С. Шомуродов. Зилзилашунослар (1989)

Бундан бирмунча вақт илгари Япониядан хушхабар келди: Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, Сейсмология илмий-тадқиқот институти гидрогеосейсмология лабораториясининг мудири, профессор Абдимуфти Султонхўжаев Зилзиланинг геокимёвий хабарчилари номидаги Япон уюшмасининг фахрий аъзоси қилиб сайланди. Бу фақат унинг ўзининггина эмас, айни вақтда сейсмология фанимиз эришган ютуқларнинг Иттифоқимиздан ташқарида ҳам расмий эътироф этилишидир. Биз қуйида зилзилашунос олимларимизнинг фаолияти ва уларнинг муваффақиятлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

XX асрга келиб, фаннинг мислсиз тараққий этиши энг хавфли табиий офат — зилзила сабабларини белгилаш, уни олдиндан тахминий аниқлаш бўйича кенг кўламда илмий-тадқиқотлар олиб бориш имкониятларини яратди. Айниқса, юксак тараққий этган мамлакатлар — СССР, АҚШ, Япония, Югославия, Италия каби давлатларнинг олимлари бу соҳада жиддий изланмоқдалар. Ҳамюртларимиз — ўзбек сейсмологларининг ҳам қўлга киритган ютуқлари диққатга сазовордир. Олимларимизнинг янги фан соҳаси — зилзилашуносликдаги ютуқлари бевосита Ўзбекистон ССР Фанлар академияси қошида Сейсмология илмий тадқиқот институтининг ташкил этилиши ва унинг 22 йиллик тарихи билан узвий боғлиқдир.

1966 йил 26 апрелда юз берган Тошкент зилзиласи оқибатида шаҳар аҳолиси жиддий талофат кўрди, иморатларнинг аксарияти шикастланди. Ўша оғир кунларда мамлакатимиздаги барча халқлар тошкентликларга ёрдам қўлларини чўздилар. Республикамиз пойтахти тезда улкан қурилишлар майдонига айланди. Шундай қилиб, табиий офатдан дўстлик устун келди, йигирма олтинчи апрель рамзий маъно ҳам касб этди: янги, навқирон ва гўзал Тошкентнинг бунёд этилиши шу палладан бошланди.

Зилзила оқибатлари дўст-қардошларимизнинг куч-ғайрати, самимий хайрихоҳликлари билан тезда тугатилди. Тошкент зилзиласи тарих саҳифасига, фан оламига кўчди. Лекин фанда фаол сейсмик зонадаги районларда Ер ости силкинишларининг маълум вақтлардан кейин такрорланиши маълум. Ер қимирлашини олдиндан айтиб бериш, уни илмий жиҳатдан чуқурроқ ўрганиш олимлар олдида жиддий масала бўлиб қолди. Партия, совет ташкилотларининг беқиёс ғамхўрлиги натижасида 1966 йилнинг октябрь ойи бошида Ўзбекистон ССР Фанлар академияси ҳузурида Сейсмология йлмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Ўша кундан то умрининг охиригача мазкур институтга атоқли олим, академик Ғани Мавлонов раҳбарлик қилди.

Зилзилани олдиндан тахминий аниқлашнинг янги усулига ўзбек олимлари жаҳонда биринчилар қаторида қўл урдилар ва бу соҳада яхши натижаларга эришдилар. Истеъдодли олим, Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, институт гидрогеосейсмология бўлимининг мудири, эндиликда марҳум академик Ғани Мавлоновнинг муносиб шогирдларидан бири Абдимуфти Султонхўжаев асослаган зилзилани олдиндан аниқлаш усули қатор мамлакатларда, жумладан, фаол сейсмик зонада жойлашган Японияда кенг қўлланилмоқда.

1971 йили СССР Министрлар Советининг Ихтиролар ва кашфиётлар бўйича давлат комитети институт бир гуруҳ олимларининг «Зилзила арафасида ер ости сувлари кимёвий таркибининг ўзгариши» мавзуидаги кашфиётини фандаги муҳим янгилик сифатида «129» рақами билан рўйхатга олди ва муаллифларга гувоҳномалар берилди. Дарвоқе, дастлабки текширишлар натижасида зилзила олдидан ер ости сувларининг газ ва кимёвий таркиби ўзгариши аниқланган эди. Бу борадаги тадқиқотлар янада кенгроқ давом эттирилди. Кейинги натижалар зилзила арафасида ер ости сувларининг газ ва кимёвий таркиби билан бир қаторда унинг сатҳи, босими ва ҳарорати ўзгаришини ҳам кўрсатди. Ҳозир зилзилани олдиндан тахминий аниқлаш учун ўн иккита кузатиш пункти фаолият олиб бораётир. Улар республикамизнинг турли районларида жойлашган. Зилзилани олдиндан тахминий аниқлаш комиссиясининг йиғилиши ҳафтанинг ҳар чоршанбасида ўтказилади. Унда кузатиш пунктларидан олинган ҳафталик маълумотлар атрофлича таҳлил қилинади, комиссия аъзоларининг фикрлари эшитилади ва шу асосда аниқ хулосага келинади. Сейсмологлар бугунги кунда зилзиланинг тахминан қайси зонада ва қандай куч билан юз беришини айта оладилар.

Институт гидрогеосейсмология бўлими мудири, профессор Абдимуфти Султонхўжаев билан бўлган суҳбатимиз зилзилашуносларнинг кейинги ишлари хусусида борди.

— Япониялик ҳамкасабалар ишларимиз билан анчадан бери қизиқиб келишади, — деди Абдимуфти Султонхўжаев қуюқ қошларини чимирганча қўлидаги мактубга кўз қири билан ишора қилиб. — Бу бежиз эмас, албатта. Чунки уларда бир-икки шаҳаргина эмас, балки бутун Япония зилзила ўчоқлари устига жойлашган. Шу боисдан, япониялик ҳамкасбларимиз сейсмология соҳасидаги ютуқларимизга катта эътибор билан қарамоқдалар. Мана бу мактуб Токио университетининг зилзилани кимёвий усул билан текшириш бўлимининг бошлиғи, профессор Хироши Вакитадан келган, — олим қўлидаги оқ конвертга ишора қилиб гапирарди. — У киши 1978 йили Тошкентда бир ой бўлиб, тажрибаларимиз — зилзилани олдиндан аниқлаш соҳасидаги илғор усулларимиз билан обдон танишган эди. Ўша йили Фан тараққиётига ҳамкорлик қилувчи япон жамияти таклифига биноан биз ҳам Японияда бўлиб, профессор Хироши лабораториясини кўздан кечиргандик. Шунингдек, у ердаги сейсмолог олимлар, Т. Асида, С. Нишимура, Хигиваро ва К. Моги билан ҳам учрашиб, уларнинг илмий изланишлари билан қизиқдик… Япониялик ҳамкасбимиз ўз мактубида биз олиб бораётган ишлар, айни вақтда ер ости сувлари таркибидаги гелий — 3; гелий — 4 изотопларининг зилзиладан олдин ўзгариш ҳолатлари билан қизиқаяпти. Умуман, ишларимизга фақат Япония олимларигина эмас, Югославия, АҚШ, Италия каби мамлакатлардаги ҳамкасбларимиз ҳам анчадан буён жиддий қараб келадилар. Улар билан ҳам илмий алоқаларимиз бор. Фан эришган сўнгги ютуқларни ўзаро баҳамлашиб турибмиз.

Профессор бизга чет эллик сейсмолог олимларнинг институтда қачон бўлишганини ва уларнинг қандай таассуротлар билан қайтишганини, шунингдек, ўзи ва бошқа сейсмологларимиз қайси мамлакатларда илмий сафарда бўлиб, тажриба алмашганлари хусусида батафсил гапириб берди. Олимнинг мазмунли ҳикояси бугун жаҳон сейсмологлари эътиборида қандай муаммолар тургани, турли мамлакатлар олимлари ўртасида ўзаро илмий ҳамкорлик келгусида қандай самаралар бериши ҳақида борарди.

…1976 йилнинг баҳорида Америкадан профессор Нейме О’Нил Тошкентга, Сейсмология институтига келди. У ўзбек олимларининг фаолияти билан яқиндан танишгач, профессор Абдимуфти Султонхўжаев билан суҳбатлашди:

— Ҳозирча диёрингизга ҳеч қандай ер ости хавфи йўқми?

— Яқин кунларда республикамизнинг шимоли-ғарбий районлари территориясида зилзила бўлиши кутилмоқда, — америкалик меҳмонга жавоб қилди ўзбек олими.

— Бунчалик аниқ башоратингизга сираям ишонгим келмайди, — эътироз билдирди жаноб Нейме О’Нил.

— Ишонмасангиз ҳам, ҳар ҳолда шу гапимни эсингизда тутинг, — деди Султонхўжаев такаллуф билан.

Эртасига узоқдан келган меҳмон зиёратгоҳ Бухоро шаҳрига жўнаб кетди. Шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўрди. Ўша куни, яъни 17 майда меҳмон қаттиқ ер силкинишидан чўчиб уйғонди. Бу, 9 балли Газли зилзиласининг зарби эди. «Ҳм, ўзбек олимининг гапи бежиз эмас экан-а!..» дея лабини тишлаганди ўшанда ажнабий меҳмон.

Нейме О’Нил Тошкентга қайтиб келгач, дарров Султонхўжаевдан кечирим сўради:

— Қойилман, — деди у. — Ер тебраниши хусусидаги тунов кунги башоратингизга кўзим етмаганди. Мени кечирасиз.

Америкалик олим ўша гал Ўзбекистондан бир олам таассурот билан жўнаб кетганди.

…1980 йил декабрь ойи. Сейсмологларимиз кузатиш пунктларидан олинган маълумотлар, институтнинг зилзилани олдиндан тахминий аниқлаш комиссиясининг хулосаларига асосан, яқин кунларда Тошкент шаҳрининг шимоли-ғарбида, яъни Янгийўл райони территориясида 7—8 балл атрофида ер силкиниши юз бериши мумкин, деб тахмин қилдилар. Бу тахмин ҳам тўғри чиқди. 11 декабрь соат 20 дан 35 минуту 27 секунд ўтганда Назарбек посёлкасида ер қимирлади ва унинг кучи эпицентрда қарийб 8 баллга етди.

Расмий комиссия олимларимиздан Назарбек зилзиласининг хусусияти, унинг қанча вақт давом этишини аниқлаб беришни илтимос қилди. Сейсмологлар ахборотида Назарбек зилзиласи Тошкент зилзиласига ўхшашлиги, унинг ёз ойлари бошларигача чўзилиши таъкидланган эди. Айни вақтда улар ўтказган кўламли таҳлиллар натижасига қараганда, яқин тўрт-беш кунда эпицентрда 7 баллга яқин куч билан такрор силкиниши кутилаётган эди. Бу мўлжал қам тўғри чиқди. 30 декабрь кеч соат 7 дан 29 минуту 46 секунд ўтганда, Назарбекда 7 балли такрор силкиниш юз берди.

Кейинги йилларда Ер шарининг турли нуқталарида тез-тез содир бўлаётган зилзилалар жаҳон олимларини анча сергаклантириб қўйди. Улар зилзилани олдиндан аниқлаш ҳамда бу даҳшатли табиий офатдан кам зарар кўриш соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини умумлаштириш ва шу асосда зилзилани олдиндан аниқлашнинг такомиллашган усулини яратишга интилмоқдалар. Жаҳон олимларининг бу хайрли ҳаракатида бизнинг сейсмологларимиз ҳам фаол қатнашмоқдалар. Хусусан, етук олимларимиз А. Султонхўжаев ва В. Уломовларнинг қатор чет мамлакатларда бўлишлари, хориждаги ҳамкасблари билан олиб борган илмий мунозаралари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Ана шундай учрашувлардан бирида Америка олими Г. Крейг атом қувватидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича Вена халқаро агентлик доирасида СССР, АҚШ ва Италия олимлари иштирокида гидрогеосейсмология секцияси тузишни таклиф этди. Профессор А. Султонхўжаев эса бу секцияни тузишга Япония, Югославия олимларини ҳам тортиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади. Хуллас, жаҳон олимлари энг даҳшатли офат — зилзилага тийиқ излаш йўлида самарали иш олиб бормоқдалар. Бунда зилзила даракчиларини аниқлашнинг гидрогеосейсмик усули ижодкорлари — ҳамюртларимизнинг ҳиссаси салмоқлидир.

Сейсмология илмий-тадқиқот институти олимлари республикамиз территориясини сейсмик жиҳатдан районлаштириб чиқишди ва уларнинг микросейсмик хариталарини тузишди. Бу хариталарда мазкур районларнинг сейсмик ҳолати ва хусусияти, ўша жойларда қуриладиган иншоотларнинг зилзилага бардошлилиги, қандай қурилиши очиқ-ойдин кўрсатилган.

Лекин баъзи қурувчилар ҳамма вақт ҳам сейсмологларимизнинг биноларни зилзилага бардошли қилиб қуриш ҳақидаги илмий-амалий тавсияларига тўғри амал қилаётганлари йўқ. Маълумки, 1984 йилнинг 19 мартида Газлида яна кучли зилзила юз берди. Орадан кўп муддат ўтмасдан бу ерда қаттиқ зилзиланинг такрорланиши сейсмолог олимлар учун янги муаммолар туғдирди. Чунки бунгача бир жойда зилзиланинг қисқа муддатда аввалгидан ҳам зарблироқ такрорланиши кам учрайдиган ҳодиса, деб ҳисобланарди.

Зилзила зарбидан янги иморатлар ҳам қулаб тушди. Текшириш натижалари бу биноларни қуришда сейсмик талабларга етарли амал қилинмаганлигини, иморатлар сифатсиз қурилганлигини кўрсатди. Фаол сейсмик зонадаги қурилишларда, мутлақо, бунга йўл қўйилмаслиги керак. Бинони сейсмик талаблар асосида қуриш инсон ҳаётини табиий офатдан муҳофаза қилишга қаратилган зарур тадбир! Буюк интернационал оилага уюшган халқларимизнинг қудрати билан Газлида зилзила оқибатлари тез тугатилди, у ерда янги шаҳар қад ростлаётир. Тошкентда ва республикамиз районларида биноларнинг сейсмик чидамлилигини таъминлаш масаласининг асосан ҳал этилишида ҳам жонкуяр ва заҳматкаш сейсмолог олимларимизнинг хизмати бўлди.

Мана, бир оддий мисол. Қурувчилар «Москва» меҳмонхонасини тиклашда дастлаб ишни одатдаги квадрат шаклида пойдевор ётқизишдан бошлаган эдилар. Сейсмологларимиз бундан хабар топиб, қурувчиларни: «Меҳмонхона қурилаётган жойнинг ер қатлами намга тўйинган. Зилзила пайтида бундай қатламда силкиниш зарби қарийб бир балл ортиқ бўлади. Демак, одатдаги пойдевор зилзила пайтида 20 қаватли (бошда меҳмонхона 20 қаватга мўлжалланганди) бино оғирлигига бардош беролмайди. Шунинг учун бинонинг пойдеворларини конуссимон, яъни қозиқ шаклида ётқизиш маъқул», деб огоҳлантирдилар. Ўшанда қурувчилар пойдеворни шу асосда қайтадан бошлаган эдилар…

Маълумки, 1988 йил 7 декабрда Москва вақти билан соат 10 дан 41 минут ўтганда Арманистон ССР территориясида юз берган кучли зилзила мислсиз бахтсизликлар келтирди. Ана шундай оғир дақиқаларда бутун мамлакат, жумладан, республикамиз меҳнаткашлари ҳам, кўпгина чет давлатлар арман халқига ёрдамга келдилар. Бугун у ерда вайрон бўлган шаҳарлар ўрнида янги шаҳарлар қад кўтармоқда.

Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг Сейсмология ҳамда Механика ва иншоотларнинг зилзилага бардошлиги илмий тадқиқот институтларининг бир гуруҳ мутахассислари ҳам арманистонлик ҳамкасбларига ёрдам бериш учун офат юз берган жойларга ўша мусибатли кунларда зудлик билан етиб бордилар. У ердаги сейсмологларнинг фикрича, зилзила бўлган районларда сифатсиз, сейсмик талабларга риоя қилмаган ҳолда қурилган иморатлар бутунлай вайрон бўлган. Энди Арманистонда янгидан тикланаётган шаҳарлардаги биноларни зилзилага бардошли қилиб мустаҳкам қуриш зарур! Зилзилашунос олимлар ва мутахассисларнинг қурувчилар олдига қўяётган талаблари ана шундай.

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 2-сон