Шерзод Ортиқов. Тўртинчи қаватдаги хонадон (ҳикоя)

Бугун операциям йўқлиги учун кечки кўрикни ўтказганимдан сўнг ишларни навбатчи ҳамкасбимга топшириб кўчага чиқдим. Ёмғир ёғаётганини кўриб, «эсиз, кечагина ўрик гуллагандия», деган хаёлга бордим. Ёмғирнинг майдалаб ёғиши камина­нинг ғашини келтирарди. Юзингни қай томонга бурма, майин томчилар урилиб, дилда тушу­ниб бўлмас бир сокинлик уйғотарди. Таксига минганимда орқа эшик ойнасининг очиқлигини кўриб дарров кўтариб қўйдим. Совуқдан жунжикиб, қўлларимни чўнтагимга тиқдим. Шунда чўнтагимдаги қоғозга қўлим тегдию, яна ҳаммаси эсимга тушди. Уни асабий тарзда эзғилай бошладим. Йўл бўйи шу билан машғул бўлдим. Манзилга етганимда аллақачон қоғоз кафтим орасида майдаланиб ётарди.
Уйим беш қаватли бинонинг тўртинчи қаватида. Лифт томон юргим келмади. Зинадан кўтарилдим. Биринчи, иккинчи, учинчи ва ниҳоят, тўртинчи қаватга ҳам етдим. Ичкарига кирарканман пианинонинг бўғиқ овозидан Бетховеннинг таниш сонатаси тараларди. Куйни эшитиб, йўлакда тўхтаб қолдим. Ҳатто қулоқла­римни беркитиб олгим келди. Бунинг ўрнига эса қўлимдаги бир дунё қоғозларга тўла портфелимни йўлакнинг охиридаги жавоннинг четига қўйдимда, куй янграётган хонага кирдим.
Наргиза дастлаб мени пайқамади. У пианинонинг олдида ўтирганча бармоқларини кла­вишлар устида тез-тез қимирлатиб куй ижро этарди. Бугун кечагидан ҳам, ҳатто илгариги кундан ҳам асабий кўринарди. Мени остонада кўриб, яна ҳам тез ҳаракат қила бошлади. Секин юриб, ёнидан ўтдим. У эса куйни чалишда давом этди. Пианинонинг нарироғида жойлашган иш столим турган хонага кирдим. Курсига беҳол чўкиб, четидаги чироқни ёқдим. Шу алфозда анча ўтирдим. Бу орада Бетховеннинг машҳур сонатаси такрор ва такрор эшитилди. Мен бу куйни ёддан билганим учун Наргиза уни беш-олти марта қайтадан чалганини сездим. У тўхташни хаёлига ҳам келтирмасди. Мен бунга эътибор бермасликка уриниб, стол устида кеча қолиб кетган қоғозларимни чироқнинг ёруғида тартибга келтириш учун чоғландим. Булар асосан травматологияга оид илмий ишим борасидаги маълумотлар эди.
– Бас, етар! – деди шу пайт Наргиза куйни чалишдан тўхтаб бақирганича.
Пианинонинг овози янада бўғилиб, худди томоғи қаттиқ оғриган бемордек беўхшов эши­тилди. Бироз ўтиб Наргиза клавишлардан қўлини олиб, унинг қопқоғини шарақлатиб ёпди.
– Бундай жим ўтиришни бас қилинг, – деди шундан сўнг мен томонга ўгирилиб асабий оҳангда. – Бир оғиз бўлса ҳам гапирсангизчи. Уч кундан бери шу аҳвол.
Қоғозлардан бошимни кўтариб унга бир муддат тикилиб қолдим. Асабийлашганидан лаблари титрарди.
– Гапиринг, илтимос сиздан. У қаршимда тик турганча илтижо қилгандек мендан кўзини узмасди. Охири, ҳиқиллаб йиғлашга тушди.
– Сизга кеча ҳам илгари куни ҳам айтдим, – деди бир қўли билан пианинога суянганча бо­ягидек нигоҳда. – Мендан кўнглингиз тўлмаётган бўлса, рўй-рост айтинг, хоҳлаганингизча айбланг, хоҳласангиз, ажрашиш учун ариза беринг, фақат Худо ҳақи, гапирмасдан одамни эзишни бас қилинг. Илтимос, бас қилинг.
Мен чўнтагимдаги қоғоз бўлакларини баттар чангалладим. Худди шу пайтда кимдир юрагимни шу қоғоздек эзғилашга тушгандек бўлди. Наргиза кўп ўтмай йиғлаб хонадан чиқиб кетди. Эшик очиқ қолди. Мен ўрнимдан туриб уни ёпдимда, қайтиб жо­йимга ўтирдим. Аллақачон пианинонинг бўғиқ овози ҳам, Бет­ховеннинг сонатаси ҳам тинганди. Мен негадир илмий ишимга диққатимни қара­тишни мақсад қилдиму, лекин бунинг ўрнига чўнтагимдаги қоғоз бўлакларини олиб стол устига қўйдим. Уларнинг ҳар бири ғижимланиб кетганидан деярли ўқиб бўлмас ҳолатга келганди. Шундай бўлсада, стол четида турган елим ёрдамида уларни бир-бирига ёпиштиришга ҳаракат қилдим ва қоғозни тиклаш учун анча тер тўкдим. Бўлаклар бирлашиб яна ўз шаклига келди. Натижада мен ажи-бужи ҳолда бўлсада, бус-бутун ҳолга келган саҳифага кўзларимни тикиб ўтирдим. Хаёлимга беихтиёр уч кун олдинги воқеалар кетди. Ҳаммасини эслашга уриниб кўрдим. Операция пайтида оёғим­нинг сон қисмида бошланган оғриқ, ҳолсизланиш, терлаш, жарроҳлик амалиётини бир амаллаб ўтказиб, хонамда букчайиб ётганим ва шундан сўнг ҳамкасбим уролог Рауф Мухторовичнинг кўригида бўлганим – ҳамма-ҳаммаси кўз олдимда бирма-бир гавдаланди. Булар худди даҳшатли трагедия­нинг дебочасидек эди гўё. Қанчалик оғир бўлмасин, кейинги воқеаларни ҳам эсладим. Мени текшириб таҳлил натижасини қўлига олгач ҳамкасбим ранги оқа­риб кетгани, мени қаҳва ичишга таклиф қилгани ва у ерда деразанинг шундоқ ёнида гуллаган ўрикка қараб туриб таш­хис натижасини тутилиб-тутилиб айтганди. Ундан текширув натижаси акс этган қоғозни олгач, «бундай бўлиши мумкин эмас» – деб бир қоғозга, бир унга қарадим. Сўнг асабий кулганча хонамга кирдим. Курсида ўтириб ўйга чўмдим. Булар­нинг бекордек эди тасаввуримда. Ахир, энди ўттиз ёшга тўлгандим. Менга тиркалаётган бу касаллик, одатда, эллик ёшдан ўтган эркакларда учрарди. Йўқ, мен соғлом эдим, ҳеч қанақасига касал эмасдим, хасталик бошлангани ҳам, назаримда, сафсатадан бошқа нарса эмас, простата раки бўлиши мумкин эмас! Бунга сира ишонмасдим, лекин таҳлил натижалари акс этган вараққа қарарканман нафратим жўшиб столни қаттиқ-қаттиқ муштлардим.
Мана орадан уч кун ўтди. Сиртдан қараганда, бу кунлар одатдагидек кечди. Ўша таниш тонг отди, кун ёришди, кўча-кўйда ҳаёт давом этди, гоҳ қуёш чиқди, гоҳ ёмғир ёғди, кеч тушди… Аммо мен шу уч кун ичида анча ўзгардим. Яхши томонга эмас, албатта. Бир лаҳзада ҳаётга ташна инсондан тушкун қиёфадаги, ичимдагини топ қабилидаги одамга айланиб қолдим. Қандайдир хавф таъқиб қилаётгандек менда жонсарак ва безовта ю­риш одати пайдо бўлди. Кун бўйи турли хаёллар чарх урар, баъзида хонамда у ёқ­дан бу ёққа юрарканман ўзимни ҳаммаси жойида эканлигига ишонтиришга уринар, лекин бу қўлимдан келмай асабийлашардим. Ҳатто мулоқот ҳам оғирлик қиларди. Фақат битта нарсани ўйлардим, яъни энди буёғи нима бўлишини.
Стол устидаги чироқ кўзимни оғрита бошлаганди, ҳолсиз ўрнимдан турдим. Секин юриб пиа­нинонинг олдига келдим. Уни тўқ қизил рангдаги ялтироқ, текис устки қисмида қўлла­римни юргиза бошладим. Кейин диққатимни унинг ёнидаги жавон ва у ердаги ўзим ва Наргизанинг китобларини кўрдим. Уларни бирин-кетин қўлимга олиб, варақлай бошдим. Шундан сўнг хонани кўздан кечирдим, уйим ҳақида ўйладим. Пианино, китоб жавони ва мана шу уй мени ўтмиш сари етаклаб кетди.
Бир пайтлар бу уйни кредитга олганимда жудаям хурсанд бўлгандим. Ниҳоят, ижарама-ижара юриш балосидан қутулгандим. Ўзим­нинг уйим бўлганди – орзум ушалганди. Ҳеч қанча ўтмай бу тушунарсиз ҳаётда Наргизани учратдим. У билан турмуш қурдим. Оилавий ҳаётим йўлга қўйилгач, аста-секинлик билан уйни жиҳозлаш бошланди. Мана шу пианино ва китоб жавонини сотиб ол­дим. Пианино ҳеч қанча ўтмай Наргизанинг севимли ҳамроҳига айланди, бунинг натижасида кечқурунлари бутун уй бўйлаб Бетховеннинг сонаталари ёки Шопеннинг прелюдиялари тинмайдиган бўлиб қолди. Китоб жавонини ҳам Наргиза бадиий китоблар билан тўлдириб ташлади. Менинг тиббиётга оид китоб­ларим озчиликни ташкил қиларди.
Ўтмиш хотиралари билан бироз овунгач ровонга чиқдим. Ёмғир ҳалиям тинмаганди. Аксинча, энди кучли шамол эсиб, ёмғир шиддатини кучайтирганди. Буни кўриб ровоннинг қия очиқ ҳолда қолиб ғичирлай бошлаган эшигини ёпиб қўйдим ва ташқарида турганча атрофни кўздан кечир­дим. Кўчада ҳаёт давом этар, ҳалиям одамлар кўп эди. Атрофидаги кўп қаватли уйларда ҳам чироқлар ёниқ, турмуш қайнарди. Шу ҳолатда теваракни анча кузатгач бирдан дунё кўзимга чиройли кўриниб кетди, яшашдан ҳали сира тўймага­нимни ҳис қилдим. Бошқа томондан эса ўлим ҳақида ўйладим. Биринчи марта жиддий ўйладим.
Ҳа, одамнинг ишонгиси келмайди. У туғилади, яшайди ва қанчалик ачинарли, даҳшатли бўлмасин, ўлади. Кимдир туғилган, кимдир айни ёшлик пайтида, бошқаси эса ёшини яшаб, кексалик гаштини суриб оламдан ўтади. Ҳамма учун битта қисмат – туғилиш, яшаш ва ўлиш. Бу оддий формулага ўхшайди. Бироқ бунинг замирида қанчалар чуқур дард, оғир мусибат, инсоннинг кўникиши қийин бўлган фалсафа ётганини кўпчилик тасаввур қилавермайди. Инсон туғилиб, ҳам жисмонан, ҳам руҳан улғайиб, ўқиб-ўрга­ниб, жамиятда ўз ўрнини топиб, орзулар қилиб, севиб-севилиб, оила қуриб, фарзандлар вояга етказиб, сўнгра булар­нинг барчасини бир куни ташлаб кетади. Нима учун шундайлигини ҳеч ким тушунмайди ва аниқки, тушунтириб ҳам беролмайди. Бу саволга ҳатто мактаб тизимида қониқарсиз балга тортадиган жавоб ҳам бе­рилмайди, шунчаки, каттаю кичик елкалар қисиладида, бошлар чайқалади. Бу эса биз анг­лаб етиш ва жавоб бериш учун ожизлик қиламиз, деган маънони билдиради.
Ўлимни тасаввур қилиш қийин. Аммо мен айни лаҳзада уни минг чандон яхши тасаввур қилдим. У тафаккуримда мени ҳамма нарсадан айирувчи куч бўлиб гавдаланди. Яъни у бир кун келиб хоҳлайманми, йўқми мени бағрикенг осмондан, атрофга тинмай ёғаётган ёмғирдан, юзимга урилаётган шамолдан айириб, номаълум томонларга олиб кетади.
У туфайли бир куни менинг тинмай ураётган юрагим тўхтайди, кўзларим юмилиб бошқа очилмайди, оёқ-қўлларим тарашадек қотиб қолади, лабларим қимирламайди, қулоқларим эшитмайди, бурним ҳид билмай қолади. У туфайли мен бир кун келиб соатни, вақтни, ўтаётган лаҳзаларни, тонг отгач ёришадиган кун билан қош қорайгач тушадиган тунни, иссиқ билан совуқни, дарахтлар кўм-кўк бўлиб гуллайдиган баҳорни, мевалар ғарқ пишадиган ёзни, сер­ёмғир, тумани кўзни шамғалат қиладиган, хазонрезги куз ва қор ёғиб қалбларни покловчи кумуш қишни фарқига боролмай қоламан.
У туфайли бир кун келиб, нуфузли тиббиёт олий­гоҳини тамомлаган, ўз вақтида юзлаб бадиий ва илмий асарларни мутолаа қилган, айтайлик чанғи учишни, машина ҳайдашни, қўшиқ куйлашни, расм чизишни, радиоприёмник тузатишни ёки одамларни, қорнини ёриб операция қилишни би­ладиган инсондан фақат бир уюм тупроқ қолади.
Олисларга учиб кетган ўй-хаёлларим ҳали бери қайтиб келмайдигандек эди. Бошқа томондан ўлим ҳақидаги совуқ мулоҳазалар танамни ивитиб ташлаган ёмғир томчиларини савалаши­га ҳамоҳанг бўлиб, мени бир зумда руҳан эзиб қўйди. Айни пайтда ёмғирли оқшомнинг паст ҳароратли об-ҳавосидан эмас, айнан ўлим тўғрисидаги совуқ мулоҳазалардан совқотиб енгилгина дир-дир титрардим. Шу пайт ровон эши­гининг очилиши мени ўзимга келтирди. Эри­нибгина у томонга қарадим ва кўзларим эшик­ олдида тунги кўйлакда турган Наргизанинг кўзлари билан тўқнашди. Шунда бирдан у энди ҳаммасини билади деган тахмин ўтди хаёлимдан. Бироз ўтиб бу тахминим ўз тасдиғини топди.
– Менга бу ҳақда айтишингиз керак эди – деди зўрға овози чиқиб.
Унинг қиёфасида норозиликдан кўра ачиниш ва ҳамдардлик ҳисси акс этиб турарди. Мен унга қарамасликка ҳаракат қилиб кўзларимни олиб қочдим.
– Кошки, бу айтадиган гап бўлса экан.
Наргиза гапларимни эшитиб-эшитмай сизни қарангу, дегандек бошини чайқаганча ол­димга келди ва елкамдан маҳкам қучиб олди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, – деди кейин ўзини тетик тутишга уринсада, йиғламсираб. – Биз бирга курашамиз. Ҳозир тиббиёт ривож­ланган. Ўзингиз ҳам яхши биласиз буни. Ахир, докторсиз. Давоси йўқ касалликнинг ўзи қолмаган. Уни даволаса бўлади, иложи бор. Бизда бўлмаса, чет элда чораси бор. Жин урсин, бор, бор, бор!!!
У бошқа гапирмади. Ортимдан мени қучганча анча вақт индамай турди. Танасининг илиқ ҳарорати шиддатли ёмғир ва совуқ мулоҳазалар таъсирида музлаб улгурган танамга кўчиб ўтиб, уни илитди, ҳамда фақат ўзигагина хос бўлган, бир пайтлар мени ипсиз боғлаб, мафтун қилган узун сочларининг ёқимли иси димоғимга урилди. Шууриму борлиғимни оний фурсат эгаллаган умидсизлик ва унинг гарданидаги мулоҳазалар чекинди. Шу тобда яна яшагим келиб кетди, ку­йиб-ёниб яшагим келди, ҳаётнинг барча ғам-шодликларини ҳис қилиб яшагим келди, орзу қилиб яшагим келди, мана шу тўртинчи қаватдаги Бетховен ва Шопеннинг асарлари ижро этилавериб тинмайдиган пианино билан тиббиётга оиду бадиий китобларга тўла жавонни ўз ичига олган қадрдон хонадонимда, мени эҳтимол ёлғиз у чин дилдан яхши кўрадиган аёлим билан яшагим келди.
Ёмғир сабаб равонда кўп туриб бўлмасди. Мен кўп турганим боис боя айтганимдек деярли ивиб, сувга бўккан мушукдан фарқим қолмаганди. Наргиза ҳам ҳеч билинтирмасада, тунги кўйлакда совқота бошлаганди. Уйга кириш айни лаҳзаларда иккимиз учун ҳам зарар қилмасди.
– Ичкарига кирайлик, – дедим шу мақ­садда ортимга ўгирилиб. – Ёмғирда ивиб кетдим.
Наргиза хўп дегандек бош ирғаб қўйди ва секин бошини кўтариб бир менга, бир устимдаги намиққан костюмимга қаради.
– Кириб кийимингизни алмаштиринг. Мен ҳозир қаҳва дамлайман.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 9-сон