Холмуҳаммад Каримий. Оқсоқ хизматчи (ҳикоя)

Халил нафақага чиқиши билан Вахшивордаги ота ҳовлисига кўчиб келди. Чарчаган мияни дам олдириб, бундан буёғига қарилик даврини қай йўсин ўтказишни ўйлаб кўришга бир-икки ой ўзини эркин қўйди. Шу кайфиятда болалиги ўтган қадрдон гўшанинг сокин ҳаётидан лаззатланиб юрган кунларнинг бирида кутилмаган бир меҳмон кириб келди. Соқоли кўксига тушган, полвонсифат нотаниш чолнинг қўлида бир халта юк, худди қариндошлардек меҳр билан қучоқ очиб кўришди. Шеробод тарафдан “Қизил олма”лик Тоҳир эканини айтиб батафсил тушунтира кетди: бир йили чолнинг боғини сел ювиб кетганида, унинг кўмаги билан қайтадан боғ қилибди. Янги боғнинг биринчи ҳосилидан меҳри тушган одами учун илиниб, сўроқлаб топиб келибди.
Халил воҳа бўйлаб турли идораларда ишлаган кезлари қанчалаб одамларга дуч келмади. Аммо шундай ҳам одам бўларкан-да, дея ажаб¬ланди. Сурхоннинг у четидан-бу четига йўл босиб, бир тоғ қишлоғини эринмай топиб келган содда чолдан ҳайратда қолди. Бош чайқаган кўйи халтага ишора қилар экан, қани кўрайлик-чи, совғангизни, дея жилмайди. Тоҳир чол эпчиллик билан халтанинг ипларини ечишга киришди ва қип-қизил олмалардан тўрт донасини олиб узатди. Олмани томоша қила туриб боғбоннинг самимиятидан ажаблана-ажаблана ташаккур айтди. Болаларча соф туйғуда қувониб турган соқолли гўдакка нисбатан меҳри жўшиб, уни меҳмонхонага таклиф қилар экан, “Райҳон меҳмон келди”, дея овоз берди.
Хизматчи оқсоқ аёл дастурхон тузашга киришганида Тоҳир чол хижолатда қолди. Оддий бир одамни кимсан бир арбоб ўз уйида меҳмон қилиши кутилмаган ҳодиса. Шу боисдан бўлса керак, ёнига қўйилган пар ёстиқларга ёнбош ташлашдан тортиниб чордона қуриб ўтирди.
– Иним, – деди Тоҳир чол дастурхонга ишора қилиб. – Сизни овора қилиб қўйдим, ҳеч шартмас эди. Мен олмаларни бераману қайтаман дегандим. Ахир, сизнинг шарофатингиз билан қайтадан боғ қилдим.
– Сиз шунча йўл босиб овора бўлмайсизу биз жойимиздан сал қимирлаганга овора бўламиз эканда, – дея Халил далда берганидан меҳмоннинг кўнгли ёзилиб ўзини эркин сезди.
Шу билан гап-гапга уланиб, худди юз йиллик қадрдонлардек суҳбат қизиди. Бундай бўлишини сира кутмаган Тоҳир чол яйрагандан яйради. Бу одамнинг қайси бир сифатини кўрмасин ҳаяжонга тушар, шунга мос гап тополмай энтикар, хизматчи аёлнинг ҳаракатларини кўрганда ҳайрати ортарди.
– Иним, сиз туғма арбоб экансиз, ҳар қандай одамнинг кимлигини билишингизга қойилман, хизматчингиз оқсоқ бўлса ҳам оёғи енгил экан, кўз очиб-юмгунча дастурхон безади, – дея қойил қолганини билдирди.
– Бир хизматчи танлашни билмасак, элга қандай бош бўлардик, оқсоқол, – дея Халил кулганча чолнинг соддалигидан завқи ошди.
Тоҳир уни ўзига яқин олиб гурунгга киришиб кетди.
– Сўрамоқнинг айби йўқ, янгамиз билан биргамисиз?
– Оқсоқол, соддалик қиляпсиз, хизматчини янгангиз бошқариб турмаса, дастурхон безалармиди. Дўқ уриб бир иш битириш мумкинми, айтинг ўзингиз, – деганча у яна ҳазил қилди.
Бундай бўлишини кутмаган Тоҳир чол эҳтиёткорлик билан дас¬турхондаги неъматлардан тотинар экан, жуда мамнун бўлиб бошини ирғаганча сокин бир кайфиятга тушиб гап бошлади.
– Иним, бахтли одам экансиз, чунки сиздаги фаросат қондан ўтганлиги шундай кўриниб турибди. Мен бир ўткинчи оддий одам бўлсам. Бегонани сийлаш ҳар кимнинг ҳадди эмас. Билишимча, отангиз тилла одам бўлган экан. Ундай одамлар нима ¬қилишни билган. Муҳими келинликка энг муносиб қиз танлаган. Бу оилада мен кўрган файз аёл зотига тегишли гап. Отангиздан қанча миннатдор бўлсангиз шунча кам, иним. Агар у киши ҳаёт бўлганида бошимни эгиб ташаккур айтган бўлардим.
Халил дастлаб ҳазил-мутойиба қилган бўлса, энди ростакамига дил-дилдан роҳатланди. Шу кайфиятда ҳар доим ҳам дуч келавермайдиган бу одам билан дилдан суҳбатлашиб маза қилиш мумкинлигидан очилиб-яйраб кетганини ўзи ҳам сезмай қолди.
– Оқсоқол, зар қадрини билиш учун, аввало, заргар бўлиш керак. Келин танлаш ҳақида гап очиб қолдингиз, энди бир воқеани айтмасам бўлмайдиганга ўхшайди, – дея ¬қувноқлик билан ўзи ҳақида гап ¬бошлади.
Катта шаҳардан ўқишни битириб қайтган маҳаллар сочни тараб қуруққа ҳаволаниб юрган даврларини эслаб, отасининг тўйга тараддуд кўрганларини гапирди. Ўзи очиқ гапиришдан ийманиб кўнглига ёққан қиз ҳақида онасига шипшитганини маза қилиб эслади. Меҳмон бўлса, болаларча қизиқиш билан унинг оғзига тикилиб ўтирибди. Аммо отаси унинг айтган қизига рози бўлмаган экан. Бундан йигитларга хос кайфиятда қаттиқ хафа бўлибди. Бироқ уйдагилар қуда бўлмоқчи бўлган оила ҳақида эшитган чоғда баттар жазавага тушганини, аччиқ устида бир неча кун отасига кўринмай юрганда, ора-сира отангни норози қилма дея онаси эслатиб турганини айтиб берди. У оилани болалигидан яхши билганидан ҳеч ўзига келолмабди, ҳатто шу оилага куёв бўлишни лоақал бирор марта йўлига бўлсин ўйлаб кўрмаган экан-да. Аммо ота сўзида туриб олиб, ҳаётда эрдек яшайман десанг рози бўласан, деган шарт билан гапни кесибди. Йигит аввалига жаҳлдан тушибди, кейин ичидаги алангаи оташлар ўчибди. Вақт ўтиши билан ҳамма нарсадан кўнгли совиб ноилож рози бўлибди. Лекин арази ҳамон тарқамаган бўлса ҳам урфга кўра тўйдан олдин қиз билан учрашганида юраги жиз этган экан. Юракда пайдо бўлган меҳр учқунлари бора-бора оила қўрғонидаги улкан бир меҳр-муҳаббатга айланибди. Ўша қиз билан унинг ҳаётига қут-барака, меҳр-оқибат кириб келибди. Албатта, оилали бўлгач, ўз рўзғор ташвишларига кўмилиб эл билан ишлайвергач, ҳаёт унга отанинг нақадар ҳақлигини кўрсатибди. Бу туйғуни ўзи ота бўлиб яна ҳам чуқурроқ ҳис этибди. Ўзининг ўғил-қизлари танлаган касбларига меҳрини кўрганда қувонибди, улар оила қуриб йиллар ўтиши билан ўз ҳаётидан мамнунлигини сезиб яна қувонибди. Отаси танлаган ўша келин барча қувончига сабаб бўлганини айтар экан, меҳмон роса яйраганидан яшанг, яшанг дея унинг гапларини қувватлаб турарди.
Меҳмон энди бу ёғига ёстиққа ёнбошлаб олиб, ўз қондоши билан гаплашаётгандек айрим тушунмай қолган жойларини суриштира кетди.
– Мен бир авом одамман, гапларимни оғир олманг тағин. Қиз хунукмиди?
– Кўп қатори буғдой ранг бир қиз, озгина туғма нуқсони бўлган. Шу боисдан йигитлик шашти билан жаҳл устида аразлаган бўлсам керак, – Халил дашт одамига мос тарзда гапни қисқа қилди.
– Ўз кўзим билан кўриб турибман-ку, айтганингиздек янгамиз хизматчи қўлига таомни тутқазмаса, бу оқсоқ ҳолига шамолдек елмас эди.
– Ана, гап бундай бўлибди-да, оқсоқол, фаросатингизга қойилман. Ғўр йигитликда ичимизда олов қайнаган, бўй қизларнинг ялтир-юлтир либосдаги кўриниши кўзимизга ойдек кўринган бўлса, қўшимчасига муқом қилганига учиб мойдек эриб кетаверганмиз. Шуйтиб, ияк осмонда бўлгандан кейин тупроқда ётган гавҳарни қайдан кўрардик.
– Хўб топиб айтдингиз, иним, гапни гапир уққанга, дейишган-ку, бунда катта ҳикмат бор. Дунёга сиғмай юрган олов йигитлар унча-бунчага отага бош эгавермайди.
Гапга қизиқиб кетиб орадан қанча вақт ўтганини билмай қолган Тоҳир чол патнисда қайноқ шўрва келтирган хизматчи аёлни разм солиб кузатди: юрганда оқсоқлангани билинса ҳам, эпчил ва сариштали ҳаракатлари нуқсонларини яшириб кетишини сезди. Бунинг устига хизматни чин кўнгилдан адо этишидан ҳайратда қолди. Кези келганда аёлга юрак-юракдан ачинди.
– Иним, гап келганда аяма де¬йишади-ку. Шундайин, бу хизматчи аёл ҳам жойи келса, бир қасрнинг маликаси бўладиган хислати бор кўринади. Лекин бунинг бахтига сизнинг отангиз каби одамнинг назари етишмабди, – дея чол бош чайқаб қўйди.
– Гапингизга қўшиламан. Қани таомни маҳтал қилмайлик, овқатга марҳамат, – дея Халил дастурхонга таклиф қилди. Тоҳир чол ҳам бамайлихотир ўз уйидек овқатлана бошлади.
Ора-сира гап-сўз билан косалар бўшагач Халил яна хизматчини чақирди: “Райҳон, иссиқ овқатдан кейин бир салқинласак яхши бўларди”, – деб қўйди. Зум ўтмай бир лаъли лаганда қовун, иккинчисида тарвуз келтирган хизматчи аёлга меҳмон анграйиб қараб қолди. Билдики, қовун-тарвузлар аллақачон тайёр қилиб қўйилган, бўлмаса бунча тез келиши мумкин эмас. Шуларни ўйлар экан хизматчи аёлга тайинлади.
– Синглим, хизматингизга рози бўлинг, янгага ҳам ташаккуримни етказинг, бу кишининг гапларидан кўнглим яйраб ўтиргани устига, шўрва ичиб танам ҳам яйради. Шунча йўл юриб келишимни Худойим бекорга тақдир қилмаган.
Хизматчи аёл бош ирғаб қўйиб, чиқиб кетди. Меҳмон эса гапларим малол келмадими, деган андишада уй эгасига қаради. Ҳатто унинг роҳатланиб мийиғида жилмайганини кўриб яна гурунгга киришиб кетди.
– Хизматчи аёл сизнинг оилангизни беш қўлдай биладиган кўринади. Унинг ишлаётганига кўп бўлганми дейман, гапнинг бошини айтсангиз охирини ўзи тушуниб оляпти.
– Яшанг оқсоқол, тўғри топдингиз, оила қурганимдан бери бизнинг оиланинг хизматини бажариб келади. Шунинг учун хотиржам ўз ишимни қилиб юраман.
Тоҳир чол ўйга толди, бирдан жиддий тортди.
– Отангизга раҳмат, бор бўлинг, бу ишингизга қойилман. Бироқ ўзингиз тушунган одамсиз, қанча эл билан ишладингиз, сиз билан доим эргашиб юрган бўлса, бу аёлнинг кам-кўстсиз яшаётгани ўз йўлигаю инсонда энди, иссиқ жон ўз тенгини топгиси келади, – дер экан мезбоннинг гапларига киройи эътибор қаратмади. Оқсоқ хизматчига ачинганидан ўзи билан овора. Ҳатто шу гулдек аёлнинг қадим даврлардагидек чўрига айланганидан алланечук паришон. Отаси мажбуран уйлантиргани эвазига хизматчи ҳам қўшиб берган экан-да, деган ўйда мезбондан кўнгли қолиб хатосини барибир эслатиб қўйишга жазм қилганди. – Биз даштда тикка ўсган одаммиз, чиройли гапириш қаёқда, шунинг учун тилдан учган беадаб сўзим учун койисангиз ҳам майли. Ҳаддим сиғмаса ҳам ийиб кетганимдан гапириб юбордим.
Мезбоннинг айб устида қўлга тушган боладек гангиб қолганидан завқи келган Халил аввалига роса яйраб кулди. Кейин ўзини тўхтатиб олиб жиддий оҳангда тушунтирди.
– Оқсоқол, сиз бирон ёмон гап айтмадингиз, иккинчидан, бу аёл назардан четда қолганлигига сира ачинманг. Отамнинг назарига тушган, сал нуқсони бор қиз шу оқсоқ хизматчи бўлади. Аслини билсангиз, бу оқсоқ аёл сиз айтган янгангизнинг худди ўзи.

“ЎзАС”дан олинди.