Муҳаммаджон Холбеков. Шекспир бепоён (2009)

Дарҳақиқат, буюк немис шоири Иоҳанн Вольфганг Гёте таърифлагандек, “Шекспир бепоён” — унинг мероси, мана, тўрт асрдирки дунё халқларини ўзига ром қилиб келмоқда. Ватанимиз Ўзбекистонда ҳам Шекспир номи, унинг машҳур асарлари китобхон ҳамда томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.
Яқинда “Фан” нашриёти Шекспир асарларининг шоир Жамол Камол таржимасидаги уч жилдли “Сайланма”сини чоп этди. Нашрга академик Бахтиёр Назаров масъул муҳаррирлик қилган, таниқли адабиётшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққулов мазмундор сўзбоши ёзган. Биринчи жилдга адибнинг “Қирол Лир”, “Ҳамлет”, “Макбет”, “Афиналик Тимон”, иккинчи жилдга “Ромео ва Жулетта”, “Отелло”, “Кориолан”, “Юлий Цезар”, учинчи жилдга “Венециялик савдогар”, “Қиш эртаги”, “Қирол Генрих IV”, “Антоний ва Клеопатра” каби комедия ва фожеалари киритилган.
Шекспир ижодидан таржима қилиш тажрибаси ҳақида гапирадиган бўлсак, адибнинг “Ҳамлет” (“Hamlet”, 1600 — 1601) фожеаси дунё тилларига энг кўп ва хўп таржима қилинган асар ҳисобланади. Масалан, XVIII — XX асрлар давомида рус тилига йигирма бир (асардаги Ҳамлет монологи эса ўттиз уч) маротаба таржима қилинган бўлса, ўтган асрда ўзбек тилига уч марта ўгирилди. Биринчи таржима Чўлпон (1934), иккинчи таржима М.Шайхзода (1948) ва учунчи таржима Ж.Камол (1991) қаламига мансубдир. Дарҳақиқат, асарнинг энг таъсирли қисми Ҳамлет монологидир. Ҳаётда беҳисоб фисқу фужурлар билан тўқнаш келган, борлиқ ва инсон ҳақидаги соф тушунчаларга зарба берган аччиқ ҳақиқат қаршисида эсанкираган Ҳамлет олдида “ё ҳаёт, ё мамот” масаласи кўндаланг туради. Аслиятда “To be, or not to be: that is the question” сатрлари билан бошланувчи ҳаяжонли монолог русча таржималарда: “Быть или не быть — таков вопрос” (М. Вронченко, 1829); “Быть или не быть? Вот в чем вопрос!” (А.Кронеберг, 1844); “Быть или не быть — таков вопрос” (М.Лозинский, 1933); “Быть или не быть: вот в чем вопрос” (Б. Пастернак, 1940) қабилида қарийб бир хил қолипда ўгирилган бўлса, ўзбек таржимонлари уни турлича кўринишда таржима қилганлар. Монолог Чўлпон таржимасида “Ё ҳаёт, ё ўлим, масала шунда”; М.Шайхзода таржимасида эса “Тирик қолмоқ ё ўлмоқ? Шудир масала!” тарзида жаранглайди. Жамол Камол уни “Ё ҳаёт, ё мамот: масала шундоқ”, деб ўгирган. Таржималарни аслият билан солиштирганимизда, Чўлпон таржимаси русчадаги М.Лозинский нусхасига, М.Шайхзода таржимаси А.Кронеберг матнига яқинлиги ойдинлашади. Жамол Камол таржимаси эса асл нусхага монанд ўгирилган кўринади. Ҳамлет монологининг охирги уч мисраси аслиятда қуйидаги кўринишга эга:

… Soft you now!
The fair Ophelia! Nymphe, in thy orisons
Be all my sing remeniber’d.

Ушбу мисраларнинг сўзма-сўз таржимаси:
… Жим бўл!
Соҳибжамол Офелия!
Нимфа, ўз ибодатларингда
Менинг гуноҳларимни ҳам эслагин.

Рус таржимони М.Лозинский юқоридаги мисраларни аслиятдан шундай таржима қилади:
… Но тише!
Офелия! — В твоих молитвах, Нимфа,
Все, чем я грешен, помяни.

Мақсуд Шайхзода бу мисраларни ўзбек тилига қуйидагича ўгирган:
… Энди бас, етар!
Офелия! Қувончим! Гуноҳларимга —
Ўз дуоингда кечирим тила, эй пари!

Жамол Камол монологнинг бу мисраларини бевосита инглиз тилидан қуйидагича таржима қилади:
Бас, кифоя! Офелия! Эй, гўзал пари,
Бир осийман, дуоингда ёд айла мени.

Ҳамлет маҳбубаси, соҳибжамол Офелия қаршисида, унга қарата айтаётган ушбу монологида ўзининг, одамлар ўйлаганидек, телба эмаслигини исботламоқчи, бунга қаллиғини ҳам ишонтирмоқчи бўлади. Унинг пурмаъно оташин сўзларининг мағзини чақишга ожиз, фалсафий мушоҳадаларини телба одам сўзига йўяётган Офелияни саросимадан қутқармоқ, тинчлантирмоқ мақсадида Ҳамлет унга қараб: “Soft you now!” (“Жим бўл!”); “The fair Ophelia!” (“Соҳибжамол Офелия!”); “Nymphe, in thy orisons / Be all my sing remeniber’d” (“Нимфа, ўз ибодатларингда менинг гуноҳларимга кечирим тилагин”), дея мурожаат қилаяпти. Асл нусха матнида “Ophelia” ва “Nymphe” исмлари ёнма-ён келаяпти. Бу ерда Ҳамлет ўз севгилиси Офелияни қадим юнон мифологиясидаги тангри Зевснинг қизлари бўлмиш Нимфа (“Соҳибжамол, қаллиқ” маъносида — М.Х.)лардан бирига менгзаб, унга илоҳий гўзаллик ва зукколикни тиламоқда. Сабаби, нимфалар, яъни соҳибжамол гўзаллар табиат қўйнида Аполлон, Дионис ва Артемида каби олийжаноблик тимсоли бўлган тангриларга ҳамроҳлик қилишган. Рус таржимонлари (М.Лозинский, Б.Пастернак, М.Морозов) ўз матнларида “Нимфа” номини сақлаб қолишган ва таржима сўнгида унга шарҳ бериб ўтганлар. Афсус, келтирганимиз М.Шайхзода ва Ж.Камол таржималарида бу ном тушириб қолдирилган. Оқибат-да иккала таржима ҳам аслиятдан бирмунча узоқлашган.
Ёки “Отелло” (“Othello”, 1604) фожеасидаги Отелло монологи илк сатрларининг Ғафур Ғулом ва Жамол Камол таржималаридаги кўринишини қиёслайлик. Монолог инглиз тилида қуйидаги мазмунда жаранглайди:
Soft you, a word or two before you go.
I have done the state some service,
and they know“t.
No more of thаt…

Ғафур Ғулом юқоридаги мисрани асарнинг русча М. Лозинский таржимасидан қуйидагича ўгирган:
Озгина тўхтанг.
Кетар экан, икки оғиз сўзим бор холос.
Венецияга хизмат қилдим —
ҳамма билади.
Бу тўғрида шу кифоя.

Жамол Камол эса уни бевосита инглизчадан таржима қиларкан, аслият мазмуни ва руҳини тўлароқ ифодалашга интилган:
Жиндек сабр қилинглар.
Икки оғиз сўз айтаман кетиш олдидан.
Юртга бир оз хизмат қилдим,
бу энди маълум,
Балки айтиш шарт эмасдир.

Биз бу ерда шарқ ва ғарб шеъриятининг билимдони, аллома шоир Ғафур Ғулом таржимасини асло камситмоқчи эмасмиз. Шоир ўз таржимасини русчадаги М.Лозинский вариантига яқинлаштиришга уринган. Таржимашуносларнинг таъкидлашича, М.Лозинский таржимаси асарнинг мавжуд русча таржималари орасида аслиятга энг яқини ҳисобланади. Жамол Камол бўлса ўз таржимасини бевосита аслиятдан амалга ошираяпти. Шу боис, унинг таржимасида аслият мазмуни аниқроқ ифодаланган.
Шекспирнинг яна бир шоҳ асари “Ромео ва Жулетта” (“Romeo and Juliet”,1597) фожеасидир. Уни рус тилига турли даврда Т.Шчепкина-Куперник ва Б.Пастернак таржима қилган. Ҳар иккала таржима ҳозирга қадар пешма-пеш нашр қилиниб, театрларда ўйналиб келинади. Фожеани ўзбек тилига 1949 йилда Мақсуд Шайхзода, орадан қарийб олтмиш йил ўтиб Жамол Камол таржима қилишди. Шайхзода асарни русчадаги Б.Пастернак вариантидан ўзбекчалаштирган, таржима жараёнида Жаъфар Жабборлининг озарбайжонча таржимасидан ҳам фойдаланган, дейишади мунаққидлар. Таржима мувафаққиятли чиққан бўлса-да, саҳнада у “Отелло” ва “Ҳамлет” каби шуҳрат қозонолмади. Театршунос М.Раҳмонов ва Т.Сильмильштейннинг таъкидлашича, режиссёр асар “ғояси ва услубини яхлитликда бера олмаган эди”. Яхшиси, юқоридаги фикрларнинг нечоғли ҳақиқатга яқинлигини таржималарни асл нусха матни билан солиштириб кузатайлик. Масалан, фожеа якунида Верона ҳокими, шаҳзода Эскал (Escalus, Prince of Verona — Эскалус [лотинча], Верона шаҳзодаси — М.Х.)нинг якуний сўзи аслиятда шундай жаранглайди:

Prince
A glooming peace this morning
with it brings.
The sun for sorrow will not show his head.
Go hence, to have were talk
of these sad things.
Some shall be pardoned,
and some punished.
For never was a story of more woe
Than this of Juliet and her Romeo.
[The tomb is closed] Exeunt.

Энди, юқоридаги мисраларни Б.Пастернак таржимасида келтириб ўтамиз:
Князь
Сближенье ваше сумраком объята
Сквозь толщу туч не кажет солнце глаз.
Пойдем, обсудим сообща утраты
И обвиним или оправдаем вас.
Но повесть о Ромео и Джульетте
Останется печальнейшей на свете.
Уходят.

Мақсуд Шайхзода бу мисраларни қуйидагича ўгирган:
Бек
Ҳаммангизга тонг келтирди мотамсаро сулҳ,
Ҳатто қалқмоқ истамайди аламли қуёш.
Юринг, ҳали кенгаш қуриб ўйламоқ керак —
Кимга — биздан илтифоту кимларга жазо!
Ромео ва Жульеттанинг қиссасидан ҳам,
Ғамли қисса кўрган эмас тарихда олам!
Кетадилар.

Жамол Камол шаҳзода нутқини аслиятдан бундай таржима қилган:
Бек
Шунинг билан тонг келтирди ғамгин осойиш,
Ғамдан бошин кўтаролмай, қийналар қуёш.
Юринг, гаплашайлик яна, этайлик тайин,
Кимни кечирамиз, кимга бергаймиз жазо.
Ромео ва Жульеттанинг ишқидек, эвоҳ,
Қайғули бир муҳаббатни кўрмамиш дунё!
Кетишади.

Шекспир ўз комедия, трагедия ва хроникаларини қофияли ва қофиясиз-оқ шеър шаклида битган. Ҳар икки ҳолатда ҳам унинг мисралари равон ва оҳангдор ўқилади. Ҳатто адиб замондоши, драматург Роберт Грин унинг бу борадаги мувафаққиятига рашк қилса-да, тан олгани манбалардан бизга маълум. Мисол келтирганимиз юқоридаги мисралар аслиятда аб аб аа кўринишида қофияланиб келинаяпти. Мисралардаги қофиялар ҳолати русча таржималарда ҳам аслиятга монанд сақланган. Мақсуд Шайхзода таржимасида фақат охирги икки мисрада қофия аа тарзида русча ва аслият матнига вобаста келаяпти. Жамол Камол таржимасида фақат оқ шеър русумини ишлатиб, қофияларни четлаб ўтгани кўриниб турибди.
Фожеа сўнггидаги, Ромео ва Жулетта жасади қўйилган даҳма ичида шаҳзода Эскал Монтекки ва Капулетти хонадонини яраштираркан, мотамсаро нутқининг дастлабки икки мисраси аслиятда шундай:
A glooming peace this morning
with it brings.
The sun for sorrow will not show his head.

Унинг сўзма-сўз таржимаси маъноси қуйидагича:
Бу тонг ўзи билан олиб келди
мотамсаро сулҳ,
Ҳатто ғамдан қуёш бошин кўтаролмас.

Бу мисралар Мақсуд Шайхзода таржимасида аслиятга яқинроқ кўринади:
Ҳаммангизга тонг келтирди
мотамсаро сулҳ,
Ҳатто қалқмоқ истамайди аламли қуёш.

Сабаби, Шайхзода бевосита аслиятдан ўгирилган озарбайжонча таржимадан ҳам моҳирона фойдалангани кўриниб турибди. Масалан, русча таржимадаги аслиятга ёт “Сквозь толщу туч” иборасини таржимада тушириб қолдираётгани ҳам бунга мисол. Жамол Камол таржимасида эса, иккинчи мисра инглизча матнга монанд жаранглайди.

Шунинг билан тонг келтирди ғамгин осойиш,
Ғамдан бошин кўтаролмай, қийналар қуёш.

Энди, шаҳзода Эскал нутқидаги охирги икки мисранинг таржималарини аслият билан солиштириб кўрайлик. Бу ерда рус таржимонлари ҳам, ўзбек таржимонлари ҳам сўз ва ибораларнинг аслиятдаги маъноларини тўлиқ англаб етмаганлар назаримизда. Мисраларнинг аслиятдаги кўринишига яна бир бор эътибор берайлик:

For never was a story of more woe
Than this of Juliet and her Romeo.

Бу мисраларни сўзма-сўз шундай таржима қилиш мумкин:
Жулетта ва унинг Ромеоси қиссасидан
Қайғулироғини кўрган эмас бу олам.

Шекспир фожеани “Ромео ва Жулетта” деб номлагани билан синчков китобхон бутун асар давомида Жулеттанинг Ромеога нисбатан фаолроқ ҳаракат қилганини, муҳаббатини ҳимоя этишда доимо ташаббускор бўлганини осонгина фаҳмлаб олади. Шунингдек, воқеалар давомида Жулетта Ромеога қараганда сидқидилдан ҳаракат қилади, ақлан бирмунча пеш эканлигини ҳам намоён қила боради. Шу боис, муаллиф сўнгги мисрада, кўриб турганимиз “Than this of Juliet and her Romeo” (“Жулетта ва унинг Ромеоси қиссасидан”) қабилида қаҳрамони Жулеттанинг исмини олдинги ўринга олиб чиқади. Шундай экан, русчадаги Б.Пастернак, ўзбекчадаги М.Шайхзода ва Ж.Камол таржималарида ҳам асл нусха мазмуни тўлиқ ифода этилмаган, дейишга ҳақлимиз.
Юқоридаги мисралардан сўнг, аслиятда: “The tomb is closed. Exeunt” (“Даҳманинг қопқоғи ёпилади. Кетишади.”), дейилади. Бу гап ҳам таржимонлар назаридан четда қолган. Ваҳоланки, мотамга йиғилганлар воқеа ниҳоясида Ромео ва Жулетта жасади қўйилган “даҳманинг қопқоғини ёпиб”, сўнгра “кетишади”.
Тўғри, шеърий асарни бир тилдан иккинчисига таржима қилиб бўлмайди, шеърий таржимада таржимон муаллифнинг рақибига айланмоғи керак, деган фикрлар бор. Бу дегани, таржимоннинг шеърий асарни ўгириш жараёнида томомила эркин бўлиб, асл нусха матнидаги муҳим сўз ва ибораларни ташлаб кетавериши мумкин, дегани эмас, албатта.
Яна бир масала. Ҳозирга қадар Шекспир асарларининг тилимиздаги нашрларида унинг исм-шарифи “Вильям Шекспир” тарзида транслитерация, яъни ҳарфлар миқдори ва номига монанд ёзилиб келинади. Бу, албатта, ўтган асрнинг биринчи яримида адиб асарларининг русча таржималари ва нашрларидан тилимизга кўчиб ўтган эди. Ваҳоланки, Шекспир асарларининг 1957 — 1960 йилларда чоп этилган “Тўла асарлар тўплами”дан бошлаб рус тилида драматургнинг исм-шарифи талаффузда, яъни транскрипцияда “Уильям Шекспир” тарзида асли(William Shakespeare)га монанд тўғри қўлланила бошланди. Афсуски, ўзбек тилидаги 1981 — 1985 йиллар нашр қилинган Шекспир “Танланган асарлар”ида ҳам, 1991 йилда босилиб чиққан “Отелло” китобида ҳам, ниҳоят қўлимиздаги уч жилдли “Сайланма”да ҳам муаллифнинг исм-шарифи “Вильям Шекспир” ҳолида ўзгармасдан қолди.
Шекспир драмаларининг Жамол Камол таржимасида нашр этилган уч жилдлик “Сайланма”си ҳақиқатан ҳам катта воқеадир. “Сайланма”нинг китобхон аҳлига манзур бўлишига аминмиз. Унга ёзилган сўзбоши ҳам Шекспир меросининг ғарб ва шарқ мумтоз адабиётида тутган ўрнини чуқур таҳлил қилиб берган тадқиқот сифатида ўқилади. Бизнингча, “Сайланма”нинг ҳар бир жилди сўнггида пиесаларнинг ёзилиш тарихи, мазмуни, тушуниш қийин бўлган сўз ва иборалар шарҳи битилган илова берилганда, жилдлар иллюстрациялар билан безатилганда ўқувчига янада манзур бўларди.
Чўлпон билан Жамол Камол таржималари ўртасида қарийб олтмиш йил, Ғафур Ғулом, Мақсуд Шайхзода ва Жамол Камол таржималари орасида эса эллик йиллик вақт чегараси ётибди. Таржималарни баҳолаганимизда бу “чегарани” ҳисобга олмоғимиз зарур. Вақт ўтган сари Шекспирдан янги-янги таржималар бунёдга келади. Шекспирнинг ўзи ҳам ўзбек китобхони ва томошабинига янада яқинроқ, янада қадрдонроқ бўла боради. Шекспирнинг бепоёнлиги ҳам шундадир. Жамол Камол таржималарининг янги нашри ҳам шу йўлдаги яна бир қутлуғ қадам бўлиб қолади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди.