Райнер Мария Рилке (1875-1926)

Райнер Мария Рилке (Rainer Maria Rilke, тўлиқ исми — Рене Карл Вилҳелм Иоҳанн Йозеф Мария Рилке; 4 декабрь 1875, Прага — 29 декабрь 1926, Валмонт, Швейцария) — австриялик шоир ва таржимон; ХХ аср модернист шоирларининг намоёндаларидан бири.
Прагада туғилган, Австрия фуқароси бўлган. Немис, француз ва рус тилларида шеър ёзган. Насрда ҳам ижод қилган. Европа бўйлаб саёҳат қилган. Россия, Испании, Германия, Италия, Франция, Швейцарияда яшаган.

МАЛАКЛАР

Қалблари беҳудуд,
ойдин ва порлоқ,
тиллари чарчаган шивирламоқдан.
Олий гуноҳларга қайтгандай бироқ
гўзал титрашади уйқусида ҳам…

Фалак чаманининг ҳар гўшасида,
жимгина бир сўзни кўзлашмоқда – ҳур.
Тангрининг нуқтадор замзамасида,
улар чўнг изтироб,
дардли нафасдир.

Бирдан уйғотишар уйқудан елни,
улар қанотини очиб-ёпган он;
Шу заҳот, Тангрининг донишманд қўли,
очқиламоқ истар саҳифаларин
ҳилқатнинг қоронғу қўлёзмасида…

ХОТИРА

Зорлик қаршисида ўйларсан узоқ,
умрингни абадий фиръавн этган
мислсиз қудратнинг Бор эканини…

Ботган сувларинг ҳам зеҳнингдан чуқур,
тинглайсан тошларнинг уйғонишини…

Қовушар умрингга ғамнинг кечаси –
бўялар сариққа, қизилга ҳар бет…

Сен кезган ўлканинг ҳар қаричида,
барча либослару,
барча суратлар,
йўқотган аёлинг ёдингга солар…

Ва бирдан кўрасан – моҳият шудир,
оёққа турарсан,
пайдо қаршингда
ўтиб-кетган бир йил ҳар мавсумила,
қўрқуви, дуоси, тажассумила…

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси