Қулман Очил. Сени дейман (ҳикоя)

У кафенинг гавжум эшиги томон маҳзун назар ташлади  ва ногаҳон юраги, йўқ, бутун вужуди музлаб қолгандай бўлди: ял-ял ёниб бир жувон кириб келарди! Кўзларига ишонгиси келмади: Рухсоранинг қуйиб қўйгандай ўзи! Бошяланг, дуркун, чиройли юз-кўзларида ўзига ярашган ўша ширин табассум. Уч йил бурун уни зор қақшатиб кетган жуфти ҳалоли! Ўзининг Рухсораси!

…Майин ёғаётган ёмғир кўкламни қўмсаган ерларга, сарғайиб сўлиган майсалар орасидан маъюс мўралаётган қабртошларга,  дарахтларнинг яланғоч новдаларига, ялтираган холи-хилват кўчаларга, қад кериб турган ойнаванд биноларга гўё дардини айтиб шивирлайди. Шошилмасдан, алаҳсимасдан, шабаданинг раъйига қарамасдан шивирлайди. Дардки, ҳазин қиш кунларига хос — паришонлик, безовталик, дилгирлик, бесаранжомликка тўла.

Бундай лаҳзаларда нимани ўйласанг, қай бир ишга қўл урсанг, қай эшикка бош суқсанг — ҳаммаси бачкана ва маънисиздек туюлаверади. Илло, кўнглинг нима тусаётганини ўзинг билмайсан. Кўнгил деган чароғон гўшани зулмат босгандай. Ёришмайди. Айниқса, узундан-узун  зимистон кечаларда. Пешона, дейсан, жон  омонат, фано муқаррар, дейсан. Ҳар кимга насиб қилгани, дейсан. Ўтган ўтди, сабрли бўл!.. Яна нималардир деб  мотамзада руҳингга далда берган бўласан, кошки, кор қилса, дилингга милтиллаган бир шуъла инса.

Сени жудолик деб аталмиш гирдибодга ташлаб кетган инсоннинг нуқсонлари ҳам энди фазилат бўлиб туюлаверса, соғинчу алам юрагингга ситам найзаларини беаёв санчаверса, нетасан? Қочиб қайга борасану кимдан паноҳ истайсан? Айниқса, ёшинг қайтган, саломатлик деб аталмиш мулкингнинг қолган-қутганидан бож-хирож тўлашинг тезлашган бўлса.

Икки бетида салобатли иморатлар тизилиб турган кенг кўчанинг текис йўлкасидан бир-бир босиб бораётган барваста кишининг хаёлидан шундай мулоҳазалар ўтади. Қоматига ярашган ложувард курткасининг кулоҳини манглайигача ёпиб, бақувват қўлларини чўнтагига солиб олган бу одам ҳозиргина мозористондан чиқди. Ёмғир қувмаганида ҳали-вери у ерни тарк этгиси йўқ эди.

Шошилиб қаерга борсин. Бугун — 8 февраль. Комил Қориевнинг (тенг-тўшлари даврасида – Комил Қорининг) кўз очиб кўргани бандалик қилган кун. “Қори” деб аташларига ўзининг тархашликдан узоқ вазмин феъли, ақлли кўзлари, салобатининг ҳам дахли борлигини билади. Билгани учун унчалик димоқ-фироқ қилиб ўтирмайди. Кўникиб кетган.

Бу сукунат оламига илгари кунда-кунора келарди. Энди — ҳафталар, ойлар, йиллар ўтгани сайин қадами сийраклашиб бораётир. Тирикликнинг неки ташвиши бўлса, унга ҳам бегона эмас. Қачон, қаерда юрмасин, оёғи шаҳар заминига тегиши билан шу сокин даргоҳга шошилади.

— Рухсорани кўриб келмоқчиман, — дейди худди тирик одам ҳақида гапираётгандай. Бу сўзлар эндиги завжаси — Зоҳиданинг қулоғига ҳали сингишмаган, дувва қизариб, эри кундошиникига кетаётгандай мижжалари пирпирай бошлайди: “Етар энди? Қачонгача ахир?..” Шундай демоқчи бўлади-ю, ҳадди сиғмайди. Хаёлидан недир андишалар ўтади, чамаси. Туғёнида бош кўтарган  таҳликали норозиликни тили навозишга айлантириб юборади: “Хўп-хўп!.. Ҳозир!” Эрининг ялтираган пойафзалини шоша-пиша яна бир бор артиб, эшикни кенг очатуриб, айбдор оҳангда қўшиб қўяди: “Ҳаво салқинга ўхшайди!”

Комил Қори унинг равиш-рафторини хаёлан Рухсорага таққослаб, Зоҳида эса ўзини марҳумадан яхшироқ кўрсатишга уриниб чарчайди. Раҳматли шошилмасдан гапирар эди. Бу — бидир-бидирроқ.   “Тезотар”. Гапларини бирданига англаб олиш қийин. Эрининг  истеҳзоли нигоҳига кўзи тушса, баттар довдирайди.

Сочига аллақачон оқ оралаган эркак тўл қолса, хотин кишининг туғмасию бефарзандига рағбат билдиради. Зоҳида иқтисоддан илм қиламан, олима бўламан деб умрининг ярмини сўққабош ўтказган. Комил Қори оғиз солганида ақлли аёлнинг гапини айтган: “Аввал раҳматли Рухсора опамни бирга зиёрат қилсак девдим!”

Комил Қорига марҳума  доим йўлига кўз тикиб, зор-интизор кутаётгандай туюлаверади. Илгаригидай, яйраб суҳбатлашгиси келади.

“Қалайсан, Рухсоргинам? — дейди дилкашлик билан ўзини-ўзи овутмоқчи, чалғитмоқчидай. — Яхшимисан?”

Шундай дейди-ю, филҳол пастки лабини тишлаб қолади: “Тупроққа қоришиб ётган одамнинг аҳволи қандай бўлиши мумкин? “Яхшимисан”га бало борми? Ажал билан ўйнашяпсанми?”

Ўринсиз сўзлари учун марҳумадан кечирим сўрашга тушади. Рухсора жавоб бермайди. У энди ҳеч қачон жавоб бермаслигини, беролмаслигини англаган завжининг хўрлиги келади. Иккаласининг маъсуд кунларини эслашга уринади. Урингани сари қароқларини босиб келаётган ашк дарёсининг шиддати кучаяверади. Унинг йиғлоқи бўлиб қолганидан хабар топганлар зимдан мийиғида кулишини (“Ҳа энди, акаям қарида-да! Қачонги Комил Қори!”) аллақачон сезган. Қўл силтайди: танаси бошқа дард билмас! Музтарлиги ортади.

Қабристонда ўй-хаёл босаверади. Рухсорани биринчи марта учратгани, биринчи бор гап қотгани кўз олдига келади. Гаплашар экан, қизнинг юз буриб кетишидан хавфсираб турганларини юраги хаприқиб эслайди.

Уни метрода кўриб қолиб, пединститутнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетигача изидан борган. Қиз сезган. Сезганини сездириш учун ҳуркак нигоҳидан шундай бир мафтункор табассум ҳадя қилганки, эслаганида ҳалигача Комил Қори бўзболадек ич-ичидан энтикиб кетади. Рухсора кейинчалик опаси билан унинг ишхонасига – Меъморлар уюшмасига борганларини ва орқаворатдан суриштирганларини кула-кула айтиб берган.

—Кўзга яқин йигит экан, — деган опа бўлмиш. — Сенга ўхшаган хушторлари юздан ошса керак.

—Мингдан ошсаям майли!..

—Эртага бир куни ўзининг Ғелонига кўчиб кетса, нетасан? Келопти, боропти, деб юрасанми?

—Юрсам-чи?..

Ижроқўм берган бошпанасига куёв ўйлаб-нетиб ўтирмасдан “Шоҳсарой” деган шоҳона ном берган. 1966 йили зилзилада вайрон бўлган Тошкентга финлар совға қилган ёғоч уй. Иккинчи қаватдаги каталакдек пастқам хоналар, у ёқдан — бу ёққа бурилишинг маҳол йўлак, чумоли юрса ҳам  ғачир-ғучур қиладиган омонат зиналар… Тўкилай деб турган ўша иморат икки ёшнинг кўзига шоҳлар ўрдасидан ҳам маҳобатли ва фусункор кўринганида, куёв ўзини хоқонлардан ҳам қудратлироқ ва бахтлироқ ҳис қилганида ҳазил йўқ. Эсласа, ҳалигача завқи уммондек тўлиб-тошади. Аввал-оқшомлари ишдан қайтган хоқонни дунёдаги энг ақлли, энг гўзал, энг саришта келинчак барқут либосларда боши осмонларга етиб кутиб олган! Соҳиби салтанат остонадаёқ унга бургутдай ташланар экан, иккиси оппоқ чойшаблари, парқу ёстиқлари кўзни қамаштирувчи қўшўринли жойхобига етиб боролмаган! Полтахталари лопиллаб турган йўлакдаги қирмизи пойандознинг устида бир-бирига илондек чирмашиб кетганки, қони вулқондай қайнаб ётган, бир-бирига ташна икки навқирон вужуддан бошқа яна нимани кутасиз!..

— Соғиниб ўлай дедим! — дерди тизгинсиз эҳтирослар асирига айланиб бўлган хоқон.

— Қўйсангиз-а! — дерди келинчак ғамза-адоси билан. — Ҳар куни ёнингиздаман-ку!..

— Кўз очиб юмгунимча соғинаверсам, нима қилай?..

— Бу кетишда белимни синдириб қўйишингиз тайин!..

— Йўқ нарсани қандай синдирама-ан!.. Қани, бери кел-чи! Фариштада бел нима қилсин!..

Рухсоранинг майин ва босиқ табассум аримайдиган ёруғ рухсорида аслзодаларга хос сеҳр, нур бор эди. Палаги тоза, ҳаётнинг пасту баландини кўп кўрган, турмушнинг маънисига етган одамохун оиланинг фарзандларида бўлади бундай улуғвор хотиржамлик. Айни илоҳий талъатнинг қаршисида ҳар қандай териси қалин кас бирдан ҳовуридан тушиб, мулойим тортиб қолади.

Комил Қори унинг маъюслик муҳрланган чарос кўзларига яна бир бор термулиш учун қолган умрини гаровга қўйишга рози. Қани энди, иложи бўлса! Шунча йил бирга яшабдилар-у, унинг бирор гапи, бирор қилиғи, бирор айби малол келмапти. Доим эрининг кўнглига қарарди. Энди ўйлашича, бир йигитнинг бахти, омади, давлати бундан ортиқ бўлмас!

Бошига жудолик тушган кунлари — ҳар қадамда, ҳар нафасда, ҳар бир аёл кўзига Рухсора бўлиб кўринар, қулоғига чалинган ҳар бир сас уни эслатаверар эди: қушлар чуғур-чуғурида — Рухсора, идиш-товоқ шарақ-шуруғида — Рухсора, болаларнинг қийқириғида — Рухсора, эшикнинг ғичирлашида — Рухсора, шабада олиб келган гул ифорида — Рухсора. Гўё, Рухсора дунёни сеҳрлаб, умрбод ўзиники қилиб, қулфлаб-муҳрлаб кетган. Фақат ўзи йўқ!

Бутун иродангни ишга солиб, айрилиқ гирдобдан қутулмоқ чорасини излайсан, тиришасан-тирмашасан, кўзингга кўринган хасга жонинг ҳалқумингга келиб ёпишасан, қани энди нафи тегса. Тегмайди. Тегмагандан кейин умидларинг узилиб, ўзингни унинг майлига қўйиб берасан. Тортиб, ютиб кетади. Ютиб кетгани шулки, эрталаб юзингни чайишга ўзингда ҳафсала тополмайсан. Гўё, гир-атрофдаги ҳамма нарса ёниб кул бўлгану бу ёруғ оламда танҳо ўзинг қора қурумга ботиб, тентираб қолгансан. Фақат уни ўйлайсан, фақат уни эслайверасан. Бировни кўришга, ҳатто жажжи неваранг билан овунишга ўзингда куч-қувват, ҳафсала тополмайсан.

