Дилмурод Қуронов. Бир ижодий баҳс хусусида

Ўтган асрнинг охирларида насримизнинг янги авлоди Ғарб, Лотин Америкаси ва Узоқ Шарқ насрига фавқулодда кучли қизиқиш билан қарай бошлади. Бу ХХ аср бошларидан шакллана бошлаган ва беқиёс шиддат-ла ривожланган миллий бадиий проза анъаналарини инкор қилиш, янги йўл излаш натижаси эди. Жамият ҳаётидаги кескин бурилиш даврига тўғри келгани учун ҳам инкор руҳи ғоят кучли эди. Сир эмас, ўша шароитда биз – ўзидан аввалгилар суюб ўқиган асарларни “замона кемасидан улоқтирган” янги авлод ўқувчиларига Ғарб, Лотин Америкаси ва Узоқ Шарқ адабиётининг намуналари асл санъат намуналари бўлиб кўринди. Гўё улар – ижтимоийлик, ғоявийлик, мафкуравийлик каби “адабиётга мутлақо ёт” нарсалардан тамом фориғ, соф бадииятнинг тажассуми. Ҳақиқатда эса бу – ғирт янглиш тасаввур эди, зеро, улардаги образлар ҳам ўзлари яратилган ижтимоий макон ва замон билан чамбарчас боғлиқ[1]. Фақат ўша макон ва замондан узилганимиз учун ҳам бу асарлар мўъжиза кўринди – кўплаб ёш истеъдодлар уларнинг ифода усулига эргашди. Табиийки, катта авлод буни қабул қила олмади, ёшларни “тақлидчилик”да, “кўчирмачилик”да айблади, ёзганларининг “миллийликка хилофлиги”ю “мафкуравий хавфи”дан огоҳлантириб бонг урди. Ҳолбуки, бу жараён шунчаки ёшларнинг Ғарбга ҳаваслангани натижасида эмас, балки миллий адабиётда янгиланиш эҳтиёжи етилгани туфайли ҳаракатга келган эди. Иккинчи томони, хориж адибларига ҳар қанча эргашмасин, миллий заминда етишган ва миллий тилда миллий турмушни акс эттираётган ижодкор ҳеч қачон оддий нусхакаш бўлиб қолмайди – саналган омиллар бунга йўл бермайди. Чинакам истеъдод учун таъсир бир туртки – ўзга маданият вакили бўлмиш адиб бадиий кашфини ўз миллати хизматига сафарбар этиш, у билан ижодий баҳсга киришишга даъватдир. Эндиги муддаомиз мазкур қарашни Хуршид Дўстмуҳаммад мисолида асослашдан иборатдир.

* * *

Хуршид Дўстмуҳаммад “Жимжитхонага йўл” ҳикоясини “Тафаккур”да эълон қиларкан, уни мана бу мўъжазгина тақдим билан таъминлайди: “Кўп йиллар бўлди, италиялик машҳур адиб Дино Буццатининг “Етти қават” деган ҳикояси таъсирида юраман. Ниҳоят, ушбу фавқулодда ўзига хос ҳикояни бир қадар эркин таржима қилиб, унга “назира” ўлароқ ҳикоя битдим. Тажриба қандай самара берганини баҳолаш ўқувчига ҳавола..”. Таъкидлаш зарур бўлган нуқта шуки, ҳикоя 2001 йилда ёзилган ва шу йилиёқ “Тафаккур”нинг 3-сонида босилган – тандирдан узибоқ дас­турхонга тортилган. Орадан 4 йил ўтиб, адибнинг “Беозор қушнинг қарғиши” номли ҳикоялар тўпламига киритилганида ҳам мазкур тақдим сақланиб қолган, фақат унинг биринчи жумласи ўзгарган: “Италиялик машҳур адиб Дино Буццатининг “Етти қават” ҳикоясини ўқидиму анча вақтгача унинг таъсирида юрдим”. Кўряпмизки, бунда феълнинг замон шакли ўзгарган, сирасини айтсак, шундай қилингани тўғри ҳам: тўрт йил кейин киритилган ўзгартириш “тақдим”ни айнан ҳикоя ёзилган вақт эмас, аниқлаштирилмаган вақтга (яъни барча замонларга) тааллуқли этади. Шу билан бирга, шаклдаги ўзгариш жумла мазмунида ҳам жиддий (биз учун ғоят муҳим) ўзгариш ясаганини ҳам таъкидлаш керак. Агар биринчи ҳолда Дино Буццати ҳикоясини “кўп йиллар” аввал ўқиган муаллиф ҳамон унинг “таъсирида юргани” англашилса, иккинчиси адиб руҳиятидаги мазкур жараён кечиб ўтиб бўлганини кўрсатади. Маълум бўляптики, адиб руҳиятида йиллар давомида кечган жараён “назира” ҳикоянинг ёзилиши билан якун топмоқда. Бошқача айтсак, биз айтаётган жараён аслида назира ҳикоянинг яралиш жараёнидан бошқа эмас. Зеро, асарнинг яратилиши билан тугаган жараён ўша асар муаллиф онгида эмбрион ҳолида бино бўлган паллада – ижодий ният пайдо бўлганида ҳаракатга келган. Ижодий ниятнинг туғилиши эса бу ўринда маданиятлар­аро диалог – мулоқот натижасидир.

М.Бахтин “катта диалог” ҳақида сўз юритаркан, унинг “катта вақт” қўйнида кечиши, репликалари эса алоҳида асарлардан иборат бўлишини назарда тутади: “Асар – нутқий мулоқот занжиридаги ҳалқа; худди диалог репликаси каби, у ҳам бошқа асарлар – репликалар билан боғлиқ..”.[2] Олимнинг уқдиришича, диалог репликаси ўлароқ адабий асар ўзга (лар)нинг у ёки бу тарздаги жавоби, яъни жавоб реакциясини кўзда тутади. Ўз-ўзидан аёнки, нутқий мулоқот занжирининг ҳалқалари – адабий асарлар воситасида маданиятлараро мулоқот ҳам кечади. Шу боис ҳам Бахтин асарларида “катта диалог” тушунчаси талқини бир асар доирасида кечувчи ҳодисадан глобал кўламдаги универсал ҳодиса томон муттасил кенгайиб боради[3]. Буларни эслашдан мурод – “Жимжитхонага йўл” ҳикоясининг яратилиш жараёнини, уни ҳаракатга келтирган механизмларни тасаввур қилиб кўриш. Хуллас, ўз вақтида, Дино Буццати ҳикояларининг русча таржималари ўзбек адабий жараёни вақтига айланиши билан, табиийки, улар (ҳар бири)га жавобан у ёки бу тарздаги реакция ҳам юзага келади. Мазкур реакция, бизнингча, икки турли кўринишда намоён бўлади. Уларнинг биринчисини кўпроқ ўқувчи индивидуаллиги – туғма қизиқувчанлик, ҳайрат ва завққа ташналик, нотаниш хорижий нарса билан боғлиқ кузатув кабилар билан, иккинчисини эса ўқувчи мансуб маданий контекст (ўхшашлик, зидлик, бегоналик каби) белгилайди. Яъни мазкур омиллар беҳад ҳайратланиш, ҳафсаланинг пир бўлиши, алқаш ё бефарқ қолиш, қўшилиш ё баҳслашиш, қабул қилиш ё рад этиш каби жавоб реакцияларини ҳосил қилади. Жумладан, Х.Дўстмуҳаммаднинг “кўп йиллар” Дино Буццати ҳикояси таъсирида юргани замирида ҳам айни омилларнинг бири ётадики, ҳозир шуни аниқлаб олиш зарурати бор.

Айтиб ўтиш жоиз, аввало, бу ўринда битта омилни қатъий белгилаш маҳол, иккинчидан, ўша омилнинг таъсирини мутлақлаштириш ҳам тўғри бўлмас – бошқаларининг ҳам озми-кўп таъсир этганлик эҳтимолини истисно қилиб бўлмайди. Шунга қарамай, назира ҳикоянинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб асосий омилни тасаввур қилса бўлади. Фикримизча, бу ўринда маданий контекст билан боғлиқ юзага келган баҳслашиш тарзидаги жавоб реакцияси етакчилик қилади. Айни чоғда, ҳикоянинг сюжет-композицион қурилиши, адиб ўзи кўзлаган мазмун ифодаси учун яратган бадиий модель, санъаткорнинг маҳорати завқ ва ҳайрат уйғотгани ҳам шубҳасиз. Бироқ, яхши маълумки, завқу ҳайратнинг умри қисқа – вақт ўтиши билан ҳар не мўъжизага кўникилади. Демак, “кўп йиллар” ҳикоя таъсирида юришнинг асосида “баҳслашиш” тарзидаги жавоб реакцияси ётади, яъни ёзувчи онгида шу йиллар давомида итальян адиби билан ментал баҳс кечади.

Мазкур баҳс Х.Дўстмуҳаммад мансуб маданий контекстдан ўсиб чиқувчи “қўшилмаслик”дан бошланади. Сирасини айтганда, Д.Буццати ҳикоясида қўлланган модель янгилик ҳам эмас – етти қаватлилик (жараён, йўл, макон ва б.) жаҳон фольклори ва адабиётида жуда кенг тарқалган. Итал­ьян адибининг бадиий кашфиёти – алмисоқдан қолган ўша қолипдан фойдаланиб ўзи мансуб жамиятдаги замондош инсон моҳиятини очиб беришга эришганида. Модельнинг шу моҳиятга мос тарзда ўзгартирилгани, яъни анъанадаги юксалиб боришнинг чаппасига айлантирилгани – янгилик, бу янгилик эса адиб бадиий идрок этишга чоғланган ҳаёт материали – Ғарб кишиси табиатидаги уни қониқтирмаётган ўзгаришлар билан боғлиқ.

