Алийбег Рустамий. Хайрли қадам (2011)

Таржима бошқа тилдаги бир асарни ўз она тилига муваффақиятли баён қилмоқлик, асарни аслидаги мазмун ва маъноларни, балоғату фасоҳатини сақлаган ҳолда иккинчи бир тилга ўгирмоқликдир.

Юксак бадиийлик ва балоғат билан йўғрилган асарларни она тилимизга маромига етказиб таржима қилиш унчалик осон иш эмас. Ўрта асрларнинг ижод намуналари бўлган арабий ва форсий тилдаги асарлар таржимасининг эса ўзига яраша мураккаб, мушкул жи­ҳатлари бордир. Чунки араб тили фавқулодда мураккаблиги билан бошқа тиллардан ажралиб ту­ради. Иккинчидан, хати бир-бирига ўхшамаган котиб­лар томонидан турли хат турларида кўчирилган қўл­ёзма китобларни ўқиш ва уқиш олим одамдан чидам, сабот, узоқ вақт давомида кўникишга мажбур бўлган меҳнатни талаб қилади. Шу боисдан халқимиз бекорга “илм бу игна билан қудуқ қазишдир”, демаган. Илм ўқиб-ўрганиш бу қадар машаққатли бўлмаганида, эҳтимол илм ва олимнинг қадри ҳам шу қадар юксак қадрланмаган бўлур эди.

Бадиий ижод ёки илмий тадқиқот натижасида ёзилган асарларни таржима қилиш кўп жиҳатдан ўша асар тилини, муаллифининг ҳаёти ва ижодини, у яшаган замонни, у мансуб бўлган тамаддунни билиш билан, албатта, чамбарчас боғлиқдир. Мана шу хусус­ларга эътибор бермасдан ўша асарни мукаммал таржима қилиш асло мумкин эмас.

Гап Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳақида борганда эса, араб тилини билишнинг ўзи кифоя қилмайди. Қуръон оятларининг иниш ва ҳадиси ша­рифларнинг ривоят сабабларини ҳам яхши билмоқ лозим. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ўнлаб илм соҳаларини ўзида мужассам этган Илоҳий ман­бадир. Шунинг учун ҳам Қуръони карим оятларига ва ҳадиси шарифларга ёзилган тафсирлар, шарҳлар, ҳошияларни санаб саноғига етиб бўлмайди.

Қуръони карим оятларининг маъно таржималари зиёли халқимиз эътиборига мана, охирги йигирма йил мобайнида бир неча бор тақдим этилди.

Қуръони карим оятларининг таржимасини амалга ошириш энг мураккаб, энг масъулиятли ва энг мушкул ишдир.

Мазкур нашрлар оммабоп илмий тарзда бўлиб, ҳурматли таржимонларимиз ўз билим савиялари, им­конлари ва илмий салоҳиятларига кўра ояти кари­маларнинг таржималарини муваффақиятли амал­га оширганлар. Таниқли адабиётшунос олим ва мо­ҳир таржимон Иброҳим Ғафуров ўзининг “Қуръон тар­жималари: тажрибалар” мақоласида таржиманинг балиғу фасиҳ бўлиши кераклигини алоҳида таъкид­лаган. Олимимизнинг бу талаби ўринлидир.

Баҳриддин Умурзоқовнинг “Тафсири баҳр” ки­тоби (Қўлёзма китоблар асосида Қуръони карим оятлари маъноларининг илмий-изоҳли таржимаси, тафсирлари ва таъвиллари (29-30 жузъ). Тошкент ислом университети нашриёт-матбааа бирлашмаси, 2010 й.) мазкур ва бошқа илмий талабларга жавоб берадиган асардир. Бу китоб муҳтарам олимимизнинг узоқ йиллик заҳматли меҳнатининг самарасидир.

“Тафсири Баҳр” қўлёзма китоблар асосида ёзил­ган жиддий илмий асар, яъни янги замонавий ил­мий тафсирдир. Бу китобда кўпроқ академик нашр хусусиятлари ўз аксини топганлиги учун ҳам у соҳа мутахассислари эҳтиёжларини эътиборга олган ҳолда нашрга тайёрланган.

“Тафсири Баҳр”даги илмий янгиликлар қуйидаги жиҳатларда намоён бўлади:

1. Таржимон “Тафсири Баҳр” китобига асос қилиб олган манбалар қўлёзма китоблардир. Бу қўлёзма китобларнинг сони икки юздан ортиқ бўлиб, ЎзР Фан­лар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланади. Бу манбаларнинг ўнга яқини машҳур му­фассир зотларнинг дастхатлари деб тахмин қилинган нодир нусхалар ҳисобланади.

Чунончи, X асрда ёзилган тафсирлар ва уларга битилган ҳошиялар, XI асрда ёзилган тафсирлар ва уларнинг ҳошиялари, XIII-XV асрлар мобайнида ёзилган тафсирлар, XV-XVIII асрлар оралиғида ёзилган тафсирлар шулар жумласидандир.

Маълум бўлмоқдаки, китобхон “Тафсири Баҳр” орқали, наинки кенг зиёли омма, балки замонамиз илм аҳллари ва соҳа мутахассислари буткул бехабар бўлган ўнлаб тафсир китоблар билан танишиш бахтига муяссар бўлади. Заҳматкаш таржимон китобга ана шу мўътабар қўлёзма тафсир китобларнинг икки саҳифадан фотонусхасини ҳам берганки, бу шубҳасиз, таҳсинга лойиқ ишдир.

“Тафсир-и Баҳр”да сиз ўнлаб Хожагон-нақш­бан­диййа машойихларининг тафсир китоблари билан ҳам танишасиз. Натижада улардаги илмий асосланган ва далиллар асосида баён қилинган тафсирга оид дақиқ маънолардан баҳраманд бўласиз. Бинобарин, “Тафсири Баҳр”да биз Қуръони карим оятларининг тафсирларини шариат олимларидан ташқари тариқат пирлари тафсирлари билан қиёслаш имконига эга бўламиз.

“Тафсири Баҳр” мутолаасидан сўнг шунга амин бўласизки, шак-шубҳасиз, Хожагон-нақшбандиййа ула­­­моси ва шайхлари тафсир илмида ҳам ўзига хос мактаб барпо қилганлар ва бу соҳада бой ил­мий мерос қолдирганлар. Бу нафақат бизнинг юр­ти­мизда, ҳатто хорижлик тадқиқодчилар назаридан Нақшбандиййанинг ҳозиргача эътиборсиз қолиб кела­ётган муҳим қирраларидан биридир.

2.“Тафсири Баҳр”даги иккинчи ўзига хослик: му­аллиф кўп ўринларда изоҳ қисмида оятларнинг тафсир ва таъвилларидан кейин ўша оятга бевосита алоқадор мавзуларда ақийда, фиқҳ ва тасаввуфга оид маълумотларни илова қилган. Бу ўзига хослик Масалаи ақийда, Масалаи фиқҳ, Нукта, Нафҳа деган эслатмалар билан таъкидлаб баён қилинган. Бу маълумотлар Аҳли суннат ва-л-жамоанинг энг машҳур ақийда китоблари: Имом Абу Ҳанийфанинг алФиқҳу-л-акбар, Имом Насафийнинг Ақойиди Наса­фиййа, Имом Таҳовийнинг Ақийда-йи Таҳовиййа ва бошқа шу каби ақийдага доир матн илмий асар­лардан олингандир. Фиқҳга доир масалалар эса Ҳи­доя-йи шариф, Мухтасару-л-виқоя, Фатавойи ула­мои Ҳанафиййа, Мултақо-л-абҳур, Нуру-л-ийзоҳ ва бошқа шу каби ҳанафий фиқҳига тегишли юзга яқин муҳим илмий асарлардан олинган. Тасаввуф маълумотлари эса Ўрта Осиё минтақасида яшаган, ўз даврининг муқтадоси ва пиру муршидлари бўлган муҳтарам зотлар – Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Саййид Амир Кулол, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор, Махдуми Аъзам Даҳбедий, Хожа Исҳоқ Валий каби валий зотларнинг асарлари, маноқиблари, тазкираларидан келтирилган. Бу манба­ларнинг барчаси муҳтарам олимимиз ишлаётган Шарқ­шунослик қўлёзмалар хазинасида баъзилари но­дир нусхада, баъзилари эса ўнлаб қўлёзма китоблар ҳолида сақланади.

Таржимоннинг ўз тафсирига бу уч муҳим хусу­сиятни жо қилганлиги бежиз эмас, балки зарурият жиҳатидандир. Зеро, бугунги беқарор дунёда юрти­мизда ўзаро ҳамжиҳатликни сақлаш, тинчликни ас­раш йўлида Аҳли суннат ва-л-жамоа ақийдаси асос­ларидан, Ҳанафий мазҳаби фиқҳидан пухта бо­хабар бўлишимиз лозимлиги барчамизга кундай рав­шан ҳақиқатлардандир. “Тафсир-и Баҳр”даги бу маълумотлар халқимизга ғоят манфаатли, за­рур нарсадир. Айни чоғда, Қуръон оятларининг маъ­ноларини соғлом ақида, ота-боболаримиз амал қилган муборак ҳанафий мазҳаби асослари ва талабларига мувофиқ ўқишимиз, англашимиз ҳам Қуръони каримни мукаммал тушунишимизга ёрдам беради.

Тасаввуф бошдан-охир тақво, одоб, кўнгил иши­дир. Бу хусусият миллатимиз вужудига сут билан кирган ўзига хос фазилатдир. Инсонийлик, ахлоқ, одоб, инсоф, адолат, диёнат, ихлос тушунчалари юр­тимиз донғини оламга ёйган азиз зотларнинг диққат-эътиборида турган бебаҳо қадриятлардир. Хусусан, зоҳир поклиги ботин поклиги билан вобаста бўлсагина мақсад ҳосил бўлади, муродга етилади. Чунки, қалб назаргоҳи Илоҳийдир. Алишер Навоий, Лутфий, Бобур Мирзо, Фузулий, Огаҳий ва бошқа юзлаб ижод аҳли кўнгил йўлининг ҳақ ва устунлигини ўз асарларида такрор ва такрор баён этганлар ва ўз даврининг кўнгил султонлари бўлган солиҳ зотларга сидқидилдан ҳур­мату иззатларини изҳор қилганлар.

Шу ўринда тафсир илмига тааллуқли ғоят муҳим бир жиҳатни эслатиш ўринли ва фойдадан холи бўл­мас: муҳтарам олимимиз “Тафсири Баҳр”да хо­жагон тариқати шайхларининг тафсирларидан кўп­роқ зоҳирий мазмунларнигина саралаб олган. “Таф­сири Баҳр” соҳибининг шундай йўл тутиши Аҳли суннат ва-л-жамоа ақийдаси талабига кўрадир. Зеро, бу хусусда эҳтиёт бўлмоқлик авлодир.

“Тафсири Баҳр” мутолаасидан чиқариладиган яна бир хулоса шуки, аждодларимиз бошқа илм соҳаларида қандай дунё аҳлига устозлик қилган бўл­салар, диний илмларда, айниқса, тафсир соҳасида ҳам комил устоз бўлганлар.

Баъзилар “Қуръони карим бир неча бор таржима қилинди ва нашр бўлди. Янги тафсир ва ё маъно таржималарга эҳтиёж бормикин?” деган фикрга бо­риши мумкин. Шуни асло унутмайликки, ҳаттоки, ҳар қандай маълум ва машҳур бадиий асарлар ҳам, илмий асарлар ҳам вақт ўтиб такроран таржима қилинади. Бу замон ва тараққиёт тақозосидир. Қолаверса, йил­лар оша тилдаги ўзгаришлар ҳам бу заруратни юзага чиқаради. Натижада таржимонлар талаб ва истакларни инобатга олган ҳолда, баъзан эса ўз истаклари, завқу иштиёқлари билан янги таржимага қўл урадилар. Мумтоз адабиётимизда ҳам, жаҳон адабиёти дурдоналари бўлган адабий асарларда ҳам бунга кўплаб мисол келтириш мумкин. Лекин Қуръони карим бадиий асар эмас. У Аллоҳ таъолонинг муқаддас китоби. Ваҳй билан нозил бўлган ва мана ўн тўрт асрдан ҳам ошибдики, тиловат ва қироати ибодат сифатида ўқиб келинаётир. Бу улкан давр мобайнида Қуръони каримга юзлаб тафсирлар ёзилган. Уларнинг кўпи араб тилида, бир қисми эса форс ва турк тилида битилган. Бу янги тафсирнинг энг муҳим жиҳати: у замонавий босма китоблар асосида эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар хазинасида сақланаётган икки юздан ортиқ араб ва форс тилидаги Қуръони карим тафсир китоблари асосида ёзилганлигидир. Мазкур қўлёзма тафсирларни яқин ўттиз-қирқ йил мобайнида шу заҳматли олимимиздан бошқа ҳеч ким батафсил тадқиқ қилмаган.

“Тафсири Баҳр”ни ўқир экансиз, юртимизда яшаб, улкан илмий мерос қолдириб кетган забардаст муфассир олимларимизнинг тафсирларини замо­навий босма тафсирларга (масалан, ўзбек тилидаги “Тафсири Ҳилол”га ва ёки бошқа шу каби янги босма нашрларга ҳам) бемалол қиёслаш имконига эга бўласиз. Бугина эмас, “Тафсири Баҳр”да кел­тирилган ўнлаб қўлёзма тафсир китобларидаги маъ­лумотлар ва хусусан, Хожагон-нақшбанддиййа шайх­ларининг тафсирларидаги дақиқ ва ажиб маъно кашфлари, тафсирлар ва таъвиллар ҳам юксак дидли китобхонларимизни асло бефарқ қолдирмайди, деган умиддаман.

“Тафсири Баҳр”гача замондош уламоларимиз амалга оширган таржималар зоҳирий илмларда етук бўлган уламо зотларнинг тафсирларига асосланган бўлиб, маъно аҳлига мансуб зотларнинг тафсирларига мурожаат қилинмаган. Зоҳирий тафсирлар оддий мўъ­минлар оммасига мўлжалланган бўлиб, уларда бирданига хилма-хил маъноларни беришлик оддий китобхонга оғирлик қилиши мумкин. “Тафсири Баҳр” эса соҳа мутахассислари, олимлар, жумладан бўлғуси Қуръоншунос ва тафсиршуносларга мўлжалланганлиги учун ҳам унда ояти карималар ҳақида Аҳли суннат ва-л-жамоа ақийдаси талабларига мувофиқ батафсилроқ, хилма-хил тафсиру таъвилларни бермаслик илм та­лабига зиддир.

Шу боис, “Қуръони каримнинг янги илмий тар­жимаси керакми?” деган савол мутлақо ўринсиздир. Шак-шубҳасиз, зар қадрини заргар билганидек, маз­кур янги илмий тафсир – “Тафсири Баҳр”нинг қадр-қийматини, унинг илмий аҳамиятини юксак дид­ли, нозиктаъб китобхонларимиз, тафсиршунос мута­хас­сисларимиз ва қолаверса, вақтнинг ўзи яхши баҳолаб беради.

Мен ҳеч иккиланмай “Тафсир-и Баҳр” китобини барча илму қалам аҳлига, жумладан, Тошкент Ислом университети, Шарқшунослик институти диншунослик кафедраси, Имом Бухорий номидаги Ислом институти ўқитувчилари ва талабаларига зарур китоб сифатида тавсия қилган бўлар эдим.

Баҳриддин Умурзоқовнинг келгусида йирик олим­­ларимиздан бири бўлишини, чин олимга хос ма­на шундай заҳматли, ҳалол меҳнатлари билан доҳий аждодларимиздан мерос бўлиб қолган кўплаб йирик қўлёзма асарларни тадқиқ ва таржима қилиб, китобхонларимизни мамнун айламоғини умид қилиб қоламан.

Муҳтарам олимимизга “Тафсири Баҳр”нинг нав­батдаги жузъларини ҳам мана шундай омо­натдорлик, жиддият билан нашрга тайёрлашини тилайман.