Сайди Умиров. Адабиёт фидоийлари билан барҳаёт (2011)

Инсон умри орзулар, умидлар, қайғу ва из­тироблар мажмуидир. Бугун болалик йилларимни эслар экан­ман, кўз олдимда тупроқ кўчалару саҳармардонда пода ҳайдаб юрган сарпойчан болалар гавдаланади. Не тонгки, ўша содда ва беғубор болаларнинг бири, шубҳасиз, мен эдим. Гарчи бизнинг болалик давримиз бахту саодатга йўғрилган замонларда кечмаган бўлса-да, ўша бегидир ва беғубор кунларни соғинаман.

Ҳамон эсимда, ўшанда урушдан кейинги оғир ва маҳзун кунлар… Бизнинг Жўрабой қишлоғимизга ҳар ҳафта, эшагида, хуржунини тўлдириб почтачи бобо келарди. У киши уйма-уй юриб, газета, жур­нал, хат тарқатиб чиқарди. Табиийки, бундай пайт­ларда менинг ҳам қўлимга бир-икки газета ёки журнал тушиб қоларди. Ана шу “тушиб қо­лиш” кейинчалик мени ўқишга, ҳатто баъзи бир нарсаларни ёзишга ундади. Вақт ўтган сари ўша пайтда чоп этиладиган “Қизил Ўзбекистон”, “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”), “Коммунизм байроғи” (ҳо­зирги “Пайариқ ҳаёти”) газеталарини қолдирмай ўқиб борадиган бўлдим.

Ўқувчилик йилларимда “Кунтуғмуш”, “Орзигул”, “Авазхон”, “Ҳасанхон” сингари достонларни қизиқиб ўқиб чиқдим. Олис қиш кечалари достон қаҳрамонлари билан “мулоқот” қилганларим ҳамон эсимда.

Уйимизда кутубхона йўқ эди. Адабиёт дарс­лик­ларидан Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун шеърлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларидан на­муналар ўқиб, расмларини кўриб ижодга ҳавас пай­до бўлган бўлса ажабмас. Эллигинчи йиллар бош­ларида “Китобдан-китобга” деб номланган, кичик ҳажмли китобчалар пайдо бўлган эди. Уларда таниқли адибларнинг асарларидан парчалар берила бошланди. Мана шу китобларнинг аксариятини қолдирмасдан ўқиб чиқдим. Эслаганларим: “Ёш гвардия”, “Полк ўғли”, “Одерда баҳор”, “Газандалар уясининг тугатилиши” ва шунга ўхшаш асарлар эди. Бу асарларнинг деярли барчаси уруш, ҳарбий-ватанпарварлик мавзуида эди.

Бу борада шуни афсус ва ўкинч билан айтишим мумкинки, биз болалик пайтларимизда ўқишга чан­қоқ эдик, аммо ўқийдиган китоб ҳам, борини сотиб оладиган имконият ҳам йўқ эди. Не ажаб, эндиликда китоб кўп, имкониятлар катта, бироқ ўқийдиган мард кам.

Кўбай Пиримқулов деган математика ўқи­тув­­чимиз бўларди. Ғайратли, билимли одам эди раҳматли. Туман, вилоят газеталарида турли хил хабар ва ма­қолалари тез-тез чиқиб турарди. Уларга доим ҳавас қилардим. Кунлардан бир кун “мен ҳам уриниб кўрсам-чи”, деган фикрга келдим. Сўнгра нималарнидир ёзиб ўқитувчимга кўрсатдим. У киши менга ёзиш борасида қимматли маслаҳатларини бердилар. Шу-шу менда ёзиш истаги пайдо бўлди.

Орадан кўп ўтмай вилоят газетасида “Беғамлик оқибати” деб номланган илк мақолам чоп этилди. (“Ёшлик”да эслашича, Абдусаид Кўчимов “Уйи­мизда стол-стул йўқ, ётиб дарс қиламиз”, деб оила деворий газетасида отасини танқид қилган экан. Мен эса ўзим ўқиётган мактабда ёзги таъмирлаш ишлари суст кетаётганини танқид қилибман). Ма­қола чоп этилгач, мактаб директоримиз бироз хафа бўлдилар. Аммо танқид бесамар кетмади. Мактабимизда таъмирлаш иш­лари тезлашиб кетди.

Ўрта мактабни кумуш медал билан тамомладим. СамДУ филология факультетига имтиҳонсиз қабул қилишди. Мен эндиликда ҳақиқий ижод ва адабиёт майдонига кириб келган эдим. Биз талабалар бу даргоҳда Воҳид Абдуллаев, Ботурхон Валихўжаев, Ориф Икромов, Нуритдин Шукуров, Ҳамдам Бер­диёров, Худойберди Дониёров, Сайдулла Мир­заев, Раҳмонқул Орзибеков каби алломалардан дарс олдик, ўқишга, ёзишга иштиёқимиз ошди. Та­лабалик йилларимда вилоят газетасида икки ҳи­коям, шеърларим, масал­ларим босилди. Илк ада­бий-танқидий мақолам 1957 йили “Ўзбекистон маданияти” газетасида чоп этилди. Унда шоир Пўлат Мўминнинг “Совға” деган каттагина китоби таҳлил этилган эди. Аммо бундан илгари ҳам мазкур газетага бир неча адабий мақолалар, тақризлар юборган эдим. Бироқ улар чоп этилмади.

Талабалик йилларимда адабий тўгараклар, ижо­дий учрашувлар менга катта сабоқ берди. Айниқ­са, талабалар иштирокидаги йиғин, учрашувлар ни­ҳоятда қизиқарли кечарди. Мен рус адабиётига қизиққаним боис рус тилида бўлиб ўтадиган учра­шувларни ўтказиб юбормасдим. Эсимда, одатдаги илмий конференциялардан бири ёзувчи Чехов ижодига бағишланди. Ўшанда мен ҳали ёш талаба бўлишимга қарамай ўрнимдан туриб маърузачига савол бердим: “Чехов бир ҳикоясини “Қайғу” (“Горе”) деб, бошқа бирини “Ҳасрат” (“Тоска”) деб атайди. Бу тушкунликнинг, ҳар хил номланишнинг сабаби нима?” Саволим таниқли адабиётшунос, Тимофеевдай машҳур олимларга ус­тозлик қилган Я. Зунделовичга маъқул келди шекилли, ўрнидан туриб, “Бу йигит тўғри савол берди, Чехов ҳар бир сўзга алоҳида вазифа юклайдиган теран адиб”, дея тушунтириб кетди.

1958 йили «Литературная газета»нинг бир гу­руҳ ижодкорлари, жумладан, Александр Яшин, Вла­димир Салоухин каби адиблар Самарқандда, СамДУ мажлислар залида ижодий учрашув қилишди. Та­вак­кал қилиб, домлалар далдаси билан сўзга чиқ­дим. Айни пайтдаги ижодий жараён ҳақидаги фикр-мулоҳа­заларимни, таклифларимни айтдим. Буни қа­рангки, учрашувдаги ушбу мулоҳазалар бироз муддат ўтиб газетада чоп этилди.

Замонавий адиблардан Сергей Антоновни се­виб ўқирдим. Ўзиям ўша пайтларда “Машиналар йўллардан ўтиб боради” китобига кирган олти ҳи­кояси учун давлат мукофотига сазовор бўлган эди-да. Яна, олимликка даъво қилмагани ҳолда, “Ҳикояда детал” номли кат­тагина илмий китоб ҳам ёзган эди. Кейинчалик ил­мий иш ёзишимга шу адибдан ўрганганларим ҳам­да “Детал. Сюжет. Қаҳрамон” ва бошқа китоблар муаллифи, ўз вақтида М. Горький билан ёзишмалар қилган ленинградлик таниқли олим Е. Добиннинг маслаҳатлари катта ёрдам берди.

Илк китобим 1974 йили “Санъатнинг сеҳрли ка­­лити” номи билан чоп этилди. Китоб ёзувчи А. Қаҳ­ҳорнинг маҳоратига бағишланган бўлиб, нашр этили­шига адабиётшунос олим Пирмат Шермуҳамедов катта ёрдам берган эди. Албатта, кейинчалик “Миллий маданиятлар ривожида тан­­қидчиликнинг роли”, “БАМ ҳақида ҳикоя”, “Даъ­­­ваткор сўз”, “Солланиб оқаётган дарё”, “Толиб­нома”, “Зиёбахш умр саҳифалари” (бу иккиси ҳам­кор­ликда), “Дорилфунлар тақдиримда”, сингари китобларим бирин-кетин нашр этилди. Янги китоб – «Маънавият мулкига саёҳат» чиқиш арафасида “Ғай­буллоҳ ас-Салом замондошлари хотирасида”, “Яхши­дан қолган боғ”, «Асил Рашидов сафдошлари, замондошлари нигоҳида» каби китобларга тўпловчи, нашрга тайёрловчи ва бир неча асарларга тақризчи бўлдим. Газета ва журналларда, бадиий-илмий тўпламларда босилган тақриз, мақола, очеркларим сони 500-600 чоғли бўлса керак.

Албатта, нашр этилган китобларимнинг ҳам­ма­­сидан ҳам кўнглим тўлмайди. Мисол учун, “БАМ ҳа­қида ҳикоя” магистрал қурилишида қисқа муд­дат бўлганим учун юзакироқ ёзилган. Чунки ўша пайтларда Марказнинг ғояси ва ташаббуси билан яхши ҳисоб-китоб қилинмай бошланган “аср қурилиши” шусиз ҳам шалвираб қолган собиқ мамлакат хазинасини ўпириб кетгани, ўзини оқ­ламагани кейинчалик маълум бўлди.

“Солланиб оқаётган дарё”ни фанимиз, таъли­мимизга катта ҳисса қўшган, ўнлаб шогирдлар етиш­тирган, кўплаб китоблар ёзган фидойи олим Ғайбулла ас-Саломнинг ўксик кўнглига далда, таскин бериш ниятида юрагимдан чиқариб ёзганман. Бу кўпчиликка маъқул бўлди, мактублар ҳам олдим.

Устоз билан ҳамкорлигимиз самараси, ян­ги даврнинг янги авлодига бағишлаб ёзилган “Толибнома” асаримиз ҳақида ҳам кўп илиқ гаплар айтилди, ёзилди, тақдимотлар бўлди. Айниқса, Қар­ши педагогика кол­­лежининг олий тоифали ўқи­тувчиси, публицист Бў­ритош Носирова махсус мақола-тақризида, жум­ладан, шундай ёзибди: “Сиз­лар биргаликда ёзган “Толибнома” китобингизни Қарши университети кутубхонасидан олиб қайта-қайта ўқиганман. Кўчиртириб ўқувчиларимизга ҳам ўқитганман, айрим жойлари ёд бўлиб кетган. Ушбу китоб инсонларни тарбиялашда “Мураббийнома” маъ­носида ҳам қабул қилиниши мумкин. Ҳозирги кунда келажаги буюк давлат учун комил инсон тар­бияси долзарб бир муаммо бўлиб турган пайтда “Ёшлар – бизнинг келажагимиз” ибораси остида ётган чуқур мазмуннинг масъулиятини турмушдан, ҳаётдан олинган оддий ва ибратли воқеа-ҳодисалар мисолида тушунтириб айтган. Ушбу китоб равон тилда ёзилган, мароқ билан ўқилади. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, бундай керакли, зарурий қўл­ланма сотувда йўқ. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмаси билан ёзилган бундай ке­ракли китоб кўп нусхада босилса бўлмайдими? Китоб расталари маза-матрасиз, қони қайноқ ёшларни ур-йиқит, ўл­дир-ўлдирларга, расмлар билан безатилган чет эл романлари, аллақандай беҳаё ҳислар уйғотувчи бепарда насиҳатлару бе­ҳаё расмлар солинган китобларга лиқ тўла. Эсиз, қимматбаҳо қоғозлар!”

Камина нокамтарлик қилаяпти деб ўйламас­лигингиз учун айтайки, китобимизнинг асосий қис­мини раҳматли устоз ёзганлар, мақтов ҳам кўпроқ уларга тегишли.

“Дорилфунлар тақдиримда” китобимни иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ҳалок бўлган, номи Мус­тақиллик майдонидаги “Хотира” китобида нақш­ланган отам Умирқул Ҳайдар ўғли ва унинг садо­қат­ли, вафодор ёри, бутун умрини юрт хизматига, фарзандлари тарбиясига бахшида этган онам Ой­сулув Боли қизининг порлоқ хотираларига ба­ғишлаганман. Китобда Воҳид Абдуллаев, Саъди Сирожиддинов, Абдулла Қаҳҳор, Чингиз Айтматов, Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Солиҳ Қосимов, Бегали Қосимов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Оқил Салимов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф, Машраб Бобоев, Аъзам Ўктам, Умарали Норматов, Хайриддин Султонов, Аҳмаджон Мели­боев, Ғулом Ғафуров асарларининг бадиий жози­баси, ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги куза­тув­ларим, таҳлилларимни қоғозга туширишга, бош­қалар фикрларини такрорламасликка ҳаракат қил­ганман.

2004 йили Москвадаги “Воскресение” нашриётида чоп этилган сал кам етти юз саҳифалик “Чингиз Айтматовнинг нажот кемаси” (“Ковчег Чингиза Айт­матова”) китобидан “Сайёравий тафак­кур адиби” номли йигирма саккиз бетлик мақолам жой олгани камина учун кутилмаган янгилик, шо­диёна бўлди. Бу мақола ҳақида адабиётшунослар Озод Шарафиддинов, Бахтиёр Назаров, Санжар Содиқларнинг илиқ фикрлари хур­сандчилигимга хур­сандчилик қўшди.

Дарҳақиқат, китобсиз, адабиётсиз ҳаётимни та­саввур қилолмайман. Тўғри, адабиётсиз, китобсиз ҳам яхши яшаётганлар, амалига, бойлигига маҳлиё бўлиб, даври-даврон сураётганлар бордир. Аммо мен учун бундай ҳаёт чекланган, зерикарли, маънисиз бўлиб қоларди.

Адабиёт инсонни одоб-ахлоқли, иймон-эъти­қодли, маданиятли қилиб тарбиялайди. Яхшилик қилишга, ёмонликдан қайтишга ундайди. Абдулла Қодирий “Ўтган кунлар”ни бошдан оёқ ёд олган кишига тўн кийдирганини эшитганмиз. Уруш жан­гоҳларида қон кечиб юрган йигитлар ёрлари, маъшуқаларига ёзган хатларига К. Симоновнинг “Мени кутгил” шеърини қўшиб юборишар экан. Данғиллама ҳовли-жойи, қўша-қўша машинаси, қўра­сида мол-қўйлари бўлгани ҳолда китоби, китоб жавони йўқ айрим кишилар ҳақида файласуф олимимиз, академик Воҳид Зоҳидов афсус-надомат билан ёзганларини эслайлик.

Асл китобхонлар, китобсеварлар, китобўқирлар кўп. Аслида адабиёт ана шу фидоийлари билан барҳаёт ва ривожланиш йўлидадир. Сўнгги йилларда бизнинг миллий адабиётимиз ҳам ўзига хос тарзда ривожланди. Мисол учун, кейинги ўн йилликларда шеъриятимизда модерн йўналиши такомиллашиб бормоқда. Тўғри, шахсан мен модерн адабиёти намуналаридан яхши хабардор эмасман. Аммо бу ҳақда устоз Озод Шарафиддиновнинг бир қатор мақолаларини ўқиганман. Бу ҳақида баъзи танқидчиларимиз қара­ма-қарши қутбда фикр билдиришларидан ҳам ха­бардорман. Бироқ шуниси аниқки, мен ўқийдиган асар – модернизмми, реализмми, энг аввало, ҳақ­қоний, табиий, самимий бўлса бўлди. Назаримда, модерн адабиёти бизда бора-бора кенг илдиз отади – глобаллашув даври, маданиятлар, адабиётлар ҳамкорлиги шуни тақозо этади. Фақат бизнинг модерн асарларимиз ғарбдан нусха кўчирмаслиги, миллий менталитетни, шарқона ахлоқ, ҳаё, маънавиятни ўзига сингдириши керак.

Прозада янги, ёрқин асарлар пайдо бўлаётибди. Шеъриятга ёш истеъдодлар шахдам қадамлар би­лан ёниб, ёриб кириб келишаётибди. Улар Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева, Омон Матчон, Муҳаммад Юсуфлар баланд кўтариб қўйган назм планкаси билан бўйлашиб ижод қилишаётибди. Орада бир қадар сусайиб қол­ган драматургияда ҳам жонланиш сезилаётибди. Публицистикамиз кўпроқ энига, камроқ бўйига ўсди, ўсаётибди. Бир қатор ўткир мақолалар, бақувват ки­тоблар, яхши ҳужжатли фильмлар, фотосуратлар яратилди, саккиз юздан ортиқ газета, жур­наллар ва бошқа нашрлар, янги нашриётлар, теле-радиоканаллар, ахборот агентликлари пайдо бўлди. Аммо бу ҳам ҳали кам.

Ўйлашимча, бадиий публицистика, кино-фото­пуб­лицистика айниқса жадал тараққий этади, во­­қеа бўларли асарлар юзага келади. Негаки, кейинги пайтларда ўқувчиларда ҳужжатли бадиий-публицистик асарларга қизиқиш, ишонч ортиб бо­раётгани куза­тилмоқда.

Таниқли мунаққид Иброҳим Ғафуров “Ҳаё – ха­лос­кор” китобида, бадиий тўқиманинг аҳамиятини кам­ситмаган ҳолда, шундай ёзади: “Ёзувчи ҳеч нарсани тўқиб чиқармаслиги керак, деб ўйлайман. Тўқиб чи­қарилган нарсалар ёлғонга ошно на­р­са­лардир. Ада­биётнинг обрўси тушиб кетгани­га сабаб унинг кейинги вақтларда тўқималарга зўр берилганида бўлди. Бугунги ҳаётга, бугунги одамларга бадиий сўзнинг унчалик кераги бўлмай қолди. Ҳозирги ҳаёт ва инсоннинг айни ўзи ҳақида ёзиш ва қудрати келса, у ҳақда таълим беришгина ўзини оқлайди”. Буни тўқимани тамом инкор этган кескин фикр деб тушунмаслик, кўпроқ мансураларга, мақоланавислик жанрларига дахлдор мулоҳаза деб қабул қилмоқ жоиз.

Дарҳақиқат, бугун бизнинг дунё билан бемалол бўйлаша оладиган адабиётимиз, санъатимиз, кино асарларимиз бор. Ҳеч иккиланмасдан Нобель му­ко­фотига тавсия қилиш мумкин бўлган даҳо ижод­корларимиз бор. Агар адолат қилинганда, му­кофот бе­ришда очиқ ва пинҳоний айирмачилик, сиёсий ўйин­ларга йўл қўйилмаганда, фан, адабиёт соҳасидаги энг юксак асарлар учун Қодирий, Ой­бек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби улкан ёзувчиларимиз, Ҳабиб Абдуллаев, Иброҳим Ҳам­робоев сингари машҳур олимларимизнинг асарлари ўз вақтида шундай эътирофга муносиб эди.

Мени адабиётга, санъатга ҳамнафас қилган тақ­дирдан миннатдорман. Мана, бутун умрим илму маърифат ичида кечяпти. Бу шарафли йўлда менга оилам ҳам яқин кўмакчи, ҳамқадам, ҳаммаслак. Турмуш ўртоғим Ойлархон филолог. Қомусимиз илк нашрининг тўққиз жилдида бўлим мудири деган номи бор. Ҳозир нафақада. “Сиз ишланг, ёзинг, кийим-кечак, бозор-ўчар қилишни бизга қўйиб бе­ринг”, дейди. Ёзувчи Нусрат Раҳмат бир даврада, ўзига хос қувноқлик билан: “Қирқ йилдан бери ишдан қайтсам, эшикни фақат бир аёл очади. Эшигини уч-тўрт аёл очган қадрдонларимга ҳавасим келади”, дея ҳазил қилганди. Унинг ҳазилига ҳазил билан жавоб бердим:

– Сизники ҳолва экан, дўстим. Бизнинг эшик­ни эллик йилдан бери шу биргина аёл очади. Чимилдиқда танишганмиз, куйдим-ёндим деб оила қурган не-не жуфтлар ажрашиб кетди. Худога шукр, биз бир-биримизга тоқат қилиб яшаб келаётибмиз. Фарзанд, неваралар олтин тўйларинигизни ўтка­замиз деб туришибди.

Икки фарзандимиз бор. Қизимиз Гулчеҳра до­цент, Кимё-технология институтида кафедра мудири. “Эркин Воҳидов шеъриятида антитеза” мавзуида номзодлик ишини ёқлаган. Куёвимиз Ҳайитмурод ҳуқуқшунос. Ўғлим Воҳиджон ҳам олий маълумотли. Рус, инглиз, япон тилларини яхши билади. Бир йил Японияда ўқиб, ишлаб келди, ҳозир “ABU MATBUOT – KONSALT” нашриётини бошқармоқда. Япончадан Кавабата, Акутагава ҳикояларини, рус тилидан Зош­ченко ҳикояларини таржима қилган. Келинимиз Зулфия журналист. “Ёшлар” телерадиоканали му­ҳаррири. Невараларим ҳам барчаси олий ўқув юрти талабалари, лицей, мактаб ўқитувчилари.

 

АДИБ ҲАҚИДА

Адабиётшунос, мунаққид, мақоланавис, педагог Сайди Умиров 1938 йили 10 февралда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида таваллуд топган. 1960 йилда СамДУ филология факултетини тугатиб, “Фан ва турмуш” журналида фаолият бошлаган. 1965-1967 йилларда ЎзФА Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди ва “Абдулла Қаҳҳор прозасида характер ва шароит тасвирида бадиий деталнинг ўрни” мавзуида диссертация ёқлади.

Сайди Умиров қирқ икки йилдан бери ЎзМУ, ЎзДЖТУ журналистика факультетларида доцент, декан муовини, декан, кафедра мудири лавозимларида ишлаб келмоқда. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Олтин қалам” совриндори.

Сайди Умиров матбуот, радио, телевидениеда, тўпламларда эълон қилинган 600 дан ортиқ мақола, тақриз, очерк, суҳбат, эшиттириш, кўрсатувлар, “Миллий адабиётлар ривожида танқидчиликнинг роли”, “Санъатнинг сеҳрли калити”, “Даъваткор сўз”, “Солланиб оқаётган дарё”, “Дорилфунлар тақдиримда”, “Толибнома”, “Зиёбахш умр саҳифалари” (кейинги иккиси ҳаммуаллифликда) китоблари билан жамоатчиликка яхши таниш. “Маънавият мулкига саёҳат” китоби чоп этилиш арафасида. Мақолалари Қозоғистон, Германия, Россия сингари давлатларда нашр этилган.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 6-сон.