Мутахассислар Буццатининг руҳан Кафкага яқинлигини бежиз таъкидламайдилар, Камю эса унинг айрим асарларини фарангига ўгирганки, бу ҳам, табиийки, руҳий яқинлик туфайлидир. Яқинлик эса энг аввал фик­рий жиҳатдан, замонаси ва ундаги одамни англашда кузатилувчи муштаракликда намоён бўлади. Ҳар учала адиб ҳам индивидуализмни байроқ қилган жамиятдаги инсонни, унинг англаш мушкул оламдаги ўзига боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар измида ёлғизликка маҳкумлигида намоён бўлувчи фожиасини қаламга олади. Маълумки, бу ҳолат – Ғарб кишиси ўз тақдирини ўзи яратишига ва шу туфайли Яратганга муҳтожлиги йўқлигига бешак инонган ҳолда оламни ақлга, яъни ўз талаб-эҳтиёжларига мувофиқ тубдан ўзгартириш йўлидаги чиранишлари зое кетиб, аро йўлда қолган вақт маҳсули. Шу боис ҳам у ёлғизликдан қийналиб, умидсизликка буткул таслим ҳолда умргузаронлик қилади, кўнгилни тамом бой берганидан молпарастга, шунчаки моддий бойликлар яратувчи ва истеъмол қилувчига айлана боради. Ҳар учала адиб ҳам мазкур ҳолат инсон табиатига мувофиқ эмас деб билади, изтироб чекади, яратган асарларида уни енгиб ўтиш чораларини излашади, турли ижодий экспериментларга қўл уришади. Хусусан, “Етти қават” ҳам шундай изланишлар натижаси.

Ҳикоя қаҳрамони Жузеппе Корте – деярли соғлом одам, касалхонада ўрнатилган тартибларга беихтиёр бўйнисунган, ўзи истамаган ва негалигини англамаган ҳолда қаватдан-қаватга муттасил пасайиб боради. Қизиғи, гарчи пасайиб боришга ич-ичидан қаршилик қилса-да, бу жараён аксар гўё унинг розилиги билан ёки бошқача бўлиши мумкин эмасдек йўсинда амалга ошади, аниқроғи, ўзига (ўқувчига ҳам) шундай туюлади. Англаш қийин эмаски, яхлит олиб қараганда, касалхона – рамз, юқорида мухтасар таърифлаганимиз шахсни ихтиёридан айириб комига тортиб кетаётган жамият рамзи ўлароқ яратилган. Шу жиҳатдан қаралса, ҳикоядаги деталлар қатидаги маъно очилиб боради. Аввало, касалхона биносининг муҳташамлиги: русча таржимада унинг “меҳмонхоналарга ўхшаш” эканини айтиш билан кифояланилган бўлса, эркин таржима қилган Х.Дўстмуҳаммад ушбу детални бирмунча бўрттирган: “…касалхона эмас, нақ меҳмонхона дейсиз! Палаталари ҳам беш юлдузли мусофирхоналардан кам бўлмаса керак!” Палатанинг жиҳозланиши ҳам шу ҳашаматга яраша: “… ҳамшира аёл уни еттинчи қаватга бошлаб чиқди. Ёп-ёруғ палатага олиб кирди, хона шу қадар озода эдики, деворлари, анжомлари-ю жиҳозларидан тортиб, чойшабу дераза пардаларигача бимисоли нурга чайилгандек оппоқ эди. Пастак оромкурсиларга кийдирилган момиқ ғилофларнинг оқлиги одамнинг кўнглини қитиқлайдиган даражада мусаффо кўринди. Дино Кортенинг[4] руҳи, руҳига қўшилиб бутун вужуди ҳузурланди”. Мазкур деталлар комфортни ҳар недан устун ва аъло билувчи истеъмолчилик жамиятини характерлайди. Ўзбекча таржимада бу янада бўртиқ кўринади: палатадаги қулайликларни кўрган беморнинг руҳи ҳам, вужуди ҳам бирдек ҳузурланади, яъни руҳ ва вужуд озиғи битта – комфорт ва уни таъминловчи буюм-ашёлар. Русча таржимада палатадаги жиҳозлар санаб-таърифлангач, “Все здесь дышало спокойствием, гостеприимством и вселяло надежду” дейилганки, бу билан истеъмолчи инсоннинг умиди ҳам тамом комфортга боғлиқлиги таъкидланади. Қаҳрамоннинг бошига тушган ташвиш – фақат ўзиники, касалхонага келганидан бошлаб то сўнгги дамига қадар ёнида бирон-бир яқин кишиси – на хотини, на бола-чақаси, на бир дўсти кўринади. Ушбу минус-деталь Жузеппе Корте маҳкум ёлғизлик, меҳр-оқибат бадар кетган жамиятдаги инсоннинг бош фожиасини кўрсатишга хизмат қилади. Айтилганлардан нима учун ҳикояни ўқиган ўзбек адиби “қўшилмаслик” мавқеини эгаллаганини англаб олиш қийин эмас: у Ғарб кишисининг юқорида мухтасар таърифланган яшаш тарзи, аъмолларини, унинг тушунчасидаги ҳаёт мазмунини қабул қилолмайди – у ўзга маданият, ўзга дунёқараш бағрида шаклланган. Шу боис адиб итальян ҳамкасбининг бадиий ифода бобидаги маҳорату кашфига ҳақ бергани ҳолда, бамисоли унинг кўзгудаги акси каби буткул терс талқинни яратади. Зоҳид Яқин босиб ўтган йўл Дино Корте йўлига терс йўналишда экани – бунинг юзада кўриниб турадиган асоси. Зоҳид Яқиннинг касалхонадаги йўли биринчи қаватдан бошланади – еттинчи қават томон кўтарилиб боради. Дино Кортедан фарқ қилароқ, у ўзининг тақдирига бефарқ бўлмаган яқинлари қуршовида – хотини, ўғли, қайниси – ҳаммалари унинг саломатлиги ташвишида. Агар қаватдан-қаватга кўчилганда Дино Корте юрагини аксар ваҳима, қўрқув эгалласа, Зоҳид Яқин кўчишни шукроналик билан қабул қилади, унга кейинги қават аввалгисидан-да шинамроқ, қулайроқ кўринаверади. Ўлим олдидан Дино Корте даҳшат ва жазавага тушса, Зоҳид Яқин ўзини жалб этаётган недир ёқимли нарсани туяди – шукроналар келтиради. Негаки, Дино Корте учун ўлим – дунёнинг ниҳояси, Зоҳид Яқин учун эса у – боқий дунёнинг бошланиши, холос.

Шу ўринда яна адибнинг “бир қадар эркин таржима қилдим” деган иқрорига қайтиш, таржимадаги, таъбир жоиз бўлса, эркинлик даражасини кўриб ўтиш мақсадга мувофиқ. Ҳикоя рус тилидан ўгирилгани учун, табиий, русча матнни аслият деб қабул қилишга тўғри келади. Аслиятда Жузеппе Корте сўнг дамларда даҳшатли жимлик ва қоронғиликни ҳис қилгани айтилади-да, ҳикоя мана бу жумла билан якунланади: “Он повернул голову к окну и увидел, как шторы, повинуясь чьему-то таинственному приказу, медленно опускаются, преграждая доступ дневному свету”. Яъни бунда қаҳрамон ўзи ваҳима ичида ҳис этиб тургани “даҳшатли жимлик ва қоронғилиқ” қаърига чўкиб кетаётганини бироз бошқача йўсинда айтиш билан кифояланилган. Аслида, ҳикоядаги исломий эътиқод кишисининг эътирозини қўзғайдиган нуқталардан бири ҳам – шу, ўлимдан кейинги даҳриёна йўқлик. Худди шу талқин ҳикояни ўқиган ўзбек адибида “қўшилмаслик” ҳиссини ҳосил қилган яна бир жиддий омил деб тушунилиши керак. Зеро, мазкур талқинга мутлақ “қўшилмаслиги” сабабли ҳам ёзувчи Зоҳид Яқиннинг сўнгги дамларини бунинг тамом аксича, яъни нурга чулғаб, жозиб ва умидбахш оҳангларда тасвирлаган.

“Жимжитхонага йўл” – Дино Буццати ҳикоясининг эркин таржимаси билан унга ёзилган назира ҳикоянинг қўшилишидан ҳосил бўлган асар, яъни янгидан таркибланган бутунлик. Шу бутунликни таъминлаш талаби билан аслиятнинг юқорида келтирилган финали ўзгартирилган, шундайки, эркин таржимада Дино Корте ёруғ дунёни тарк этди деган фикр келиб чиқмайди, бунда қаҳрамон қўрқинч жимликни (қоронғиликни эмас) ҳис қилиб даҳшатга тушади: “Дино Кортенинг тили калимага келмади, қўлини базўр қимирлатиб кўзига ишора қилди. Энага халатининг чўнтагидан кўзойнак олиб, унинг қаншарига қўндирди. Бемор бетини дераза томонга бурди. Нажот истаб майда сим тўр қопланган деразадан ташқаридаги дарахтзорга чираниб қаради, аммо кўз олди чаплашиб кетди.

– Тунми?.. – деб сўради у аранг пичирлаб. – Соат неч…

Энага кампир алдамади:

– Кундуз, ука… соат уч… – деди оғир уф тортиб..”.

Аввало, русча аслиятда мазкур эпизод диалог шаклида берилган эмас, уни таржимон “саҳналаштирган”; матннинг юқорида келтирилган охирги қисми эса тушириб қолдирилган. Шундан кейин назира ҳикоянинг сўнгги эпизоди берилади-да, иккиси учун умумий, яъни “Жимжитхонага йўл” ҳикоясининг алоҳида қисм сифатида ажратилган мўъжаз хотимаси берилади: “Ўша куни бир-биридан олис Мағриб ва Машриқ шаҳрида бир пайтнинг ўзида икки бемор бандаликни бажо келтирди..”. Кўряпмизки, агар аслият ўзгартирилмаса, ҳикоя охиридаги мазкур хотима мутлақо ортиқча бўлиб қолур эди. Ҳолбуки, ҳозирги кўринишида у ҳикоядаги иккита мустақил ва бир-бирига зидланган қисмни ҳам шаклан, ҳам мазмунан умумлаштириб, бир бутунликка мансуб этувчи композиция бирлигидир. Яъни Дино Буццатининг “Етти қават” ҳикояси Х.Дўстмуҳаммаднинг “Жимжитликка йўл” ҳикоясига қисм ўлароқ сингдириб юборилган. Қисм эса бутун таркибига механик тарзда эмас, балки бутун нуқтаи назаридан, унга ҳар жиҳатдан мувофиқлаштириб киритилади. Шу боис ҳам аслиятдаги қаҳрамоннинг йўқлик, мангу зулумот бағрига сингиб кетгани (яъни жон бергани)ни аниқ англатувчи “кимнингдир сирли амри билан кун ёруғини тўсиб аста-секин тушиб бораётган пардалар” тушириб қолдирилади-да, бироз мавҳумлаштирилиб, тун ё кун эканлигини англаб бўлмайдиган ҳолатга айлантирилади. Негаки, агар шундай қилинмаса, биринчидан, ҳикояда юқоридагича хотима мутлақо ортиқча бўлиб қолур эди. Иккинчидан, мазкур ўзгартириш туфайли қиёсланаётган томонлар бир хил вазиятга – ҳаёт ва ўлим чегарасига қўйилади, уларнинг жон берардаги ҳолатларини қиёслаш орқали ҳар бирининг ҳаёти, аъмолларини тафтиш ва мушоҳада қилинади, ўқувчини ҳам шунга ундалади.

Юқорида айтдикки, индивидуализм касали асорати бўлмиш ёлғизликка мубтало Ғарб кишисининг фожиаси Дино Буццати ижодида кенг қаламга олинган. Жумладан, хаста Жузеппе Кортенинг ёнида яқинларининг йўқлиги ҳам индивидуализм асосига қурилган жамиятда шахснинг ёлғизлиги, бас, бошига тушган ҳар қандай кулфат фақат унинг ўзиники бўлишини кўрсатадиган деталь. Бироқ ёлғизлик қаҳрамон ён-атрофида яқинларининг йўқлигидагина эмас, атрофидагиларнинг унга, унинг эса атрофидагиларга ё бир буюм, ё бир функция ўлароқ қараганларида ҳам кўринади. Масалан, касалхонадаги энагани олайлик. Русча таржимада у атиги уч бора тилга олинади:

  1. Ҳикоянинг бошланишида, Жузеппе Корте ўзи билмаган ҳолда олтинчи қаватга тушишга розилик бериб қўйганинга пушаймон бўлиб турган вақтида: “а там, может, еще сиделка будет покрасивее” дея ўзини овутади.
  2. Ҳикоянинг охирида, ўлим ваҳимасига бўй берган Жузеппе Корте ўз кўзларига ишонмай кўзойнак сўрайди: “он вызвал сиделку и попросил сильные очки”.
  3. Энаганинг кўзойнакни олиб келгани ҳақида ҳеч гап йўқ, Жузеппе Корте кўзойнак ёрдамида дарахт барглари қимирлаётганини кўриб, уларнинг ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилгани айтилгач, “Сиделка вышла” дейилади.

Эътибор берилса, адиб энага ҳақида ҳам худди палатадаги жиҳозлар ҳақида гапирганча вақт ажратаётгани, яъни унга ҳам ўша жиҳозларча қиймат бераётганини кўриш қийин эмас. Ҳикояда на Жузеппе Кортенинг энагага, на энаганинг Жузеппе Кортега муносабати акс этган – гўё иккисининг орасида инсоний алоқа-муносабат ришталари мутлақо боғланган эмасдек. Аниқроғи, Жузеппе Корте энагага бир буюм, бир функция ўлароқ қарайди, энаганинг унга қараши ҳам шунга монанд. Мазкур ҳол инсонийликка шу қадар зидки, қабул қилиш қийинлигидан бўлса керак, эркин таржимада (юқорида келтирилган кўчирма) энаганинг муносабати бироз илитилади: жон бериш олдида алаҳлай бошлаган Дино Кортега қараб туриб энага “оғир уф тортиб” қўяди. Назира ҳикоядаги энага кампир эса булардан тамоман бошқача, унинг беморга муносабати кескин фарқ қилади:

  1. Олтинчи қаватдаги энага кампирнинг мулойим, беморни безовта қилиб қўймасликка тиришиб муомала қилишида, “барака топинг, ука” деган хитобида, бутун хатти-ҳаракатида инсоний меҳр уфуриб туради:

“Зоҳид Яқин мижжаларини аранг йириб очди-ю, хонанинг ёруғлигидан кўзлари қамашди. Энага кампирни излади.

– Мен шу ердаман, ҳеч қаёққа кетмайман, – деди кампир беморнинг муддаосини англаб”. Эътибор беринг, энага гўё бемор гўдаги устида бедор она каби: боласининг безовталанганини нафас олишиданоқ сезади, сезибоқ уни тинчлантиришга шошади. Бу энди асло функция эмас, бу – меҳр, инсон тийнатига хос хусусият.

  1. “Энага кампир шитоб юриб палатадан чиқиб кетди. Кампир шўрлик беморнинг аҳволида бу қадар кескин ўзгариш юз беришини кутмаган экан, зум ўтмай икки эркак кишини бошлаб кирди”. Бундай қараганда, энага шунчаки ўзининг функцияси – хизмат вазифаси нуқтаи назаридан қилиши керак бўлган ишни бажараётгандек: ўсаллаб қолган бемор қошига врачларни бошлаб кирди – шу холос. Фақат шуниси борки, ўзбек ўқувчиси ҳолатни бу тарз жўнлаштириб қабул қилмайди. Негаки, у – инсоний муносабатлар ҳали тамом сийқалашиб, одамийлик, раҳм-шафқат, меҳр-оқибат туйғулари буткул йитиб кетмаган муҳит кишиси. Албатта, унинг миллий тийнатига хос мазкур сифатлар тилида зуҳур этади, бас, шу тил воситасида тасвирланган ҳаётий ҳолатда ҳам улар албатта акс этади. Юқоридаги жумлада қўлланган биргина “шўрлик” сўзи тасвирланган ҳолатни раҳм-шафқат, меҳр-оқибат туйғуларига йўғиради. Жумла қурилиши шундайки, “шўрлик” аниқловчиси “кампир” сўзига ҳам, “бемор” сўзига ҳам боғланавериши мумкин, ҳар икки ҳолда ҳам ҳиссий бўёқ ўзгармайди. Зеро, биринчи ҳолда – “кампир шўрлик” дейилганида, ёзувчи нигоҳи билан энаганинг яхши бир инсон ёруғ дунёни тарк этаётган маҳали ожизлигидан шошиб қолган ҳолатини кўрамиз, кўз олдимизда “ўлим ҳақ” ё “ҳаммамиз ҳам ўламиз” тарзида ўйлаб хотиржам тура олмайдиган аёл гавдаланади. Иккинчи ҳолда – “шўрлик бемор” дейилганида, ҳолат кампир нигоҳи билан кўрилади, унинг беморга оналарча, чексиз раҳм-шафқат билан қараётганини ҳис этилади.
  2. Зоҳид Яқин жон беряпти ва “… шу пайт ўзи ётган каравот ҳавода муаллақ сузиб бораётганини сезиб қолди.

– Каравотимнинг ғилдираги борми? – деб шошиб сўради у ҳамон тепасида гиргиттон бўлаётган энага кампирдан.

– Бор, – деди кампир, шундай деди-ю, кенг енгини оғзига босганча шовқин солмай йиғлаб юборди”. Энага кампирда оналарга хос беғараз меҳр борлиги бемор “устида гиргиттон” бўлаётганида кўзга ташланади. Шу меҳр туфайли ҳам у ўзганинг тақдирига бефарқ бўлолмайди, унга фақат “вазифа” нуқтаи назаридан қарай олмайди. Энаганинг “кенг енгини оғзига босганча шовқин солмай йиғлаши” ҳам ўлим ҳақ эканлигига имон келтирган, турфа ўлимларни кўравериб кўзи пишган, бироқ ҳануз яхшилар ўлимига кўника олмаган одамнинг йиғиси – алам-изтироб ё исён эмас, меҳр изҳоридир.

Кўриб турганимиздек, “Етти қават”даги энага билан назира ҳикоядаги энага кампир бир-бирининг мутлақ зидди сифатида яратилган. Аввало, уларнинг иккисида ҳам бадиий шартлилик даражаси юқори, иккиси ҳам муайян бир мазмунни – бири инсонлар орасида меҳр-оқибат йўқлиги, бошқаси эса мавжудлигини ифодалаш учун махсус яратилган. Шу боис борми-йўқ оралиғида тасвирланган “Етти қават”даги энага ҳам, меҳрнинг тирик тажассуми бўлган энага кампир ҳам ҳақиқатдан йироқ – иккисида ҳам ифода мақсади билан муболағалаштириш бор. Яъни бирининг вазифасини жонсиз робот мисоли, бошқасининг эса инсоний меҳрга йўғриб бажариши бўрттирилган, натижада ҳар иккиси ҳам ўзи мансуб тиббий жамоага хос энг муҳим хусусиятни қуюқлаштириб ифода этади. “Етти қават”даги барча тиббий ходимларнинг – санитаридан тортиб профессор Даттига қадар – хушмуомаликлари ортида бефарқлик бор, ҳаммалари ўз функцияларини бекаму кўст бажарганлари ҳолда Жузеппенинг қаватдан қаватга энишини ҳиссиз кузатишади, ҳатто, тилёғламаликлари билан бунга кўмаклашишади ҳам. Назира ҳикояда эса аксинча, Зоҳид Яқинга бефарқ тиббий ходимнинг ўзи йўқ – бири ачиниб, бошқаси ҳавасланиб, тағин бириси ибрат кўзи билан қарайди унга, ҳаммалари унинг зиммасидаги йўл азобини енгиллаштиришга интилади.

Дино Буццати талқинида абсурдга мойиллик бор: инсон дунёга келади, ўзига боғлиқ бўлмаган шарт-шароитлар измида, келиб-кетишидан матлаб нелигини ҳам дуруст англолмагани ҳолда муқаррар равишда интиҳо томон боради – унинг ҳаёти маънидан мосуво. Бу XVIII асрдан бошлаб зиёлилари яксара моддиюнчилигу дахрийликка берилган Ғарб кишисининг XX асрнинг биринчи ярмига келгандаги ҳолати. Унда энди жамиятни ўзи истаганидек қайта қура олишию табиатни буткул ўз измига сола билишига ишонолмай қолган, бироқ шу ҳолида ҳам Холиқнинг борлигини тан олишга бўйни ёр бермаётган одамнинг абгор руҳияти акс этади. Ундаги тушкунлигу қўрқув, умидсизлигу саросимага йўғрилган абсурд кайфияти ўлимни охирги нуқта деб билганликдан озиқланади. Ундан фарқ қилароқ, “цивилизациядан ортда қолган”, кўпчилиги ҳатто даҳрий тузум зуғуми остида ҳам қўлидан келганича ибодатини қўймаган, лоақал таомдан кейин шукрона айтишу қабристон ёнидан ўтарда дуони канда қилмаган, ўлмоқ интиҳо эмас – боқий дунёга ўтиш деб билувчи кишилар жамиятида абсурд кайфиятга ўрин йўқ. Ўлимни шундай англагани учун ҳам бу жамият кишиси ҳаётни имтиҳон деб, боқий дунё саодатига эришмоқ учун эзгу амаллар қилиб ва мудом комилликка интилиб яшашим керак деб билади. Тўғри, ҳамма ҳам бирдек амал қилмас-ку, бироқ аксарият кишилар онгида ҳар бир нафасим номаи аъмолимга ёзиб борилаётир, Машҳар куни Сарҳисоб қилинади деган ишонч ҳали буткул йитиб кетмагани ҳам бор гап. Зоҳид Яқин – шу жамият кишиси, шу боис ҳам унинг сафари тепадан пастга эмас, пастдан тепага йўналган.

Зоҳид Яқин “шифохонада қаватдан-қаватга кўчиб-кўтарилиш дардига мубтало бўлганини кўпроқ ўйлаётгани” айтилади, яъни бу билан унинг ўтган умрини сарҳисоб этаётганига ишора қилинади. Инжиқ қайсарлик билан зинапоядан ўзи кўтариларкан, у бутун ҳаётини кўз олдидан ўтказади:

“У суянчиққа тирсагини қўйганича узоқ ўйга чўмди. Болалигини, ўсмирлигини, шўх-шаън ёшлигини кўз ўнгидан ўтказди.

Бир поғона кўтарилди.

Уйланди. Тўнғичи туғилган йиллари касб-корини тополмай обдон қийналди. Неки машаққат чекса, ичига ютди.

Зоҳид Яқин икки поғона кўтарилди.

Кейин, тиним билмади, иши хўп юришди. Егани – олдида, емагани – ортида, иззат-ҳурмати жойида…

Зоҳид Яқин икки-уч поғона кўтарилганини ўзи ҳам сезмади”.

Зоҳид Яқиннинг зинапоядан кўтарилишида умумлашма рамзий маъно касб этади: кўпчилигимизга турмуш ташвишлари билан елиб-югуриб “икки-уч поғона кўтарилганини сезмай қолиш” хослиги сир эмас. Яъни умрнинг елдек эсиб ўтиши ёки дарё мисол оқиб кетиши ҳақидаги гаплар шунчаки ташбеҳ эмас. Айни фикр қаватдан-қаватга кўчишда яна бор таъкидланади: бемор ўзи сезиб-сезмаган ҳолатда учинчи қаватдан олтинчи қаватга кўчади. Қаватлардаги ҳамшираларнинг исми ҳам рамзий маъно касб этиб, қаҳрамон умри босқичларини ифодалайди: Шавқия – завқу шавққа тўла ёшликни, Мужоҳида – ҳаётдаги муқим ўрнини топишу турмуш ташвишларини аритиш йўлидаги тинимсиз ҳаракатда кечган йилларни, Мушоҳида – ўтган умрини мушоҳада қилиш даври, фоний дунёни тарк этиш арафасини. Қаҳрамон Шавқиянинг завқли суҳбатидан уч кунлаб баҳраманд бўлса, Мужоҳида билан қаватлар орасида йўл-йўлакайгина гаплашади ва шу ондаёқ Мушоҳиданинг қўлига ўтади. Худди шу вазиятда ўтиб бораётган Шавқия буларга гап қотади:

“Зоҳид яқин бошини кўтариб қизчага қаради.

– Қақилдоқми?.. – деди кулимсираб. Бир кўнгли Шавқия билан суҳбатлашгиси келди, бироқ шу топда унинг кўзига Қақилдоқ эмас, ҳатто, ҳозиргина бир кўришда маъқул кўриб қолган Мужоҳида ҳам эмас, Мушоҳида гўзалроқ, кўркамроқ кўриниб кетди…”

Зоҳид Яқиннинг бу ҳолати – ўлимини бўйнига олган, тақдирига таслим одамга хос: Шавқия билан гаплашгиси келади, Мужоҳидага ҳам бефарқ эмас, бироқ кўнгли энди Мушоҳидага мойил бўлиб боради.

Жузеппе Корте зулумотга – йўқликка кетиб борса, Зоҳид Яқин “сутдек нур оғушида ястаниб ётган кенг ва ям-яшил сайхонлик”, профессор айтмоқчи, “Зоҳид Яқиндек инсонларгагина насиб этадиган жозиба” томон боради. Ҳолбуки, Зоҳид Яқиннинг ҳаётида бундай ажратиб, ибрат этиб кўрсатгудек ҳеч нарса йўқ – кўп қатори умргузаронлик қилган одамдек. Унда нега, энага кампир айтганидек, “камдан кам одамга насиб қиладиган олтинчи қаватга кўтарилади?” Жавобни ҳам энага кампирнинг гапидан излаш керакка ўхшайди: “Ота-онангиз исмингизни билиб қўйишган экан, Зоҳид Яқинбой”. Аслида, илгарироқ Шавқиянинг “нега исм-шарифингиз ғалати”, дея Зоҳид Яқинни саволга тутиши билан ўқувчи эътибори шу масалага – қаҳрамоннинг исми-шарифига қаратилган эди. Шавқия унинг исми-шарифига ўзича маъни берали: “Зоҳид”ни биламан, эшитганман, “Яқин” дегани… Одамга, кўнгилга яқинликнии англатса керак-да, топдимми?!” Энага кампир танлов тўғри бўлган деганида Ҳаққа яқинликни назарда тутади, ҳушёр-хушсиз ҳолатдаги Зоҳид Яқин онгида эса унинг гапидаги “ота-она” ва “Яқин” сўзлари акс садо беради: “Ота-ю онамга… яқинман..”. Ўйлашимизча, айтилганлар эл-қатори яшаган Зоҳид Яқиннинг “олтинчи қаватга кўтарилиши” сабабларига ишора қилади. Аввало, Зоҳид Яқин одамга яқин бўлди – Аллоҳ мукаррам қилганга меҳр кўзи билан қаради; одамнинг кўнглига яқин бўлди – машойихларнинг кўнгилни Каъбага менгзашлари бежиз эмас. Иккинчидан, Зоҳид Яқин ота-онасига яқин бўлди – теран томирларидан узилмади, шу боис-да ҳаёт сўқмоқларида оғиб-улоқиб кетмади. Ниҳоят, учинчидан, айтилганлар ва исмига монанд зоҳидона – ҳаромдан ҳазар қилиб яшагани Зоҳид Яқинни қалбан Ҳаққа яқин қилди: ҳамиша Унинг шафқат ва марҳаматидан умидвор, тақдирига таслим бўлиб, берганига шукрона айтиб яшади…

* * *

Юқорида айтганларимиз ва таҳлил давомида хотирга келган ўйларни умумлаштириб келадиган биринчи хулосамиз шуки, “Жимжитхонага йўл” ҳикояси, бир томондан, Х.Дўстмуҳаммаднинг Дино Буццати билан ижодий мусобақаси, иккинчи томондан, инсон ҳаётининг моҳияти ҳақида икки турли маданият вакили орасида кечган ғоявий баҳс ўлароқ қабул қилиниши керак. Аслида, ижодий таъсир натижаси ўлароқ яралган, ҳатто “Ғарбга кўр-кўрона тақлид” деб ёзғирилаётган ҳар қандай асарда ҳам мусобақа ва баҳс руҳи куртак ҳолида мавжуд, фақат уларнинг қай даражада ривож олиши истеъдод кучи билан боғлиқдир. Демак, ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб “Ғарбга тақлид” тамғаси уриб келинаётган асарларга қайтадан холис назар ташлаш ва муносиб баҳосини бериш зарур. Иккинчиси шуки, Дино Буццати қаламига мансуб “Етти қават” ҳикоясининг Х.Дўстмуҳаммад амалга оширган эркин таржимаси “Жимжитхонага йўл” ҳикоясининг таркибий қисмига айланган, яъни янги бадиий бутунликнинг мазмуни ва руҳига мувофиқ жиддий ўзгаришларга учраган. Шу боис “Жимжитхонага йўл” ҳикоясининг мазмун-моҳиятини англаш, итальян ва ўзбек адиби орасида кечган ғоявий-маънавий баҳсни кузатиш учун ё Х.Дўстмуҳаммаддаги кучли таассуротга асос бўлган “Етти қават” ҳикоясининг русча таржимаси, ё итальянча асли, ё унинг ўзбек тилига аслига монанд таржимаси (К.Бахриев)ни қиёс асоси қилиб олиш лозим бўлади.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 6-сон

____________________

[1] Қаранг: Қуронов Д., Усмонов Ҳ. “Идеал ва бадиий яхлитлик” // Тафаккур.- 1996.- № 4.- Б.

[2] Бахтин М. Эстетика словесного творчества.- М.: Искусство, 1986.- С.268

[3] Дуров А.А. Концепция “большого диалога” М.М.Бахтина как методологическая основа исследования народной культуры // Вестник Ставропольского государственного университета.- 2009.- № 60.- С.45 – 51

[4] Русча аслиятда қаҳрамоннинг исми Жузеппе, эркин таржимада эса Дино деб берилган. Шунинг учун биз “Етти қават” ҳикоясининг русча таржимаси ҳақида гап борганида Жузеппе, “Жимжитхонага йўл” ҳақида сўз борганида эса Дино исмини қўллаймиз.