизини оила ташкил этган. 20 та оиладан иборат ҳар бир гуруҳнинг ўз сардори бўлган. Бу сардор эса ўз навбатида қўл остида 50 оила бўлган бошқа сардорга бўйсунган. У эса яна каттароқ сардор ҳукмида, хуллас то Олий инккача, яъни империя ҳукмдоригача бу тобелик шу тарзда давом етиб борган.

Инклар жамиятида мавжуд қоидаларга кўра, ундаги барча фуқаролар меҳнат қилганлар, фақат бундан энг кекса ва энг ёш фуқаролар мустасно бўлган. Ҳар бир оила ўзи экиб-тикадиган махсус ер майдонига эга бўлган. Кишиларнинг ҳар бири ўзи учун шахсан ўзи кийим тўқиган, поябзал тиккан, чориқ ясаган, идиш-товоқ, кумуш ва олтин тақинчоқлар ясаган.

Бироқ бу империя фуқароларининг шахсий эркинлиги бўлмаган: кишиларнинг қандай кийим кийишлари, нима овқат ейшлари ва қаерда ишлашларини ҳукмдорлар тайинлаганлар. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, инклар жуда меҳнаткаш деҳқонлар бўлиб, улар кўплаб фойдали экинларни парваришлаганлар. Улар ўз экин майдонларини суғориш учун тоғ чашмаларидан фойдаланганлар, бунинг учун эса махсус иншоотлар — ҳайбатли акведунларни ихтиро этганлар.

Бир пайтлар инклар томонидан бунёд этилган биноларнинг аксарияти ҳали-ҳанузгача сақланиб келмоқда. Улар кўплаб узум зангларидан ва тол хивчинларидан қалин арқон билан эшиб тўқилган ўзига хос кўприкларни қурганлар. Шунингдек, бу одамлар туғма тўқувчи ва кулоллар ҳам бўлишган. Улар пахтадан шундай нафис ва гўзал матолар тўқишганки, испан босқинчилари уларни ипак мато бўлса керак деб ўйлаганлар. Инклар жундан ҳам ўта гўзал ва бежирим, иссиқ кийимлар тайёрлаганлар.

Узоқ асрлар гуркираб ривожланган инклар империяси вақти келиб, икки қондош оға‑инилар томонидан бошқариладиган икки қисмга бўлиниб кетди. Бу икки қисм бир- бири билан адоватга борди. Натижада инклар ўзларига нисбатан унча кўп бўлмасада, бироқ анча яхши қуролланган испан конкистадорларининг босқинларига дош бера олмай қолдилар. Шундан сўнг уларнинг империяси истило қилинди ва барбод этилди.