Дилмурод Қуронов: “Янги қувват манбаи қаерда?” (2018)

1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?

2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?

3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари ­нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига ­навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

1. Аслида шунақа қарама-қарши фикрларнинг бўлиши табиий ва бу ҳол, менингча, адабий жараён билан эмас, кўпроқ инсон табиати билан боғлиқ. Қулоғингизга чалингандир, эл ичида гоҳо “фалону фалонлардек адибу шоирлар ўтиб кетди-я, энди ундайлар туғилмаса керак” қабилидаги гаплар эшитилиб қолади. Аёнки, бундай дегувчилар наздида, бугунги адабиётимиз — таназзул ҳолатида бўлмаса ҳам, депсиниш, турғунлик ҳолатида. Уларни ҳам тушунса бўлади. Негаки, киши ёшликда муҳаббат қўйган адибу шоирларнинг дард-қувончлари, орзу-интилишлари кўнглига яқинлиги боис улар ижодини теран тушунади, китобларини ютоқиб ўқийди – алал-оқибат уларга сидқидилдан ихлос қўяди. Вақт эса беаёв ўтаверади: янги истеъдодлар майдонга чиқади, уларнинг бошқалар қалбида акс-садо берган дард-қувончлари, орзу-интилишлари эса, ажабки, унга бегонадек, тушунарсиздек туюлади. Хуллас, бундай шароитда аввалгиларнинг бугунги адабиётда депсиниш, кейингиларнинг эса юксалиш бор деб билишлари сира ажабланарли эмас.

Ўзимга қолса, бугунги адабиётда юксалиш борлигига шубҳа қилмайман. Лекин бу юксалиш, назаримда, 60-йилларда бошланган ва 70-йиллар адоғида кучли тезланиш олган юқорига томон ҳаракатнинг давоми, холос. Шунга кўра, муаммони бироз бошқачароқ қўйиш керакка ўхшайди: яқин ўтмиш адабиёти бериб турган қувват манбаи яна қанчага етар экан? Адабиёт, умуман, бадиий тафаккур ривожини таъминловчи янги қувват манбаларини оча биламизми? Ҳозиргидек “Оққан дарё — оқаверади”, деган ўйда хотиржам юраверсак, ўша дарё ирмоқларига сув бераётган булоқ кўзлари ёпилиб кетмасмикан?..

2. Назаримда, энг катта муаммо – ҳозирги адабиётнинг ўқувчини бой бергани. Албатта, бунинг турли-туман сабаблари бор: телевидение, интернет ривожи, китоб нашри ва савдоси тизимининг бозор шароитига мослаша олмаётгани… Ундай десак, қирққа кирмай қирқдан зиёд китоби (каттагина тиражларда!) чоп этилган адиблар, йилига уч-тўрттадан тўпламини “армуғон” этаётган шоирлар ҳам бор-ку?! Энди китоб муқоваларидан виқор билан боқиб турган шу адибу шоирлар ёнига “Қирқ йилдан бери қалам тебратиб келаман, уюшма китобимни чиқариб берармикан” ёки “Илтимос, нашриёт ҳисобидан китобимни чоп этиб берсангиз” мазмунидаги аризалари билан турли идораларга қатнаб юрганларни қўйиб кўринг. Йўқ, бу ҳолни биринчи тоифа ёзган битикларнинг оммабоп, иккинчи тоифа яратган асарларнинг эса юксак адабиётга дахлдорлиги билангина изоҳлаб бўлмайди.

Бас, ўзини юксак адабиётга дохил сановчилар авом дидию истакларига мослашаётган ижодкорлар, уларнинг қўлма-қўл бўлаётган савияси паст асарларини ҳар қанча танқид қилмасинлар, бу нав адабий маҳсулотни истеъмол қилувчилардан ҳар қанча нолимасинлар — ҳеч нарса ўзгариб қолмайди, ўқувчи учун курашмоқ керак. Ўқувчини жалб этишнинг бирламчи шарти эса ўқишли асар ёзишдир. Бироқ ўқишлилик – авом дидига мослашиш эмас, балки ҳаётнинг теран бадиий идроки, инсон қалбига чуқур кириб боришу бадиий маҳорат ҳисобига бўлмоғи даркор. Иккинчидан, бозор шароитида яшаётган эканмиз — “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ” дейдилар — бозорчасига иш тутиш ҳам керак. Яъни бозорга мол олиб чиқар экансиз, “Кеп қолинг, оп қолинг!..” дея томоқни зўриқтириш ҳам зарур бўлади.

Айтмоқчиманки, юксак адабиётни кимдир  тарғибу ташвиқ қилиб бермайди — муаллифлар ўзи бунга енг шимариб киришмоғи даркор. Қалам аҳли расмий таклиф ёхуд махсус тайёргарлик — поёндозлар, гулдасталар, якундаги совға-саломлару зиёфатларни кутмай, ўқувчи омма ичига кириб бориши — ёниб шеър ўқиши, асарлари ҳақида ўқувчи билан фикр алмашиши, улар қалбига йўл топишию ўзи ҳам уларга юрагини очиши — ҳозир жудаям керак. Агар “Менинг вазифам — ёзиш!” деган иддао билан чекланилса, ҳадемай ўқувчи оммага йўл топиш янада қийинлашади. Зеро, кун сайин мутолаа маданиятидан узоқлашиб бораётгандекмиз: Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор”ида дахрийлик “кашф этилиши” ва Абдулла Ориповнинг “Қачон халқ бўласан, сен — эй оломон!” деган оловли мисрасини, шеър контекстидан буткул кўз юмган ҳолда, “коммунистик ғояларга тўла сатр” деб талқин қилинишини маъқуллаб “лайк” босувчилар пайдо бўлаётгани шундан нишонадек кўринади менга. Дарвоқе, илгарилари бадиий асарни ижтимоиётдан келиб чиқиб тушуниш ва баҳолашни “вульгар социологизм” дея қоралаш урфда эди, юқоридаги ҳолни “вульгар нимаизм” десак бўлади?..

3. Мутахассис сифатида ўқишдан кўра қайта ўқиш, диққат билан ўқиш каби амаллар билан кўпроқ банд бўларкан одам. Шу жиҳатдан, масалан, Хуршид Дўстмуҳаммад асарларини бир сидра қайта ўқидим, “Донишманд Сизиф”ни эса, икки-уч бор. Ёзувчининг ўарб билан ижодий баҳси ҳақида бир нима ёзмоқни ният этгандим, ҳали пишиб етилмади чоғи, тўкилмай турибди. Сўнгги вақтларда яна Аҳмад Аъзам асарларини такрор ўқидим — уларни бир бутун ҳодиса ўлароқ англашга ҳаракат қилдим. Луқмон Бўрихоннинг “Қуёш ҳали ботмаган” қиссаси жуда маъқул тушиб, бунинг сабабларини қоралагим келди, шу аснода ёзувчининг бошқа асарларини-да қайта варақладим — айни режа ҳам ортга сурилиб турибди…

Айтганларимдан адабий жараённи изчил кузата олмаётганим, сўнгги вақтда яратилган асарларнинг кўпини ўқиёлмаганим, хуллас, орқада қолаётганим рўй-рост кўриниб турибди. Албатта, бу ҳол учун каминани янишлари мумкин, “зиммасидаги вазифани бажармаяпти экан”, деб. Сирасини айтганда, танқидчи ўлароқ озми-кўпми танилганки одам бўлса, мақоми — шу. Шуни ўйласам, танқидчилигимизни танқид қилувчилар азбаройи жўшиб кетганда “Бизда танқид ўлган!” дея иддао қилишлари ғалат кўринади: ўзи йўқ нарса қандай ўлади?!

Дилмурод Қуронов, филология фанлари доктори, профессор

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 45-сон