Комил Қори кўча четидаги “Sayyor” кафесига бурилди. Оёқлари негадир уни уйига эмас, шу манзилга бошлади.

 

***

Ўша йили қаҳратон аччиқ келиб, қор жуда мўл ёғди.  Боғ-роғ, дала-дашт, кўча-кўйдаги дов-дарахтлар ўз йўлига, небир хонадонлар, иморатлар ичидаги гулу бўталарни ҳам совуқ олиб кетди. Қаршида хизмат сафарида юрган Комил Қорининг кўричаги буралиб, ғужанак бўлиб қолди. Аввал жарроҳнинг эътиборига, кейин тиғнинг тагига тушди. Ичаги ёрилиб кетишига бир баҳя қолган экан. Операция хийла чўзилгани хотинининг қулоғига етмай қолармиди. Ўша заҳоти йўлга чиққан Рухсора тун оққанда поезддан оёқяланг тушгани толе улардан юз ўгириб, қурбонлик сўрашга ўтганидан белги экан.

Иккига бўлинган шарифини оёқларига пайтавадек ўраб, тўзий бошлаган эски калишда тизза бўйи қор кечиб келган умр йўлдошини кўрган эри кўричаги ёрилиб кетмаганидан пушаймон егани рост. Янгигина этиги билан сумкачасини поезда кимдир илиб кетибди. Унинг кечаси соат уч яримда поезддан оёқяланг тушиб, юз метр наридаги вокзалгача қандай етиб борганини тасаввур қилиш қийин. Муз, қор, изғирин,  темирйўл вокзали ундан баттар, совуқ. Иситишга кўмир берилмайдиган даргоҳнинг бошлиғи шўрлик жувоннинг оёғига қўлбола печка қўйиб беради. Этик ваъда қилмайди-ю, “бирорта калишнинг гўрини қазиш”га астойдил уринади: “Унгача мана бу чойдан хўплаб, сал исиниб олинг, қизим!” Магазинлар қуриб-қақшаб ётган маҳаллар эди-да. Совуқсираган аёл вокзал ҳовлисидаги қўл чаядиган жойга ҳам боролмасдан бетоқатликда тонг оттиради. Эрталаб бошлиқнинг хотини марҳамат қилган эски калишни оёғига илиб, эри ётган шифохонага йўл олади. Унинг юзи ловуллаб кетган! Кўзини очишга мадори қолмаган. Эски дарди – боди қўзиган. Икки оёқда борган аёл бир ойдан сўнг уйига тўрт оёқда — қўлтиқтаёқда қайтади. Яна бир ойча шифохонада, сўнг ҳар йили беморхона-ю сиҳатгоҳларда даволанади. Бир муддат тузалгандай, мактабидаги ишига  қатнай бошлагандай бўлади. Лекин сўлиб бораверади. Билаги, тиззаси ва бўйнида безлар пайдо бўлиб, равон қадди ўзига бўйинсинмай қўяди. Икки ўғлининг бир кунда ўтган тўйи ҳам татимайди.

Паваришига кўнглидагидай оқсоч топилмайди. Бирининг  қўли эгри чиқади. Бошқаси беморга тувак тутишдан орланади. Учинчиси Комил Қорига очиқчасига  кўз сузишдан тийилмайди. Талабалигини тугатмаган қўш келиннинг галма-гал навбатчилигида ҳам маъни чиқмайди. Ишига андармон бўлиб юраверган эр бўлмиш бир куни қараса, аёлининг белгинаси чойшабга ёпишиб, эти пишиб қолган.

Бардоши бақувват Рухсора ўксинади, лекин зорланмайди.

Ота ўғилларига айтади:

— Болаларим, энди сизларга қувват, топган-тутганларингга барака берсин. Мен энди оналарингга қарайман.

Меъморлар уюшмасидаги лойиҳа раҳбарлигидан бўшайди ва аёлининг ёнидан бир қадам ҳам жилмайди. Ичи тўла биқиёсу беандоза ҳангома. Илгари назарига илмаган нарсалардан севинч-саодат, таскин-тасалли топишни тиндира бошлайди. Оила аҳли иш, ўқиш, боғчасига кетганида аёлини елкасига опичлаб, туядай лўккилайди. Дўхтир шундай маслаҳат берган: қони юришади! Ҳовли қийқириққа тўлиб, дардлар унутилади, қонлар кўпиради!

Кинотеатр деган масканнинг бўсағасини босмаганига “неча аср, неча йил бўлган” ўткир меъмор  “Панорама”га чипта буюртма берадиган, театрларнинг репертуари билан қизиқадиган одат чиқаради. Бир куни – концертга, бошқа куни    бадиий кўргазмага аёли  “тахтиравон” – фалажаравада, садоқатли тансоқчиси  ёнида, ясан-тусан қилиб кетаётганини кўрган қўни-қўшнилар бир зум тўхтаб, завқланиб салом беради. Баъзилари эгилиб таъзим қилади, алқайди.

 

***

Уни кафе мулозимлари тавозе билан кутиб олдилар. Салобатли меҳмон бош силкиб саломлашган бўлди-да, тўрга томон кўз югуртирди.

— Жойингиз бўш, — деди қотмагина мулозим ва ёлғондан ўзини тия олмади: — Сиз учун атайлаб банд қилиб қўйганман!

Рухсорага тўрдаги икки кишилик стол ёқарди. Кўча-кўйни томоша қилиб ўтиришга қулай. Фалажаравага кунлари қолганидан кейин ҳам, то хасталикнинг қуввати ошиб, қошиқни ушлаш азобга айлангунича, бу ерга келишни канда қилганлари йўқ. Яна борайлик деса, Рухсора йиғлаб ялинар эди: “Илтимос, мени қийнаманг!” Бармоқларининг бўғимлари ҳам қотиб қолгач, хотинига овқатни ўзи едириб-ичириб қўядиган бўлди. Ўзи юз-қўлларини ювиб, тўкила бошлаган чиройли тишларини авайлиб тозалар, пардоз-андозини ҳам ўзи уддаларди. Лаббўёқ, атир-упа, сурма–суруғи —  ҳаммасининг энг сараларини олиб келарди. Ҳамшираликда сочи оқарган оқсоч ўрис кампирга ишонмас, томирга юбориладиган нинадорисини ҳам ўзи амалларди.

— Мен сизни бахтли қилолмадим, — дерди Рухсора ўкиниб.

Бундай пайтларда у тиз чўкарди-да, аёлининг қўлларини ўпиб, кўзларига суртарди:

— Бу дунёга юз марта келсам, юз марта ҳам сени дейман!

Бора-бора дард бутун танасига ёйилди ва аёл бўйнини ҳам қимирлата олмай қолди. Луқмани чайнаш азобга, ютиш ундан баттар кўргиликка айланди.

—Ғамсиз бошингизни ғамхона қилдим, — дерди табассум аримайдиган юзлари қошиқдайгина бўлиб қолган аёл. — Қизимиз бўлганидаям шунчалар қийналмас эдингиз.

—Бу қўшиқни унут, — дея жавоб қиларди эри. — Биринчи марта учрашганимиздан бери сенга меҳрим камайганини сездингми?

—Йўқ!

—Яна юз йил ёнимда бўл, сезмайсан! Дард – меҳмон. Бир кун келган бўлса, бир куни кетади.

Лекин боди беаёвнинг оёқ олиши қалтислигини,  осонликча келиб-кетмаслигини, кетгудек бўлса ҳам, беморни ўзи билан бирга олиб кетишини сезиб турар эдилар.

Тилдан қолиб, қулоғи оғирлаша борди. Гапираётган одамнинг юзига серсолиб тикилар экан, нима демоқчи бўлаётганини англашга уринарди. Кечалари оғриқнинг зўридан инграр, кўзларидан ёши сел бўлиб оқарди-ю, бироқ оҳ-воҳга эрк бермас эди. Яшашдан нақадар безган бўлса-да, на бир шиква–шикоят, на бир зорланиш, на бир нолаи афғон билан ўзгаларнинг юрак-бағрини доғлади!

Бир куни шотут егиси келаётганини айтди. Қаҳратон қишда шотутни топиш осонми? Фарғонада бир кампирда бор экан. Жўнатди. Жўнатиш олдидан момо бечора сўради:

— Келин шотутга бошқоронғи бўлганмилар, ўғлим?

— Йўғ-а. Бир хумори тутибди-да.

— Ҳа-а. Бетоброқмилар дейман?

— Шундай, онажон?

— Сиз кими бўласиз? Завжими?

— Ҳа. Нима эди?

—Баракат топинг, болам! Бир бонка сақлаб қўйган эдим. Ҳаммасини юбораман. Пул-мулингизни қўйинг. Таксичига йўлкирасини берсангиз, бас.

Шотут — Рухсоранинг сўнгги насибаси, сўнгги кунлари яқинлашиб қолганини ҳамма англаб турарди. Эри сўради:

— Яна нима истайсан, онаси? Айт, тортинма!

Иймана-иймана, ҳар бир сўзни ютини-ютина хириллаб айтди. Икки ўғли, икки суянган тоғи “Тез ёрдам” машинасини бошлаб келди. Рухсора, оёғини босолмаса-да, тўнғичи олиб берган гулдор оқ бурки этигини кийиб, ёнида эри билан қалин кўрпачалар солинган замбиларавали ўша “Тез ёрдам”да, ўғиллари, келинлари, неваралари — бутун оила ўзларининг машинасида телеминорага жўнадилар.

У ерда азамат мулозимлар кутиб туришган экан. Замбиларавада минораи калоннинг энг юқорисига — айланадиган ресторанга олиб чиқдилар. Ранги қатиқ зардобидек сарғайиб кетган бемор қорга бурканган она шаҳарини, ўткинчи дунёни гўё осмону фалакдан завқланиб томоша қилди. Мадорсиз оёқлари остида зангори олам ястаниб ётар, аёл унга суқланиб, энтикиб  тўймас эди!  Мижжаларидан тошиб чиққан томчиларда еру осмон жилвалангандай бўларди.

Икки кундан сўнг, тонг ёришар чоқда, қоқшол қўлини эрининг бақувват билагига оҳиста қўйиб, заиф, ғоят заиф овозда шивирлади:

—Мен кетяпман… Рози бўлинг, Ҳаётим!..

Ва аёл бу дунёни ташлаб кетади.  Ажабки, унинг тириклигида муздай қўллари ва юзларига умри адоғига етганидан сўнг латиф бир илиқлик югургандай эди.

Кейин одамлар гув этиб келадилар-да, унинг ёстиқдошини елкаларида гувва кўтариб  кетадилар. Шоша-пиша кавланган ерга топширадилар ва гув этиб тарқаладилар. Гувиллаб турган уй, гувиллаб турган ҳовли, кечагина унинг оёқлари остида гувиллаб ётган улкан  шаҳар хувиллаб қолади. Гўё аёл чарағон дунёнинг чироғини  ўчириб кетган. Чироғидан айрилган эри  қадам босишдан чўчиб, туртиниб-суртиниб, довдираб юрадиган кекса басирга ўхшаб қолади.

 

***

Официант келиб, енгил таъзим қилди:

— Ҳар доимгидекми, дода?

Дода тасдиқ маъносида бош ирғади:

— Шўрва, – деди хомуш. –  Коньяк. Юзта. Йўқ, икки юзта. Баъдаз аччиқ қаҳва.

Рухсора билан келганларида ичмасди. Сўнг-сўнг ёлғиз ўзи келиб, суппайиб ўтирганида, оз-оздан оладиган бўлди.

Комил Қори эшик томон маҳзун назар ташлади ва ногаҳон юраги, йўқ, бутун вужуди музлаб қолгандай бўлди: ял-ял ёниб бир жувон кириб келардики, Рухсоранинг ўзи! Уч йил бурун эрини зор қақшатиб  кетган хасми ҳалоли! Ўзининг Рухсораси!

Жувон унинг ёнидан беэътибор ўтиб, ойнаванд деворга тақаб қўйилган стол бўйидаги юмшоқ ўриндиққа ўзини ташлади. Қаршисидан бурни ўроқнинг учидайгина бир йигит жой олди.

Комил Қорининг хўрлиги келди: яна туш кўряпман деб ўйлади ўкинч билан. Рўёда Рухсоранинг пойига тиз чўкиб, тўтиё ранг ҳарир кўлагининг барларидан ўпганлари, нафис қўлларини кўзларига суйиб суртганлари хотирига келди. Шу тобда бундай қила олмас, аёлнинг ёнида бегона эркак ўтирар эди.

Сиртдан қарганда, улар эр-хотинга ҳам, унда-бунда хуфиёна учрашиб юрадиган жазманларга ҳам ўхшамасди. Суқсурдай жувонни арғамчидай ингичка йигит билан бундай алпозда кўриш ажабланарли. Балки, ростан ҳам эри, эҳтимол шунчаки танишидир. Эҳтимол, ўз вақтида бир-бирига етолмаган шўрпешоналардир. Иккиси ҳам ўттизнинг нари-берисида. Йигит жувондан кўз узмас, жағи у ёқдан бу ёққа тинимсиз бориб-келарди-ю нимани чайнаётганини ўзи сезмасди, чамаси.

Жувон дағал тўқима жемперини ечиб, курси суянчиғига ташлади. Комил Қорининг ич-ичидан кўтарилган хўрсиниқнинг тафтига қоғоз тутилса, тутаб кетарди. Бу оппоқ билаклар, ингичка бўйин, мулойим қўллар… Рухсоранинг ўзгинаси. Фақат раҳматли минг оч бўлса ҳам, таомни назокат билан майда чайнаб ерди. Ичимликни нафис лабларининг учида ҳўпларди. Бу аёлнинг лўнжи бўш турмас, оғзини каппа-каппа очиб, чайла кўрмаган чўпонлардай чайнарди. Танобий хонага дамо-дам кириб-чиқиб турган мижозларга ҳам, мулозимларга  ҳам парвоси йўқ.

Комил Қори икки ёшнинг касб-корини тахминлашга ўтди. Иккаласи ҳам нари борса, ўрта мактабни чала-чўлпа битирган. Юриш-туриши, кийиниши, ўзини тутиши айтиб турибди. Бир қарашда, жувонни ҳамшира дейиш мумкин: касал кўравериб, оҳ-воҳни эшитавериб, дийдаси қотиб кетган.

Ўтли нигоҳларини жувондан узмай ўтирган йигитнинг қўллари қизларникидай нозик. Иродаси сустроқ, танбалроқ одамларнинг қўлидан. Елкалари энсиз, ўзи чўпдек озғин. Автонозирмикин? Йўқ, шошқалоқлиги, аланглашига қараганда, бирорта эски машинанинг ижарачи-киракаши бўлса бордир. Киракаш десанг, коньякдан тап тортмай ураётир. Ким бўлганда ҳам, жувон унинг ақл-ҳушини олиб қўйгани аниқ.

Ёмғирнинг шиддати кучайиб, қоронғулик чўкаётган шаҳарга қор бостириб келаётганини хўрандалар сезмасди ҳисоб.

Шишадаги ёқут шаробни тинимсиз сипқораётган йигит қанчалик кўримсиз бўлса, қаршисидаги жувон шунчалик кўҳлик кўринарди. Ўша қора кўзлар, ўша қалам қошлар, ўша настарин каби оқ ва тиниқ юзлар. Зулукдай сочлар ҳам ўша-ўша — учлари ичкарига енгил қайрилиб, чиройли бўйнини бегона кўзлардан яшириб турибди. Қадди қомати Рухсорадан сал тўлароқдай. Балки, енги калта тарғил кўйлаги шундай —  тўлароқ кўрсатаётгандир.

Жувон қаршисида ўтирган ҳамроҳига на бир ноз-истиғно билан, на бир суқланиб қарай демасди. Демак, қизнинг — қорни, маҳбубининг эҳтирос қайнаб турган навқирон вужуди оч. Майхўрнинг юзлари қизариб, кўзлари сузилиб қолган.

Ўтган бир соатдан мўлроқ вақт ичида аёл қўшни стол  томонга лоақал кўз қирини ташламади. Комил Қори жувоннинг бош буришини жуда-жуда истарди. Илҳақ ўтирарди. Қани энди кўзлари унинг кўзлари билан учрашса, нигоҳлари нигоҳига дуч келса! Келса-чи? Келса, нима қилар эди? Билмас, англамас, лекин унинг биргина кўз қирига зор, маҳталу маҳлиё эди. Қария жувоннинг эътиборсизлигини ўзининг кексалигига йўйди: “Яна нима ҳақинг қолди, оғайни, — деб ўйлади. — Эрта-индин етмишга бориб турибсан-ку”.

Мўсафиднинг олдидаги овқати аллақачон совиб қолган. Фикр-ёди уч қадам наридаги икки хўрандада, тўғрироғи, жувонда. Аёл таомнинг тагини нонга суртиб олиб кавшар экан,  тинимсиз гапирар, лўнжидаги овқатни ютгандагина тили дам олгандай бўларди. Йигит унинг гапларини бош силкиб тасдиқлаган бўлардию бирор сўзи қулоғига кирмаётгани шундоққина кўриниб турарди.

Қиз қўзғолганларидан кейин ҳам Комил Қори томонга назар ташламади. Атайлаб қилаётгандай жемперини тескари ўгирилганича кийиб, эшик томонга равона бўлди. Шошилиброқ юрди. Икки қадам босиб, таққа тўхтади ва орқасига бурилди. Саватчада қолган икки-уч бўлак нонни қоғоз сочиқчага ўраб, латта сумкасига солгач, шеригининг изидан ошиқди. Шериги официантнинг ёнида бор-будини бой берган соққачи қиморбоздай шалвираб турарди.

Қария ташқарига қаради. Атроф ёришиб кетган: осмон оппоқ, дарахтлар оппоқ, ер оппоқ — қор.

Унинг раҳми келдими ё шунчаки одамгарчилиги тутиб кетдими, тортишиб турган икки йигитнинг гапига қўшилганини ўзи сезмай қолди:

— Қанча етмаяпти?

—Бир юз эллик, — деди официант. — Эртага олиб келиб берармиш. Кафилига ташлаб кетаётган телефонига қаринг. Текинга берсангиз, биров олмайди.

Комил Қори ҳамёнидан бир даста қизғиш пул чиқариб, учтасини мулозимга берди:

— Уч юз. Менинг ҳисобим ҳам ичида. Қайтими ўзингга.

Яна ўнта суғуриб, ошиғи нотовонга узатди:

—Хотинингизнинг пойафзали кўзимга юпунроқ кўринди, ука. Этик олиб беринг!.. Ҳаво совуқ. Бирор дард орттириб олмасин, тағин.

— Хотиниммас…

— Кимингиз унда?

— Синфдошим.

— Ёшликда берган кўнгил, денг?

— Айрилмас бало бўлур, — дея ишшайди йигит. — Раҳмат, амаки!

— Унда, мана, ҳаммасини олинг! — Комил Қори пулнинг қолганини ҳам лаванг синфдошга узатди.

— Йўғ-е, амаки? — дея ортига тисланди у ва  иккиланиброқ қўшиб қўйди: — Уйда пулим бор…

— Олинг! — Кесиб гапирди қария. — Уйингиздаги пулни рўзғорингизга ишлатасиз!..

Мўйсафидга ҳам ҳайрон, ҳам ишонқирамай қараб турган йигит унинг ҳорғин кўзларида ёш ғилтиллаётганини кўрди. Чурқ этмасдан пулни олди ва лип этиб кўздан ғойиб бўлди.

— Шу ишни бекор қилдингиз, дода, — деди официант. —Бетайин одамга ўхшайди.

Комил Қорининг кўксидан хўрсиниқ аралаш бир нидо чиқди:

— Бу гапларингни қўй, ўғлим, — деди оҳиста, жуда оҳиста. — Ёнидаги — аёл киши…

Jadid газетаси, 2024 йил 1 ноябрь, 45-сон.