Раҳмат Эров. Зилзилалар сабаби нима? (1989)

Биз доим сейсмологлардан сўраймиз: нима сабабдан, табиатнинг қайси қонунига кўра зилзилалар содир бўлади? Ҳаммаси бир оғиздан: Ер қатламларининг тектоник ҳаракатидан, деб жавоб беришади. Синоптиклардан сўраймиз: ёғингарчилик ёки қурғоқчилик боиси нима? Ҳаммаси жўр бўлиб: циклон ва антициклон, дейишади. Вулканологлардан сўраймиз: нима учун вулқон отиляпти? Ер олган нафасини чиқаряпти, тоғ пайдо бўляпти, деб жавоб берадилар. Лекин бу жавоблар унчалик тўғри эмас. Шунингдек, қуёшда бўлаётган зилзилалар унннг устки қаватидаги тебранма ҳаракатга боғлиқ деганлари ҳам нотўғри. Бизнингча, бу саволларга планеталар ва бошқа осмон жисмларининг ўзаро таъсири ҳамда уларнинг ўз мувозанатини сақлаш учун тинимсиз ҳаракатини англаш, табиий олам тараққиёти, жамиятнинг табиатга таъсирчан муносабати тарихини ўрганиш орқали тўғри жавоб топиш мумкин.

Аввало шуни айтиш керакки, қуёш системасида бўлаётган барча табиий ҳодисалар планеталарнинг ўз орбиталарида мувозанатини сақлаш қонуни асосида содир бўлади. Ернинг массаси, Ер атмосфераси оғирлиги, Ойнинг массаси, литосфера ва атмосферадаги ўзгаришлар ҳосиласи бўлган кучлар таъсири — ҳаммаси Ернинг магнит ўқига тушади. Магнит ўқи ва унинг қутблари Қуёшнинг экваториал магнит қутбларига тортилиб, Ернинг барча ҳаракатини таъминлаб туради. Ернинг магнит ўқи билан унинг устидаги мантия қавати ўзаро доимий ишқаланишда бўлиб, модда алмашув жараёнида газлар ажралиб чиқади. Бу газларнинг бир қисми табиий пайдо бўлган каналлар орқали мантия қаватдан, Ер қобиғидан чиқиб доимий вулқонларни ҳосил қилади. Қолгани эса, Ернинг устки қаватида, қаерда табиий мувозанат бузилган бўлса, ўша ердан ёриб чиқади ва зилзила билан «янги уйғонган вулқон» номини олади. Мантия қавати ва Ер қобиғининг бундай тебранишлари тектоник ҳаракатларнинг бош сабабчисидир.

Буюк олим Исаак Ньютон: «Тортиш кучининг хоссалари сабабини ҳанузгача мен ҳодисалардан топа олмадим, гипотезаларни эса тўқиб чиқармайман», деб тан олганига қарамасдан, табиатшунослар унинг «Бутун олам тортишиш қонуни»га ёпишиб олиб 300 йилдан бери осмон жисмлари ҳақида кўплаб фаразлар тўқидилар. Биз ҳали Ойнинг аҳамиятини ҳам тўла англамаймиз. Агар Ой ва Марс Ернинг йўлдоши бўлмаганида, Ерда ҳаёт бўлмас эди. Ой Ер устида сувни ва атмосферани сақлаб турибди. Атмосферадаги ўзгаришлар, шу жумладан, циклон ва антициклон ҳаво оқимлари Ой ва Ер магнит майдонлари куч чизиқларининг ўзаро таъсири натижасида содир бўлмоқда. Ер — Ой ўртасидаги ўзаро магнит тортишувларининг нормадан ошиб кетиши планетамиз учун ҳалокатлидир.

Ернинг магнит қутблари Қуёш экваторидаги магнит қутблари билан боғланган бўлиб, Қуёшнинг магнит кучи Ерни ўз ўқи атррофида (сутка) ва Қуёш атрофида (йил) айлантиради. Ер эса ўз магнит кучи билан Ойнинг ҳаракатини таъминлаб, ўз атрофида айлантиради. Демак, Ойнинг масса оғирлиги ҳам Ернинг магнит ўқига тушмоқда.

Бундан ташқари бизга маълумки, Ернинг устки қобиғида қуруқлик билан сувлик тенг тақсим бўлмаган. Шарқий ярим шарда қуруқлик кўп бўлса, ғарбий ярим шарда сув кўп. Агар биз бошланғич меридиан деб Гринвич чизиғини эмас, ернинг магнит ўқи экватор билан кесишган нуқтани олсак, шарқий ярим шарда қуруқлик майдони ғарбий ярим шардагидан 13 фоиз, сув эса ғарбий ярим шарда шарқий ярим шардагига нисбатан худди шунча кўплигини кўрамиз. Қуруқликка ёғин шаклида тушаётган сув миқдорига нисбатан қуруқликдан жаҳон океанига оқаётган сув кўпдир. Ҳар йили ўртача 540 куб километр ёки иккита Волга, иккита Днепр дарёларининг бир йиллик оқимига тенг сув жаҳон океанига қуйилмоқда. Жаҳон океанида сув сатҳи кўтарилмоқда. Бошқача қилиб айтганда, қуруқликда ҳар йили ана шу икки дарё сувига нисбатан икки баробар кўп сув ресурслари камаймоқда. Бу камайиш, асосан, Осиё қитъаси, шу жумладан, Орол ҳавзаси ҳисобидан бўлмоқда. Жаҳон океани сатҳи 7—8 минг йилдан буён аста-секин кўтарилиб боряпти. XVII—XIX асрларда ҳар йили ўртача 1 миллиметрдан юксалган бўлса, эндиликда, XX асрда 1,5 миллиметрдан кўпаймоқда. 1900 йилдан то 1964 йилгача жаҳон океанининг сатҳи 95 миллиметр, шу жумладан, Тинч океани — 60, Атлантика—125, Ҳинд — 40 ва ниҳоят Шимолий Муз океани сатҳи 100 миллиметр кўтарилган.

Яна шундай ахборот борким, ҳар йили Ҳинд океани суви 3000, Шимолий Муз океани суви эса 6000 куб километрга ошиб бормоқда. Чунки Тинч океанида сувнинг ҳаракати актив бўлиб, Шимолий Муз океанида пассивдир. Шимолий Муз океанида сувнинг кирими кўп, чиқими кам бўлганидан Шимолий қутб оғирлиги ортмоқда.

Шундай қилиб, қуруқликда сув ресурсларининг интенсив камайиши, жаҳон океани сатҳининг кўтарилиши, Шимолий Муз океанида ортиқча сув тўпланиши, сув ва қуруқликнинг Ер юзида тенг тақсим бўлмаганлиги — буларнинг ҳаммаси Ернинг ўз ўқи билан магнит ўқи ўртасидаги масофани орттирмоқда, Ернинг ўз орбитасида мувозанат сақлашига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бошқача қилиб айтганда, Ернинг экватор билан орбита текислиги ўртасидаги бурчак каттараётир. Бу бурчакка таъсир этувчи бошқа бир қанча омиллар ҳам бор, албатта. Бутун инсоният келгуси авлодлари олдида турган стратегик вазифа экватор билан Ер орбита текислиги ўртасидаги бурчакни ҳозирги 23 градус 45 минутдан оширмаслик, сўнгра, бу бурчакни 22 градусгача аста-секин камайтиришдан иборатдир. Чунки бу бурчак астрономик ҳисобда бир секундга ошса, Ер юзида ўнлаб кучли зилзилалар, бўронлар, вулқон отилишлари, қурғоқчиликларни келтириб чиқаради.

Александр Македонский даврида, бундан тахминан икки ярим минг йил муқаддам Ернинг экватори билан орбита текислиги ўртасидаги бурчак 22 градусга тенг, шунинг учун Саҳрои Кабирдан бошқа дунёнинг ҳамма манзилгоҳларида табиат гўзал ва серфайз бўлган. Бу даврда фан ва маданият ривожланган бўлса-да, табиатни яшнатишга оид бирор иш қилинмади. Давлатлар ўртасида дунёга ҳоким бўлиш учун кураш давом этаверди. Бирор вилоятнинг табиати фожиага учраса, уни ўз ҳолига ташлаб, табиати гўзал бўлган бошқа вилоятларни эгаллаб олавердилар. Бу тарихий жараён Америка қатъаси кашф этилиб, европаликлар уни эгаллаб олгунларигача давом этди.

Европада капитализм ривожланган, табиатшунослик фанлари бир қанча ютуқларга эришган бўлса-да, йирик давлатларга қарам бўлган Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатлари халқлари ҳаётига, бу қитъалар табиатига мутлақо ғамхўрлик кўрсатилмади. Бундай мустамлакачилик сиёсати қанчалик оғир оқибатларга олиб келганлигини, халқлар ҳаёти ва табиатни нақадар фожиали аҳволга туширганлигини биринчи марта қаламга олган инсон 25 ёшли Карл Маркс бўлди. У 1853 йилда ёзган «Ҳиндистонда Британия ҳукмронлиги» асарида Осиё ва Африка қитъаларида ирригация ва суғориш ишларининг нақадар катта аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб, «Европада ҳосил об-ҳавонинг яхши-ёмон бўлишига боғлиқ бўлса, Осиёда ҳукуматнинг яхши-ёмон бўлишига боғлиқдир. Инсоният Осиёнинг социал шароитида тубдан революция қилмасдан туриб ўз зиммасидаги вазифани бажара оладими-йўқми — гап мана шунда», деган хулосага келди.

Табиатнинг то бутун олам тўфонигача бўлган тарихини билолмаймиз. Тўфондан кейин она-табиат ўз қонунига мувофиқ, аста-секин органик олам ва инсоният зарарига ўзгариб, катта-кичик фожиаларга учраб келмоқда. Инсоният қулдорлик давлатлари пайдо бўлганидан, Миср пирамидалари бунёд этилганидан то ҳозирги фан-техника инқилоби даврига қадар табиатга меҳр-муҳаббат билан ёндашиш, уни ўрганиш, ижобий таъсир ўтказиш ўрнига доимо эътиборсизлик, гоҳо эса нафрат билан қараб, қирғинбарот урушлар воситасида, табиий офатларнинг кўпайиши, чуқурлашуви учун «кўмаклашмоқда» холос. Фан-техника ривожланган сари табиатга ҳоким бўлиш ғояси тобора кучли тус олмоқда. Ҳозиргача Ер атмосферасига 4000 га яқин сунъий йўлдошлар чиқарилган, унда заҳарли газлар миқдори жуда тез суръатлар билан кўпаймоқда.

Бутун олам тўфонидан то бугунги кунгача табиатнинг ўз қонунияти ва инсоннинг нотўғри аралашуви билан жуда катта обод территориялар чўлу биёбонларга айланиб кетди. Шу тарихий давр ичида кўплаб дарёлар, кўллар қуриб битди, гўзал манзилгоҳлар ўнгланмас ҳалокатга учради. Ўсимликлар ва ҳайвонот олами ҳам катта қирғинларга дуч келди. Тоғларда қор ва муз қатламлари Қизил китобга ёзиладиган даражада камайди.

Орол денгизи фожиаси табиатнинг тарихидан бир саҳифадир. Ўтган эранинг охирларида Ўрта Осиё ва Қозоғистон ёки Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари ҳозиргидан тахминан 1000 марта, экин майдонлари 10 марта кўп, флора — 100 марта, фауна 70 марта бой бўлган. Аввало, айтиш керакки, Орол фожиаси бу регионал проблема эмас, Орол денгизи ҳавзаси 2,36 миллион квадрат километр майдонни қамрайди. Буюк Британия, ГФР, Испания, Италия ва Франция территорияларини бирга қўшиб ҳисоблаганда, улар майдонидан 1,3 марта каттадир. Фазода ҳаракат қилаётган улкан кема — Ернинг улкан бир бўлаги, таркибий қисмидир. Бу ерда сув ресурсларининг камайиши, улкан денгизнинг қуриши сайёрамиз ҳаракатига таъсир этмасдан қолмайди. Қадимда ҳозирги Каспий ва Орол битта денгиз бўлган. Тахминан бундан 4000—5000 йил муқаддам Орол денгизи Каспийдан ажралган. Кейинги 2300—2400 йил мобайнида бу денгизларни сув билан таъминлаб турувчи табиий манбалар мунтазам қашшоқлашиб келмоқда. Масалан, Помирдаги «Федченко» музлиги фақат сўнгги саксон йил ичида 40—50 км масофага чекинган.

Хўш, тарихда Ўрта Осиёда мавжуд бўлган ўша катта денгиз, тоғлардаги музликлар суви қаёққа кетди, Ойгами ёки бошқа сайёраларгами? Ҳеч қаёққа учиб кетгани йўқ. Ҳаммаси атмосфера орқали жаҳон океанига бориб қўшилди. Жаҳон океанида сув сатҳи доимий равишда кўтарилиб боришининг сабабларидан бири ана шу. Сувнинг кўпайиши океанлар тубидаги босимни оширади, айни пайтда қуруқлик ерлар қатламларида босим камаяди. Ернинг ўз орбитасидаги мувозанати бузилиши натижасида, Қуёшнинг магнит қутблари Ер магнит ўқига кўрсатган таъсири билан, Ер ядроси ва мантия қават ўртасида ишқаланишининг кучайиши сабабли тобора кўпроқ ажралиб чиқаётган газлар биринчи навбатда босим камайган, айниқса, экватордан 35 градус шимолий ва жанубий кенгликлардаги қуруқлик қобиғини ёриб, вулқон ва зилзила шаклида атмосферага чиқиб кетади. Бундай ҳодисалар кейинги 300—400 йил ичида тобора каттароқ территорияларда содир бўлмоқда. Нью-йорк штати, Олмаота шаҳри, Аляска ва Чукотка ярим оролларида бўлган воқеалар фикримиз учун далилдир. Кейинги йилларда Орол денгизида сув камайиши муносабати билан турли районларда зилзилалар, вулқонлар активлиги ошиб бормоқда. Бизнингча, Америка қитъасида, Калифорния ярим оролида бўлган зилзилалар, Нью-Йорк штатида вулқон отилиши, Мехико шаҳрига катта талофат етказган табиий офатнинг бош сабаби Осиё қитъасида, жумладан, Орол ҳавзасида сув миқдорининг қамайишидир. Орол денгизи қуриб қолса, нима бўлади, деган савол туғилиши табиий. Агар бугун Орол қуриса, сўзсиз эрта-индинга (XXI—XXII асрларга бориб) Каспий денгизи ҳам қурийди. Бу икки денгизнинг қуриб қолиши оқибатида жаҳон халқлари бошига тушадиган кулфат оқибатларини ҳисоб-китоб қилишга кибернетика фани ҳам ожиз қолади. Табиат ҳозирнинг ўзидаёқ тахминимизча, Туркманистон ва Эронда 11—12 балли, Ўзбекистон ва Тожикистонда 10—11 балли, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркия, Кавказ, Шимолий Кавказда 9—10 балли зилзилалар бўлиши учун замин тайёрлаган. Қурғоқчиликлар, об-ҳаво ноқулайликлари зўрайиб, ҳосилдорлик кескин камаяди. Натижада озиқ-овқат тақчиллиги бутун дунёни қамраб олади. Шу боисдан ҳам Совет Иттифоқида турғунлик ҳукм сураётган 1971 йилда Шимол ва Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини жанубга — Каспий ва Орол денгизлари ҳавзасига буриш масаласи кўтарилди. Демак, Орол ҳавзасини фожиадан қутқариш бутун инсоният истиқболини таъминлаш учун ҳам жуда муҳим шартдир.

Очиқ айтмоқ керак, бу тадбирнинг ташкилий томони талабга жавоб бермас эди. Чунки шундай жаҳоншумул иш фақат маълум соҳа мутахассислари — гидрологлар, инженер-мелиораторлар, тупроқшунос ва агрохимикларга топширилган эди. Улар сув ресурслари камлигидан деҳқонлар ва чорвадорлар қийналаётганлигини, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш зарурлигини яхши билишар эди. Лекин бу тадбир Ғарбий Сибирь, Жанубий Урал, Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, сейсмнк ҳолати ва ниҳоят, Ернинг табиатига қандай таъсир этишини чуқур ўрганмаган эдилар. Бу олиму инженерлар Сибирь сувини жанубга оқизишни нотўғри йўналишда ҳал қилишга киришдилар. Яъни сувни биринчи навбатда Орол ҳавзаси эмас, Каспий денгизи томон оқизиш зарур деб топдилар.

Улар тузиб чиққан «Аср лойиҳаси» бўйича қазиладиган канал маршрути бошдан-охир ноқулай ва қимматга тушадиган қилиб белгиланган эди. Ана шундай камчиликлар, лойиҳага қарши олимларнинг турли гипотезалари муносабати билан «Аср лойиҳаси» бўйича бошланган ишлар 1986 йилнинг августида КПСС Марказий Комитети ва СССР Министрлар Советининг махсус қарори билан тўхтатиб қўйилди. Лойиҳага қарши гипотезалардан айримларини келтираман.

— Сибирь дарёлари жанубнинг иссиқ энергиясини олиб Шимолий Муз океанига қуйиб, бу билан унинг иқлимини нормал ҳолда сақламоқда. Агарда Совет Иттифоқи Сибирь дарёлари сувини Орол ҳавзасига оқизадиган бўлса, Шимолий Муз океанида иқлим нормадан пастлаб, Скандинавия ярим оролидаги мамлакатлар, Канада ва Алясканинг об-ҳавоси кескин совиб кетади.

— Сибирь дарёлари сувининг Қозоғистон ва Ўрта Осиёга оқизилиши Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига салбий таъсир кўрсатади. Яъни у секинлашиб, жаҳон миқёсида табиий офатларни келтириб чиқаради.

Бу икки фараз тарафдорлари Ернинг экватор билан орбита текислиги ўртасидаги бурчакни кичрайтирилса, Шимолий Муз океанига Қуёш нури ҳозиргига қараганда кўпроқ тушиши, бу эса Шимолда керакли мўътадилликни сақлаб туришини эътиборда тутмадилар. Ҳолбуки, Шимолий Муз океани ва Ҳинд океанларида сув нормадан ортиқ тўпланяпти, айни пайтда икки океан ўртасидаги қуруқликларда сув миқдори кескин камаймоқда. Шунинг учун Ер юзида бўлаётган табиий офатларнинг 55—60 фоизи Евросиёнинг мазкур океанлар ўрталиғидаги қуруқликларга тўғри келяпти.

— Сувдан тежамкорлик билан фойдаланилса, хўжаликлар сув учун ҳақ тўласа (?), мавжуд экин майдонлари икки баравар кўпайса (?) ҳам, Ўрта Осиёда сув ресурслари етарлидир. Сибирь дарёлари сувини Ўрта Осиёга оқизиш иқтисодий жиҳатдан жуда қимматга тушади, ўзини қоплаши учун 30 йил керак. Бу фараз муаллифлари: академик А. Аганбегян ва В. Переведенцев.

— Сибирь дарёлари суви Қозоғистон ва Ўрта Осиёга бурилса, Шимолий Муз океани абадий музликка айланади ва кемалар қатнай олмайди. Шунингдек, Ғарбий Сибирда Юпитердаги катта қизил доғни эслатувчи мангу торф алангаси пайдо бўлади.

Тўртинчи фараз муаллифи фалсафа фанлари доктори Ю. Школенкодир.

— Оролбўйи экологик фожиага учраган. Бу экстенсив йўл билан шўр ерларни ўзлаштириш ва ўйламасдан кўпдан кўп сув ҳавзалари барпо этиш, дренаж сувларини дарёга ташлаш, пахта майдонларини ҳаддан ташқари кенгайтириш оқибатидир. Бу фожиадан қутулиш йўли — пахта майдонларини тобора камайтириш, иложи бўлса, уни (пахтани) бошқа экинлар билан алмаштириш, барча канал ва ариқларни бетонлаштириш, ғўзани тупроқ тагидан ва томчилатиб суғориш, озиқ-овқат ва ем-хашак экинларига кўпроқ эътибор бериш, суғориш нормаларини камайтириш, Оролбўйи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, географик қулай жойларга қайта тақсимлаш — бошқа жойларга кўчириш, уларни қайта ўқитиб, бошқа касбларни ўргатиш ва ҳоказо… Бу таклифларни «Правда» газетасининг 1988 йил 14 июнь сонида СССР ФА мухбир аъзоси В. Котляков илгари сурган эди.

Кўринадики, ҳеч бир фаразда масалага комплекс ёндошилмаган. Ҳеч бир олимнинг назари муаммони лозим даражада юксакликда туриб, улкан миқёслари ва барча қирралари билан қамраб ололган эмас. Орол денгизнинг қуриш жараёни эса ҳали тўхтагани йўқ. Табиий мувозанат аста-секин бир томонга оғаётир. Шундай экан, эндиликда бизга маълум соҳа олимларининг фақат ўз йўналишига тортиб кетадиган бирёқлама тахмин ва кўрсатмалари эмас, балки Ўрта Осиёдек жуда катта регионда юз берган фожиавий аҳволни барча жиҳатлари билан ёритиб, кишилар ҳаётидан бошлаб, то Ер шари табиий мувозанатигача бўлган оралиқда бу ҳол юзага келтирадиган оғир талофатларнинг олди олинишини гарантияловчи аниқ, пухта илмий тадқиқотлар зарур. Бир сўз билан айтганда, масала жуда баҳсталаб. Экологик фалокат ёқасида турган катта регионни сув билан таъминлаш, Оролни қутқариб қолишнинг конкрет йўллари ҳалигача аниқ кўрсатиб берилмади. Бу регионда юз берган ҳолат туфайли СССР экономикаси ҳар йили 10—15 миллиард сўм зарар кўрмоқда. Орол ҳавзасида сув ресурсларининг камайиб бориши, бу региондан жуда кўп табиий газ, нефть ва бошқа ер ости бойликлари қазиб олинаётганлиги натижасида регионал мутаносиблик бузилиб, Ер ўз мувозанатини тиклаш жараёнида юз берган зилзилалар оқибатида кўрилган зарар ҳадсиз-ҳисобидир. Айтмоқчимизки, Орол ҳавзасини экологик фожиадан қутқариш, оламшумул аҳамият касб этиб, бу йўлда энг тўғри чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мамлакатимиз, қолаверса, бутун дунё олимлари олдидаги энг долзарб вазифа бўлиб қолди.

“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 8-сон