Тоҳир Йўлдошев. Тақдирлар тўзони (ҳикоя)

Ташқарида ёввойи шамол чираниб гувиллайди. Деразага яқин бўй чўзган қора гилос шода-шода меваларини ҳовучида сиқимлаганча шохларини олиб келиб, ойна юзларига урмоқни кўзлайди. Шаштидан қайтадими, кетига бош олиб, кафтларини кенг ёзади. Мевапари марвариддек товланиб кетади. Шу дафъа еру кўкни бир-бирига ургудек важоҳатда қарсиллатиб чақмоқ ўт чизади-да, чол-кампирнинг эзғиқ ўй-хаёлларини тўзитиб, уй ичига оловдек оқиб киради. Оқиб киради-ю, токчадаги гулли патнисларга мунгли нолаларини тезгина чертиб, ожизгина сўнади. Аксига олиб, ёмғирнинг ҳам ўпкаси тўлиб кетади. Ойна сиртига чўтир-чўтир ун тўкиб бирпас туради-да, бирдан шошқатор ёш тўкиб, ташқари манзарани қинғир-қийшиқ тасвирларда чизмоққа киришади. Худди ўчакишгандек чироқ ҳам ўчиб қолган. Аср вақти бўлганлиги билан ташқари тугул уй ичи ҳам нохуш нимқоронғуликни ўзига сингдирган. Бу эса чол-кампирнинг кўнглига аллақандай ғамгинликни, ғашликни индириб қўйганми, вазмингина ўйга толишган. Бир нави ички кечинмаларини бир-бирларига сездириб қўйишдан чўчишади. Бир-бирларини зимдан авайлашади. Иккисининг хаёлий нигоҳлари катта қизларида. Тонг саҳар куёвлари ров кириб, Шамсияни туғруқхонага элтиб қўйганини, боя эса ул-бул олиб, ўша ёққа кетаётганлигини айтиб ўтганди. Кампири эргашмоқчи бўлганди, чол кўнмади. Ҳавонинг авзойи бузуқлигини, уриниб қолишлигини писанда қилди. Кампирнинг дили оғриди. Чолига бир-икки норози қараб қўйди-да, жойига чўкканча жимгина қолди.
– Онаси, дорда кир-пиринг йўқмиди ишқилиб. Яна шамол учириб ташлаган бўлса, ёмғирда лойга беланиб, шилтаси чиқиб кетмасин. Ё ўзим би-ир ташқарилаб келайинми? Белини ёстиқдан узган чол ҳамон деворга суяниб, бир ҳовучгина бўлиб мунғайган кампирига кўнгил очиб, атай чалғитмоқчи бўлди. Эҳ, хомкалла, куёвига қўшиб жўнатворса нима эди-я? Мана энди қизининг ташвишида кўмилиб, ичдан эзилиб ўтирибди шўрлик.
Кампир кўз тиккан нуқтасидан нигоҳини аста узди. Чолига энтикиброқ мўлтиради.
– Боя шамол тутоқмасидан Зулфиянгиз йиғиштириб олганди,-деди синиққина товушда. Сўнг нолиган бўлди. – Чироқнинг бемаврид ўчганиям дардисар бўлди. Шамолнинг тобора қутуриши ундан. Айни шу кунга келиб ўчакишганини қаранг. Яхшиям ёмғир аралашиб турибди шаштини қайтариб, йўқса…
Чолнинг хаёли Зулфияга кетиб, юраги увушди. Шу қизигаям жабр бўлди. Шўрликнинг бағри сира бола қучоқламади. Бир кам дунё экан-да! Шу топда собиқ қудасининг таъналарини эслаб, дили баттар вайрон бўлиб кетди. “Ўғлим тирноққа зор бўлиб беш йил яшади, қуда. Бас-да энди. Айб қизингизда экан-ку ахир. Бу ёғига хафа бўлмайсизлар. Тенг-тушлари аллақачон бағри бозор битган, бу эса…” На илож, ҳар кимнинг ҳам ўзига яраша орзу-ҳаваси бор. Майли, бошга тушганни кўз кўради. Эр-хотин ўртасида занжир бўлмаганидан кейин қийин-да! Ўзларининг бошларидан не кунлар кечмади-ю. Бир эмас, икки эмас, етти дилбандни бирин-кетин тупроққа беришдек йўқотишликдан ўзга азоблар бор эканми бандаси учун? Чалажон туғилса эпини қилиб бўлмас экан-да. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, қишлоқларидаги кекса табиб кампир хаёлларигаям келмаган экан. Шунга ихлос билан боқтиришгач, мана шу икки қизлари бағриларини опичишди. Ҳайё-ҳуйт, бунгача кўрган кунлари… Таънали, маъноли нигоҳларга қалқон бўлавериб, адо бўлганлари…
Мана, шу кенжа қизининг кўч-кўронини кўтариб келинганигаям ой тўлибди. Шундан бери бир мундоқ қовоғи очилмайди шўрликнинг. Ранги бир аҳволда. Гўё кундан-кунга сўлиб бораётгандек маҳзун. Ишига боради-келади. Уй юмушларига унда-бунда аралашган бўлади-ю, хонасига кириб кетганча кўмилади-қолади. Чол-кампирнинг бундан дамлари ичига уради. Кўнгил овлайдиган бирор сўз тополмай, каловланишади. Ҳа, тақдири азал шу экан-да! Ундан қочиб, қайгаям борарди бандаси. Илож танг.
Ёмғир тиниб, шамолнинг жазаваси баттар қўпди. Аллақаерда нимадир қаттиқ тарақлаб, нимадир қарсиллаб синди. Кўча эшигининг бир қаноти зулфидан бўшаб, ғийқиллаб ғашга тега бошлади. Илтижоларга хаёлан кўмилган кампир беихтиёр ҳазин шивирлади.
– Кўпнинг қаторида эсон-омон қутулиб олсин-да илоҳа. Ички кечинмаларини ошкор қилиб қўйганидан илкис ҳушини йиғиб, чўчибгина чолига мўлтиради. Унинг беэътибор ўйга толганини пайқаб, чуқур тин олди. Мунғайиб ўтиравериши ўзига малол келдими, инқиллаганча ўрнидан қўзғолди. – Ғийқилламай қолгурга бир нимани тираб келмасам бўлмайди шекилли. Йўл-йўлакай говмишгаям хашак ташлаб ўтаман.
Чолнинг хаёли бўлиниб, бош қайирди.
– Тамбалаб қўймагин тағин. Куёвинг келиб қолгудек бўлса, ранжиб юрмасин ҳар хаёлга бориб. Юзига терс ёпгандек гап-да!
– Тамбалаб эсимни ебманми, дадаси.
– Майишиб, тоб ташлаган эшигингга бирам жонинг ачийдики. Ишқилиб, шамол чирт узиб, варрак қилмаса эди.
– Унақа деманг, дадаси. Бу эшик муқаддас мен учун. Шу эшикдан паранжига чирмалиб қадам қўйганим кечагидек эсимда. Остонаси баракали, хосиятли, билсангиз. Тилим қичиган пайтда билиб-билмай бир нималар деб қўяман-да, дадажониси.
– Зап топиб гапирасан-да, онаси. Сен, яхшиси, овқатингга унна! Ўзим уддалаб келаман айтганларингни!..
Чол ўрнидан қўзғолиб-қўзғолмай, ҳовлидан аллакимнинг аччиқ ҳайқириғи қулоққа чалиниб узилди. Чол-кампир қулоқларига ишонолмай, сергак тортишди. Бир-бирларига ранглари ўчганча мўлтираб олишиб, деразадан ташқарига аланглашди. Шу лаҳза хона эшиги шаҳд очилди-ю, аввал шамолнинг этни жунжиктирувчи совуқ изғирини аралаш ёмғирнинг намхуш иси ёпирилиб кириб, уй ичини қўпоргудек хунуккина кезди. Сўнг сочлари тўзғиган, кўзлари даҳшатдан бақрайганча дағ-дағ қалтираган Самиғжон остонада пайдо бўлди. Аламли тупук сачратганча ўкраб юборди. Муштлари тугилиб, оғриқли ҳайқирди.
– Айрилиб қолдим, айрилиб… Энди-и нима қиламан, дада-а!..
– А?.. Кимдан?..

* * *

Тўлғоқ азоби Шамсиянинг тинкасини анчайин қуритиб ташлаган. Ўқтин-ўқтин турган зўриқишли оғриқдан аранг нафас ютоқиб, оғир энтикканча шивирлайди.
– Аяжон, во-ой жоним… Қийналиб кетаяпман-ку, аяжон, қийналиб… Қуруқшаган лабларини қаттиқ қимтиб, тишларида босади. Гўё шу билан оғриқ чеклангандек туюлади. Бироз ўтиб, бу ҳам қаноатлантирмайди. Яна илтижоларга оғиз очади.- Қаердасиз, аяжон…
– Сабр қилгин, қизим. Ҳозир ҳаммаси ўтиб кетади. Оз қолди. Фақат ўзингни қўлга олсанг бас. Бунақанги савдоларни икки бор бошингдан кечирган экансан-ку!
Доянинг далдаси Шамсиянинг қулоғига кирмайди. Қўрқувдан катта-катта очилган кўзлари нажот излаганча атрофга илтижоли аланглайди. Дўхтирлар бекорга айтишмаган экан-да, ўзингизни ортиқ қийнаманг энди, деб. Юрак хуружи бунақанги қалтис пайтда панд беришини ишора қилишган экану, орзу-ҳаваси устун келиб… Мана энди минг азобларда ўзининг жони тилимланиб ётибди. Дояларнинг ҳаракатларидаги ва кўзларидаги бесаранжомлик ҳам уни янаям саросимага солиб қўйди. Қани эди манави савил қолгур оғриқлар тугул юрак хуружи ҳам бир зум бўлса-да тиним топа қолса экан. Қайтангга зўр бериб авжига минаяпти.
Бир маҳал ташқарида ўтли чизиқлар тортиб, кучли шамол еру кўкни бошига кўтаргудек ваҳима солганча қарсиллади-ю, Шамсиянинг юрагини ёрвораёзди. Қиёмат қўпган каби кўринди кўзига. Шу сабаб бўлдими, у қаттиқ чўчиб, оғир тўлғонди. Тўлғонди-ю, бирдан жон аччиғидаги чинқириғи ожиз нолаларга қоришиб хонани тутди. Пешонаси жиққа терга ботган Шамсиянинг кўзлари чексиз қувончдан бир порлаб, юзига илиққина шукроналик табассумини балқитди. Шу ҳаяжонли энтикиш унинг вужудини бир лаҳзагина чулғаб турди-да, негадир сўнишликка юз тута бошлади. Унинг томир уришини муттасил кузатиб турган ҳамширанинг кўзлари жиддий хавотир – рўй бериши мумкин бўлган аянчли ҳодисани олдиндан сезгандек катта-катта очилди. Ранги қум ўчганча саросимага тушиб қолди.
– Нима бўлди? Ҳамширанинг нигоҳи нуқтасига, сўнг эса Шамсиянинг сўниб бораётган юзига бош доянинг кўзи тушгач, ўзини дадил қўлга олди. Ҳамширанинг ҳушини йиғдириш мақсадида унинг билагидан силтаб тортди, -Ҳушёр бўл! Юракни ишга солиш керак, юракни!..
Шамсия ҳозиргина юз-кўзида балқиган ажиб бир табассумни қайта жонлантиришга уринган каби лабларини аста жуфтлаб ёймоққа ҳозирлангандек тусда енгил тин олди… Чақалоқ эса зулмат қаъридан қаёқдаги серғалва дунёга юз тутибоқ, бешафқат ҳаётнинг аччиқ зарбасига дуч келганини идрок этгандек зардали, аммо дардли зорланишга тушганди…

* * *

Гўдакнинг кўз очиши, онанинг кўз юмиши ўртасидаги топиш ва йўқотиш масофаси Самиғжонни қўққис эсанкиратиб қўйди. Оппоқ матога йўргакланган ўғилчасининг, аяжонимни топиб берсанглар-чи, дегандек тинимсиз чириллашларига дош беролмай қолади. Оппоқ кафанга ўралган Шамсияси кўз олдидан сира нари кетмайди. Шунда жон-жони азобларга йўғрилиб қийнайди. Ёниб-куйиб илтижолар қилади. Шамсиянинг босган изларини излайди. Қидирган сайин тополмайди. Тополмагач, юрак-бағри эзилиб-эзилиб кетади. Бу ёлғончи дунёнинг аччиқ қисматларидан оғриниб нолийди.
Чақалоққа-ку шу қишлоқнинг ўзидан энага топила қолди. Ёрмат тандирчининг аёли кўпайишган экан. Умринг зиёда бўлгур, тайсалламай рози бўла қолди. Энди қўшни аёлнинг кун-тун айтадиган аллалари кўкалдошларнинг қулоқларига майин қуйилиб, ором беришга тушди. Шунақа маҳалда қўшнининг жон қўшнилиги билиниб қоларкан-да. Бўлмаса Ёрмат тандирчининг қўли қисқалигиданми, биров унчалик менсиш муомаласида бўлмасди. Фариштали одамлар экану! Фақир одам панада, деганлари шумикан?
Аммо манави икки норасидаси узуккун аяларини излаб, мурғак юраклари элакка тушгандек кўзларида мунг бетиним изғийди. Самиғжон дод деб юборай дейди. Кўп кўрди, жуда кўп кўрди қизчасининг Шамсиянинг кўйлакларига бош қўйганча зорланиб-зорланиб бўзлашларини. Йиғлаб-йиғлаб мудраб қолганлигини. Шунда юпатмоқликка ўзида на қувват топа олди ва на журъат. Қизчаси-ку эндигина мактабга қатнаб қолган, лекин ундан кейинги ўғилчаси ҳали боғча боласи. Ҳаммасидан шунисига қийин бўлди. Уйқусидаям онасини тинимсиз излайди, ўнгида ҳам. Ҳовли остонасидан бери келмайди. Ҳануз йўл пойлайди. Бориб-бориб боғчасидан ҳам оёқ узди-қўйди.
– Дада, аямлар қачон келадилар? Алдаб кетмадиларми ишқилиб? Айта қолинг, жон дадажон, – дейди ўпкаси тўлганча хўрлиги келиб.- Юринг, ўзимиз олиб келайлик бўлмаса. Аямларни соғиниб кетдим, юринг!..
Самиғжон эсанкирайди. Тақдир синовларининг бу қадар шафқатсизлигига дафъатан дуч келганидан ҳануз ўзини тутиб ололмайди. Гўё бу йўқотиш уни бир қадар улғайтириб, ҳам бир қадар ёш болага айлантириб қўйгандек эди. Бошига мусибат тушган одам яхши гапнинг гадосига айланиб қоларканми, Самиғжон ҳам нохуш хабарлардан, совуқ гаплардан тамом юрагини олдириб қўйганди. Ҳатто бундайин тақдир душманининг ҳам бошига тушмаслигини истайди. Ҳордиғи куни эди шекилли. Катта аммаси жўяли ўйини унинг олдига кўндаланг қилди-ю, баттарроқ довдиратди-қўйди…

* * *

Дастурхонга фотиҳа ўқилгач, Зулфия йиғиштиришга тутинди. Чол ўрнидан қўзғоларкан, кампирига қовоқ уйиб, маъноли им қоқди-да, мол-ҳол қаровини важ қилиб, оғилхона томонга йўналди. Кампир қизининг ҳаракатларига зимдан кўз ташларкан, ич-ичи эзилиб кетди. Оғир сўлиш олиб энтикди. Қандай айтади? Қандоқ тушунтиради? Ўзининг ташвиши ортиб турганида бу илтижоларини, бу юкни кўтара олармикин? Эҳтимол, манави норасидаларнинг тақдирларини ўйлаб раҳми келар, юраги ачир. Аслидаям шуларнинг ғамини еб, шуларнинг ташвишларини тортиб, шу йўлни тутишаяпти-да таваккал қилиб. Куёви Самиғжоннинг аммаси шу гапни топиб келмаганида бу ишлар етти ухлаб тушларигаям кирмаганди. Ҳатто хаёлларигаям келмаганди. Ахир, бу шўрликларга она керак-ку, она. Она бўлганда ҳам… Кампир оғир хўрсинди. Эндигина ошхонага йўл олаётган қизини чўчибгина тўхтатди.
– Зули, шошма қизим. Бироз ўтирсанг-чи бир мундоқ.
Зулфия аясининг юзидаги изтиробга таажжубланиб тикилди. Қизиқ, аяси нима учун кўзларини бу қадар олиб қочмаса? Ё яна ҳар галгидек далда бермоқчимикин? Эҳ, тўйиб кетди-ку ахир бу каби хилма-хил тасаллилардан. Етар энди! Нима, ёш боламидики анграйганча тинглаб ўтираверса! Пешонасининг шўрлиги оз эмасми?! Бу каби далда, тасаллилар бир нимани ўзгартириб, дўндирармидики, қаёқдаги насиҳатларни елкалаб келишаверса экан. Наҳот англашмаса бу уринишлари билан кўнглига дарз бераётганликларини?! Зулфия аясининг ер сузиб, маҳзун боқишидан қандайдир яширин маъно ётганлигини уқди. Юраги ачиди. Шўрлик онасигаям осон эмас. Бир ёқдан мусибат, бир тарафдан ғам-ташвиш. Ўзининг бахти очилмаганлиги ҳам ота-онасининг рангини сўлдирди. Бу рост. Мана энди чол-кампир бир-бирларига термулиб ўтиришибди.
Кампир қучоғига бош қўйган неварасининг сочларини авайлаб силаркан, ҳамон ўзи томон безовта тикилиб қолган қизини гўё унутгандек, оғир сукутда яна бош солинтирди. Аммо ички исёнлардан яна қийналиб, қаддини ростлади. Кўзлари ер узра жавдираганча ҳазин шивирлади.
– Бошга тушганни кўз кўраркан-да, қизим…
Зулфия сергакланди.
– Бирор нима бўлдими, ая.
Она бу хавотирни кутмаганидан бир сесканиб олди. Гапни нимадан бошлашни билолмай, яна хаёллари чуваланди. Қандай тушунтирса экан? Ишқилиб, ўз ёғига қовурилиб турган бу қизгинаси тўполон кўтариб қолмасмикин? Ҳаҳ,а, бирор яқинларини ўртага солса бўлмасмиди-я! Онанинг тили айланмаса-да, бироқ дилдан илтижолар қилиб, қизининг кўнглини ортиқ яраламасликка уринади. Аммо-лекин олдидан бир ўтмоқ даркор. Манави жужуқларга қийин бўлмасин зинҳор.
– Ҳеч нима бўлгани йўқ. қизим. Табассум қилмоққа уринди кампир. Бироқ лаби бир томонга тортиб кетганидан ички ҳиссиётларнинг аломати қайта маҳзунлик индирди. Оғир ютоққанча яна синиқ шивирлади. – Шу жиянларингнинг ғамини еб… Ҳозир буларга бошларини силайдиган онаизор керак-да, қизим. Раҳматли опангнинг умри қисқа экан-а, қисқа экан. Учала полапонини ташлади-ю… У ортиқ чидолмади, ув тортиб юборди. Шу алпозда йиғи аралаш давом этди. – Шўрликларнинг аҳволини қарагин. Манави гўдакни бугун поччангнинг аммаси қолдириб кетди. Буларни кўрган, ўйлаган сайин юрагим эзилиб-эзилиб кетаяпти, Зули қизим. Кексайган чоғимизда бу мушкулотлар пешонамизга ёзуқлик экан. Бандаси билмас экан-да не битилганини… Бироқ бир нимадан қўрқаман, қизим. Бу норасидалар бегонанинг қўлига ўтиб қолса, ҳоллари не кечаркин? Шу бизни қийнаб ётибди, шу! Опангнинг руҳи чирқиллаб қолаёзди бусиз ҳам. Ҳар кун капалаги безовта тортиб келаяпти. Дилбандларининг дийдорига тўя олмай, хоналарни гир айланмб-айланиб бетоқат бўлаяпти… Ўйлай-ўйлай даданг билан маслаҳатлашиб, сенинг розилигингни олайлик деб…
– А?! 3улфия илон чаққандек сапчиб кетди.- Эсингизни едингизми, ая.
У чирт ўгирилди-ю, жонҳолатда хонаси томон отилди. Ўзини тўшакка ташлаганча ўкраб юборди. Бу нимаси, ўлганнинг устига тепганми?! Эшитган қулоқ нима дейди? Ё шунча кўрган аччиқ кунлари каммиди?! Эрининг кўзларидаги маъюсликларга дош беравериб қийналганлари озмиди?! Қайнона-қайнотасининг илмоқли таъналарига қалқон бўлавериб, ҳар тонгни заҳар ютгандек қаршилаганлари етмасмиди?! Ҳар бандаки ўз бошидан кечганларини ўзи биларкан, холос. Ўзга унинг заҳрини тотмаганлиги учун ҳам тандард бўлолмас экан. Ҳатто ота-онанг ҳам, яқин жондошлар ҳам ҳеч қачон малҳам бўлолмаслигини англаб турибди-ку! Қолаверса, ўзи ҳам бировга руҳан, ҳам жисмонан мадад бўлолмаслигини билиб турибди. Мана, опасининг дардига малҳам бўлолмади-ку ахир. Нима учун бу ҳаёт деганлари бунчалар чигал бўлмаса? Кимлар учун яралган ўзи бу дунё? Ўз онасининг тилидан узилдими шу гаплар? Ўз поччасига-я?! Йўқ-йўқ, ундан кўра ўлгани яхши эмасми? Наҳот, ҳали опасининг тупроғи совумай туриб… Керак эмас, сира керак эмас. Майли, жуда ортиқчалик қилаётган бўлса, бош олиб чиқиб кетаверади. Бошпанасиз қоладиган замон эмас. Тавба, катталар ҳам ғирт аҳмоққа айланадиган пайтлар ҳам бўларкан-а!..
Зулфия юм-юм бўзлаганча аччиқ азобларда тўлғонаркан, бир маҳал даҳлиз томондан жиянининг ҳиқиллаган йиғиси қулоғига чалингандек бўлди.
– Холажон, тирсагим ёмон оғрияпти, қаранг.
Зулфия аччиқ қилиб ётавергиси келди-ю, негадир шу жиянини жонидан ортиқ суйганлигидан бепарво бўлолмади. Ёстиқдан бош узиб, даҳлиз томонга қаради. Қаради-ю, сапчиб оёққа қалқди. Илгакдаги докани апил-тапил юлқиб, ҳамон тирсагини кўкрагига босганча пиқиллаётган жияни сари шошди.
– Нима бўлди? Ким урди сени?! У чўккалаганча Асилбекнинг тирсагидан силқиб оқаётган қонга докани босди.- Ким урди дейман?! Қайси иймонсиз шу зайлга солди, сен норасидани?! Келиб-келиб сендек етимчага кучи етдими?..
“Нима-а?! Нима деди?! “Етимча” дедими?! Ким етимча? Нималар деяпти ўзи?! Ўз жиянини шундай деяптими, наҳот?! Йўқ-йўқ, тавба келтирмаса бўлмайди. Намунча оғриқлар бермаса экан шу биргина мудҳиш сўз! Бировлар томонидан айтилгандаям бир нави эди. Мана энди у англаб етиб турибди аяси нима учун шу қоракўзларнинг тақдирини бегонанинг қўлига топшириб қўймасликка тиришаётганлигини. Наҳот тақдирида ҳаёт ҳазилининг шу каби қирраси ҳам пешонасига битилган бўлса? Наҳот, шу болажонга ўзи…”
Асилбек унинг жон куйдиришидан баттар хўрлиги келди. Энтикиб-энтикиб кулча юзидаги ёш томчиларини митти кафтчалари кети билан сидирди.
– Тандир устидан йиқилиб тушдим. Томга чиқмоқчийдим…
Зулфия оғриқли ўйларини кесиб ажабланди.
– Вой, у ерда нима бор экан, болажон. Қарагин, оёғинг ҳам шилинибди. Ишқилиб ёмон йиқилмадингми?
Боланинг ўпкаси тўлиб кетганидан нафаси қайтди. Нажот кезинган кўзларини холасига тикди. Унинг нигоҳидаги чуқур мунгни илғаган Зулфиянинг юрагига беҳисоб санчиқлар ёғилди.
– Аямлар келмаяптилар-ку, холажон. Бола энди ўкраб юборди.- Томдан уларни қарамоқчийдим…
– А?! Зулфия эсанкираб қолаёзди. –Миттигина жонинг намунча эзилмаса экан-а?..
Шу топда Асилбек ортиқ чидолмадими, унинг билагидан тортқилаганча куч билан силтади.
– Юринг, холажон, аямларни олиб келайлик. Юра қолинг!..
Зулфия дод деб юборай деди. Жонҳолатда жиянини бағрига янаям маҳкам тортганча тўлиб-тўлиб, ўксиб-ўксиб кўз ёш тўкишга тушди. Нима десин? Қандай овутсин? Болакайнинг “аяжон“лаб оғриқли зорланишлари намунча юракни ўйиб-ўйиб ташламаса? Шунда у бу норасидаларга ҳақиқатан ҳам она зарурлигини юрак-юракдан янаям чуқур идрок этди. Идрок этди-ю, димоғига гўдак иси аралаш ажиб бир тафт урилиб, боши бехос айланиб кетаёзди. Оҳ, бу бўйларни, бу илиқбахшликни йиллаб кутмаганмиди? Орзулар қилмаганмиди? Минг маломатлар исканжасида азобланиб, аччиқ-аччиқ хаёлий ҳасратларга кўмилмаганмиди? Бунчалар ёқимли бўлмаса экан бу гўдак дийдори. Намунча жонни ўртамаса, ҳузур бермаса экан?..
Зулфия Асилбекни бағридан бўшатгиси келмай, узоқ туриб қолди. Шу топда кўз ўнгида эрининг қиёфаси жонланди. Унинг кўзларидаги қаҳрни уққан Зулфиянинг қулоғига гўёки кечагидек айтилган тарсаки сўзлар жаранглаб айланди: “Бошим бир умр хам бўлишини сира истамайман…” Зулфиянинг кўз олди бирдан қоронғу тортиб кетди. Ички исён томоғига бир нимани қадаганча тўлғонтириб юборди. Бехос оғриқли ингради. Юраги бу аччиқ туғёнларга ортиқ чидам тополмадими, ўз бўзлашларини мижжа қатларига йўллади. Хаёлан опасининг руҳига илтижолар қилмоққа тутинди: “Юрак-бағрим куйиб кетаяпти-ку, опажон. Наҳот, бу тақдирларимиз бунчалар чигал тушмаса экан? Не-не орзу-умидларимиз бор эди-ку! Айт ўзинг, нима қилай, нима қилай? Чорасиз қолдим, жон опажон…”
– Аямлар бу ердаям йўқ эканлар-ку, холажон. Катта аммам мени алдаб қўйиб кетибдилар-да,а? Юринг, юра қолинг, ўзингиз аямларга обора қолинг…
Зулфия Асилбекни бағрига янаям маҳкам босди. Бехос ув тортиб юборди.
– Мен борман-ку!.. Мана, мен борман-ку, болажон…

2001 йил