Ацтeклар кимлар бўлган?

Ўрта асрларнинг ниҳоясига келиб Жанубий ва Марказий Америкада энг қудратли халқлар ацтеклар ва инклар эди.

Ацтеклар қадимги Америкада истиқомат қилган халқлар ичида энг юқори тараққий қилган ва кучли таъсир кучига эга халқ эди. Улар ҳозирги Мексиканинг пойтахти Мехико жойлашган водийда яшаганлар. Европалик саёҳатчилар ва мустамлакачилар бу ерларга келишидан аввал ҳам бу ерлик ҳинду қабилалари минг йиллик тарихга эга эдилар.

Ацтекларнинг гуркираб тараққий топган давридаги турмуш даражаси ўша пайтдаги кўплаб Европа давлатлари даражасига тенг бўлган. Улар ўз тарихларини тошларда нақш этиб қолдиришни билганлар. Улар ниҳоятда бетакрор ишлов берилган тоғ харсангларидан ибодатхоналар, миноралар, уйлар бунёд этганлар. Улар қонунчилик ва давлатни бошқариш соҳасида улкан муваффақиятларни қўлга киритганлар, астрономия соҳасида ҳам беқиёс билимларга эга бўлишган, турли санъат ва ҳунар турларини ривожлантирганлар. Улар табиатан жуда саховатли ва бағри кенг инсонлар бўлишган. Улар табиатни жону дилдан севишган, айниқса қушлар ва гулларга уларнинг меҳри бўлакча бўлган, шунингдек ацтеклар мусиқа, рақснинг, турли ўйинлар ҳамда адабиётнинг садоқатли мухлислари бўлишган.

Ацтеклар бошқа қабилалар олдидаги юқори мавқеларига асосан ҳарбий зафарлари эвазига сазовор бўлганлар. Кўпинча улар душманларни тутиб олиб худолар учун қурбонлик қилиш мақсадларида уруш олиб боришган. Тирик одамларни қурбонлик учун сўйиш каби ваҳший удумлар бу босқичлардан олислаб кетган европаликларни даҳшатга соларди.

Ацтеклар қабиласини яна бошқа ном билан, яъни «мексико» номи билан ҳам аташган. Айнан шу сўздан ёки ацтеклар худоларининг бирининг номидан Мексика номи пайдо бўлган. Ацтекларнинг ривоятларида ҳикоя қилинишича, улар 1325 йилда, яъни Колумб илк бор ҳиндуларга рўбарў келишидан 167 йил илгари ўз давлатларининг пойтахти — Теночтитланни қуришга киришганлар. Кейинчалик у Лотин Америкасининг шимолидаги Испания мустамлакаларининг марказига кейинчалик эса Мексика Республикасининг пойтахти — Мехикога айланди.

Ацтеклар дастлаб қаердан келиб чиққанлигини ҳеч ким билмайди. Афсона ва ривоятларнинг кўрсатишича улар асли шимол тарафдан келганлар. Эҳтимол улар Мехико водийсига 12 ёки 13 асрларда қадам қўйганлар. У пайтларда ацтеклар ўзларини Тенокклар деб атаганлар. Ўша пайтда мазкур водийда яшаган ва тараққиётнинг юқори даражасига эришган, Толтеклар қабиласи уларни бегона, варварлар деб ҳисоблаганлар. Шу сабабли ацтекларнинг янги жойда қўним топишлари ниҳоятда мушкул кечган, бироқ вақт ўтиши билан улар катта куч-қудрат касб этиб, водийда яшайдиган бошқа қабилаларни ўзларига бўйсундирдилар.

1519 йилда испаниялик капитан Фернандо Кортес унча катта бўлмаган армияси билан ацтекларга ҳужум қилди. Узоқ давом этган оғир жанглардан сўнг Кортес ғалабага эришди. Кейинчалик испанлар Мексикани ўз империяларининг бир қисмига айлантирдилар.

Ҳатто, бугун бизнинг кунларимизда ҳам Мексикада яшовчи америкалик ҳиндулар ацтеклар тилида гаплашадилар. Замонавий мексикаликлар ҳам ўзларининг ацтеклардан келиб чиқишлари билан фахрланадилар. Улар ацтеклар турмуш тарзининг кўп жиҳатларини сақлаб қолганлар, масалан овқатларнинг турлари, кийиниш услуби ҳали ҳануз Испания истилосига қадар ацтекларда қандай бўлса, шундайлигича сақланган. Айрим ацтек сўзлари нафақат Испанияда қўлланилади, балки инглиз тилининг ҳам луғатини бойитғандир. Бу сўзлар орасида — шоколад, томат, коёд, авакадо ва бошқа кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Гарчи қадимги ацтеклар империясининг қудрати бундан 400 йил муқаддам барбод этилган бўлсада, ҳали-ҳануз бу мамлакатнинг замонавий турмуш тарзига таъсири кучлидир.