Мирпўлат Мирзо: “Шеърият ҳамиша идеални куйлаган” (2011)

Таниқли шоир ва таржимон Мирпўлат Мирзо билан суҳбат

Мирпўлат ака, ижод ким учун изтироб, ма­шаққат, ким учун ҳузурбахш машғулот. Сизга-чи?

– Бир асарни ёзиб тугатганингдан кейин, уни қачон бошловдим, қандай тугатдим, деб мулоҳаза қиласан. Лекин бу жараён тафсилотларини аниқ-тиниқ идрок эта олмайсан. Кейинги сафар бир бошдан назорат қиламан деб дилингга тугасан, лекин бефойда.

– Шеър сиз учун узоқ давом этадиган руҳий ҳис-ҳаяжонлар ифодасими ёки туйқус эҳтирослар, туйғулар туғёними?

Фикр юрагимга уруғдай тушади. Шу уруғни асраб, олиб юраман. Вазият, ҳолат етилганда уни қоғозга битаман. Яъни шеър ёзилиш жараёнида у униб, барг ёзади, ғунчалайди.

Шеъриятингизда узрхоҳ мисралар ҳам та­лайгина. Масалан, “Фақат сен ғашланма ўтмиш изимга, Телба ёшлигимни солиб юзимга”, де­ганга ўхшаш. Бу ижобатсиз муҳаббат учун тазар­руйингизми ёки виждон азобими?

Шеърият ҳамиша идеални куйлаган. Идеал эса эришилмаган, эришиб ҳам бўлмайдиган, илк муҳаббат даражасидаги юксак туйғу. Инсон ҳаёти, афсуски, фақат туйғу ва ишқ-муҳаббатдан иборат эмас. Умр давом этаверади. Сиз келтирган мисралар ана шу жараённинг қоғозга тушган ҳолати бўлса керак. Бу жуда бир юксак даражада гуриллаб ёнган мовий аланга бўлмагандир, эҳтимол. Бироқ бу ерда меҳр, инсонни англаш жараёни ётибди. Сенга кимдир дили, қисматини боғлаяпти. Ўшанинг олдида масъулият ҳиссини сезасан. Булар ҳам шеъриятда, адабиётда акс этишга тўла ҳақли ҳолатлар. Бу ерда муроса, армон тушунчаси бор. Масъулият тушунчаси ҳам бор…

– Ҳазрати Яссавий туғилган заминда туғил­гансиз. Ҳар гал сиз билан Сайрамга борганимизда ҳамюртларингиз қалбидаги сизга, сизнинг ижо­дингизга айрича меҳр ва ихлосни кўриб қувончларга тўлиб қайтамиз.

– Жуда кў-ўп юртларни кездим. Ўзбекистонимиз­нинг барча минтақаларида шеърлар ўқиганман. Лекин ўзим туғилган заминга борганимда вужудимни айрича ҳаяжон қамрайди. Тошкентга қайтгач эса, Сайрам мени ҳамиша умидвор нигоҳ билан кузатаётганини ҳис қилиб тураман. Ва… мана шу туйғуга муносиб бўлишим керак, деб ўйлайвераман. Мен юртдошларимни ҳамиша адабиётни севган, севаётган ҳолатда кўришни орзу қилиб яшайман. Тўғриси, ана шу, сиз илғаган, ҳамюртларимга хос бўлган айрича хислатлардан фахрланиб, гапириб юришдан ҳам мароқ туяман. Эҳтимол, мана шу туйғу ҳам менга ижодий куч бағишлар. Холис айтганда, бу замин шеърпараст, санъатни дил-дилидан қадрловчи инсонлар маконидир.

– Сизни биринчи учратганимда, Фарғона во­дийсидан бўлса керак деб ўйловдим. Ижодин­гизда ҳам водийга интилиш туйғулари бўртиброқ қолган мисралар жуда кўп. Масалан:

Алвон-алвон бўлиб ёнди тоғу тўш,
 
Бокира дилларда туғён урар жўш,
 
Атласга бурканди Сайрам, Қўқон, Ўш,
 
Қадим Туркистонга хуш келдинг, баҳор!

Негадир, болалигим ва ёшлик йилларим Фарғона водийсига жуда катта бир ҳавас, меҳр, ҳайрат назари ила қараш туйғуси билан шаклланган.

– Қайсидир бир суҳбатимизда бу Қодирийнинг қаҳрамонларига муҳаббатимиз оқибати бўлса керак, деб айтувдингиз.

– Албатта. Қодирий истеъдодининг, сеҳру жо­зибасининг яна бир қирраси бутун ўзбек йигитларини Водий қизларига ошиқ қилиб қўйгани, десам муболаға бўлмайди.

Раънолар, Кумушлар миллатимиз йигитла­рининг идеали демоқчисиз-да…

Ҳа. “Сен Кумушнинг диёридансан” деб ёзган ҳам эдим. Кейин тақдир мени Фарғона водийси билан боғлади. Кумуш диёрига куёвман.

– Сиз кирган давраларнинг гурунглари бир­дан гуриллаб кетади. Табиатингиздаги юморга мойил­лик кў-ўпларнинг ҳавасини келтиради. Бироқ, не­гадир, ҳазил шеърлар ёзмайсиз.

– Руҳиятимдаги ҳазил-ҳузул, мутойибага мойил­лик, чамамда, ижодкорнинг хиёбонда сайр этиб, тоза ҳаводан нафас олиб туриш заруратига ўхшайди. Лекин ҳаёт фақат ўйин-кулги, ҳазил-ҳузилдан иборат эмас. Ижодкор дунёни доим теран мушоҳада этишга бурчли. Дунёни фалсафийроқ, жиддийроқ акс эттирсам, дей­ман.

Машҳур қозоқ шоири Ўлжас Сулаймоновни ўзбек ўқувчилари асосан сизнинг таржимангизда кашф қилди. Ёдимизда, “Арғумоқлар” номли юп­­қагина китобчада оддий ўзбек шеърхонлари қалбига Ўлжаснинг беҳаловат қалби билан бирга қозоқнинг бепоён кенгликларини ҳам олиб кирган эдингиз. Бугун шу борадаги фидойилигингиз ҳарорати бироз пасайгандай…

– Кутилмаган маълумот сифатида бир гапни айтай. Шу кунларда Ўлжас оғанинг янги тўпламини чоп этишга тайёрлаб қўйдим. Бугун-эрта нашриётга топширсам керак. Китобни ўқиган одам Ўлжас ҳозирги кунимизнинг ҳам энг ёрқин, атоқли шоирларидан бири эканлигини яна бир бор ҳис этади.

– Танқидчиларни бугун биров адабиётшунос, биров синчи деб атаяпти. Сизнингча, улар кимлар? Танқидга муносабатингиз?

Дарҳақиқат, танқидчи ўзи ким? Улар илм қи­ладиган, адабий асарни ўқиб шарҳлаб берув­чиларми ёки асарларни савия даражаларига қараб са­раловчиларми? Мен уларни бугунги адабий воқе­ликда адабиёт сирларини ниҳоятда чуқур тушунган, унинг тақдири, келажаги учун теран қайғурадиган ижодкорлар деб биламан. Танқидчи ёстиқдай асарни ўқиб, у ҳақида мақола битиб, қанчалик шарафга эришади, аниқ айтиш қийин. Адабиётни қисматим, деб биладиган, айни чоғда адабиёт қисматини ўйлайдиган танқидчилар бугун жуда кам. Танқидга муносабатимга келсак, холисона фикрларни қабул қилмаслик жоҳилликдир.

Демак, танқидчи – ижодкор, шундайми?

– Албатта, танқидчи ҳам ижодкор, фикр шоиридир у. Мулоҳаза қилувчи, фикрдан фикр кашф қилувчидир. Танқидчидаги истеъдод ижодкорникидан сира кам эмас. Синчига келсак (аслида у ҳам танқидчи), бу ўзимизда илгаридан бор сўз. Отларнинг бурнига қамишнамо нарса тиқиб, насли ва имкониятларини айтиб берувчиларни шундай аташган. Син сўзининг негизи ҳам нигоҳ деган маънони англатади. Демак, танқидчи теран нигоҳ, теран назар соҳиби.

– “Мукофот” номли шеърингизни ўқиб киши ҳар хил ўйларга боради. Мансаб, унвон, му­кофот тушунчаларининг ўз тасаввурингиздаги инъи­косини ҳам бироз ойдинлаштирсангиз.

– Ўз кундалик машғулотинг сирли олами ошуф­тасига айланган чоғингда ўша дунё, ўша маъво энг мўътабар мукофот бўлиб туюлади.

– Тўғри тушунган бўлсам, ўша муҳит ҳам ман­саб, ҳам мартаба, ҳам унвон экан-да.

– Мукофотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, албатта. Чунки бу ҳам эътироф белгиси. Муҳими шундаки, “эътироф”ларга боғланиб қолмаслик ҳам кишига мароқ беради. Одам юрагида заҳматларга нисбатан матонат туйғусини шакллантиради бу. Ва сизни янада кўпроқ ишлашга, ижод қилишга рағ­батлантиради.

– Мирпўлат ака, дўстлик ҳақида нима дея оласиз? Улфат, жўра, ўртоғ деган гаплар бор. Лекин чинакам дўст деганда… ҳар ким ҳам ўйланиб қолади.

– Умр ўтган сайин имконинг ортар,
 
Бир-бир битиб кетар каму кўстларинг.
 
Ҳар жиҳатдан тўкис бўларсан, фақат
 
Камайиб бораркан асл дўстларинг.

Бу сатрларни йигирма беш йил аввал битган эканман. Асл дўстларим ўша пайтда ҳам саноқли эди. Чорак асрдан кейин қанча қолганлиги ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб олаверинг. Нима қилай, чинакам дўстликка доир талабим ўзим учун ўта қадрли. Бу та­мойилдан чекиниш, ўзимга хиёнат бўлади. Дўстлик ҳақида туркум шеърлар битдим. Келинг, улардан би­рини ўқиб берай.

– Бажонидил.

Энг асл, энг ноёб бисоти учун
 
Ҳадик-хавотирлар кечмайди кимда?
 
Мен сени юракдан эъзозлаб бутун,
 
Қизғаниб яшайман пинҳон – ичимда.
 
 
 
Риёга изн этмас асл дўстлик ҳеч,
 
Сен мудом юргансан ундан юқори.
 
Лекин нима бўлар – эртами ё кеч
 
Кўзинг боғлаб қўйса мансаб виқори?
 
 
 
Йўқ-йўқ, на мартаба ва на унвонга
 
Қаддинг эгмагансан, боққансан тикка.
 
Аммо хавотирим – ушбу замонда,
 
Нетгум, тушиб қолса меҳринг бойликка?
 
 
 
Бунда мен ожизман, чунки тилло-зар,
 
Энг соф юракни ҳам қилар сўқир, кар.

– Демак, бойиб кетишни орзу қилмайсиз? Бойлик ижодкорга бахт келтирмайди, истеъдод заволи деган гаплар ҳам бор.

Шон-шуҳратга интилмаган ва бойиб кетишни орзу қилмаган ижодкорнинг ўзи йўқ. Шон-шуҳрат ижодкорнинг ички иззат-нафсини қондирса, бойлик унинг саховатпешалигида (ҳотамтойлиги бўлмаган ижодкор, менимча, асл ижодкор эмас) асқотади.

Мен ҳам бойиб кетишни орзу қиламан. Лекин бу борада нимаики режалар тузмай, ҳеч бирида му­ваффақият қозона олмадим. Бир пайтлар тузган режаларимга фарзандларим ишониб, уларнинг онаси ишонқирамасди. Охир-оқибат бунга ўзим ҳам ишонавермайдиган бўлдим. Бунинг боисини ўй­лай-ўйлай топдим: тинмай ижод қилиб ва кетма-кет китоблар чиқариб бойиб кетаман дея хаёл қилар эканман… Лекин бошқа бир нарсадан мамнунман: агар орзуимга эришганимдами, хоксорликда кечирган турфа-теран туйғулардан, кечинмалардан бебаҳра қолардим. Хайриятки, ундай бўлмади. “Бойлик ис­теъдод заволими?” деган саволингизга эса жавобни мабодо бойиб кетсам, ўшанда айтарман.

– Таржимачиликка ҳам жуда катта куч сарф­ладингиз. Бу шахсий ижодингизга халақит берма­дими?..

– Баъзан шундай хаёлга ҳам бораман. Лекин таржимани доим севимли ижодий жараён, деб билдим. Афсусланмайман. Таржима ҳам гўзаллик оламига сайр. Мен ана шу оламга олиб кирадиган сирли калитни ниҳоят топиб олгандекман… Ахматова, Цветаева, Бродский, Рубцов, Вознесенский… Ҳар бирига бир-бир ярим ой сарфлаб катта-катта туркумларни ўзбекчага ағдардим. Ва бу жараён ҳам мен учун ажо­йиб мўъжизалар яратиш даври бўлди, деб айта оламан. Пастернакнинг битта шеърини бир ойлаб таржима қилолмай юрган кунларим ҳам бўлган. Бу соҳада заҳматлар чеккан бўлсам-да, беқиёс мароқландим ҳам. Энди, яна навбат ўз қалбимнинг таржималарига.

– Кўнгилга олмасангиз, яна бир гап. Албатта сиз таржима қилган шоирлар жаҳон адабиёти шаънини елкасида кўтарган сиймолар. Улар фақат сизнинг таржимангизда бир хилликка маҳкум бўлиб қолмадимикин?

Имкони борича ана шунга йўл қўймасликка ҳаракат қилдим. Қандай қилиб, дейсизми? Ҳар бир шоирнинг ҳаётга, ижодга бўлган муносабатини чуқур ўргандим. Ва табиийки, улар бу жиҳатдан бир-бирига мутлақо ўхшамасдир. Ва айни шу жиҳат уларнинг ўзлигини, ижодий ўзига хосликларини сақ­лаб қолишимга ёрдам берди. Айримлар таржима қилаётган шоирига марҳамат кўрсатиш туйғуси билан қўлига қалам олади. Мен эса уларга мухлис сифатида ёндашдим. Шоирнинг оҳангини сақлаб қолиш учун эса бутунлай ўша шоир руҳий оламида яшаш керак. Рубцов таржимасига киришишдан олдин у ҳақидаги кўп асарларни ўқиб чиқдим. Яна бир муҳим гап: мен таржима қилаётган шоирларимга қул эмасман. Қўпол туюлса ҳам айтай, пой-патак эмасман. Керак бўлса, улар билан тўғридан-тўғри гаплашиб, мунозарага киришадиган даражага чиқиб, кейин таржимага қўл ураман. Мен уларга хушомад қилиб, улуғлиги олдида бошимни кўтаролмайдиган даражадаги ижодкор эмас­лигимни ҳам биламан…

– Саволимиз кўнглингизни оғритган бўлса, маъзур тутинг…

Йўқ-йўқ. Бундай гап ўз кўнглимдан ҳам бот-бот ўтади. Таржима асносида озгина ланжликка берилсанг, таржимани-ку чиқарарсан. Лекин ўша шоир ўзлигини, ўзига хослигини йўқотиши турган гап. Дейлик, таранг бир руҳда битилган рубоийни оддий тўртликка ай­лантирасан. Бундай олиб қараганда, ҳамма нарсаси жойидадай. Биров эътироз ҳам билдиролмайди. Бироқ шоир ўша тўрт сатрга жойлаган ифор йўққа чиқади. Ўша ифорни йўқотмай ўгириш учун шоир ижод оловида қандай ёнган бўлса, сен ҳам шундай ёнишинг шарт. Шунинг учун ишга киришишдан олдин қалбингда ўша шоир қалбидаги оловни ёндириб қўлга қалам олишинг зарур. Таржимага қўл уришдан олдин шеърни ёзишда шоирга қайси туйғу туртки бўлди, қайси сўз қалбига аланга ташлади – шуни қидираман.

– Саволдан савол туғилади-да. Бродскийни таржима қилиш учун Бродский қалбига кирол­майсиз, у яшаган даврда яшай олмайсиз-ку, ахир…

– Тўғри, яшолмаймиз. Лекин ҳис этиш туйғуси бор-ку. Тасаввур қилинг, Бродский бадарға бўлиб кетди. Қисқа вақт ичида Ватандан чиқиб кетишга маҳкум қилдилар. Неча ўн йиллар ҳижратда юрди. Аммо юрагида Петербург яшади. Мен унинг изтиробларини чуқур идрок этдим. Шоир бир шеърида “апрел ёмғирлари ёғиб турган паллада Петербург тупроғини ўпиб ўлишни истайман”, деб ёзган эди. Бу қандай буюк соғинч эканлигини шоир юрагим билан ҳис қиламан. Унинг яна бир буюк жиҳати, ҳеч қачон ўз алами, изтиробларини, иддаосини пеш қилмади. У ўзини шеърлари ичига йўғириб ташлади. Шоирнинг ўз шеърларига йўғрилган паллаларини топиб, туйғуларини бўрттириброқ кўр­сатолдим, деб ўйлайман. Вознесенский шеърлари устида ҳам соатлаб ўтирганман. Бундан чарчамаганман ҳам. Чунки юрагимда илҳомдан ташқари беқиёс мароқ ҳисси ҳам бор эди-да. Шоир яратган ҳар бир сатрнинг ўзбекча бўй-басти, бутун салобати билан намоён қилиб бериш, албатта, мендан жуда катта фидойиликни талаб қиларди. Ҳайкалтарош оддий тошда ажойиб сиймоларни кўради. Ундан, оддий тошдан қандай қилиб мана шундай ажойиб сиймо яратдингиз, деб сўрашибди. У саволга жавобан, бу жуда жўн иш. Тошдан ортиқча жойларини олиб ташлаб, керакли қисмини қолдирдим, вассалом, деган экан. Ҳар қандай хорижий шоирни ўқиганимда дастлаб хаёлимда унинг шеърининг ўзбекча бўй-басти гавдаланади. Ана шу бўй-бастни намоён қилиш учун тер тўкиб ишлайман. Мен учун бугун таржима қилиб бўлмайдиган шоир йўқ. Таржимоннинг энг муҳим вазифаси шоир юраги – у ўз шеъри тубига кўмган чўғни, ҳовур-ҳаяжонни топа олиши. Қолгани тажрибанинг иши…

Мабодо, мўъжиза юз бериб, яна талабага айланиб қолсангиз, ўзингизга қандай муносабатда бўлган бўлардингиз?

– Афсус, қайтмайди-да у дамлар!.. Агар мабодо, талабага айланиб қолсам, илм уммонига бошим билан шўнғирдим. Архимедга ўхшаб, таянч нуқтасини топиб беринг, Ерни жойидан силжитаман, деган бўлардим!

– Талантли бир ижодкор акамизга ўзингизни жамият маховигининг бир винтига айлантириб қўймаяпсизмикин, деган ҳавотир изҳор қилдим. У нима деди, денг. Агар Навоий ҳазратлари ўз ҳаётини ҳокимият ҳаётидан айро тутганда том маънодаги Навоий бўла олмас эди, деган гапни айтди.

Навоий ҳокимиятдан имкониятларини тўлароқ намоён қилиш учун фойдаланган бўлиши мумкин. Аммо уни ҳокимиятга чин дилдан интилган, деб ай­толмаймиз.

– Кимларга ҳавас қилиб яшайсиз? Яхши ёзаёт­ганларни рақиб санайсизми?

– Ҳаётда игна билан қудуқ қазийдиганларга ҳавас қилиб яшайман. Барча яхши ёзаётганлар менинг рақибларимдир. Бироқ Худодан уларга бундан-да яхши ёзишларини сўрайман. Чунки шунда менинг руҳиятимда янги уфқлар иштиёқи туғилади ва ғайратим янада алангаланади.

– Юртбошимиз томонидан ёзувчиларга ало­ҳида эътибор, ғамхўрлик кўрсатиляпти. Қалам аҳли шу ардоққа муносиб асарлар яратаяпти, деб ўйлайсизми?

– Ҳар қалай, интилишларимиз бор. Лекин бу режа ва ниятларни ижодимизда етарли даражада ўз аксини топмоқда деб бўлмайди. Балки бу бир­дан руёбга чиқадиган жараён эмасдир. Лекин ҳаммамизни бир нарса қувонтирди – бу Ёзувчилар уюшмаси фаолиятининг жонланганидир. Бу айниқса, жанрлар бўйича ишлайдиган кенгашларнинг йиллик ҳисоботлари йиғинларида яққол кўзга ташланди. Ҳар бир кенгаш ўз сарҳисобини қилди ва бу сарҳисоб янги изланишларга, янги режаларга замин яратди. Адибларимиз бундан ҳам фаолроқ ишлашлари мумкин. Агар айрим муаммолар ҳал қилинса…

– Қайси муаммоларни назарда тутяпсиз?

– Хусусан, китоб нашри муаммосини. Ёзувчи асарини яратиб, нашриётга олиб боради. Нашриётнинг аҳволи маълум: маблағимиз йўқ, ҳомий топиб келинг, дейди. Китоб муаллифи ҳомий топди ҳам дейлик, бу китоб босилди ҳам дейлик. Энди ёзувчи уни сотиш билан (ноширлар тилида реализацияси билан) овора бўлиши керак. Агар ёзувчи зиммасидан ҳомий топиш бурчи ва босилган китобини реализация қилиш вазифаси олиб ташланса, у битта ўрнига, учта асар яратган бўлармиди…

Бундан 15-20 йиллар олдин дўконларимиз жовонлари белини сирқиратиб турган қатор “мум­тоз асар”лар бирдан ғойиб бўлди-қолди. Ваҳоланки, уларни биров олиб ташлагани ҳам йўқ эди…

– Уларни жовонлардан истиқлол шабадаси су­пуриб ташлади. Тарих саҳнасидан бутун бошли бир ту­зум улоқтирилгач, унинг маддоҳларига ўрин қо­лармиди?!

Инсон ҳар бир амали учун нафақат бу дунёда, балки у дунёда ҳам жавобгардир. Бир пайтлар ёшлик ҳарорати билан битиб қўйган айрим сатрларни ўқиб бугун афсусланган пайтларим бўлган. Ана шундай туйғу-тазаррулар сизни ҳам қийнайдими?

– Ҳар қандай шароитда ҳам виждонимга хилоф бўладиган сатрларни қоғозга туширмасликка ҳаракат қилдим. Бу борада кўнглим тинч.

– XXII аср ўзбек шеъриятини қандай тасаввур қиласиз? Ўша маъво-маконда шоир Мирпўлат МИРЗО шеърияти ўзини қандай ҳис этади?

– У замондаги шеърият борасида, жумладан, ўзим ҳақимда ҳам бирор нарса дейишим мушкул. Лекин қийин-қийин – бугунги кунда бир-бирини қўллаб, бир-бирини олдинга суриб юрганларга қийин… Бу аниқ.

Ҳозирги адабий жараённинг яна қайси жиҳатлари сизни чуқур ўйларга толдиради?

– Айрим ижодкор дўстларимиз ҳаётда бошқа миллат шоирларига, асосан Ғарб ижодкорларига тақлид қилишади. Ижодкор ҳаётини узлатда, ёлғизликда ёки аллақандай эҳтирослар оғушида тасаввур этишади. Шундай бўлиши мумкиндир. Лекин бизнинг миллий менталитетимиз сал бошқачароқ. Бу мағзи жуда тўқ ва чуқур Шарқ менталитети. Шарқ одами умрининг маълум бир палласида фақат ижодда эмас, ҳаётда тутган ўрни, фарзандлари камоли даражасидан ҳам масрурланади. Ғарбда ўн саккиз ёшдан кейин ўз фарзандига бор, билган ишингни истаганингча қил, дейди, ҳатто “алвидо” сўзини бамайлихотир айтиши мумкин. Бизда-чи?.. Ал-Бухорийнинг устози Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ал-Марвазий ҳаёти ва ижодини ўргана туриб, дунёга мутаассиблик билан эмас, ҳамиша фикрчан руҳда қараш кераклигини ҳам англадим. Буюк инсонларнинг ҳамма жиҳатлари ҳам сен ибрат оладиган фазилат бўлмаслиги мумкин экан. Ал-Марвазий айтади: тўрт мингта устоз кўрдим. Уларнинг учтасининггина феъл-атвори менга матлуб бўлди. Уларнинг ичида ҳам фалончида адаб-ахлоқ, такаллуф ўзлаштирилган эди. Фалончида илм билан ахлоқ уйғун эди. Фалончининг ҳар бир фазилати туғма эди, деб ёзади. Биз инсонга берилган фикрлаш туйғусини ҳеч қачон йўқотмаслигимиз керак. Инсон фикрлашга имкони йўқ лаҳзаларда ҳам фикр эгаси. Дунё тинимсиз эврилиб бормоқда. Бу умумбашарий жараёнда инсон табиатидаги эзгу хислатларнинг путур топаётганлиги ташвишга солади. Бу бизнинг азалий идеалларимизга путур етказмасмикин, деб хавотир қиламан. Мана шу туйғулар ёрқин бўёқлар ила адабиётимизда акс этиши ва бу муаммо адибларимизни чуқур ўйга толдириши керак. Муҳими, ўзлигимизни сақлаб қолиш туйғуси тафаккуримизни тарк этмаса, бас. Зеро, қушлар юра­гини доим иссиқ ўлкалар тортиб турганидай, шак-шубҳасиз, бизни ҳам шарқона анъана ва удумларимиз ўзига тортиб туради. Қонимизда гупурган ана шу туйғуларгина бизни қийин даврлардан безаха олиб ўтиши мумкин.

 

Абду НАБИ суҳбатлашди.

“Ёшлик” журнали, 2011 йил, 6-сон.