АҚШ Ўзбекистон чегара қўшинларига инфрақизил монокулярлар тақдим этди

17 январь куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Ҳеник Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига 225 дона “FLIR” инфрақизил монокуляр тақдим этди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди. Чегара қўшинлари номидан ускуналарни полковник Бахтиёр Мансуров қабул қилиб олди.

Ушбу кузатув ускуналари АҚШ давлат департаменти молиялаштирувчи Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси доирасида совға қилинди. Қиймати 600 минг долларга тенг ускуналар АҚШнинг хавфсизлик соҳасида Ўзбекистонга кўрсатаётган ёрдамининг бир қисми ҳисобланади.

“Умид қиламизки, ушбу топширилаётган кузатув ускуналари Ўзбекистон давлат чегарасини муҳофаза қилиш ва “яшил чегара”ни қўриқлашда чегара қўшинларининг имкониятларини оширади ҳамда чегарадаги воқеа-ҳодисаларга тезкор жавоб қайтариш имконини беради”, – дейилади элчихона хабарида.

2001 йилда АҚШ ва Ўзбекистон илк бор мудофаа соҳаси ва қуроллар тарқалишининг олдини олиш тўғрисидаги битимни имзолагандан буён икки мамлакат ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишига қарши курашиш, шунингдек, чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш бўйича тўла ҳуқуқли шерик бўлиб келмоқда.

1994 йили ташкил этилган Ядро қуролларини тарқатмаслик ва қуролсизланиш жамғармаси АҚШ ҳукуматига зудлик билан қарор қабул қилишни талаб этувчи қурол тарқалишининг олдини олиш ва қуролсизланиш соҳасидаги кутилмаган ва мураккаб вазиятларда оператив жавоб қайтаришга имкон яратади. Ушбу жамғарма ишни ишончли, хавфсиз ва тежамкорлик билан амалга оширишда стратегия ишлаб чиқиш, музокаралар олиб бориш, дастурларни бошқариш, молиявий операциялар ва шартномаларни бажариш бўйича катта тажрибага эга.

Мавзуга доир мақолалар:

АҚШ Ўзбекистонга 2 миллион доллар қўшимча маблағ ажратмоқда. 27.08.2022

АҚШ Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга 10 миллион доллар ажратди. 03.02.2022

“Муқобили йўқ ускуналар”. USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та GeneXpert ҳадя қилди. 16.12.2021