Озарбойжон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Ҳамид Маммадтағи ўғли Орасли 1909 йилнинг 23 февралида қадим Ганжа шаҳрида дунёга келган. Аввал Ганжа мадрасаси, дорул-муаллиминда ўқиди, битиргач, адабиётдан дарс берди. Кейин Озарбойжон давлат педагогика институтини тугаллагач, аспирантурада таҳсил олди. “XIII — XVI асрлар озарбойжон адабиёти” мавзуида номзодлик диссертациясини ёқлади.
Озарбойжон давлат университетида адабиёт тарихидан дарс берди; Низомий номидаги Адабиёт музейида илмий ходим, илмий котиб, директор муовини ва директорлик лавозимларида ишлади. “XVII — XVIII асрлар озарбойжон адабиёти” мавзуида докторлик диссертациясини ёқлади.
Ҳ.Орасли илмий изланишлар билан бир вақтда, жамоат ишлари, дарс бериш билан мунтазам машғул бўлди. Унинг қаламига 500дан зиёд китоб, рисола ва мақола мансубдир.
Олим Ўзбекистонга биринчи марта 1939 йили Навоийнинг 500 йиллик юбилейини тайёрлаш комитети аъзоси сифатида келди. Ўшанда у Қибрайдаги Ёзувчилар уюшмаси боғида яшаган.
1961 йили Ҳамид Орасли Азиз Қаюмовнинг докторлик диссертацияси ёқланишида расмий оппонент бўлди. Сўнг қадимдан дўстлари Ҳоди Зариф билан Фарғонага сафар қилиб, Қўқонда А.Қаюмовнинг отаси Пўлатхон домла билан ҳамсуҳбат бўлди.
Устоз ватанига қайтгач, ўз таассуротлари ҳақида “Фарғона водийсинда” номли мақола ёзиб, матбуотда эълон қилган эди.
Ҳамид муаллимнинг озарбойжон шоирлари — Воқиф, Видодий, Қатрон Табризий, Қавсий Табризий, Собир, Масиҳий, Маҳжур, Наботий, Насимий, Соиб Табризий, Хатоий, Шаҳриёр ва бошқалар ҳақидаги мақолалари, Низомий ва Фузулий ҳақида эса ўнлаб тадқиқотлари маълум. Олимнинг “Насимий”,”Хақоний Шервоний” номи рисолаларини ўзбек тилига таржима қилганман.
Ҳ.Орасли уч жилдли “Озарбойжон адабиёти тарихи”ни яратишда ташаббускор ва фаол муаллифлардан бўлди.
Олим ижодининг яна бир салмоқли йўналиши матншунослик эди. Фузулий (беш жилдли) меросининг нашр этилиши катта меҳнат, илмдаги журъат ва жасорат эди. “Китоби Дада Қўрқут” (1939), Сайид Азим Ширвонийнинг уч жилдлиги (1967) нашрлари катта воқеалар бўлди.
Ҳ.Орасли Низомий ва Навоий, Навоий ва Фузулий мавзуларида ҳам самарали ишлар қилган. 1957 йилдан бери ўтказиб келинаётган Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган илмий-анъанавий анжуманларда “Навоий ижодини ўрганиш тарихидан” (1960), “Навоий ижодида Низомий мотивлари” (1961), “Навоий ва Кишварий” (1962), “Навоий ва Ҳусайн Бойқаро муносабатлари” (1966), “Навоий асарларининг дастлабки таржималари” (1967) каби маърузалари навоийшунослигимизга қўшилган ҳисса деб эътироф этилган эди.
Ҳ.Орасли бизда биринчи бўлиб Ҳусайн Бойқаронинг машҳур “Рисола”си матни ва у ҳақдаги мухтасар мақолани “Ўзбек тили ва адабиёти”да (1966, 3-сон) эълон қилди.
Устознинг ўзбек ва озарбойжон адабий муносабатлари, Навоий ижодига оид ишлари алоҳида мавзу сифатида ўрганилиши муқаррар. Бу ерда баъзи ёддан чиқмас хотираларни келтириш жоиз кўринади.
1966 йил, 9 феврал. Навоий ижодига бағишланган Х конференция академик Ғафур Ғулом раислигида ўтди. Унда Ойбекнинг “Ҳозирги даврда Навоий бадиий ва илмий меросининг ўрганилиши” мавзуидаги маърузасини Иззат Султон ўқиб берди. Сўз Ҳ.Орасли, Абдуғани Мирзаев, С.Иванов, Ш.Абилов, Э.Шодиев ва республикамиз олимларига берилди. Ғафур Ғуломнинг адабий давраларни ғоят мароқли бошқаришини билар эдик, лекин илмий анжуманни бу қадар теранлик, лутф ва самимият билан олиб боришдаги маҳоратидан лол қолдик. Конференция тугади. Ғафур Ғулом: “Биз бошқа раисларга ўхшамаймиз. Бугун меҳмонлар ва ўзимиздан Порсо Шамсиев, Ҳаким Ҳомидий, Азиз Қаюмов, Абдуқодир Ҳайитметовни бизникига меҳмонга олиб борасан”, деди.
Шоирнинг Бешёғочдаги уйи. Катта хонадаги дастурхонда “йўқ нарсанинг ўзи йўқ”. Муҳаррамхон ая, Улуғбек ва Музаффар Хайруллаев (аянинг жияни) кутиб олишди. Суҳбат қизиди. Суҳбат Низомий, Фузулий, Навоий, Маҳсатий Ганжавий, Навоий дастхати ва муҳри юзасидан кечди. Шу куни мен Ғафур Ғуломнинг Фузулий ва Маҳсатий (шоир исми Маҳсатийми ё Маҳастийми масаласида ҳам баҳс бўлди) шеърларидан ёддан ўқиб, бадиҳона жавобиялар айтиб ташлаганлари, овоз ва хатти-ҳаракатлари ҳамон ёдимда ва қулоғимда…
Ҳамид муаллим: “Ғафур мен енгилдим, сенга тенглашмоқ чўх чатин”, деганида, Ғафур Ғулом: “Ҳамид сен — меҳмон, мен — мезбон. Меҳмон пайғамбар каби азиз. Бошқа мукофот ҳам бор, уни кейин оласан (шояд шоиримиз 1968 йили Ҳ.Ораслига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони берилишини башорат қилган бўлсалар ажаб эмас), ҳозирча бу биздан”, деб тўн кийгиздилар.
1980 йил, 28 декабр. Низомий таваллудига 610 йил тўлиши муносабати билан А.Ҳайитметов билан мен Бокуга таклиф этилдик. Конференция Бокуда ўтди. Тантаналар Ганжада бўлади дейишди. Махсус вагонда Ганжага жўнадик. Барча тадбирларга Ҳамид Орасли масъул эди. Мажлис бўлди. Низомийнинг рамзий уй-музейи, ҳовлисига бордик. Ниҳоят, Низомий мақбарасини зиёрат қилдик. Мақбаранинг олд томонидан арбоблар чиқиб турадиган минбар бўлиб, ўша пайтда Кировобод номи берилган шаҳар аҳолиси учун бош майдон саналиб, намойишчилар ўтар экан. Меҳмонлар минбарга кўтарилдилар. Низомий қаҳрамонлари — Искандар либосу аслаҳалари билан отда, Лайли ва Мажнун, негадир, Ширин Хусрав Парвез билан эмас, Фарҳод билан ўтди. Шунда ёнимда турган ҳамроҳим Ҳайитметов билан Навоий даҳоси нақадар эканлигини сўзлашиб олдик.
Алишер Навоийнинг 525 йиллиги (1966 йилги Тошкент зилзиласи сабабли 1968 йили ўтказилди) муносабати билан Ҳ.Ораслининг “Навоий сиёсатчи”, “Қудратли шоир, ижтимоий ходим”, “Устознинг ҳузуринда (Низомий ва Навоий)”, “Навоий ирсининг ўрганилиши тарихидан”, “Навоий ва озарбойжон адабиёти” номли мақола ва маъруза матнлари эълон қилинди.
Бизлар бу машҳур олимга Ҳамид муаллим деб мурожаат қилар эдик. Мен у кишини биринчи марта 1960 йили кўрганман. Ўғли Элмон кутиб олган ва Ҳазар денгизи соҳилидаги дала ҳовлиларга олиб борган. Ҳамид муаллим, умр йўлдошлари Болача хоним (исмлари жисмларига монанд пастакгина, дўмбоқ аёл эди) меҳмон қилишди. Кейин денгиз соҳилига чиқдик, айландик. У ёқ-бу ёққа қарасам, бир катта дарахт кўринди, бир тарафида барглари бор, бир тарафида эгик қуруқ шохлар… “Нега бундай?”, деб сўрадим. “Шамолнинг кучи бу”, дейишди. Мен яна сўрадим: “Ҳаммаёқ қум, дала ҳовли шунақа бўладими, гул ва мевалар…”. Ҳамид муаллим: “Бу саволга жавобни эртага эрталаб худди шу ерда оласиз”, деди. Кечагина қум устида ўтириб, Болача хоним ўз қўллари билан тайёрлаган паҳлава билан чой ичган жойга чиқдик. Не кўз билан кўрайки, узумлари ғирт пишган, барглари тоза, кўм-кўк токзорда турибмиз. Шамол қумларни суриб, токзорни очиб кетибди…
Ҳамид муаллимга яна савол бердим:
— Фузулийнинг бир ғазалини сиз нашр қилган девонлардан топа олмадим. Биринчи байти, яъни матлаъи:
Вафо ҳар кимсаданким, истадим, ондон жафо кўрдум,
Кимиким, бевафо дунёда кўрдум, бевафо кўрдум.
Бу ғазални ниҳоятда таъсирли куйда Ҳалима хоним Носирова айтганларида ёзиб олган эдим.
— Бу саволингизга жавобни Бокуда, ижодхонамда оласиз, — деди Ҳамид муаллим. Фузулийнинг “Лайли ва Мажнун” достони саҳифалари орасига қоғозчалар солиб қўйган, улар достондаги ғазал ва мураббаъларни топишни осонлаштириш учун экан. Достонда ғазаллар келтириш Фузулий киритган янгилик, дейиш мумкин.
Ўтган йили Озарбойжон пойтахти Бокуда Алишер Навоий ҳайкали — мужассамаси қўйилди. Тошкентда эса, Низомий номидаги Педагогика университети олдида Низомий мужассамаси бор.
— Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳайкал пойида нутқ ирод қилганларида Низомий Ганжавийнинг бир рубоийси ёдимга келиб эди (у ҳақда ёздим ҳам), маъноси адабиётлардаги ижодий марбутлик, етакчи ғояларнинг таъсирини кашф этувчилар Ҳамид Ораслидек олимлардир. Уларнинг Навоий таъкидлагани, Бобур ёзганидек, иккинчи ҳаётлари 1983 йилининг 20 ноябри — вафот этган саналаридан бошланади. Фузулий бир ғазалида “Умрум узанар, жамъиятим ортар…”, деб ёзган эди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди.