“Шу ернинг об-ҳавосидан баҳраманд бўлиб камол топсангу унинг шарафини ҳимоя қилмасанг, (она диёринг) оёқ ости бўлиши, қадрсизланишига йўл қўйсанг, нобакор ажнабий ўз ватани шон-шавкати учун сенинг ота-боболарингнинг қони тўкилган ерингни ваҳшийларча топтаб, қонингни симирса ва уни ўзининг ахлатхонасига айлантирсаю сен ҳиссизларча қараб турсанг ёки ундан қочсанг, ўзинг унинг ғоратланишига кўмаклашсанг, унда сен бу ватаннинг номусли ва содиқ фарзанди эмассан”.
Саидризо Ализода, “Туркистон — бизнинг ватанимиз”, 1920 йил.
С.А. жумбоғи
Ғайбуллоҳ ас-Салом 1964 йили нашр этилган “Тил ва таржима” китобида ўтган асрнинг ўнинчи, йигирманчи, ўттизинчи йилларида С.А. имзоси билан кўп ва ранг-баранг асарлар эълон қилган муаллиф билан қизиқиб қолгани, хаёлини мудом банд этгани, вақти-соати билан жиддий шуғулланишни ният қилганини айтар эдилар. С.А. ёзган асарлар тили, услуби Садриддин Айнийникига ўхшамас, демак, бошқа зўр, истеъдодли муаллиф ҳақида сўз борар эди.
“Сиз суриштириб юрган муаллиф Саидризо Ализода бўлади, – дейди бир куни самарқандлик иқтисодчи олим Эркин Хўжаэв. – Мана бу манзилга бориб, мана бу одамлар билан учрашсангиз кўп нарсалардан воқиф бўласиз”.
Тугуннинг учи топилганидан қувониб кетган серҳафсала, куюнчак домла бетоблиги, иш-ташвишларини унутиб дарҳол Самарқандга йўл олади, Ализоданинг жигарбандлари, қариндош-уруғлари, ёр-биродарлари билан танишади, ул зотни кўрган, билган кексалар билан суҳбатлашади, айниқса невараси, геолог Фарҳод Ализодадан кўп маълумот олади, “Уни “Оғо” дер эдилар”, “Мовароуннаҳр фарзанди”, “Соҳиби даврон” номли мақолалар эълон қилади, “Мангуликка пойдор” деган радиокомпозитсия тайёрлайди, телевизорда чиқади, донишманд таваллудининг 105 йиллигида маъруза қилади, йирик, мароқли тадқиқот ёзиб “Эзгуликка чоғлан, одамзод” китобига (1997) киритади, 500 га яқин асари таржималари Марказий Осиё, Эрон, Покистон, Афғонистон, Туркия, Озарбойжон, Тожикистон, Татаристон, Қримда чоп этилган, чақув билан қатағон қурбони бўлиб узоқ вақтлар ватандошларига номаълум бўлиб келган қомусий билим соҳиби, муаллим, мураббий, муҳаррир, мутаржим, муғанний, муаррих, тилшунос, журналист, ношир, шоир, актёр, режиссёр Саидризо Ализодани қайта кашф этишга салмоқли ҳисса қўшганлардан бири бўлади.
Қалами ўткир журналист
Зеҳни ўткир, қуввайи ҳофизаси кучли, тиришқоқ Саидризо ўз устида тинимсиз ишлайди, тилларни мустақил ўрганишга ружу қилади, ўзбек, тожик, рус тилларида матбуотга хат, мақолалар ёзиб туради, “Самарқанд” газетаси, “Ойина” журналида Беҳбудийнинг яқин ҳамкори бўлади, “Телеграф хабарлари” номли варақани ўзбек тилида ўз ҳисобидан чиқаради (1914), “Шарқ” газетасига муҳаррирлик, “Ҳуррият” газетасида таржимон ва мухбирлик (1917), 1922 йилдан “Зарафшон” газетасида бўлимга мудирлик қилади, “Овози тожик” газетаси асосчиларидан бири бўлади, унга масъул котиблик қилади. 1919 йили ўша давр руҳига мос “Шарқ машъали” номида ҳафталик журнал ташкил этади ва уни бошқаради. Форси ва тожик тилларида нашр этилган, адади 4 минг нусхага яқин бўлган ушбу мажалла Ўрта Осиё, Кавказортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон, бир қанча араб мамлакатларига тарқалган эди. С.Ализода “Туркистон хабарлари”, “Камбағаллар ўқи”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Бухорои шариф”, “Турон”, “Самарқанд овози”, газеталари, “Машраб”,”Мулла Мушфиқий” журналларида тез-тез чиқиб турган. Танқидий мақолалари, фелетонлари Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслар (жами 20 тача) остида босилган.
“Таёқ” газетасининг 1920 йил 1-сонида босилган фелетонида. “Болшевикларнинг ҳукумат оти билан қилғон хиёнат ва фисқлари” мусулмон халқини мусибат ва балолар, мудҳиш оқибатларга олиб келишини башорат қилган, ҳушёр кўз, тиниқ ақл билан огоҳлантирган эди. Эрк, ҳуррият, тинчлик, осойишталик, ижтимоий ҳаёт, маънавият, маърифат, адолат, инсонпарварлик, дўстлик, ҳамкорлик, тил, адабиёт, санъат, ҳушёрликка даъват ва ҳ.к. – мана Ализода публитсистикасининг мавзу-муаммолари доираси.
Болшевиклар сиёсатига шубҳа билан қаровчи ўткир мақола, фелетон, памфлетлар ёзиш учун кўп тилни билишдан ташқари кенг савия, қомусий билим, жасорат, маҳорат ва яна бир қанча сифатлар талаб этилардики, буларнинг бари Саидризо Ализодада мужассам эди. Англия разведкаси жосуслари унинг боши учун бежиз эллик минг фунт стерлинг мукофот ажратмаганди; болшевиклар эса ватан, миллат равнақи йўлидаги катта меҳнати, сидқидил хизмати эвазига уни инглиз жосусига, халқ душманига чиқариб чақув уюштиришган, ҳибсга олишган.
Журналистлиги, ёзув малакасини эгаллаганлиги, Эронда уч йил ўқиб келганлиги, кўп тилни билиши маърифатпарварлигига кенг йўл очиб беради. Самарқандда камбағал деҳқон фарзандлари учун мактаб очиб, муаллимлик қилади, “Сарфи араб”, “Туркий алифбо”, “Тарих”, “Жуғрофия”, “Риёзиёт”, “Хандаса”, “Табиат”, “Дин вожиблари”, “Низомнома”, “Бадан тарбияси”, “Илми фазо” номли ўн битта дарслик тузади; ўзбек мактаблари учун “Биринчи йил” номли алифбо ёзиб, бепул тарқатади, тожик тилида “Сарф ва наҳв” (1924), ўзбек тилида “Ҳосилот” (1926) китобларини ёзиб чоп эттиради, Самарқандда яшайдиган руслар учун кечки курслар очиб, ўзбек ва форс-тожик тиллари ўқитади, мутафаккир Абдулла Шоиқ билан янги озарбайжон алифбосини тузади, 2 жилдлик русча-тожикча луғат тузиб (1933-1934) нашр эттиради, 1933-1937 йилларда СамДУда араб ва форс тилларидан ўқитувчилик қилади, Ҳамид Олимжон, Ўткир Рашид каби шоирларга дарс беради, журналист Шароф Рашидов, файласуф Иброҳим Мўминовлар билан мулоқотда бўлади. Лоҳурдан меҳмон бўлиб келган Мирмуҳаммад Гармони Афғон деган ноширни бир неча кун меҳмон қилиб, унга “Маросилот”, “Туркистон тарихи”, “Русия тарихи”,”Умумий европа тарихи”, “Ислом тарихи”, “Ислом ақидалари”, “Фазо илми” китобларини, “Саодат асри” номли романи ва таржима асарларини ишониб топширади. Болшевиклар ҳукуматининг сўзи билан иши бир жойдан чиқмаётганини кўриб, билиб, хавфсираб юрган мутафаккир асарлари бу ерда чиқмаслигига, йўқотиб юборилиши эҳтимолига кўзи етгани (қамалганидан кейин шундай бўлди ҳам) учун шундай қилган бўлса керак деб ўйлагинг келади. Афғон ноширига берилган китоблар тақдири узоқ вақт номаълум бўлиб келди, фақат кейинчалик улар 1923-1933 йилларда Лоҳурда чоп этилгани маълум бўлди.
С. Ализода “Капитан қизи”, “Борис Годунов”, “Дубровский”, “Евгений Онегин”, “Тирилиш”, “Ревизор”, “Очилган қўриқ”, “Цемент”, “Пўлат қандай тобланди” асарларини русчадан ўзбек, форс, тожик тилларига ўгиради, франтсузчадан Молер, Мопассан, инглизчадан Эптон асарлари таржимасига қўл уради. (Қуръони каримнинг айрим оятларини фаранги тилга ўгиргани ҳақида ҳам маълумотлар бор). Ибн Сино, Фирдавсий, Низомий, Фузулий, Навоий асарларидан рус тилига таржималари ҳам таҳсинга лойиқ иш эди. С. Ализода “Меҳробдан чаён”ни шундай маҳорат билан ўгирган эканларки, бир одамдан асар ҳудди тожик тилида ёзилгандай равон, силлиқ чиққан деган мақтовни эшитиб фахрланиб кетдим, бобом Самарқандда кўп бўлган, бир муддат у ерда яшаган, Ализода билан анча мулоқот қилган бўлишлари керак, – деди яқинда Абдулла Қодирийнинг невараси, ТошДУ журналистика факултетида ўқиб юрганидан бошлаб бобосининг ижодий меросини йиғиш билан машғул бўлиб келаётган, яқинда кичик асарларни тўплаб катта китоб нашр эттирган Хондамир Қодирий. Бир орзумиз: “Ўткан кунлар” ҳам тожикчага ўгирилса, роман кўп халқлар тилларига таржима қилинган бўлсаю, ён қўшнимиз китобхонлари уни ўз тилида ўқишмаса… Ҳар икки тилни яхши биладиган моҳир таржимонни кутиб турибмиз”.
Бобонг бўлса шундай бўлса…
Бир куни фойтунда кетаётган Ализода йўлда юпун кийимли, оёқ яланг бир одамни кўриб қолиб, тўхтаб ботинка устидан киядиган калошини ечиб беради. Ишга келгач Садриддин Айний “Калишларини аябдилар-да, тақсир”, дея ҳазил қилади, воқеани эшитгач, “бу ишингиз дуруст бўлибту”, – дея мақтайди. Бир серфарзанд аёл болаларига егулик, кийим-кечак олиш учун сигирини сотадию пулини йўқотиб қўяди, йўлда топиб олган Ализода пул эгасини кўп қидиради, газетага эълон ҳам беради. Ахири аёлни топиб, айтган белгилари бўйича уники эканлигига ишонч ҳосил қилгач, қайтиб беради, ўзидан ҳам пул қўшиб, фойтун кира қилиб жўнатади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқандда таваллуд топган. Отаси ҳожи мир Махсум эронлик бўлиб, 1882 йилда Хуросондан Бухорога, сўнгроқ Самарқандга кўчиб келган, онаси Ҳадичабегим озарбойжонлик, машхур бастакор Узейир Ҳожибековнинг қариндошларидан экан.
Саидризо Ализода олти йил Самарқандда мадраса таҳсилини олган, бир муддат отасига гилам сотишда ёрдамлашиб турган, бир рус зобити билан танишиб қолиб, унинг маслаҳати, кўмаги билан Демуров босмахонасига ҳарф терувчи бўлиб ишга кирган, худди шу касб уни матбуотга ошно қилган, унга бир умр содиқ қолган. Саидризо Ализода 1937 йил декабрида сиёсий чақув натижасида ҳибсга олинади, 8 йил Самарқанд-Тошкент-Тоболск-Владимир турмаларида ўтириб, 1945 йил 24 декабрида сил касалдан вафот этади. Аллоҳ Саидризо Ализодага ҳар томондан истеъдод ато этган эди. У 1916-1922 йилларда Беҳбудийнинг “Падаркуш”, Молернинг “Зўраки табиб”, Узеир Ҳожибековнинг “Аршин мол олан”, “Лайли ва Мажнун”, “Асли ва Карам” Ҳусайн Жовиднинг “Шайдо”, “Шайх санъон” асарларини саҳнага қўйишда қатнашади, актер сифатида айрим ролларини ижро этади.
Ализода чумолига ҳам озор бермаган ҳокисор, мунис, меҳрибон инсон бўлган экан. Қариндоши Маъди бобонинг Ғайбуллоҳ ас-Саломга ҳикоя қилиб беришича, Саидризо қишлоқда айвоннинг тепасига девор бўйлаб ип тортиб чиқаркан-да, шифтга ипнинг учини осилтириб, бир дона чақмоққанд боғлаб қўяркан, ипга илашиб борган чумолиларнинг қанддан баҳраманд бўлишини завқ билан томоша қиларкан; озар шоири Собир Тоҳирзода Шамохи шаҳрида бетоб бўлиб ётганида бориб кўради, икки марта пул тўплаб юбортиради, 1911 йили Собир оламдан ўтгач қирқ кун аза тутишади; “Бухорои шариф” газетасида “Бухоро, уйғон!” деган оташин мақоласини ўқиган Файзулла Хўжаэв Самарқандга келади, мириқиб суҳбатлашади, Бухорога таклиф этади. Ф. Хўжаэв республика халқ комиссари раиси лавозимига тайинлангач, ўғли ва шогирдини олиб, Бухорога боради, олим ва арбоб тўрт соатча гурунг қилишади, қайтишда раис ёзма амр қилиб, бир қоп қанд, бир яшикдан чой, совун, икки қоп газламани фойтунга орттириб, поэздга чиқартиради. Манзилга қайтгач, оға рўйхат тузиб барини ночор, муҳтож одамлар, етим-эсирларга тарқатади. Ўтган асрнинг йигирманчи йилларида С. Ализоданинг таърифини эшитган Афғонистоннинг ўша вақтдаги раҳбари Омонуллохон икки марта махсус вакил юбориб юртидаги мактаб, маориф соҳасида катта лавозим таклиф қилади, лекин Ализода ўз ватанида хизмат қилишни афзал билиб, миннатдорчилик билдирган ҳолда қабул қилмайди.
Киройи невара
Бобосини ҳибсга олишганида у қирқ кунлик чақалоқ экан. Бувисининг эслашича, Оғо ўзини бошқа турмага ўтказишаётганини хабар қилган, йўлга иссиқ кийим ва егулик олиб келишларини ҳамда неварасини бир кўрсатишларини сўраган экан. Айтилган вақтда ваҳимали бинога кираверишдаги махсус хонада ҳозир бўлишади. Бир неча дақиқа муҳлат беришади. Қисқа сўзлашув, хайр-хўшлашув. Маҳбус эшикнинг кичик пиёла оғзидек келадиган тирқишидан чақалоқнинг жажжи бармоғини ўпиб, юзига суради-да, “Ойиси, шу неварамни эҳтиёт қилинглар, вақти-соати келиб менинг айбсизлигимни шу бола исботлайди ва номимни рўёбга чиқаради”, – дейди. Невара деганимиз ҳозирда Саидризо Ализода жамғармаси ва уй-музейи директори, геолог Фарҳод Ализода бўлади. Етмиш бир ёшли серғайрат, серҳаракат, беш тилда бемалол гаплаша, ёза оладиган Фарҳод акани бир кўрган, суҳбатини олган киши қанийди ҳар бир неваранинг шундай бобоси, ҳар бир бобонинг шундай невараси бўлса, дея ҳавас қилади.
Фарҳод Ализода ҳикоясидан: 1959 йили бобомиз оқлангани ҳақида қоғоз олдик. Уйимиздагилар ҳолатини тасаввур этасиз: дардли байрам, қувонч, армон, алам ёшлари, муборакбод қилгани келган қўни-қўшнилар, таниш-билишлар, хотиралар. Йигирма икки ёшга кирган, армия хизматини ўтаб келган йигитман. Келди-кетдилар, ширин хотиралардан қувонаман, бувимдан сўрайман: бобомиз шундай зўр инсон бўлган экану нега бизга ҳеч нарса демагансиз. “Э, болам, дейди бувим кўз ёшларини артиб айтсам тилим, айтмасам дилим куярди-да. У кишининг номларини қўрқа-писа, шивирлаб айтишарди, билганлар, таниш-билишлар ўзларини четга олишарди, баъзи қариндош-уруғлар ҳам қадамларини узишганди. Дардимиз ичимизда эди, мана, худога шукур, энди юзимиз ёруғ бўлди”. Бобомнинг ким бўлганлиги, менга қолдирган васиятни илк даъфа бувимдан эшитдим, расмларини кўрдим, қалбим қувонч, ғурурга тўлди, фикри-зикрим уларда бўлиб қолди, бобомни биладиган одамларни суриштириб топдим, суҳбатларини олдим.
Бир куни бобом тушимга кирди: оқ либосда, қарашлари жиддий. Чорраҳада, фалон манзилда, фалон кишиникида китобларим бор, бориб шуни ол, дедилар. Ҳайратланиб отамга айтдим, отам Тоғи Ализода бобом фарзанди бўлгани боис, ўн йил «ётиб» қайтиб келган эди. Икковлашиб айтилган жойга бордик, эшикни тақиллатдик, бир аёл чиқди, хонадон соҳибини сўрадик, кўп ўтмай, ҳассага таяниб кўзлари ожиз бир одам чиқди. Мақсадимизни айтдик. Тўғри, раҳматли бобом у киши билан бирга ишлаган эканлар, кўп яхши инсон эди деб эслади, китоблар уй теварагига териғлик, лекин стенка орқасида, ўзим касалманд одамман, оғир мебелни силжитолмайман, узр, – дедилар. Қайтиб кетдик. Уч кундан кейин бобом яна тушимга кирди, китобларимни ол деб қайта айтдилар. Яна бордим. Китобларни олмасам бўлмайди, сизни рози қиламан дедим. Кучга тўлган йигит эдим, бир-икки одам кўмагида шкафни сурдик. Бобомнинг еттита китоби турган экан.
Владимир шаҳрига сафар
Китобларнинг ичидан бир қоғоз чиқди. Владимир шаҳри турмасидан юборилган бу қоғозда маҳбус Саидризо Ализода билан соат 9-00 дан 17-00 гача кўришиш, озиқ-овқат беришга ижозат берилиши ёзилган эди. Қандай қилиб бу қоғоз уйга етиб келмаган, китоб ичида қолган-билмадик. Қоғозни кўриб бувим кўп йиғладилар. Қоғозни қатоғон қурбони бўлиб ўн етти йил «ётиб» келган ветеран Раҳим ака Шокирбековга кўрсатдим: “Ҳеч бир сиёсий маҳбусга бундай қоғоз берилганини кўрмаганман, эшитмаганман. Мўъжиза. Бу ерда бир сир бор, яхшилик аломати бу” – дедилар. Ҳузур-ҳаловатимни йўқотдим. Қоғозни олдиму, самолётга чипта олиб Москвага учдим, туша солиб бир таксида Владимирга йўл олдим, тўғри турмага бордик. Қаранг, 30 апрелда борган эканман, эрта-индин байрам, 3 май куни келасиз, дейишди. Меҳмонхонага олиб борган таксист билан ҳайрлашдим. Нотаниш шаҳар, ҳеч кимни танимайман. Ҳамма байрам тараддудида. Мен эса ўзим билан ўзим, фикри-зикрим бобомда. Кечқурун ресторанга тушиб тановвул қилдим. Юз грамм арақ буюрдим. Қўшни столда уч киши хандон-хушон гаплашиб ўтирибди, бири ёши каттароқ. Ҳавасим келди. Офитсиант қиздан шу столга менинг номимдан битта коняк қўйишини сўрадим. Йигитлар миннатдор бўлишди шекилли, бири ёнимга келиб, столга ўтишга таклиф қилди. Ҳаёт тасодифларга тўла. Бахтли ва бахтсиз тасодифларга. Ишинг бир ўнг келса-келаверади, чап кетса ҳам шундай. Суҳбатлашиб кетдик. Кавказликлар экан, тижорат қилиб келиб-кетиб туришаркан. Келишим боисини сўрашди. Муддаомни айтсам, байрам кайфиятига тўғри келмайди, дедим. Йўқ, айтинг, деб қўйишмади. Ниятимни энди баён қила бошлаган эдим, бири секин қулоғимга шивирлаб, айни керак одамни топдингиз, нуқтага урдингиз, деди.Омадни қарангки, ўтирганлардан бири Гаврилия Чичиков деган абхаз бўлиб, ўша йиллари турмада омборчи бўлиб ишлаган экан, 3 май куни Чичиков турма бошлиғи ҳузурига бошлаб борди. Яхши одам экан, ёрдам берди, ўттиз икки йил очилмаган, қўл урилмаган 27877-делони қўлимга тутқазди.
Набира 27877 рақамли делони илк бор қўлга олади, бобосининг зиндонда туширилган, қоқ суяк бўлиб қолган, кўзлари чуқур ботиб кетган суратини кўриб ўзини йиғидан тиёлмайди, кейин кўпчиликка қўйилган, бир қолипдаги, бетутуруқ айбларни ўқийди, гўё “С. Ализода “Шўрои ислом”ташкилотининг дастурини тузган, чоп этган мақолаларида “йўқолсин империализм” сўзи ўрнига “йўқолсин ВКП (б)” сўзини ишлатган, колхозлаштиришга қарши чиққан, Сталин сиёсатини қоралаган” ва ҳоказо. Ана шу асоссиз туҳматларни тасдиқлаган одамларнинг фамилиялари ҳам делода битилган бўлиб, ачинарлиси, уларнинг ичида бобосини яхши билган, ёрдамидан баҳраманд бўлган самарқандликлар ҳам бор экан.
1940-1945 йилларда турмада врач, ҳамшира, ошпаз, омборчи, посбон бўлган кишиларнинг манзилларини топдим, суҳбатлашдим. “Ализода жуда интизомли, тарбияли, донишманд инсон эди, – деди 80 ёшли врач Екатерина Богатова. – Турма бошлиғи бобонгизни ҳурмат қилар, менга у кишидан яхши овқатлар, дори-дармонларни аяманг дерди”.
Турма девори атрофларида кўзимда ҳалқа-ҳалқа ёш, бобом қабри тахмин қилинган жойни қидириб юрганимда қўлида лола кўтариб келаётган бир рус чолни кўриб, гаплашиб қолдим. Омадимни қаранг, айни бобомнинг қабрини зиёрат қилиш учун келаётган экан: “Мен бобонгиз ётган камеранинг посбони бўлганман, тўрт йил қўриқлаганман, йигирма йилдан бери пенсиядаман. Ализодани қадрлар эдим, қўлларидан тутиб, турма касалхонасига етаклаб борардим. Мана – қабри. Ҳар 3-4 ойда келиб, гул қўйиб кетаман”. Чолни қучоқлаб раҳмат айтдим, тўйиб-тўйиб йиғладим.
Беҳбудиий энг ками тўрт тилни билишга даъват этган, Саидризо Ализода эса кам эмас, кўп эмас, ўн тўрт тилни билган, булар: ўзбек, тожик, форс, араб, озар, усмонли турк, татар, курд, рус тилларини мукаммал, олмон, инглиз, фаранги тилларини яхши билган, арман, иброний тилларидан дуруст хабардор бўлган. Айни чоғда С.А. имзоси билан берилган “Ҳар миллат ўз тили ила фаҳр этар” мақоласида (“Ойина” журнали, 1914 йил 35-сон.) ҳар бир миллат ўз тилини кўз қорачиғидай асраши лозимлигини уқтиради: “Агарда тил ва адабиётимизни муҳофаза қилмай, анга ажнабий луғат ва сўзларни қўша берсак, бир оз замонда тил ва миллиятимизни йўқотурмиз. Миллиятимизни йўқотганда диёнатимиз ўз-ўзи ила албатта йўқолур. Бас, бизга тилимизни ажнабий сўзлардан муҳофаза қилмоқлик энг биринчи муҳим бир вазифадир”. С. Ализоданинг олдинни кўргандай башорат қилиб айтган ушбу фикрларини профессор Бегали Қосимов Беҳбудийга бағишланган “Карвонбоши” мақоласида алоҳида қайд этган эди.
Кўп тилларни билиши донишмандга панд ҳам берган (инглизларнинг жосуси деган асоссиз шубҳага сабаб бўлган), кўп жойларда эса корига яраган. Қаҳрли Иван Грозний қурдирган Владимир “Централ”ининг совуқ, зах яккашин хонасига турма бошлиғи Раввинский, ҳамма кетгач, ярим тунда, ҳаётини хавф остига қолдириб, сиёсий маҳбусдан аждодларининг ўзлари унутган иброний (иврит) тилини ўргангани кирар экан, яхшиликка яхшилик қилиб уни кўриш, озиқ-овқат юборишга ижозат берадиган хат жўнатиш имкониятини яратган, минг афсуски, хат Самарқандга келгану зориқиб кутган ҳонадонга етиб бормаган.
Турма нозирининг яна бир яхшилиги – озод бўлган бир маҳбусдан Ализоданинг пахталигини оиласига бериб юбориши бўлади. У одам сирдан бехабар бўлганми ё ёдидан кўтарилганми, пахталик ичига битиклар жойлаштирилганини эслатмайди. Рафиқаси бу бебаҳо ёдгорликни сандиққа солиб қўяди. Орадан йиллар ўтиб эски буюмларни шамоллатиш пайтида пахталикнинг титилиб кетган астарлари орасидан кўп битиклар чиқиб қолади.
Тиниб-тинчимас невара не-не машаққатлар билан С. Ализода “дело”си билан танишгач, излай-излай, ниҳоят, қабрини топгач, бобосининг ҳокини Самарқандга кўчириш ҳаракатига тушади. Бунга эришиш учун нақд ўн йил (1977-1987) керак бўлади. Ғайбуллоҳ ас-Салом ёзади:
“… ҳатто вафотидан кейин оқланган бир инсоннинг қабрини унинг ўз ватанига кўчириш ҳам ниҳоятда қийин кечди. Маҳаллий хукуматлар бу ишнинг катта шов-шувга айланишидан чўчиб, турли тўсиқларни ўйлаб чиқардилар… Фарҳод яна қайтиб бориб, Владимир шаҳрининг маъмурияти ва зиндонбонларига етти букилиб ялинишга мажбур бўлди. Аслида, Самарқанд шаҳар ижроия қўмитасидан Ализоданинг қабрини, марҳумнинг қариндошлари ҳисобига, Владимир шаҳридан Самарқандга кўчиришга рухсат этилиши ҳақида атиги бир энлик хат сўралган эди, холос. Шунчаки йўлига! (“Эзгуликка чоғлан, одамзод,197-198 бетлар).
1987 йили Владимир шаҳри ҳокими Роберт Карлович Магазин кутилмаганда одамохунлик қилади. Расмий ҳужжат, қоғоз-поғоз сўрамай, қаттиқ ёмғир ёғиб турган кезда, ўзи шахсан қабр бошида туриб, ўта эҳтиёткорлик билан қирқ икки йил ер остида ётган Саййиднинг суякларини олиб, матоҳга ўраб, неварасига топширади ва Фарҳод Тоғиэвичга қарата: «Ализода бизнинг аждодлар тили-ибронийни билар экан. Анграйиб қолдим… Тўғриси, ўзим яҳудий бўла туриб, она тилим бўлмиш ивритни (ибронийни) билмайман. Менга – уят! Сизнинг бобонгиз бўлса, қаранг, менинг мен билмаган она тилимни билар экан-а! Тупроғи енгил бўлсин шу улуғ инсоннинг!» – дея илиқ сўзлар айтиб кузатади.
Машҳурликдан номаълумликка, сўнг яна машҳурликка…
Саидризо Ализоданинг ҳоки “Панжоб” қабристонига дафн этилгани, у яшаган уй музей қилингани, бронза бюсти ўрнатилгани, таваллудининг 105,115 йилликлари тантанали нишонлангани, Ғайбуллоҳ ас-Салом, Ф.Ализода, С.Хайитов, С.Соколов, Ш.Микаэлов, С.Ҳожиэва, С.Умиров, Ф.Тошев, А.Неверов, У.Қодир, М.Муқимов ва бошқаларнинг мақолалари эълон қилингани, хорижда асарларининг янги нашри тайёрланаётганидан ўқувчилар хабардор, албатта. Фарҳод Ализоданинг мақсад йўлидаги собитқадамлиги, ғайратлилиги, ташаббускорлиги, янги-янги ғояларга бойлиги ҳавас қилгулик, ибрат олгулик. Мана, етти йилдирки, Фарҳод Ализода Москванинг Химкидаги ҳужжатгоҳида, Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин кутубхонасида бобосининг меросини, ўзбекистонлик журналист, ёзувчиларнинг ўтган асрнинг биринчи ярмида нашр этилган қўлёзмаларини синчиклаб ўрганиш билан банд. 2004 йилда Покистон президенти Парвиз Мушаррафга хат ёзиб, ижозатини олиб, Москва телевидениэсининг “Мусулмонлар” кўрсатувининг муҳаррири ва оператори билан Исломободга, Лоҳурга боради. Лоҳурдаги “Панжоб” кутубхонаси бош директори Аксар Ҳусайн Гилоний бобосининг ўтган асрнинг йигирманчи йилларида нашр этилган бир неча китобини топширади, Фарҳод ака ушбу ва яна кўп китобларни юртига, уй-музейига олиб келади, буларнинг бари тасвирга туширилиб, Покистон телевидениэсида, кейин Москва телевидениэсида кўрсатилади; 2006 йил дунё эронийлар конгресида С.Ализода ижоди ҳақида маърузалар қилади, унга фахрий докторлик унвони берилади. Россия космонавтикаси музейлари ассотсиатсияси (АМКОС) мутафаккирнинг Сиолковский билан деярли бир вақтда ёзган “Фазо илми” китобини юқори баҳолаб, С.Ализода уй-музейини музейлар ассотсиатсиясига аъзо қилиб олади, 2004 йил 26 апрелда космонавт учувчи АМКОС президенти Р.Попович имзо чеккан 75-сон гувоҳнома буниинг далили.
Фарҳод Ализода билан Тошкентда Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг ва бизнинг хонадонда, Самарқандда, Челакда суҳбатлар қурганмиз, ЎзДЖТУ халқаро журналистика факултетида икки марта учрашув ўтказганмиз, ҳар сафар у кишидан машҳур бобоси ҳақидаги янги, мароқли маълумотлар эшитамиз, гурунгларини қумсаймиз.
Нохуш воқеанинг нохуш ёди: 1937 йил декабрида Самарқанд давлат университетида араб тилидан дарс бериб уйига қайтган Саидризо Ализодани НКВД ходимлари келиб, қўлига кишан солиб олиб кетадилар…
Хуш воқеани хуш эслаб. 2002 йил 26 февралда Самарқанд давлат университетининг одам лиқ тўла мажлислар зали. Саҳна. Саидризо Ализоданинг кўркам, нурли сиймоси кўриниши билан қизғин олқишлар янгради. Мутафаккир барчага боқиб: “Ассалом, биз орзиқиб кутган истиқлол, ассалом истиқбол, азиз инсонлар, ёр-биродарларим, ҳамкасбларим, ёш дўстларим, мана мен сизнинг ҳузурингизга қайтдим, энди доимо сиз билан биргаман”, – деяётгандай эди.
Сайди Умиров,
Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.