Марҳабо Қўчқорова. Ўзи билан ўзи гаплашаётган одам образи

ёхуд Аҳмад Аъзам ижодига чизгилар

70 йиллар адабий авлоди ичида, шубҳасиз, ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг ўз ўрни бор. Аҳмад Аъзамнинг «Масъул сўз», «Соясини йўқотган одам», «Ҳали ҳаёт бор…», «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» , «Ўзи уйланмаган совчи» (роман), «Тил номуси» каби ўнлаб бадиий, илмий ва публицистик китоблари чоп этилган. Табиийки, бу асарларнинг ҳар бири ҳозирги ўзбек адабиётининг нодир асарлари хазинасидан ўрин олган. Чунки Аҳмад Аъзам ўз асарларида сўзни асраб-авайлаб ишлатган, халқ тили гўзалликларини маҳорат билан қўллаган, шу­нингдек, ўзбек халқининг ижтимоий ва маънавий-ахлоқий ҳаётини ҳаққоний, теран, ниҳоятда нуктадонлик билан ёритган билимдон, бетакрор ёзувчиларимиздан бири ҳисобланади.
Адибнинг адабий жамоатчилик орасида шов-шув­ларга сабаб бўлган «Рўё ёхуд Ғулистонга сафар» романи ҳамда «Асқартоғ томонларда», «Ҳали ҳаёт бор…» қиссалари, «Ойнинг гардиши», «Соясини йўқотган одам», «Қатағон», «Гўзаллик қирралари», «Мастиржамият» ҳикоялари,«Тугмачагул», «Гул кўтариб кетаётган эркак», «Ўзим билан ўзим», «Одамовига учёқлама қараш», «Ватан ҳақида ёзишга кучим етмаган шеърим» каби новеллаларини санаш мумкин. Муаллифнинг ўнлаб бадиий асарларида бўртиб кўзга ташланадиган оригинал бадиий ифода, қаҳрамоннинг ўзини ўзи таҳлил қилиши, ўзини ўзи тафтиш этиши, қаҳрамоннинг нафақат атрофга, жамиятга танқидий-киноявий муносабатда бўлиши, қаҳрамон хаёлида иллюзия яратиш, мозаика асосига сюжет қуриши, рамз ва метафораларга ўчлик китобхонни ҳушёр торттиради. Бугунги модерн ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан бири Назар Эшонқул Аҳмад Аъзам ижоди ҳақида шундай ёзади: «Бу новеллаларда биз ўзбек насрида нисбатан янги қаҳрамон – жамиятда, ҳаётда ўз ўрнини англаётган, англаш орқали уйғонаётган фикр, уйғонаётган ўзликни, уйғонаётган «мен»ни англатувчи қаҳрамон пайдо бўлди. Бу новеллаларда «мен»дан бошқа қаҳрамон йўқ: ижобий ҳам, салбий ҳам, жабрловчи ҳам, жабрланув­чи ҳам, эзувчи ҳам, эзилувчи ҳам, ҳукмга мустаҳиқ ҳам, ҳукм этувчи ҳам ана шу «мен»нинг ўзи, яъни ўзи билан ўзи гаплашаётган одам. Аҳмад Аъзам бу образи билан ўзи мансуб авлоднинг бутун бошли концепциясини ифодалаб берганга ўхшайди». Бизнинг эътиборимизни «ўзи билан ўзи гаплашаётган одам образи» деган гап жалб этди.
Дарҳақиқат, ёзувчининг «Асқартоғ томонларда» қиссаси, «Тугмачагул», «Ойнинг гардиши», «Қатағон», «Ўзим билан ўзим», «Ватан ҳақида ёзишга кучим етмаган шеър» каби қатор ҳикоя ва новеллаларида бош қаҳрамоннинг ўзи билан ўзи гаплашаётганига гувоҳ бўламиз. Аҳмад Аъзам қаҳрамонлари ўз ҳаётини ва атрофдагиларнинг ҳаёти, фаолиятини таҳлил этади, уларга танқидий-киноявий муносабатда бўлади. Ёзувчи ўзи билан ўзи гаплашаётган, ўзи билан ўзи курашаётган, фикрлаётган, муҳокама-мулоҳаза юритаётган кишилар руҳиятидаги зиддиятни кўрсатиб бериш орқали чуқур психологик таҳлилга эришади.
Аҳмад Аъзам ҳикоялари орасида «Ойнинг гардиши» ҳикояси, айниқса, ўзининг лирик кечинмали талқини, қишлоқ одамларининг оддий ва содда ҳаётини китобсевар бола тилидан мусаффо, болаларча тил билан баён этиб бериши билан ўқувчини ҳайратлантиради. Муаллиф асарларида оддий ўзбекона халқона тил яйраб-яшнаб туради. Қаҳрамонлар ҳам ниҳоятда оддий, содда, тўпори. «Ойнинг гардиши» ҳикояси автобиографик характерга эга. Шунинг учун ҳам ҳикоя тили ниҳоятда самимий ва жозибадор чиққан. Ҳикояда қари ота, кенжа ўғил, амаки, Мамат меш каби образлар иштирок этади. Ҳикояда гарчанд олим бўлишни орзу қилиб шаҳарда қолиб кетган катта ўғил билан китобсевар кенжа ўғил образлари икки одам сифатида ёритилган бўлсада, бу икки образ умумий ҳолда бирлашиб, Аҳмад Аъзамнинг ўзи экани ҳақидаги фикр хаёлимизда айланаверади. Катта ўғил олим бўлишни истайди. Ота ўғлининг илмий иш қиламан деб, йигирма йиллик умрини китоб, илм орқасидан қувиб юришни истамайди. Ота учун ўғлининг қишлоққа қайтиб келиб, мол-ҳол қилиб, ёнида суянчиқ бўлиш катта фарзанд сифатидаги бурчидир. Қайсар ўғил эса профессор бўлиш орзусида. Кенжа ўғил отанинг дарди-ҳолини, акаси ва отаси ўртасидаги келишмовчиликлар, можароларга гувоҳ бўлиб туради. Ич-ичида катта бўлса олтмишга кирган отасининг улкан суянчиғи бўлишни орзу қилади. Акасининг хатоларини такрорламасликни дилига тугиб қўяди. Ҳикоядаги бадиий вақт ва макон ниҳоятда аниқ чизилган. Ота намозшом вақтида амакиникига кетади. Кенжа ўғил отасини олиб келиш учун эшакка миниб, амакининг уйи­га қараб йўлга отланади. Шом вақти, чанг-тўзонли йўллар, айниқса, қабристон ёнидан ўта туриб, ёш боланинг ўтакаси ёрилай дейди. Аммо боланинг гўзал, ёқимли овун­чоғи бор. Бу осмондаги гардишли оймомо. Ҳикояда Бола ва Оймомо, Гардишли оймомо­нинг оппоқ қўй қамалган қўрага ўхшатилиши сингари рамзлар, образлар ҳикояга ўзгача лирик кайфият бахш этган. Бола­нинг оймомога маҳлиё бўлиб боқиши, унинг хаёлий гап-сўзлари, мулоқоти, келажакдаги орзулари,манзилга етиб бориш учун бутун кучини, ғайратини тўплаб, ёлғизоёқ йўлда мардонавор кетиши барча-барчаси халқ эртаклари услубини ҳам эслатиб юборади. Ҳатто ярим йўлда эшак ҳуркиб кетиб, бола эшакдан йиқилиб тушади. Қўрқув, таҳлика бола руҳиятини эзади. Аммо ёш бўлишига қарамасдан, ундаги заколик, ақллилик устун келади.
Бола эсон-омон манзилга етиб бориб, отаси билан эшакка мингашиб уйига қайтиб келади. Қай­тиб келгач, бола тушь кўради. Ҳикояда боланинг ой билан боғлиқ туши қуйидагича берилади: “…У оқ қўйга миниб олиб, кўзларини қамаштираётган гардиш деворнинг эшигини ахтаради. Оқ қўй эса тихирлиик қилиб юрмайди, бир жойда қотиб тураверади. Пастда отаси қўлини ипахса қилиб қичқиради: «Миянг хатоми сенинг! Нега ойга миниб олдинг? Яна йиқилиб тушиб бошимга бало орттирма. Сени кўтариб дўхтирма-дўхтир чопиб юрмайин. Яхшиликча тушь, деяпман, бўлмаса, олмага оёғингдан осаман». Отасининг ёнида Орзиқул бобо қотиб-қотиб кулади: «Ана холос! Бизни пулисиротдан ўтказиб қўядиган қўйни миниб олибсизку! Муаллимингизга бориб айтмасамми». Мамат меш эшагидан тушмай отасига таскин беради: «Қўйинг, индаманг, боланинг ўзи хоҳлаб тушмаса, мажбур қилиб бўлмайди. Кўп ўқиганда. Ўқимаса ойга чиқармиди». У ҳадеб ярақлаётган гардиш деворнинг эшигини ахтаради, девор эса унинг кўзларини қамаштиради., эшиги эса кўринмайди. Оқ қўй ҳам тихирлик қилиб жойидан силжимайди. У қўйни халачўп билан уради, қўйнинг жунлари оёғига ўралашиб қолади. Бирдан димоғига ачқимтил уриладию, учиб кетади. Отаси эса негадир мулойим овозда гапириб қолади: «Ҳа, нодон болая, яна чироқни ўчирмабди…»
Назаримизда, ҳикояда марказий ўринга қўйилган Бола ва Ой образлари мана шу юқоридаги парчада ўзининг кульминацион нуқтасига чиқади. Бола тушида оқ қўйни миниб олиб, қўрадан чиқиб кетиш учун уринади. Лекин эшик тополмайди, ойнинг ойдин ёруғи, унинг кўзларини қамаштиради. Бизнингча, ҳикояда ой ва қўтонлаган ой, бола ва оқ қўй образлари тимсолли рамзларга айланади. Яъни, қўрғонланган ой – биқиқ муҳит рамзи. Ойнинг гардиши – жамиятдаги чегараланган анъанавий миллий қадриятлар рамзи, гардиш – чекланганлик, чегараланганлик рамзи, ойнинг қўтонлаши – бир хил ҳаёт, ижтимоий тузумга, анъанавий миллий қадриятларга ўралишиб қолган ўзбек халқининг ҳаётига рамзий ишоралардир. Оқ қўйга миниб олиб, йўл топа олмаётган бола – ўзбек халқининг анъанавий миллий қадриятлари билан тўқнашиб, ўзи истаганидек катта йўлга чиқа олмаётган одам рамзи. Хусусан, бу Катта ўғил билан ота зиддиятида кўринади. Ота миллий анъанавий оилавий қадриятлардан воз кечишни хоҳламайди. Катта ўғил эса тор муҳитни ёриб чиқиб, (мол боқиб юришдан кўра муҳимроқ, илм ўрганишни) зиёли бўлишни орзу қилади. Кичкина китобсевар наздида ҳам катта ака отага қарши чиқиб, тўғри иш қилмаяпти. Ёзувчи ҳикояда ким ҳақ, ким ноҳақ? Отами? Катта ўғилми? Бу саволга жавобни очиқ қолдиради. Шунинг учун ҳикояни ўқиган китобхонлар ўз-ўзидан икки гуруҳга бўлиниши мумкин. Аммо ҳикояни ўқиб, мулоҳаза қилиб, ота ёки ўғилнинг тарафдорига айланиш керак эмас. Аксинча, «Ойнинг гардиши» ҳикояси орқали Аҳмад Аъзам нима демоқчи? Шу масалага диққат қаратиш керакдек, назари­мизда. Бизнингча, юқорида айтганимиздек, ҳикояда ота ва ўғил зиддияти, хусусан, қаҳрамон қалбидаги драматизм, ички муҳокамалар, онг оқими тасвирлари киноявий бадиий модусли асар яратилишига замин бўлган. Аҳмад Аъзам «Ойнинг гардиши» ҳикояси орқали ўзбек халқининг қўрғонланган муҳитда қотиб қолиб кетмаслик керак, йўл излаш керак, деган жиддий ижтимоий муаммони ўртага ташлаётгандек. Кези келганда, айтиш ўринли Аҳмад Аъзамнинг ўзига хос кинояси, салафлари Абдулла Қодирий ва Абдулла Қаҳҳор, ёки замондош-тенгдошлари Эркин Аъзам, Му­род Муҳаммадўст киноясидан фарқ қилади. Дейлик, Аҳмад Аъзам кинояси табиатан масхара-мазах, мубалағадор характерга эга эмас. Ёзувчининг ўзига хос кинояси Абдулла Қаҳҳорнинг кўрсаткич бармоғи билан нуқиб-нуқиб кўрсатувчи киноя ва сатирасидан ҳам тубдан фарқ қилади. Ёки Эркин Аъзам киноясидек мазахловчи, сарказм даражасига ҳам чиқиб кетмайди. Назаримизда, Аҳмад Аъзам киноянинг ўрта тембрини жуда яхши топа олган. Аҳмад Аъзам воқеалар ва қаҳрамонлар нигоҳини киноявий муносабатга ҳозирлар экан, унда бўрттириб-қабартириб тасвирлаш йўқ. Ўз ҳолича, табиий, ҳаётий бадиий маромни ёзувчи яхши тутиб кўрсатишга интилади.
Шунингдек, Аҳмад Аъзам асарларида Самарқанднинг Ғазира қишлоғида яшовчи одамлар ҳаёти кенг, ҳар хил ракурслардан туриб ёритилади. Айнан қишлоқ номлари тилга олинмаган бўлсада, бу қишлоқ ёзувчи туғилиб ўсган Ғазира, Самарқанд эканлигини англаб турасиз.
Аҳмад Аъзамнинг «Соясини йўқотган одам» ҳикояси қаҳрамони ҳам «Ўзи билан ўзи гаплашувчи» қаҳрамонлардан бири. Ҳикоя қаҳрамони соясини йўқотиб қўяди. У соясиз одамга айланади. Мазкур ҳикояда Аҳмад Аъзам бошқа ҳикоя ва новеллала­рида, ҳатто қиссаларида ҳам шу пайтгача қўлланмаган киноянинг янги бадиий формасини қўллайди. Яъни бу новеллада романтик киноявий модус қўлланилган. Аслида жисм борки, унинг сояси бор. Аммо Аҳмад Аъзамнинг қаҳрамони соясини йўқотиб қўяди. Бу беихтиёр Гоголда бурнини йўқотиб қўйиб, роса уёқ­дан-буёққа чопган Жанобни эсга солиб юборади. Романтик киноявий асар ёзишни унча-мунча ёзувчи эплай олмайди. Чунки ёзувчи бадиий тўқимаси орқали дунёга келган воқеа ва қаҳрамон тийнатида қандайдир бир романтик тасвирми, романтик деталми бўлиши шарт. Ўша бадиий тўқимага китобхон чиппа-чин ишониши керак. Аслида бу ҳаётда рўй бериши мумкин бўлмаган ҳодиса бўлади. Мисол учун, юқорида эслаганимиз Гоголнинг «Бурун» номли киноявий романтик асаридаги каби. Гоголнинг қаҳрамони эрталаб уйғониб, қараса, бурни йўқ. Бурни эгасидан аразлаб қочиб кетибди. Қизиқарли воқеалар айнан шу тугундан бошланади. Жаноб бурнини излаб телбаларча чопади. Бу ўлгур бурун одам юзининг қоқ ўртасида жойлашган бўлса. Тасаввур қилиб кўринг, қандай қилиб, бурунсиз одамларга кўриниш мумкин? Асарни ўқишга тутинар экансиз, Гоголнинг ўзи тўқиб чиқар­ган романтик киноявий воқеаларига қизиқиб, қаҳрамон билан қўшилишиб, унинг бурнини излай бошлайсиз. Бу, албатта, адабиётнинг, ёзувчининг етук бадиий маҳоратидан дарак беради. Ана энди Аҳмад Аъзамнинг соясини йўқотиб қўйган қаҳрамонига қайтамиз. Ёзувчи ҳикояда соясини йўқотиб қўйган қаҳрамон саргузаштларини эринмасдан, батафсил ҳикоя қилади. Унинг бу нуқсони бутун бошли ташкилотни, ишхонани оёққа турғизади.
Олдинига қаҳрамоннинг ўзи бу мудҳиш воқеани англамай юраверади. Ниҳоят, ишхонадаги ҳамкасби Барот бир куни тушликка чиқишганида уни бу мудҳиш фалокатдан хабардор қилади: «Тушда Барот икковимиз бирга тушликка чиқдик. Менга бир нарса бўлганини шу Барот билиб қолди. У уч йилча олдин кўчадан ҳамён топиб олган. Саккиз юз қирқ етти сўм. Шундан бери ерга тикилиб юришни одат қилган.
Ишхонамизнинг соясидан чиқиб, сал юрганимиздан кейин менинг гапларимга ҳа-ҳу деб ерга қараб кетаётган Барот бир тўхтадида, дабдурстдан: «И-е, сенинг соянг қани! Қизиғу!», деб қолди. Аввалига Баротнинг гапини тўғри тушунмадим. «шу ҳазилми», демоқчи бўлиб, беихтиёр ерга қарасам, мендан ерга соя тушмаяпти! Туйқусдан калламга бир нарса келмади. Лекин, мана соя, мендан тушган соя йўқ! Офтоб томон бўлса керак деган илинжда осмонга қараб, кейин соя тушадиган жойни мўлжал қилсам, оппоқ! Офтоб мендан тўппа-тўғри ўтиб, ерга тушяпти, ўртада мен йўқ!..». Ёзувчи бадиий даллилашни ҳам унутмайди. Хусусан, нима учун айнан Барот дўстининг сояси йўқолиб қолганлигини биринчи бўлиб кўриб қолди, буни муаллиф изоҳлаб кетади.
Ана шундан кейин қаҳрамон ҳаётидаги бутун ўзгаришлар ва саргузаштлар бошланади. Ҳикоя қаҳрамони бошига тушган бу кўргуликнинг катта ғалва эканини англаб, олдинига хаёлида бўлажак воқеаларни жонлантиради. Умуман олганда, нореал воқеликни қаҳрамон онгида реаллаштириш Аҳмад Аъзамнинг ўзига хос услуби саналади. Худди шундай тасвирий ифода «Ойнинг гардиши»да ҳам кузатилади. Бола ва ота хаёлида кечган воқелик ўз-ўзи билан суҳбати (ички диалогизм) шундай бадиий тасвирий ифодалардан бири. Аммо бундай тасвирлар хаёлий бадиий воқелик ўлароқ ҳикояларда ифодаланган. Тан олиб айтиш керак, Аҳмад Аъзам хаёлий воқеаларни, қаҳрамоннинг ўз ўзи билан суҳбатини, ички диалогизмни жуда ўхшатиб ёзади. Муаллиф сўзларни, жумлаларни, ҳаётий тафсилий деталларни, бир-бирига занжирдай уланиб кетган ҳиссиётлар ва кайфиятларни аниқ-тиниқ ифодаловчи образли тасвирларни жуда ўрнида топиб ёзади.
«Соясини йўқотган одам»да ҳам ҳикоя қаҳрамони бўлажак воқеаларни хаёл қилади. Яъни сояси йўқолиб қолганлиги учун уни бошлиқ хонасига чақиради, воқеаларнинг сиёсий тус олиб кетмаслиги учун мажлисда унинг масаласи кўрилишини маълум қилади. Мирқосим ака, партком Ғулом ака унинг ғарб адабиётини кўп ўқигани учун, унинг идеалогияси бузилиб, сояси йўқолиб қолганини исбот қилишга ҳаракат қилишади. Қаҳрамоннинг хаёлида кечган воқелик, кун келиб реаллашади. Кутилмаганда, Соясини йўқотган одам барчанинг диққат-эътиборини тортиб, ҳатто казо-казо амалдорлар ҳам келиб, унинг сояси йўқлигини томоша қилиб кетишади. Бир куни катта бир амалдор унинг сояси йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, ҳушидан кетиб, уни қандайдир шайтоний ишларга дахлдор одам деб ўйлайди. Унинг устида тажрибалар, текширувлар бошланади. Хўш, нима бўпти? Аҳмад Аъзам нимага мана шундай ақлга, тасаввурга сиғмайдиган воқеани, ҳолатни китобхонга бадиий воқеа сифатида, бадиий образ сифатида тақдим этмоқда? Ёзувчи тасаввурга сиғмайдиган иллюзия яратиш орқали жамиятдаги ижтимоий муносабатларга киноявий танқидий нигоҳ ташлайди. Дейлик, бюрократизм, ўз вақтини, умрини беҳуда ишларга сарф этаётган кишилар устидан кулади. Демак, ҳикояда ўз-ўзидан киноянинг икки тури муаллиф кинояси ҳамда қаҳрамон кинояси ажралиб чиқади. Ҳикояда ишхонадагилар Соясини йўқотган одам ҳолатига сиёсий тус беришади. Мана муаммо қаерда? Аҳмоқона мулоҳаза, аҳмоқона фикрлаш, аҳмоқона сиёсат, аҳмоқона ижтимоий тузим, ижтимоий муносабатлар устидан Аҳмад Аъзамнинг ақлли ва айёрона кулгиси барқ уриб турибди.
Ҳозирги ўзбек насрида романтик киноявий асарга намуна келтирамиз десак, фақат иккита асарни кўрсата оламиз. Бири таҳлилга тортганимиз «Соясини йўқотган одам» ҳикояси бўлса, иккинчиси Нурилла Рауфхоннинг «Пуфак» ҳикоясидир. Ҳозирча биз бошқа бирорта муаллиф асарини романтик киноявий асар гуруҳига кирита олмаймиз.
Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст каби адиб­ларимизнинг юзлаб тадқиқотчилари бор. Бу ёзувчилар бу жиҳатдан бахти кулган. Аммо Аҳмад Аъзам­нинг тадқиқотчиларини хаёли­мизга келтирсак, битта қўлимиздаги бешта бармоғимизни букиб санолмаймиз. Улар жуда озчиликни ташкил этади. Албатта, бу дегани Аҳмад Аъзам бахти кулмаган, тушунарсиз, зерикарли ёзувчи дегани ҳам эмас. Шунчаки, Аҳмад Аъзам­нинг кўп сонли тадқиқотчилари ҳозирча йўқ. Комил ишонч билан айта оламизки, бу оз сонли аҳмад аъзамшунослар кун келиб кўпчиликни ташкил қилади.
Аҳмад Аъзам ўзбек новеллистикасида ҳам ўзига хос адабий мактаб яратган ёзувчи. Адибнинг ўнлаб новеллалари шундай мулоҳаза юритишимизга асос беради. Жумладан, «Тугмачагул» новелласини олайлик. Мазкур новелла ҳам «мен» тилидан ҳикоя этилади. Новелла қаҳрамони Ҳабибага бўлган илк муҳаббати ва бу севги тарихини, ҳиссий-кечинмали саргузаштларини бир бошдан ли­рик-романтик кайфиятда ҳикоя қилиб беради. Тўғри, дунё ада­биётида муҳаббат мавзусида кимлар, нималар ёзмади, дейсиз? Лекин Аҳмад Аъзам илк муҳаббат ҳақида ўзигача яратилган асарлардан фарқли равишда ўзгача, оригинал новелла ёза олди. Новелладаги кўплаб ҳисссий-кечинмали воқеалар талқини ёзувчининг шахсий таржимайи ҳоли билан туташиб кетади. Новелла қаҳрамони севган қизи Ҳабибани «Тугмачагул» деб атайди. Аслида, у тугмачагулни умрида кўрмаган. Лекин нимагадир болалигида Ҳабибанинг йиғлаганини кўриб, ёмғирда қолган тугмачагулга ўхшатади. Новеллада бугун билан ўтмиш учрашади. 10-15 йил Ҳабибанинг ишқида куйиб кул бўлган йигит ҳурпайиб, қалин кийимларга бурканиб олган Ҳабибани кўриб, капалаги учиб кетади. Ўтмишдаги Ҳабиба нозиккина эди. Бугундаги Ҳабиба эса пахмоқ айиқдек катта. Саккизта боланинг онаси, мактаб директори, рўзғор, ишхона ташвишларига кўмилиб қолган катта хотин. Ровий ҳикоячи бугуннинг Ҳабибасини кўриб, бутун бошли ҳаётини, ишқ тарихини бирма-бир ҳикоя қилишга тушади. Новелла ниҳоятда мароқ билан ўқилади. Йигитнинг муҳаббат деб аталган сирли туйғу туфайли куйиб-ё­нишлари, ҳаётидаги энг оғир кунларда ҳам унинг номини, сийратини бир зум бўлсада, хаёлидан кетказмай, мудом эслаши романтик руҳ билан ҳикоя этилади. Новелладаги таъсирчан бадиий ифода ниҳоятда юқумли. Ҳақиқатан ҳам бу новеллани қуруқ кесак сингари ўқиб бўлмайди. «Тугмачагул»ни завқланиб, кулиб, куйиб, йиғлаб, ҳатто ўзингизнинг илк муҳаббат тарихингизни эслаб, қийналиб шавқ билан ўқийсиз. Новеллада Бугун билан Ўтмиш учрашиб, бир образнинг икки қиёфаси қаршилантирилади. Ровий қаҳрамон бугун кўриб турган Ҳабиба билан ўтмишдаги Ҳабибани солиштириб, бугунги Ҳабибага киноявий нигоҳ билан назар ташлайди. Новелла якунида ровий қаҳрамон ўзи илк бор кўз очиб кўрган маъсума, нозиккина, йиғлоқи, тугмачагул – Ҳабиба ёди билан қолади. Бугунги Ҳабиба унга бегона эканини тан олади. Новелла мана шундай якунловчи сўзлар билан тугалланади: «Ҳа, у тугмачагул эди. Ҳозир… э-э, гулхайрини биласиза? Сувсиз уват-адирларда ўсиб ётади. Чиройли гуллайди, гулбаргларнинг тагида тугмача-тугмача қатланган уруғи етилади, олиб кўйлакка ҳам қадаса бўладигандек. Албатта, тугмаликка ярамайди, авайлаб ушламасангиз. Кирт этиб синади. Гулхайри­нинг гули катта-катта оқ, қирмизи, гулгун очилиб кўзни қувонтиради. Орасида доим зарғалдоқ сайрайди, у ҳам шунинг ошиғи, тўйини шунда қилса чиқар, ичи қушлар бозорида. Лекин кесиб дасталаб, гултувакка солиб бўлмайди. Танаси узун, бутунича сертук, туки қўлга кириб қичитади. Гулхайри эркин, хоҳлаган жойидан чиқиб, ўзича гуллаб турадиган ёввойи гулида. Лекин гуллари ниҳоятда кўркли, айниқса узоқроқдан қарасангиз.
Авзўидан бу ҳаво бир ёғин олиб келади.
Ўтган уловларнинг эпкинида хазон чақиряпти.
Бу хотинни яна неча йиллар кўрмай кетаман, Худо ҳамманинг ҳам раҳмини еган бўлсин.
Ҳе-е, билмайсизда, у Ҳабиба қандай бўлган!.. ”.
Аҳмад Аъзам асарларида ўзбек халқининг салкам эллик йиллик ҳаёти, ижтимоий-маиший турмуши акс этган. «Қатағон йили» ҳикоясида 80 йиллар воқелиги, яъни пахта яккаҳокимлиги сиёсатининг даҳшатлари ниҳоятда тиниқ акс эттирилган. «Тиқин» ҳикоясида эса 90 йиллар бошидаги қимматчилик, йўқчилик, узун навбат каби ижтимоий муаммолар ўртага ташланади. Аҳмад Аъзам бир асар ишловига узоқ муддат вақт ажратади. Масалан, «Тиқин» ҳикояси тагига «1993-2007 йиллар» санаси қўйилган. Демак, ёзувчи бир ҳикоя устида салкам ўн беш йил ишлабди. У ерини ўчириб, бу ерига қўшиб, анчагина таҳрирлар, ўзгартиришлар қилингани маълум бўлади. Муаллифнинг жуда кўпчилик асарлари мана шундай узоқ йиллик ижодий меҳнат самараси. Аҳмад Аъзам ҳар бир асар устида 10-15 йиллаб ишлаганини кўриш мумкин. Ҳақиқий маънода Аҳмад Аъзамни Абдулла Қаҳҳорнинг шогирди дейиш мумкин. Мана «Соя­сини йўқотган одам» ҳикояси тагига «1986-2000» йиллар санаси қўйилган.Ёзувчи бу ҳикоя устида ҳам роппа-роса ўн тўрт йил заҳмат чекибди. Булар оддий рақамлар эмас. Улар ёзувчининг ижодий лабораториясини тасаввур ва талқин этиш учун аниқ илмий фактлар берувчи маълумотлардир.
Адабий жамоатчилик орасида Аҳмад Аъзамнинг «Асқартоғ томонларда» қиссаси ниҳоятда машҳур бўлди. Қисса баъзи тадқиқотчиларимизнинг диссертацион ишларида таҳлилга тортилган. Шунга қарамасдан, ҳар бир тадқиқотчи қиссадан ўзига яраша ва ўзи­нинг қаричига яраша фикр топиб айтаверади. Мазкур қисса услуби кўп жиҳатдан Эркин Аъзамнинг «Жавоб», «Отойининг туғилган йили» қиссалари билан яқинлашади. Аммо ҳар сафар такрор-такрор урғулаб кўрсатаётганимиздек, Аҳмад Аъзам ҳаётий воқеликни бадиий ҳақиқатга айлантиришда Эркин Аъзам, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонларни такрорламаган ҳолда ўзгача услуб, янги йўнилган қалам тиғи билан ёзади. Қисса ҳақиқатан ҳам равон ўқилади. Ваҳоланки, қиссада ўтмиш билан бугуннинг воқеалари аралаш-қура­лаш ҳолда ёзилган бўлсада. Қиссада жамиятда ёмон, йи­рингли ярадек урчиб-кўпайиб кетган таниш-билишчилик, порахўрлик, сохта кадр тайёрлаш каби бир қатор коррупцион ишлар танқид остига олинади. Қисса қаҳрамони Махди Ашрапов, шу жирканч, ифлос, биқиқ муҳитда, жамиятда тозалик ва ҳалоллик рамзи сифатида асар марказида туради. Асарда Махди Ашрапович таълим олган институт, сўнгра дарс бериб юрган факультетдаги кўпдан-кўп ишлар таҳлил чиғириғидан ўтказилади. Шу институтда дарс бераётган ўқитувчилар ҳақиқатан ҳам лойиқми шу лавозимга? Ёки шу ерда таълим олаётган талабалар ҳақиқатан ҳам лойиқми шу даргоҳда таҳсил олишга? Мана шу каби жиддий муаммолар қиссада бадиий таҳлил қилинади. Қиссада бахшичиликка анчайин қобилияти бор Шоди аканинг ҳаёти, унинг бахтсизлиги анча теран очиб берилади. Аммо Шоди аканинг ҳаётини учта нигоҳ уч хил талқин қилади. Демак, Аҳмад Аъзам асарларида киноявий позиция кўпёқ­лама характерга эга. Дейлик, қисса қаҳрамони Махди Ашрапов Шоди аканинг ҳаётини ачиниб сўзлаб беради. Жўра­сининг, курсдошининг фожиавий ҳа­ёти унинг хотирасида чуқур из қолдирган. Шоди ака кимдандир ҳомиладор бўлиб қолган қишлоқдоши, раиснинг қизига уйланади. Ҳатто ўзиники бўлмаган қизни ўзиники сифатида қабул қилади. Атрофдагиларга унинг хотинига бўлмағур бўҳтонлар қилинганини таъкидлаб, ўзининг, хотинининг ҳаёти ҳақида гап тарқатади. Гўёки, у дўстлари ва хотини олдида қаҳрамонлик кўрсатади. Аммо раиснинг қизи «халоскор ва қаҳрамон» қиёфасидаги эрни қабул қила олмайди. Уларнинг оиласи доимий равишда жанжал ичида кечади. Охири Шоди ака оғир дард билан вафот этади. Буни эшитганлар уни тинмай жанжаллашавериб, хотини ўлдирди, дейишади. Рассом йигит Исрофил эса Шодининг «халос­кор ва қаҳрамонона ҳаёти»ни «ғалати худбин шахс» деб таърифлайди. Махдининг рафиқаси Офият эса бахтсиз Шодининг саргузаштлари ва фожиасини эшитишни ҳам истамайди. Шоди акадан ижирғанади.
Рассом Исрофил айтганидек, Шоди ака ҳомиладор қизга уйланиб, унга яхшилик қилмади. Аслида, унинг ҳаётидаги энг катта хатони ҳар куни, ҳар соатда эслатиш учун тавқи лаънатли гувоҳ сифатида унинг пешонасида халоскор эр ролини ижро этиб, аёлга азоб беради. Бу талқинда аёл жабрланувчи, эркак жабрловчи ролини бажаради. Иккинчи бир талқинда аёл бешафқат, яхшиликни билмайдиган салбий тип. Эркак эса кўнгли тоза, аёлга ҳақиқатан ҳам кўмак беришни истаган халоскор одам. Учинчи талқинда, эркакнинг аёлга ўзини «халоскор, унга уйла­ниб қаҳрамонлик кўрсатиши» артистизм деб баҳоланиши мумкин. Шоди ака артистлик қилишда ҳаётини, ўзининг шахсий ҳаётини ҳам издан чиқариб юборди, дейиш мумкин. Ҳаёт билан, бировнинг шахсий ҳис-туйғулари билан ўйнашиш асло мумкин эмас. Ўйнашган ғолиб бўлмайди, ундай одамни муқаррар мағлубият кутади. Дейлик, бунга Шоди аканинг ҳаётини мисол келтиришимиз мумкин. Қиссадаги Шоди ака ҳақидаги ўринларни синчиклаб кўздан кечирсак, унинг дали-ғули, артист характери очилади. Қолаверса, у жуда камбағал оилада туғилган. Раиснинг қизига уйлангач эса ҳаёти тубдан ўзгаради. Уй-жой, ҳамма муаммолар ҳал бўлади. Хуллас, қиссада Шоди акага нисбатан киноявий позициянинг серқирралигини кузатиш мумкин. Ёзувчи эса уларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламайди. Холис туриб тасвирлайди, холос. Муҳокама-мулоҳаза қилишни китобхоннинг ўзига қолдиради.
Аҳмад Аъзамнинг «Асқартоғ томонларда» ҳамда Эркин Аъзамнинг «Жавоб» қиссасида кичкина одам фалсафасини кўриш мумкин. Тўғри, Махди Ашрапов Нуриддин Элчиев сингари жуда кичкина одам эмас. Махди Ашрапов жамиятда ўз ўрнига эга. Олдинига талаба, сўнгра домла, фан номзоди, доцент лавозимларида ишлаган. Аммо ҳар икки қаҳрамон руҳиятида ўз ҳаётиданми, ишиданми қониқмаслик бор. Қандайдир бошқачароқ ҳаётни, бошқачароқ жамиятни, бошқачароқ муҳитни соғиниш ҳисси бор. Қисқаси, ҳар икки қаҳрамон руҳиятида бўлиниш бор. Мавжуд жамиятга, ўзи яшаётган муҳитга исён, норозилик кайфияти бор. Масалан, «Асқартоғ томонларда» қиссаси Махди Ашраповнинг қуйидаги ички диалогизмига эътибор қаратамиз: «Йў-ўқ, турмушимдан кўнглим тўлмай, ҳаётдан норозилигим ё ишларим юришмай, шу яшаётган жойимда норозилигимдан эмас, нимаданлигини ўзим ҳам билмайман, тушунтиришим қийин, аммо мудом намларнидир қўмсайман, аллақаёқларга кетгим, ўша ёқларда ўзимга ҳам номаълум ишларни қилгим, бу ишлардан кўнглим тўлиб, кўкрагимни мундоқ бемалол кўтариб юргим келаверади, лекин ҳеч қаёққа кетмайман, бирон нарса тўғаноқ бўлганидан, кетолмаслигимдан эмас, ўзим, ўзим кетмайман, эҳ-ҳ, кетсамми, а, дейман, кўзимни юмиб, ўша борар жойимдаги ажойиб ҳаётни, ўзим амалга оширадиган ажойиб ишларни хаёл қиламан, ҳозир шундоқ ўрнимдан тураманда, кўчага чиқиб, ўтаётган бирон машинага қўл кўтараман, деб чоғланаман, хаёлимни бири биридан баланд, ширин орзуларга тўлдириб энтикаман, аммо учишга шайланган қанотларимни елкамга маҳкам жипслаб, ўрнимдан қўзғалмай ўтиравераман – бир туртки, бир ҳаракат етишмайди, кетай-кетай деганимда ичим ҳувуллаб, бўм-бўш бўлиб қоламан». Демак, Махди Ашрапов журъатсиз одам экан деган хулосага келамиз. Каттароқ ишлар қилишга қодир шахс эмас. У институт тушиб қолиб вазиятдан қандай чиқиб кетишни ҳам билмайди. Дўсти Тангирнинг совғаларини олади. Ич-ичида қимматбаҳо уй-жиҳозларининг пулини тўлашни, қайтаришини ўйлайди. Аммо Тангир қамалиб кетганида, унга ачинмайди ҳам. Қаҳрамон ўз турмушини тафтиш этиб кўради, узоқ-узоқ юртларга кетиб, томоша қилиб, кўп пулларга эга бўлиб қайтишни, кичкина бир ҳовличами сотиб олишни орзу қилади. Аммо ҳеч қаерга кетолмайди. Демак, Махди Ашрапов ҳам мавжуд жамиятдан норози бўлсада, амалда уни яхшилашга ҳаракат қилмайди. Демак, табиатан у кичкина одам. У кичкина одамлигича қолади. Исрофил кўп жиҳатдан эркин одам. Кўнглидаги ўзи ёққан ишни қила олади. Шу жиҳатдан у Махди Ашраповдан устунроқ образдек, назаримизда.
Назаримизда, Аҳмад Аъзам бошқа тенгдошлари сингари ўз асарларида руҳи иккига бўлинган шахс фожиасини теран бадиий талқин этиб беришга ўз ҳиссасини қўшган жиддий ижодкорлардан бири. Муаллифнинг қай бир асарини қўлимизга олмайлик, улар чуқур ўйлашга, муҳокама қилишга, янги бир талқинлар топишга йўл очади.
Агар маҳоратли адиб Аҳмад Аъзам ҳаёт бўлганида, бу йил қутлуғ 70 ёшни қаршилаган бўлар эди. Афсуски, такрорланмас ёзувчи ва ажойиб инсон Аҳмад Аъзам бугун орамизда йўқ. Аммо унинг бадиий дурдоналари китобхонлар ва тадқиқот­чилар назаридан четда қолгани йўқ. Муаллиф асарларининг тилсимларини очишга ёш тадқиқотчилар бел боғлашган. Аҳмад Аъзам турмуш ўртоғи Фароғат Камолованинг хотирлашича, умрининг сўнгги нафасигача ёзди, бир зум бўлсада, ёзишдан тўхтамади, танасида оғриқлар безовта қилганида ҳам у ёзишдан тўхтамади. Ёзиш, ижод қилиш уни ҳаётга қайтарди, унга куч бериб турди. Бежизга ёзувчи мана бу жумлаларни битмаган: «Кўп ишни қилиб кўрдим, турли юмушга қўл урдим. Лекин ҳеч бири ёзишга, ёзиш берадиган машаққатли завққа тенг келмайди…»
Хулоса шуки, Аҳмад Аъзам яратган бадиий асарлар завқ билан ўқилади ва завқ билан таҳлил этилади. Муаллифнинг иккинчи мангу умри ҳеч қачон завол топмасин. Яшашда давом этсин.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон