Насер Бушерит: “Жазоир ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади”

Жорий йил 1 ноябрь куни Жазоир миллий байрами – Инқилоб бошланган сананинг 63 йиллиги муносабати билан Тошкентда расмий қабул маросими бўлиб ўтди. Wyndham Tashkent меҳмонхонасида ўтган тантанали тадбирда Ўзбекистондаги хорижий давлатлар дипломатик корпус вакиллари, фан, маданият ва санъат намояндалари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов иштирок этди.

Тадбирда Жазоир Халқ Демократик Республикасининг юртимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Насер Бушерит нутқ сўзлади.

“Жазоир инқилоби ғалабаси ички миқёсда – адолат ва озодлик тамойилларига асосланган замонавий давлат қуришга йўл очди, халқаро даражада эса, нафақат Африка қитъаси мамлакатлари, балки дунёнинг бошқа давлатлари мустақиллигини жадаллаштирди. Жазоир инқилоби руҳи БМТ Низоми ҳамда халқларнинг ўзлигини намоён этиш ҳуқуқига мувофиқ, мамлакатимиз дипломатиясининг бутун дунёда адолат тантанасига содиқлиги ва бу йўлдаги жадал саъй-ҳаракатларида ҳамон яшамоқда. Ўзаро ҳурмат ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига асосланган чора-тадбирлар менинг мамлакатимни минтақадаги барқарорлик кафолатчиси ва яқин қўшниларимиз, хусусан, Мали ва Ливия азият чекаётган ихтилофларни бартараф этишда муҳим воситачига айлантиради”, – деди Жазоир элчиси.

Дипломат Жазоир ва Ўзбекистон алоқалари хусусида сўзларкан, ҳамкорлик ўзаро ҳурмат, дўстлик ва икки томонлама манфаатга таянишини таъкидлади.

Қайд этилишича, Жазоир Ўзбекистон мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олиб, Тошкентда ўз элчихонасини очган мамлакатлар сирасига киради.

Муштарак маданий мерос ва тамаддунга эга икки халқни мустаҳкам тарихий ришталар боғлайди.

“Жорий йил 30 июнь куни Жазоир ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонладик. Алоқаларимиз бир қатор соҳаларда юқори даражага кўтарилди, икки мамлакат манфаатига хизмат қилувчи яна янги соҳаларда ҳам ўсиш кутилмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукумати икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга тайёр эканини юксак баҳолашимизни айтмоқчиман. Дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган қутлов номасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари мамлакатларимиз муштарак маданият, умумий анъана ва уйғун маънавий меросга эга эканини қайд этди. Ўзбекистон раҳбари Жазоирни “Шимолий Африка ва бутун мусулмон оламида муносиб ўринга ва катта нуфузга эга дўст мамлакат” деб атади”, – деди Насер Бушерит.

Элчига кўра, ўз навбатида, Жазоир раҳбари Абдулазиз Бутефлика ҳам мамлакат Ўзбекистон билан барча соҳаларда алоқаларни мустаҳкамлашга тайёрлигини, икки мамлакат 25 йиллик дўстликка таяниб, ўзаро ҳамкорликни янада юксак босқичга олиб чиқишини таъкидлаган.

Жазоир элчиси икки мамлакат ҳамкорлиги ана шу дўстона руҳда янада самарали ва мустаҳкам бўлишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 1830 йили Жазоир ҳудудига француз мустамлакачилари бостириб кирди. 1920-30 йилларда мамлакатда миллий озодлик ҳаракати кучайди. 1945 йилда рўй берган дастлабки қўзғолон мустамлакачилар томонидан бостирилади. 1954 йил 1 ноябрда эса Жазоирда Миллий озодлик фронти ташкил этилди. Шу тариқа миллий озодлик йўлида 8 йилга чўзилган кураш бошланди. 1962 йилнинг 5 июлида Жазоир мустақилликка эришди.

Собир Салим