Ернинг марказида нима борлигини биз қаёқдан биламиз?

Олимлар (ҳатто асбоблар ёрдамида ҳам) Ер қаърига жуда чуқур кириб бориш имкони бўлмагани учун уни ўрганишда тадқиқотнинг бошқа усулларидан фойдаланишади.

Шундай усуллардан бири вулқонлар отилишини ўрганишдир. Вулқонлар Ер юзасига ниҳоятда қизиб кетган газларни ва суюқ тоғ жинсларини чиқариб ташлайди. Бу Ер қаъридаги температура жуда иссиқ эканини кўрсатади. Яна бир усул зилзилаларни ўрганишдир. Зилзила вақтида пайдо бўладиган тўлқинлар Ернинг ички қисмини рентген сурати каби акс эттиради.

Зилзила рўй бераётганда тоғ жинслари орқали турли томонга ҳар хил тебранишлар тарқалади. Бу тебранишлар сейсмик тўлқинлар деб аталади. Улар турли материаллардан турлича тезликда ўтади, бир тоғ жинсидан иккинчисига ўтаётганда, йўналиши ҳам ўзгариб кетади. Олимлар бундай тўлқинларни ўта сезгир асбоблар ёрдамида ўрганиб, Ернинг ички қатламларида нима бор эканини билиб олишади. Улар 2 880 км чуқурликда сейсмик тўлқинлар ҳаракати кескин ўзгаришини аниқлашди. У ерда тўлқинларнинг айрим турлари йўналишини ўзгартиради, бошқалари эса бутунлай йўқ бўлиб кетади. Демак, ушбу чуқурликда материал ўзгаради. Зилзиладан ҳосил бўладиган зарба тўлқинлари турли сейсмик станцияларга турли вақтда етиб боради. Бу қисман тўлқинларни ўтказадиган материалга боғлиқ. Бу Ер қаърида нималар борлигини ўрганиш калитидир.

Ер қаърида нима бор, деган саволга қисқача жавоб қуйидагичадир: қаттиқ тоғ жинсларидан таркиб топган устки қатлам ва қобиқнинг қалинлиги қитъалар остида 50 км.ни, океанлар остида эса 5 км.ни ташкил этади.

Қобиқнинг остида ҳам қаттиқ жинслардан таркиб топган мантия бор. Унинг қалинлиги 2900 км.дир. Ернинг ички қисмида ядро бор. Ядро ҳам иккига бўлинади. Ташқи суюқ ядро эриган темир ва никелдан таркиб топган, унинг ичида эса қаттиқ металлдан иборат ички ядро бор.