Ижодкор қизларнинг китобларини ўқияпман. Уларнинг талантлари бугун уйғонган. Мана, Гулжамол Асқарованинг «Уйғотувчи алла»си. Аллани бола тинчиб ухласин, яхши тушлар кўрсин, ёстиғига ола-бўжилар яқинлашмасин деб, маъюсона хиргойи этиларди. Алланинг маъноси болани ухлатиш, унинг мурғак руҳига ором ва сакина ато этиш эди. Бошқа маъносини билмасдик, ўйламасдик. Гулжамол алланинг уйғотувчи кучига урғу берибди, ундан янги қадар маъно излабди. Ухлатувчи алла билан уйғотувчи алла ўртасида диалектик бирлик топишга уринибди. Алланинг бир пайтнинг ўзида ҳам ухлатиб, ҳам уйғотувчи кучига қулоқ тутибди. Алладан бола онгида илҳом заҳиралари йиғилади ва кейин уни уйғоқ яшашга чорлайдиган кучга айланади. Гулжамол топган, теша тегмаган, сийқаланмаган оригинал фикр. Бу оригинал образни китобининг номига чиқарганига қараганда, ўзи бугун ёзаётган шеърларига ҳам уйғотувчи алла деб қарайди чамаси ва уларда уйғотишга чорлов бўлишини кутади.
Ёки, мана, Ҳалима Аҳмаднинг «Афсун» ва «Тийрамоҳ» деб номланган иккита шеърлар китоби. Афсун жуда қийин нарса. Унинг нималигини ҳеч ким айтиб беролмайди. Албатта, бу сеҳрлаш билан боғлиқ бир нарса эканлигини кўпчилик тахминан билади. Қолаверса, «афсун», «сир», «сеҳр», «жоду» — шеъриятнинг оқ, қора, қизил тулпори. Унга миниб шоирлар коинотнинг кўз илғамас маконларида вақтнинг тизгинини тутолмай парвоз қилишни яхши кўрадилар. Лекин афсуннинг маъноси ва табиати доим ноаниқ ва қоронғу бўлиб қолаверади. У тирикликда ҳеч қачон равшан тортмайдиган ҳодисалардан. Лекин ҳаётда худди афсунлангандай, сеҳрлаб қўйилгандай, тилсимлангандай бўлиб юрадиган одамлар тоифалари ҳар бир миллат-элатда ҳам бор. Уларга Худо ҳуш берган, лекин ҳуши ўзида эмас. Ҳалима Аҳмад афсун деганда ўзига ва бутунлай ўз-ўзига, ўз ички оламларига ғарқ бўлишни англайди. Ошиқ малакларни уйғотиш ва девона бўлиб куйлаш — ўз-ўзига ғарқ яшашлик билангина муяссар бўлади. Табиатда ҳамма нарсалар яратишнинг сурури — масарратида. Табиат чексиз, интиҳосиз фусун ва фусунсозлик ичида. Уни тўғри Ақл, Навоий айтмоқчи, ТААҚҚУЛ билан, тўғри Идрок ва тўғри Онг билан англаб бўлмайди. Шунинг учун шоира афсоналар ичидан бўлса ҳам, ўзига, шоирлик ИДРОКИга АФСУН ҳолатини чорлайди.
Ҳаётнинг кўшкида
мағрур ўлтириб
Томоша қилардик Ажал рақсини.
Хазон тўкилдими?!
Кулдими Худо
Менинг ўзимга ғарқ
бўлган ҳолимдан…
Одам афсун ҳолатидагина шундай фавқулодда манзара чизиши мумкин. Афсун, яъни ўзига батамом ғарқу мастона бўлган чоғлардагина япроқлар устига ёғаётган ёмғирларнинг шивирлашини ва бу шивирлашларида у нималарни ривоят қилаётганини эшитиш мумкин. Афсун ҳолатидагина нурлар телба ва жилғалар мастона бўлиб туюлади. Шоира булар инсон учун жуда ғайритабиий нарса эмасми, деган шубҳага боради, афсун ҳолидан сесканиб чиқади ва борлиқнинг соҳилига қайтади:
Оппоқ сочларимни ойнада кўриб,
Уялиб кетаман ўз хаёлимдан…
Афсун ҳолатидан кўз очганда, туганмас иккиланишлар, шубҳаланишлар ва булар билан эгачи-сингил бўлиб кетган, уларнинг мангу ҳамроҳи — ўртанишлар келади. Унинг келишлари ҳам нолали, кетишлари ҳам нолали. Лекин «кетиш» нисбий. Ўртаниш ҳеч бир вақт шоир қалбини тарк этмайди. Шоир — лирик қаҳрамоннинг саволлари беҳад кўп. Саволларнинг энг оғирлари шоир — лирик қаҳрамоннинг айни ўзига — ўз ички дунёсига қаратилган ва у ҳеч қачон шу йўналишдан чекинмайди, адашмайди. Ташқи муҳит ва унинг қурилишига қарата айтилган, ташланган саволлар ҳам бисёр, кам эмас. Бу саволларга на ташқи муҳит ва на шоир — лирик қаҳрамоннинг ўзи — на унинг ички муҳити — жавоб беролади.
Қайга ботиб кетди
мен севган офтоб?
Бир қўшиқ излайман
далли, девона.
Кўзим шароб тўла
ғамгин афсона,
Мен нечун ўзимга бўлдим бегона?
У оддий одамлардай яшаса, улардай фикрласа, улардай фақат маълум бир ҳиссиётлар ўлчамлари ичида яшаса, ўзига телба саволлар бериб, бошини қотирмаса, албатта, ҳеч қачон ўз-ўзига бегона бўлиб кўринмасди. Шоира — лирик қаҳрамоннинг тинмаган саволлари унинг туганмас изтироблари ва бу изтироблар ҳеч нимага ўхшамайдиган либосларда намоён бўлади:
Бир ёруғ кун келар…
Дийдорлар васлига тўяди кўзим.
Мовий изтиробнинг
ойдин тушига —
Уфқ кўйлагида кираман ўзим…
Бу қандай ифодалар дейсиз, ахир? Уфқ кўйлаги қандай рангда? Оқ? Қизил? Мовий? Ё сувга томиб ёйилаётган қон рангида? Лекин шоира мовий руҳ ҳақида сўйлагандан кейин, бу руҳнинг шароитида нафас олгандан кейин, албатта, «мовий изтироб» ҳам дейди, «мовий ишқ» ҳам дейди… Мовий изтиробларнинг уларга монанд ҳамроҳларини тилга олмай иложи йўқ. Бу унинг шеърининг ажралмас белгилари, рамзлари, тимсоллари. Буюк бир зиддият ичида ҳаволанаётган афсунга монанд тимсоллар. Куни кеча Саломат Вафонинг янги романини ўқиб ҳам шундай адоқсиз зиддиятлардан туғилган изтироблар, аламлар, тушкун курашлар ичида ўртанаётган аёл сиймосига дуч келдим. Шаҳар ва саҳро. Нурлилик ва нурсизлик. Фикр ва фикрсизлик. Булар қаҳрамон ўртанаётган ҳаёт бағридан тўхтовсиз сизиб чиқади. Нурсизлик ва салиқасизлик тагидан нур ва салоҳият бош кўтаради. Ўртанишнинг охири йўқ. Лекин у охирлаб боради. Охирлаб поёнсизликдан чиқади. Аёл кишининг беҳад чувалашган хаёллари оралаб ҳақиқатнинг учи кўзга ташлангандай бўлади.
Саломат! Бу асарингизни ўқиб, ишонасизми, ниҳоят 210-саҳифага етганда, воқеа, вазиятларнинг танглиги, таранглигини қабул қилишга ҳиссий кучим етмай жуда толиқиб қолдим. Қаҳрамонингиз Салтанатнинг ночорликлари, абгорликлари, нолакорликлари, ўз аҳволини англолмасликлари менга ҳам юқа бошлаганини сездим. Салтанат яшаётган абгорлик чуқурига бир оёғим билан тушиб кетгандай бўлдим. Уни ҳарчанд тортиб олмоқчи бўламану бунга муяссар бўлолмайман. Нега Салтанат бахтсизликларнинг сабабини қидирмайди? Нега бунинг устида ўйлаб кўрмайди? Нега ўзини денгиз тўлқинларида улоқиб кетган писта пўчоғидай тутади? Нега у Лайлисини тополмайди? Адабиётга Лайлига етишолмай кўнгли оқиб тугаган яна бир Мажнун келдими ё?
Ҳалима! Сиз 1988 йили «Тунги марваридгуллар» деган ниҳоятда чиройли биринчи китобингизни чиқарган ва жим ётган кўп юракларни уйғотган эдингиз:
Жим ётган юрагинг
уйғотгин бўзлаб:
Ўзингга бир гўзал қайғулар тила.
Улар қайтмас бўлиб
кетган бўлса гар,
Болаликнинг зангор эртаги билан
Муҳаббатга дафн эт ўзингни.
Орадан йигирма йил ўтиб дунёга келган икки китобингизда бу аҳдларга қанчалар садоқатда бўлганлигингиз, ўз шеърий аъмолларингиздан заррача чекинмаганлигингиз, паймонани тўла сипқорганлигингиз, қайтага ижодий, инсоний аҳдингизда янада мустаҳкам ва изчил бўлганлигингиз аёнлашди.
Сув эмас, сен менга оловларни бер,
Чанқадим, мен бугун
олов ичаман… —
деб ўқувчиларингизни ёмон қўрқитган эдингиз. Аммо оташпараст бир халқнинг олов нафасли қизи каби ҳамон шеъриятда олов ичасиз… Шеърингиз сеҳрланган гул каби ёниб туради. Сиз эса куйиб кетиши аниқ бўлган парвоналарга силайи раҳм қиласиз:
«Парвонанинг кўзини боғланг…»
Киши, ростини айтсам, бундай руҳдаги шеърларни ўқиб шошиб қолади. Бармоғини тишлаб ўтиради. Ҳайрат, ҳайронлик, тушунмаслик ҳаммаси омухта бўлиб кетади. Баъзи нарсаларни «ҳазм» қилолмаётганидан оғринади, ўзини шеърдан йироқлашиб кетгандай сезади. Лирик қаҳрамон ўртанади, куяди. Куйиш, ўртанишда муқим, ўзгармай туради. Азал куйиш, азал ёниш, азал суйишлар ва… буларнинг ўртасида ва охирида азал бахтсизлик тургандай бўлади. Қисмат ойинида азал бахт ёки азал бахтсизликни ҳеч бир зот ўзгартира олмас эмиш! Некбин ва идроки қайсар кишилар буни кўп бора ва қайта-қайта ўзгартиришга уриниб кўрадилар. Лекин охирида яна чексизлик деворига ёзилган ёзув устидан чиқадилар: ҚИСМАТНИ ЎЗГАРТИРИБ БЎЛМАС! Балки шунинг учундир Ҳалима Аҳмад, Гулжамол Асқар, Хосият Рустамова, Ўктамой, Саломат Вафо қаҳрамонлари ҳаётдан йўқ нарсаларни, қилиб бўлмайдиган нарсаларни талаб қиладилар. Иложсиз бир шоирона афсун ҳолатида яшайдилар. Гулжамолнинг қирмизи галстук тақиб, оқ ёқа кўйлак кийиб, хурсанд жилмайиб тушган навқирон суратини кўрганда, «қуриган гулни барибир ташлаб кетишган», деб маҳзун сатрлар битган, ўн саккизга кириб-кирмай ўзини дунёнинг бор айрилиқларини кўрган, ғамолудаликларини бошидан кечиргандай, унга толиб кимсани «маҳшарим» ва «қабрдошим» деб аташга журъати етган, мудом ҳажрлар деб сатр ташлайдиган санам наҳот шу кулар чеҳра бўлса? — ўқувчи тирик синоат қошида лол туради. Гулжамолнинг шеърий аъмоли уйғониб бўлган, мустаҳкамланиб бўлган: бу «муҳаббатнинг шарти етмоқлик эмас», деган аъмол сўзидан ҳам билиниб туради. Шеър ёзиш ҳаваслари унинг мурғак кўнглини аллалаганда, унга ҳали ўзи бошидан ўтказмаган, ҳали маъсум юрагининг парда тортилган даричаларини очиб кирмаган шириндан ширин айрилиқ лаззатлари, саратон ҳавосидай жимирлаган ҳовуротлари хаёлини ўғирлаган ва қиз боланинг шеъри шундай ҳовуротлардан иборат бўлади, деб қулоғига майин шипшиб кетган.
Манглайимда бахт
дастхати бордир,
Сендан айрилдим-ку, бунда ҳам
Худойимнинг ҳикмати бордир…
Шу «дастхат» шоиранинг тасаввурларига қувват ва тўлқин беради. Айрилиқ ҳиссиёти шоирона тасаввурни уйғотади, бойитади, уни дунё ва ўз ички оламини англовчи ҳодисага айлантиради:
Бир чумоли мисоли
дон учун чиққан эдим,
Донни не қилади-ю, мени
не қилар Тангрим…
Мен буларни ўқиркан, Навоийнинг: «Гавҳар керак эрса, бенаволиқ айла» деган, шоирни тушунтириш учун фавқулодда аҳамиятга эга сўзини эслайман. Бенаволик ижодкор дунёсида денгиз қаърларидан ўлмас жавоҳирларни топиб чиқадиган шеърий мақом экан-да! Бенаволик ва тасаввур оламни ҳар кимга ва айниқса, ҳар бир шоирга ўз такрорланмас гавҳарлари баробарида тушунтиради ва билдиради. Мана, қаранг, Хосият Рустамова «Август» деб аталган гўзал китобида нима деб қичқириб юборди:
Ўзи керакмиди мен каби ғусса,
Ё менга зарурат эдими ҳаёт?
Бу тановарга ўхшаган шеър китобида ҳам ўтиб бораётган куннинг поёнсиз дардларига тўқнашасиз. Бу шеърларда вақт муҳрлаб қўйилган. Лекин бу муҳрланган вақтни очишга кучингиз етмайди.
Нима қилишни билмай шоирага тасаввурдош бўлишга уринасиз. Ўзингизни сатрлар муҳрлаётган бераҳм вақт қошида ожиз, нотавон сезасиз.
Йўлга тушдим
Жуссам оғир.
Қўлларимда май,
Йўлларимдан чиқармикан
Бирор улфатим?!
Мен кимларга суянайин
Қаерга борай —
Қачонлардир ҳал қилинган
Бўлса қисматим.
Ўй оғир. Қисматдай оғир. Бу қисматга бир нигоҳ. Тасаввур бундай нарсаларни ўз-ўзидан табиий тарзда юзага чиқаради. Тасаввур идрок мулкига ҳукм қилади. Ҳукм қатъий ва шеър қисмат каби бино бўлади. Хосият! Шеърларингиз китобларингизнинг қордай оппоқ саҳифаларида анор доналаридай ёки ёқут узукнинг мўъжаз кўзидай ярақлаб туради. Гўзалларнинг ёноқларидаги менг каби гуркирайди.
Лекин анор доналарини бир-биридан фарқлаш қийин. Ҳаммаси бир хил яратилган. Балки, бир хил эмасдир. Ўзгачалиги бордир. Биотехнологлар билар эҳтимол буни. Либослари ва тархлари бир хилдаги гулгун доналар ичидан танлаб ажратиб кўрсатиш қийин. Лекин биттасини танлаш билан бари танлангандай, балки танилгандай ҳам бўлади. Кўҳна араб шоирларидан бири Жоҳиз айтган: ташбеҳларнинг энг сараси тил ифодаламасдан бурун юракка етиб боргани… Сизнинг шеърларингиз шундай: дил ва кўнгилга сўйланган улар. Фақат мен ҳеч жавоб тополмайман: кичкинагина юрак ҳаёт ва инсон кечинмаларининг шунчалар зиддиятларини қандай ўзига сиғдириб, қандай кўтариб юраркин? Балки донишмандлик керакдир? Бугун мен шундай донишмандликка интилаётган шеърларни кўряпман…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 10-сонидан олинди.