Хуршид Дўстмуҳаммад. Дардингни олай (ҳикоя)

Хўп, ажабтовур замонлар бўлди-да! Тошқул қаердаю олисдан-олис ўзга бир юртда давру даврон суриб яшаётган соҳиб жаноблари ва унинг рафиқаси қаерда – уларнинг тўқнаш-рўпара келишини ким тушида кўрибди – ақл бовар қилмайди, ақл! Бориб турган тасодиф, ғирт тасодиф, ишонай десангиз, ҳеч бир мантиққа сиғмайди. Лекин, у ҳолда нега, нима сабабдан, нима жин уриб… келинг, воқеани бир бошдан ҳикоя қилайлик.

Тошқул сафардошлар сафига қўшилгани ҳақида хабар топганида “Хўп, майли”, дея розилик бергандек бўлдию ўша заҳоти тилини тишлади. Ҳамиша панд берадиган кўнгилчанлигидан қутилмади-қутилмади-да! Энди “Аттанг!”лаб тил тишлаши ортиқча, афсус ортиқча, бефойда. Илло, ҳамроҳларга малолим келмасайди, деган хавотирда тоби келишмайроқ турганидан огоҳлантирди, ҳатто мезбон давлатни, у қадимий диёрнинг аҳли-одамларини яхши билишини, бинобарин, сафардан қолдиришган тақдирда ҳам зинҳор ранжимаслигини қис­тириб ўтди. Бироқ учоқ қўнар манзилга эсон-омон етиб бордию хоҳиш-истакларига, мазаси йўқлигига кейинги пайт­ларда зўрайиб бораётган жами инжиқликларини қўшиб-чатиб унутди-қўйди. Дунё кезган, довруғи оламга ёйилган ­аэропортлару бандаргоҳларни кўравериб
дийдаси қотган кимсан Тошқулдай одам ҳаяжонини жиловлолмай қолса денг!
Кенгликни, бепоёнликни қаранг! Дам ҳайбатидан юрак орқага тортадиган, дам ўйинчоққа ўхшаш жажжи-бежирим учоқлар табиат сайрига отланган боғча болаларидек изма-из, оҳиста-оҳиста бепоён майдон ўртасидаги йўлакка яқинлашяпти, мусобақа бошланиши олдидан нафас ростлаётган пойгачидек бир дапқир кучаниб-аюҳаннос кўтаргач, шиддат билан олға, олға, олға – осмони фалакка кўтарилмоқда. Катта-кичик учоқларнинг бу тарз шиддат-ла ҳавога кўтарилиши “Осмон бизники! Бу осмон остида ҳушимизга келганича парвоз қиламиз!” деган иддаони англаш мумкин эди.
“Осмон тўла варраклар, қани ­сенинг…” Учоқдан тушган меҳмонларни миндириб бораётган ҳашаматли автоулов қўналға биноси яқинида бир сония тўхтадию Тошқулнинг хаёлига тирғалган шеър­хонлик кайфияти тарқади-кетди.
У қўл чўзса етгулик оралиқда учала эшиги ланг очиқ аломатнусха учоққа кўзи тушган заҳоти беихтиёр “И-и-и!” деб юборди, азбаройи товуш чиқариб. Ёнида қоядек қад ростлаб турган ҳамроҳи ўғли тенги ўспирин йигит экан.
– Уч қаватли, – деди у пинагини бузмай, босиқлик билан.
– Уч қаватли?! – ҳайқириб юбораёзди Тошқул, анграйиб. – Самолёт уч қаватлими?!
– Лифти ҳам бор.
– Офарин! – тасанно айтиб юборди Тошқул ҳайратини яширмай, астойдил. Хийла ўзини босиб олгач, илова қилди: – Ақл-идрок, илм-билим ғиж-ғиж бўлгач, ихтиро қилаверади-да!
– Ғиж-ғиж ақлига яраша ақчаси ҳам ғиж-ғиж. Буларнинг қўли етмайдиган нарса қолмаган, дунёда.

Ўспирин йигитнинг шу бир оғиз лутфи ­Тошқулнинг ичида бамисоли тегирмон тошини айлантириб юборгандек бўлди, ғалаён кўтарди. Беихтиёр такрорлади: “Буларнинг қўли етмайдиган нарса қолмаган, дунёда”. Ҳамроҳининг кейин шивирлаб айтган сўзи эса оғир ботибгина қолмай, уни гангитиб қўяёзди.
– Бу – бошланиши. Ҳали роса томоша қиласиз. Фақат оғирроқ бўладилар-да…
– Нега? Нега оғирроқ?! – тутақиб кетди ­Тошқул, овозини баландлатиб. – Ҳайратланишга рухсат, изн йўқми?! Сан… сиз…
У ҳали танишиб улгурмаган қарийб ўсмир ёшидаги сафардошининг авзоидаги сезилар-сезилмас таҳдид оҳанги таъсиридами, зумда унга “Зумраша” деб лақаб қўйиб улгурди. Ичида “Бу гўдак билан гаплашиб қўяй” деган ниятда оғиз жуфтлаган ҳам эдики, биқин томонида пайдо бўлган нотаниш йигит худди эски қадрдонлардек илжайиб, бош ирғади-да, “Ассалям! Ассалям!” дея унга қуюқ илтифот кўрсатди.
– Мезбон! – деди “Зумраша” нигоҳи билан салом берган йигитга имо қилиб.
Мезбон ўз тилида нимадир деди, жуда тез, бидиллаб айтди. “Зумраша” уни таржима қилди:
– Бизни соҳибнинг ўзлари кутиб олаётган экан!
Тошқул кўнглида кўз очган фаромушликдан зумда ўзини ўнглаб олди. Бунда унинг табиатидаги, феълидаги қайсар-кажбаҳслиги қўл келди. “Соҳибнинг ўзлари бўлганда-чи?! Осмондан тушган бўлсаям, дард кўрмагур, бир банда-да!”
Автоулов елиб бораяптию Тошқулнинг нигоҳи, нигоҳига қўшиб ўзи шошгандан-шошиб қола бошлади. Икки томонда ғир-ғир ортда қолаётган манзараларни нигоҳи ила илғаб улгурмаяпти. Бу уй-жойлар, бу иморатлар, бу уловларнинг хилма-хиллиги! “Уй-жой” демоқликка тил бормайди, “кошона”, “сарой”, “қаср” деган сўзлар ҳам жўн-жайдари бу осмонга қадалган… маҳобат тўкиб қад ростлаган осмонўпарларга нисбат олганда! Йўллар, йўлкалар, боғ-роғу хиёбонлар ёғ тушса ялагудай! Ана ҳаёт, ана тараққиёт! Уч, тўрт, беш қаватли бурама кўприклар остидан оқиб ўтаётган сув тинса-тинар, тўхтаса-тўхтар, аммо-лекин минг бир хил русумдаги автоулов оқимининг адоғи кўринмайди, адоғи! Бу шаҳарми ёки очиқ осмон остидаги томошахонами?! Бу замин, бу юрт аҳлининг дунёда қўли етмайдиган нарсаси қолмагани шу бўлса керак-да?!
У “Зумраша”га дакки бериш ниятини ҳам унутди, унутибгина қолмай, йигитчанинг, “оғирроқ бўладилар-да” деган огоҳлантириши кор қилиб, янгидан-янги қуйилиб, пўртанадек қайнаб-тошаётган ҳайрату ҳавасларини жиловлади, ичига ютди. Ютишга ютдию илло илк танишув нонуштаси чоғи аллақачон тумшуғидан илинганига иқрор бўлди.
“Хуш кўрдик” мазмунида сўз олган мезбонларнинг каттаси – соҳиб жаноблари нима деди денг?
– Азиз меҳмонларимиз орасида бизнинг афсонавий диёримизга илк бора ташриф буюрган, хусусан, мўътабар ёшдаги қадрдонларимиз борлигидан шахсан ўзим шоён мамнунмен!
Бири-биридан нозик чинни идишлар, ликобчаларга сузилган ранг-баранг таомлардан нигоҳини узмай ўтирган Тошқул бирдан сергак тортди. Ялт этиб сўзловчига кўз ташлади. Соҳиб жаноблари эса “Ҳа, бу гапим шахсан сенга қаратилган” дегандек Тошқулга сервиқор, беписанд ва совуқдан-совуқ безрайди.
Бу осмондан келиб назар ташлаш олдида бояги фаромушлик, аралаш-қуралаш ҳиссиётлар ҳолва бўлиб қолди. Йўқ, фаромушлик газак олмади, қалтислашмади ҳам, балки Тош­қулнинг қитиқ пати лат еди. Лат еганда ҳам, жаҳли чапақай чиқди. Ўзбекча чапанилиги тутди. “Ия, – деб юборди у ичида. – Мезбонбойнинг нияти бошқачаю! Бизни ким деб ўйлаяпти?! Биз!..” Шу хаёлга келган замони одамнинг юз-кўз қиёфаси орқали унинг қалбига “мўралаш”га доир ҳў-ў ёшлик чоғларида ўқиб-уққанлари хотирасида жонланди. Ёдида қолган бутун “амал-аслаҳа”ларини сафарбар этиб, мезбонларнинг каттасига чимирилди. Ўқотар мерганлар олисни бехато мўлжалга олсалар, Тошқул одамнинг ичини бехато кўриш-билиш борасида устаси фаранглардан эди. Разм солди, соҳибнинг турқидаги бирон туки қилт этмаслигини, у тошдан ўйиб ишланган маъбуддек беҳис-безрайган, на нигоҳи, на яноғи, на-да лаб-лунжида ўзгариш сезилаётганини ҳисобга олиб қўйди.
Тошқул ер остидан меҳмону мезбонлар қаторига кўз югуртириб, “Зумраша”ни излади. Топмади. Ғанимлар қуршовида ёлғиз қолиб кетган аскардек пича эсанкиради ҳам, лекин бундай тушкунлик узоқ чўзилмади, дарҳол ўзини қўлга олишдан ўзга иложи йўқлигини пайқади.
Соҳиб табрикни мухтасар қилди. Сўзини тугата туриб, тантанавор оҳангда деди: “Донишманд бобомиз “Фозил инсонга рўпара келганда, ундан ибрат ол” деганлар, сизлар бугундан фозиллик ва фаровонликда ўхшаши йўқ диёримиз меҳмонисизлар, демак, чинакам ҳайратлар олдинда! Асл ибратлар мунтазир, сизларга!”
Айни шу сонияда соҳиб билан Тошқулнинг кўзлари тўқнашди. Бу ҳол ихтиёрий равишда юз бердими ёхуд беихтиёрми, тасодифми – ўйлаб-мулоҳаза юритиш мавриди эмасди.
Тошқул чаман-чаман очилган гулзорни эслатаётган сархил ва анвойи таомлардан чўқилай туриб жанобни зимдан кузатди – бўйчан, қотма, баркаш юз, балиқ кўз. Тим қора сочи силлиқ таралган. Бетида ажин-издан асар йўқ. Босиқ, вазмин… йўқ, Тошқул дарҳол пайқади – соҳибнинг айни шу босиқ-вазминлиги пардаси остига яширинган беписандлик, виқор, кибр-ҳавони илғаш қийин эмасди. Илло Тошқул ҳам анойи эмас, унинг қув-синчков нигоҳларидан соҳиб жанобларининг нонушта чоғи бирон марта чеҳрасида табассум шарпаси сезилмагани, икки дафъа номигагина сув ­ҳўплаганини айтмаганда, мутлақо тотинмагани эътиборидан четда қолмади.
“Ичида дарди бор!” Тошқулнинг бу ташхис-хулосасини бинонинг ичкарисига олиб борадиган эшик томонда боя – аэропорт автобусида “Ассалям”лаб тиржайган йигитнинг бесарамжон туриши, пойма-пой қадам олиши, кўзлари тинмай олма-кесак тераётгани тасдиқлади-қўйди. У соҳиб жанобларининг яқин ёрдамчиси эканлиги кўриниб турарди. “Ў-ў, дардингдан!” деб юборди Тошқул ичида, беихтиёр.
Нонушта ниҳоясига етиб, меҳмонлар ташқарига – кўркам боғ қўйнига чиқишганида мезбонлар гуруҳи эҳтиром рамзи ўрнида саф тортди. Сафдан бир одим олдинда икки қўлини ёнига тақаб ним таъзим бажо айлаб турган соҳиб жаноблари ҳар бир меҳмон рўпарасига келиб, алоҳида бош ирғаб омонлашди. Тошқулнинг кексалик ва ҳорғинлик нуқси урган чеҳраси кўнглини эритди чоғи, жанобнинг қимтилган юпқа лаблари чеккасида табассум шарпаси сезилди. Ҳатто товушини чиқармай, пичирлади. Соҳибнинг ёнида ҳозиру нозир бўлган тилмоч бидиллади:
– Сизларнинг ҳайратингизга сазовор ­масканларимиз ҳали олдинда.
Меҳмон деган барака топгур иззатини билиб, сукут сақлаб турса олам гулистон эди, эҳ, Тошқул чол, Тошқул чол! Ҳаммасига ўзи сабаб – синчковлигидан, билағонлигидан ва ўша дамда тилини тия олмаганидан бошланди.
– Сиз айтган донишманд бобонгизнинг ­бошқа бир ўгити ёдимга тушди, – деди у соҳибга эмас, тилмочга қараб. Соҳиб қулоғини динг қилди. Тилмоч вазифасини адо этди.
– Хўш? – деди соҳиб Тошқул томон қулоқ тутиб.
– Давлатинг, ақлинг кўкка етган тақдирда ҳам кибрланма…
Тошқул ёдига тушган ҳикматни охирига етказмади. Етказмаса-да, мезбонлар раҳбарига боядан бери кўрк-савлат бағишлаб турган мағрур вазминлик “қирс” этиб синган чиннидек дарз кетган эди.
– Танишиб қўяйлик.
Соҳиб жаноблари шундай дедию фавқулодда мамнунлигини изҳор этмоқчидек истар-истамас кулимсиради, йўқ-йўқ, Тошқул адашди, соҳиб унинг назаридагина кулимсирагандек туюлган, зеро, у ўзини “Тошқул” деб таништиргани ҳам мезбонлар раҳбарининг қулоғига кирмаган, бунинг сабаби… сабаби хиёл олдин – бир неча лаҳза аввал аён бўлган – соҳиб “Сизларнинг ҳайратингизга сазовор…” дея сўз бошлаган дамда унинг ён чўнтагида нимадир ғивирлаганида эди.
Сезгирликда уккини бир чўқишда қочирадиган Тошқул ёнида келган ватандоши “Зумраша”дан, ҳушёру қувликда соҳиб жанобларидан қолишмас эди, зеро, дарҳол пайқади – “Уяли телефон!” деган фикр ялт этиб ўтди хаёлидан, ваҳоланки, телефон ғивирламади ҳам, товуши ўчирилган шекилли, ўз “тили”да шивирлади, холос. Шивирлади. Тошқул бу шивирни эшитмаганликка, пайқамаганликкка олди, соҳиб эса, вой тулки, вой укки, вой қарчиғай, Тошқул шундай қилганини сезди-я! Сездию сезганини сездирмади. “Ўҳ, кучингдан!” дея ичида мезбонга тан бериб қўйди, меҳмон. “Нафақат касб тақозоси, балки феъли шундай, туғма бу, туғма ҳушёр!” деган хулоса чиқарди ўзича Тошқул.
Тошқул соҳиб жанобларининг қандай инсон эканига доир ташхис қўйишда янглишмаган, лекин у бедор чоғидагина эмас, ҳатто уйқусида ҳам “бекор” ётмаслигини, қолаверса, бу инсон ичидаги қандай дарддан безовта эканлигини чамалашга киришганди…
Бир неча кун бурун фавқулодда ноёб ҳодиса юз берди – тунда соҳибнинг уйқуси бузилди, уйғонган заҳоти соатга кўз ташлашга одатланмаганми, қаради: соат рақамлари “иккию эллик саккиз”да нур сочиб турар, ёнида ётган аёлининг ўрни эса бўш эди. “Ташқарига чиққан” деган ўйда ширин уйқуни келган жойи­дан давом эттирди соҳиб.
Ҳаддан ташқари ҳушёрлик ва зийраклик одамни жонсарак қилиб қўйишини жаноб яхши билар, нафақат билар, бундай беҳаловатлик унинг қон-қонига сингиб кетганди. Бинобарин, қаттиқ уйқуга кетган тақдирда ҳам хаёлининг бир чеккаси, чеккаси ҳам эмас, кўз илғамас зарраси аёлини кутиш билан “шуғулланиш”да давом этди. Орадан қанча фурсат ўтди-ўтмади, ўша беҳаловат зарра қутқусида кўзини очиб-очмай кафтини аёлининг ёстиғига чўзди.
Ёстиқ муздай эди.
Жаноб чўчиб, кўзини очди. Соат учу йигирма беш!
Соҳиб ёстиқдан бошини узмай, қулоғини динг қилди. Сукунат. Қўшни хоналарга олиб борадиган йўлакни нимчироқ аранг ёритиб турибди. Энг чеккадаги хонада оқсоч тунайди – у томон ҳам жимжит.
Хоним афанди қаерда?!
Қандайдир нохушликни пайқагандек, соҳибнинг кўкси безовта ура бошлади. У аста ўрнидан турди, йўлакка чиқди. Заруратхона, ювиниш хонаси дарчаларида чироқ ўчиқ, ошхона қоронғи. У оёқ учида айвон томон икки-уч одим ташлади – хоним афанди чироқни ёқмаган бўлиши мумкин. Бироқ жанобларининг бу тахмини ҳам пучга чиқди. Уйқуси тамом ўчиб, ўрнини ғалати ваҳм эгаллади. “Зумрад меҳмонхона”, “Бинафша меҳмонхона” отлиғ катта-кичик хоналарга, “Болажонлар” хонаси, телетомошахона – ҳатто соҳибдан бошқа ҳеч ким йўламайдиган хос иш хонасигача бирма-бир бош суқиб қаради. Нималар бўляпти?! Суюкли ва садоқатли рафиқаси билан эмин-эркин, тўкин-сочин яшаётган ўз уйи-ўлан тўшагида қаердан келди бу кўр хавотир? Хоним афанди хоналарнинг бирортасидан туйқус қайтиб чиқса ва у билан бетма-бет тўқнашиб кетса, қай аҳвол юз беради? Аёли: “Ярим тунда мени ортимдан пойлоқчилик қиляпсанми?” деса, ким деган одам бўлади, соҳиб? Бироқ унинг ичида – кўксининг аллақаерида пайдо бўлган безов­та дукур-дукур унинг кўнглида кўз очмоққа чоғланган хижолатвозликни ўша замони қувиб солди. Учта хона эшигидан бош суқиб, “қуруқ” қайтган соҳиб жиққа терга ботиб улгурган эди. Сўнгги умид-илинж… “Зумрад” меҳмонхонани кириб кўрмади, бордию рафиқаси у ерда ҳам бўлмаса! Бўлмаса-я?! Жаноб жон ҳолатда “Ю!” деб юбордию товушидан ўзи чўчиб тушди, шошилиб кафтини оғзига босди. Хайрият, зум ўтмай ўйласа, аёлининг исмини ичида айтган экан.
У каттагина “Зумрад” хонанинг ўртасига етган жойида бетига совуқ шабада урилдию баданига қон, қон аралаш жон югурди.
Қия очиқ эшикдан айвонда турган аёлининг шарпаси ҳадя этганди жанобларига, бу қон билан жонни!
У янаям эҳтиёткор одимлар билан оёқ учида юриб, изига қайтди. Ўрнига келиб, чўзилди.
Каллаисаҳарлаб уйғонгач, бет-қўлини ювиб, уяли телефондаги сўнгги хабарлар шодасига кўз югуртира бошлаганида тунги қилиқлари ёдига тушди. Беўхшов, бачкана қилиқ бўлмай нима?! Дунёнинг ярмини ларзага солиб турган давлатнинг ишончини қозонган кап-катта амалдор-а?! Туннинг ўзидек қоп-қора хавотири кундузги ёруғликдан ранг олгандек ёришиб, бемаънидан бемаъни туюлди. Тишини тишига босди. Ахир, у оила даврасида юз бериб турадиган шунга ўхшаш енгил-елпи саргузаштлардан, эҳ-ҳ-е-е, анча-мунча баланд одам деб билади ўзини.
Беҳад бандлик ва шу бандлик ортидан туғилган тизгинсиз баландлик туйғуси соҳиб жанобларини ғоятда сервиқор одамга айлантирган эди. Ҳазилми, мамлакатга ёғилиб келаётган сайёҳу меҳмонларга кўз-қулоқ бўлиш, уларнинг кўнглини овлаш, э-энг муҳими, очиғини айтганда, уларни ҳайрону лол қолдириш… ҳа-ҳа, бу заминга қадами етган жонзот борки, уни лол қолдириш давлат аҳамияти мақомига кўтарилган… ана шу ғоятда муҳимдан-муҳим вазифа соҳиб жанобларининг, у бошчилигидаги бир гуруҳ азамат йигитлар, барно қизлар зиммасида! Меҳмонларга пешвоз чиқади, уларни танишув нонуштасига таклиф этади, сўнгра белгиланган манзил-мас­канлар сари йўллайди. Шу аснонинг ўзида меҳмон аҳли неча нафар бўлади, бунинг фарқи йўқ, барчаси жаноби соҳибнинг назар-нигоҳи ғалвиридан ўтиб улгуради. Жаноблари ўз ишининг хўп ҳадисини олган, мана ман деган одамни бир қарашда, бир дафъа қўл олишиб омонлашишда, бир пиёла чой устида сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб ташлашга қодир ноёб иқтидор соҳиби эди.
Шундай ноёб ҳунар эгаси учун ўттиз йиллик умр йўлдошининг феълида пайдо бўлган ажабтовур одатни вақтида пайқаш қийинми? Малолми?! Ундай деса, айтишга ҳам арзимайди, нимаси ғалати? Баъзан уйқу қочиши табиий ҳол, одам тунги осмонга термилиб хаёлга толгиси келади, орзу-ниятлар хаёлни тўзғитади. Ундай деса, соҳиб бошлиқ оила бепоён ватаннинг садоқатли бир бўлаги, яъни ватан қандай бўлса, у ҳам шунчалар қудратли: на ватанда, на-да жаноби соҳиб бошлиқ хонадонда эришилмаган орзу-ният, орзу-ҳавас қолмаган. Дунё лол қолмоқда, фалон мамлакат деса, тамшаниб, оғзидан суви келмоқда. Маъмурлик, тўкинлик, қулайлик, саришталик, тараққиёт дейсизми, бошқа таърифу тавсифларни қалаштириб ташлайсизми, ихтиёрингиз, илло лутфан айтганда, бу ватан-бу халқнинг қўли етмайдиган жой-нарса қолмади, ҳа-ҳа, қўли етмайдиган!.. Соҳиб оиласи билан ҳаёт кечираётган хонадонга бош суққан одам қайтиб чиққиси келмаганидек, бу юрт-бу диёрга қадами етган меҳмон ё сайёҳ ҳайратдан ўзини қўярга жой тополмай қолади, юртига, бола-чақасининг ҳузурига қайтиб боргач ҳам тушларига кириб чиқади, оғзидан қўймай сафар таассуротларини тўкиб солади, достон қилади, достон!..
Шундай ғаройиб мулоҳазалар ақидасига айланган соҳибдай одам учун ярим тунда ёнида ётган жуфти ҳалолининг бемаврид уйғонгани ва айвонга чиқиб хаёлга толганини кавлаштириши пашшадан фил ясашдан бошқа нарса эмас. Аёл кишининг феълида ниш берган қандайдир кўзга кўринмас ва ўткинчи бир инжиқликдан бачканаларча ваҳима ясашнинг ўзгинаси эди.
Хоним афандининг навбатдаги инжиқлиги яна кутилмаганда юз берди.
Соҳиб жаноблари нонушта чоғи қайноқ сут ичишни хуш кўрар, ундаги бу одат хоним афандига ҳам юққан, бироқ ҳар сафар оқсоч хоним пиёласимон тақсимчада сут келтириб қўйганида жаноблари қўл телефонидаги хабарлар шодасидан нигоҳини узолмас, аёли, “Телефонни қўя тур”, “Сут совуб қолади” дея тиқилинч қилар, баъзан эрининг қўлидаги телефонни нозиккина бармоқлари билан беозоргина тортиб олар, ўзи эса зинҳор эридан аввал сутга қўл узатмасди.
Бошланиши айнан такрорланди: оқсоч хоним сутни келтирди, соҳиб хабарлар оқимидан кўзини узмади, узмаса-да, кўнглининг бир чеккасида аёлининг меҳрибона даккисига умид боғлади. “Ҳозир чақира бошлайди” деб кутди. Тоқати етмай, қўлимдан телефонни авайлабгина тортиб олади, деб чамалади. Бу – қарийб ўттиз йилдан буён аҳил-тотув яшаб келаётган эр-хотинни бир-бирига боғлаган кишибилмас карашмаси, авайлаши, эъзозлаши риштаси-тимсолига айланганди.
Хуллас, соҳиб кўз қири билан аёлига разм солди, аниқ кўрди: хоним афанди эрига қарамас, бошини хам қилганча чой қошиқни тутганча сутдан кўтарилаётган ҳовурга термилган… ва орада неча лаҳза, сония ўтди – Ю хоним нафаси қисган одамдек сезилар-сезилмас йўталди, сўнг, аввал сутнинг ҳовури йўқолдими ёхуд аёли қайноқ сутдан кўтарилаётган ҳовурдек кўздан ғойиб бўлдими, соҳиб сезмай қолди. У феълига хос бўлмаган ғайришуурий талвасада ирғиб ўрнидан турди. Ошхона эшигига етди. Оқсоч хоним ёлғиз ўзи това тепасида овора, хоним афанди эса…
– Ю!..
Овози қалдираб таралди хоналар бўйлаб жанобнинг.
– Ю-ю!..
Ошхонадан илдам одимлаб чиққан оқсоч хоним соҳибга тўқнашиб кетаёзди, таққа тўхтади.
Соҳиб беихтиёр кулимсираган эди, чамаси, афти қийшайиб кетди, ундаги қўрқув оқсоч хонимга кўчди, аёл лом-мим демай тўғри “Зумрад” хона томон югурди. Қайтди. Энди соҳиб оқсочнинг кўзларига илтижо ила тикилди. Жавоб йўқ. Соҳиб ётоқ бўлмаси томон ошиқди. Ўринлар йиғилган, саришта, жимжит ва… кимсасиз! Жаноблари овози борича бақириб юбораёзди. Хотини қани? Қаерга яширинди? Нега, нега яширинмоқда у?! Боиси борми, ўзи?! Бу қандай ярашмаган, беўхшов қилиқ?!
Катта меҳмонхона, кичик меҳмонхона, иш хона, емакхона, болалар хонаси – хоним афанди йўқ, йўқ, йўқ! Соҳибнинг тоқати қолмади.
– Ю! – деб чақирди. – Ю-ю, деяпман!..
Аввалига овози бўғилиб, таҳдиднамо чиққан бўлса, сўнгра илтижо оҳангида чақирди жаноб. Йўлакда деворга суянганича тек қотган оқсоч хонимга бош-оёқ синовчан разм солди, соҳиб ўзи қолиб, оқсоч хонимнинг қўл-оёқлари титраётганини кўрди. У неча йилдан буён хонадонида хизмат қиладиган оқсоч аёл билан бирор марта гаплашмаган, ҳатто унинг исмини ҳам билмасди. Аёлга қараб зўрма-зўраки кулмоқчи эди, кулолмади. Яна, яна хоналарга бирма-бир бош суқиш, стол остларини, кийим илгич шкафлар ичини титкилаш, яна… Айни шу дамда хоним афанди ётоқ бўлмаси эшигида шарпадек пайдо бўлдию беҳол-бемажол деворга суянди. Соҳиб жаноблари азбаройи кўзларига ишонмаганидан хотинининг боши тепасидан ётоқ бўлмасига бош суқди, деразанинг очиқ тавақасини тўсган оғир пардаси элас-элас тебранаётганини кўрди.
У совуган сутга қўл урмади. Туз ҳам тотимади. Ю-ю хонимнинг юз ифодасида заррача безовталик, ўзгариш, паришонлик сезмади. Ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермагандек осуда. Соҳиб чурқ этмади, хизматга ошиқар экан, кайфиятига путур етказадиган кор-ҳол юз бермагандек тутди ўзини. Нима учун кайфиятига путур етиши керак? У адо этаётган масъул хизмат ташвишлари олдида шу ҳам воқеами, ҳодисами?! Ҳатто айланиб-ўргилиб аёлининг қўйнига қўл суқишнинг ҳам ҳожати йўқ, зеро, аёли сезилар-сезилмас йўталиб қўяётганини айтмаса, у соғлом, нигоҳлари беғубор.
Беғубормиди?.. Соҳиб жаноблари ана шу саволга жавоб изламаганига, шу ҳақда бош қотирмаганига – қонию жонига сингиб кетган ҳушёрликни унутганига а-анча кечикиб иқрор бўлди. Иқрор бўлгунига қадар эса…
Меҳмонларга бағишланган хайрлашув тушлиги ниҳоясига етган, жаноб ўша ерда ҳозир бўлиши, ҳатто меҳмонларни учоқ қўналғасига қадар кузатиб бориши тайинланган. Ёрдамчилари ўн икки нафар меҳмоннинг ҳар бири ҳақида батафсил маълумот беришди, ҳаммаси одатдаги гап-сўзлар такрори, фақат Тошқул бошқаларга ўхшамаган одамлигини айтишди. “Ассалям” батафсил гапирди, Тошқулнинг дам қувноқ, дам ўйчан, дам сергап, дам одамови эканлигидан сўзлади. “Ҳатто дўстлашиб қолдик!” деб тугатди оғзаки маълумотномасини.
– Ҳайратланганини тан олдими? – сўради соҳиб қуруққина овозда, хўмрайиб.
– Ҳайратланишга ҳайратланди, лекин анчагина қув экан, сездирмади, – жавоб қилди “Ассалям”, жиддий тортиб.
Соҳиб баттар қовоғини уйди – унинг хаёли уйда эди. У нонушта чоғи юз берган ғайриоддий ҳодисадан узилиб кетолмаётган эди.
Соҳиб жаноблари уйдан чиқаётиб одатдагидек хоним афандининг яноғидан эмас, ата­йин манглайидан ўпич олди. “Ҳарорати жойида” деди ичида, пича хавотири ариб. Шундай бўлса-да, қўнғироқ қилиб, ярим йилдан буён хизмат сафарида юрган ўғли билан телефонда гаплашган-гаплашмаганини суриштириш баҳонасида, аёлини гапга солди.
– Келинга айт, боласи билан келсин, неваранг билан овунасан.
Хоним афанди эрининг бу гапига жавобан чурқ этмади, аксинча нимадир ёдига тушган одамдек зипиллаганича юриб, болалар хонасига кириб кетди, у ердан зумда қўлида нимадир кўтариб қайтиб чиқди ва айвон томонга ўтди. Соҳиб беихтиёр унга эргашди. Айвонга чиқиб, катта тавақаси ланг очиқ деразадан ташқари қараб турган хонимга, унинг қўлидаги қўғирчоққа кўзи тушди – хотини невараси ҳар келишида қўлидан қўймай ўйнайдиган қўғирчоқни тутиб турарди.
Неварасини кўз олдига келтирган соҳиб жилмайди, жилмайиши хотинининг қиёфасида қандай ўзгариш ясашини кутиб, ундан кўз узмай туриб қолди. Хоним афанди кўзларини қисиб, узоқ-узоқларга қаради, ҳў-ў пастда қумурсқадай ўрмалаб кетаётган одамларга, жимит-жимит автоуловларга қарата бирор нима демоқчи бўлган одамдек тикилиб қолди, бетига урилган шабададан нафаси қайтиб, қалқиб кетди. Энтикди. Ўпкасига тоза ҳаво етиб бормаётган бемордек туси гезарди.
– Иҳ-ҳ-ҳ! – деган бўғиқ товуши эшитилди, тўсатдан унинг.
– И-и, Ю-ю! – чапак чалганча қолди соҳиб.
Хотини ташлаб юборган қўғирчоқ учар пуфакдек анчагача ҳавода муаллақ парвоз қила-қила тушиб борди ва ниҳоят, ерга етай деганда дарахт шохлари орасида кўздан йўқолди. Соҳиб “Бу нима қилиқ?” деб хотинини саволга тутмоқ ниятида унга томон ўгирилди, бироқ хоним афанди аллақачон ичкарига кириб, кўздан ғойиб бўлганди.
…Аэропорт сари йўл олган автобусга соҳиб жанобларининг меҳмонлар қатори миниши унинг қўл остидаги йигитлару ёрдамчилари учун фавқулодда ҳодиса эди. Соҳиб биринчи қатор ўриндиққа жойлашган Тошқулнинг ёнидан жой олди. У билан бош ирғаб саломлашди. Тошқул, бу ғўдайган мезбон мени гапга солади деб кутганди, йўқ, у оёқларининг учига тикилганча чурқ этмади. Ташқарида эса шаҳар манзаралари – кўркам кўчалар, шинам хиёбонлар, адоқсиз автолар, озодалик, саришталик кўзни олади, ақлни лол қолдиради. “Буларнинг қўли етмайдиган нарса қолмаган дунёда! Буларнинг қўли етмайдиган…” Бир пайт Тошқул ёнида ўтирган соҳиб энгашиб, баланд қаватли бино тепасига аланглаётганига қаради. Соҳиб шу қадар ҳардамхаёл эдики, меҳмонни автобус деворига қисиб қўяётганини ҳам сезмади. Меҳмон ҳайрон бўлаётганини пайқади шекилли, “Менинг уйим!” деди бармоғининг учи билан тепа томонга ишора қилиб. Бир қарашда уйнинг узунлигини ҳам, баландлигини ҳам билиб бўлмади.
– Ҳаммасими? – ярим киноя-ярим пичинг аралаш сўз қотди, ўша заҳоти, Тошқул.
Соҳиб унинг товушидаги кесатиқни пайқамади.
– Уйим осмонда, ана, эллигинчи қаватда! Осмонда яшаймиз, осмонда! – деди у ўзи ҳардамхаёл бўлса-да, кекса меҳмоннинг ақлини лол қолдириш ниятида, одатига кўра мағрурланишнинг кифтини келтириб.
Тошқул жавобни эшитдию лол қолиш у ёқда турсин, дам мезбонлар каттасидан, дам у яшайдиган эллик қаватли турар-жойнинг маҳобатию важоҳатидан норозиланганини яширмай, бошини сарак-сарак чайқади. Соҳиб савол назари билан унга тикилди. Бошқаларига ўхшамаган бу маҳмадана меҳмон яна қандай гап топади деб кутаётган эди у.
– Осмонда?! – деди Тошқул кўкка бўй чўзган бинонинг тепа томонига бармоғини нуқиб, бошини чайқаганича. – Ў-ў, кучингдан! Мен сенга айтсам, осмонда яшаш бехосият, бехосиятгина эмас, бамисоли бир дард, касаллик, бу. Дардингни олай, жаноб, сен пастга туш, одам осмонда эмас, ерда юришга яратилган, ерда…
Орадан бир кун ўтди. Она юртига қайтган Тошқул шоҳона қабул учун миннатдорлик изҳор этиш ниятида телефон рақамини терди. Жавоб бўлмади, эртаси яна уриниб кўрди – йўқ, жавоб йўқ. Ажабланди. Тўртинчи кун деганда, ниҳоят, телефон уланди. Тошқул севиниб кетди.
– Ассалям! Нега телефонни олмайсан, дўс­тим? Соҳиб жаноблари яхшимилар? Ўзинг-чи? – кетма-кет савол қалаштирди Тошқул. – Ҳамон меҳмонларни ҳайратга солишдан чарчамаяпсиларми?
“Ассалям”нинг қўл телефонига ўрнатилган таржимон-мослама Тошқулнинг ўзбекча сўзларини ўша заҳоти бурро-бурро қилиб ўгирди. Шундагина Тошқул телефондаги суҳбатдошининг шашти анча паст эканлигини пайқади.
– Фалокат, фожеа, – деди “Ассалям” бўшашиб. – Соҳиб қамалди.
– Қамалди?! – астойдил ҳамдардлик ила сўради Тошқул. – Нега? Нима сабаб?!
– Ю-ю хоним ўзини уйи деразасидан ташлабди.
– Ё, алҳазар! Соҳибни нима учун қамашди?!
– Хотини ёмон дардга чалинган экан, жуда хавфли, юқумли. Ўша дардни яширганликда айблашмоқда…

“ЎзАС”дан олинди.