Тоҳир Йўлдошев. Чирмовиқ (қисса)

Оғир сукунатни мутлоқ ўзига сингдирган қабристоннинг қўрқинчли манзараси ҳорғин нафас олганча гуноҳларга тўлиб-тошган фоний дунёни жимгина кузатиб мудрайди. Дўпсайган қабрларнинг у ер-бу ерида бўй чўзган янтоқ буталари бу совуқ сукунатга бардош беролмай, енгилгина эсган шаббодага аста-аста бош чайқашиб, бир-бирларининг баданларига тикан санчмоққа шайланиб қолишади. Қабрлар юзидаги тупроқ ёрилиб, порсилдоқ битган лабларини йиғиштиролмай, даҳшат сояларини шу кўринишида жамулжам этиб, дуч келган зиёратчига қаҳраганча шивирлагандек бўлишади: ”Эй, инсон, қачонгача юзимни босқилаб, гуноҳларингни кўпиртирасан?! Танангда қайноқ жонинг гупирганда кўк сари сапчийсану, азизгина жонинг ҳовури босилгач, менинг бағримда жасадинг қақшагандан-қақшаб, дод-фарёдлар кўтаришингга не ҳожат. Билиб қўй, сен меникисан! Шу билан бирга бир зувалагина лойнинг ўзгинасисан. Сенинг вужудинг камоли учун бир ҳовуч покиза жисмимдан бераману, қайтиб олишимда гуноҳи азимларга йўғрилган бадбўй балчиқни минг азоблар билан покизалаб, бағримга чаплайман. Очиғи, тўйиб-тўйиб кетдим сенларнинг дастингдан аммо. Ҳозирнинг ўзида бир амр баҳона биргина оҳ урсам, кулинг кўкка ўрламасдан қолмас. Яхшиси, кўзингни оч, йўқса бугина бағрим сенинг қилмишларингдан ситилиб битишга шай…”
Қабристон ўз сукунати билан инсон зотининг вужуд-вужудига совуқ изғиринларни кездириши баробарида унга астойдил эзгулик ҳам тилаб қолади. Лекин бу туйғуларга беписанд кимсалар қабристон биқинидаги сўлим соялар ташлаган азим толлар паноҳидаги кафтдеккина чойхонада бир пиёла чой баҳона кайфу гушторликни ўринлатиб, жонларига ором эҳтиёжини қондиришади. Ҳазил-ҳузул авжига минади. Аммо бу мазаҳўракликни оёқости қилгандек бир кимса телбанамо нигоҳида ер чизганча ўтиб қолади. Унинг ортидан чойхона сарварлари – бир вақтлар апоқ-чапоқ қаймоқ ялашган улфатлардан баъзилари ундан ижирғаниб, айримлари масхараомуз ишшайганча нигоҳан кузатиб қолишади. Бир маҳаллар давра тўрини ястантириб, барча “дўст“ларининг оғзини бирдек жиловлаган Эркин энди писта пўчоққа айланган. Кун, кун ора ҳиссиз-туйғусиз вужудини судраб, шу манзил зиёратига ошиқиб қолади. Ҳарқалай шу ер унинг кўнглини овутадими, сим-сиёҳ ташрифи ҳеч маҳал канда бўлмайди.
Ҳорғин қабристоннинг илонизи сўқмоғидан тентираб бораётган Эркин ҳеч ён алангламайди. Қизиғи йўқ. Вужуди таъсиротлардан ҳоли бўлганидан кейин нима қилади аланглаб. Лекин борар манзилини кўзга кўринмас занжирлар кишанлаган оёқларининг ўзи ҳеч адашмай топиб боради. Топиб боради-ю, маъюслик ҳукм сурган қабрга ўзини ташлайди. Юзини қоплаган ва янаям ваҳималар из солган қат-қат ажинлар ғижимланиб, қора чизиқларни қинғир-қийшиқ тусда тортиб қолади. Маънолар ўчган кўзлари қисилиб, унсиз фарёдни вужудида чайқашга киришади. Ақалли, ақалли бир томчигина кўз ёши ҳам мижжаларига илашиб чиқишга ҳазар қилгандек бир чимдимлик турҳини кўрсатишга эрк бермайди. Фақатгина жонли титроқнинг ларзали силкиниши бу гумроҳга ҳамроҳ бўлишдан бош тортмаса бўлгани. Ўзга ҳиссиётлар, телбанамо аламларга тўла совуққина қони бир амаллаб жон томирларига ёйилади. Нима қилсин? Уйда ўтиролмаса. Ўтирса, ҳар бир қаричи беаёв ниналарга мўл бўлса! Гир айлана минглаб хунук нигоҳлар, беўхшов тирноқли серпанжа маҳлуқлар таҳдид солишганча нақ бўғзига отилишса, нима қилсин?! Бир сониялик шайтон “асали“ шунчалар заҳарли “лаззат“ беришини у туш кўрибмиди? Шу тубан ҳолига бир томчигина лаззат шарбати кифоя қилди, холос. Нафақат унга, жамики ўзи устун бўлган бир бошли икки оилага хиёнат гулдуросини солди-кетди.
Эркин шу кунгача қўрқиб, пусиб кун кечирди. Бир кун эмас, бир кун бу сир очилиши, ҳам отилиши мумкинлигини идрок этарди-ю, аммо қай бир вазиятда бошида қилич ўйналишини билмасди. Ўн етти йил шу хатарли қийноқлар исканжаси ич-этини егани ҳолва экан. Кези келиб мана бундоқ оппоқ тонг отиб, кечга яқин боши узра қиёмат ажри аталмиш гурзи билан салмоқлаб кўтариб урса борми, во, ажаб, бу кўҳна оламнинг ўзи тугул тупроғи ҳам биргалашиб жаҳаннам оловига чўк тушганча ёввош тортиб қоларкан…

Эркин ҳикояси

Тақдирлар тўзони

Оғир юкни менсимагандек шитоб елиб бораётган машина йўл четидаги ҳалқобларни шириллатиб сочганча манзил сари ошиқади. Ойна артгич тарсиллаб урилаётган ёмғир томчиларини сидириб улгурмайди. Қизиқ, уфқ тарафда қуёш чарақлаб турибди-ю, бу ерда ёмғир забтига уриб ётибди. Шунақанги пайтда табиатгаям тан берасан-да киши.
Эндигина Конибодомга кириб бораётганимда йўл ёқасида безовта қўл силтаётган қизга кўзим тушиб, яқинроқ бориб тўхтадим. Узалиб ўнг эшикни очдим. Қизнинг бежирим кўйлаги ёмғирдан анча нам тортиб қолган, қорачадан келган юзи бўғриқиб, лаблари пир-пир учади.
– Жон акажон, мени ола кетмасангиз бўлмайди. Анча кечга қолиб кетдим.
– Майли, чиқа қолинг!
Бу ердаги аҳолини яхши биламан, узоққа боришмайди. Жуда борса, беш-олти чақирим нарига боришади, холос.
– Аямларга дори излаб келувдим. Лип этиб чиқиб ўрнашаркан, енгилгина хўрсинди у.- Ўзимиздан тополмадим. Шу ёқни кўрсатишса келаверибман. Аксига олиб ёмғир ҳам ташлаб қолди. Бечора аямлар илҳақ кўз тикиб ётишгандир. Анчадан бери бир жойдалар.
Ҳайдовчи халқи узоқ йўлга чиқса, бирор дилкаш ҳамсуҳбат қўмсаб қолади. Ҳозирда мен ҳам ичимдан пишиб турган эканманми, суҳбатлашиб кетдик. Қизнинг исми Юлдуз экан. Овози қўнғироқдек. Бошига турмаклаб олган қоп-қора сочлари қалин, узунгина бўлса керак, икки-уч бор айлантириб олибди. Ундан таралаётган гунафша атри иси ташқаридан ғириллаб кираётган шабадада чир айланиб, димоғимга ёқимли урилади. Бунақа атир Ҳалимадаям бўлгувчи эди. Қишлоғида ўсма, хинадан нарисини билмай ўсганлиги учунми, ё бунақа пардоз-андозга ҳуши йўқмиди, ҳарҳолда одмигина бўлишни истарди. Аям ўргатавериб измига аранг солволганди. Ҳалима танбеҳнинг остида қолиб, кўпинча ўсал бўларди.
– Эркак кўчадан келганда сўроққа тутиш ҳам энг ёмон, энг хунук иллат, билволинг, келинпошша. Эрнинг олдида хурпайиб юрмасдан, мундоққина очилиб-сочилиб, ўзингизга қараб-нетиб юринг. Сизнинг димоқ-фироғингизга кўзи учиб турмайди эркакнинг. Остонадан ҳар хил кайфиятда ҳатлаб келади. Бир чимдимгина ширин сўзингиз кўнглини қанчалар кўтарса, бир тилим заҳар гапингиз бир зумда дилини хуфтон қилиб ташлашини унутманг, ўргилай. Ораста бўлинг, зийрак бўлинг. Бу ўзингизга фойда. Пардоз-андозни кўча учун эмас, эр учун қилишни билинг, қоқиндиқ. Эрнинг устунлиги безак билан, ҳа. Уйнинг устуни қанчалар мустаҳкам бўлса, шунга яраша нақшиям бежирим бўлиши керак.
Аям қаттиққўл эди. Ўғлимиз Давронбек туғилмасидан олдин бир неча кун иситмага куйиб ётди-ю, омонатини топширди-қўйди. Буйраги азалдан оғриб юраркану сира билдирмаган экан, афсус. Шу-шу ҳувиллаган ҳовлида Ҳалима иккимиз шумшайганча қолавердик. Дадамни-ку кўрмаганман. Чақалоқлигимда ўтиб кетишган экан.
Ҳалима аямдан кўп нарсаларни ўзлаштириб олган экан, асқотди. Анча пишиб ҳам қолди. Пазандаликдан тортиб чеварликкача қойиллатади. Кўпроқ аямнинг берган ўгитларини эслаб қолади.
– Бувамлар хўп топиб айтганлар-да, яхши хотин уйида уни бўлмаса ҳам уни чиқмас, деб. Мен ҳам шунга яраша бир гап топиб қўйдим.
– Қани, эшитайлик-чи, ҳарқалай аямнинг келинисиз-да!
– Хато кетдингиз. Келинлари эмас, қизлари эдим. Хўп, дилўртар дийдиёимни айта қолай бўлмаса муштоқ қилмай. Яхши хотин эри сафарга кетса ҳам саси чиқмас.
Орзиқиб кетиб, қийқириб куламан. Ҳалима бироз тикилиб туради-да, маҳзун товушда таъсирли шивирлайди.
– Сиз ҳайё-ҳуйт деб сафарга жўнайсизу, мен эсам ўғлингиз билан ёлғизликка ем бўлиб, минг азобларда тентираб тонглар оттираман.
Кўнглимга ғашлик оралаганини сезиб, яна ўз-ўзидан юмшайди.
– Яхши бор, ёмон бор, шунисидан қўрқаман-да, дадаси. Тонг бўзаргунча минг таваллолар қилиб чиқаман. Жон дадажониси, яхшиси, ишингизни алмаштиринг. Ҳарҳолда ёнимизда бўласиз-ку!
Иккиланиб қолганимни кўриб, яна бир қадар пасаяди.
– Ҳеч қурса яқинроққа қатнанг. Ўғлингизни қаранг, сизни кўрдим дегунча олам-жаҳон бўлиб кетади.
– Сабр қилинг, бу кунлар ҳам ўтиб кетар. Лекин мен шу ишга мослашганман. Бировлар йиллаб бу ишнинг думини тутолмай ҳалак. Ҳарҳолда шукр қилсангиз бўлармиди?!

* * *

Юлдуз хушхандон бўлганлиги билан кўзларида англаб бўлмас бир дард йилт этиб ташланиб қолади. Лекин бу тўғрида сира оғиз очмайди. У ўзининг иродаси билангина очилмаса, зийрак одам ботиниб сўролмайди.
Бир маҳал гапимиз узилиб, хаёлга берилган эканманми, Юлдузнинг бесаранжом бўлиб, авзойи ўзгарганлигидан таажжубга тушдим. У бир зум ўзини йўқотгандек ўтирди-да, юзини қўққис чангаллаганча чинқириб юборди.
– Тўхтатинг!.. Тўхтатинг, дейман!..
Машина пошиллаб тўхтади. Юлдуз эшикни шаҳд очиб, ўзини ерга таппа ташлади. Жонҳолатда олдинга чопқиллаб кетди. Тузукроқ қарасам, олти-етти ҳовли нарида одамлар безовта кириб-чиқиб туришибди. Юришимниям, туришимниям билолмай иккиланиб қолдим. Беихтиёр Юлдуз ўтирган ўриндиққа кўзим тушди. Қоғозга ўроғлиқ дўппайган шилдироқ халтачани қўлимга олдим. Дори-дармон шекилли, шишачалар нозиккина шиқирлади. Ҳардамхаёллик билан пастга сакраб тушиб, одамлар тўпи томон юриб бордим. Қандайдир титроқ машъум бир ҳисни кўзимга тақаб, ўз измига олди. Бунақа ҳолат кўпинча дунёдан кўз юмган одамнинг фотиҳасига борилганда киши вужудига кишан солиши табиий. Нима деб боришимни билолмай юрагим ҳалак. Хаёллар тарқоқ. Иккиланиб бораётганимга дафъатан нигоҳи тушган бир йигит тўпланиб турганлар ичидан узилиб чиқди-да, рўпара келиб сўрашди.
– Йўловчим эди. Манави нарсаси машинада қолиб кетибди. Илтимос, шу омонатини бериб қўйсангиз. Ўзи тинчликми?
– Нимасини сўрайсиз, ака. Бошида ёлғизгина мана шу қизи эди шўрликнинг. Бўлди-бўлди Юлдузга жабр бўлди энди. У мен узатган халтачани қўлида қадрсиздек ўйнатиб афсусланди. – Бирдан-бир аммаси бор бояқишнинг. Илон нимаю, у нима. Юлдузнинг онасини шунинг заҳри сил қилди.
Аям ўтганларидаям шунақанги титроққа тушгандим. Ҳозир ҳам бир нима ғимирлаб келиб, бутун баданимда ўрмалаганча вижирлай бошлади. Кўз олдим хиралашиб бироз турдим-да, негадир совуқ сесканиб кетдим. Шу сесканиш баҳона бўлдими, ёпирилиб келаётган ғалати уюшиш аста чекинди. Қарасам, йигит менинг дардимдан бехабар кўп валақлайдиган. Эркак кишиям шунақанги эзма бўларканми?!
– Узр, юкимни топширмасам бўлмайди. Шошиб турибман, хизматчилик.
– Майли-майли. Раҳмат сизга.
Қандайдир куч қўлимни чўнтагимга суқиб, бир даста пул мижиқлатганча йигитга узаттирди.
– Манавини олинг. Маросимларига ишлатарсизлар.
То у оғзини очгунча бўлмай, машина томон югурдим. Ўй-хаёлим негадир Юлдузда бўлиб қолди. Унга астойдил раҳмим келар, қай йўл билан бўлсаки ёрдам бергим келар эди.

* * *

Зарур юкни эртасига ортиб қайтарканман, кўнгил сўраш мақсадида Юлдузлар ҳовлисига яқинлашдим. Пешин вақти бўлганлиги учун одам сийрак. Беҳи дарахти соясида уч-тўрт кимсанинг оҳиста гурунглашиб ўтирганини кўриб, томоқ қирдим. Кечаги йигит шу ерда экан, шошиб ўрнидан турди. Келинг, деди-ю, олдимга тушиб йўл бошлади. Ичкарида ҳам икки қария ҳамсуҳбат ўтиришган экан. Бири узундан-узоқ тиловат қилди. Бунинг ичида кўз қирим билан мунг инган ҳовлини зимдан кузатишга тушдим. Бу хонадонда кўпдан буён эркак киши бўлмаганлиги шундоққина сезилиб турарди. Яна ким билсин, балки анави қарияларнинг бири Юлдузнинг дадасидир. Кексайиб қолганидан кейин ҳовли юмушларига қуввати етармиди.
Фотиҳа ўқилгач ўрнимдан қўзғоларканман, саҳн ўртасида тортилган гулдор парда тўсқич ортидан хотин-халажнинг висирлаган, аммо таҳдидли товушлари қулоққа чалинди. Кимдир хастаҳол, ингичка йиғи аралаш бир нималарни чайналди. Шаддодроқ ачитқи пичинг бу мағзаваланишни босқилаб бобиллади-ю, ҳаммасининг унини ўчирди.
Кўчага чиққач, изма-из келаётган йигит мени тўхтатди.
– Ака, кечаги ёрдамингизни катта-кичикка етказдим. Рози бўласиз.
Унга бир дақиқа жиним суймай тикилиб турдим-да, жадалладим. Хаёлимдан сира нари кетмай қолди, бу шўрлик Юлдуз. Бояги шанғи аммасими дейман. Шу туриши бўлса, кун берармикин жиянига. Э, пешонасидан кўради-да, бошқа нимаям қиларди?

* * *

Орадан бирор ойлар ўтиб, савдо дўкони олдида Юлдузни кўриб қолдим. Бир кўнглим ҳол сўргим келади, бир кўнглим эса кўрар кўздан ҳайиқади. Бечора озиб-тўзиб кетибди. У ҳам кўрган эканми, қўл силтаб қолди. Хаёллар таъсиридан чўчибгина тўхтадим. Кўзимга юзи янаям қорайиб кетгандек туюлиб, худди ўзимнинг синглимни ғамбода қиёфада кўраётгандек, унинг ғам-ташвишларига шерик бўлгим келдими, ич-ичимдан кучли хўрсиниқ пармалаб чиқиб, бўғзимда тиқилиб тўхтади. Негадир кўзим сиртида ёш ғилтиллагандек, мижжаларим ачишиб келди. Шоша-пиша юзимни ишқалаган бўлиб, кўзимни артдим. Раҳматли аям айтгувчи эди: ”Шу болам опа-акасига қараганда бошқачароқ-да! Юзи жиддий турса-да, кўнгли юмшоқ“, деб.
– Кечирасиз, сизга раҳмат айтмоқчийдим. Шунга…
– Ўзингиз тинчмисиз? Хафа бўлмай ўтирибсизларми? Дунёнинг ишлари шунақа экан-да, илож қанча.
Юлдуз, ҳм-м, деди-ю, лаби бир томонга хиёл бурилиб, кўзларида билинар-билинмас ёш ғилтиллади. Назаримда бир қалқиб кетгандек ҳам бўлди. Нима деб таскин беришни билолмай каловландим. Лекин ҳозир ораламоқда бўлган ғалати сукунатни бузиб, бир шингил бўлса-да юпанч берсам, аччиқ йиғига сабабчи бўлишимни англаб, ўз ҳолига қўйиб бердим. У титроқли лабларини қимтиб, ўзини босиб олди. Тўшакка узоқ михланган бемор каби хаста товушда турмушини баён қилди.
– Бир амаллаб ўтирибмиз-ку!.. Шукр, ҳарқалай аммам бор. Аямларнинг ўринлари барибир бошқача экан… Қадрларига етмаган эканман. У оғир ютинди.– Худди она зоти ўлмайдигандек туюларкан…
– Ўзингизни ортиқ қийнаманг. Ҳеч ким бу дунёга устун бўлган эмас.
Юлдузнинг товуши янаям хасталикни ожизона қабул қилди.
– Кечирасиз, мен сизни ўзимга яқин олиб ёрилдим-да!..
Тилимдан беихтиёр шилинган сўроқдан ўзим ҳам тошдек қотдим.
– Дадангиз-чи?
У бир сидра кўз уриштириб, қизарганча ерга қаради. Синиқ шивирлади.
– Дадамларниям топширганмиз… Анча йил бўлди. Жигарлари ишдан чиқиб…
Ич-ичимдан ўз-ўзимни бўралаганча кетдим. “Сенга нима эди суриштириб?! Нима ҳаққинг бор? Кимсан сен ўзинг?! Шунчаки бир йўловчи сифатида машинангга бир бор чиққан етти ёт бегонани сўроққа тутасан?!”
У аста бош кўтарди. Ўзини мажбурлаб жилмайгандек бўлди.
– Яхшилигингизни унутмайман, раҳмат.
Унинг бошини бир томонга хиёл ташлаб кетишига бир зум қараб турарканман, ношудлигимдан ижирғаниб газни қаттиқ босдим. У ер-бу ердан ўғринча кўз илаётган нигоҳлар нима учун кўчага чиққанликлари эсларига тушди шекилли, боргувчи манзилларига оҳиста оёқ босдилар. Кузатувдан тўймагани эса афтимни дурустроқ кўролмаганми, ё бошқами, ортимдан кўзларини юз ажинлари қаватларида қисиб, тиришганча қараб қолдилар.

* * *

Юлдузни кўп кўрдим. Қандайдир куч тўхташга мажбур қиларди-ю, яна қандайдир қувват оёқларимга илоҳий мадад тилаб, газ босқичига босим бердирарди. Қайси кунлиги эсимда йўқ. Юлдуз атайлаб кутиб турган эканми, ё бирор юмуш билан кўчага чиққанми, билолмадим.
– Аммамнинг заҳридан тўйиб кетдим. Ўтирсам ўпоқ, турсам сўпоқман.
Тасалли берай десам, ўзи ёрилолмай зўрға турибди. Бермай десам, виждоним қийналаяпти. Каловланиб қолдим. Яна бир хаёл устун келади: ”Бу сенга сингил бўлмаса, ё бирор яқининг бўлмаса, пешонасидагини кўради-да! Жуда борса тасалли бергину думингни уз, вассалом. Рўзғоринг бўлса, эшитар қулоққа хунук эмасми?!”, дейди. Дадамдан аямга мерос қолган бир нақл бўлгувчи эди: ”Сўз кумуш, сукут олтин“ деган. Шунга амал қилган каби бир нави жим туравердим. Аммо унинг эзилиб йиғлашига кўнглим ортиқ чидолмади. Ахир у мендан яхши бир насиҳат кутаяпти, мадад тиланаяпти. Шунчалик дил ёриб, ўзига яқин олаяпти-ку, деган ўй тилимни қалдиратиб жунбушга келтирди.
– Сабр қилинг, Юлдуз. Сабрнинг ости олтин, дейишади. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Тинчиб ҳам қоласиз.
У илкис қайрилиб, бош чайқади.
– Биттаси аямларми?! Бир умр… бир умр сабрга банди бўлиб, қаро ерга бўй тиккан. Мен ишонмайман сабригаям, тилласи тугул жавоҳиригаям. Эркин ака, илтимос, мени тўғри тушунинг, анавинақангилардан деб ўйламанг. Тўйиб кетдим тўғриси. Ҳар кимга келади ўзи билади. Қиш чиқиб олсин, бир дақиқаям бу жодугарнинг пешонасида қорамниям кўрсатмайман.
Раҳмим келди. Томоғимни бўғиб келаётган ички тўполонни базўр ютиб, унсиз термулдим.
– Майли, мен борай. Сиз ҳам маломатга қолманг.
У чўчиб тушди.
– Узр, Эркин ака. Мен сизни ўзимга ака санаб арзи-ҳол айтганим учун. Тўғри айтдингиз, қуруқ туҳматгаям қолмайин тағин.
Юлдуз тисарилиб орқасига қайрилди. Ғалвир кўзлар бу сафар мени обдон кўриб олишди чамаси, кўнгиллари таскин топганча кетар йўлларига енгилгина қадам босдилар.
Кўнглимда шубҳа пайдо бўлди. Бу одамлар “оқ калтак, қора калтак“ қилиб юборишмасин тағин. Юлдуздан қанчалик узоқлашган сарим акси бўлиб, ўй-хаёлларимни шунчалик банд қилавердики, бу хаёлий чангаллардан бош олиб чиқишнинг сира иложиси топилмади. “Юлдузга нима бўлдийкин? Аммаси зуғум қилмаяптимикин? Шўрлик ҳатто ўзиниям таниёлмай қолибдими?“ дегувчи хавотирли сўроқлар миямни кавлаштиргани-кавлаштирган.

* * *

Баҳор болалаб, кунлар илиб қолган маҳаллар. Ҳаммаёқ кўнгилга нозик қитиқ ато этадиган даражада яшнаб кетган. Табиат гўзалликка юз тутибди-ю, афсус бу иноятдан Юлдуз бебаҳра қолибди.
– Эркин ака, Қўқон томонларга бош олиб кетгим бор. У ерда аямларнинг ёлғизгина холалари бўлгувчи эди. Онам сиғмаган жойга мен ҳам ортиқчаман шекилли.
Маслаҳатим кор қилмади. Аммо заҳарли зардобга ичи тўлганлигини билиб, ўз ҳолига ташладим.

* * *

Дунёда ким дангаса, ялқов, деб сўрашгудек бўлишса гар, ҳеч шубҳасиз, юкловчилар, деган бўлардим. Негаки, юк ортиш бошланади-ю, уларнинг чотига айри тушади-қолади. Ё томоқлари бениҳоя қичишиб қолади, ёки ўпкаларига соатлаб тутантириқ солгилари келади. Бири ҳожатга ўрдак юриш қилса, яна бири обдон “чарчаб“ қолади. Хуллас, то иш маромига етгунча “чўнтак шилиш“ пайидам бўлишади.
Пешиндан анча ўтганда йўлга тушдим. Юлдуз жонсарак бўлиб кутаётган экан. Бир томони тўхтамай ўтиб кетмоқчи ҳам эдим. Ахир одамлар нима дейишади? Шунисидан қўрқдим. Лекин Юлдузнинг нотинч ҳаётини ўйлаб, яна қовуриламан. Йўқ, тўхтадим. Юлдуз қўлидаги зил-замбил, каттагина чарм сумкани бир амаллаб кўтарганча менга узатди. Узатди-ю, лип этиб машинага чиқиб олгандагина ҳушимни йиғдим. Аммо вужудимда турган ёввойи титроқ нохуш кайфиятни руҳимга қўққис санчиб, чайқалтириб юборгандек бўлди. Юлдуз буни пайқадими, таъкидлади.
– Эркин ака, чўчиманг. Қўшниларимизга айтиб қўйганман. Елкамнинг чуқуриям кўрмасин бу ялмоғизнинг эшигини!
Ғалати бўлиб кетдим. Бу менга ким ўзи? Ҳатто кузатувчиларнинг ори келиб орқамиздан қувиб етишса-ю, оёқ-қўлдан чимиллатиб чилвир чангаклашса, ундан кейин хуморларидан чиққунча анжирга айри қилишса… Керакли жойга обориб тиқишса. Сўнг бир қулоч арзномани тўппа-тўғри ишхонамга йўллашса. Ҳам иш жойида обрў тўкилиб, хайр-маъзурга йўлиқаман, ҳам рўзғорда… Йўқ-йўқ, бу найранглар менга ўтмайди. Ҳадик аралаш чуқур изтиробга банди бўлган Юлдузга хавотирланиб жавдирадим. Ажаб, унинг кўзларидан милт-милт ёш томчилари сизиб чиқаётганига нигоҳим қадалиб, янаям ўнғайсиз ҳолга тушдим. Назаримда Юлдуз хаёлан ота-онасининг руҳлари, киндик қони тўкилган гўшаси, таниш-билишлари, айниқса, болалиги муҳрланиб қолган азиз кулбаси билан юрак-юраги эзғиланиб хайрлашаётгандек эди. Қувонч билан чиққанда эҳтимол қўл силкиб хушхандон хўшлашган бўлармиди? Оғир сўлишлик билан юзига элас-элас қараганимни пайқаб, кўз ёшларини рўмолчасига шимдираркан, яна ўзини тутолмай елкалари силкина-силкина йиғлашга тушди. Нималарни ўйлаётганимни ҳам эслолмай, юрагим алланечук эзилиб кетди. Нима бўлса бўлди, дедим-да, машинага босим бердим.
Конибодомдан чиқишимиз билан энтикиб чуқур нафас олдим. Худди ҳавони териб ютоқаётгандек, оғзимни каппа-каппа очиб қўяман. Хайрият, ҳеч ким кетимиздан таъқиб қилмади. Назаримда Юлдуз ҳам чуқур-чуқур нафас симирди. Лекин юзига тепчиган изтироб қандайдир армон излари аралаш кезиниб қолади. У шу эзғиланишларни яшириш мақсадида машина ён ойнасидан бироз бош чиқариб, липиллаб ўтаётган манзараларга дардини тўкаётгандек кўринади кўзимга. Зериктирувчи сукунат иккимизниям кўнглимизни тор олди шекилли, гапимиз эндигина қовушиб, суҳбат қуриб кетдик. Ярим йўлда машина бир томонга оғирлашиб қолгандек энкайди. Тўхтаб тушдим. Қарасам, орқа қўш ғилдиракнинг чап тарафидан бири тешилибди. Юк бўлмаганда-ку бемалол кетаверсам бўлаверарди-я, юк бор-да!
Қуёш қонталаш тусга кириб, уфққа аста ёнбошлай бошлаган. Тезроқ созлаб олмасам, қоронғига қолиб кетишим тайин. Яхшиям тайёр ғилдирак бор эди. Йўқса иш пачава бўларди-да зулматда нина излаган каби. То уни алмаштиргунча бошимдан оёғимгача жиққа терга ботиб кетдим. Баҳорнинг илиқ шабадаси танга роҳат беради. Кўнглимни кўтаради. Йўл бўйида яккам-дуккам бўй чўзган жийда дарахтларининг эндигина кўз очган гул шодалари шабадада аста тебраниб, интиқ қитиқловчи исини етаклаб келади-да димоғимга уради. Бошим ғувиллаб айланиб кетаётгандек бўлади. Ҳузур топгандек бўламан.
Юлдуз айтилган ҳажмдаги калитларни бирма-бир саралаб, вақтида етказиб турибди. Ниҳоят, иш битди. Қоронғи чўкиб, баркашдек ой аста бош кўтариб, тўлишиб келаётибди. Ҳов наридаги кўлмакда бақаю қурбақаларнинг ким ўзарга томоқ йиртишлари қулоқни патир қилиб ташлайди. Бетон ариқчада юз-қўлимни чайиб, ортимга қайтдим. Қорамтир сояси ой ёруғида ерга узала тушганча безовта тортиб турган Юлдуз ҳорғин қадам босишимдан ўзини дадил тутишга уринса-да, ички исёнини барибир босолмади шекилли, ялинчоқ товушда шоширди.
– Эркин ака, тезроқ кетайлик. Кечга қолиб кетдим жуда.
У мен томон қайрилиб, ой ёғдусидан юзини ўгирган пайтда қорамағиз чеҳраси янаям қорайиб кетгандек кўринди. Юзимга синчиклаб термулди-ю, бирдан қиқирлашга тушди.
– Вой, анави кишимни, тоза ҳайдовчи экансиз-ку! Чаккангизга қорамойни суртиб олибсиз, афанди ака.
Ўнғайсизландим. Шошиб чаккамни кафтимда сийпаладим.
– Эй, сидириб баттар сувадингиз. Тўхтанг, мен ҳозир.
Ўчакишгандек ишқор кукуниям соб бўлганди. Ичимдан тошган бўғриқиш энди бўғзимни тутаётганда Юлдуз кабинага чаққон сакраб чиқди-ю, ўриндиқ суянчиғига ташланган момиқ сочиқни юлқиб, суғуриб олди.
– Ҳай, айтмоқчи, бензинда артса кетади чоғи, Эркин ака. Озгина шимдириб олинг.
Бакнинг қопқоғини шақирлатиб очиб, у узатган сочиқ четини ёнилғи сатҳига бироз тутгач суғуриб олдим-да, чаккамни шошиб артдим.
– Кетдими?- сўрадим ҳамон безовта типирчилаб, ўзини қўярга жой тополмаётган Юлдузга қайрилиб.
– Қани! У яқинроқ келиб, чаккамга синчиклаб разм соларкан, сочиқни қўлимдан олди.- Қулоқ шўрликниям боплабсиз-ку! Сабр қилиб турасиз энди.
У чаккам аралаш қулоғимни тозалашга киришди. Шунда… шунда димоғимга аввал бензин, сўнг қандайдир ис келиб урилди. Унга жийда гулининг ўткир бўйи қўшилиб, бошим ғувиллаб кетди. Қулоғим супраларининг астойдил ишқаланиши вужудимда майин титроқли қитиқ уйғотиб, қўлимни негадир илкис кўтардиму, кўтарилган қўл Юлдузнинг дикирлаб турган кўкрагига бехос тегиб кетди. Тегиб кетди-ю, ўзимни бошқариш қуввати аллақаёққа гум бўлиб, ҳушимни йўқотаёзди. Оёқларимдан бир зумда жон узилди, қолди. Юлдузнинг қўлларидан қандай ушлаганим ”Вой, нима қилаяпсиз, қочинг. Вой, аяжон…”, дегувчи илтижолариям қулоғимга алланечук сирли энтикиш бериб чалинди-ю, идрок этиш ҳисси ўзлигимдан чекинди. Гўё бу овозлар, бу қаршиликнинг зорланишлари узоқ-узоқлардан аллақандай ёввойи бир мавжудотнинг алаҳсирашга ўхшаш ғайритабиий ҳайқириқли қилиқларидек таъсири тотли, гўё адоқсиз кайфият бахш этгандек эди. Кўпириб келаётган узлуксиз қувватдан хаёлда жонланган сифати таърифсиз – бениҳоя гўзал қақажонларнинг басма-басига узатаётган биллур қадаҳлардаги шаробнинг ўта латиф лаззатларидан жон роҳатда, ҳислар ишратда. Жунбушга келган вужуднинг таранглиги шўх бир навонинг жилвакор рақсига монанд кучли тебранишга тушди шу топда. Тушди-ю, қаршимдаги ҳиром айлаётган парилар гуруҳи жарангли қарсаклар силсиласини дафъатан бошлаб юбордилар. Кўзим олди гўё қип-қизил гуллар чамани қуршовида ёнгандан-ёнади… Бир маҳал бу гулшанга гулдурос солганча бир чақмоқ қарсиллатиб икки-уч бор ўт ташлади-ю, турли йўсинда тебранаётган қизлархонлар бир-бирларини сафсиз қувалашганча кўздан ғойиб бўлдилар. Кимдир талвасага тушгандек аччиқ қичқирдими, оғриқли инградими, илғолмай бир муддат тошдек қотдим. Тасира-тусир “чақмоқ“дан ҳушим ёзилиб, кўзим ярқ очилди. Юзим ўтдек ловуллаб ёнаётганини ҳис этдим.
– Нима қилиб қўйдингиз?! Шўрим қуриди-ку!..
Юлдузнинг аламли инграшидан бир қадар эзилиб кетдим. Бир вақтлар ариқ вазифасини ўтаган чуқурликда харсиллаганча дағ-дағ титрарканман, ҳалиям қилиб қўйган худбинлигимнинг тагига идрок кучи билан етиб, ақл кўзи билан кўра олмасдим. Ақлим етганида эса, бошимни қай тошга уришни билолмай, жон томирлари ёрилгудек бўғриқдим. Нима қилиб қўйдинг, номард. Эҳ-ҳ, ҳайвон!.. Ҳалиманинг юзига оёқ тирадинг-ку, аблаҳ! Хотинингни нима гуноҳи бор эдики, сен ифлос, шу кўрнамакликни унга қасддан раво кўрган бўлсанг. Ўғлингни ўйламадингми ҳеч қурса. Қаердан чиқди ўзи бу касофати?! Манави ажинасифат қайдан илашди ўзи? Тўхта-тўхта, сен касофатими, ёки уми? У-ку сенга ишониб, ўзини ўта яқин тутиб чиқди. Жаҳаннам лабидан сидирилиб, тинчини зўр умидлар, чексиз иккиланишларда орзиқиб, излаб келаётган бир чорасиз бўлса! Сен-чи? Сен нима каромат кўрсатиб қўйдинг, бетавфиқ. У ўзи ҳаётнинг бераҳм силтовларидан хўрланиб, ҳам зорланиб на ота ва на она дийдоридан озиқ олган бўлса?! Етим бошини хам қилиб қаёқдаги қариндошчиликнинг бир тутами кўринган аясининг аллақайси холасиникига минг сарғайиб йўл солаётган бўлса! Кўз тиккан қариндоши ҳали қандай важ-карсонлар кўрсатаркин, бу номаълум. Бу зимистон орзу. Ширин жонини ўйлашгаям қўймай, ҳаётдан бездирган серзарда аммаси у ёқда кафтдеккина ҳовлига вужуд босиб, кўкрак керса! Бунинг бош олиб чиққанини аллакимлардан эшитиб, юрак-бағри завқланса-да, сир бой бермай, ғийбат тошини жиянининг гарданига дўқиллатиб босиб, ҳузур топса! Қай чигалликни кўтарсин бунинг тутдай тўкилган бир мисқолгина жони! Ҳаётнинг бешафқат ўмровидан тортиб олиш ўрнига ундан-да тубига итқитдинг содда Юлдузни. Ҳали сендек беномусдан ҳаётнинг ўзи бир қадар ўч олмаса эди хонумонингни қақшатиб. Номардлик тамғаси осилди сенинг ҳароми бўйнингга!..
– Ким деган одам бўлдим-м, ким?.. Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдимми,а?!
Юлдузнинг ингроқли, синиқ товушини илғаб, унга астойдил раҳмим келиб кетди. Қандай овутишни билмасдим. Қилар ишни қилиб қўйиб, яна бошини силашга имкон қидирасанми, хезалак. Қандайдир куч қўлимни унинг боши тепасида тўхтатди. Лекин бир қувват ғолиб келиб, беихтиёр тўзғиб кетган сочларини силадим. У жирканиб, қўлимни юлқиб ташлади.
– Қочинг!.. Кетинг бу ердан!.. Нодон бўлмасам сизга ишонармидим. Мен калтаўй сизни одам деб ўйлаб… У бирдан жонни бирдек тилимловчи уввос тортиб юборди.- Аяжон, жоним онам… мен бахтиқаро қизингизни кечиринг. Ўзингиз бўлганингизда мени шу исқиртларга ташлаб қўярмидингиз, аяжон. Жонимдан кечиб чиққандим, номусимни армонлатиб қўйдим-ку, жоним онам. Энди нима қиламан? Бу иснодларга қандай чидайман, қандоқ.
У аччиқ нолалар қилди-ю, мен чўчинқираб кутганчалик айъюҳаннос солмади. Сочларини юлмади. Яйдоқ кабирада кимгаям дод соларди, танҳо менгами? Менга-я?!
Юлдуз судралиб ўрнидан базўр қўзғолди. Бетон ариқ ортидаги кўлмак томон кетди. Кўнглим ваҳималар ғалаёнларига беармон банди бўлган. Бунда ўта даҳшатли хаёллар ҳам кезинади, ҳам совуқ манзаралар болалагандан-болалайди. Шайтон истаган кўйига ҳам руҳиятимни, ҳам кайфиятимни жиловлаб ўйин тушираяпти. Шу топда хаёлимга совуқ бир ўй келди-ю, сапчиб ўрнимдан қўзғолдим. Яна ўзини бир бало қилиб юрмасин алам устида, билиб бўладими? Хайрият, Юлдузнинг сал наридагги буталар соясига чатишган қораси кўринди-ю, чуқур тин олдим. Аммо юрагим оғир қалқиб кетди. “Юракмиш! Ўзи сенда соф юракнинг бирор мисқоли борми, номард. Сен ҳали ўзингни одам қаторида санаб ўтирибсанми, сен-а?! Садқаи сар сенга одам деган улуғвор ном. Бирозгина ғурур, ор-номус бўлганидаям майли эди. Қани ўша фазилатлардан нишона? Шуми?! Пис, дегин, ҳа, балли! Энди бир умр мушукдек мулойим тортиб, пусиб яшайсан. Ҳатто оёқ олишингниям биров сезиб қолишидан ҳадиксираб кун кечирасан. Хавотирлик сенга умрбод йўлдош бўлди. Ташвишланма, бир бор шайтони лаъинни завқланиб опичладингми, бас, энди у сени истаганча миниб чопади…” Қўрқиб кетаяпман, бу нидоли хаёллар қаёқдан келаётир? Мунча қўрқинчли бўлмаса?..
Юлдуз бошини солинтирганча ҳиқиллаб ўтди-ю, машина эшигига ёпишди…

Юлдуз ҳикояси

Алдамчи сўқмоқлар

Эсимни таниганимдан буён уйимизда тинчликдан кўра, тўполон-жанжалнинг кули кўпиргани кўпроқ бўларди. Бир ёқдан эридан ажраб, еру кўкка ишонмайдиган тантиқ қизчаси билан кўч-кўронини кўтариб келган серзарда аммам, бир ёқдан синглисининг уйдирмасига учиб, шўрлик аямни тинимсиз калтаклайдиган дадам. Юз-кўзини кўриб бўлмайдиган аям билан қўшниларникида тунаган кечаларимиз. Тонг отгунча бошимни оҳиста, аммо титроқ билан силаб, маҳзун ўйга толган аямнинг ингичка, нимжон бармоқлари. Хастагина, майин юпанчларидан энтикиб, кўп нарсаларга ақлим етмаса-да, ич-ичимдан тошиб келиб бўғзимдан бўғишга шайланган қийноқлар чангали. Аямнинг ўта хўрланишларига чидолмай, бир бурчакка тиқилганча ўксиб-ўксиб йиғлаганларим… Ҳамма-ҳаммаси ҳамон кўз олдимда аянч билан жонланиб айланади. Хотира қатларида босириққан бемор каби аччиқ тўлғонтириб, ҳануз тинчимни олади.
Шу аммам ҳовлимиздаги бор-йўғи икки хонадан иборат пастаккина уйимизнинг бир ҳужрасига кўчиб келди-ю, гўё файз-барака бирдан кўтарилгандек бўлди. Тавба, бир шапалоқ нур туширмайдиган қулоч етмас ёнғоғимиз ўз-ўзидан қовжиради-қолди. Ҳар йили бошини еб, ҳосил тутадиган ўригимиз ҳам шиғиллаб ётган ғўрасини аллакимдан қизғонган каби битта қўймай тўкиб ташлади. Ҳар доим шарқираб, лим-лим оқадиган ариғимиз эса, сувсизликдан бадбўй балчиқ кўптириб, кўнгилни оздиришга тушди. Унинг устига мулойим кучугимиз негадир тажанглашиб, нуқул безовта акиллайдиган одат чиқариб қолди. Аммамнинг косов ўқталиб қувлашидан безиб, аллақаёққа бош олиб қочди-кетди. Шу таҳлит ҳовлимиз қандайдир мунгга кўмилгандек мунғайиб қолди.
Дадам, ёлғизгина синглим қаёққаям борарди, деб жони обдон ачиганди. Мен ҳам аммамнинг ташрифидан тоза суюнгандим, рости. Қизчаси овунчоқ бўлади-ку, деб ўйлагандим. Ундай бўлмади. Аммо аммам тузлиққа туфлаб қўйди. Дадам бўлса негадир ичкилликка ружу қўйиб, бор аламини аямдан оладиган қилиқ чиқарди. Ичса, ўзини ҳеч билмасди. Аммам эса бунақа пайтда ё эшигининг ичидан маҳкам тамбалаб оларди, ёки қорасиниям кўрсатмай, аллақайси дугонасиникига ғойиб бўлар эди. Жанжал сўниб, идиш-товоқлар, унга қўшилиб дераза ойналари чил-чил синган, ҳаммаёқ ост-уст бўлиб ётган маҳалда осмондан тушардими, ё ердан чиқардими, пайдо бўларди. Қоши зулукдек чимирилиб, кўзлари совуқ йилтиллаганча аям бечорани гап билан узиб-узиб оларди.
– Вой-бў, бу яна нимаси?! Нима бало, зилзила қўпдими бу ҳовлида?! Ҳой, қанақанги ивирсиган хотинсиз, кеннойижон. Манави зормандаларни супуриб-сидириб олсангиз, бўйнингиз кундага тушадими,а? Кўрар кўзга, эшитар қулоққа уят бўлса керак, адашмасам. Қани, туринг, чаққон-чаққон қимирланг-чи бир мундоқ. Шу кетишингизда акам шўрликнинг ажалидан беш кун олдин жонгинасини ўчирасиз-ку! Анави тил ўлгурни салгина тийсангиз, бирор жойингиз камайиб қолармиди?! Лўлининг уйи ҳам бунчалар хароб бўлмас. Ҳой, Юлдуз, қимирла, сен ҳам чақчаймай.
Аям ҳам, мен ҳам индолмасдик. Ғинг десак, дадамнинг қулоғига бошқачароқ йўсинда етиб борарди-ю, бутун “маза“сини аям шўрлик тотарди. Кейин-кейин ўз арзини акасига шубҳасиз ўткиза олишга кўзи етган аммам тантиқ қизининг оғирлигини ҳам бизга ортиб, бу томондан ҳам эза бошлади. Мениям шу ғалванинг ичига тиқди. Айниқса, дам олиш кунлари майда-чуйда юмушлари қайнаб қолар, арзандасининг кир-чирини чайиш ҳам менинг зиммамга тушганди. Улгурмай қолсам, дашномнинг остида қолиб кетардим.
– Ҳой, Юлдуз! Нега айтганларимни бажармадинг?! Анави ялмоғиз аячанг ўқитаяптими, сен зумрашани! Ҳали шошмай тур, даданг келсин, бир таъзирингни бердирмасам юрган эканман.
Юрагим шиғиллаб, қўрқиб кетардим. Кўз олдимдан менинг дастимдан аямнинг калтакланиши ўтиб, совуқ титроқ вужудимни бир зумда қоплай қоларди.
– Дарсларимни тайёрлаб олай, амма, кейин бира йўла чайиб қўяман. Бўлмаса муаллимамиз уришиб берадилар.
– Вой-вой, ўзи сен қилтириқ нусхадан ўғниқроқ одам чиқармикин бу ёруғ дунёда? Нима, ўқиб олам-жаҳонни оберармидинг менга! Бор, ишни бажар!
Ноилож унинг буюрган юмушларини қилмасдан қолмасдим. Фақат, фақат аям қақшамаса бас. Эртасига эса ўқитувчимдан дакки еб, паст баҳо олардим-да, бўзрайганча уйга қайтардим. Уй бурчагига тиқилиб олганча тўйиб-тўйиб йиғлардим. Гап бундаям эмасди, гап дадам зуғумининг рўкач қилиниб, чўчитилишида эди. Айниқса, баъзи-бир найнов болаларнинг, пиянистанинг қизи, дегувчи масхараларини ҳам ҳеч ўзимга сиғдиролмасдим. Юрак-юрагим ўйилиб битарди бу каби камситишлардан.
Неча маротаба маҳалла-кўй аралашгандек бўлди. Гўё аммам ҳам, дадам ҳам инсофга келишгандек бўлардилару, ҳеч қанча ўтмай, яна ўша аҳвол бадбин башарасини кўрсатиб такрорланарди.
Дадам тўшакка михланишидан олдин бир бор, омонатини топширишидан аввал яна бир марта рўзғор бойлаб қайтган аммам ўзининг инсон деган муқаддас туйғудан анча йироқ тушганлигини ҳеч-ҳеч тан олмас эди.
Менинг хаёлий истакларим ҳеч кўз оча қолмасди. Аммамни тағин “сўроқлаб“ келишса-ю, тинчимизни топа қолсак, дердим орзуланиб. Бу каби тилакларимга қўшнимиз Рокия опа хотима берди-ю, борки ҳафсалам ҳавога учди-кетди.
– Бу дардисарнинг яқинига одам тугул ит ҳам йўламайди сираям. Кун ёришганда уйқудан аранг кўз очса, эр шўрликни оёғи учи нари турсин, нақ бурнида кўрсатса. Бу нимаси ахир. Эрни эр қилган ҳам хотин, қаро ер қилган ҳам шу. Қайси бош оғриққа дармон экан бунақангилар, ҳайронман. Қачонки, эрнинг кўнглини топади, ундан кейин умиди устун, турмуши дуркун бўлади хотин кишининг. Бу тентак эса, осмондаги ой, пичоқдаги мой. Фаросатда тойиб кетаётгани парвосигаям келмайди. Ойнинг юзидаги доғи баҳона бундайларга. Аммо-лекин дунёнинг бир қадар тескарилиги ҳам бор: бу каби девор минган сочи паҳмоқлар ҳаммадан ўтиб кетган бахтли-тахтли.
Қўшни аёл тўғри айтган экан. Ҳеч ким эшик турумини бузишни хаёлигаям келтирмасди ҳатто. Аммам эса кўзига сурма, қошига ўсма чаплаб, ойжамолгина бўлиб жанжалнинг инига косов тиқишдан сира толмасди. Кўнгил ҳузури маишатида эди.
Бир нарсага ҳайрон қолардимки, аям дадамни ҳеч вақт ёмонотлиқ қилмасди. Дўппослаб калтаклаганида ҳам қўшниларнинг гап олиш учун ташлаган пинҳона илмоқларига парво қилмас, оҳиста жавоб йўллаб қўя қоларди.
– Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёғду билан, дейишади-ку, айланайлар. Бир кун инсоф туғиб, вазмин тортиб қолса, ажабмас. Ўзи сира ёмон эмаслар, жаҳллари чакки холос. Ҳар кимдаяи ўзига ярашаси бор-да…

* * *

Дадам биқинида кучли санчиқ туриши баҳона, бориб-бориб тўшакка қапишди. Ойлаб шу таҳлитда жон ҳовучлаб қолди. Борган сайин оғирлашиб борарди. Бир куни кечга яқин мени чақириб олиб, ёнидан бир қарич ҳам силжитмади. Кўкрак қафаси босқондек чиқиб-тушади. Юзидаги ажинлари ғижимланиб, ранги захиллашиб қолган. Қўл панжалари акашак тортиб, пайлари туртиб чиққан. Жон томирлари эса ингичкалашиб хунук кўкишранг олгандек эди. Тирноқлариям бир ғалати сарғиштоб тусга кирганди.
Чиранишидан қаттиқ қийналаётганлигини сезган аям бир нималарни оҳиста, аммо нимадандир ҳадиксирагандек пичирлаб, қайта-қайта такрорлади-да, дадамнинг жиққа терга ботган пешонасини докага шимдираркан, лаблари пирпираганча ўкраб юборди.
– Дадажониси, биздан рози бўлинг… Биз ҳам сиздан розимиз, мингдан-минг розимиз…
Шундан кейингина дадамнинг хавотирли юз-кўзларида мамнунлик балқиб интиқ анграйди-ю, узун нафас пуфлади. Юмилиб қолган кафтлари аста ёйилди. Уй ичини бирдан аямнинг аччиқ ўкириги тутиб, оёқ-қўлларимда қалтироқ туриб қолди. Ниҳоятда қўрқиб кетган эканманми, бир ҳафтага яқин ҳуд-беҳуд ётиб қолдим. Аям тинмай зорланади.
– Жон қизим, кўзингни оч. Сендан бошқа кимим қолди бу ёруғ дунёда.
Шифохонада даволаниб, ҳеч қанча ўтмай яхши бўлиб кетдиму, лекин юрагим муттасил титраб турадиган бўлиб қолди. Иссиқ ҳароратни кўтара олмасдим. Совуққа эса чидолмасдим.
Ҳар қурса аям дадамни яхши кўришларини сезиб қолдим. Кўпинча дадамнинг суратини олдига қўйиб, маъюс тикилиб ўтирганининг устидан чиқиб қоламан. Шунда кўзлари жиққа ёшга тўлганлигидан бир хил бўлиб кетаман.

* * *

Дадамдан айрилгач, аммамдан яна бир қадар юрак олдириб қўйдим. У суяксиз тилига зеб бериб, аямни ҳеч ҳол-жонига қўймади. Унинг ниятини ҳеч тушуниб бўлмасди. Бу вақтда тирранча қизиям мактабга қатнаб қолган, тилиям дурустгина чиқиб, онаси ёрдамида бурро чархланарди. Кези келса қўшқанотлик ҳам қилиб қоларди. Минг афсуски, шу аммамнинг зуғуми сира тийилмади. Аммо баъзи маҳалларда руҳиятига хос иноқлашиб қолар, топган матоҳи ҳасратнинг уяси эди. Шунда унинг феъл-атвори нақадар чигал эканлигини англаб етардим.
Ҳаммасидан ҳам алам қиладиган жойи – бечора аям бу дунёнинг оғир заҳматидан кечиб, кўз юмганда олдиларида бўлолмадим. Васиятларини ва ҳатто сўнгги сўзларини ҳам эшитолмадим. Аммамнинг зуғуми менга қаратилгач, бошим узра оғир тош оғаётгандек титроққа тушардим.
Раҳматли аям бир куни бир сирни айтиб, аммамнинг кимлигини билдириб қўйганди.
– Қизим, аммангдан хафаланиб, ортиқ ўзингни қийнама. У кишимга йўргакда теккан касаллик бу. Қайнота ва қайнонамлар ҳам шунинг ташвишида жигар-бағрилари куйиб ўтиб кетишди. Амманг аёзда тўғнамас, иссиқда эримаслардан.
Шу қадрдон ҳовлимиздан дадам билан аямнинг руҳларини чирқиллатиб узилишлик истаги ҳатто хаёлимгаям келмаган эди-ю, аммамнинг бир гапи наштардек санчилиб, ич-этимни тилиб ташлади.
– Юлдуз!- деди бир кун мулойимлашиб.- Сениям бўйинг етиб, силлиқлашиб қолдинг. Ахир шундоқ юришинг… энди-и… чиройли бўлмаса керак. Барибир бир кун келиб туясанда эркак тафтини. Билсанг, ишхонамизда шун-нақанги келишган бир йигит борки, оҳ, кўрсанг қайтиб-қайтиб боққинг келаверади. Эҳ-ҳ, шунақа пайтда қайтадан бокираликка айланиб қолсангу… У шалоқ оғзини тўсганча беҳаё сузилиб қиқирлади.- Нима дединг, қақажон. Ҳа, бир нима дегин энди одамнинг кўнглини ланж қилмай.
Аввал унга анграйганча қотиб қолдим. Бир зум шу кепатада каловланиб тургач, ҳушимни йиғдиму жонҳолатда қичқирдим.
– Ниятингиз ўзингизга сийлов, билдингизми?!
Бошқа гап тополмаганимдан аламим тошиб, ўкраб юбордим. Ич-ичим тирналгандан-тирналади. Ажаб, нима учун у юзсизнинг бетига дурустроқ сапчий олмадим, нимага? Ё қўрқдимми? Ростдан ҳам қўрққандирман. Эҳтимол, жанжалнинг қўпишидан кўпроқ безиб кетганимдандир. Нима бўлгандаям ўзимнинг бу қадар заифлигимдан, эрксизлигимдан ва яна қўрқоқлигимдан нафратланиб-нафратланиб кетдим.

* * *

Инсонда шундайин бир ожизлик мавжудки, биров аламингни қўққис қўзғотган вақтида бош кўтармаган аччиқ-тиззиқ гаплар жанжал сўнгач, ҳар ёндан қийнаб, исён кўтариб қолади. Шундай алам қиладики… Хаёлан бирам олишиб қоласанки рақибинг билан, асти қўяверасан. Хуморингдан чиққандек бўласан, лекин барибир ношудлигингдан ич-ичингдан куйиб-куйиб кул бўлаверасан, бўлаверасан. Ҳозир мен ҳам шу гирдобда эзғиланиб, қиймаланардим. Аям бўлганида бу шўртумшуқнинг гапи зиғирча ҳам таъсир қилмаган ёки гапиролмаган бўлармиди? Яккаланганимдан фойдаланиб сийлаган гапи шу бўлдими? Ўшанинг билан ўзинг қўшмозор бўлмайсанми менга деса! Ана, жуда керак бўлса полопон “ажинагул“ингни бирозгина улғайтириб, истаган “кўз куяр“ингга “ҳадя“ қилавер. Нечта эр, нечта чимилдиқ юзини кўрган сендақанги эргадоларнинг қадр-қимматинг бир чақалигини ким билмабди экан?! Гўёки бежирим, йилтироқ қоғозга ўроғлиқ сифатли қанддек билишади ўзларини бунақангилар. Ҳе, кепатанг бундан баттар қурисин, сен юзсизнинг.
Шу сабаб бўлди-ю, хаёлимга фақат иффат пардасини йўқотган шу ҳовлидан бош олиб чиқиш истаги туғилди. Туғилди-ю, шу хоҳиш сира тинчлик бермай қўйди. Шуни режалаштириб турганимда лоп этиб Эркин ака кўз олдимга келди-ю, жонланиб кетдим. Кўнармикин? Бош чайқаб қолса нима қиламан? Таваккаллига айтиб кўрганимда эса, бир-икки маслаҳат солгандек бўлди. Қарорим қатъийлигини билгач, йўриғини тополмадими индамай қолди. Зарур нарсаларимни, айниқса, дадам билан аямнинг сарғайиб кетган суратларини олдиму, яхшилаб жойлаб қўйдим. Саҳар туриб, қабристонга йўл олдим. Аям билан дадамнинг қабрларини бирма-бир қучиб йиғлаганча дийдиёимни тўкиб солдим.
– Менгинани қайларга ташлаб кетдиларинг, дадажоним, жоним аяжоним. Кимларга сомондек сарғайтириб қўйдиларинг мендек саргардон етимчани?! Сизлардан ўзга кимгаям керагим бор эди, кимга? Ўзларинг билан ола кетсаларинг бўлмасмиди? Аммамнинг зулмидан тўйдим, дадажон. Арвоҳларинг чирқилламасин бош олиб кетишимга. Бошқа иложим ҳам йўқ, аяжон… Рози бўлинглар, рози…
Тўйиб-тўйиб йиғлаганча оёғимни базўр судраб қабристондан чиқдим. Тўғри ишхонамга йўл олдим. Ҳарҳолда анчайин кексайиб қолган ферма мудири пайсалга солиб ўтирмай, аризамга имзо чекиб бера қолди. Лекин ишдан бутунлай кетиб чакки қилаётганлигимни, аямнинг излари шу ерда қотганини, ҳар қадам руҳи кезиб юрганлигини куюнганча гапириб ўтди. Қандайдир куч эса сабримга тош босгудек юрагимни тилади, онангнинг руҳини азоблама, дейди. Ич-ичимдан унсиз бўзлайман. Негадир бирга ишлаган сут соғувчи дугоналаримдан сира-сира айрилгим келмайди. Худди шу даргоҳнинг оддийгина туюлган тупроғигача мунғайиб кузатиб қолаётгандек орзиқиб кетаман…
Йўл-йўлакай қўшни кампирникига кириб бордим. Садбар хола офтобрўя ерга эски шолча тўшаб, кўрпа қавиётган экан. Менга кўзи тушиши ҳамоно айланиб-ўргилиб кўришишга ошиқди. Ниятимни айтганимда эса, аввал ҳам ҳайратланарли, ҳам совуқ анграйди. Сўнг мақсадимнинг қатъийлигини англагач, хиралик акс ура бошлаган кўзларида ёш қалқиб, ҳирқироқ оҳангда овута бошлади.
– Вой, сен тентаккина-я, мениям ғалати ҳолга тушириб қўйдинг. Бу хаёлларингнинг бариси беҳуда. Эсингни йиғмасанг бўлмайди, болам. Ота-онангнинг арвоҳини ўйла, руҳларига беадад тиловат қилишни бил. Биттаю-битта чироқ ёққувчиси ўзинг-ку! Қиз бола бошинг билан қаерга ҳам борасан, жоним болам. Раҳматли Жамила бўлганида сени шу аҳволда кўрармидим-а?! Қўй, ўзингни бос. Шайтонга ҳайф бер. Яхшигина жойдан чиқиб қолса, рўзғорга ўралашиб, ташвишгаям кўмилиб кетасан, қизим.
– Йўқ, холажон. Мени тушунмадингиз. Тўғриси, тўйиб кетдим. Борган жойимда хор қилиб қўйишмас. Аммамни кўраяпсиз-ку!.. Эс-эс биламан, аямнинг Қўқон томонларда аллақандай холалари бор. Ўша ёққа бораман. Болалигимда кўп борганмиз. Борди-келдимиз яхши эди. Кейинчалик ортмадикми, бир-биримиздан узилиб қолдик. Ўзларига тўқ оилалигини биламан. Ҳарқалай, қариндошчилик – минг йилчилик, деган гап бор-ку.
– Кўп ҳам ўзингга олаверма. Калта ўйлама ҳам. Бировнинг эшигига сарғайиб боришнинг ўзи бор, жон қизим. Ўз жойинг ўлан тўшагинг. Йўқчилик маҳали эмас-ку ахир, тирикчиликни важ қилиб саргардонликни бошдан кечиришга мажбур бўлсанг… Бир кун келиб амманг ҳам инсофга келиб қолар, шундоқ қотиб қолмас. Ёмоннинг кучи япалоққа, деганлар, сабр қил. Мағзава одам кўпиклашаверади-да.
Садбар хола овунчоқ бисотидан бошқа ўринли далда тополмади шекилли, қавиётган кўрпасига нинасини бетартиб ботирганча узоқ ўйга толиқди. Гўё боши суяги туртиб чиққан озғингина елкаларига омонат ўрнашгандек килкиллади. Қорамағиз юзи енгил учиб, қуруқшаган лаблари тамшанди. Бўйин терисига илашгандек қатланган юпқа ажинлар эса тўр солиб, беўхшов осилиб тушди. Шу ҳолат уни менинг тақдиримга астойдил ачинаётганлигидан дарак берганидан ғалати бўлиб кетаёздим. Бироқ юрагимдаги аланга тафти бу билан ҳам босилмади, сўнмади. Садбар хола, бекор қилаяпсан-да, жон қизим, деганча чирқиллаб қолаверди.

* * *

Ҳувиллаган ҳовлимизга киргач, кўнглим бир қадар безиллаб, узоқ туриб қолдим. Бирдан бўғзимга тиқилган ички дард ўз кучини кўрсатиб, тўлиб кетдим. Шошиб уйга кирдиму, аччиқ ўкраб юбордим. Уй деворларини, аям қавиган кўрпа-тўшакларни кўзларимга тўтиё суртиб, ўзимни ҳеч тия олмасдим. Ичимдан тошаётган аччиқ хўрсиниқлардан қийналиб, томоғим чандон бўғриқиб ачишади. Дувиллаб қуйилаётган ёшлар кўз олдимга хира парда тортган, бошим чидаб бўлмас даражада оғрир, бу азиз ва қадрдон хонадондан мутлоқ бош олиб узилишлик қанчалар оғирлигини шу пайтда чуқур англаб, юрагим эзилгандан-эзилади. Нима қилай, қандоқ қилай? Аям, дадам бўлганларидаям майли эди. Майли эди, жанжалнинг уяси бўлгандаям. Ўз отанг, ўз онанг бўлмаганидан кейин қаергаям сиғардинг? Ўғил бола бўлганимдаям бир нави эди. Қиз боланинг шаъни нозик. Ёмон гап бир бор гарданингга ёзилмасин. Муҳрландими, тамом, минг бор ўзингни оқлашга уринма, чиранишларингнинг бариси бефойда. Белингнинг сингани қолади, холос.
Яна ҳар бир жиҳозни, девор гардларини кўзларимга қайта-қайта суртиб, юм-юм йиғладим. Ҳақиқатан ҳам ўз кулбангдан ажралиш бунчалар оғир. Наҳот, шу кичиккина ватаннинг ўзиёқ қанчалар азиз, қанчалар қадрли, қанчалар сирли-синоатли. Шунчалар бағри қайноқми ватан туйғусининг? Гўёки бир дунё тилсим яшириниб ётгандек ўзига бунчалар тортмаса. Тавба, шунақа пайтда одам сезгир бўлиб қоларканми, ҳатто манави жиҳозлар ҳам, бари-бариси “кетма-кетма!” деяётгандек туюлади. Гўё ҳовлимизнинг ҳар бир қаричи зор-зор қақшаётгандек аччиқ тўлғонади…
Аямнинг изини излаб узоқ тентирадим. Юрагим тўлиб келади. Бўғзимни йиртгудек бўлади. Титроқ вужудимни ўз измига олади. Минг бўзлаб кўнглим сира ёришмайди. Бир куч ёпирилиб келади. Оёқ-қўлларимни шафқатсиз кишанлайди, кетмайсан, дейди қатъий. Яна бир куч аччиқ алам ёшларини етаклаб келади. “Бу ердан кета қол, бу ерда сенинг ҳеч киминг бўлмаса энди” дейди куюнгандек. Беҳол бўлганча ўтириб қоламан. Аямнинг девор сиртидаги қозиқда илинган қора бахмал нимчасига бехос кўзим тушиб, ўрнимдан сапчиб тавоф қилишга тушаман. Йиғидан яна бошим айланади. Кўнглим беҳузур бўлади. Минг азобларда қадрдон, киндик қони тўкилган, болалик чоғларимни деворларига, шифтларига санчиб муҳрлаган, шўх қийқириқларимни осмонга отган, хархашаларимни дераза ойналарига сингдирган муқаддас хонадонимни, ҳамон менинг тақдиримни зор-қақшаб кузатаётган ота-онамнинг руҳий назарлари қаршисида армонларга тўлган ватанимни ўзим бўзлаб, уни бўзлатиб ташлаб чиқарканман, тарк этишлик инсон руҳиятидаги занжирларнинг оғриб узилишлигининг биттаси шу эканлигини англаб етдим. Баъзан қулоғимизга кутилмаган паллада бирорта қўшнининг уйи сотилаётганлиги ҳақидаги хабар чалиниб қолса, бепарво қулоқ тутамиз. Юрагимиз жиз этиб қўймайди ҳатто. Титроқли ҳислар ҳам рўбарў келмас эҳтимол. Чунки бу ташвиш бизнинг тақдиримизда эмас, ўзганики-да. Қачонки бошимизга тушгандагина биламиз бу савдолар қанчалар чигал ёки оғирлигини. Ўша кимса уйини сотиб бўлгач, собиқ қўрғонини боши эгик ҳолда кўзи қиймай ташлаб чиқаётгани сабабини билмаймиз, бундан мосувомиз. У фақат бу азиз кулбасида кечирган масъуд кунларини хотиридан четлатолмай қадам узади. Бу ердан кетишига кимдир, ёки нимадир чигаллик ташлаганидан дили оғриниб, хотирига жамлар эҳтимол…
Ҳозирда мен ўзим бошқача ҳодисанинг ичида минг азобларда каловланиб ётибман. Гўёки аммам дунёда бирдан-бир меҳрибон кишимдек. Гўё у менгаям, аямгаям ҳеч қачон зуғум қилмагандек. Зуғум қилган тақдирдаям гўё шундай бўлиши керакдек туюлади. Шу пайт бир нима ўқдек учиб, кўз олдимда юз кўрсатди. Дадам жигарлари хасталаниб, тўшакка михланганида менга илтижо қилиб, кўзига ёш олганди. Афсус-надоматлар қилганди. Негадир кўнглим тўлиқиб, унсиз йиғлагандим ўшанда. Эркак киши йиғласа ҳам хунук, ҳам ғалати туюларканми, эҳтимол шу таъсир қилиб йиғлаганманми, ё бошқами ҳозиргача билолмайман. “Жамила,- деганди ҳам менга, ҳам аямга оғир ютоқиб.- Сени… сизларни кўп қийнадим. Кечиринглар мени… Мен, нодон, ўз турмушимга ўзим шўр тўкибман ўйлаб қарасам. Синглимни кўчириб келиб, чакки қилган эканман. Мени деб қизимиз ҳам анча жабр кўрди шўрлик. Сенга васиятим: биз ўқиёлмадик, жилла қурса шу қиз ўқисин, билимли бўлсин. Орзум шу. Жамила, Юлдузнинг ё тақдирини ўйлашга, ё оталик меҳрини беришга ўзимда идрок тополмаган эканман. Ҳамма айб ўзимда экан, ҳаммаси, афсус…”
Оғир хаёлга чўмиб, узоқ ўтириб қолдим. Ҳеч-ҳеч кетгим келмайди. Бироқ қолиб ҳам бўлмайди. Ўрнимдан беҳолгина қўзғолиб, сўнгги бор уй ичида маъюслик инган нигоҳим кезиб, кўнглим бир қадар ўксиганча ташқарига мунғайиб йўналдим. Ҳовлимиз саҳнида ҳам оғир нафас ютоқиб турарканман, аламим янаям тошиб, ҳиқиллаб йиғлаб юбордим. Сўриток устунига суянганча атрофни совуққина кузатдим. Бошимни хам қилганча азиз ва қадрдон кулбамни, суюкли қўрғонимни тарк этдим.

* * *

Йўлдаги ҳамроҳ дўст бўлмас экан. Бу беномусликдан кўра ўлганим минг карра яхши эмасмиди?! Нима қилиб қўйдим, мен тентак. Иффатимни, ор-номусимни ер билан битта қилдим-ку! Ўзимни судраб келиб шу гадойтопмас жаҳаннамга ташладимми? Ҳа, Садбар хола тўғри айтган экан. Сабр қилсам бўлмасмиди? Бир умр ўша аммамнинг зулм қонини ичсам ҳам ўлиб қолмасдим шекилли. Шу кепатада қандай бораман энди аямнинг холасиникига? Ҳали у мени танирмикин, эслармикин? Ҳар нечук ҳаётмикин? Наҳот, бу тўғрида энди фикрлаб турибман. Нега энди айнан бошимга кулфат ёғилиб турган он фаҳмим чархланиб қолди? Э, воҳ, бу дунё бунчалар тескари, шунчалар чигалми? Кейинги пушмон, ўзингга душман, деб бежиз айтишмаган экан-да! Мана сенга ўзбошимчаликнинг давоси. У ёғига ўтсанг ҳам дардингга шифо топасан, бу ёғига ўргилсанг ҳам. Шу маҳалда анавининг юзига чанг солгим, хумор тортган жонини суғуриб олгим келиб кетди. Лекин айнан шу зайлда килдираб туришимда ҳеч нимага кучим етмайди, биламан. Аслида эса етмайди ҳам. Аммо ҳамма айб ўзимдалигини кейин тўла фаҳмлаб, ўзимнинг жонимни суғургим келиб кетди. Қай иффат, қай виждон билан журъат этдим унинг чаккасидаги қорамойни артишга? Воҳ, шу нодонлигим оқибатида тақдиримга ўчмас алам тамғасини бир умрга тотигулик тарзда бостириб олдим-ку! Во, ажаб, ақлимни кишанлаб, мени бу ёқларга иблиси лаъин таъқиб этиб келган экан-да! Оҳ, бу аламлар исканжасида бир умр қийналиб яшарканман-да энди.
Бу унутилмас мудҳиш тун номусимга дастак бўлган “кимса“нинг ялиниб-ёлбориши билан ўтди. Мен нодонгинаям нима қилардим энди? Ўлганимнинг кунидан унинг пойма-пой ваъдаларига ноилож кўндим. Ҳозир қонунга ёпишсам, ҳамма айб ўзимда бўлса. Боз устига бу иснод аммамнинг тешик қулоғига етиб боргудек бўлса борми, тамом, севинганидан терисига сиғмай, умри узаяди. Унинг чилдирмасига мен ўйин бериб, у покиза аёлга айланади-қолади. Нима дедим? Покиза дедимми?! Мен ўзим покизаманми? Мен-а?! Шу совуқдан-совуқ ўй юрак-юрагимни тирнаб-тилимлаб, куйдириб ўтди. Нима бўлгандаям пешонамдан кўрдим. Бир тасалли кўнглимни ҳам аччиқ эзиб, ҳам оғир овутгандек бўлди. “Энди сен жувонлик либосидасан. Қизлик иззатингни ўз қўлинг билан тўйсиз-чимилдиқсиз, орзусиз-мақсадсиз, ўйин-кулгусиз ҳақоратли тусда “ҳадя“ этдинг. Иффатнинг кўзига чўп тиқдинг. Унинг чил-чил синган минг қирра парчалари қўлингда хотирот сифатида муаллақ қолди. Уни сақлаб қўй, асқотиб қолади. Гоҳи-гоҳ термулиб, ўтмишингни эслаб турарсан. Хотирингни чархлаб ҳам оларсан ва ҳатто ақлингниям жамлаб юрарсан. Ҳарҳолда тилингнинг қисиқлиги букик бўйингни бировларга кўрсатмай турар. Истасанг хафа бўл, хоҳласанг қувон. Бу сенинг хоҳиш-иродангга боғлик, бироқ анави нафси бузуқ ёввойи сенга бедаво эр бўлди, сен калтабин эса аллақандай маъшуқа хотин. Бошқа йўл ҳам йўқ. Танангга боқиб кўрсанг гар: ундан ўзга яқининг ҳам йўқ. Фақат сабр қил, ўлмайсан. Лекин бир томони бор: сув келса симирасан, тош ёғса кемирасан. Аммо ҳадик ва хавотир бир умрлик ҳамроҳингга айланди… “

* * *

Эркин ака ижарага жой топиб мени қолдирди-ю, ўзи айтгандек бир ҳафтадан кейин келди. Унгача шайтоннинг жонли ўйинчоғига айланиб, унинг минг тур кўчаларида сарсари кездим. Йўқ, мен ўйлаганчалик у номардлик қилмади, аро йўлда қақшатиб ташлаб кетмади, шунисига шукр. Лекин шу ҳовлига эга бўлгунча ижара эгаларининг қош-қовоғига термулавериб, заҳар-заққум ачитишларини эшитавериб, жонимда дармон қолмаганди. Яйраб қоладиган кунимиз ҳам бор экан. Эркин акам чоғроққина бўлсаям шу ҳовлини қарз-ҳавола қилиб олиб берди-ю, кўча-кўчдан қутулдим. Гўзалнинг эчкидек ирғишлашини кўриб, йиғлаб юбораёздим. Болаям биларкан-да ўз ватанида эркин яйраб-қувнашни.
Гўзал бўй чўзган сари ҳам суюнар, ҳам минг хавотирга банди бўлиб қўрқардим. Ўзимнинг тақдирим бунақанги бўлганига уни ҳар бало-қазодан асрашга интилардим. Кечаю кундуз бетиним таваллолар қилиб чиқардим. Унинг кўнглига қараб, Фарғонага бориб ўқиши учун ўзим изн бердиму, ўзимнинг бағрим ҳувиллаб қолди. Унинг устига дадаси ҳам сафаридан ҳеч ортмайди. Яхшиям қўшнилар бор, бир-биримиздан хабардор бўлиб турамиз. Лекин уйнинг устуни муқим бўлмаса қийин экан. Нимаям қилардим, ўзимнинг шўргина шўрвам ўзимга сийлов…

Гўзал ҳикояси

Ишқнинг учқуни

Болалигимда жуда кўп нарсаларга қизиқардим. Табиат шайдоси эдим. Айниқса, тоғларга чиққим, гуллар тергим, кўм-кўк ўтлоқларда қувнаб-ўйнагим келарди. Нимаики истасам, ўша нарса муҳайё бўлишини жон-дилимдан тиланиб, орзулар қилардим. Аям ўта инжиқ бўлганлиги учунми, унга ичимдагини ботиниб айтолмасдим. Уришиб бериши тайинлигини билганим учун ҳам индолмасдим. “Ундан кўра, уйларни саришта тутишни ўрган. Менинг қўлимдан юмушимни ол“, деб дамимни кесарди. Дадам ўзи айтмоқчи “меҳмонхона“сига сафаридан қайтиб келганида зорланишга тушардим.
Олтинчиними, еттинчи синфними тамомлаб, ёзги таътилга чиққан кунларимиз эди. Ҳар тонг, ҳар тун бир хил кечаверганидан зерикиб, сафаридан қайтган дадамга яна ёлвордим.
– Дадажон, мени яна Фарғонага олиб боринг. Шоҳимардондаги оромгоҳ жуда маъқул эди. Мазза қилгандим.
– Хўп, қизим, хўп. Сени обораману, лекин анави ваҳимачи аянг тағин юрагини ҳовучлаб ўтирмасмикин. Биласан-ку замбарак тўпига нишон қилишини. Бир ҳафта тугул икки кун бўлмай, қайтариб келинг, деб қисталанг қилиб қоладиган одати борлигини ҳам жуда яхши биласан шекилли.
– Энди демайдилар. Катта қиз бўлиб қолдим-ку ахир.
– Катта бўлган саринг менга ташвиш тушаяпти-да, тентак қиз. Бир четда сабзи кертаётган аям гапимизга аралашди.- Сен қиз, ниманиям ўйлардинг?! Яхши бор, ёмон бор…
Аям шундай деб ўзининг гапидан ўзи қаттиқ таъсир олдими, дув бўзарганча ерга михланиб қолгандек бўлди. Лаблари билинар-билинмас пирпираб қўйди. Дадам ҳам негадир мулзам тортгандек оғир қимирлаб, чуқур тин олди. Маълум бир вақт зерикарли сукут ва сукунат ҳукм сурганидан ичим тошдими, жимликни буздим. Сабрим чидамаса нима қилай ахир.
– Дадажон, нега бу уйимизни “меҳмонхона“ дейсиз?
Жим бўлиб қолган дадам қошини ғалати чимириб, қизаринқирашлик олгандек бўлди. Яна аям аралашди.
– Шуниям билмайсанми, қизим,- деди салмоқлаб.- Дадангга кўча уй, бу каталак меҳмонхона, билиб ол.
Ҳеч нимага тушунмай ер остидан дадамга қарадим. У бўлса энди базўр кулимсираб, чап кўзини оҳиста қисиб қўйди. Аям сабзини тўғраб бўлди шекилли, ўрнидан аста қўзғолди. Увушган оёқларини оғир судраганча ошхонага йўналди. Ажаб, дадам қачонки сафардан қайтса, албатта, ош дамланади, ёки бўлмаса сергўшт чучвара тугилади.
Ўшанда дадамни ҳол-жонига қўймай тажанглигим ошганди, оромгоҳга оборасиз, деб. Бироқ дадам айтганимни бу сафар бажо келтирмади.
– Қўй энди, қизим, аввал мактабни битириб ол. Сўнг бира йўла ўша ёққа ўқишга борасан. Бош омон бўлиб насиб қўшса, ўзим ёрдам қиламан. Ундан кўра аянгга дастёрлик қил. Шўрлик қийналиб кетди. Мени кўриб турибсан-ку ахир, ҳар доим ҳам бўш эмасман.

* * *

Суюниб кетгандим ўшанда. Болалик қизиқишларим бироз чекиниб, ўй-хаёлимни фақат яхши ўқиш истаги эгаллаганди. Мактабни битирганимда эса, дадам негадир ўзини орқага ташлаб қолди.
– Қиз болага мусофирчилик ярашмайди, қизим. Қийналиб қоласан. Нима, Фарғонага боришинг шартми? Шу ердаям ўқисанг бўлаверади-ку!
– Йўқ! Ўша ёққа кўнглим чопаяпти. Ахир ўзингиз ҳам айтгандингиз-ку, ўзим ёрдам қиламан, деб. Майли, шу тарафидан ўйланаётган бўлсангиз хавотир бўлманг, дадажон. Мен ўзимнинг билимимга тўла ишонаман. Мана қараб турасиз, мен, албатта, имтиҳонларни аъло баҳоларга топшираман. Дугоналарим ҳам ўша ёққа отланишган. Ҳужжатларини тайёрлашаяпти. Фарғонанинг баҳаво, сўлим жойлар эканига қизиқтириб қўйганман. Шунча таърифларим, тавсифларимдан кейин ўзим биргалашиб бормасам бўлмайди-да! Жон дадажон, хўп, дея қолинг.
Бу сафар аям негадир юмшаб қолди.
– Майли, мен-ку ўқиёлмадим. Ҳеч қурса қизимиз армонда қолмасин, дадажониси. Борки орзу-умидларимиз шундан.
Аям гапираётиб дадамга илмоқли назар ташлади. Дадам бўлса маҳзунлик илашган нигоҳида негадир ер чизиб қолди. Ҳайрон бўлдим. Баъзида аям билан дадамнинг ўрталарида бўлиб турадиган шунақанги тагдор қочирим ёки учиримларга бехос рўпара келинганида қандайдир уқиб бўлмас чигаллик устунлигининг учи кўрингандек бўларди-ю, ғалати аҳволга тушиб қолаёзардим. Минг ўйласам ҳам барибир ақлим етмаслигини англаб, қайтиб бу тўғрида ўйламасликка уринардим. Шунақа пайтда негадир дадамга ич-ичимдан ачиниб кетар, негалигини эса ўзим ҳам билмасдим.
Аммо-лекин ҳозир аямнинг илтифотидан дунёга сиғмай кетаёздим. Қувонмай бўларканми?! Фарғонага бораману, севинмай қаёққа?!
Аям ўзи Фарғонага бирга бориб, то ҳужжатлар топширилиб, имтиҳонлар натижаси аниқ бўлгунга қадар биз дугоналар билан бирга бўлди. Талабалик қувончи юрагимни ёрай дейди. Мендан ўзга бахтиёр одам йўқдек гўё. Ўзимни қаерга қўйишни, яна кимлар биландир севинчимни бўлишишни билолмай сархушман. Ўқиш вақтини билгач, хурсанд уйга қайтдик.
Дадам сафаридан қайтганида бўйнига чиппа осилиб, суюнчилаганимдаги манзарани ҳеч-ҳеч кўз ўнгимдан кеткизолмайман. Дадамнинг кўзларидаги совуқ ҳорғинликка қоришиқ саросималик миттигина чақин чизиб, бир зумда сўнгандек бўлганди ўшанда. Тилидан аранг шилиниб узилган, қуллуқ бўлсин, қизим, изҳорини қандайдир сохталик, мажбурийликка ўхшаш ғалати тараддуд ва аллақандай ланж кайфият ҳисси эгаллаганди. Шунда кўнглимнинг бир чети беҳузур ачишиб, “Нега?“, “Нега энди?”, дегувчи оғриқли саволлар қамраб олганди. Эҳтимол, дадамнинг раъйига қарши чиққанлигимиз боис, шунақа қилаяптимикин, деган тасалли бу саволларни бироз қувалагандек бўлганди-ю, барибир, барибир кўнглим ғаш тортиб қолаверганди.

* * *

Қишлоқ хўжалик олийгоҳи ён-веридаги қаватли уйлардан ижарага қўним топилгач, аям йўлга отланиб қолди. Кетар маҳалида қулоғимни пишириб қўйди.
– Билиб қўй, қиз боласан. Гулдек нозик маҳалинг. Унинг устига бегона жой. Ўзингга маҳкам бўл! Ўзим тез-тез хабар олиб тураман. Даданггаям тайинлаб қўяман.
Ўқиш фаолиятини минг энтикишлар, чексиз ҳаяжонлар билан бошлаб юбордик. Бу дақиқалар бутун вужудимни ўз измига олган, ажиб ҳиссиётлар ва ширин хаёлотлар борлиқ сари гўё ўтдек сочилгандек туюлади.
Хонада тўрт қизмиз. Ой тўлар-тўлмас пахта йиғим-теримига карвон бўлиб йўлга тушдик. Даврон билан эса ўша ерда танишиб қолдик. Чунки курсдошлар бу пайтгача яқинроқ танишиб улгурмагандик. Биримиз у ёқдан, биримиз бу ёқдан бўлганлигимиз боис, ётсираброқ юрувдик. Бу ерда гўё бир оилага айланиб қолгандекмиз. Теримдан ҳориб қайтганимизда кечки овқатни тановул қилгач, ҳордиғимиз ёзилиши учун ўйин-кулгуга берилиб кетамиз.
Давроннинг ўйинга тушишини кўриб, рости, оғзим очилди-қолди. Бирам сакрайди, бирам ҳаракатлари ўзига ярашадики. Бирам… Шу ўтли кўриниш юрагимда қандайдир қизғониш ҳиссини чўғлантиргандек эди. Ўзим ўзимнинг вужудимда, дилимда кечаётган ажиб бир ўзгаришга лол қолган каби ғалати аҳволга тушиб қолаёздим. Кимнингдир тилидан Даврон тўғрисида бирор илиқ гап учса, негадир юрагимни бир нима ғашлантириб қўяётганга ўхшайверади. Мен шу исканжадаман десам, Даврон ҳам шу ўтли, аммо ёқимли тўлғонишда куяётган экан. Буни кейин билдим. Билдиму, вужудимга ўтлар баттар туташди.

* * *

Ўша куни кучли шамол туриб, дала шийпонида узоқ қолиб кетдик. Устига-устак совуқ кучайгандан-кучаяди. Эрталаб ҳавонинг илиқлигига ишониб, иссиқ кийимларимни олмагандим. Тушликдан сўнг, бирдан кўтарилган шамол жазавали қуюнга айланди-ю, ҳаммаёқнинг тўзонини чиқариб ташлашга киришди. Этларимиз жунжикиб, дир-дир титраймиз. Гўё қуюн ташқарида эмас, худди ичимизда фарёд солаётгандек қақшаймиз. Кенг дала ҳам гўё мунғайганча иложсиз қолган. Ғўза буталари кирпининг тиканларидек қуюн тароғига бош тутган каби бир томонга қад букиб, қорайиб кўринади. Кўримсиз, кенг хонада қунишиб ўтирибмизу, ойналари синиқ, у ер-бу ерига шунчаки шилдироқ қоғоз ёпиштирилган деразалардан гувиллаган аччиқ изғирин бадан-баданларимизни тешиб ўтгудек ачиштириб, қалтироққа кўмганча хонани обдон изғийди. Шилдироқ қоғозларни дами қайтаётганида лабларида пирпиратганча масхараомуз ҳуштак чалиб қўяди. Совуқдан анчайин ўзимни олдириб қўйибман шекилли, буни пайқаган Даврон эгнидаги пиджагини ечиб, қўлма-қўл узаттириб юборибди. Унинг илтифотига имо билан эътирозли бош чайқадим. Унинг юзи қизаринқираб, сўнг бўзаргандек бўлди. Хафа қилиб қўйганимни билиб, камтарликни йиғиштирдим.
Бурчакка елка бериб ўтирган муаллима опамиз унинг ҳимматини кузатиб ўтирган эканми, тасдиқлагандек бўлди. Ўзига ярашиб тушган юпқа кўзойнаги ортидаги чиройли, ақлли кўзлари маъноли чақин бергандек бўлди.
– Даврон тўғри қилди. У ўзингни эҳтиёт қилишингнинг тарафдори эканлигини уқмадингми? Бу беғубор иродавий туйғунинг силсиласи.
Энтикиб кетдим. Ҳамма менга қарайди. Пиджак эса ростмана оловга йўғрилган каби бадан-баданимга аллақандай қайноқликни сингдиришга киришгандек тафт беради. Ундан анқиётган ажиб бир бўй пахта ҳиди билан қоришиб, бошимни ғир айлантираётгандек бўлади. Шунда аямнинг кечагина берган ўгити эсимга тушиб, ич-ичимга муз талқонлари дафъатан сочилгандек, совуқ сесканиб кетдим. “Қизим, энди оқу қорани ажратадиган бўлиб қолдинг. Ҳаётда бўладиган хоҳ вужудий, хоҳ табиий бўлсин юз бергувчи ҳар неки ҳодисага ақл кўзи билан ёндошишни ўрган. Инсонда муҳаббат деган пок туйғу юрагининг туб-тубида яшайди. Ана шу ўтли ҳислар қаршисида янглишиб, унинг остонасида ўзингни, ўзлигингни йўқотиб қўйма. Айтмоқчи бўлганим, ёлғон ишққа алданиб қолма. Ҳамма ҳам бу ҳисларни ўзича тушунади. Шуни ёдда тут!”
Қизариб ўтирган кўйи кўз қирида Давронга қарадим. Қизиқ, худди унинг кўз қири ҳам менда экан. Юрагимда майин қитиқлар янаям жонланиб кезинаркан, ажабтовур қитиқловчи ҳислар жимир-жимир этади. “Ёмон одамларнинг боласига ўхшамайди-ку! Гаплариям мағизли. Анави юқори курс йигитларига ўхшаб ҳуда-беҳудага ялтоқланавермайди. Лекин бу хислатлари унинг юзаки кўриниши. Кўнглини билиш учун нима қилиш керак? Билмадим, балким буни вақт кўрсатар. Унгача юракда талпиниш ҳисси уйғониб қолса-чи?..” Юрагим шув этиб кетди. Худди ички кечинмаларимни сезиб, обдон кузатиш истагига шайлангандек Даврон ялт этиб қаради. Кўзлар бир муддат тўқнашдилар. Тўқнашдилар-у, нигоҳлардан интиқ ўтлар сачраб, юзлар қирмизи лола янглиғ лов-лов ёнмоққа тутинди. Хаёлимдан, мунча чиройли бу кўзлар, мунчаям интизор бу нигоҳ, дегувчи ўйлар ўтиб, ўз хаёлларимдан ўзимни-ўзим койиган бўлдим. “Эгнингга дўстона кайфиятда кийим илиб қўйганига шунча кўкка учишми?! Қиз бола босиқ бўлмаса, ўтли хаёлдан дили қисиқ бўлади, билиб қўй. Яна ўлдим-куйдимга бел боғлаб қолма, тентак қиз”.
Кўзлар беихтиёр уришганда пойгакда талтайиб ўтирган иккинчи курсдаги Марат кузатишга улгурган эканми, ўйноқи кўзларини маъноли сузиб, йиртилиб тушган лабларини йиғиштиролмай ишшайди. Вой, ўл, ҳар балони кўради, бу олакўз. Анави, соямизга нуқул якандоз тўшаб, довдираб юрадиган Ғулом бўлса чақчайганча кўз нишонини менга қадаб олган. Чувак юзи зувиллаб урилаётган изғиринданми, ё ўзининг беҳуда меҳри сеҳриданми бўзрайиб, уқиб бўлмас тусга кирган. Ёнидаги кўчма ошпаз Қиёмиддин (асли исми Қаюмжон) совуқдан музинқираган бурнини нуқул шилдиратиб тортиб қўяди. Шу кесак кепатада тағин ўқдек тикилишига бало бормикин?! Ҳа-а, садқаи ошпаз кет-а! Ҳар куни шунинг қўлидан овқат еб, бизнинг ҳам эсимиз оғган ўзи. Биттагина япасқи бурунни эплолмаса энди, қанақанги талаба бўлди бу.
Кечга яқин қишлоқ четидаги мактабнинг биз учун ажратилган спорт зали – қадрдон ётоғимизга томи очиқ юк машиналарда дийдираб, аранг етиб келдик. Қуюн қутургандан-қутуради. Ўчакишгандек чироқлар ҳам ўчган экан. Ҳаммамиз зудмат қўйнида оғир мунғайиб қолдик. Устига-устак хоналар музхонага айлангандек этни баттар жунжиктиради. Кечки овқатни қуйдириб, пайпасланиб то жойимни топиб олгунимча бўлмай, шипинтираган макарон ҳам музхонадан олингандек совиди-қолди. Оч қоринга аччиқ сомса, деганларидек суюқ макаронни ичиб-ичмай йиғиштирилдик-да, яхлаб ётган кўрпа орасига ғужанак бўлдик. Бир вақт кимдир бурчакдан ваҳимали писиллади-ю, ҳамманинг дами ичига уриб кетди. Бироқ зум ўтмай, таҳдидли дашномлар дўли остида қолиб, уни ўчди. Топган гапини қаранг, қизлар, бўрон қурғур гўристондаям шунақанги гувиллармикинмиш. Вужудимни совуқ тер босиб, жисмимнинг борки томирига қўрқинчли қалтироқ инди. Кўз олдимни алламбало қора-қура шарпалар эгаллади. Дилдорани маҳкам қучганча қапишиб олдим. Тишим тишимга тегмайди. Бу нафаси совуқнинг онаси қаерда туққан экан ўзи? Музлатгичдамикин?! Шу пайт ўзимнинг ҳам хаёлим қочиб, бир маҳаллар қўлимдан қўймай ўқиган Абдулла Қаҳҳорнинг “Даҳшат“ ҳикояси ёдимга тушди. Шу ондаёқ Унсин образининг аччиқ қисмати ҳукмона гавдаланди. Оёқ-қўлларим негадир акашак тортди. Эҳтимол, анави қиз ҳам шу асарни хаёлига келтириб, беихтиёр муддаосини айтгандир, яна ким билсин.
Ҳеч ким миқ этмай, ҳамма ич-ичидан минг таваллолар исканжасида кўмилиб ётган маҳалда тўрдаги эшик қўққис тақиллагандек бўлди. Пойгакка яқин ётадиган қиз потирлаб ўрнидан турди шекилли, йиғма каравоти аянчли ғичирлаб кетди. Ялинчоқ товушда “Ким у?”, “Нима керак?”, “Нега индамайсиз?..” каби сўроқларни бодрата бошлади. Ташқаридаги кимса эса аксига олиб ғиринг демайди. Аҳён-аҳёнда зарб бериб эшик қоқади. Баъзида қулоққа чалиниб қоладиган мубҳам миш-мишлар миямни чулғаб, баттар қўрқувга солади. “Алвасти-палвасти бўлса-я? Кимнидир эсини оғдириб қўйган бўлса, тамом“. Дилдора ҳам бу сафар ҳеч қандай паноҳ бўла олмади. Хаёлий исён вужудимни чандон чулғаганидан нафасим ҳам чиқмай қолгандек бўлди.
Қуюн сира тиним билишни истамайди. Қайтангга кучайиб, юракларга баттар қутқу улашади. Қаердадир улкан дарахт қўпорилиб қуладими, даҳшатли қасира-қусир қулоққа чалинди. Шундан кўра шивалаб бўлса-да ёмғир ёққани афзал эди. Майли эди, ҳаммаёқни захлатиб ташлаганда ҳам. Узуккун ҳордиқ чиқарсак нима қипти?! Бироқ пахтага зиёни кўп-да ёмғирнинг ҳам.
Эшик бу сафар қанотлари сингудек зардали тақиллади. Бояги қиз қаттиқ қўрққан шекилли, ўзини ўрнига таппа ташлади. Унинг шахтидан каравоти оғир ғичирлаб кетди. Қизлар бир-биридан ўзадиган даражада қўрқинчли гаплар айтишиб, баттар ўтакани ёришга тушишди.
– Ён қўшнимизни куппа-кундузи биров чақиргандек бўлибди. Чиқсамиш, ҳеч зоғ йўқмиш. Қайтишга тараддуд кўриб бурилган маҳал кимдир енгидан аста тортқилагандек бўлибди. Чўчиб қараса, тағин ҳеч ким кўринмасмиш. Кўринмасмишу ҳирқираган товуш қулоғига шундоққина чалинармиш. Қаттиқ қўрққанидан бир кечада шайтонлаб, оғзи бир томонга тортиб кетганди…
Яна бири гапга аралашди.
– Анави эшик қоқаётган ҳам ажина-пажина бўлмасин тағин.
Ҳамманинг нафаси ичига тушиб кетди. Дилдорани янаям маҳкам қучиб олдим. У ҳам менга чиппа ёпишди. Эшик эса яна бир-икки тақиллаб, аста очилгандек бўлди. Кимдир ўта ҳуркканидан бехос қичқириб юборди. Назаримда ҳамма бирдек тош қотди. Баъзи маҳалларда маҳаллий бўз йигитчаларнинг бемаврид найранглари, сурбетона ташрифлари юрагимизни обдон олиб қўйган. Айниқса, атайлаб уюштирган даҳанаки жанглари йигитларимизнинг ҳам асабини анчайин таранглаштириб, тажанг ҳолга олиб борган. Шунинг учунми, зийраклигимиз ошиб, эшикни бир неча жиҳозлар билан суяб, маҳкам тамбалаб қўярдик. Бу сафар манави жазавали қуюндан қунушиб, уни тамбалаш хаёлимиздан тамом кўтарилибди. Ҳозир ҳам ўшалардандир деб ўйлагандик.
Кимдир ташқаридан бош суқиб, хижолатли, аммо хавотирни босадиган товушда ўзини таништирган бўлди.
– Қизлар, қўрқманглар, бу мен Давронман. Шам келтирувдим. Шунга…
Бурчакдан гаддодроқ қиз овоз берди.
– Вой, сизмидингиз? Боядан бери “Эшик қоққан ким бўлди?” деб ётибмизу, сиз бўлсангиз ўтакамизни ёриб… Биласиз-ку ахир қиз зотининг жони ипакдек ингичкалигини.
– Узр, қизлар. Ташқаридан ичкари тамом эшитилмас экан. Қуюннинг гувиллашида шу товушларинг ҳам аранг қулоққа урилаяпти. Уйғоқ экансизлар-ку, нега очмайсизлар?! Ўйлабманки, “Фарғона зулмат қўйнида“ни ҳафсала билан мутолаа қилиб ётибсизларми, деб. Ҳай, майли, энди узримизни қабул қиласизлар-да!
Кимдир аралашди.
– Айтдик-ку ахир боядан бери сичқоннинг ини минг тангага қиммат тушиб ётганлигини. Зулмат қўйнида китоб ўқиб бўларканми? Қизиқ экансиз-ку!
Даврон эшитмадими, ё кесатиққа парво қилмадими, совуқ еган оҳангда хитоб қилди.
– Мана энди чўчимасаларинг ҳам бўлади. Аслида ҳайҳотдек хонага биттагина шам урпоқ ҳам бўлмайди, лекин бир далда-да ҳарқалай. Мана, олинглар!
Ўрнимдан зарб туриб, Давроннинг олдига қандай етиб борганимни билмай қолдим.
– Менга бера қолинг!..
Бироқ ўзимнинг бу қалтис шаштимдан ўзим уялиб кетдим. Гўё тушимда кечаётгандек ҳайратланиб ҳам қолдим. Шам узатилган Давроннинг қўлини бехос ушлаб олибман. Унинг қўли ҳам пайпасланиб, менинг қўлимни эҳтиётлаб қисди. Қисди-ю, вужудимдан бир зумда жон чекингандек бир муддат карахт қотдим. Даврон ҳам, мен ҳам гувиллаб ёнмоққа ошиққан ўтли ҳисларимизнинг бандисига айлангандек эдик. Гўё қўлларимиз жипслашиб, сира ажралгилари келмайди. Совуқ изғирин гўё биз учун ўз таъсирини йўқотгандек. Гўё бизнинг қалбларни бирлаштириш учун атайлаб бош кўтаргандек эди.
– Эшикни ёпасизларми, ёки йўқми?! Бўлди-да энди!
– Ташқаридан ураётган қуюн кўрпаларимизни кўтариб, капалак қилиб ташлаяпти-ку! Ҳой, барно йигит, ташқаридан беркитарсиз эшик жониворни. Шамнинг баҳоси шунчалик қимматми?!
Қўлимни юлқиб шамни суғурдим-да, изимга қайтдим. Ёноқларим лов-лов ёнади. Юрак шунчалик зарб бериб потирлайдики… Бу қандайин сеҳрли сирки, киши ақлини бир зумда жиловлаб улгурса. Баданимда ёқимли титроқ майин қитиқ бериб жимирлайди. Ўртаниш азоби шумикин? Мунчаям ажойиб бўлмаса экан? Мунчалар эҳтиросли бўлмаса экан?..
Қўлма-қўл гугурт узатилди. Шамнинг ёруғлиги кенг хонани унчалик ёрита олмаса-да, юрагим олам-жаҳон чароғонлашиб кетганди. Гўёки ўзга дунё сарҳадида юргандек сезаман ўзимни. Деворлар юзида, гоҳо пастак шифтнинг зулмат илашган сиртида шамнинг заиф нури жонсиз кезинади. Беўхшов баҳайбат соялар қалқийди. Бу сояларнинг эгалари қоронғуликдан толиқиб, бир жойга тўпланишганча қунишиб олишган. Қат-қат кўрпаларга кўмилишганидан қучоқлари ўркач кўтаргандек дўппайиб, ўзлари хурпайиб кўзга ташланишади. Вақти чоғликка мавзу топилди шекилли, аллақайси йигитни мақтаб, аллақайсисининг устидан мириқиб мағзава тўкишади. Уларнинг шўх қийқириқларидан хона гумбурлаб, шумшайган соялар ҳар ён титроқли қалқиб-қалқиб кетади. Изғиб юрган кучсиз шабада шамнинг пилигини ҳар томон бош олдириб сескантиради.
– Анави Дўстматвойни бугун эрталаб тозагина чув туширдим.
– Вой, қандай қилиб, Гулноз. Тезроқ айт, йўқса ёрилиб ўламан ҳозир.
– Шошилтирмасанг-чи, Зулиш. Яхшиси, жимгина қулоқ тутинглар! Хуллас, бопладим. Маҳаллага туташ ерда пахта тераётгандик. Мундоқ қарасам, пастаккина гувалак девор ортида чайнакдай-чойнакдай келадиган анорлар кўзни қамаштириб, ёрилиб-ёрилиб ётибди-ку! Йирик-йирик доначалари нақ дур тўкиб, кўз ёш қилаётгандек кўриниб кетдики, асти қўяверасиз. Оҳ, оғзим шу заҳотиёқ сув очиб кетса бўладими! Бир тотмасам гўёки гуноҳнинг остида, савобнинг ортида қоладиганман қарасам. Оғзим сув олганини уққандек ҳар доим этагимга ёпишгудек эргашадиган Дўстматвой акамлар ўйлаб ҳам ўтирмади, бир нимадан тап тортиб ҳам қўймади. Бўйинтириқдек этагини бандидан бўшатди-да, девлардек наъра тортиб энасининг чорбоғига ошиққан болакай каби бир сакрашда анорга лиқ тўла ҳовлида қора кўрсатса бўладими. Оғзим ланг очилганидан қотибман-қолибман. Шундайин мағрур, масрур йигитимиз борлигидан, очиғи, ғурурланиб ҳам кетибман. Шу дегин, беш-олтита анорни девор ошириб узатишини биламан, бирдан оёғи биров атайлаб тортган каби тасира-тасир бўлди-ю, носвой чеккандек туршайиб боқадиган чувак юзи аянчли буришиб кетаёзди. Шу буришиши асносида акса ургудек ваҳима қилиб юборса бўладими. Кейин… Йўқ-йўқ, у ёғини айтолмайман…
Қизлар ичаклари узилгудек бир-бирларини шўх шапатилашиб қаҳ-қаҳ отишади. Ичларидан қайси биридир созланмаган сурнай каби узун чийиллаб кулиши дугоналарни янаям жунбушга келтиради. Шифт узра ёйилган баҳайбат соялари лопиллаб чайқалади.
– Чироқ ўчмаганида кўппак билан мардларча олишган ботир акангнинг иштонига ямоқ солиб ўтирган бўлармидинг, Гулноз.
Яна кучли қийқириқ қўпди. Мен эсам шам каби титраб, ишқнинг илк учқунидан тутаб, ажиб хаёлларга ғарқ бўлганча сархуш ўйлар сураман. Кўз олдимдан Даврон сира нари кетмайди. Қуюн шабадаси юзини ялаб, сочларини бесаранжом тўзғитганча қўлимни тутиб туришини сира ўнгимга алмашолмайман. Гўё тушга, ширин тушга ўхшайди. Анави чекка-чеккадан қочирим қилган қизларни шу пайтда ўлгудек ёмон кўриб кетдим. Эшикни ташқаридан беркитинг, шамнинг баҳоси мунча қимматмиш. Ҳе, ўл, бошқа гап тополмаган бўлсанг, мум тишлаб ўтиравермайсанми? Атайлаб сен ғурракнинг ғамини еб, аллақайси тешик-тервакдан шам топиб келса-ю, бурнинг бичилиб нози-фироқ қилсанг! Ана, шумшайиб кўрпасига кўмилганлар энди кўнглиларига нур иниб, қийқириб ўтиришибди. Шу хаёлий танбеҳлар дилимни тилиб ўтаётиб, ўзимга нисбатан номусли даккини шаънимга қаратиб отди: ”Намунча ўзлигингдан кечмасанг! Жилла қурса иффат, ибо бормикин, сен нодонгинада. Қаёқдаги ташландиқ ҳисларга банди бўлиб, шунчалар ҳам нозланиб ўртанасанми?! Синалмаган от ҳар томонга йўрғалайди. Ўзига оғдириб олгач, ортидан чопқиллатиб юрмасин тағин. Кўзингни оч, тентак қиз. Енгиллик яхшилик келтирмайди, аксинча чигалликка боғлайди-қўяди“.
Ўзимни Даврондан қанчалик узоқ олиб қочсам, оловга йўғрилган жизғанак ҳислар шунчалик у томон тортқилайди. Тинимсиз етаклайди. Бу қандайин сеҳрли тилсимки, ўзлигингни бор қуввати билан банд этган бўлса? Даврон ҳам мен каби хушхаёл эканми, нигоҳини мендан сира узолмайди. Менинг нигоҳим эса ўз нуқтасидан чекиниб, атрофда сарсари кезиб қолади. Бир нуқтага жамлашга қанчалик уринмайин, ҳеч бўй бермайди. Илк бор висол чашмасига қалб қулф урганда, ишқнинг пилпиллаб тутаётган учқуни пов этиб ўт олди-ю, вужудимда даҳанаки ҳиссий олишувлар туғёни тинимсиз титроққа тушганча бош кўтарди. Синалмаган отнинг сағрисига қамчин уриб қўйганимдан лолу ҳайронликда қолдим. Ишқ ўтининг қайнови рашк тиғининг пойида ҳамиша муте, ҳамиша таъзимда эканини бошидан ўтказган кимсагина билади, холос. Давроннинг исмини бирор қиз зинҳор ва зинҳор тилига олмаса. Бирор қиз иложи борича кўз урмаса. Шу ҳол юз бергудек бўлса борми, юрагим аламли ўтда қовурилиб, жисмим қилич дамида тилка-пора бўлишга тутинади…

Эркин ҳикояси

Азоблар чангали

Машинани гаражга қўйиб уйга қайтарканман, кўчамиз муюлишидан бурилишим ҳамоно дарвоза олдида қайсидир қўшни дугонаси билан хушхандон чақчақлашаётган Ҳалимага нигоҳим тушди. У мени кўрди-ю, суҳбатини қисқа қилганча илдам пешвоз келиб салом берди-да, қўлимдаги лиқ тўла тўрвани авайлаганча олди. Қулфи дили очилиб-сочилиб, йўл-йўлакай суюнчилади.
– Дадаси, бу Давронингиз жудаям дидли чиқиб қолди-ку! Вой-й, кечагина кўйлагини чайиб қўйиш илинжида чўнтагини кавлаштирсам, манави сурат лоп этиб чиқиб турибди-ю! Оймисан ой! Қошларининг пайвасталигини-чи қақажоннинг. Ўғлингизникиям шунақанги-да,а, дадажониси. Бир-бирларига бирам қуйиб қўйгандек ярашиқлики. Сиз ҳам бир кўриб боқинг, қойил қолмасдан иложингиз йўқ.
Дарвозадан кирарканмиз у чўнтагини титкилаб, кафтдек ҳажмдаги бир қизнинг суратини энтикканча узатди. Суратга интизор тикилдим-у, кучли бир қалқишдан эсхонам чиқиб кетаёзди. Э, воҳ, ахир бу… Тушимми, ўнгимми? Кўзларимга ишонмай бор кўз нуримни зўриқтириб, яна ва яна тикилдим. Беихтиёр ортини ўгирдим. “Д қўшув Г“. Бир нима чийиллаб келиб қулоғимга зарб бериб урилди. Гангиб кетдим. Тақдир зарбаси шунчалик ҳам чигал тўсиқларга рўбарў қиладими?! Пўкак мисоли тубсиз бир гирдобга ташлаб, аёвсиз айлантирарканми?.. Ҳалима бўлса ҳамон жонсарак. Оғзидан муттасил бол томиб мақтанади.
– Чиройли қиз рўзғорниям чиройли тутади, эрниям. Менга жуда ёқди. Нима дедингиз, дадажониси. Намунча энди суқланиб қолмасангиз? Ёқиб тушди шекилли,а? Айтганимча бор эканми?
Қанийди, қанийди, сен айтганчалик бўла қолса экан, жон онаси. Бўлмайди-да! Бўлолмайди-да! Ахир… Эҳ-ҳ, энди қандоқ қилдим, мен нодон, нима қилай энди? Тоғ тоғ билан учрашмас экан-да! Кўз олдимда аллақандай айқаш-уйқаш ўтли чизиқлар, виқирлаб қайнаётган алламбалолар учиб, юрагимга ўйноқи бехушлик ҳуруж қила кетди. Бояги чийиллаш аста-секин товуш баландлатиб, тўс-тўполон кўтаришга тушди. Ичимдан бир нима узилиб, ташқарига қўққис отилгандек бўлди. Дов-дарахтлар, уйлар, Ҳалима, барча-барчаси чириллаб айлана бошлади. Кўзимни чирт юмдим. Юмдим-у, ёруғликдаги акснинг зулмат томирлари миямгача чандиб, зириллатиб ташлади. Мана, мана, ўша машъум куннинг заҳарли ялови. Шундан кўра, шундан кўра ер ёрилиб ютса бўлмайдими мени! Оёқ-қўлларим дағ-дағ титрайди. Кимдир қўлимга илон каби чирмашиб ёпишди. Кўзимни беҳол очдим. Ҳалима қўлидаги тўрвани ташлаб, менга қалқон бўлаяпти.
– Вой-й, дадажониси, бирпаснинг ичида сизга нима бўлди,а? Ҳай, менгина ўлай…
Ҳалиманинг товуши узоқ-узоқлардан эшитилади. Наҳотки, наҳотки шу рост бўлса? Энди нима бўлади? Одам бўлиб… Мен ҳали одамманми, отаманми?! Шундан кўра ўлганим минг бор афзал эмасмиди,а?! Ич-ичимни бир нималар кемиргандек аччиқ кавлаштириб, томир-томирларимни юлқилаб-юлганча жон суғура кетди. Қанийди, қанийди-я, жон-жонимни тезроқ суғуриб олса! Қанийди, тезроқ қутулсам шу кети кўринмас азоблардан. Бу оғриқлар, бу азоблар нима бўпти?! Менга деса нариги дунёга боргувчи абадий аталмиш руҳим парча-парча бўлиб кетмайдими?! Қора кунга кўмилган номим ўчиб, нари бўлмайдими?! Бўғзимни бўғаётган аллақандай сиртмоқ эринмай нафас тўсади. Ундан ҳам яхши. Янаям мендек расвони шу кунгача елкалаб, ҳатто турли бало-қазолардан ҳам асраб-авайлаб келаётган заминнинг паққа ёрилиб битмаганига минг афсус. У ёғига жаҳаннам қаърига ташлашсаям кам.
Ҳалима бир амаллаб айвонга олиб кириб ётқизди-да, зум ўтмай аллақандай аччиқ дорини оғзимга тиқиштирди. Шундан кўра заҳар ютсам бўлмасмиди, заҳар?! Кули кўпирган дардимдан бехабар совуқ чой тутаркан, ўзини-ўзи койий кетди.
– Менгина ўлай, чарчаб келган одамни оёққа турғизиб қўйиб валақламай. Хотин кишининг гапи қурсин аччиқ ичак бўлмай. Шу пайт ташқаридан ғўлдираган овоз эшитилиб, Ҳалимага жон кирди.- Вой, келдингми, Давронбек, болажоним. Намунча энди ҳаялламасанг? Даданг келдилар. Аксига олиб мазалари қочиб қолди. У ўрнидан даст қўзғолди.- Сен дадангнинг ёнларида бўлгин, мен ҳозир. Қани, ичкари кир. Боя мастава солгандим. Аччиққина қилиб сузиб келаман.
Шошиб кириб келган Давронбек ёнимга тиз чўкиб, қўлимни маҳкам ушлади.
– Тузукмисиз, дада. Нима бўлди? Дўхтир чақирайми?
Оҳ, бу овозлар! Оҳ, ўғлим! Сенга қандоқ тушунтирсам экан юрак дардимни, жон ўғлим. Мен баттолни кечирармикансан, Гўзал-чи? Мен-ку шайтонга бир умр банди бўлдим. Сен-чи? Сен-чи, ўғлим, сен нима қилиб қўйдинг? Гўзал-чи?..

Даврон ҳикояси

Оғриқлар тугуни

Қизиқ, дадамга нима бўлди? Кўзларида ёш ғилтилладими? Ҳеч бундоқ бўлмасди-ку! Дўхтир чақирай, десам, кўнмади. Эҳтимол, ишхонасида бирор-бир дилхиралик бўлгандир. Шуни кўтаролмадимикин? Ё бирор жойи оғриб, шунинг таъсирига дош беролмай қолдимикин? Ахир танаси дард чеккан одам билади азоб нелигини!..
Бугун кайфиятим жуда сархуш эди. Гўзалнинг кўнглидаги истагини қойилмақом қилиб, аввал кинога, сўнг эса музқаймоққа йўл олдик. Мириқиб “ҳордиқ“ чиқардик. Уйга келсам, бу аҳвол. Умрим бино бўлиб дадамнинг оғриб, кўрпа-ёстиқ қилиб олганини энди кўришим. Рости, кўзларимга ишонмадим. Чунки ҳар доим бир хилда кўравериб, кўзим кўникиб кетган эканми, худди бундай бўлиши мумкин эмасдек ғалатироқ туюлди. Бир томони ачиниб ҳам кетдим. Бизни деб сира тиним билмайди. Қачон қарасанг, ё сафарда бўлади, ё таъмирда. Эсимни танибманки, бирор марта бўлсин меҳнат таътилини тин олиб ўтказганлигини билмайман. Доим иш билан банд. Шунақа одам оғриб турса, очиғи ғалати бўларкан.
Дадамга тикилиб ўтирибману қандай далда беришимни, не қиларимни, қай йўл билан кўнглини овлашни билолмай довдирайман. Шу топда нигоҳим дадамнинг лаби устидаги бўртиброқ қолган қорамтир холига тушди-ю, лоп этиб Гўзал кўз олдимни чизиб ўтди.
Сойнинг бўйидаги мажнунтоллар соясида у менга, мен унга унсиз, аммо майин жилмайиб, хуморли тикилишиб турибмиз. Гўзалнинг доимгидек қувлиги тутди шекилли, ўртадаги жимликни бузиб, қиқирлаганча эндигина сабза ураётган мўйлабимни майсанинг ингичка новдачаси учида сидириб қитиқлади.
– Менинг дадамлар ҳечам мўйлов қўймайдилар. Биласизми нимага?
– Билмаганимизни тўйдан кейин билиб оламиз-да, яхши қиз,- дедим қувлигим тутиб.- Ё кўсаларми Саривейга ўхшаб.
Саривей курсдошимиз. Иягида бир дона бўлсин туки йўқ, қирғиз йигити. Яна бири бор, Қаюмжон. Саривейнинг тамом акси. Бирор кун соқол қиртишламаса, маймун нима, у нима, сира таниб бўлмай кетади. Аммо-лекин у билан адашиб ҳаммомга кириб қолган кимса, албатта, қаттиқ саросимага тушиб қолиши шубҳасиз. Қаршингда жундор ибтидоий одам турганидан кейин, қайтиб боқишга чўчийсан-да киши. У яна қирғиз дўстимизга: ”Онанг қайда туққан?”, “Қандай қилиб?”, “Сўраб боқ-чи қандай тупроқлаганини”, деб сира ҳол-жонига қўймайди.
– Ҳай, йўғ-ей! Гўзал ўнг лабим тепароғини кўрсаткич бармоғи билан эркалабгина қиртишлаб қўйди.- Шу ерларида мошдеккина холи бор. Мўйлаб қўйсалар хурпайиброқ қолади. Шунинг учун қўймайдилар, билдингизми?
– Ҳа, ана энди билдим. Шунақанги одамни қаерда учратсак, бемалол, дадажоним экансиз-ку, деб қучаверамиз-да энди.
Гўзал қийқириб кулди. Шу топда кўз олдимда негадир дадам жонланди. Ие, бу эчки қиз дадамни кўрволиб, бошни айлантираётган бўлмасин тағин. Мениям шумлигим баттарроқ тутиб қолди.
– Хоним, мабодо дадангизнинг чап қошлари четида андаккина чандиқлари топилмайдими,а?
Қизиқ, Гўзал менга бир зум ғалати анграйиб боқаркан, чиройли киприклари пилпиллаб қолаёзди.
– Вой, анави болани! Қаердан билдингиз?
Қизишиб кетдим. У ҳайратдан янаям қотди.
– Кўзлари қоп-қора. Юзи эса буғдойранг. Сочи меникидақанги сип-силлиқ, ҳам текис. Гажакланиб бўйинларини қитиқламайди демоқчиман-да, момо қиз. Бурни ҳарқалай қирралироқ. Лекин ўзига чиппа ярашиб тушган. А, гавдасига келсак, иккимизни бирлаштиргудек йўғонликда десам, янглиш бўлмас. Аммо бахтга қарши қорин солишга улгурмаган. Аслида ёқтирмайдилар. Шундайми, ё давом этаверайинми?
– Ана холос, бу ёғидан суриштирилса, тоза авлиё экансиз-ку! Ҳай, тўхтанг, вой, айёр-ей. Дадам ижара ётоғимизга келганларида қизлар кўришганди, шулар таъриф беришган. Шундайми? Муғомбирлик қилмай, чинини айтинг!
– Бекорларнинг бемазасини айтибсиз! Ўзим биламан. Ҳали дийдорлашмай туриб, қайнотанинг қиёфасини билмаган, тасаввур қилмаган йигит куёвликка даъвогарлик қила олмаслигини аждодларимиз мерос қолдиришган бўлса не ажаб, хонима жаноблари.
– Ҳозирги куёвларнинг қаршисидан уят деганлари паранжи ёпиниб ўтса не тонг, бегим.
– Агар истасалар, нечанчи ҳажмда туфли илишларигача айтиб беришим ҳам қийин эмас. Фақат, фақат минг ҳайрат ва чеки йўқ қизиқишда назр-ниёз қилиб юрмасинлар тағин. Камина бундан бегонамен.
– Хўш, башоратларига бажонидил такаллуф билдирмасак, гуноҳ бўлғай чоғим.
– Туфлилариким, бироз шошинқирамай турсалар, тасаввуримда чизги топмиш далолатларни баён қилмоққа жазм этишга ҳозирлик кўрадурмен. Шу десалар, ҳушимда эрмас, тушимда кўрмиш чоғимда, гар адашмасам, муборак оёқларига-да дадилроқ разм солмаганимдин минг бор афсусдамен, муҳтарама Гўзалина олиялари. Камина дўстёрдир, ғаним каби-и оёққа қарамайдур. Аммо-локин тасвир топмиш тасаввурим панд бермаса магарам, ул қайнотаи бузрукворимиз…
Гўзал бирдан жонланиб, қиқирлаганча чапак чалишга тушди.
– Тополмади кал-кал! Тополмайди кал-кал! Ҳозир бориб чақимчи Дилдорани узиб-узиб олмасам юрган эканман. У менинг узоқ ўйга толганимдан бир қадар қувонаркан, мазахомуз шарақлаб кулди.- Вой, ўлмасам, бу нима Топқирвой бўлиб қолдилар десам, сойнинг бўйида турганлигимиз фойдага ҳал бўлаётган экан-да! Эссиз, сув парилари қулоқларига нени шивирласалар, шуни кўз юммай валдирайвериш ҳам йигит кишига ўнг келаверар эканми,а? Ё сертакаллум мунозараларига ҳалақит бериб қўйдикмикин, жаноб.
Парво қилмагандек жавоб йўлладим.
– Умрлари узоқ бўлгуси қайнотамиз бежирим пойафзалларини-да катта ҳам эрмас, ўтакетган кичик ҳам эрмас, роппа-роса қирқ иккинчи ҳажмда табаррук оёқларига-да пойқадам санар эрмишлар.
Гўзал, вой, деганча кафтларида оғзини тўсди. Гапларим пичингга ўхшаб туюлдими, бирдан қовоқ уйди.
– Биринчидан “қайнотамиз“ деб узоқлардан ўтлаб келмасинлар. Иккинчидан эса, дадамларнинг оёқлари паншаха эмаски, туфли илсалар экан. Тушундиларми, мулла йигит. Лекин одамгарчилик юзасидан, гарчанд аллакимларнинг шипшишларига банди бўлиб берган ахборотлари учун ўз ташаккуримни билдириб ўтмасам инсофдан саналмаса керак.
Тусмолим тўғри чиққанидан бир томони мамнун эдим. Ажабтовур алпозда шарақлаб кулиб юбордим, бироқ Гўзални юмшатиш учун бирор жўяли сўз тополмай каловландим. Бир зум ҳушимни йиғолмаганга ўхшаб тургач, кулгумни аранг босиб, ўзимни ўнгладим.
– Ҳозир боринг-у шўрлик Дилдорани шунақаям чимчилангки, токи қақимчиликни бас қилмагунча. Эртага ўзим кўкиштоб яра-чақаларини боқтириш учун тўппа-тўғри дўхтирга олиб бораман. Сўнг келса-келмаса ўн беш қабилида ашъор ўқигим келиб кетди:

Жароҳатдин тана бўлсаки пора,
Табиб малҳам бўлур, хоҳ у девона.
Суяксиз тил эрур, жаҳонда мутлоқ,
Асрамас экансан, дилдир вайрона.

Маъқулми, маликам.
Гўзал кекдан кечиб, сочилиб-сочилиб кулди.
– Шоир бўлиб кетинг-е, мавлоно. Эссиз, бу олийгоҳга адашиб оёқ урган эканлар-да! Зар қадрини билмаган ношуд заргар.
– Аслида-ку, зардан ҳам, заргарликдан ҳам олисдамизку-я, бироқ имкони туғилса шоир бўлишгаям тўғри келади-да, азизам. Агарким, қовоқ-тумшуқларига қулф осмасалар.
У шодланиб кулди.
– Ў-ў! Тоза наво айларкансиз гулин кўрибон,
Ишқида қад ростлаб, васлин сўрибон.
– Эҳ-ҳе, бизлар ҳам юрган эканмиз-да таёқни от билиб, кўча чангитиб. Қойил-е, қойил!..

* * *

…Дадамга ҳардамхаёлликда термулиб ўтирарканман, унинг оғриқли инграгани қулоғимга чалиниб, ҳушёр тортдим. Янаям яқинроқ чўккаладим.
– Дори ичасизми, дада.
У оғир бош чайқади. Шу пайт ошхонадан аям чиқиб келди. Қўлидаги гулдор патнисда хушбўй ҳовури кўтарилган мастава ҳар чайқалганда пахта гулли чинниларнинг лабини ялайди.
– Дадажониси, қайноқ-қайноқ ичиб олинг, дармон бўлади. Чарчоғингиз ҳам ёзилади. Атайлаб қора зирк, мурч солгандим. Аччиққина қалампири ҳам бор. Сен, Давронбек, овқатланиб, дарсларингни тайёрлайвер. Даданглардан ташвиш қилма. Йўл азоби ёмон-да, кишининг тинкасини тарашадек қуритиб ташлайди.
Дарсимни қилаяпману кўзларим ачишиб, юмилиб-юмилиб кетаяпти. Худди қовоқларимга тош доначалари бостирилгандек, ҳорғинлик куч берди. Эшилиб ўрнимдан турдим-да, бориб жойимга ётдим. Укам келмасидан ухлаб олмасам, қаёқдаги хориж тўполончиларининг олатасир қўшиқларини қўйволиб, уйқунинг белига тепади. Яна бир-икки “дум“ини йиғиштириб келишига нима бор экан? Боз устига жазавали қилпанглаб, дискотека уюштириб ҳам қолишади. Вей, ҳунарингдан сенларни!
Тавба, ҳозиргина дўлдай бостириб келган уйқу аллақайга гум бўлгандек сира шира бойламайди. Гадой ҳам истамайдиган қаёқдаги телба-тескари хаёллар чуваланиб ўз исканжасига олди-ю, узлуксиз қийноққа сола кетди. Бемаза ўйлардан зерикиб, кўзларимни чирт юмдим. Ҳарҳолда мискин хаёллар ғалаёни ипирилганча из йўқотди-ю, ўрнини Гўзалнинг энтиктирувчи қиёфаси эгаллади. Ҳозир нима қилаётибди экан? Эҳтимол, мен ҳақимда хаёл суриб ўтиргандир. Балким юлдузларга сир бўйлаётгандир. Ой билан ширин суҳбатлар қураётгандир эҳтимол. Яна ким билсин.
Ажаб, бояги тахминим ҳақиқатан ҳам тўғримикин? Қовоғини уюшини-чи, бу сулув дилбарнинг. Янаям бўй тортиб кетаркан лекин. Ҳаётда ўзингга ёқадиган кишингни учратсанг, юрагинг бир қадар тошаркан-да. Шунда биларкансан ҳали бу вужудда уйғонмаган ҳис-туйғулар бисёрлигини. Нима учун курашаётганлигингни кўнглингга ишқнинг илиқ нафаси текканида, кейин эса бу илиқлик ҳаяжонли қайноқликка йўғрилиб, бор-будингни англаб бўлмас ажибликларга тўлдириб ташлаганда биларкансан ўзлигингни. Юрагингга жойлаган дилбарни ҳам қалбан, ҳам хаёлан ўзга нигоҳлардан асраб-авайлаганингда минг тур кўчаларга судраб қўймайдиган бераҳм рашк чангалларида гоҳ ҳардамхаёл, гоҳи дунёга сиғмайдиган ҳолатга тушаркансан. Гўё ҳамма сендек суюлган, сен каби қийноқдадек ўтли кўриниб кетаркан. Ҳаммаёқ гўзал, фусункор, ҳамма нарса сен учун яралгандек роҳатбахш. Шуларни ўйлаб ётиб, кўзим аста уйқуга илинганини сезмай қолибман. Тушимда бир балоларни кўриб, қўққис бақириб юбордим шекилли, чўчиб уйғониб кетдим. Диванда узала тушган укам норози ғингшиб, кўрпасини боши қадар тортганча ғужанак бўлиб олди. Қафасида потирлаган юрагим баттар забтига олиб, томоғимгача келиб урилади. Нафасни қайтартиб, оғир энтиктиради. Оғзим батамом қуруқшаб кетганидан ютинсам томоғим чиппа ёпишиб, хунук тақиллайди. Бошимнинг қаттиқ сирқирашига чидолмай, инграб ўрнимдан тургандим ҳамки, бўғзимни ёргудек ачимсиқ бир нима ичимдан тошиб келиб, қайд қилар даражада тепчиди-ю, кўнглимни баттар беҳузур қилганча димоғимга қўшиб, кўзларимниям йиртиб ташлагудек зарб берди. Энкайганча ошхонага йўналдим. Ташқаридан тушиб турган чироқнинг ёруғлиги ҳам негадир ғашимни тепкилайди. Совуқ чойдан пиёлага қуйишгаям сабрим чидамай, чойнакнинг чумагидан қулқиллатиб сўра қолдим. Ҳарқалай ташналик ва беҳузурлик босилиб, бир муддат каловланганча тебраниб турдим-да, ҳушимни бироз бўлсин жамлагандек бўлдим. Бош оғриғиям ҳарҳолда пасайди. Ҳовлига тушдим. Юзимга гуп этиб совуқ шабада урилди-ю, вужудимга ғалати титроқлар солиб ўтди. Ўрик дарахтининг остида бандидан барвақт тўкилган кўм-кўк ғўралар ҳар ёнда бесаранжом сочилиб ётибди. Уларни ғарч-ғурч босганча бориб, совуқ сувда юз-қўлимни чаярканман, танам яйраб, эркин нафас ола бошладим. Қизиқ, дунёга келиб илк бор тонг қай тусда отишини кўрдим. Оппоқ тонг кумуш кокилларини бир чимдим, бир чимдимгина ёйганча аста оқиб келаяпти. Шу пайт бу кузатувимни чарс-чурс этган товуш бузганидан қайрилиб, тандир томонга қарадим. Тиниб-тинчимаган аям саҳармардонлаб нон ёпиш учун ўт қалаётганини кўрдим. Демак, ҳар доимгидек қайноққина варақи сомсаям ёпилади. Бу тайин. Яна қанақа сомса, ичида килкиллаб турган юмшоққина гўштли, момиқ думба ёғли. Дадам шуни хуш кўрганиданми, қачонки сафаридан қайтиб келса, аям, албатта, шу удумни унутмайди.
Дадам узоқларга қатнайдиган юк машинасини ҳайдайди, музлатгичиям зўр лекин. Шу пайтгача иш режимини ҳеч тушуниб етолмайман. Ўзи айтмоқчи, бизнинг уйимиз аслан “меҳмонхона“. Гўзалнинг дадасиям шунақанги машина бошқараркан. Шу ёқларга қатнайди, деганди бирда. Эҳтимол, дадам уни танир. Эҳ, қанийди, қанийди бир-бирларини танишганда. Аммо-лекин зап иш бўларди-да ўзиям. Гўзалга шунақанги қойилмақом сюрприз тайёрлардимки, аммо ўзиям ҳайратдан ушлашга ёқасини тополмай ҳам қоларди, ёки кула-кула қотарди.
Бир зум тандирдан ёғилаётган қизғиш олов шуъласига, сўнг туйнукдан бурқсиб ўрлаётган серучқун қоп-қора тутунга термулиб турарканман, дафъатан кўрган тушим хотиримга ёпирилиб, юрагимни ғаш торттирди. Боя эслолмагандим. Ҳозирда негадир совуқ тус олиб, кўз олдимни қоронғулаштирдими, ё даҳшатли тасвирлар ўз аксини бериб ўтдими, англолмадим. Тавба, тушга нималар кирмайди-я. Булутлар устидаям учарканми одам дегани. Мен кезган булут оқмиди, қорамиди, эслолмадиму, аммо момиққина нарсанинг устида уча борганимни аниқ биламан. Сузиб бораётган пайтимда бирдан шиддатли бир куч тўзон каби тўзиб, чирпирак қилганча аллақайгадир улоқтириб ташлади. Шунда нафасим узун чўзилиб, пастга шўнғиганимни илғадим. Шувиллаб тушаяпману, ер юзига ҳеч етолмайман. Ажаб, мен нима аҳволда-ю, ер бағрини оловранг лолазор қоплаб, диққатимни ўзига чунон тортади. Умрим бино бўлиб, бунақанги ажойиб манзарани энди кўришим. Янаям яхши. Бир қучоқ териб Гўзалга бераман. Хурсанд бўлади. Энтикиб қулочимни очишим баробарида дамим қайтиб, юрак-юрагимга безовта ўйноқилик инди. Базўр типирчиладим. Жон қийноғи билан пастга қарадим. Қарадим-у, лолазор четида Гўзални кўриб ҳайратим ошди. У нима қилаяпти бу ерда? Шунча бақираман ҳамки, қани энди эшита қолса экан. Мен томонга ақалли бир қур бўлсин қиё боқиш хаёлигаям келмайди. Хомушгина кайфиятда лолазорга маъносиз термулиб турибди. Бир маҳал унинг олдида кучли шамол кўтарилиб, лолазор ўзидан бирор асар ҳам қолдирмай, аллақайга бош олиб кетгандек бўлди. Ўрнини кўз очиб юмгунча вақт ичида тўзонли манзара эгаллади. Тузукроқ қарасам, аллақандай турли русумдаги машиналарнинг пачоқланган туслари аралаш алламбало суяк қолдиқларига тўлиб-тошган ўйдим-чуқурликлар кўзга ташланди. Юрагим бирдан қалқиб, орқага тортиб кетди. Эсим оғаёзганидан ортиқ қарашгаям ботинолмай турганимда бошим узра кучли чақин қарсиллаб, осмон сурпасини бемаврид қоққандек бўлди-ю, на ўтли чизиқлар тортди ва на бир сидра олов пуркади. Фақат зулмат чандилган сояга ўхшаш шуълалар ўқдек учиб ўтиб, ерга санчилдилар. Жон-поним қолмади. Жонҳолатда Гўзални излашга ошиқдим. Бироқ шафқат туйғуларидан бехабар қандайдир қўл ич-ичимдан ичагимни шаҳд титкилаб, суғуриб олгандек бўлганида жон аччиғида бақириб юбордим шекилли…
Оғир ўйга толган эканманми, аямнинг бехос берган сўровидан чўчиб тушдим.
– Турдингми, Давронбек.
– …А? Ҳа-а!.. Дадам тузукмилар?..
– Шукр. Аммо куюнишларимгаям қулоқ осмай, ишга жўнадилар. Шу аҳволда нима қиларканлар, қандай ишлаб оларкинлар, ҳайронман. Ўзи энанг дадангларни ўша ишхоналарида дунёга келтирганлар. Танглайини ўша ердагилар кўтаришган. Аям маъюс тортган юзини дарҳол ўзгартириб, таънаомуз кулимсиради.- Сал бўлса эсимдан чиқай дебди. Сен шайтон ҳам бир оғиз очмайсан, ўтакетган димсан. Айтмасанг ҳам кўриб билдим. Нима, дард ёрсанг, тилингни чўқилаб олармидик?! Сениям сиринг ичингда ҳазм бўлаверади дадангга ўхшаб. Аммо-чи, менга жуда ёқди. Истараси иссиққина экан. Истарали одамнинг диди ҳам ўткиргина бўлади, ўғлим.
Шамдек қотдим. Анграйиб қолганимни пайқаган аям нимчаси чўнтагини кавлаштириб, бир нимани авайлаб узатди. Олдиму, юрагим орзиқиб кетди, ҳам ички талвасада ўзимни йўқотиб қўйишимга бир баҳя қолди. Ахир бу Гўзалнинг сурати-ку! Уятдан дув бўзарганча шошиб ўзимни уйга урдим. Аям ортимдан ҳазил дашном берганча қолди.
– Тумшуғинг солинмай қолсин. Бир кунмас-бир кун барибир билардим-да, жиннивой.
Аям қаердан топиб олди экан? Титкилайдиган одатлари йўқ эди-ку! Тўхта-тўхта, тунов куни эрталаб кўйлагимни алмаштирганимда, аям чаймоқчи бўлиб… Эҳ, каллаварам!.. Ҳамма сир ошкор бўлди-ку энди. Қай кўз, қай юз билан аямнинг кўзларига боқаман?! Суратга ночор нигоҳ билан боқиб турарканман, хаёлимни яна бояги руҳий ғалаёнлар эгаллади. Эгаллади-ю, яна тушимдаги ўша гулларга хомуш тикилган Гўзалнинг қиёфаси бостириб келди. Титраб кетдим. Ўзимни чалғитиш баҳонасида сочимни тартибга келтириш учун тошойна қаршисига бордим. Оғир хаёлда соч тарарканман, шу он нигоҳим тошойна токчасидаги қинғир-қийшиқ тусда ёзилган бир парча қоғозга тушиб ўтди. Қизиқсиниб қўлимга олдим. Яна манави уйқучи укахонимизга қизалоқлар томонидан йўлланган сирли мактублардан бири бўлмасин ишқилиб. Арининг инига косов тиқиб юрмайин тағин. Йўқ, бу каминага тегишли экан назаримда. Кўзим ўзимнинг исмим битигига тушиб, юрагим ғалати нохушликни сезгандек куч билан ўрнидан қалқиб, ўйнай кетди. “Даврон, мени кечир, жон ўғлим. Сенга кейин ҳаммасини тушунтириб бераман. Гўзал сенинг синглинг бўлади…”
– Ни -ма-а!!! Синглим!.. Қанақасига?..
Кўксимдаги бояги ғашлик отилиб, олатасир чақмоқлар чақа кетди. Кўз олдимни қоронғулик босдими, ҳеч бир нимани идрок этолмай қолдим.
– Мунча бақиравермасангиз?! Боринг, кўчага чиқиб бақир-чақир қилинг!
Укамгаям парво қилмай, жонҳолатда ҳовлига отилдим. Ёпиб бўлган бўрсилдоқ нонларни саватга саранжомлаётган аям мени кўрди-ю, қаттиқ талмовсираб қолаёзди.
– Вой, болажоним, саҳармардонлаб сенга нима бўлди? “Эшак“ чақдими?!
– … Дадам… дадам қани?.. Овозим хириллаб, йиғлоқи оҳангда чўзилиб узилди. -Нега анграясиз, ая, сиздан дадамни сўраяпман?!
– Тавба қилдим-ей! Аям кўкрак бурмасини кўтариб, туф-туфлади. – Ҳа, боя ҳам сўровдинг шекилли, болажоним. Ишга кетганлар, дегандим-ку! Қулоғинг ўзингдами ишқилиб?! Қайси томонинг билан турдинг ўзи?!
Чирт ўгирилиб, гараж томон югурдим. Йўл-йўлакай айвон устунининг қозиғидан калитни суғуриб олдим-да, кўча дарвозасини ланғиллатиб икки тарафга очиб ташладим. Тепаси болахонали гараждаги машинага потирлаб ёпишдим. Қўлим асабий титроққа тўлгани учунми, калит тиғини қулф тирқишига тиқолмай, тоза жиғибийрон бўлдим. Ажаб, шу пайт қандайдир кўринмас енгил шарпалар қўлимдан аста тутишиб, тортқилашга тушишди. Гўё, машинани ўт олдирма, дейишаётгандек бўлишади. Оғирлигимни елкам қадар босиб эзғилашаётган қора кўланкалар тўдаси эса, ҳайда, ҳайдайвер тезроқ, дея ҳол-жонимга қўйишмай, қисталанг қилишади. “Жигули“ни кўчага қандай ҳайдаб чиққанимни билмайман. Шуни биламанки, ён кўзгудан аямнинг ҳай-ҳайлаганча чопиб чиққанини яққол кўрдим. Ичим ачиб кетса-да, энди тўхташнинг сира иложиси йўқ эди. Эсим оғган кўйи чиранганча газни босдим. Кўзимга қон тўлгандай, фақат нигоҳим остидаги ғизиллаб ўтаётган асфальтнинг аччиқ ичакдек чўзилган оқ ҳошиялари узилиб-узилиб кўриниб қолади, холос. Газни батамом босаман. Машина гўё, вой, жони-и-им, дегандек инграйди. Ҳеч қанча ўтмай, бу тезлик ҳам тошбақасифат бўлиб қолди. Машина чираниб бўкиришга тушди. Қулоғим остида эса ҳамон “синглинг… синглинг…” дегувчи аламли, ҳам даҳшатли, ҳамки зорланишли таъкидлар басма-басига садо беради. Қанақасига синглим бўлсин. У қаёқда-ю, мен қаёқда! Тўхта-тўхта, ахир ўзим кечагина Гўзалга ҳазил йўсинида “фол“ очиб, дадамнинг тусини унинг дадаси қиёфасига чандиганимда танг кетди-ку! Наҳот, наҳот шу рост бўлса? Наҳотки, мен ўз синглим билан аҳду паймон қилган бўлсам?! Йўқ-йўқ!!! Бўлиши мумкин эмас, бўлиши сира мумкин эмас. Даҳшатли хаёллар ичимни ўпиргудек куч йиғади. Жонимга аёвсиз чангал ташлайди. Жон аччиғида яна газни босаман. Гўё машина итоат этмаётгандек туюлиб, бўғилиб кетаман. Тезроқ, тезроқ етиб борсам эдим “дадажоним“нинг ишхонасига. Тезроқ аниғини эшитсам эдим…
Ие, анави бекатдагилар намунча ҳайрон боқиб қолишди? Кимдир чираниб ҳуштак чуриллатаяптими? Менга деса узуккун чуриллатмайдими эси оғгунча. Светофор қизил ёнди шекилли-да, анави машиналар бирининг кетига бири бурун ургудек чириллаб тўхташди. Тўхташади-да, илдамлаб кўришсин-чи қани, талонига нақ бақанинг кўзидек тешик тушиб, “ажи-ажи“ қилиб юришади кейин. Қий-чув бўлиб кетдими? Кимдир ён томонимдан чийиллатиб тормоз бердими? Шунақа, чўчитиб турмасам ҳаддидан ошиб кетишади, бу пандивақилар. Менга деса жаҳаннамнинг туб-тубига қулашмайдими! Яна бир-икки чақирим юрсам бас, дадамнинг ишхонаси пешонасидан чиқиб бораман. Кейин, кейин ҳаммасини тушунтириб берадилар “дадажонимиз“. Э, анави юк машинасининг ҳайдовчиси қариб-қуртиганми, нима бало, қадамини санаб босаётган тошбақага ўхшайди-я! Устига-устак бир уюм арматурани юклаб олибди. Гажак думини гоҳ у ёққа олади, гоҳ бу ёққа. Оёғи остидаги ястанган йўл катта холасининг маҳрига тушган бўлса керак, истаганча шакл кўрсатиб кетаяпти… И-и, тормоз берди-ку, аҳмоқ. Қани тормоз?! Шувиллаб кетидан елиб борганимни биламан, акс-садога йўғрилган кучли чийиллаш ва қарсиллашлар қулоғимни чиппа том битирди. Кутилмаган даҳшатдан отилгудек бўлган кўзларимга аввал арматуралар шодаси… сўнг темир бортнинг занжирига илинган ястанган тўсқичи… қўш ғилдираклар… ғизиллаб ўтган айқаш-уйқаш манзаралар… ҳар ён сочилган ойна парчаларининг кумушдек товланган зарралари… жон талвасасида қичқирган аччиқ ҳайқириғим (ажаб, шу менинг қичқириғимми?) остида чидаб бўлмас даражадаги тан оғриқлари бутун вужудимни санчиқларга белаб ташлади. Ие, бу нима кўкрагимга санчилган?.. Қип-қизил қон-ку! Ё… Тушимдаги лолазор манзарасини кимдир кўзимга яққол тақамоқдами?.. Шу он пачоқ машиналар тасвири кўз олдимни сўнгги бор чизиб ўтди…
– Ая-жо-о-он-н!.. Вой-й, жо-он-ни-им… ай-й-й…
Сўнгги бор қуёш шуъласини кўриб қолмоқ истагида тўйиниб нафас олгим келиб кетди. Чираниб энтикдим. Лекин ичак-ичакларимни юлиб-юлқиб чиққан ногаҳоний ўкирик кўм-кўк осмонни қип-қизил тусга бежаб ташлади. Кўз олдимдаги кумушдек товланган ёруғликни сурбетларча ямлаб ёпирилаётган зулмат чимматидан озорланиб оғиз очдим. Во, ажаб, нимагадир ҳозирнинг ўзида аввал аямни, сўнг эса дадамни жуда-жуда кўргим, ақалли бир сония бўлсин азиз дийдорларига тўйгим келиб кетди. Қандайдир таскин бергувчи куч менинг тилка-пора вужудимни астагина авайлаб кўтаргандек бўлди. Назаримда борки мавжудот билан узил-кесил видолашиш лаҳзалари эди бу таскинлик. Шунда бир нималар дупирлаб чопа келдилар. Бундоқ қарасам, боя гаражда елкамдан оғир босган қора кийимли бадбашара маҳлуқлар қий-чув кўтариб ётишибди. Сесканиб кетдим. Намунча қўрқинчли бўлмаса булар? Нимадан, нимамдан умидвор? Шу пайт машинамни юргизишга йўл қўймаган енгил шарпалар оппоқ, кўркам симоби либосларда пайдо бўлишиб, қора кийимлиларнинг уринишларини кескин кесиб чиқишди. Юзларидан таъриф этиб бўлмас майин, аммо ўткир нур муттасил ёғилади. Савлатлари ҳавасманд, баркамол.
– Тега кўрманглар! Бу бандаи мўмин бизларга қарашлидир.
Ажаб, анави даҳшат оралаган қора кийимлилар айъюҳаннос солишганча кетларига тисарилишди. Хунук, аммо ниҳоятда қўрқув туғдирувчи унлари тобора ингичка тортиб, аллақайга ғойиб бўлдилар. Оппоқ либосдагилар эса атрофимни гир ўраб, авайлабгина парвариш қилишга тушишди. Мунча ширин ис, бунча тотли бўлмаса экан бу баҳаволик. Бунчалар момиқ бўлмаса экан бу меҳрибон қўллар. Бунчалик сархуш овозни илк бор тотиб, вужудим енгил тортиб кетди…

Эркин ҳикояси

Чирпирак сиртмоқ

Давронга бекор хат ёзиб қолдирдим. Ўтиргизволиб ётиғи билан тушунтиришим керак эди. Аммо, аммо нимагадир тил билан баён этишга чўчидим, рости. Эҳтимол, ўғлимнинг кўзларига ботиниб қаролмаслигимдан ҳайиққандирман. Эҳтимол, унинг олдида гуноҳларга тўла вужудимнинг титраб-қақшаб бўй беришидан қўрққандирман. Эҳтимол, мендайин отадан нафратланиб қолишидан таҳликага тушгандирман. Нима бўлганида ҳам барибир қўрқоқлик қилдим. Жуда катта хато қилдим.
Ярим тунда ўғриликка тушган мушукдек болалар хонасига енгил, шарпасиз қадам босиб кирарканман, авзойи баданимни ўз-ўзидан жиққа тер босди. Юрак қурғур тинимсиз потирлайди. Ҳатто томоғимгача тепчиб уради, нафасни кескин қайтаради. Тўрида кичик ўғлим диванга ястанганча қаттиқ уйқуда. Кўрпасининг ярми полга ғижимланганча оқиб тушган. Даврон дераза олдидаги диванда майингина нафас ютиб, ором олаяпти. Усти очиқ. Унинг хушбичим қоматига, тиниқ буғдойранг юзига бироз термулиб турдим-да, хўрлигим бехос келиб кетди. Ҳўнг отиб юборишимга бир баҳягина қолди. Ўзимни аранг тутиб олдим. Қандайдир куч унинг юзига қайтадан қараттирди. Бир зум ички титроқда тикилиб турдим-да, бу ерда бундайин аҳволда ортиқ туролмаслигимни англаб, стол юзига энкайдим. Ҳатто тунги чироқниям ёқишга журъат тополмадим ўзимда. Ташқаридан тушиб турган чироқнинг заифгина шуъласида пала-партиш ўксик ёзувларни бир парча қоғоз сиртига қалаштиргудек битиб, кўзгу токчасига аста ташладим-да, ёв қувган каби хонадан шошиб чиқдим. Даврон ҳозир ўқиган бўлса, қай аҳволга тушган экан, шўрлик. У ҳам қайдан билибди, ахир. Билганида шу йўлни тутармиди?..
Икки тошқин дарёнинг ўзанига тош бостириб бўлмас экан-да! Ҳали бу иккови бирга ўқишаркан-да! Гўзалнинг бу ерга келиб ўқишига ҳарчанд қаршилик кўрсатмайин, Юлдузнинг, майли, мен ўқиёлмадим, жилла қурса қизимиз ўқисин, деган афсусли ишорасидан лом-лим деёлмай, ичим бир қадар сидирилганча розилик билдира қолгандим. Бу ёқда эса Даврон ҳужжатларини аллақачон топшириб бўлган экан. Икки ўт орасида қанчалик қийноқларга тушиб, ўзлигимни йўқотгандим. Лекин бир ўй мени ўз тинчимга ташлаганди. Бири кириб, бири киролмай қолса-чи. Шу тасалли жонимга ора кириб, ҳарна енгил тортгандек бўлгандим. Бироқ омад иккисига бирдек қулоч ёзди-ю, мендек нодонга қиё ҳам боқиб қўймади. Йўқ, мен фарзандларимнинг орзуларига ғов бўлишни сира-сира истамайман. Фақат иккисининг қаршисида шунча йиллар эзғилаб, оромимни олаётган машъум сирнинг очилиб қолишидан қўрқардим. Ҳеч бир бандасининг бошига тушмасин бунақанги чигал савдолар. Мана, менинг тақдиримда сиртмоқ каби бошим узра осилиб турибди қилган гуноҳларим. У ёндан ўтсам ҳам бошимга урилади, бу ёқдан ўтсам ҳам. Худди ажал мисол жоним узра кафт ёзади.
Яна бир ўй бу вужуд ғалаёнларини босқилаб қолади. Мақсад тескари айланиб, хат Ҳалиманинг қўлига тушиб қолсами! Шу тилимловчи хаёлий исён ич-ичимни зирқиратиб ўтди-ю, қовоғим тинмай уча бошлади. Балким Давроннинг ўзи ўқиб, аясига тўполон кўтараётгандир. Йўқ-йўқ, ўғлим унақанги юзга сапчийдиган, кўзга терс қарайдиган бола эмас. Ўз тасаллимдан чалғиб, кўз олдимга аламли ғазаб, чексиз нафратга минган Даврон ва бу сирлардан огоҳ бўлиб, ҳушини тамоман йўқотган Ҳалима келди-ю, юрагим аёвсиз юлинди. Гўёки ўз зарбасини нафақат кўз олдимга тақаш билан, балким юрагимни муттасил юлаётган интиқом зимдан эзишга чоғланган каби аввал ўй-хаёлларимни, сўнг эса бор-будимни изғирин ўйинининг даҳанаки ҳужумига рўпара қилди-ю, аросатда битган азобларда қовуришга тушди. Шайтон минг тур кўчаларига бош суқтиришга тутина кетди. Бехос инграб юборганимни сезмай қолдим.
Эндигина шаҳар ҳудудидан чиққанимда кетимдан шувиллаганча бостириб келаётган сутдек оппоқ “Москвич“га ён ойна орқали нигоҳим тушиб ўтди. Кўзгудан кўзимни олишим билан у ўзиб ўтаётиб ишорали сигнал берганча йўлимни кесиб, четроққа шитоб тўхтади. Мен ҳам тўхташга мажбурият олгандек, тормозни қаттиқ босдим. Енгил машинанинг тормоз излари қорайиб, узун чизиқ тортди. Кетидан қуюқ чангни судраб, ўзининг устидан ошириб ёйди. Орқа эшик шаҳд очилиб, қоровулимиз Шоқосим ака ерга оёқ қўйди. Ўзини ўнглаб олгач, лапанглаганча қаршимга кела бошлади. Тиниб-тинчимаётган юрагим бир нохуш хабарни аввалдан англаб етганини билдирмоқчидек бор жисмимни қалтиратишга тушди.
– Эркинжон, ўғлим, сени бошлиқ сўраяпти. Назаримда кечаги топширган молингда камомад борга ўхшайди. Лекин тағин билмадим. Аммо ўзингни бос, ҳовлиқма! Машинангдан эса хавотир бўлма, йигитлардан бирортаси етиб келгунча ўзим қараб-нетиб турарман. Сен эса анави машинага ўтир. Зудликда бормасанг…
Ҳеч нимага тушунмай, анграйганча қолдим. Бу Шоқосим ака мени ёш бола санаб, тулкининг инига рўпара қилаяптими? Ҳеч-да!
– Ёлғон гапиришни эплолмас экансиз, ака. Тўғрисини айтаверинг. Нима бўлди ўзи? Фақат чинини айтинг. Ўзиям эрталабдан бери кўнглим ёришмайроқ турибди.
Шоқосим ака қалқиб кетди. Лекин ўзини тез ўнглаб, тескари қаради. Шу туришида ғинг демай туриб қолди. Бирдан елкалари учиб, айтолмайман, айтолмайман, дегандек бошини сарак-сарак чайқади. Юрагим қинидан чиқаёзди. Жонҳолатда ўзимни машинадан ерга отиб, “Москвич“га югурдим. Ҳайдовчи йигит ҳам шай турган эканми, машинасини шитоб ярим доира буриб, изига қайрилганча учиб кетди. Миямни ҳар тур шубҳаю ваҳималар эзғилаб, кўпиргудек мижғовланади. Кўз олдимдан жон суғурувчи даҳшат тасвирлари тизим тортиб ўтади. Тилим карахт қотгандек бир сўз келмайди. Гаражга яқинлашганимизда нотинч ураётган юрагим баттар забтига олди. Жон томирларимни янаям шишириб ташлади. Ҳайдовчи йигит тўхташни хаёлигаям келтирмай, йўлни тикка солди. Шундагина ғазабдан чақнаган кўзларим асабий олайиб, тилга кирдим.
– Ҳой, ука, ишхонадан ўтиб кетдик-ку!
Йигит гўёки эшитмагандек, эшитсаям парвосига олмагандек газни қаттиқ босиб, чуқур хўрсиниб қўйди. Назаримда бу шунчаки хўрсиниш эмас, қандайдир ачиниш ҳиссини англатувчи аломатдек эди. Ичимда бир нима шув этди-ю, ўқтин-ўқтин титроққа белай кетди.
Машина ғизиллаганча бориб чорраҳага яқин жойда илкис тўхтади. Йўлнинг чап юзида одамлар нимагадир тартибсиз куймаланишаяпти. Безовта ҳаракатларидан назаримда бирор фалокат юз берганга ўхшар эди. Ҳайдовчи йигит машинадан чаққонгина тушиб, тезгина айланиб ўтди-да, мен ўтирган томоннинг эшигини шаҳд очди. Бунинг тили борми ўзи, ё забонини ҳакка чўқилаб олганми, тавба. Унинг ўрнида бўлсам, бир дақиқанинг ўзида ёрилиб кетсам керак. Ҳозир эса бу тўғрида ўйлаб, майдаланиб ўтиришнинг мавриди эмас. Тушдим. Йигит эшикни қарсиллатиб ёпиб, қўлтиғимга кирди. Ғашланиб қаршилик кўрсатмоқчи бўлгандим, билагимни янаям қаттиқроқ сиқимлади. Нима, мен саксонга кирган чолманмики, қўлтиқлатиб олсам, ярашса. Ҳеч-да! Йўқ, мен ўйлаганчалик эмас экан, ҳарқалай равонгина забони бор экан барно йигитчанинг.
– Узр, ака, айбга буюрмайсиз, ишимиз шунақа. Йўлдан бир амаллаб ўтиб олайлик ҳеч бўлмаса.
У мени одамлар қуршови томонга етаклади. Индамадим. Кўнглим қандайдир нохушликни сезгандек ўз измига янаям бўйсундирганча жимжит бўлди-қолди. Яқин қолганимизда бизга тумшуғини кўрсатиб, йўлнинг ўртасида турган “КамаЗ“ юк машинасига кўзим тушди. Милиционер йигит тинмай йўл ўлчаяпти. Ҳайрон бўлдим. Бу йигит мени бу ерга нима учун олиб келди? Менга бу ернинг нима даҳли бор? Тўхта, бу ахир таниш машина-ку! Яқиндагина Низомжонга берилганди шекилли. Нима бўлган экан ўзи? Одамлар орасини ёриб ўтганимиздагина оғир аҳволда қолган ҳамкасб дўстимга нигоҳим тушиб, ичим ачишиб кетди. У ердан бош узмаганча кўз ёшларини бот-бот артиб қўяди-да, алланималарни куюниб пичирлагандек бўлади. Ажаб, нега энди у бунчалик қақшамаса? Машинаси омон-ку ахир. Эркак кишининг ҳам кўнгли шунчалик бўш бўларканми?
Юк машинасининг ортига ўтдиму жоним узилди. Ўзимнинг енгил машинам юк машинасининг кетига ғижжак бўлганча санчилиб қолгани, атрофига эса қип-қизил қуюқ қонлар сачраганини, сал нарида оқ мато ёпилган жасад, матонинг ҳам айрим четлари остидан сизган қонни кўрдим-у, ногаҳон сапчиб тушдим. Чуваланиб урилган совуқ хаёллар даҳшатидан қулоқларим шанғиллаб, кўз олдим айқаш-уйқаш синиқ манзараларга тўлиб кетди. Ич-ичимдан бехос отилган ўкирикдан еру замин ўтга туташиб, бараварига ларзага келди.
– Ўғлим-м!.. Дав-ро-он-н!..
Оқ мато остидаги ўғлимнинг устига ўзимни отдим. Мени маҳкам қўлтиқлаб олган бояги йигит баравар қалқиди шекилли, бўш қолган қўлларини бир-икки қаттиқ қоқиб, мувозанатини ўнглаганча ортимда қолиб кетди.
– Нима қилиб қўйдинг, жон болам… Ўғлимнинг кўзлари очиқ қолган, гўё, мен нима қилгандим, дада, деяётгандек кўкка маҳзун тикилиб қолган эди. Юрагимдан кучли бир нидо отилганча ўғлимнинг юзидан юлқиган оқ матони алам билан ғижимладим.- Мени кечир, ўғлим, гуноҳкор отангни кечир!..
Ажаб, жон талвасасида тўлғониб, ўғлимни маҳкам қучганимда унинг нурсиз кўзлари аста юмилди. Аччиқ қийноқликни тотиб, қимтилган лаблари ҳам бўшашди.
– Даврон!.. Жон, ўғлим… мени ташлаб кетма, кетма-а!.. Сенинг ўрнингга мана мен борай… Мен борай-й!..

* * *

Кўнглим яримта бўлиб қолди. Мен ўлсам бўлмасмиди? Нега энди ўлим ҳам мен касофатидан шунчалик юз ўгирса, ҳазар қилса! Нима учун шундай, а? Наҳот ўлишгаям лойиқ бўлмасам?..
Шўрлик Ҳалима ҳам бирпаснинг ичида эсини йўқотди-қўйди. Бир куннинг ўзида тўзиб кетди. “Тез ёрдам“нинг кети ҳеч узилмайди. Ҳаммасига, ҳаммасига ўзим айбдорман, ўзим. Шам каби пилпиллаётган гуноҳларга тўла вужуддан жон қуввати тезроқ узилса-ю, тезроқ жаҳаннам қаърига равона бўлсам. Лекин бу зорланишлар қум битган қулоққа висирлагандек сассиз, садосиз жон-жонимни эзади. Гўё кимлардир: ”Қаёққа шошасан, ҳали бу ҳолваси. Сен учун кўп кўргуликларнинг адовати урчиб ётибди, кўрмасанг бўлмас“ дейишаётгандек бўлаверади. Унинг устига алланимабалолар бўй ташлаб ёпирилиб келишади-да, қинғир-қийшиқ “ҳусну жамол“ларини намойишкорона қилтиллатишиб, ўзликларини таништирмоққа уринишади. Этларим юпқа муз қатлами чирсиллаб уқаланган каби совуқ сесканиб кетади. Бу сесканишлар дўзах ўтида ўтин мисол қаланиб, тикка ёнишим олдида нима бўлибди? Бу телбанамо каловланишлар жаҳаннам санчиқларининг оловли қамчинлари остидаги дод-фарёдлар қаршисида нима бўлибди?..
Бу кўргуликлар етмагандек томир-томирлардан эринмай, чувалиб қайноқлик бераётган минг тутам ҳадикнинг кейинги машъум зилзиласи шўрлик ўғлимни қаро тупроқ бағрига қўйиб қайтган қора куннинг эртасига юз берди-ю, қилган гуноҳларим янаям ошкор бўлди-қолди.
Офтоб ёйилганда кўча муюлишига “Лаз“ автобуси келиб, задаланган каби вошиллаб тўхтади. Ундан аввал домлалари бўлса керак, сипо кийинган эркаклар, ортларидан эса йигит-қиз аралаш талабалар бирин-кетин тушиб тўпланишди. Сўнг домлалари кетидан турнақатор тизилишиб, биз томон кела бошлашди. Ўрнимдан аранг қўзғолиб, мувозанатимни тополмай килдирайман. Ёнимдаги Садриддин акам буни пайқаб, қўлтиғимдан қўл ўтказиб тутиб турибди. Кўнгил сўровчилар дарвоза остонасига етар-етмас, қизларнинг ичидан кутилмаганда оламни баралла бузгудек аччиқ фарёд бўй тортиб қолди. Уввос солганча “вой, акажон“лаб тўпдан ажралиб чиқди-да, жонсарак қалқий кетди.
– …Вой, акажон!.. Шунчалик ҳам тор кўрдингизми бу дунёни, акажо-ним-а!.. Қаро ерни афзал билдингизми-я, акажоним-о…
Ие, бу Гўзал-ку, қизим-ку! “Гўзал, қизим!“ Бу ички нидо ҳушимни бирпасда олди-қўйди. “Кечир мени, жон қизим. Бахтингга зомин бўлган нодон дадангни кечир“. Нима? Отанг, дедимми? Мен ҳали отаманми, мен-а?.. Шу лаҳза кимдир оғзимга пиёла тутгандек бўлди. Муздек сув, гўё ҳовури қайноқ, мисоли заққум. Ичсанг ҳам ичасан, ичмасанг ҳам, дегандек оғзимга зўрлаб тиқиштиради. Томоғимдан базўр бир қултум сув ўтди-ю, ортиқ ютоқолмай қаттиқ ўқчидим. Димоғимга оғир урилган ютим қолдиғининг зарбаси бўғзимни шишириб, ачиштириб ташлади. Мижжаларимда ёш қалқиди. Кўзимни аранг очиб, ҳовли ичкарисига зорланиб назар ташладим. Руҳий қийноқлар бусиз ҳам ич-этимни ўйиб, тинимсиз кавлаштириши етмаган экан. Оғриқдан инградим шекилли, акам билагимдан янаям маҳкамроқ ушлади. Ичкарида Ҳалимаю янгаларимга қўшилиб, аёлу қизларнинг айтиб бўзлашлари бошим устида сиртмоқ солиб, чирпирак қила кетди. Шунча йил кўзимга кўринмай, хаёлларимда, тушларимда чувалашган бу сиртмоқ энди ўз асл нуқсини кўрсатишга ошиқди. Сиртмоқ менга тегишли эди-ю, аммо унинг қай йўсинда ўз ҳалқасига солиши номаълум эди. Мана энди…
Фотиҳа адо этилди шекилли, аввал домлалар, сўнг йигитлар тизилиб келиб, қучоқ очишганча кўнгил сўрашга тушишди. Оёғимда ерга аранг илашиб турибман. Ҳеч бир аъзойим бўй эгмайди. Гўёки жонсиз мурдадекман. Тилим эса муз қотган.
Бир маҳал ичкарида йиғи товуши кўтарилиб, узоқ туриб қолди. Сўнг дарвоза саҳнида қизлар қораси кўринди. Икки дугонасига ўзини ташлаганча йиғидан юзи шилинган Гўзал чиқиб келди-ю, биз – қўл қовуштириб турганларга бир қур синчков, аммо мунгвор кўз югуртириб ўтди. Юрагимда бир нима чирт узилгандек бўлди. Шўрликнинг кўзлари қизаринқираб, қовоқлари бўртиб кетибди. Оҳ, қизим, қизгинам-а, шу кунларни кўрсатгунча ўлиб кетсам бўлмасмиди-а?..
Гўзал бир-икки одим ташлади-ю, биз томонга негадир яна маҳзун нигоҳ ташлади. Жонсарак нигоҳи илкис менга қадалди. Қўрқиб кетдим. Гўё ер остига сингиб кетгандек бўлдим. У бу мудҳиш аҳволимни тушида кўраётгандек ўрнида қотди. Суянч дугоналарини икки ёнга аста қалқитиб, мендан бир сония кўз узмаганча қадам ташлади. Дугоналари не қиларларини билолмай, ўнғайсизланиб жавдирашди. Сим-сим санчилаётган юрагим оғир қалқиб, хўрлигим келиб кетди. Ортиқ чидолмадим. Қандайдир куч олдинга сурди. Беихтиёр олдинга интилганимдан каловланиб қолдим-да, ич-ичимдан тошаётган аламли ғалаёндан суяксиз забоним ҳам энди жунбушга келгандек жонланди.
– …Қи-зим-м!.. Вужудимни ўпиргудек бўлган ғалати нидодан кўз олдимни зулмат пардаси бир баҳя қоплаб ўтди-ю, тентираб кетаёздим.
– Да-да!.. Дадажон!..
– Гўзал, қизим-м…
Бу синиқ товушлардан ҳислар тарк этмоқда бўлган вужудим қаттиқ ларзага келди-ю, бўғзимга зарб билан урилиб, ташқарига пармалагудек эшилиб отилди.
Гўзал яна икки қўлтиғига кирган дугоналаридан сирғалиб чиқиб, мендан икки-уч қадам нарида таққа тўхтади. Кўзларига ишонмагандек суқланиб тикилди. Лаблари пир-пир учди. Бир зум шу тусда туриб қолди.
– Дада, бу… ўзингизми?..
Кўзларимдан дувиллаб ёшлар қуйилди. Гўзал бағримга ўзини отаркан, эси оғган каби маҳкам қучганча асабий силтар, назаримда рўй-андишани буткул унутганди. Бел боғлаб турганлар серрайганча не қиларларини, не деярларини билолмай жим қотишган. Ҳамма ҳайрон, ҳамма таажжубда. Бу нигоҳлар аччиқ тақдирларнинг асл калити менда эканлигини ҳали-вери билишмайди. Билишганда эса, бирваракайига тошбўрон қилиб юборишлари, ёки жуда нари борса, беномус шаънимга адоқсиз лаънатлар ёғдиришлари тайин.
Қизлар ортидан бел боғлашиб чиққан бир тўда аёллар ичидан суғурилган Ҳалимани кўрдим-у, телбалардек оғзим бир томонга тортиб кетгандек бўлди. Гўзал ҳам ҳушини жамлашга уринди шекилли, бежо кезаётган нигоҳини бир муддат муқим нуқтада ушлаб, илтижоли тикилди.
– Дадажон!.. – деди мотамсаро кийимларимга бир сидра кўз ураркан, синиқ шивирлаб.- Сиз… сиз ҳам эшитиб келганмидингиз?..
Вужудимда яна даҳанаки оқим кўпчиб, беҳисоб санчиқларга белаб ташлаганидан оғриниб, оғриқлардан халос бўлмоқчидек лабларимни қаттиқ қимтидим. Бироқ бу уринишим зое кетиб, азобларнинг таъсиридан инграб юборишимга бир баҳя қолди. Гўё бошимга энг сўнгги қувват зарб билан тепчиди-ю, тилимдан совуқ жумлалар узилиб тушгандек бўлди.
– …Акангдан бевақт айрилиб қолдик, қизим…
Кўз олдимни тўс-тўполонга тўлдирган бу дунёнинг борки бисоти кўкка сапчиди. Ер ёрилди. Чеки йўқ ўтлар ҳалқаси ловуллаб ёна кетди. Шайтонбачча маҳлуқлар ўзларига тобе бўлмиш кимсаларнинг бурунларидан ип ўтказишганча шафқатсиз силтаб тортиб, оёқларигача оғир занжирлар чандишган кепатада учиб ўта бошладилар. Сув деса асал, асал деса заҳар, заққум қўмсаса ажал тутиб сийлашга тушдилар. Аллақайдан ҳозиру нозир бўлмиш қора шарпалар даҳшатли қанотларини қарсиллатиб қоқишганча чир айланаётган шайтон бандиларига беҳисоб ўткир тирноқларини ваҳшиёна важоҳатда санча кетдилар…

Гўзал ҳикояси

Бедаволар бозори

Эндигина эрталабки нонуштани қилиб йиғиштирилаётгандик ҳамки, ётоғимизга кимдир сим қоқиб қолди. Уй эгаси димоқ-фироқ қилганча чиқиб келиб, узиб олгудек минғирлади.
– Ҳой, қизлар, майли, бу сафар ҳам индамайман. Лекин билиб қўйинглар, агарким яна безовта қилишгудек бўлишса, кўрпа-тўшакларинг ўзларингга сийлов. Ким кўп, ижарага зориққанлар кўп. Унинг устига сендақаларнинг қорангни эндиям кўраётганим ҳам йўқ. Гапим тушунарлими? Боринглар, бирларинг гўшакни кўтаринглар. Кавалерларинг куйиб, кулга айланиб кетмасин тағин. Айш-ишратларинг кўчада бўлсин. Менинг уйим переговорний дом эмас. Қўнғироқ қилишнинг ҳам ўзига яраша вақти, маданияти бўлади…
Қотиб қолдик. Бир ёғи дарсга кеч қолишимиз мумкин. Эрталабдан кимга зарур бўлиб қолди экан суҳбат қуриш? Шу даҳанаки савол ҳар биримизнинг хаёлимиздан беҳузургина ўтди шекилли, бир-биримизга чўчинқираб тикилишдик. Дилдора ҳар биримизга синовчан жавдираб олди-да, уй соҳибасининг хонасига мунғайганча кириб кетди. Йиғиштирилиб, эндигина йўлакка тўпланганимизни биламиз, ичкаридан ранглари ўчганча Дилдора отилиб чиқди-да, юзини асабий чангаллади. Бирдан телбалардек чайқалиб, ўкрашга тушди. Уччов қиз унга ёпишдик.
– Нима бўлди, тинчликми?
– Айтасанми бир мундоқ. Қон қилиб ташладинг-ку одамни.
Дилдора кескин бош чайқади.
– Айтолмайман!.. Йўқ, сира иложи йўқ буни айтишга!.. Жон дугонажонлар, илтимос мени мажбуран қийнаманглар!..
Заҳронинг ҳам жаҳли чиққанидан товуши асабий чийиллаб узилди.
– Нимани айтолмайсан?! Шунчалик айтиб бўлолмайдиган гапми?!
Бирпаснинг ичида бошқа одам тусига кириб қолган Дилдора ҳолсиз бош лиқиллатди.
– Майли, айтаман, аммо…
У ўзини тутолмас, ҳар биримизни бир-бир бағрига тортганча аччиқ йиғисини бас қила олмасди. Бироқ тилидан ўсмоқчиланган сўзлар қулоққа илиниб, қандайдир мудҳишликни англагандек бўлдик.
– Даврон… Ғиёс айтдики…
Давроннинг исмини эшитиб, юрагим безовта ура кетди.
– Нима Даврон! Дилдорани силтаб ўзимга қаратдим.- Чайналмасдан гапирсанг-чи!
– Ўртоқжон, Даврон машинасида…
Дилдора беўхшов бўзлади. Юрагини чангаллаганча ўтириб қолди. Қизлар унга ёрдам кўрсатиш учун ёпиша кетишди. Қандайдир зарб қўққис бошимга урилиб, вужудимни совуқдан-совуқ ғалаён эгаллади-да, аёвсиз тирнай кетди. Нима дейди? Машинасида дейдими? Қанақа машина?!
Қизлар минг саросимада олийгоҳга чопишди. Ишқилиб, англашилмовчилик бўлсин-да! Ишқилиб, ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқсин-да! Ўз қонимга ўзим қайнаб, ўз ёғимга ўзим қовурилиб ётганимда қизлар шумшайиб кириб келишди-ю, жавдираган, чўчинқираган нигоҳларидан мудҳиш хабарнинг ростлигини англаб, Заҳронинг қучоғига ўзимни отдим.
– Давронга нима қилибди, дугонажон. Жилла қурса сен чинини айт!..
Заҳро пиқ-пиқ йиғлаганча юзини терс бурди. Вужуди силкиниб-силкиниб кетди.
– Наҳотки!.. Наҳотки, Заҳро!.. Йўқ, бундай бўлиши сира мумкин эмас. Даврон беҳудага ўладиганлардан эмас!.. Нима гуноҳи, нима айби бор эдики…
Заҳро ҳушини йиғиб олди шекилли, қучоғига маҳкам тортди.
– Бардам бўл, Гўзал. Ўзингни бос!..

* * *

Шу куни ҳуд-беҳуд бўлганча минг азобларда тонг оттирдим. Заҳарли тонг. Машъум тонг. Шу мавҳум тасодиф ростлигига сира-сира ишонгим келмас, ишониш тугул ҳатто бу ҳақда ўйлашниям истамас эдим. Давронсиз бу дунё мен учун чинакам дўзахнинг ўзи эмасми ахир.
“Лаз“ автобусига аранг оёқ қўйиб, ич-ичимдан тошай-тошай деб тинчлик бермаётган аламли дард бирдан отилди. Қизларнинг бағрида тўлғонарканман, уларнинг далдаси қулоғимга кирмас, аччиқ аламларни дунёимга сиғдиролмай қийноқда эдим. Нима қилай, нима қилай аччиқ айрилиқ савдоси шу қадар бизга бир умр ҳамроҳ тушган бўлса? Нима қилай, бу юрагим қиймалаб-қиймалаб ташлаётган бўлса, а? Кўз олдимдан эса Давроннинг мийиғида майин табассум билан меҳрибонона тикилиши сира нари кетмай ўртайди. Қийноқларга белайди. Энди нима қиламан? Давронсиз беҳуда яшамоқнинг нима зарурияти бор энди?.. Бунча имиллайди, бу ер юткур автобус.
Етиб борганимизда кўча четида бел боғлаб тизилган одамларга нигоҳим тушди-ю, нимагадир кечадан бери вужудимни эзаётган санчиқлар куч йўқотиб, аллақайга ғойиб бўлди. Ичим нечукдир бўм-бўш бўлиб қолди. Билмадим, билмадим нимагадир ҳеч нима хаёлларимни, кўнглимни овлашга қувват тополмай қолдими, ё тақдиримга кўтариб бўлмас тош босилганига тан бериб қолдимми, юввош тортдим. Лекин… лекин бу жимжит вужуд фотиҳага йўл олган маъюс тизим сафида тақдирнинг аёвсиз аламларига дош беролмай, бирдан вазминликдан бош тортди. Ич-ичимдан отилган ёввойи ўкирик бошим узра узлуксиз санчиқлар ёғдира кетди.
– Вой, акажон!.. Шунчалик ҳам тор кўрдингизми бу дунёни, акажоним-а!.. Қаро ерни афзал билдингизми-я, акажоним-о…
Руҳий бўзлашларда тўлғониб, ўзимни дугоналарим қатори бегона аёллар ичида кўриб, бўғиқ йиғи баттар авж олди. Кимдир мени қучиб олганча телбанамо чайқала бошлади.
– Вой, ўн гулидан бириям очилолмай кетган болам-а!.. Қандоқ қилай энди, жоним қизим, шўргина пешонамда шундайин ёзуқлар битилган бўлса?.. Қанчалар суюнгандим-а!..
Кимдир тинчлантиришга уринди.
– Бўлди-бўлди! Эркаклар кутиб қолишди.
Э, менга нима! Менга деса кунлаб, ойлаб кутишмайдими! Мен нимага зорману, улар нимага муштоқ. Мени қучиб олган аёл Давроннинг онаси эканлигини дарров сездим. Юрагим ҳам ҳаприқиб, ҳам орзиқиб кетди. Ўкириб бўзлашга тушганимда аясининг ўзи елкаларимни оҳиста силаб-сийпаб овутишга тутинди.
– Бўлди, қизим. Бошга тушганни кўз кўраркан. Қандоқ қилайлик энди… Оддийгина бир банда бўлсак…
У мени авайлаб ўриндиққа ўткизаркан, ўзиям ёнимга астагина чўкди. Ҳозирда уни қучгим, юрагим бўшагунча тўйиб-тўйиб йиғлагим, Давроннинг бўйини шу онасидан излагим келди. Лекин тўйиб йиғлаганим билан юрагим буткул бўшаб қолармиди, аксинча дарё каби тўлиб-тошиши тайин. Шишган қовоқлари остидан қайғули боқаётган кўзлари бироз нам олгану, афсуски бир қатрагина кўз ёши ҳалқаланиб ҳам қўймайди, шўрлик онаизорнинг. Фарзанд доғида бир куннинг ўзидаёқ буткул қурибди. Бу доғ нақадар куюк эканлигини, шу билан бирга ишқ соҳибидан айрилиш доғи бир умр юрагингга аламлар исёнини шафқатсиз тарзда жойлаб кетишини шу лаҳзаларда чуқур англаб, совуқ сесканиб кетдим. Гўё юрагингда асраб-авайлаб, ардоқлаган ниҳолингни беаёв куч илдиз-пилдизи билан суғуриб ташлаган маҳал жонинг ҳам бирга юлингандек бўларкан. Болалигимдан Ҳамид Олимжоннинг асарларини севиб ўқирдим. Қайта-қайта мутолаа қилган сарим ҳар гал ажойиб манзараларга дуч келиб, сеҳрланиб қолардим. Гўё ўша асар оламида яшаётгандек билардим ўзимни. Қандайдир роҳат топардим ҳам. Кейин эса садоқатли кишисининг куюгида бир умр куйиб-ёниб яшаган Зулфиянинг шеърларидан бошимни сира кўтара олмасдим. Баъзан тўйиб-тўйиб бўзлардим. Анча вақтгача ўзимга келолмай юрардим. Икки шоирнинг юракларидаги меҳр-муҳаббат булоғининг қанчалар соф, қанчалар ардоқли эканлигини англаб етгандим ўшанда. Лекин тақдир тўзонида Зулфиянинг бир умр бор дардини ижодига сингдиргани мени ниҳоятда лолу ҳайронлар қолдирганди. Шоирага чексиз таҳсину эҳтиромлар ўқигандим ўша пайтлар. Биламан, биламан мен Зулфия бўлолмайман, лекин ҳозирда тақдир чигалликларининг чангалида шоирага қанчалар оғир бўлганлигини энди-энди тушуниб етдим.
Дугоналарим қўлтиқлаб чиқишаётганида Давроннинг аяси аччиқ уввос тортиб, мени яна бағрига қучди. Юзини юзимга босиб, бироз қалқиб турди. Мен эсам ҳушимдан батамом кечгандек инон-ихтиёримни унга бериб, карахт қолдим. Қандайдир куч яна бир баҳя туришни истайди. Қайсидир куч эса, Давронсиз бу хонадондан тезроқ кетишни кўзлайди.
Давроннинг аяси кўзларимга бир муддат лаблари тинимсиз пирпираб, ғам-ташвишдан чуқур ботган нурсиз, серқайғу нигоҳида зорланиб термуларкан, юзимга лаб босганча нафаси тиқилди.
– …Сен ўзингни кўп ҳам қийнама, жон қизим. Ҳаёт ўзи шунақа тескари яралган шекилли. Майли, сабр қил, хўпми, опоқ қизим…
У ортиқ чидам тополмаслигини сездими, лаблари аламли қимтиниб кетди. Елкалари силкиниб-силкиниб, мажолсиз гавдасини аста узди. Қизиқ, боя ақалли бир томчигина ёш сизмаган кўзларидан энди дувиллаб ёшлар қуйилди. У бир одим ўзини орқага ташлаб, бир ҳовучгина бўлгандек мунғайди-қолди. Дод солиб юборай дедим. Шафқатсиз ҳаёт ҳукми кўзимга зулмат чодирини қоплаб қўйдими, э, воҳ! Наҳот, тақдирим бунчалар чигал бўлмаса? Наҳот, айрилиқ доғи менинг бошимни шунчалар барвақт “силаб-сийпалаган“ бўлмаса?! Бу чеки кўринмас қайғуларга қандоқ чидайин, қандоқ?..
Дугоналарим икки ёнимдан қўлтиқлаб олишди. Остонадан ҳатлаётиб кўзларим бел боғлаб турганлар қаторига бир сидра қочоқ нигоҳ солиб ўтди-ю, кимдир кўзимга ўтдек кўриниб, яна қайта қарашга мажбур қилгандек бўлди. Шу билан бирга бир холис ният: Давроннинг дадасини узоқроқдан бўлса-да бир қур кўриб қолиш илинжи ҳам кўнглимдан ўтди. Суянч дугоналаримни беихтиёр икки ёнга аста қалқитиб, бир сония ўша томондан кўз узмаганча қадам ташладим. Дугоналарим не қиларларини билолмай, ўнғайсизланиб қолишди. Сим-сим санчилаётган юрагим оғир қалқиб, хўрлигим келиб кетди. Ортиқ чидолмадим. Шу топда, қизим, деган нақадар таниш, ҳам қадрдон, аммо ҳуркак оҳангли хитобдан сесканиб, ўзим томон килдираб қадам ташлашга интилган – нигоҳимни бир қур занжирлаган кимсага жавдирадим. Хиралик индираётган бир қатрагина ёш ҳалқобини бир кўз юмиб ситиб чиқардим-да, олға талпиндим. Товушим хастаҳолгина узилди.
– Дада!..Дада-жон!..
– Гўзал, қизим!..
Синиқ, ҳам ҳазин, шу билан бирга ҳорғин товушдан эсанкираб қолаёздим. Бировни дадамга ўхшатаётган бўлсам-а. Ўз ўйимдан саросимага тушдим, бироқ қандайдир куч мени яна у томон интилтирди. Икки ёнимга қайта кирган дугоналаримдан ногаҳон яна узилдим.
– Дада-а, бу… ўзингизми?..
Ичим куйиб, зириллаганча йиғлаб юбордим. Алам оғушида бора солиб, дадамнинг бағрига ўзимни отдим. Тақдир зарбаларини бўлишмоқчи бўлган каби илтижоли тикилдим. Дадамнинг нигоҳини бир нуқтада ушлолмай энтикдим.
– Дадажон!.. Сиз… сиз ҳам эшитиб келганмидингиз?..
Дадам нега бел боғлаб олдийкин, ё Давроннинг дадаси таниши бўлса ҳамдардлик билдириб, елкама-елка турибдимикин? Лекин ҳозирда бу бесамар саволларнинг жавобига маҳталликнинг мавриди эмас.
Дадам бирдан чайқалганиданми, бежо кезаётган кўзлари дарвоза тарафга михланиб, ранги қум ўчиб кетганига кўзим тушди. Не қиларимни билолмай қолдим. Унинг, акангдан бевақт айрилиб қолдик, қизим, деганини эшитдиму, кейин нима бўлганлигини англолмадим. Англаганим шуки, аллакимлар чопиб келиб мендан ногаҳон узилиб, бир томонга ён бераётган дадамни ушлаб қолишди. Шу лаҳзадаёқ дугоналарим яна қўлтиғимдан олишиб, автобус томон етаклашди. Ногаҳоний бош ўгиришим икки ният билан жонланди. Бири сўнгги бор Давронлар хонадонини кўриб қолиш, бири эса дадамнинг аҳволидан безовталаниш эди. Шунда дадамга жонсарак ёпишиб олган Давроннинг аясини илғадиму, оёқларимни ерга маҳкам тираганча бу сўқир кўзларга ишонмагандек бақрайганча қотиб қолаёздим. Давроннинг аяси кимгадир ёлборди.
– Беҳзоджон болам, тез дадангга сув келтир!.. Вой, шўрим, шунча кўргуликлар каммиди?..
Наҳотки, наҳотки дадам… Йўқ-йўқ, сира бўлиши мумкин эмас. Беҳуда хаёлларга борма. Унда нега “дадаси“лаб қолди. Шу топда, аямнинг кундоши бўлмасин тағин, деган ўй миямга яшиндек урилиб, баттар шалвирадим. Бу ҳам етмагандек яна бир ички ғалаён совуққина ҳукм суришга киришди. Акангдан бевақт айрилиб қолдик, қизим, дегувчи дадамнинг оғриқли ноласи остида қандайдир ишора бордек эди. Наҳот, ўз акам билан… Йў-ўқ!!! Йўқ-йўқ, бўлиши асло мумкин эмас, мумкин эмас. Унда… унда нега, аканг, деди? Наҳот!.. Оҳ, бу не кўргулик. Бу не тақдир ёзуғики тикка бўй бериб, бор-будингни қасдма-қасдига тилимлаб ташлайверса?!
Шу пайт бир ёввойи чийиллаш хунук товуш берганча келиб қулоқларим остида портлагандек бўлди-ю, Давроннинг дадамга берган сифатини кўз олдимга тикка қилди. Қирғичдан астойдил ўткизган каби қулоғимга бир нималарни висирлагандек бўлди. Бу хаёлимда содир бўлдими, ё бир киприк қоққулик вақтда туш кўргандек бўлдимми, англолмай қолдим. “Хоним, мабодо дадангизнинг чап қошлари четида андаккина тиртиқлари топилмайдими?..”

* * *

Кўзимни очганимда ёнимда ўтирган аямни кўриб, кўзларимга ишонмагандек ҳайрон боқдим. Сўнг эса ички аламлар хаёлимга лопиллаб кўндаланг бўлди-ю, унинг қайта бош кўтарганидан ўкраб юборганимни билмай ҳам қолдим. Аям назаримда бир ҳовучгина бўлиб қолгандек туюлди. У мени оҳиста қучганча овута бошлади. Қизлар етказишган шекилли, хастагина шивирлади.
– Қўй энди, қизим, жигар-бағрингни эзганинг билан барибир қайтиб келмайди. Унинг руҳини азоблаб, қўп ҳам кўз ёш тўкаверма! Биламан, туйғу савдоси жуда қийин нарса. Яхшиси, яхшиси, шу ердан кета қолайлик, жон қизим. Сенсиз уйим ҳам, бағрим ҳам ҳувиллаб қолди ўзиям. Кечалари ёлғиз ўзим мижжа ҳам қоқмай тонглар оттираман. Дадангни узуккун кутишларим етар ўзиям.
“Даданг“миш! Шу жумла орқали ҳушим эндигина равшан торта бошлади. Шунда аламли, чидаб бўлмас нидо тилимдан шиддат билан кўчди.
– Аяжон, нима учун дадам уйимизни “меҳмонхона“ дерди?
“Дадам“ сўзига атайлаб алоҳида санчиқли, ҳам илмоқли урғу бериб ўтдим. Ҳатто тилга олишгаям ҳазар қилгудек кайфият ва руҳиятда турганлигимни аямга уқтириб қўйгим ҳам келиб кетди.
Аям дабдурустдан берилган бу жумбоққа жавоб тополмадими, бироз оғир ўйга толиб қолди. Ҳозир ўзи нима кепатада ётибсан-у, бу даҳмаза саволнинг нима ҳожати бор, дегандек юз ажинлари маъноли тиришди. Кўнглида шу саволга нисбатан гумон пайдо бўлганини кўзларидан уқиб, юзимни буриб олишгаям ўзимда журъат тополмадим. Ана шу шубҳа аямни жавоб беришга ундадими, энди хавотири ошди.
– Айтардим-ку ахир, дадангнинг уйи кўча, деб. Нима эди, жон қизим.
Қийнагим келмади. Бамайлихотир аямнинг оҳангига хос шивирладим.
– Ўзим. Шунчаки сўрадим-да, аяжон.
Ўзимни шу хилда тутсам-да, бироқ нимадир ич-ичимни аччиққина сидириб ўтгандек бўлди. Аямнинг бетоқатланиб туришига бир томони ичим ачиб ҳам кетди.
– Шунчаки сўроқлаш ҳам ҳар хил бўлади-да, қизим. Кўзларини юмганча хитоб қилди аям.- Очиғини айтавер, жоним қизим. Ўзи бусиз ҳам тушларимда сениям, дадангниям безовта кайфиятда кўравериб, юрак-юрагим лахта-лахта бўлаёзди. Худди билгандек шу ёққа учибман. Аммо сени бу ҳолда кўриб, ҳушим бошимдан учди, жон қизим. Биргина дилбандим, ягона суянчиғим ўзингсан, яна кимга юкимни ташлай. Адойи тамом бўлган онангни ортиқ қийнамай, айта қолсанг-чи! Юрагим ўзи япроқ мисол хилвираб ётибди. Айта қол, бир нима бўлдими?
Аямга янаям ачиниб кетдим. Айтайми, айтмайми? Қандайдир куч оғир босиб, зинҳор айта кўрма, дейди. Яна қандайдир куч илдам тортқилаб, айтаверсанг-чи, ахир, дейди. Шунда шиддат билан ёпирилиб келган аччиқ алам вужудимни ёргудек қилич тиғига тўғрилади. Тақдиримни зулматга, кечириб бўлмас хатога юз тутишига ким айбдор? Аямми, ё дадамми, ким? Мени бу дунёдан кўнглим минг қадар совиб, чексиз чиғириқлар исканжасида ҳиссиз кайфиятда кун кечирмаслигимга ким кафолат беради, ким? Шу каби аламли тиғ остида адоқсиз хаёлларга чўк тушганча андишанинг юзига эндигина ниқоб тутишга чоғланганимда аямнинг муздек кафти пешонамга илкис тегиб, ҳушимни йиғдим. Хасталиги ҳуруж қилди шекилли, қўли музлабди. Бирор нимага сиқилса, дарров вужуди музлаб кетадиган дарди бор. Қўрқиб кетдим. Тура солиб унга ёпишдим.
– Аяжон, нима бўлди? Ўзингизни қўлга олинг. Мен ҳозир…
Ошхонадан ҳовучимда сув келтириб юзига сепдим. У бир сесканиб, ўзини бироз ўнглагандек бўлди. Йўқ, бу машъум сирни зинҳор ва зинҳор айтиб бўлмайди. Кўтаролмайди. Яхшиси, умрбод ичимда сақлаганим маъқул. Шу қалбий ваъда ҳукмона ҳам тилимни, ҳамки дилимни бирдек қулфлади.

* * *

Ўқишдан чиқиб келган қизлар менинг жонланганимни кўришиб, дадил тортишди.
– Ҳа, хайрият-ей, яхши бўлиб қолибсан-а, дугонажон. Ўқитувчилардан тортиб курсдошларгача сени куюниб сўроқлашди.
– Раҳмат. Анча тузукман.
Шундай дедиму, юрагимда тинимсиз ғалаён қилаётган гуноҳларим кўз олдимга келиб, ўз-ўзимдан ниҳоятда нафратланиб кетдим. Иложи борича сиртимга чиқармаслик учун нигоҳимни ерга маҳкам қадарканман, аямнинг ёнида ўтирган Дилдора оғиз очди-ю, гўё ер паллаланиб ёрилгандек, кўз олдим айқаш-уйқаш чизиқларга тўлиб кетди. Кўзларимни чирт юмдим. Қанчалик қаттиқроқ юмишга уринмай, ёруғлик излари шунчалик йўл топиб, сингиб кираверди. Қулоқларим туб-тубидан Дилдоранинг, фотиҳага Эркин тоғаям мотамсаро кийимда келган экан, дегани узлуксиз айъюҳаннос солиб ўтади. Бор вужудимни кўпиртиргандек эзиб-эзиб ташлайди.
Аранг бош кўтардим. Ғазаб илашган нигоҳимга кўзи тушган Дилдоранинг уни ўчди. Ранги бўзариб, нима, мен ёлғонни гапирдимми, дегандек қизларга бирма-бир жавдираб чиқди. Кейин ўнғайсиз ўтиришни ўзига эп билмади шекилли, чойга уннаш баҳонасида ошхонага йўрғалади. Бу гапдан аямнинг безовтали шубҳаси янаям ошгандек эди. Юз-кўзларида чарсиллаган сўров аломатлари бирваракайига ерга михлаб қўйгандек эди мени. Қизларнинг олдида сўроқлашни лозим кўрмадими, индамади. Руҳияти янаям сусайиб, оғир хаёлга чўмди. Мен эсам унинг синовчан назари тушишидан чўчиб, нигоҳимда ер чизаман. Зимдан кузатаман. Бурун катаклари кенгайиб, лаблари хиёл пирпираб турибди. Қизлар бу оғир сукунатни бузишиб, ўринларидан қўзғолишди.
– Савдо дўконига кириб ўтиш хаёлимиздан кўтарилибди. Ғириллаб тушиб чиқайлик. Сизлар бемалол…
Уларнинг чиқиб кетишлари менда саросималик уйғотиб, дилимни ғашласа-да ноилож нигоҳимда кузатиб қоларканман, якка қолган аям шўрликни астойдил овутгим келди.
– Бирга ишлашади шекилли,- дедим иложи борича ичимдаги аччиқ исённи босишга уриниб.- Дўсту биродар шунақанги оғир кунларда ёрдам қилмаса, тикка туриб бермаса бўлмас.
Аям барибир ўзгармади. Ишонч ҳисси ҳам уйғонмади. Билиб турибман, бу чигалликнинг ечимини кези келиб мендан мажбуран суриштириб олишини. Аммо унгача берадиган жавобимни фикран пишитиб олмасам ҳам бўлмайди.
Тавба, менга нима бўлаяпти ўзи? Гоҳ юрагим зарб билан уриб, гоҳи ҳиссиз-туйғусиз бўм-бўшдек туюлади. Бир нима ич-ичимдан ғимирлаб келди-ю, дош беролмай ваннахонага шошиб ўзимни урдим. Сув жўмрагини баралла очиб, унинг шариллаб қуйилиши остида бу маънисиз ҳаётнинг шафқатсиз ўйинидан тўйиб кетганимдан ўксиб-ўксиб йиғладим. Дод дегим, фарёд ургим, юрак-юрагимни юлқиб-юлқиб ташлагим келиб кетди. Нималар қилиб қўйдим ўзи? Дадам-чи? Биргина ўзи ҳам ўғлининг бошига етди, ҳам менинг дунёимни парча-парча қилди. Минг алам, минг афсус. Аям шўрлик бу томонларини билмаса, билолмаса, нима ҳам қилсин? Билганида ҳам нима қила оларди бечора. Эссиз, эссиз!..

* * *

Дугоналарим билан буткул хайрлашиш жуда оғир бўлди. Аям тўғри айтади. Бу ерда бўлсам, ўзимни ҳаддан зиёд қийнаб қўяман. Бу турган гап. Шу боис унинг измига кўндим. Бир умрга бу ердан қадам узаётганлигимни ўйлаб, оғир энтикиб ҳам кетдим. Аммо яна гуноҳлар чангали вужудимни чирмади. Гўё бу ёруғ дунё зулмат қаърига чўкаётгандек эди…

Юлдуз ҳикояси

Исёнлар ҳалқаси

Гўзал ҳам, дадаси ҳам тушларимга киравериб ҳаловатимни обдон олишди. Юрагимни ҳовучлаганча етиб келсам, бу аҳвол. Қизимнинг дарду ташвишиини дугоналаридан эшитиб, бусиз ҳам безовта ураётган юрагим нақ ёрилай деди. Шайтон минг кўчаларга етаклайди, тақдиримни поймол қилган ўша машъум кунни кўзимга шиддат билан беҳаёларча тақайди. Масхаралагандек бўлади. Ана, қизингниям кўриб боқ, қуш инида кўрганини қилади-да, деяётгандек бўлади. Гўё жон томирларим узилиб-узилиб кетадигандек таранг тортишади. Йўқ, шайтонга ҳайф бериб, қизимга зуғум қилмадим. Ўлганининг устига тепмайин дедим. Аммо унинг дадаси тўғрисидаги чигал жумбоғи мени анча саросимага солиб қўйди. Дугонасининг, фотиҳага Эркин тоғаям мотамсаро кийимда келибди, дегани тамоман гангситиб қўяёзди. Назаримда Гўзал ҳам ўзини йўқотиб қўйгандек эди. Шу пайтда мени анчадан бери тинчимни олаётган қандайдир шубҳа ва чигалликнинг яширин қати кўрингандек эди. Бунинг калити қизимнинг қўлида экандек туюлди. Йўқса, дадасининг тилида уйимизнинг нима учун “меҳмонхона“ эканлигини суриштириб қолди? Йўқ, бу ерда чиндан ҳам жиддий бир нима бор. Бунинг сабабини дугоналарининг олдида суриштиргудек бўлсам, ноаён бўлган бирор гап ошкор бўлишидан чўчидим ҳам. Унинг устига сал диққатпазликдан хуружи тайин бўлган юрак хасталигим тутиб қолишидан қўрқдим ҳам. Шуларни ўйлаб индолмадим. Бироқ ҳамон хаёлимни чирмаганча кезинаётган “Нима учун Эркин акам мотамсаро кийимда бел боғлаб туради?”, “Нима учун бу тўғрида менга индамади, ё ростдан ҳам ҳамкасбимикин?” деган саволлар тинчлик бермайди. Жўнаш учун эрталабки йўналишли автобусга чипта олганимда, Гўзалнинг авзойи бирдан тундлашиб қолди. Рости, чўчидим. Хаёлимдан дугоналаридан айрилгиси келмаяптимикин, ё тақдирининг чигал тушганига тоқат қилолмаяпти шекилли, дея тусмолладим. Йўқ, муддаосини кечки пайт баён қилиб қолди.
– Аяжон, агар эътироз билдирмасангиз бир илинжим бор эди.
– Майли, айта қол, жоним қизим.
Шундай дедиму ташвишланиб қолаёздим. Ишқилиб, пишаётган ошни хом аталасини чиқариб турмаса гўрга эди. Гўзал ер чизганча иккиланди. Юз-кўзларида ҳамон изтироб излари кезинишининг ўзи юрагимни элакка ташлаганлигидан нимани истаса, шуни ижро қилмасам бўлмасди ҳам. Кутиб қолганимни сезиб, астагина бош кўтарди.
– …Аяжон, бу ердан энди тамоман қадам узаяпман. Агар рози бўлсангиз Даврон акамнинг қабрини сўнгги бор зиёрат қилиб кетсам, армоним қолмасди. Ҳарқалай руҳи…
Қизимнинг ўта ҳазин, синиқ товушидан кўнглим бир қадар чўкиб тушди. Унга ҳозир қанчалар оғирлигини билиб турибман. Лекин ўзимнинг ҳам уни кўриб, кўнглим тўлиқиб келаётганлигидан базўр чидам топгандекман. Нимаям дердим, ноиложман. Кўнмай қаёққа!

* * *

Тонг отишига яқин йўл тадорлигини кўра бошладик. Дугоналари билан хайр-хўшлашиш ҳам Гўзалга қанчалар қийинлигини билиб турибман. Улар бир-бирларидан сира айрилгилари келмас, бир-бирларини маҳкам қучишганча бир қатор кўз ёши ҳам қилиб олишди. Аранг узилишиб, йўлга тушдик. Енгил машина бир зумнинг ичида қабристон биқинига элтиб қўйди.
Гўзал вазмин қадам босади. Мени эса юрагим тинмай безовта дукиллайди. Қизимнинг руҳиятини кўриб, унинг измига кўна қолганлигимдан ўзимни-ўзим койигандан-койийман. Совуқ шабада эсаётган қабристонга ичкарилаб борарканмиз, мавҳум хаёллар вужудимни титратиб, гўёки бир нималар оёғим остидан мўралаб, ё илашиб оладигандек сергак тортаман. Саҳар палладаги дўппайиб, эт-этгача узлуксиз сескантириб турувчи қабрлар кўзимга янаям бўй чўзаётгандек туюлиб, юрагим бехос орқага тортиб кетади. Пастқамликдан қиялаб юқорига кўтариларканмиз, ҳам нафасим қисиши зўрайди, ҳам юрагимга ҳуружли ўйноқилик куч бериб, анчайин толиқтирди. Ҳансираб қолдим. Гўзал эса олдинда ҳорғин қадам ташлаб, ўз хаёлларига банди бўлганча бош эгкан. Ўтириб олгим, бир нафас бўлса-да тин олгим келади. Лекин бунинг сира имкони йўқ. Қизимдан орқада қолмаслик учун қадамимни тезлаштираман. Гўё қабрлар ичидан ногаҳоний қўл чиқиб, тортиб оладигандек ҳуркиб, ўзимни гоҳ у ёққа, гоҳи бу ёққа олиб, қадамимни пайдар-пай босиб қоламан. Ўзимни обдон қийнайман.
Илонизи сўқмоққа тушиб олганимизда қаршимиздан бир нуроний чиқиб келиб, бизга йўл бўшатмоқчи бўлди шекилли, ўзини қабрлар орасига илдам олди. Кўринишидан шу ернинг хизматчисига ўхшади. Салом бергач, Давроннинг қабрини суриштирдик. У бизга жавобсиз йўл бошлаб бориб, янги қабрнинг бош томонида бағрини тупроққа берганча зорланиш йиғисида тўлғонаётган аёл ва оёқ томонида чўкка тушганча унсиз бош эгкан, бизга орқа қилган кўйи йўғон гавдасига мотамсаро кийими хунук хурпайиш берган эркак тарафга кўз имосида ишора қилиб, оҳистагина ортига бурилди. Ўнғайсизлик ўз қамровига олиб, ўрнимда қотдим. Қандай яқинлашиш, нима қилишликка ақлим ожизлик қилган паллада дафъатан кўтарилган аччиқ йиғи садосидан оёғимгача муз югургилади. Кўз олдимни хира қоронғулик босиб турди-ю, зум ўтмай хастагина тарқалди. Юрагим тўлиқиб, кўзларим ёшга беланди. Идрок кучини йиғиб, Гўзалнинг чайқалганча бориб ўзини қабрга отганлигини кўрдиму, баттар титраб кетдим. Унинг, кечиринг мени, акажон, нодон синглингизни кечиринг, дегувчи басма-бас зор-қақшашлари то бу аччиқ, аммо маънодор нолаларнинг нималарга ишора қилинаётганига ҳали ақлим етмай довдираб турганимда, қабрдан бехос бош кўтарган аёл сапчиб ўрнидан турди-ю, кела солиб Гўзални бағрига олганча йиғига қўшилди. Эркак эса ялт этиб аввал Гўзалга, сўнг мен томонга безовталаниб қаради. Қаради-ю, нигоҳлар ногоҳ бир зум тўқнашди. Тўқнашган заҳоти аввал аччиқ бир санчишлик вужудимни қақшатиб ўтди-да, сўнг эса кўзларимга тамом ишонмаган каби қаққайганча қотдим. Гўё бошим устида осмон гумбурлаб, оёғим остида ер ёрилди-ю, минг бўлакларга бўлиниб кетгандек бўлди. Эндигина латиф нур сочиб келаётган офтоб ўз нуқтасида чирпирак бўлганча муттасил айлана кетди. Дўппайган паст-баланд қабрлар, анча наридаги қуёш нурини ўзида жилвалантиришга уринганча савлат тўкиб турган мовий гумбазли мақбара бирдан остин-устунликка учраб, ер ўпишга ошиқди. Қулоқларим аччиқ фарёдлардан қувват йўқотиб, миямни зирқиратувчи чийиллаш зоҳир бўлди. Оҳ, десам оғзимдан олов сачрагудек даражада жисмим ёнади. Даҳшатлардан, бу ҳаётнинг аччиқ зарбаларидан, алдовларидан эзилганим, эзғиланганимдан кўзларимни чирт юмдим. Зулмат қоплаган нигоҳим нақадар таниш кўзларнинг бежо тасвирига қарши қалам ургандек, айқаш-уйқаш чизиқлар тортади. Ўз косасидан чиқишга уринган “у“ кўзлар тасвири гоҳ йироқлашиб, гоҳи бостириб келгудек важоҳатда бағримни аёвсиз тилади. Оловга ташланган бу жон гўёки меники эмасдек. Гўё бу оламда туш каби умр кечиргандек вужудим хилвираб қолди. Кимдир югура келиб маҳкам қучгандек бўлди. Базўр кўз очдиму, зулмат пардасини йиртиб ўтган қуёш нурларидан кўзларим бехос қамашиб кетди. Қизимни аранг илғадим. У жон ҳалфида чирқиллаб, аллаёққа куч билан тортқилайди. Шунда уч-тўрт қадам нарида ўзим томон бақрайганча бетиним қалдироққа тушган, энди умрбод бегонага айланган вужудни бояги аёл қучганча қақшарди.
– Вой, дадаси, қўрқитманг мени!..
Бу ёқда Гўзал мени қучганча ялиниб-ёлборади.
– Аяжон, юра қолинг, кетайлик бу ердан!.. Қўрқиб кетаяпман, ая…
Шу топда оғир вазминликни елкалаб, ҳорғин нафас олаётган қабристон бўйлаб кезган жон ҳайқириғидаги отилган исмим чор атрофга ларза бергудек таралди.
– Ю-юл-ду-уз!..
Чеки йўқ нафрат юз-кўзимга сапчиб, товуш келган томонга шуурсиз юз бурдирди. Аёлнинг куйиб-ёнишлари исканжасида мен томон талпинмоқчи бўлган, алланимани чираниб айтмоқни, тушунтирмоқни истаган “бегона“ вужуднинг ажинларга тўла изтиробли юзини кўрдиму, хўрлигим чандон ошди. Гўзалнинг кучли тортқилашидан унга телбалардек эргашиб, пайдар-пай одимлаб кетдим. Шунда қулоғимга аёлнинг (Нима дедим, аёлнинг, дедимми? Ахир, у кундошим экан-ку! Эҳтимол, мен унга кундош бўлгандирман. Кундош бўлиб, хонумонини куйдиргандирман. Эҳтимол, у ҳали мендек кундошини билмас) аччиқ-аччиқ бўзлагани илашди-ю, кетиб бораётган жойимда қаттиқ қалқидим.
– …Вой, касофатнинг қурбони бўлган, жоним болам-а!.. Кўз ёшимни юрагимга тўккан болам-а!..
Дод десам, фарёд урсам, юрагимни юлиб-юлқиб ташласам дейман. Мен, нодон, ўз хаёлларимга эрк бермаганимда, эҳтимол, бу қўша фалокатлар бўлмасмиди,а? Нима қилай, бу гуноҳларга тўла бошимни қай деворга, қай тошга урай? Наҳот, бу алдамчи ҳаётнинг чирмовиқли чигалликлари тақдиримга бешафқатларча бойланган бўлса? Наҳот, алдамчи сўқмоқлар мен учун атайлаб яралган бўлса? Э, воҳ, аламлар гирдоби азобу уқубатларга бунчаям тўлмаган бўлса? Бундан бу ёғига иймон қийноқлари исканжасида яшамоғим аниқ. Руҳий қийноқлар ўз ҳалқасига олмоғи аниқ…