Ошиқ Вейсал Шатирўғли (1894-1973)

Турк халқ шоири Ошиқ Вейсал (Âşık Veysel Şatıroğlu) Туркиянинг Сивас вилоятида 1894 йили туғилган. У ҳам шоир, ҳам баҳши, ҳам созчи. Онадўли ишқ қўшиқларини янги усулда ижро этган. Унинг шеър ва қўшиқлари маъюс оҳангда, тасаввуфий йўналишдадир.
Етти ёшида чечак хасталигидан кўзи ожиз бўлиб қолган Вейсал созга меҳр қўйди. Эсма деган қизга уйланган Вейсал ундан бир қиз, бир ўғил кўрди. Аммо ўғли 10 кунлигидаёқ вафот этди. Қизи эса 2 йил яшади. Отаси ва онаси, болаларидан айрилган Вейсал дардли-дардли қўшиқлар куйлай бошлади. Унинг “Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир”, “Дўстлар мени хотирласин”, “Узун-қисқа бир йўлдаман” шеърлари шу даврда ёзилган.
1931 йили Ошиқ Вейсал Сивас лицейи ўқитувчиси Аҳмет Кутси Тежер билан биргаликда “Халқ шоирлари уюшмаси”ни тузди.
1933 йилгача Ошиқ Вейсал халқ сўзи ҳамда бошқа шоирларнинг шеърларини куйга солган бўлса, энди у ўз шеърларини куйга солиб, тақдим этди.
Унинг шеърлари “Изоҳлар” (1944), “Созимдан саслар” (1950), “Дўстлар мени хотирласин” (1970) китобларида тўпланди. Вафотидан сўнг “Мукаммал асарлари тўплами” (1984) чоп этилди.
1973 йилнинг март ойида Ошиқ Вейсал ўзи туғилиб ўсган Сивриалан қишлоғида вафот этди.

УЗУН ИНЖА БИР ЙЎЛДАМАН

Узун инжа бир йўлдаман
Кетаяпман кундуз-кеча.
Билмаяпман не ҳолдаман
Кетаяпман кундуз-кеча.

Дунёга келганим онда,
Юрардим айни замонда,
Икки эшикли хонада,
Кетаяпман кундуз-кеча.

Уйқуда яна юрарман,
Қолмакка сабаб сўрарман,
Кетган ҳаммани кўрарман,
Кетаяпман кундуз-кеча.

Қирқ тўққиз йил бу йўлларда,
Водию, тоғу чўлларда,
Тушганим ғурбат қўлларда,
Кетаяпман кундуз-кеча.

Чуқурроқ англаб бўлгунча,
Узоқ кўрунур кўргунча,
Бир йўл лаҳза миқдоринча,
Кетаяпман кундуз-кеча.

Ҳайратда Вейсал бу ҳола,
Баъзан йиғлаб, баъзан кула,
Етишмак учун манзила,
Кетаяпман кундуз-кеча.

МEНИНГ СОДИҚ ЁРИМ ҚОРА ТУПРОҚДИР

Дўст-дўст дея нечасига йиқилдим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.
Беҳуда айланиб, қуруқ чарчадим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Неча гўзалларга боғландим, қолдим,
На бир вафо кўрдим, на фойда топдим,
Нимаки истасам тупроқдан олдим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Нафас олмоқ учун ҳаво келтирди,
Менга турли-турли мева битирди,
Ҳар кун мени тепасида кўтарди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Қорнин ёрдим курак билан, бел билан,
Юзин йиртдим тирноқ билан, қўл билан,
Яна мени қаршилади гул билан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Унга азоб берсам, менга куларди,
Бунда ёлғон йўқдир, ҳар инсон кўрди,
Битта данак эксам тўрт бўстон берди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳавога қарасам ҳаво оламан,
Тупроққа қарасам дуо оламан,
Тупроқдан айрилсам қайда қоламан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Тилагинг бор эса сўра Аллоҳдан,
Олмоқ учун узоқ кетма тупроқдан,
Жўмардлик тупроққа берилмиш Ҳақдан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳақиқат изласанг очиқ бир нуқта,
Аллоҳ қулга яқин, қул ҳам Аллоҳга,
Ҳақнинг сирли ҳазинаси қора тупроқда,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Барча айбларимни тупроқ яширар,
Малҳам бериб, яраларим тузатар,
Қўлин очмиш йўлларимни кузатар,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳар ким вафот этса бу сирри мазҳар,
Дунёга қолдирар ўлмас бир асар,
Кун келар, Вейсалнинг бағрига босар,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

ДЎСТЛАР МEНИ ХОТИРЛАСИН

Мен кетарман, номим қолар,
Дўстлар мени хотирласин.
Тўйлар бўлар, байрам бўлар,
Дўстлар мени хотирласин.

Жон қафасда турмас, учар,
Дунё кулба, кимлар кўчар,
Ой айланар, йиллар кечар,
Дўстлар мени хотирласин.

Жон бадандан айрилган чоқ,
Ёнмас ўтин, ёнмас ўчоқ,
Салом бўлсин қучоқ-қучоқ,
Дўстлар мени хотирласин.

Не келсамди, не кетардим,
Кундан кунга ортар дардим,
Ғариб қолар дайди гардим,
Дўстлар мени хотирласин.

Очар, сўлар турли чечак,
Кимлар кулмас, ким кулажак,
Орзу ёлғон, ўлим барҳақ,
Дўстлар мени хотирласин.

Кун ортидан оқшом бўлар,
Боқ, бу бошга нелар келар,
Вейсал кетар, номи қолар,
Дўстлар мени хотирласин.

Турк тилидан Давронбек Тожиалиев таржималари

САНИНГ ЙЎЛИНГДА

Хатар бўлди ёшлик чоғим
Санинг йўлингда-йўлингда,
Сўлди чечагим, япроғим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Ман на эдим? Ман на бўлдим?
Гоҳ бўшалдим, гоҳо тўлдим,
Ёндим, куйдим, оташ бўлдим,
Санинг йўлингда-йўлингда.

Мана, келди сўнг баҳорим,
Мани истар содиқ ёрим,
Хатар бўлди номус-орим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Қўлингдан бир бода ичдим,
Турли –турли дардга тушдим,
Жумла борлиғимдан кечдим
Санинг йўлингда-йўлингда.

Дилсиз бўлдим: кўкаландим,
Ёмғир бўлдим: сафоландим,
Тупроқ бўлдим: тепаландим,
Санинг йўлингда-йўлингда.

Санга чўзилган қўл бўлдим,
Гоҳ оқил, гоҳо дол бўлдим,
Ожизликда Вейсал бўлдим
Санинг йўлингда-йўлингда.

САН БИР ЧЕЧАК БЎЛСАНГ…

Ҳар саҳар оқарса, сувга кетаркан
Ёр йўлингда тупроқ бўлсам, туз бўлсам!
Боқиб тўрт тарафа сайр этаркан,
Қорақош олдида ола кўз бўлсам.

Нозлана-нозлана чиқаркан йўлга,
Неча дилсизларни келтирар дилга,
Яшилбош ўрдакдек сузаркан кўлда
Ё бир бургут бўлсам, ё бир боз бўлсам.

Вейсал, ўрдак бўлсин, сен-да кўл, ёрим,
Басдир, менга карам айла, кел, ёрим,
Лола, сумбул, мор бинафша, гул, ёрим,
Сан бир чечак бўлсанг, ман бир ёз бўлсам.

ПАРВОНАЛАР ОВОРАДИР…

Келган йўқ, кетган йўқ, узоқдир ора,
Илгаз тоғи йўл бермади, кечолмам.
Ҳаволаниб йўлдош бўлсам қушлара,
Қўлларим йўқ, қанотим йўқ, учолмам.

Баҳор келиб, турналарга эш бўлсам,
Ёмғир бўлиб, кўздан оққан ёш бўлсам,
Ола кўзли бир гўзалга қош бўлсам,
Ул замоннинг қийматини бичолмам.

Бу йил яна Қўйқўй манга юрт бўлди,
Илгаз тоғи орамизда сад бўлди,
Сандан айрилганим манга дард бўлди,
Дардим сандан бошқасига очолмам.

Дард бир ёна чекар, савдо бир ёна,
Ёнмоқ учун оворадир парвона,
Қаён боқсам, сани кўрдим ҳар ёна,
Ёр Вейсалдан, ман ёримдан кечолмам.

БЎЛОЛМАДИМ

Санинг ишқинг-ла Мажнун
Бўлай дедим, бўлолмадим.
Ман бу ишқда жону дармон
Бўлай, дедим, бўлолмадим.

Ишқинг мани этди гирён,
Гоҳ бошяланг, гоҳо ҳайрон,
Жондан севган гўзалимни
Олай, дедим, ололмадим.

Ман бир жисму сан бир жонсан,
Ҳам динимсан, ҳам имонсан,
Манга мандек яқин сансан,
Дўст йўлида ўлолмадим.

Борим-йўғим бир Вейсалим
Этагингда қолди қўлим,
Эй, маним шонли гўзалим,
Хаёлингда қололмадим.

САН БЎЛМАСАНГ…

Сан бир ишқсан, ман бир Мажнун,
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.
Сан бир гулсан, ман бир булбул,
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.

Қалбимда яшарсан ҳар он,
Борим-йўғим сансан, инон,
Қалбимдаги азиз меҳмон,
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.

Ғафлатда қалбимга кирдинг,
Турли-турли дардлар бердинг,
Дунёдан азиз бу дардим!
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.

Сансан маним жумла борим,
Йўқдир бошқа касбу корим,
Ҳам ёзимсан, ҳам баҳорим,
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.

Қувон, Вейсал қувон тағин,
Жўшди кўнгил, етди оҳинг,
Сансан манга мандек яқин,
Сан бўлмасанг, ман бўлмасдим.

БУ МАНДАГИ ИШҚ БЎЛМАСА…

Гўзаллигинг билинмасди
Бу мандаги ишқ бўлмаса,
Айланажак ерим бўлмас,
Кўнглимдаги кўшк бўлмаса.

Таърифинг сиғмас қаламга,
Дардинг дармондир ярамга,
Отинг ёйилмас оламга
Ошиқларда машқ бўлмаса.

Ким ўқирди, ким ёзарди?!
Бу дунёни ким чизарди?!
Қўйинг гурд ила кезарди
Фикр бошқа-бошқа бўлмаса.

Гўзал юзинг кўрилмасди,
Ишқинг манда тирилмасди,
Гулга қиммат берилмасди
Ошиқ ва маъшуқ бўлмаса.

Сандан олдим бу фарёдни,
Бу эрур дунёнинг доди!
Ёйилмасди Висол оти,
Ул санга ошиқ бўлмаса.

БУ КЕЧА

Билмам ўнгиммиди, йўқса тушмиди,
Кўнглим орзусини билди бу кеча,
Сочинг қиличмиди ё оташмиди?! –
Юрагим кўз ила тўлди бу кеча.

Билолмадим кеча ила кундузни,
Кўролмадим қуёш ила юлдузни,
Мастона кўзлари маст этди бизни,
Ақлимни бошимдан олди бу кеча.

Ой ўзина боққан била тўёлмас,
Юлдуз-юлдуз холлари бор, уялмас,
Ишқ майидан ичган ошиқлар ўлмас,
Билмам, манга нима бўлди бу кеча?

Сўнмай ёнур тўғриларнинг чироғи,
Яқин бўлур аҳлиишқнинг йироғи,
Вейсал бўлди Вейсалларнинг фироғи.
Хаёли қаршимга келди бу кеча.

АГАР КЎРСАМ ЭДИ КЎЗ ИЛА САНИ

Сан бир жийрон бўлсанг, ман-да бир овчи,
Овласам чўлларда соз ила сани.
Бўлинмас дармони, йўқдир иложи –
Тутсам, яраласам сўз ила сани.

Кел, сани севдигим, гўзалим, дейин,
Беланма қарога, ол-алвон кийин,
Мен бир чўпон бўлай, сан маним қўйим,
Боғласам олдимда туз ила сани.

Қўйим бўлсанг, ўтлатардим яйловда,
Тилларини юлдирмасдан ҳар ёнда,
Балиқ бўлиб сузсанг агар дарёда
Ушлардим дарёдан тезликда сани.

Вейсал дер; отинг тушмас тилимдан,
Айри тушдим, ватанимдан, элимдан,
Қуш бўлсанг-да, қутулмасдинг қўлимдан,
Агар кўрсам эдим кўз ила сани.

Хуршид Даврон таржималари

СОДИҚ ЁРИМ

Дўстим дея нечасига ёлвордим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.
Беҳуда талпиндим, бекорга ҳордим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Неча гўзалларга боғландим, чопдим,
На бир вафо кўрдим, на фойда топдим,
Ҳамма истаганим тупроқдан топдим,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Қўйлар берди, қўзи берди, сут берди,
Емак берди, екмак* берди, эт берди,
Токи гўрга кирмагунча қут берди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Одамдан бу кунга наслим етказди,
Менга турли-турли мева етказди,
Ҳар кун мени елкасида юргизди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Бағрин тилдим қазма* билан, бел билан,
Юзин тилдим тирноқ билан, қўл билан,
Яна мени қаршилади гул билан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Исканжа қиларкан менга, куларди,
Бунда ёлғон йўқдир, ҳар кимса кўрди,
Битта данак экдим, тўртта боғ берди,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳавога боққанда ҳаво оламан,
Тупроққа боққанда дуо оламан,
Тупроқдан айрилсам қайда қоламан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Тилагинг бор бўлса, у ҳам Оллоҳдан,
Олмоқ учун узоқ кетма тупроқдан,
Саховат тупроққа берилмиш Ҳақдан,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳақиқат изласанг, ҳақиқат Ҳақда,
Оллоҳ қулга яқин, қул ҳам Оллоҳга,
Ҳақнинг сирли хазинаси тупроқда,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Бутун қусурингни тупроқ беркитар,
Малҳам босиб, яраларинг тузатар,
Қўлин очиб, йўлларингни кузатар,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.

Ҳар кимки, бу сирдан бўлса огоҳ гар,
Дунёга қолдирар ўлмас бир асар,
Бир кун келиб Вейсални бағрига босар,
Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир.
___________
* Экмак – нон
* Қазма – чўкич

* * *

Сен бир жайрон бўлсанг, мен эса овчи,
Овласам чўлларда соз билан сени,
Топилмас чораси, йўқдир иложи,
Отсам, яраласам сўз билан сени.

Нозланма, севгилим, гўзалим, дейин,
Киймагин қорани, қизиллар кийин.
Мен бир чўпон бўлсам, сен-чи бир қўйин*,
Тўйдирсам қўлимда туз билан сени.

Қўй бўлсайдинг ўтлатардим яйловда,
Йиртқичларга олдирмасдим мен овда,
Балиқ бўлсанг, сузиб юрсанг гар сувда,
Туширсам тўримга ҳиз* билан сени.

Вейсал дер, исмингни қўйсам тилимдан,
Айри тушдим ватанимдан, элимдан,
Қуш бўлсанг ҳам қутулмасдинг қўлимдан,
Агар кўрсам эди кўз билан сени.
___________
* Қўйин – қўй
* Ҳиз – тезлик билан

ДЎСТЛАР МЕНИ ЭСЛАБ ТУРСИН

Мен кетаман, номим қолар,
Дўстлар мени эслаб турсин.
Тўйлар бўлар, байрам келар,
Дўстлар мени эслаб турсин.

Жон қафасда турмас, учар,
Дунё бекат, қўнар, кўчар,
Ой айланар, йиллар кечар,
Дўстлар мени эслаб турсин.

Жон танадан айрилар чоқ,
Тутмас* мўри, ёнмас ўчоқ,
Салом бўлсин қучоқ-қучоқ,
Дўстлар мени эслаб турсин.

Келмасайдим, кетмас эрдим,
Кундан-кунга ортар дардим,
Ғариб қолар ерим, юртим,
Дўстлар мени эслаб турсин.

Яшнар, сўлар турли чечак,
Мурод ёлғон, ўлим бу — ҳақ,
Кимлар кулган, ким кулажак,
Дўстлар мени эслаб турсин.

Кун намозгар, оқшом бўлар,
Қара, бошга нелар келар,
Вейсал кетар, номи қолар,
Дўстлар мени эслаб турсин.
___________
* Тутмас – тутамас

ГЎЗАЛЛИГИНГ БИР ПУЛГА ҚИММАТ

Гўзаллигинг бир пулга қиммат,
Гар мендаги ишқ бўлмаса,
Яшаш учун ер тополмам,
Кўнглимдаги кўшк бўлмаса.

Таърифинг сиғмас қаламга,
Дардинг дармондир ярамга,
Исминг ёйилмас оламга,
Ошиқларда машқ бўлмаса.

Ким ўқирди, ким ёзарди,
Бу тугунни ким чўзарди,
Қўйлар бўри-ла кезарди,
Ўй бошқа-бошқа бўлмаса.

Гўзал юзинг кўрилмасди,
Бу ишқ менда тирилмасди,
Гулга қиймат берилмасди,
Ошиқу мошиқ бўлмаса.

Сендан олдим бу фарёдни,
Шу экан дунёнинг тоти,
Эсланмасди Вейсал оти,
У сенга ошиқ бўлмаса.

ЯНА МАКТУБ ОЛДИМ…

Яна мактуб олдим гул юзли ёрдан,
Йўлларга термулма, кел, деб ёзибди,
Сивралан кўйидан, бизнинг диёрдан,
Тоғларда бинафша, гул деб ёзибди.

Бесеракда қир-адирлар гул тақди,
Гулдадада лола гулханлар ёқди,
Қоратошда қорлар эриди, оқди,
Оқар кўзим ёши, сел деб ёзибди.

Қолмагин ғурбатда яйлов замони,
Оллоҳни севсанг гар, йиғлатма мени,
Соғинч мактубларим бунинг нишони,
Кўз ёшим мактубда пул*, деб ёзибди.

Ҳамон димоғимда Сивралан бўйи,
Салқиндир тоғлари, совуқдир суви,
Ёр рўмол юбормиш, эсдалик дея,
Кўзинг ёшларини сил*, деб ёзибди.

Вейсал, бу ғурбатлик кор этди жонга,
Етиштир кўчингни улкан карвонга,
Кун ўтказиб фурсат берма замонга,
Асло узаймасин йўл, деб ёзибди.
___________
* Пул – марка
* Сил – арт

ТУРКМИЗ, ТУРКУЛАР КУЙЛАЙМИЗ

Дунё тўлса турку* билан,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз,
Йўлга чиқдик қўрқув билан,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Туркмиз, турклар йўлдошимиз,
Ҳисоби йўқдир ёшимиз,
Қайда бўлса курашамиз,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Турклардир бизнинг отамиз,
Холис туркмиз, қони тамиз*.
Қўшиқ, ғазалдир хатомиз,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Байрамларда, дугунларда*,
Анжуман ҳам йиғинларда,
Сиқилганда танг кунларда,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Яйловларда, ётоқларда,
Хоналарда, ўтоқларда,
Қўйлар каби ўтлоқларда,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Сув бошида сувлоқларда,
Туркнинг саси қулоқларда,
Бешикларда, йўргакларда,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Биргалашиб келин, қизлар,
Ҳатто қувнашар юлдузлар,
Қўшилишиб жуфт-жуфт созлар,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.

Инграр Вейсал ари каби,
Булбулларнинг зори каби,
Турналар қатори каби,
Туркмиз, туркулар куйлаймиз.
___________
* Турку – қўшиқ
* Тамиз – тоза, соф.
* Дугун – тўй.

УМИД ЯШАР

Дунё ширин, кечиб бўлмас,
Соғ экансан, умид яшар.
Саксон, тўқсон, юзга тўлсанг,
Яна дилда умид яшар.

Умид Оллоҳдан узилмас,
Бу не ҳикмат биров билмас,
Турли азоб чекар, кулмас
Яна дилда умид яшар.

Кўнгил умиднинг йўлдоши,
Тинмай кезар тоғу тошни,
Сўнг нафасда бўлса киши,
Яна дилда умид яшар.

Ёлвор Вейсал, кундуз-кеча,
Оллоҳнинг амри шундайча,
Тана тобутга киргунча,
Яна дилда умид яшар.

СОЗИМГА

Мен кетсам, эй созим, сен қол дунёда,
Яширин сирларим ошикор этма,
Лол бўлсин тилларинг, куйлама асло,
Ғариб булбул каби оҳу зор этма.

Яширин дардларим бир сенга айтдим,
Овозим овозинг бирла сайратдим.
Чақалоқдек қўлларимда яйратдим,
Мени эслаб тургин, зинҳор унутма.

Боғимда тут эдинг, билмасдинг созни,
Булбул қўнармиди ё баъзи-баъзи,
Қайси қушдан олдинг сен бу овозни,
Сўйлагин ростини, кел, инкор этма.

Менинг ҳар дардимга сен шерик бўлдинг,
Йиғласам йиғладинг, кулсам гар кулдинг,
Созим, турнаданми овозни олдинг,
Панжа уриб нозик торни ингратма.

Ой ўтар, йил ўтар, узайса ора,
Қора либос кийиб суян девора,
Бағрингда, кўксингда кўз очар яра,
Ёр келмаса яраларинг боғлатма.

Туркчадан Жумали Шабанов таржималари

ҲАММАМИЗ ҲАМ БИР ЮРТНИНГ АВЛОДЛАРИМИЗ

Нега бу ғавғолар, чиркин туюшлар,
Ҳаммамиз бир юртнинг авлодларимиз.
Йўлимизда тўғон бўлар бу ишлар,
Ҳаммамиз бир юртнинг авлодларимиз.

Бирлашайлик бир байроқнинг остида,
Биз туркларнинг иккилик йўқ зотида.
Ёниб ёндирайлик она-Ватанда,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз.

Нишон олиб ўз туғишган қардошинг,
Ўзингга тегмасин отган ул тошинг,
Бизга зарарлидир беҳуд уришинг,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз.

Ҳар ким илм дарёсида сузганда,
Боқиб ойга, чиқиб атроф кезганда,
Эҳ, бизнинг йўлларимиз озмиди,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз!

Илму шуур дарёсида толайлик,
Атрофга боқиб ибрат олайлик.
Бирликда дардларга дармон бўлайлик,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз!

Китоблар ёзилмиш насиҳат тўла,
Бирликда кучлидир ёшликнинг қўли.
Ёшларга омонат Отатурк йўли,
Ҳаммамиз бир халқнинг авлодларимиз!

Сўйлар Вейсал, айтганидан воз кечмас,
Ифлос чашмадан ҳеч ким сув ичмас,
Қаноти бўлмаса қушлар-да учмас,
Ҳаммамиз бир юртнинг авлодларимиз!

Туркчадан Тилак Жўра таржимаси

МЕН КЕТАРМАН

Мен кетарман, номим қолур,
Дўстлар мени хотирласин.
Байрам келур, тўйлар бўлур,
Дўстлар мени хотирласин.

Жон қафасда қолмас, учар
Дунё – сарой, қўнган кўчар.
Ой айланар, йиллар кечар,
Дўстлар мени хотирласин.

Жон бадандан айрилажак,
Мўри вайрон ёнмас ўчоқ.
Салом бўлсин қучоқ-қучоқ,
Дўстлар мени хотирласин.

Келмасам қандай кетардим?
Кундан-кунга ортди дардим.
Ғариб қолур ёрим, юртим
Дўстлар мени хотирласин.

Сўлар гуллар, турли чечак
Кимлар кулмиш, ким кулажак.
Мурод ёлғон, ўлимдир ҳақ,
Дўстлар мени хотирласин.

Вақт асрдир, оқшом бўлур,
Кўрки бошга нелар келур.
Вейсал кетар, номи қолур,
Дўстлар мени хотирласин!

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси