Шерзод Ортиқов. Куз симфонияси (ҳикоя)

“Le Procope” ресторанига кечикиб бордим. Мафтуна аллақачон у ерга келиб улгурганди ва столга жойлашиб олиб, вақт ўтказиш учун тўқ қизил муқовали мода журналини варақлаб ўтирарди. Ёнида эри кўринмади.
— Анча кечикдингиз,-деди у ўрнидан туриб, мени очиқ чеҳра билан қарши оларкан.
Унинг қаршисидаги стулга хорғин чўкдим.
-Элчихонада ишларим кўпайиб кетди.
Мафтуна рўкач қилган сабабимга ишониб-ишонқирамай қўлидаги журнални ёпди-да, залдаги официантлардан бирини имлаб олдига чақирди.
-Ўзимга қовурилган оқ ўрдак гўштидан буюраман. Соуси билан,- деди менюни қизиқиш билан у қўлидан бу қўлига олиб титкиларкан ва менга юзланди. — Сиз нима буюрасиз?
-Менга пиёзли шўрва билан омлет олиб кела қолинг, -дедим ўзим томондаги менюни очиб ўтирмай, официантга француз тилида дона-дона қилиб.
-Ичишгачи?- деди официант.
— Апельсин шарбати,- деди Мафтуна биринчи бўлиб.
— Менга хам шундан,- дедим унинг ортидан қисқагина қилиб.
Официант кетгач, Мафтуна бўйнини чўзганча атрофни кўздан кечириб чиқди.Унинг кай-фияти чоғ кўринар, оҳуники каби чиройли бўлган кўзлари одамга тетиклик билан боқар, кайфияти яхшилигидан бўлса керак ўзига анча оро бериб, дид билан кийинганди. Очиқ елкалари бўйлаб ёзилган тимқора сочлари, устидаги худди шу рангдаги кўйлак ва бўйни-даги товланиб турган тилла занжири уни бир қадар жозибали қилиб кўрсатарди.
-Кўринишингиз ёмон,- деди у энди мени диққат билан кўздан кечириб. — Ҳар ҳолда, эрим бирга келмагани учун ранжимаётгандирсиз?
— Асло. Лекин, ҳайрон бўлдим. Адашмасам, мени бирга таклиф қилгандиларинг.
-Уни зарур иши чиқиб қолди.
Орадан хеч қанча вақт ўтмай, официант патнисда буюртмаларимизни олиб келди.
Таомга қўл уришдан олдин апельсин шарбатидан тўйиб симирдим. Мафтуна олдида турган ялтироқ пичоқ ва санчқи ёрдамида ўрдак гўштини майда бўлакларга ажратиб тановул қила бошлади. Ресторанда одам кўп эди. Бу ерга йиғилганлар стол атрофида кечки овқат баҳона бир-бирларининг кўнглини олишга уринишар, кундалик ташвишлари билан ўртоқлашишар ва эхтимол шу орқали кун бўйи тўпланиб қолган чарчоқларини ёзишарди. Қулоққа чалинаётган, джазни ёдга солувчи аллақандай куй бунга ҳамоҳанг бўлиб тиним билмас ва оқибатда бунга кўникмаган ёки хилватни хушловчи одам ўзини ресторанга эмас, бозорга кириб қолгандек сезарди. Эхтимол, шунгадир, бошимга оғриқ кириб, халоватим йўқолди.
-Менга Париж ёқиб қолди,-деди Мафтуна тановул қиларкан, қўлидаги санчқини хавода айлантириб. — Айниқса, хавоси. Бу ерда кўпроқ қолмоқчиман. Эримга айтаман-визамизни яна чўздиради. Буни иложи бордир-а?
Шўрвани ичишни бошлаганим учун жавоб бериш ўрнига иложи бор дегандек бошимни қимирлатиб қўя қолдим. Мафтунанинг иштаҳа билан овқатланаётгани дам ўтмай менга ҳам юқди ва бошимдаги оғриққа ортиқча аҳамият қаратмай, шу руҳда овқатланишда давом этдим. Таомлар борасида мутахассис бўлмасам-да, негадир пиёзли шўрванинг таъми нордонроқ, омлетни ошпазлар ортиқча қизартириб юборишгандек туюлди.
-Айбга буюрмасангиз сизга битта савол бераман,- деди Мафтуна шууримда таомлар борасида шунақа хулосаларни пишитаётганимда.- Аммо, ўта ахмоқона савол. Луврда учрашган кунимиз ҳам шу саволни бериш хаёлимдан ўтганди. Истасангиз жавоб берасиз, истамасангиз шарт эмас.
— Қанақа савол? — дедим овқатланишдан бир муддат тўхтаб.
У бир оз иккиланиб турди-да:
— Парижни муҳаббат шаҳри, дейишади.- деди садафдек оппоқ тишларини кўрсатиб, қувноқлик билан.- Шу ростми?
— Шунақа гап юради бу ерда — дедим сийқаси чиққан гап яна қулоғимга чалингани учун энсам қотганча.
— Француз аёллариниям гўзал бўлади дейишади.
— Эътибор бермаган эканман.
— Аммо, ҳеч эътиборсиз инсонга ўхшамайсиз.
— Бу шаҳарни мен учун қизиқ жойи йўқ. Ишим шу ерда, шунинг учун бу ердаман. Кейин мени шунақа одатим бор: шаҳар менга қизиқмасми, унинг одамлари ҳам қизиқтирмайди.
Аниқ ва лўнда гапирганим унга бошқача таъсир қилди шекилли, бирдан у қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.
— Бу яхши одат экан,- деди кулишдан тўхтамай ва шундан сўнг боягидан ҳам иштаҳа билан тановул қила бошлади. — Оқ ўрдак гўшти жон-у дилим. Бу ерда уни мазали тайёрлашаркан. Қойил.
Унинг кўзлари бир зумда чақнаб кетди ва апельсин шарбатидан роҳатланиб ҳўпларкан, онда-сонда мен томонга зимдан қараб қўярди.
— Демак, довруғи дунёга ёйилган Париж ҳаммагаям ёқавермас экан-да.
— Хулосангиз ажойиб!
— Ўйлашимча, бу хулоса кашфиётга тенг.
— Шаҳарни ўзингизга хос тарзда қайтадан кашф қиляпсизми дейман?- дедим унга мийиғимда кулиб.
— Бўлмасам-чи, — деди Мафтуна чеҳраси янаям ёришиб.- Қайтадан кашф қиляпман ва бундан жудаям хурсандман.
— Кўриниб турибди бу,- дедим сочиқ билан лабимни артиб, яна апельсин шарбатига ёпишарканман.
Сухбатнинг бундай тарзда давом этиши кўп ўтмай иштаҳамга таъсир қилди. Мафтуна бугун ўзини ғалати тутаётганди. Қандайдир эркин, оддий қизиқувчанлик доирасидан четга чиққан холда.
— Сизга бу таомлар ёқмаган бўлса, балки бошқаларига буюртма берармиз? — деди у олдимдаги таомларни илкис бир четга суриб қўйганимни кўриб роса ажабланаркан.
— Ҳожати йўқ. Эрталабдан ўзи иштаҳам йўқроқ, — дедим кўнглини оғритиб қўймаслик учун унга ёлғон гапириб.
— Тушунарли.
У жавобимдан ўзини сал ўнғайсиз сезди, томоғини қириб бир-икки йўталди. Кейин қўлидаги пичоқ билан санчқини хохлаб-хохламай стол устига қўйди.
— Бу ерда дарров сиқилиб кетдим. Ҳаво етишмаяпти. Парижни машинада айланишга нима дейсиз? — деди мен томонга бошини эгаркан, аста пичирлаб.
Унинг таклифини эшитиб, пешонамни тириштирдим. Кўз олдимдан келаси ҳафта элчихонада бўлиб ўтадиган маданий тадбир учун ҳали сценарий ёзмаганим ўтди. Боз устига, роса чарчаганим боис ёстиққа бошимни қўйиб мизғиш фикри, айни шу дақиқаларда ўйларимга суқилиб кириб, ҳориган вужудим учун ягона чора бўлиб кўринаётганди. Лекин, Мафтунага йўқ дейишга негадир журъатим етмади. Тўғрироғи, такаллуфсиз бўлиб кўринишни истамадим.
— Майли…
— Кечки овқат ҳам тугади мана — деди Мафтуна официантни чақириб, у билан шоша-пиша ҳисоб-китоб қиларкан. — Энди тезроқ тоза ҳавога чиқайлик, бу ерда кўнглим беҳузур бўляпти.
Кечки овқатни биргаликда тановул қилиб, сархуш ўтирган одамларни оралаб ташқарига чиқдик. Бояги ҳатти-ҳаракатим туфайли туси ўзгариб, яхши кайфиятига бирмунча путур етган бўлса-да, кўчада Мафтуна ҳечам сир бой бермади. У чиройли қоматини тик тутиб, пошнаси баланд туфлисини тақ-туқ этганча қадам ташлаб, виқор билан тўғри йўл четида турган қизил “Ситроен” томон юрди.
— Эримнинг навбатдаги тухфаси,- деди уни менга кўрсатиб.- Ижарага олиб берди шаҳарни айланишим учун. У бирам мехрибонки…
Унинг сўз оҳангидаги пардали кинояни илғаш қийин эмасди. Мен бунга у қадар диққатимни қаратмай, машинанинг олди ўриндиғига ўтирдим. Мафтуна очиқ ҳавода бир қанча вақт бемақсад турди-да, сўнг рулга ўтириб машинани ўт олдирди.
— “Зафар аркаси”га борсак нима дейсиз?- деди у катта йўлга чиққанимизда.
Хаёлларим билан бўлиб унга ўз вақтида жавоб қайтаролмадим.
— Шу арканинг нимаси қизиқ? — дедим сал ўтибгина тобора туннинг домига кириб бораётган Парижни кузатиб кетарканман.
Машинанинг ичи диққинафас бўлиб кетгандек эди. У ҳам, мен ҳам бараварига “уҳ” тортиб, ён ойналарини тушириб қўйдик.
— Балки сизга қизиқмасдир. Чунки, сиз бу ерда анчадан бери яшайсиз. Лекин, бошқаларга қизиқ. Масалан, менга. Худо билади яна қачон бу ерга келаман.
“Зафар аркаси”га етиб боргач, Мафтуна машинанинг моторини ўчириб, ундан ирғиб тушди. Арка олдида одам кўп эмас, бармоқ билан санарли одамларгина қўлтиқлашганча ивирсиб юришарди.
— Шу арка хақида Ремарк асар ёзган,- деди Мафтуна унга яқинлашгач, мен томонга ўгирилиб.- Биласизми?
У жавобимни кутиб ўтирмай, анча олислаб кетди. Унга етиб олиш учун қадамимни тезлатишга мажбур бўлдим.
— Ўқиганман ўша асарни,- дедим унга етиб олгач.- Яҳудий доктор ва унинг маҳбубаси ҳақида эди, янглишмасам.
Шунда Мафтуна бошини бир томонга эгиб, менга кўзларини хиёл қисиб қаради.
— Сизни ўқимаган нарсангиз борми ўзи?- деди менга яқин келиб, бошдан-оёқ разм солиб чиқаркан. — Билмаган нарсангиз-чи? Бальзакни, Гюгони, Диккенсни, Маркесни ўқигансиз. Мана Ремаркни хам. Французчада ва инглиз тилида бинойидек гаплашасиз. Яхши таржимонсиз. Ақлли ва чиройлисиз.
У кутилмаганда менга янаям яқин келди. Ундан таралаётган аёллар атирининг маст қилувчи ёқимли иси димоғимга урилди. Орамиздаги масофа анча қисқарган ва мен унинг ҳатто қандай нафас олишигача эшитардим. У оғир-оғир нафас олар, кўзларини бўлса мендан узмасди. Бир маҳал мендан ютоқиб бўса олди. Бу ҳол қўққисдан юз бергани учун дастлаб ўзимни йўқотиб қўйдим. Ўзимга келгач, уни силтаб ташладим ва икки қадам ортга тисарилдим. Бу ҳатти-ҳаракатим унинг нафсониятига тегди.
— Қўрқоқ! — деди у захархандалик билан куларкан.
Қанчалик ўзимни босишга уринмай, унинг бу гапини эшитиб роса жаҳлим чиқди.
— Эри бор аёл билан кўнгилхушлик қилсам қўрқмас бўламанми?- дедим овозимни кўтариб.
— Сиз эркаклар ҳаммаларинг бир гўрсизлар,- давом этди у мендан узоқлашаркан, ногоҳ жойида қотиб. — Мени ўн олти ёшимда ўша нусхага эрга берган отам ҳам, менга хиёнат қилмаган кунини эслай олмайдиган ўша нусха ҳам, ўз шахсига тинмай сиғиниб яшайдиган сиз ҳам.
Мен унга қарамаслик учун бошимни “Зафар аркаси” томон буриб олдим ва бир неча дақиқа шу ҳолатда турдим. Мафтуна ҳамон заҳархандалик билан куларди.У шу туришида тўрт кун бурун мен билан Луврни айланган, икки кун бурун эса эри билан элчихонага визасини чўздириш учун келган оғир ва босиқ аёлга сираям ўхшамас эди.
Бир пайт кутилмаганда у шартта машинаси томон юриб кетди. Унинг кетаётганини кўриб, аввалига ортидан боргим келмади. Бироқ, ноилож бордим.
— Эшикни очинг, Мафтуна!- дедим у ерга боргач.
У гапимга парво қилмай, аямасдан машинанинг газини босди. Бундан кўнглим аллақандай ғашликни сезиб, йўл четида бўш турган таксилардан бири сари югурдим.
— Илтимос, ҳув анави қизил “Ситроен”нинг ортидан ҳайданг — дедим энг яқин турган таксига чиқиб ҳайдовчига.
Ҳайдовчи илтимосимни ерда қолдирмай, ўртача тезликда уни қувишга тушди. У қувиб етай деганида, ўзи шундоқ ҳам секин кетмаётган Мафтуна атайин қилгандек машинаси тезлигини оширди.
— Нима бало, у жонидан тўйганми?- деди ҳайдовчи бошини бай-бай дегандек чайқаб қўйиб.- Шаҳарнинг ичида машинани шунақа тез ҳайдаб бўларканми?
Сена дарёси бўйидаги муюлишда, гўё осмондан тушгандек қарама-қарши томонда юк машинаси пайдо бўлди. Мафтуна унга аранг чап беришга улгурди. Натижада, унинг машинаси тўсатдан эзилган тормоз туфайли чийиллаб овоз чиқариб, йўлнинг четигача сурилиб борди. Қаршисидан чиққан машина кетма-кет сигнал чалиб, унинг ёнидан ўтиб кетди. Таксидан тушарканман, юрагимни ҳовучлаб у томонга чопдим. Мафтуна машина ичида бошини рулга тираганича қимир этмай ўтирар, унга мўъжиза туфайлигина бирор бир шикаст етмаганди.
— Очинг эшикни! — дедим ойнага бир-икки қаттиқ уриб.- Очинг деяпман сизга!!!.
У эшикни очди. Уни даст кўтариб пастга олдим. Сўнг кўтарганча Сена бўйидаги ўриндиқлардан бирига олиб бордим.
— Ҳаётингизнинг сариқ чақалик аҳамияти йўқми сизга?! — дедим овозимни борича унга бақирарканман.
Мафтуна менга худди бўшлиққа қарагандек маъносиз тикилди.
— Ҳа, шундай. Нима эди?
У ўриндиқ устида, бошини эгганича дағ-дағ қалтирарди. Чамаси, уни четлаб ўтган фалокат руҳиятига салбий таъсир кўрсатган ва у ниҳоятда қўрқиб кетганди. Ҳатто мендаги ҳаяжон ва қўрқув ҳам босилмаганди. Ўриндиққа ўтирмай унинг қаршисида тик оёқда турарканман, юрагим тез-тез урарди.
— Ҳамма нарсадан чарчадим, — деди Мафтуна шовуллаб оқаётган дарё томонга тикиларкан.
Сентябрь якунланаётгани учун атрофга салқин тушиб, ҳаво ҳарорати бир мунча тушиб кетганди. Парижда уч-тўрт кундан бери енгил шабада эсар, осмон кун ора турфа ранг булутларнинг қамалидан бўшамас, гоҳи-гоҳида эса майдалаб ёмғир томчиларди. Бугун ҳам ҳаво берк, осмонда таниш булутлар ҳукмрон, ёз ичи ҳар оқшом шуъла сочиб кўзни қувнатган ой уларнинг ортига беркинган ва бу манзара замин узра тонг отиб-отмасдан кузги ёмғир ёғиши мумкинлигидан дарак берарди.
— Машинанинг чироғини ўчирмабсиз,- дедим ортиқ тик оёқда туришни истамай, унинг ёнига ўтирарканман.
Мафтуна машина турган ерга нафрат билан қараб қўйди.
— Қизил “Ситроен”, қип-қизил “Ситроен”- деди шу битта сўзни бир неча марта такрорлаб.
У ҳамон қалтирарди. Энди совуқдан. Буни кўриб костьюмимни ечдим-да, унинг елкасига ташлаб қўйдим.У пичирлаб миннатдорчилик билдирди. Шу бўйи анчагача бир оғиз гапирмади. Мен ҳам бошқа оғиз очмадим.
— Отам мени ўн олти ёшимда эрга берди,- деди Мафтуна анчадан кейин яна дарё томонга тикиларкан, чўзилиб кетган бу сукунатни биринчи бўлиб бузиб.- Мени ёш демади. Кўз ёшларимга ҳам қарамади. Ўша пайтларни кўп эслайман. Ўн олти ёшга энди тўлгандим. Орзулари осмон қиз эдим. Ўзимча ҳуқуқшуносликни ўрганмоқчи бўлардим. Кўп китоб ўқирдим, тил ўрганардим. Ҳамма қизларга ўхшаб ширин хаёлларга берилардим. Бир куни эса ҳаммаси тугади. Мени эрга беришди. Кун келиб турмушга чиқишимни билардим-у, лекин ўша дамни бунчалик эрта рўй беришини ўйламагандим. Катта ҳаётга қадам қўйиб-қўймай турмушга чиқдим. Қизлигимда турмуш ўртоғимни ўзимча “Ғурур ва Андиша” асаридаги Дарсига ўхшашини орзу қилиб яшардим. У каби олийжаноб, вафодор ва мард бўлса дердим. Ҳаётда эса кўпинча бошқача бўларкан. Қаршимда Дарсининг бутунлай акси бўлган инсонни кўриш ўшанда мени чуқур ғам-қайғуга солди. Шундаям бир сўз демадим, отамга қарши чиқмадим. Ахир, хамма шундай қиляпти, кам бўлгани йўқ деб онам ҳам унинг ёнини олди. Хуллас, турмушга чиқдим. Эримни ёқтирмасдим, алдаб нима қилдим. Унда кўнглим йўқ эди( ҳозир ҳам йўқ). Кўнглим тортмасди. У ҳам менга муҳтож эмасди, хиёнат қилишини билардим. Кунлар, хафталар, ойлар ўтиб кетди кейин. Буни сезмай ҳам қолдим. Чунки, ўзимни худди бошқа муҳитга тушиб қолгандек сезардим. Бунинг натижасида ҳаётга қизиқишим кундан кунга камайиб, сўлиб борардим. Саккиз йил шу тахлитда яшадим. Орзуларим тутундек тарқаб кетди, ҳуқуқшунос бўлишдек мақсадим тагига олди, кўп китоб ўқимай қўйдим, тил ўрганишга бўлган иштиёқим сўнди.
Худди ҳаётимда мазмун йўқдек эди. Турмушимнинг саккизинчи йилида ҳомиладорлигимни билиб қолдим. Ишонасизми, шунда қаердандир ҳаётимга мазмун кириб келгандек бўлди, юқоридаги орзуларим ўрнига яратган менга бошқа бир орзу — она бўлиш орзусини бергандек хурсанд бўлиб кетдим. Энди мени фарзандим бўлади, мен она бўламан деган ўй бутун вужудимни яйратиб юборди. Натижада, бошқача кайфиятда яшай бошладим. Бир куни кўрик учун докторнинг хузурига борганимда, фарзандимни у ердаги текширув аппарати экранида кўрдим. Доктор аёл кулиб, у қўлларини қимирлатиб чўмиляпти, деди. Экранга термулиб қолдим. Дарҳақиқат, болажоним қўлларини қимирлатиб, чўмиларди. Шундан сўнг, у билан ҳар куни гаплашадиган бўлдим. Унга кечалари эртаклар айтиб берардим, дўкондан у туғилса кийдираман деб кийим-кечаклар сотиб олардим. Ҳаётимга мазмун кирган, гўё яшашга қизиқишим қайтгандек эди.
Ҳомилам бешинчи ойлигига ўтганида, жума куни эди шекилли, эрим уйга кеч қайтди. Ундан аёллар атирининг ҳиди анқир, ўзи ғирт маст эди. Кўзига ёмон кўриндим шекилли, мени қаттиқ ҳақорат қилди. Шунинг ўзи етмагандек, қўзларини чақчайтириб ва ҳайвондек ўкириб мени уриб-тепкилади. Танам бўйлаб унинг зарбаларидан пайдо бўлган чуқур оғриқни ҳис қиларканман, шу он ичимда нимадир узилгандек бўлди ва сезгир кўнглим бундан бир ёмон нарсани сезиб дод солиб бақириб юбордим. Эртасига касалхонада хомиламни нобуд бўлганини билдим.
Мафтуна шу пайт тўсатдан йиғлаб юборди. Ҳўнграб йиғлади. Йиғлагани сари елкалари кучли силкиниб қўяр, овозидан аламли фарёд атрофга тараларди.
— Шу тариқа ўзимга келолмай касалхонада анча ётдим. Руҳий ҳолатим бузилиб, чуқур тушкунликка тушиб қолдим. Ҳеч кимни кўргим келмас, хонадан чиқмай кун бўйи у ерда ётардим. Ҳатто, ота-онамни кўргим келмасди. Эримдан эса жирканардим. Буёғига кўнглим тортмаган ва эндиликда жиркана бошлаган одамим билан бир уйда яшашни тасаввур қилолмасдим. Лекин, бирга яшашда давом этдим. Отам “насиб қилса худо яна фарзанд беради”, деб таскин берганча уникига ташлаб келди. Кулгули бу, тўғрими? Нимага ҳаёт ва одамлар шунақа? Шу саволларимга ҳеч жавоб тополмайман. Эримнинг ҳатти-ҳаракатлари бундан ҳам кулгули. Мени тепкилаб, пушти камаридан бўлган фарзандини туғилмай туриб нобуд қилган одам кўнгли ёзилар деб хотинини мана Парижга олиб келди.
У энди мен томонга қараб йиғлар, мен юрагим қаттиқ сиқилиб унга қарамасликка тиришардим.
— Бу ерга келган дастлабки кунимиз меҳмонхонадан ташқарига чиқмадим. Руҳиятимдаги жароҳат ҳали битмагани учун ҳатто миллионлаб одамларнинг орзуси бўлган шу шаҳар ҳам кўнглимга сиғмади. Кун бўйи деразанинг олдида ўтирдим. Деразадан Эйфиль минораси шундоқ кўриниб турарди. Эрим эрталаб чиқиб кетиб, кечқурун келди. Эртасига ҳам, индинига ҳам шундай ўтди. Шахарни кун бўйи деразадан кузатдим. Ниҳоят, тўртинчи куни эримдан мени Гюгонинг уй-музейига олиб боришини илтимос қилдим. У йўқ демади. Музейга олиб борди-да, бир соатдан кейин олиб кетишини айтиб, ёлғиз ўзимни ўша ерга ташлаб кетди. Севимли ёзувчимнинг уй-музейи олдида бир ўзим қолдим. Ичкарига кирганимда, у ердаги асосий залда йиғилиш бўлаётганди. Бу йиғилишдан кўра кўпроқ тақдимот маросимига ўхшарди. Пича ўтиб, музей ходимаси бу тахминим тўғрилигини тасдиқлади.
Эсингиздами, ўша кун? У ерда Гюгонинг сиз ўзбек тилига ўгирган асари тақдимоти бўлиб ўтар ва сиз Гюго ҳақида, унинг ўзбек ўқувчиси дунёқарашида тутган ўрни ҳақида атрофдагиларга гапириб берардингиз. Бир чеккада сизга қараб ўтирарканман, негадир бир лаҳзага руҳимни анчадан бери қийнаб келган оғриқларни, унинг битмаган жароҳатини унутгандек бўлдим ва худди ўн олти яшар пайтимга қайтгандек берилиб, завқ билан маърузангизни тингладим. Кейин сиз билан шахсан танишдим. Ўзингизни элчихонада ишлашингизни айтдингиз. Гюго ва француз адабиёти ҳақида суҳбатлашдик. Гюгони деярли ҳамма асарларини ўқиб чиққандим. Буни эшитиб, сизни юзингиз ёришиб кетди. Бу адиб сизнинг ҳам севимли ёзувчингиз эди.
Музейдан қайтиб келганимда ўзимни анча тетик ҳис қилдим. Кўнглим сархадларидаги тўфонлар тингандек, ундан ғам-андуҳ аригандек, анчадан буён илк марта руҳимда хало-ват ва осудаликнинг нафаси сезилди. Мехмонхона деразасини очиб атрофга қарарканман, кайфиятим кўтарилди. Ҳаёт аслида чиройли, у фақатгина оқ-қора ранглардан иборат эмас деган хаёлга бордим. Энг қизиғи, ўша куни кечқурун иштаҳа билан овқатландим ва кечаси безовта бўлиб уйғонмай, хотиржам ва тиниқиб ухладим.
Сиз хар дам олиш куни Луврга боришингизни айтгандингиз ўша куни. Дам олиш кунига икки кун бор эди. Шу икки кунни бир амаллаб ўтказиб, якшанба куни эртароқ туриб Луврга бордим. Сизни учратиш мақсадида. Бордим-у, ҳайратда қолдим. У ер жудаям катта ва бунинг устига одамларга лиқ тўла эди. Яхшиям, Мона Лиза картинаси ҳақидаги гапингиз эсимда қолган экан. Сўраб-суриштириб шу картина турган хонани топдим. У ерга кирдим ва картина қаршисидаги одамлар орасида сизга кўзим тушди. Ўзимнинг топилмамдан қувониб кетдим. Мени пайқармикин деб сизга яқинлашдим. Сиз картинанинг олдида туриб, қўлингиздаги ён дафтарчага нималарнидир қайд қилиш билан овора эдингиз. У ерда жимгина сизни кузатиб турдим. Мени дарров бўлмаса-да, пайқадингиз. Кўриб жилмайдингиз. Мона Лиза ҳақида ўша куни роса сухбатлашдик, музейни бирга айландик. Мехмонхонага қайтганимда шампань виноси ичиб ўтирган эрим визамиз тугашига икки кун қолганини айтди. Шунда уни чўздирайлик деб унга ялиндим. У ҳайрон бўлиб қаради. Бир амаллаб уни кўндирдим. Рости, Парижда яна озгина қолмоқчи эдим. Нима учунлигини ўзим ҳали билмасдим, қалбимда бехос уйғонган номаълум туйғу мени бу ерга михлаб қўйгандек, шунчаки қолгим келар, ҳеч қаерга кетгим келмасди.
Икки кун ўтиб, эрим билан элчихонага бордик. У ерда яна сизни учратдим. Сиз визамизни чўздиришга ёрдам бердингиз. Эрим ташаккур айтиб , сизни кечки овқатга таклиф қилди. Розилик билдирганингизда ундан ҳам кўра мен кўпроқ хурсанд бўлдим.
Бугун эрталаб шу кечки овқат хаёли билан уйғондим. Кўзгуга қарамай қўйганимга анча бўлганди. Унинг олдида илк марта узоқ ўтирдим. Олдин бирорта маросимга боришим керак бўлса дуч келган кўйлакни кийиб кетаверардим. Бу сафар кўйлак танлашга қийналдим. Жомадонимда йиллар бўйи қўл теккизилмай ётган тилла занжиримга ҳам иш топилди. Вақт ўтиб кеч бўлгани сари ҳаяжонимни ҳеч босолмасдим. Кеч тушгач, эрим иши бор-лигини пеш қилиб, кўчага чиқиб кетди. Сиздан келолмаганига узр сўраб қўйишимни тайинлади. Шунинг учун, бу ерга ёлғиз, у ижарага олиб берган анави машинада келдим. Ресторанда анча ўзимни эркин тутдим. Буни биламан. Боиси, ўзим гаплашишни истаган инсон билан яна мулоқот қилиш шарафига муяссар бўлгандим. Шу мени бир оз чалғитди. Шунинг таъсирида кеча давомида сизга ахмоқона саволлар бердим, боя ўзимни жудаям ёмон тутдим, ўзимни назорат қилишни унутдим. Мени енгилтак деб ўйлаганингиз аниқ. Ўзим ҳам ўзимдан нафратланиб кетдим. Бу ҳис бутун вужудимни эгаллаб, шаънимга тушган иснод ва юзимдан сидирилган ҳаё пардасини кўзимнинг олдига олиб келди. Шу туфайли руҳимга азоб беришни бошлаган бу ҳисдан қутулиш учун ўзимни машинанинг ичига урдим. Аммо, у ерда бадтар азобландим. Азоб исканжасида кўзимни юмиб машинани тез хайдадим, сабаби вақт ўтган сари кучайиб бораётган бу ҳис ўлсамгина мени тинч қўяди деган бемаъни хулосада эдим. Ўзидан нафратланиш ҳисси кўпинча инсонни шундай йўл тутишига туртки бўлади. Қаршимдан юк машинаси чиққунича, менда ҳам шундай ҳолат кузатилди. Бироқ, машина пайдо бўлганида қўрқиб кетдим. Ўлишни эплай олмадим, кучим етмади, ожизлик қилдим.
Мафтуна ўрнидан туриб, дарё қирғоғи томон кетди. Сенанинг шовуллаб оқиши ва тун қўйнида қорамтир рангда кўринаётган қиёфасига бир неча дақиқа назар солиб турди. Кейин шошилмай ортига қайтди. У ортиқ йиғламас, тинчланиб ўзини анча ўнглаб олганди.
— Умримизга куз келиб бўлганидан сўнг унга бахорнинг қайтиши қийин экан — деди дарё узра олисларга тикилиб ва хўрсиниб ёддан қандайдир шеърни ўқий бошлади:

Кимнидир, ненидир кутдим ишониб,
Осмонга термулиб ўтдим теракдай.
Хазон бўлиб ҳамки кетолмаяпман,
Гўёки ҳалиям сизга керакдай…

Япроқдек омонат тебранади дил,
Тамаки тутатар яна ғолиб куз.
Дунёни бир гўзал рангга бўярдим,
Афсус, сиздан олдин куз келди, афсус…

Шеърни ўқиб бўлгач, эгнидаги костьюмимни қўлига олиб авайлаб тахлади ва уни секин ёнимга қўйди. Мен буни жим кузатиб турдим.
— Эртагаёқ бу ердан жўнаб кетаман,- деди атрофга аланглаб қараркан, кўзларимиз тўқнашганида бирдан маъюслашиб.- Аслида худди сиз каби бу шаҳарни менга ҳам сира қизиғи йўқ. Узоқроқ қолишимга сабаб бўлган нарса- унинг таровати эмасди.
Ўрнимдан кўзғалиб, унга нимадир дейишга тараддудландим. Кўнглини кўтаришгами, тасалли беришгами, очиғи, аниқ билмадим. У томонга интилгандим, Мафтуна ўзини мендан олиб қочди ва қўллари билан керак эмас дегандек ишора қилди. Турган еримда қолдим, ичимдан ҳеч қандай садо чиқмади: на кўнгил кўтариш, на тасалли бериш учун бирор оғиз сўз. Кўз олдимни қуюқ зулмат қоплаб олгандек кўзларим тиниб, бошим чалкаш ўйлардан ғовлаб кетди.
Бир оздан сўнг у кетишга чоғланди ва мен билан хайрлашмасдан чироғи ҳануз ёниқ турган машинаси томон йўл олди. Ортига ўгирилмай, қаддини яна тик тутиб, пошнаси баланд туфлисини тақ-туқ этганча виқор билан қадам ташларди.
— Қизил “Ситроен”, қип-қизил “Ситроен”,- деди кетаркан йўл-йўлакай .- Эримнинг туҳфаси, “меҳрибон” эримнинг…

2019 йил, сентябрь.