Адабиёт – инсонни кашф этиш

Китоб номи: Адабиёт – инсонни кашф этиш (Муаллим, адабиётшунос Талъат Солиҳовни хотирлаб)
Тўпловчи ва нашрга тайёрловчилар: Хуршид Дўстмуҳаммад, Улуғбек Ҳамдам, Адолат Қудрат қизи
Нашриёт: Янги аср авлоди
Йил: 2016
Мавзу: Хотиралар
Саҳифа: 118
Ҳажм: 714 Kb
Файл: PDF
Манба: Ziyouz.com кутубхонаси

Сақлаб олиш

Талъат Солиҳов ким эди? У кишининг таскин берарлик салоҳияти, сири нимада эди?

Аввало, Талъат Солиҳов жаҳон адабиётининг билимдони эди. Билимдонлиги – жаҳон адабиётининг энг мураккаб, энг чигал, энг ҳазми оғир намуналари, ҳодисалари, ҳолатлари ҳақида ниҳоятда босиқлик билан, жуда соддалаштириб, деярли ҳеч қандай ҳайратларга чалғимай ҳикоя қилиб берарди. Қайси ижодкор ёки қайси асар ҳақида сўз бормасин Талъат ака ўша ижодкор билан ёнма-ён яшайдигандек, ўша асарнинг яратилиш жараёнида бевосита иштирок этгандек таассурот қолдирарди. Конкрет бир асарни талқин этиш (очиғи, бадиий асарни талқин этиш борасидаги кемтиклик ҳамон йўқолганича йўқ) санъати, маҳорати борасида, қолаверса, жаҳон бадиий тафаккури дунёсидаги анъаналар, тенденциялар, оқимлару қонуниятларни тушунтириб бериш борасида ҳеч ким Талъат акага ўхшамасди. Шўро даври замзамаларидан мутлақо хабарсиз, мафкурабозликдан тамомила ҳоли одамга – тўла-тўкис адабиёт одамига айланарди маъруза соатларида, суҳбат чоғларида домла. Кўча-кўйда тасодифан рўпара келиб бир чимдим гурунг асносида ҳам тизимли билим олгандек бўлардингиз. Талъат ака билимини аямасди, бошқаларга гапириб бергани билан билими озайиб қолмасди, балки гапиргани сайин роҳат қиларди. Адабиёт ҳақида берилиб-мириқиб сўзлашни умрининг мазмуни деб билар, бундай сўзу суҳбатлардан чексиз-адоқсиз ҳузур топарди.