Дилмурод Қуронов. Навоийни англаш йўлида (2014)

Ҳасанхон ва Ҳусанхон қорилар тартиб берган “Навоийдан чу топқайлар навое” номли китобда бир қатор мақбул жиҳатларни кўрдим. Аввало, Навоийнинг диний асарлари хос кишилари томонидан таҳлилу талқин қилинаётгани. Буни мақбул деганим шунчаки лутф ёки тузувчилар меҳнатини қадрлаб қўйиш истагидангина эмас, балки анча чуқурки, мухтасар изоҳ бериш лозим кўринади.

Биласиз, ҳазрат ҳақида сўз кетса, барча бирдек ул зотнинг серқирра истеъдод эканини айтиб толмайди-ю, мероси гўё бир адабиётшуносларга хатлаб берилгандек тушунилади. Ҳолбуки, адолат юзасидан қаралса, Навоийнинг айрим асарлари ҳақида тарихчининг, айримлари ҳақида тилшуноснинг, яна бирлари ҳақида дин уламосининг фикри эътиборлироқ тутилиши лозим. Шу маънода, ака-укалар тузган ушбу китоб илмда, хусусан, навоийшуносликда адолатни тиклаш йўлидаги илк қадамлардан ва, иншааллоҳ, у хайрли бўлади. Сирасини айтганда, адабиётшунослик илмида, гарчи очиқ  эътироф этилмаган бўлса-да, дин уламолари ёрдамига эҳтиёж аллақачон етилган. Биласиз, истиқлол арафаларидан бошлаб мумтоз адабиётимизни ислом динидан, тасаввуфдан айро ҳолда тугал тушуниш ва объектив баҳолаш мумкин эмаслиги теран англанди. Узоқ йиллар давомида адабий мероснинг шу икки омилни эътибордан сокит қилган ҳолда ўрганилгани чала ҳукм-хулосалар, бирёқлама юзаки ёки мутлақо тескари талқинларга олиб келгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Шунингдек, мустақиллик йиллари адабиётшунослигимизда мумтоз адабиётни исломий, тасаввуфий нуқтаи назарларни эътиборда тутиб талқин қилиш урфга киргани ҳам ҳаммага маълум. Бироқ бу йўлда амалга оширилган ишлар ҳали қаноатланарли эмас. Сабаби, биринчидан, бу ишни амалга ошираётганлар мақоми адабиётшуносликда нечоғли баланд бўлмасин, улар диний илмларда дилетант; иккинчидан, Навоийдан фарқ қилароқ, ислом улар учун ҳаёт ва фикрлаш тарзини белгиловчи асосга айланмаган. Яъники, уларнинг Навоийни англашларида шу билан боғлиқ ноқисликлар бўлиши табиий, юқорида айтганимиз эҳтиёж эса шундай ноқисликларни бартараф этиш заруратидан туғилади.

Айтганларимизни тузувчилар “Арбаъин” устида амалга оширган иш мисолида кўриб ўтамиз. Аввало шуки, тузувчилар матн устида қунт билан ишлаганлар: асарнинг 20 та қўлёзмаси асосида илмий-қиёсий матн тайёрланган. Яъни, агар мумтоз адабиёт намуналарининг нашрларида кузатилувчи хатолар ёдга олинса, улар ибрат қилиб кўрсатишга лойиқ йўл тутганлар. Шу ўринда каминага жуда маъқул бўлган бир нуқтани алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Тузувчилар аввалги нашрдаги хатолардан бир-иккитасига мисол учунгина тўхталганлар-у, шунинг ўзидаёқ матншунос сифатидаги лаёқат, қобилиятларини намоён эта олганлар. Таъкидламоқчи бўлганим бу эмас, балки, назаримда, бундан муҳимроқ: ўша хатонинг қандай кўрсатилаётгани. Қисқа қилсам, бунда билимдонлигини кўрсатиб қўйиш, хато қилмишнинг бир адабини бериб қўйишга интилиш сингари ожизлик, майдалик сезилмайди. Негаки, улар бу ишга нон ё шон учун эмас, кўнгил амри билан, холис Аллоҳ ризоси учун киришганлар, бандага хос ожизликлардан баланд тура олмоқнинг асоси – шу. Ҳамкасбларимиз ибратлансалар, умумий ишимиз барор олган бўлармиди, деб ўйладим…

Тузувчилар “Арбаъин”ни ўқувчига мукаммал кўринишда тақдим қилмоқни кўзлаганлар ва, тан олиш керак, бунга мутлақ эришганлар. Баҳо ошиб кетди деманг, тақдимотнинг қай тартибда амалга оширилгани – алгоритмини бир қур кўздан кечирсангиз, ўзингиз ҳам шунга амин бўласиз. Аввало, назмга солинган қирқ ҳадиснинг манбаси кўрсатилган. Гап шундаки, анъана шундай эдими ё ҳадисларни мукаммал билувчиларга мўлжаллагани учунми, ҳазрат Навоий ҳадислар манбасини кўрсатган эмас. Аксинча, бугунги кун ўқувчисининг Навоий яратган диний асарлар нечоғли сахиҳ – ишончли эканига амин бўлмоғи учун бу жуда муҳим. Ҳадислар араб имлосида ва ривоят қилувчини келтирган ҳолда берилгани ўқувчини ишончда янада мустаҳкам этади. Кўриб турганимиздек, мақсад хайрли, лекин шунинг ўзи етарли эмас: мақсадга тўғри, ҳалол йўл билан етишмоқ керак. Тузувчилар шундай йўлдан борганларини, масалан, бешинчи ҳадисга берилган сатр ости изоҳида кўриш мумкин: “Ушбу маънодаги ҳадислар жуда ҳам кўп. Ҳаммаси мазмунан бир-бирини қувватлайди. Уларнинг ичида муаллиф келтирган лафзга энг яқини юқорида биз келтирган матндир. Аммо айнан муаллиф танлаган матнни мўътабар ҳадис китобларидан топа олмадик. Хулоса қилиб айтганда, бу ерда саҳиҳ ривоятларда келган лафзларнинг қориштирилганини кўриш мумкин”. Албатта, мазкур изоҳ юқорида зикр этилган мақсадга хизмат қилмайди, негаки, ўқувчи онгида “мўътабар ҳадис китобларидан топа олмадик” калимаси тезроқ ва муқимроқ ўринлашади. Шунақа экан, буни хаспўшлаб қўяқолса бўлмасмиди? Йўқ, бўлмасди, бундаги ибрат ҳам асли шунда: олим фикри холис, лафзи ҳалол бўлмоғи шарт. На кўзлаганлари яқин мақсад ва на китобда барқ уриб турган Навоийга меҳр тузувчиларни чалғита олмаганки, фикримча, бу таҳсин ва ибратга лойиқ ҳолдир.

Албатта, китобда айрим ҳали маромига етмаган ёки ортиқчадек кўринувчи ўринлар ҳам йўқ эмас, Хусусан, каминага Навоийнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилиши ортиқча кўринди: ҳаммага маълум гапларни такрорлаб ўтиришга зарурат йўқдек. Тўғри, булар китобнинг юқорида айтилган фазилатларига бироз соя солади, лекин қимматини белгиламайди. Тузувчиларга изланишларида бардавом, ўқувчиларга яхши китобдан баҳраманд бўлишни тилаб қоламиз.

Дилмурод Қуронов

филология фанлари доктори, профессор