Пир Султон Абдал (1510-1589)

Пир Султон Абдал (Pir Sultan Abdal) халқ хотирасида ҳақсизликка қарши курашган ва шу кураш йўлида дорга осилган жасур шоир сифатида муҳрланиб қолган. У 1510/14 – 1589/90 йиллар орасида яшаган деб тахмин қилинади.
Шоирнинг асл исми Ҳайдар бўлиб, у Сиваш мулкига тобеъ Баназ қишлоғида дунёга келган.Баназда бугун ҳам Пир Султон Абдалники бўлган деб тахмин қилинадига уй, шоирнинг тириклигидаёқ мавжуд деб ҳисобланадиган мажнунтол, унинг ёнида эса Пир Султон Хурисондан қайтаётганда ҳассасига илиб олиб қайтган деб нақк тиладиган тегирмонтоши бор.
Йигирма ёшида ўша даврнинг йирик муршидларидан бири – Бектошия-Алавия тариқатида бўлган Саид Али Сйлтон Даданинг даргоҳига боради.Беш йил давомида кечани-кеча, кундузни-кундуз демай хизмат қилган Яйдар муршидидан етуклик хирқаси ва нишонини олгач, тез орада дилини, тилини ва қўлини ҳаромдан асраш йўлидаги чеккан машаққатлари эвазига оддий халқ орасида Пир Султон номи билан машҳур бўлади.Унинг ҳақсизликка, золимларнинг зулмига қарши тоқат қилмай, кураш йўлига кириши оддой халқнинг муҳаббатини яна-да оширарди.
Пир Султон Абдал фақат шеърлари билан эмас, қўлга қурол олиб зулмга қарши чиқди.Анадолу алавийларининг қўзғолонига раҳбарлик қилганлардан бўлгани учун шоир Сиваш ҳокими Хизир Рошшо томонидан қатл этилади.
Ўтган асрлар давомида Пир Султон Абдал адолат ва ҳақгўйлик тимсоли болиб келди, унинг шеърлари ҳам инсонлар юрагига энг эзгу туйғуларни олиб киришдан тўхтамади.

МАНИМ ЗУЛФИ СИЁҲИМ

Дод дастингдан, маним зулфи сиёҳим,
Бир ўқ тегди, сийнам яраланди, кел.
Бу охир замонда йиғлатма мани,
Бу кун савдо жондан ороланди, кел.

Ғамдан иборатдур маконим, юртим,
Янграмас овозим, чиқмайди додим,
Бир эмас, беш эмас, ўн эмас дардим,
Қовунлар бош берди, шираланди, кел.

Ҳасратинг-ла қабрим қазийми, сўйла,
Мажнунина раҳм этмасми Лайла,
Ўлимли дунёдир, кел, ҳалол айла,
Юкланди карвоним, кироланди, кел.

Не чексаям, дардли сийнам доғ бўлмас,
Кунлар келиб кетар, умр соғ бўлмас,
Наштар тегиб яраларим йўқ бўлмас,
Умримнинг қоғози қораланди, кел.

Пир Султон Абдалам, ҳафтада, ойда,
Кунлар келиб кетар, етмайди фойда,
Кўнглим Ҳақ орзулар, жоним ҳой-ҳойда,
Тупроғим устимга кураланди, кел.

КEЛ-КEЛ

Йиғлатмагин мани, дардим булоқдир,
Ошиқлар майдонга шошмасдан, кел-кел.
Маним жигаржойим тилим-тилимдир,
Қайнаб-да, кўкрайиб тошмасдан, кел-кел.

Фалак бир биларзик* тақди қўлима,
Хайф, ёрим раҳм этмас ҳолима,
Ажал шарбатини берди қўлима,
Соқиё бу жоним ичмасдан, кел-кел.

Кел бизнинг боғчага, айлагин сайрон,
Булбул ошиқ бўлмиш бир гулаг ҳайрон,
Сани Мандан бир кун айирур даврон,
Айрилиқ ўртага тушмасдан, кел-кел.

Бунда беш-ўн кунлик рўзғорим қолди,
Омонат соҳиби келди-да олди,
Юкларим юкланди, олдимда йўлдир,
Умримнинг карвони кечмасдан, кел-кел.

Пир Султон Абдалам, кечди умр ёзи,
Энди чекмас бўлдим жавр ила нозин,
Ҳаволаниб учди кўнлимнинг бози,
Тўйгунча қувониб учмасдан, кел-кел.

Туркчадан ўзбекчага Хуршид Даврон табдил этган.