Нозим Ҳикмат (1901-1963)

Нозим Ҳикмат (Nâzım Hikmet Ran) Туркиянинг Селаник воҳасида туғилган. Бошланғич таълимни Гўзтепа Тошмактаби, Галатасарой лицейи ва Нишонтоши Намуна мактабларида олган. Баҳрия мактабида беш йил ўқигач, соғлиғи ёмонлашгани туфайли кетишга мажбур бўлган. Маълум муддат Батумда қолгандан сўнг Россияга ўтиб, Москва Шарқ Университетида иқтисод ва жамиятшунослик соҳасида ўқиган. Юртига қайтишида анча пайт Ҳара қамоқхонасида ушлаб турилган. Сўнг Истанбулга жойлашиб, турли газета ва журналларда, киностудияларда ишлаган. Иш фаолияти давомида илк драмалари, шеърий китобларини нашр эттирган. Турли газеталарда Ўрхон Салим тахаллуси билан бош мақолалар ёза бошлади. Турли тазйиқлар сўнгида Туркиядан чиқиб кетишга қарор қилган. Варшава ва Москвада яшаган. Москвада вафот этган.
Шеър китоблари: «835 сатр» (1929), «Жаконд билан Си-Я-У (1929), «Борган 3» (1930), «1+1+1» (В. Ноил билан бирга, 1930), «Овозини йўқотган шаҳар» (1931), «Бенрид ўзини нега ўлдирди» (1932), «Тунда келган телеграф» (1932*), «Таранта Бабуга мактублар» (1935), «Симавна қозисининг ўғли Шайх Бадриддин достони» (1936), «Қутулиш жанги достони» (1965), «Мамлакатимдан инсон манзаралари» (1966, 1967), «Соат 22-22 шеърлар» (1965), «Рубоийлар» (1966), «Тўрт қамоқхонадан» (1966), «Янги шеърлар» (1966), «Сўнгти шеърлари» (1970), «Тўла асарлари» (1980, саккиз жилд).
Илк асарларида лирик ва эпик жанрни омухта қилган Нозим Ҳикмат, «Шайх Бадриддин достони» билан девон (классик) шеърияти, халқ оҳанглари ва модерн шеър унсурлари асосида ўзига хос янги бир услубни қўллади. Нозим Ҳикматни «давр билан ҳамнафас шоир», шеъриятини эса маълум маънода «тарих китоби» ёхуд ўзининг ҳаёт тарихи десак янглишмаймиз.

ҚУЁШ ИЧГАНЛАР ҚЎШИҒИ

1

Бу бир қўшиқ: –
сопол кўзаларда
қуёш ичганлар қўшиғи!
Бу бир қўшиқ: –
бир олов соч ўрими
айланадир;
қонли қизил бир машъала каби ёнадир
сариқ пешоналаринда
боқир оёқлари яланғоч қаҳрамонларнинг!
Мен ҳам кўрдим у қаҳрамонларни,
мен ҳам ўрдим у ўримни,
мен ҳам унлар-ла
қуёшга кетган
кўприкдан
кечдим!
Мен ҳам ичдим сопол кўзаларда қуёшни.
Мен ҳам куйладим у қўшиқни!

2

Юрагимиз тупроқдан олди қонини;
олтин суякли арслонларнинг оғзини
йиртдик-да
керишдик!
Сачрадик;
чақмоқли рўзғорларга миндик!
Қоялардан
қояларга учган бургутлар
қоқадир нурларда порлаган қанотларини.
Олов билакли йўловчилар қамчилаётир
қуёшга босган отларини!
Оқин бор
қуёшга яқин!
Қуёшни забт этажакмиз
қуёшнинг забти яқин!

3

Тушмасин бизлар-ла йўлга: –
Уйида йиғлаганларнинг кўз ёшларини
бўйнида бир оғир занжир
каби ташиганлар!
Тўсмасин йўлимизни
ўз юрагининг қобиғинда яшаганлар!
Мана:
шу қуёшдан тушган оташда
миллионлар-ла қонли юрак ёнадир!
Сен ҳам чиқар
кўксингнинг қафасиндан юрагингни;
шу қуёшдан
тушган
оловларга от!
Оқин бор
қуёшга яқин!
Қуёшни забт этажакмиз,
қуёшнинг забти яқин!
Биз тупроқдан, оловдан, сувдан, темирдан туғилдик!
Қуёш эмизадир болаларимизга хотинларимиз,
тупроқ сочадир боқир соқолларимиз!
Нашъамиз қайноқ,
қон каби қайноқ,
қаҳрамонларнинг уйқуларида ёнган
у “он”
қадар қайноқ!
Зинапоямиз чангалини юлдузларга осиб,
шаҳидларимизнинг бошларини босиб,
юксаламиз қуёшга қадар!
Ўлганлар
кураш қилиб ўлдилар;
қуёшга кўмилдилар.
Вақтимиз йўқ уларнинг мотамини тутмоққа!
Оқин бор
қуёшга яқин!
Қуёшни забт этажакмиз,
қуёшнинг забти яқин!

4

Узумлари қон томчили қирмизи боғлар боқадир,
қалин тоғ-ла мўрилар
бўралашиб оқадир!
Қичқирди энг олдин кетаётган,
амр этаётган!
Бу товуш!
Бу товушнинг қуввати,
бу қувват,
ярали оч бўриларнинг кўзларига парда тутган
унлари бўлганлари ерда
титраркан
қувват!
Амр этки, ўлайик,
амр эт!
Қуёш ичаётирмиз товушингда!
Қайнаётирмиз,
қайнаётир!..
Ёнғинли уфқларнинг туманли пардасида
Найзалари кўкни йиртган отлилар учаётир!
Оқин бор,
Қуёшга оқин,
Қуёшни забт этажакмиз,
қуёшнинг забти яқин!

Х о т и м а

Тупроқ, бақир,
кўк, бақир.
Ҳайқир қуёшни ичганлар қўшиғини.
Ҳайқир,
ҳайқирайлик!

Ҳамид Олимжон таржимаси

ТУН ШЕЪРЛАРИ

I

Энг ажиб денгиз –
ҳали биз кезмаган денгиздир.
Энг ажиб гўдак –
ҳали улғаймаган гўдакдир.
Энг ажиб кунларимиз –
ҳали биз яшамаган кунлардир.
Ва сенга айтмоқчи бўлган
энг ажиб сўзим
ҳали айтилмаган сўзимдир.

2

Чўкка тушдим, қараяпман тупроққа,
майсаларга қараяпман.
Қўнғизларга қараяпман,
яшил-яшил гуллар очган бутоқларга қараяпман.
Сен баҳор тупроғи кабисан севгилим,
сенга қараяпман…
Чалқасига ерга ётдим осмонни кўраяпман.
Дарахтларнинг бутоқларин кўраяпман
Сен, баҳор мавсумида
осмон кабисан севгилим,
сени кўраяпман…
Тунда қирда олов ёқтим,
оловга мен тегаман,
сувларга мен тегаман,
емишга мен тегаман,
кумушга беланаман.
Сен, юлдузлар тагида
ёқилган бир оловсан, севгилим,
сенга тақиламан…
Мен инсонлар ўртасида яшайман,
севаман инсонларни.
Ҳаракатни севаман.
Тафаккурни севаман.
Курашимни севаман.
Сен курашим ичида бир инсонсан севгилим,
сени севаман.

3

Соат 21.
Майдон устида соат жом урди,
аллақайда ётоқларнинг
эшиклари бекилди.
Бу гал менинг бандилигим
сал узоққа чўзилди:
саккиз йил!
Яшамоқ умидли бир ишдир,
севгилим!
Яшамоқ:
сени севиш қадар
жиддий бир иш…

4

Сени ўйламоқ кўп гўзал юмуш,
умидли юмуш.
дунёнинг энг хушхон овозин,
энг ширин қўшиғин эшитиш каби
лаззатли юмуш….
Лекин, ҳозир умиднинг ўзи.
Фақат умидгина етмайди менга,
мен энди қўшиқ тинглашни тугул,
қўшиқ куйлашни истайман.

5

Ўтган кунлар хотиржам, қўмсамайман,
– фақат бир ёз кечасидан қатъий назар, –
ва кўзимнинг сўнгги марта липиллаши
келгусидан келтиради сенга хушхабар.

6

“Болга тўлди мум ҳужралари”,
яъни, кўзларинг қуёшга тўлиқ…
Кўзларинг, севгилим, кўзларинг
эртага ётса-да тупроқда, —
ўша бол бўлак бир мум ҳужраларин
тўлдирмоқда давом этгуси…

7

Табиат – онамиз бир кун бизларга:
– “Бўлди, бас, жигарим,
Кулгилар, йиғилар муҳлати битди,
бўлди, етади!
Алвидо!” дейди.
Ва кейин бошланар тағин қайтадан
Чексиз, чегарасиз, билониҳоя –
Сўзламас, тушунмас ва кўрмас ҳаёт.

8

Чиримас ойнадай тиниқ қиш куни
топ-тоза олманинг этин тишламоқ!..
Бу – менинг севгилим, бир арчазорда
эркин нафас олиш бахтига ўхшар.
Сени севишим ҳам шу тахлит, жоним!

ЯШАМОҚҚА ДОИР

Яшамоқ, бу ҳаёт дегани.
Ҳаётда эса
майнабозликлар
сира кетмайди.
Парижлик кўп эркин бўлмоғи лозим,
масалан, олмахон турмуши каби.
Яъни, сен ҳаётнинг ташқарисида,
бўлак бир нарсани кутмайсан асти.
Яъни сенинг барча интилишларинг
яшамоқ,
яшамоқ
бўлмоғи керак.
Ҳаётда кўп жиддий яшамоғинг шарт.
Ва шу даражада, шу йўсиндаки,
масалан, қўлларинг боғлоғлиқ бўлса,
деворга орқангни таянтирсалар,
ёхуд каттагина кўзойнак билан
ва оқ кўйлак билан
лабораторияда
инсонлик йўлида, инсонлар учун
ўлмоқ даркор бўлса ўла олгайсан.
Ҳа, башар йўлида, инсонлар учун,
ҳатто юзларини сен кўролмаган
инсонлар учун ,
ҳатто ҳеч ким сенга бундай ўлимга
Зўрламай, қистамай тургани ҳолда,
ҳатто энг чиройли, энг ширин нарса
ҳаёт эканини билганинг ҳолда
инсонлик йўлида ўлмоқдан қўрқма!
Яъни ҳаётингни шу қадар жиддий,
шунча ишонч билан давом эттирки,
ҳатто етмишларга кирган чоғингда
хотиржамлик билан зайтун эккайсан.
Ва бундан болалар баҳра кўрар деб
ўзингни чеккага чиқарма, асло!
Йўқ, сен ҳам ишонгин, у мевалардан
териб емоқликка.
Ўлимдан қўрқма,
аммо, ўлим бор деб ишонмагин ҳам…

Мақсуд Шайхзода таржимаси

ОЧЛИК ЭЪЛОН ҚИЛГАНИМГА БЕШ КУН БЎЛДИ

Дўстларим!
Ожизман, билсангиз бугун,
Юрак сўзларига тополмасдан сўз.
Боиси нимадир,
биласизми нечун
Бошим айланади?
Осонми, дейсиз,
Беш кун оч ётмоқлик қамоқда бутун.
Европали,
америкали,
осиёли дўстлар!
Биламан:
оқшомлар ва маҳзун тунлар
Мени ёд этасиз, бўласиз ҳамдард,
Дилимни ёритар ёдингиз ҳар он.
Қандай бахтлиманки, шунда ғойибона
Қўлингиз оламан бениҳоя шод.
Узоқ тикиламан ушлаб қўлингизни,
Худди она қўли каби кўп азиз,
Худди қўлларидек азиз севгилимнинг
Ҳаёт ва эрк берган каби бўлдингиз,
Дўстларим!
Биламан:
бу оғир йилларда
Мени қўлладингиз унутмай ҳар чоқ.
Менинг Ватанимни,
менинг халқимни
Эсладингиз, мумкин бўлмагани каби –
Мени ундан, уни мендан ажратмоқ!
Нақадар севаман сизнинг юртингизни,
Ботир халқингизни,
севаман сизни.
Қандай айтса бўлур қадрдонига
“Миннатдорлик” деган энг буюк сўзни?!
Дўстларим!
Ҳеч ўлмоқ истамайман, ҳарчанд
Қийнаса ҳам жаллод ўлгунимгача,
Гап шу!
Барибир ўлмайман!
Яшайман сиз-ла,
Сизнинг орангизда яшайман мангу!
Яшайман
Поль Робсон овозида шод,
Арагоннинг жўшқин мисраларида,
Тинчлик кабутарин қалбида озод,
Яшайман байроқлар силсиласида.
Шонли Франция докерларининг
Ғолибона, девкор қаҳқаҳасида!
Яшайман, мангуга ер юзида сиз-ла,
Халқ учун,
кишилар орасида кушод.
Мана шунда менинг кучим, юрагим!
Мана шунда менинг фахрим, ғурурим!
Мана шунда менинг бахтим,
дўстларим!

1950,
Бурса авахтаси

Туроб Тўла таржимаси

ОЧЛИК АРМИЯСИ КЕЛАЁТИР

Очлик армияси келаёхир:
Келаётир нонга тўймоқ учун,
гўштга тўймоқ учун,
китобга тўймоқ учун,
озодликка тўймоқ учун.

Келаётир кўприклардан ўтиб, қилдан ингичка,
қиличдан кескин.
Келаётир темир дарвозаларни парчалаб,
қалъа деворларини йиқитиб.
Келаётир оёқлари донга беланиб.

Очлик армияси келаётир:
одимлари момақалдироқ,
қўшиқлари оловдан,
байроғида умид,
умидларнинг умиди байроғида.

Очлик армияси келаётир:
шаҳарларни елкаларида кўтариб,
тор кўчалари, қоронғи уйлари билан шаҳарларни,
фабрика карнайларини
танаффусдан кейинги пайтларнинг туганмас
чарчоқларини кўтариб.

Очлик армияси келаётир:
айиқ ини қишлоқларнинг орқасидан чўзилиб — тортилиб
ва етаклаганча ерсизликдан ўлганларни
бу кап-катта ерда.

Очлик армияси келаётир:
келаётир нонсизларни нонга тўйдирмоқ учун,
очлик армияси келаётир.
Келаётир оёқлари қонга беланиб.

БУЮК ИНСОНЛИК

Буюк инсонлик кемада палуба йўлчиси,
поездда учинчи мавқе,
шосседа пиёда
буюк инсонлик.

Буюк инсонлик саккизида ишга кетар,
йигирмасида уйланар,
қирқида ўлар
буюк инсонлик.

Нон буюк инсонликдан бошқа ҳар кимга етар
гуруч ҳам шундай,
шакар ҳам шундай,
мато ҳам шундай,
кнтоб ҳам шундай,
буюк инсонликдан бошқа ҳар кимга етар.

Буюк инсопликнинг тупроғида соя йўқ
кўчасида чироқ
деразасида ойна…
Аммо умиди бор буюк инсонликнинг
умидсиз яшай олмас.

* * *

Ёшим олтмиш
ўн тўққизимдан бери туш кўраман
ёмғир, лойгарчилик, ёз, қиш,
уйқуда уйғониқ
кўринган тушимнинг кетидан юраман.
Нималарни олиб кетмади мендан айрилиқ,
километр-километр умид, тонна-тонна қадар,
тараганим сочлар, сиққаним қўллар.
Фақат тушим билан айрилмадик.
Оврупони, Осиёни, Африкани тушим билан
бирга кезиб довон ошдим,
Фақат американлар виза бермадилар,
денгизлардан, тоғлардан, чўллардан кўп одамларни
севдим,
одамларга шошдим.
Маҳбусхоналарда нури эди ҳурриятимнинг
нонимнинг қаймоғи эди сургунда
ҳар бир тугаган тунда эди, ҳар бир бошланган
кунда:
улуғ озодлик туши мамлакатимнинг.

* * *

Денгизнинг устида ола булут.
Юзида кумуш кема,
Ичида сариқбалиқ,
Тубида мовий йўсин.
Соҳилда бир яланғоч одам
туриб ўйлар:
Булут бўлсаммикин,
кемами ёки?
Балиқ бўлсаммикин,
йўсинми ёки?
На униси, на буниси
Денгиз бўлмоқ керак, ўғлим,
Булути-ла, кемаси-ла, балиғи-ла, йўсини-ла.

НЕКБИН ОДАМ

Болаликда чивиннинг ҳам қанотини юлмади,
Челак бойламади мушукларнинг думига,
Гугурт қутиларига қамамади пашшаларни
Чумоли уяларини бузмади.

Катта бўлди.
Бутун бу ишларни унинг бошига солдилар.
У ўтларкан, мен ёнида эдим.
Бир шеър йўқки,— деди менга,—
Қуёш ҳақида, денгиз ҳақида,
Атом қозонлари ила сунъий ойлар ҳақида
Буюклиги ҳақида инсонликнинг.

КЕТИШДАН АВВАЛ

Кетишдан аввал ишларим бор қиладиган.
Кетишдан аввал
Жайронни қочирдим овчининг қўлидан.
Аммо ҳали ҳушсиз ётар, уйғонмаган.
Уздим пўртаҳолпи бутоқдан,
Лекин пўстлоғи арчилмаган.
Бўлдим юлдузлар-ла дўст-ошна,
аммо саноқлари саналмаган.
Қудуқдан тортдим сувни,
аммо кўзаларга қуйилмаган.
Гуллар тизилган ликопларга,
аммо тошгулдан ўйилмаган.
Севги-армонларга тўйилмаган.
Кетишдан аввал ишларим бор қиладиган,
Кетишдан аввал.

* * *

Сен менинг сархушлигимсан,
На уйғондим,
на уйғона олурман,
на уйғонишни хоҳлайман.
Бошим оғир,
тизларим пачақланган,
Эгни-бошим лой ичида.
Ёниб ўчаётган шуълангга қараб,
йиқилиб-туриб борурман.

БУ ИССИҚЛАРДА

Бу иссиқларда сени ўйлайман:
яланғочлигингни,
бўйнингни, билакларингни,
миндарда оқ бир қуш каби ётган оёғингни,
сенинг сўйлаганларингни.
Бу иссиқларда сени ўйлайман.
Билмайман, хотирамда кўп қолган надир.
Кўзимнинг олдига келган:
бўйнингми, билакларингми,
яланғоч оёғингми,
Менга мени севаркан деганларингми?
Бу қизғин иссиқларда сени ўйлайман.
Бу қизғин иссиқларда меҳмонхона бўлмасида сени ўйлаб,
ёлғизлигимни ечаяпман.
Бир қадар ўлим бензаган ёлғизлигимни.

* * *

Дунёни топширайлик болаларга, ҳеч бўлмаса бир кунга,
Ол алвон бир шар каби берайлик ўйнасинлар.
Ўйнасинлар қўшиқлар куйлаб юлдузлар орасида.
Дунёни болаларга тошпирайлик.
Улкан бир олма каби, топширайлик иссиқ бир нон каби,
Ҳеч бўлмаса бир кун тўйсинлар.
Дунёни болаларга топширайлик.
Бир кун бўлса ҳам ўргансин дунё йўлдошликни.
Болалар дунёни олажак қўлларимиздан,
Ўлимсиз дарахтлар экажаклар.

ЖАНОЗА МАРОСИМИ

Бизнинг ҳовлиданми кўтарилар тобутим?
Кандай туширасизлар учинчи қабатдан?
Лифтга сиғмас тобут,
Зиналар эса жуда тор.
Балки ҳовлида тизгача қуёш ва каптарлар бўлажак.
Болалар шовқунига тўла қор ёғар балки.
Балки ҳузун шивалаган ёмғир
ва ҳовлида ахлат қутилари турар одатдагидай.
Мошинга ерлик удумга кўра юзим очиқ қўйилса агар,
бир нарса томиши мумкпн пешонамга бир каптардан
яхшиликка.
Мусиқа дастаси келса-да, келмаса-да, болалар
келишар қошимга.
болалар қизиқар ўликка.
Қарар ортимдан ошхонамиз деразаси.
Айвонимиз кузатар мени дорга осилган кирлари билан
Мен бу ҳовлида бахтиёр яшадим билмаганингиз қадар,
Ҳовлидошларим, узун умрлар тиларман ҳаммангизга.

БАҲОР ЁМҒИРЛАРИ

Берлинда ёмғирнинг ичида шафақ,
Ёмғирнинг ичидан қушлар ўтишар,
Ёмғирнинг ичидан муждалар келар,
Ёмғирнинг ичидан қаторлар кечар,
Ёмғирнинг ичидан ўчоқлар учар,
Ёмғирнинг ичидан бир зум чиқаман,
Сени Московда кўражакман
Ёғар дунёга баҳор ёмғирлари.
Ёғар дунёга баҳор ёмғирлари,
Ёмғирнинг ичидан бир зум чиқаман,
Сени Москвада кўряпман,
Сочларинг ёмғирли, ёмғирпўшинг ҳўл.
Ёмғирнинг ичидан қуёш бўйлайди,
Кўчалар, уйлар, дарахтлар мовий,
Айрилиқ ортдадир, кўп йироқларда.
Ювди айрилиқни баҳор ёмғири.
Мендан хушбахт одам борми дунёда.
Мендан хушбахт одам борми дунёда,
Айрилиқ ортдадир, кўп йироқларда
Ювди айрилиқни савр ёмғири.
Кўчалар, уйлар, дарахтлар мовий,
Асфальтда ёмғирдан қолган кўзгулар,
Қизил кўзгуларда Москов шаҳари.
Москов уйим, Москов хонам.
Москов 19 ёшим ва 60 ёшим,
Москов муаллимим, йўлдошим,
Москов сени ҳадя этган менга.
Баҳор ёмғирлари яна ёғажак,
Ёмғирнинг ичидан қушлар ўтажак.
Ниҳоллар, болалар, яхшилик, умид
Баҳор ёмғирида кўкариб ўсар.

* * *

Қор кесди йўлни.
Сен йўқ эдинг.
Тиз чўкдим қаршингда,
Сайр этдим юзингни
Кўзларим юмиб.
Кемалар кечмайди, учоқлар учмайди,
Сен йўқ эдинг.
Қаршингда деворга суянгандим,
Гапирдим, гапирдим, гапирдим
Оғзимни очмасдан.
Сен йўқ эдинг.
Қўлларим-ла тўқиндим сенга,
Қўлларим юзимда эди.

КЕЧКИ БОКУ

Кеча пайти, тим қоронғида
Юлдузсиз, оғир денгизга қадар
Қуёшли буғдойзордир
Боку шаҳари.
Юксакдаман
Ҳовуч-ҳовуч сачрар юзимга нур доналари,
Ҳавода «Рост» мақоми
Босфорнинг сувлари каби оқар.
Юксакдаман
Йироқлашар чексиз-чегарасиз айрилиқда
Бир сол сингари юрагим,
Борар хотираларнинг ортига,
Юлдузсиз, оғир денгизга қадар
Тим коронғида.

СЕВГИЛИМНИНГ УЙҚУДАН УЙҒОНИШИ

Курсилар оёқ устида ётар
Масалар ҳам худди шундай.
Чалқанча ётар гилам —
Юмиб нақшларини.
Кўзгу ётар,
Деразаларнинг кўзи қаттиқ ёпилган.
Ётар чўзиб бўшлиққа оёқларини айвон.
Қарши томда мўрилар ётар,
Кўчадаги акаслар ҳам.
Булут ётар кўксида юлдузи-ла.
Уйнинг ичида, эшикда, уйқуда ойдинлик.
Уйғонади гулим.
Курсилар уйғониб,
Бу бурчакдан у бурчакка чопдилар,
Маса ҳам ўшандай.
Туриб ўтирди гилам.
Нақшлари очилди алвон-алвон.
Кўзгу саҳар пайти кўл каби уйғонди.
Очди йирик мовий кўзларини деразалар,
Уйғонди айвон,
Йиғиб олди оёқларин бўшлиқдан.
Тутунлари қарши томда мўрилар.
Кўчадаги акаслар шивирлашди.
Булут уйғонди:
Отди кўксидаги юлдузни хонамизга,
Уйнинг ичида, эшикда,
Уйғонди ойдинлик
Тўлди сасларингга сенинг
Ўралди яланғоч белингга, оқ оёқларингга сенинг.

* * *

Инсонларнинг қўшиқлари ўзларидан гўзалдир,
Ўзларидан умидли,
Ўзларидан кадарли
Яна-да узун умрли ўзларидан.
Севдим инсонлардан кўра қўшиқларини.
Инсонсиз яшаёлдим,
Қўшиқсиз ҳеч қачон.
Ёримни алдадим балки,
Қўшиғини ҳеч қачон.
Ҳеч қачон алдамади мени қўшиқлар ҳам.
Қўшиқларни англадим қайси тилда айтилса-да.
Бу дунёда еб-ичганларимнинг,
Айланиб юрганларимнинг,
Туйганларимнинг,
Билганларимнинг
Ҳеч бири, ҳеч бири
Мени бахтиёр этмади қўшиқлар қадар…

* * *

Етмакда навбатим,
Ҳозир мен отаман бўшлиққа ўзимни,
На чириган этимдан хабарим бўлар,
На кўзларим чуқурида айланаётган кўк пашшалардан.
Қаттиқ ўйлаяпман ўлимимни,
Навбатим яқиндир демак.

* * *

Чинор бўлсам, дам олсам кўлкасида.
Китоб бўлсам, ўқисам уйқусиз қечаларимда юрагим сиқилмасдан.
Қалам бўлишни истамайман ўз кўлимда ҳам.
Эшик бўлсам, яхшиларга очилсам, ёмонларга ёпилсам.
Дераза бўлсам пардасиз, икки қаноти очиқ бир дераза
Ва шаҳар тўлса хонамга,
Сўз бўлсам, чақирсам адолатга, эзгуликка, гўзалликка.
Сўз бўлсам, севгимни сўйласам оҳиста.

КЕКСАЛИККА КЎНИКЯПМАН

Кексаликка кўникяпман, дунёнинг энг қийин ҳунарига,
Эшикларни қоқишга сўнгги марта,
Ниҳоясиз айрилиққа.
Соатлар оқмоқдасиз, оқмоқдасиз, оқмоқдасиз…
Англамоққа уриняпман
Ишонишни йўқотиш эвазига.
Бир сўз айтмоқчи эдим сенга, айтолмадим.
Дунёмда субҳи-саҳардан оч қоринга чеккан тамаки таъми.
Ўлим ўзидан аввал менга ёлғизликни йўллади.
Қизғоняпман
Бошларидан ошиб ишлари
кексайганларин сезмаганларни.

РАДИОАКТИВ ЁМҒИРЛАР

Ёпинг деразаларни қаттиқ,
Болаларни кўчаларга чиқарманг.
Ёмғирлар ўлим ташир уруғларга,
Занглаган ёмғирлар ёғар.
Ёмғирлар тозалаши керак.
Яна кумушдек ярқиратиши керак ёмғирларни,
Ёмғирлар яна фақат қуёшни ташисин уруғларга,
Болалар яна чопа билсин ёмғирлар ичида,
Деразаларни ёмғирларга оча билайин яна.

Туркчадан Рауф Парфи таржималари

БИР ДАҚИҚА

Денгиз турғун кўл каби, бора-бора кенгаяр,
Сувлар қояликларда нурдан кашталар тикар,
Тамом юлдузли само чексизликни қоплаган…
Ҳозир кўксимда юрак урар жадаллик билан.

Самодан бир юлдузнинг сояси тушмиш сувга,
Шўнғимиш сув қўйнида бир кечалик уйқуга.
Базан узунлашар-у, базида у тиришар,
Турғун сувнинг тубида бир шағам каби ёнар.

Яқин бўлайин дея бу кўкдан тушган изга,
Тушда эгилмишманки қоялардан денгизга,
Олдимдан тушган сочлар ҳорғин сувларга тегди.
Боқдим, бепоён уфқлар бошим устида эди.

Билолмам қандай бўлди, келди ҳаёллар бир он
енгилмас лаззат туйиб денгизга отилмоқдан.
Қутулмоқ қандай осон фонийлигимдан дедим,
Чоғландим, отиларкан бир дақиқа титрадим.

Бир дақиқа сўнгсизлик тўлди, тошди кўнглимдан,
Бир дақиқа боқийлик қутқармишди ўлимдан.

КУНЛАР

Ўтиб кетмиш кунлар келинг
рақи ичинг сархуш бўлинг
ҳуштак-ла бир куйлар чалинг
бевақт ўлурман кадардан

Олдиндаги ёруғ кунлар
мен ила юзлашмас онлар
ҳеч йўқ салом йўлласинлар
бевақт ўлурман кадардан

Кўз очганим бугунги кун
адоқсиз қола биларсан
кечага ташрифдан ёҳуд
кўп буюк бўла биларсан.

РАФИҚАМГА МАКТУБ

Ёлғизим менинг!
Сўнгги мактубингда:
«Бошим сирқирар, юрагим саросар!» дерсан.
«Сени оссалар, йўқотсам сени», дерсан,
«яшаёлмам!»
Яшарсан, азизам,
қора бир дуд каби ёйилар ёдим шамолларда;
яшарсан, қалбимнинг қизил сочли сулуви,
йигирманчи асрда узоғи бир йил кечар
ўлимнинг аччиқ улуви.

Ўлим
дорда тебранган бир мурда.
Бу ўлимга бир турли рози бўлмайдир кўнглим.
Бироқ ишонки сен, севикли,
бир фақир лўлининг
юнгли, қора бир ўргимчак янглиғ қўллари
солса агар томоғимга арқонни,
мовий кўзларида кўрмоқ учун қўрқувни
беҳуда кўз тикарлар Нозимга!
Сўнгги тонгимнинг ним қоронғулигида
мен дўстларимни ва сени кўрурман
ва ёлғиз
тугалланмай қолмиш бир қўшиқ ҳажрини
қабримга олиб кетурман…

Рафиқам менинг!
Юраги тоза, олтин рангли,
кўзлари болдан тотли боларим менинг,
не сабабки ёздим сенга қатлимни исташларин,
суд илк одимларин оғир ташлади
ва бир шолғом каби узмаслар
бошини одамнинг.
Тамом, буларни унут.
Булар узоқ бир эҳтимол.
Пулинг бор бўлса агар менга бир ич кийим ол,
тутди оёғимнинг сиатик оғриғи.
Яна унутмаки,
ҳар дам яхшиликни ўйлаши зарур
ҳар маҳбус рафиқаси

31-МАЙ 1962

Чарчадинг оғирлигим кўтармоқдан
қўлларимдан чарчадинг
кўзларим кўланкамдан
ловулларди сўзларим
сўзларим қуйиларди
бир кун келажак дафъатан келур бир кун
оёқ изларимнинг оғирлигин туярсан ичингда
узоқлашган оёқ изларимнинг ва
баридан азоблироғи шу оғирлик бўлажак.

ЁНҒОҚ ДАРАХТИ

Бошим кўпик- кўпик булут, ичим- ташим денгиз,
мен бир ёнғоқ дарахтиман Гулхона боғинда,
тугун- тугун, тарам- тарам мўйсафид ўқ илдиз.
На сен бунинг фарқиндасан, на миршаб фарқинда.
Мен бир ёнғоқ дарахтиман Гулхона боғинда.
Япроқларим сувда балиқ каби питир- питир.
Япроқларим ипак рўмолчадек шитир- шитир,
юлавергин, кўзларингнинг, гулим, ёшини сур.
Япроқларим қўлларимдир нақ юз минг қўлим бор.
Юз минг қўл ила қучарман сени, Истанбулни.
Япроқларим кўзларимдир, завқ ила боқарман.
Юз минг кўз ила термулиб сенга, Истанбулга
Юз минг юрак каби сапчир- сапчир япроқларим.
Мен бир ёнғоқ дарахтиман Гулхона боғинда,
на сен бунинг фарқиндасан, на миршаб фарқинда.

МАСАЛЛАР МАСАЛИ

Сув бошида турармиз
чинор ва мен.
Сувда аксимиз намоён,
чинор ва менинг.
Сув жилваси ёғилар бизга,
чинор ва менга.
Сув бошида турармиз
чинор ва мен, яна бир мушук.
Сувда аксимиз намоён,
чинор ва менинг, бир мушукнинг ҳам.
Сув жилваси ёғилар бизга,
чинор ва менга, яна мушукка.
Сув бошида турармиз
чинор, мен, мушук, яна қуёш ҳам.
Сувда аксимиз намоён,
чинор, мен, мушук, яна қуёшнинг.

Сув жилваси ёғилар бизга,
чинор, мен, мушук, яна қуёшга.
Сув бошида турармиз
чинор, мен, мушук, қуёш, умримиз.
Сувда аксимиз намоён,
чинор, мен, мушук, қуёш, умримизнинг ҳам.
Сув жилваси ёғилар бизга,
чинор, мен, мушук, қуёш, ҳам умримизга.
Сув бошида турармиз.
Аввал мушук кетар,
ўчар сувдаги акси.
Сўнгра мен кетарман,
ўчар сувдаги аксим.
Сўнгра чинор кетар,
ўчар сувдаги акси.
Сўнгра сув кетар
қуёш қолар;
сўнгра у ҳам кетар…
Сув бошида турармиз.
Сув совуқ,
Чинор улуғ,
Мен шеър ёзарман.
Мушук мудрайди,
Қуёш қайнайди.
Яшаяпмиз, минг шукур.
Сув жилваси ёғилар бизга,
Чинор, мен, мушук, қуёш, ҳам умримизга…

Рафиқ Сайдулло таржималари

ПИРОЯГА АТАЛГАН ШЕЪРЛАР…

22.09.1945.

Китоб ўқийман:
ичида борсан,
қўшиқ тинглайман:
ичида борсан,
ўтириб нон ушатсам,
рўпарамдасан,
ишлаб ўтирганда,
ёнгинамдасан.
Сен ҳар жойда «ҳозиру нозир»имсан,
гаплашолмаймиз
дардлашолмаймиз…
Сен менинг саккиз йиллик бевамсан…

***

25.09.1945.

Энг гўзал денгиз:
кўриб улгурмаганинг.
Энг гўзал фарзанд:
ўсиб улгурмагани.
Энг гўзал кунларимиз:
яшаб улгурмаганимиз.
Ва сенга айтолмаган энг гўзал сўзим:
айтиб улгурмаганим.

***

6.10.1945.

Булутлар карвони сузилар:
хабарларни ортиб устига.
Ғижимлайман ҳали келмаган
мактубларни қўлимда.
Юрак киприклар учида
йўл қараб ҳолсиз…
Ҳайқирмоқ истайди:
«Пироя, Пироя!..» дея.

***

27.10.1945.

Бир олманинг ярми биз
ярми бу кўҳна дунё.
Бир олманинг ярми биз
ярми эрур халойиқ.
Бир олманинг ярми сен
ярми мен
икковимиз…

***

8.11.1945.

Олисдаги шаҳрим томлари устидан
ва Мармара денгизи остидан ўтиб
Кузги боғлар, тупроқлар аро
улуғвор ва намли
туйилди сасинг.
Уч дақиқагина давом этди бу.
Кейин, телефон зулматга чўмди.

Турк тилидан Маъруфжон Йўлдошев таржимаси

КАРАМ  КАБИ

Ҳаво қўрғошиндай оғир!…
Бақир
бақир
бақир
бақиряпман…
Чопинг қўрғошинни бир-бир,
Эритмоққа
Чақиряпман…
У айтади менга: эй сен,
Ўз овозингдан ёнасан,
Кул бўласан
Карам каби,
Ёниб
ёниб
ёниб
ёниб…

«Дааард кўп,
ҳамдард йўқ»
Юракларнинг қулоғи кар,
Ҳаво қўрғошиндай ботар…
Мен айтаман унга, хўп мен,
Кул бўлайин Карам каби,
Ёниб
ёниб
ёниб
ёниб…

Мен ёнмасам,
Сен енмасанг,
Биз ёнмасак…
Кандай ичар қаро тунлар,
Ойдинликдан қониб, қониб?!…
Ҳаво тупроқдай қориндор,
Ҳаво қўрғошиндай оғир…

Вақир
бақир
бақир
бақиряпман,
Чопинг,
қўрғошинни мумдай
Эритмоққа
Чақиряпман…

(«Овозини йўқотган шаҳар» китобидан,   1930, май.)

ҚИЗГИНАМ

Эшикларни қоққан менман,
Эшиклар орти тириклар…
Кўзингизга кўринмасман,
Кўзга кўринмас ўликлар…

Хиросиманинг улими,
Ўн йилга ё юз йил борар.
Етти ёшдаги бир қизим,
Каттармас ўлган болалар…

Сочларимнинг оқлари мўл,
Кўзимдан ёшлар томчилар…
Бир ҳовуч чўғ бўлиб сўндим,
Кулим ҳавога сочилар…

Менинг ахир ўзим учун,
Ҳеч бир ўтинч, истагим йўқ.
Шакар емай қолди қизим,
Кўзин очмас, қистагим йўқ…

Ураяпман эшигингиз,
Буви, бобо, сўранг изн.
Болалар ўлдирилмасин,
Шакарини есин қизим!…

(«Янги шеърлар» китобидан,  1956 йил.)

ФАВҚУЛОДДА
(Ҳибсхонада ёзилган)

Фавқулодда мамнунман, дунёга келганимга,
Тупроғини, нурларини, ғавғосини ва нонини севаман.
Тўрт бурчининг ўлчовини, қарич-қарич биламан-у,
Бу дунёнинг буюклиги, сирларидан лол бўламан.

Унда кезиб,  кўрмаганим — балиқларни, озиқларни,
Юлдузларни кўрмоқ истардим…
Ҳолбуки мен…
Расмларда, ёзувларда,
Оврўпога борар йўлни, ўз-ўзимча чизардим…

Осиёда маркаланган, бир дона мактуб олмадим…
Мен ва бизнинг баққол — иккимиз мажҳулмиз Америкада.
Лекин Хитойдан Испаниягача, Умидбурнидан Аляскагача,
Нетай дўстлар, ҳар қадамда минг дўсту минг душманим бор.

Дўстларим-ла кўришмадик, гарчи айни нону ҳуррият деб,
Ҳурриятнинг ҳасратидан доғ ўлурмиз.
Ва душманлар қонимизга жуда ташна бўлиб қолди,
Биз ҳам улар каби охир, қонига ташна бўлурмиз.

Менинг кучим бу дунёда, ёлғиз қолмаганлигимдир,
Миямда чарх урар дунё, инсон юрагимда яшар.
Мен қутқариб миямни ишора ва саволлардан,
Буюк ғавғо ила очиқ ва андишасиз сафга кирдим.

Ғавғолардан андишасиз, балки тили ростлигимдир,
«Бу сафларни ёриб ўт» — деб, ичимда бўронлар тошар.
Ва ташқаридасан бу сафдан, сен ва тупроқ
Менга кифоя бўлолмайсизлар…

Ҳолбуки сен фавқулодда гўзалсан,
Тупроқ ҳам иссиқ ва гўзалдир…

(«Тўла асарлари», 4-том)

ТЎРТЛИК

Ер юзига уруғдай сочганман ўликларимни,
Бири Одессада ётар, бири Истанбулда, Прагада кими.
Ер юзидир Нозимнинг энг севимли мамлакати,
Ўлганда ерга ўраб, ер-ла ёпинг унинг устини.

РУБОИЙЛАР

Ўпди мени: «Булар коинот каби ҳақиқий дудоқлардир» деди,
«Бу атир сенинг ижодинг эмас, сочларимдан учган баҳордир» деди.
«Иста, самоларни сайр эт, иста кўзларимга боқ,
Кўрлар уларни кўрмаса ҳам, юлдузлар бордир» деди.

***

«Шароб-ла тўлдир қадаҳни, тупроқдан тўлмай туриб»- деди Ҳайём.
Бокди унга ҳайрон, чаман қошидан ўтган йиртиқ кийимлик одам.
Деди: «Мен неъматлари юлдузлардан кўп бу дунёда очман,
Шаробга эмас ҳатто, нон олишга ҳам етмаски тангам» …

***

Ўлимни қисқа, умрингни ширин қисмат деб ўйлаб,
Шароб ич, лола гулшанида ишқдан куйлаб.
«Бу ширин қисмат насиб этмишки бизга-
ўтирмай қора уйда, кезайлик шаҳарлар, дунё бўйлаб…»

***

Умр келиб-кетар, вақтни ғанимат бил, ғофил бўлмасдан,
Ёқут шаробни биллур қадаҳга тўлдир соқий, қуёш кулмасдан.
Шарму-ҳаёсиз ғафлат уйқусида ётма мудом сен,
Ишқ шаробидан ичгил ҳамон, кофир бўлмасдан…

(«Тўла асарлари», 5-том)

БИР ШЕЪР КИТОБИНИНГ МУҚОВАСИГА
ҚАРАБ ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Чўл келади, қумда кетган изи билан,
Қутб келар, тилсиз, оппоқ бўзи билан,
Денгиз келар, денгиз келар тузи билан,
Водий келар ингичка бел този билан.

Тиниқ кўллар беллашар кўк юзи билан,
Диёрбакир тунда чиқар қизи билан,
Дажла суви оқиб келар музи билан,
Чинор қуши, балиқлар денгизи билан.

Кумуш юлдуз кемалар юлдузи билан,
Булбул келар, олдинда гул нози билан,
Илон келар қип-қирмизи кўзи билан,
Инсон келар: «Эй марҳабо» сўзи билан.

Нозим дерки: «Чунки Айюб ўғли Бадри,
Келаётир қаламию сози билан…»

(1947, «Тўла асарлари», 7-том)

ТУНА УСТИДА ЁЗИЛГАН ШЕЪР

Кўкда булут йўқ, ёмғирлар савдоли,
Тунага қарадим — лойқали-лойқали.
Ҳей Ҳикматнинг ўғли, Ҳикматнинг ўғли,
Сен Тунанинг суви бўлсайдинг,
Қора ўрмонлардан келсайдинг,
Қора денгизга тўкилсайдинг,
МовиЙлашардинг,
Мовийлашардинг,
МовиЙлашар эдинг.
Ўтар эдинг Бўғозичидан,
Тепангда Истанбул ҳавоси.
Урилардинг Қозиқишлоқ гюртига,
Урилардинг,
Урилардинг,
Урилар эдинг.
Қайиғига минаркан (ўғлинг) Мамат билан Онаси…

(1958, «Янги шеърлар» китоби)

ЙИЛБОШИ

Ёғди, бутун кеча ёғди қор,
Юлдузлар ҳам нур сочди порлоқ…
Бир кўча, бир шаҳар, бир уй бор-
Тахталик уй, узоқдан узоқ…

Миндар да ястанар бир бола,
Кимнинг ўғли сариқ, семириқ.
Меҳмони йўқ уй қилар нола-
Истанбул йўл қарар, дераза очиқ…

…Аччиқ-аччиқсайрайди қушлар,
Маҳбуслик кабидир ёлғизлик.
Китобини ёпар Мунаввар,
Йиғлайверар юмшоқ ва синиқ…

Бир кўча, бир шаҳар, бир уй бор,
Тахталик уй, узоқдан узоқ.
Ёғди, бутун кеча ёғди қор,
Юлдузлар ҳам нур сочди порлоқ…

(1956 йил, 23 март, Москва. «Тўла асарлари», 7-том)

«Ё АЙНИ, Ё ҲАБИБИ»

Порт Саидлик Мансурим, ўн уч, ўн тўрт ёшида,
Яланг оёқ, яланг бош, ўтириб бўёқ бўяр.
Ойнали, қўнғироқли сандиғининг бошида,
Умидсиз, чанг, лойланиб туфлича боқиб турар.

Солланар, қанотланар, порлар қизил ҳадафа ,
Кичик ботинкачалар, умидланар бу сафар.
Бирини кийса Мансур, бири бўлади хафа,
Аммо бари севиниб, сандиқ устидан тушар…

Мансурим қора, қуруқ хурмо уруғи каби,
Мансурим ширин куйлар: «Ё айни, ё Ҳабиби».
Порт-Саидни ёқдилар, ўлдирдилар Мансурни,
Тонгги газеталарда кўриб қолдим расмини.

Ётар ўликлар ичра, Хурмо уруғи каби,
Дудоғи қимирлайди: «Ё айни, ё Ҳабиби!!!»

(25.11. 1956, Прага)

ДОН КИХОТ

Ўлимсиз ёшликнинг рицарлиги,
Элликкача жимиб, сўнг келди аклига.
Бир июл тонгида фатҳ учун чиқди,
Ён босиб, гўзалга, тўғри, ҳақлига.

Қаршисида мағрур дунё турарди,
Дон Кихотча: «Аҳмоқ девлари» билан.
Остида Росинант маҳзун борарди.
Дон Кихотча: «Сирли ёллари» билан…,

Биламан, жанг қилиб, бу кўр ҳасратнинг,
Учар гиламини олганинг.
Ҳайратин ошириб ҳайратнинг,
Дунёга қутқулар солганинг.

Йўли йўқ, менинг Дон Кихотим,
Йўли йўқ дунёдан қочмоқнинг.
Заррача ўзгариш бўлиши гумон,
Шамол тегирмонин янчмоқдин…

Сен ҳақсан, Дулсиниянг дунёнинг,
Энг гўзал аёли, биламан,
Уни ҳимоялаб, сен ҳайқирасан,
Одамлар, Сиз уни масхараламанг.

Сукутнинг енгилмас рииари,
Сен ўчмас оловдай ёнасан.
Оғир темирларинг қизиган сари,
Сен Рицарлигингча қоласан.

Дулсиния яна-да гўзаллашади…

1947

Абдулатиф Абдуллаев таржимаси

СЕНИ ЎЙЛАМОҚ…

Сен ҳақда ўйламоқ – умидбахш, гўзал!
Дунёнинг энг гўзал, хуш овозидан
Энг гўзал қўшиқни тингламоқ каби.
Фақат менга энди камдек бу илинж –
Мен ортиқ қўшиқ тингламоқ эмас,
Қўшиқ куйламоқ истайман.

СЕНИ ЎЙЛАЯПМАН

Сени ўйлаяпман…
Онамнинг ифори келар димоққа –
Бу дунёнинг гўзали ‒ онам…

Арғимчоқ учарсан, кўнглимда байрам
Ҳилпираб жон олар этаклар, сочлар…
Бир йўқотгум, бир топгум ‒ қирмизи ёноғингни…

Сабаби не?
Сени бир тиғ яраси каби хотирламоқнинг,
Олислардан келган ифоринг сезиб,
Сапчиб турмоғимнинг сабаби нима?

Тиз чўкиб қўлларингга боқарман,
Қўлларингдан тутмоқ истарман, аммо
Тегина олмасман…
Ҳайратдаман, лолман томошабиндай ‒
Гўёки дераза ортидан ажиб
томоша саҳнасин кузатаётган…

КЎЗЛАРИНГГА БОҚАРКАНМАН…

Кўзларингга боқарканман,
Ҳароратли тупроқ ифори урилар юзимга,
Буғдой даласида бошоқлар ичра
Йўқолиб борарман…
Яшил жилваларга тўла овлоқ тубсизлик,
Тинмай ўзгарувчи абадий борлиқ каби кўзларинг…

Ҳар куни сирларин очса-да оз-оз,
Бироқ, сира енгилмайдиган,
Бутунлай таслим бўлмайдиган кўзларинг…

СЕНИ ХОТИРЛАМОҚ НАҚАДАР ГЎЗАЛ…

Сени хотирламоқ нақадар гўзал,
Маҳбусликда яшаб, ўлим шарпаси,
Зафар муждалари ичида юриб,
Умримнинг қирқинчи йилида туриб…

Сени хотирламоқ нақадар гўзал,
Бир мовий матонинг устида унутилган қўлинг
ва сочларингда
воқеъ бўлган Истанбул тупроғининг майинлиги.
Юрагимга яқин, қалбимда тортиниб ўтирган инсон кабидир –
Сени севмоқ саодати…
Бармоқларинг учида қолган гулнинг ифори
Ойдин бир фароғат бағишлар менга.
Вужудинг чорлайди:
Алвон чизгиларла бўлиниб кетар
Бениҳоя иссиқ, қуюқ зулумот.

Сени хотирламоқ нақадар гўзал!
Сен учун нелардир ёзмоқлик фараҳ.
Қамоқхонанинг зах ўриндиғида ётган кўйи сени ўйламоқ:
Қачондир, қайдадир айтганинг бир сўз,
Йўқ, сўз эмас, сўз қатидаги
Бутун бир дунёни кашф этмоқ…

Сени хотирламоқ нақадар гўзал,
Сенга ёғочдан ажиб буюмлар ясаб берай:
Бир мўъжаз қутича,
бир узук,
Яна уч газли бир тўқима дастгоҳ…
Ногоҳ
сакраб туриб ётган еримдан
Темир панжарага осилган кўйи
Ҳурриятнинг оппоқ кенгликларига боқиб,
Сенга ёзганларимни ҳайқира-ҳайқира ўқиб бераман…

Сени хотирламоқ нақадар гўзал,
Маҳбусликда яшаб, ўлим шарпаси,
Зафар муждалари ичида туриб,
Умрим ҳам қирқ ёшни қўйганда уриб…

СЕН МЕНИНГ САРХУШЛИГИМСАН

Сен менинг сархушлигимсан…
Қандайин ўзимга келайин, қандай?
Эс-ҳушим йиғолмам… ахир сира ҳам
Қутулмоқ истамам бу сархушликдан?

Тиззаларим қалтираб синар,
Бошим тошдай оғир,
Уст-бошим тупроққа қорилган ахир.
Ёниб-сўнаётган ёғдулар томон
Зўрға оёқ судраб борарман қалқиб.

СЕВГИЛИМ, ГАР СЕНГА ЁЛҒОН СЎЙЛАСАМ…

Севгилим, гар сенга ёлғон сўйласам,
Тилим узилсину маҳрум бўлайин
Сени севаман, деб айтиш бахтидан…

Севгилим, гар сенга ёлғонлар ёзсам,
Қурисин қўлларим ва бўлсин жудо
Сени эркаламоқ саодатидан…

Севгилим, алдаса сени кўзларим,
Надомат ёшидек ҳовучларимга оқсинлар
Сени қайта кўролмасинлар…

ҲАСРАТ

Денгизга айланмоқ истарман!
Мовий ойнасида сувларнинг:
Бўй бериб кўринмоқ истарман! Денгизга айланмоқ истарман!
Ойдин уфқларга кетар кемалар!
Оппоқ елканлари тортилмай таранг.
Умрим кемаларда ўтар кун келар.
Модомики, ўлим муқаррар экан:
Мен сувларга чўккан нурдай, чироқдай,
Сувларда сўнмоқ истарман!
Денгизга айланмоқ истарман!
Денгизга айланмоқ истарман!

ҚОР ЁҒАР

Чироқни ёқма, тўхта!
Панжарадан сарғиш тусдаги
Одам бошининг сояси тушмасин қорга.
Қор ёғар қоронғуликларга.
Қор ёғар ва мен хотирларман.
Қор…
Пуфлаб ўчирилган шамдайин сўнди улкан чироқлар…
Ва шаҳар бир сўқир инсондай қолди
Ёққан қорнинг тагида.

Чироқни ёқма, тўхта!

Қалбга ботган хотираларнинг
забонсиз эканин англарман.
Қор ёғар…
Ва мен эсларман.

МОЗИЙ

Қалбимда мозийдан бугун излар бор,
Ҳар дилгир онимни бу из эритар.
Руҳим кечмишини сарғайтар ҳижрон,
Туғилганлар ўлар, ўлган тирилар.

Англадим, тирикдир мозийнинг номи,
Йилларга қоришган ҳар не сас берур.
Ҳасратларга тўлган умрнинг ёди
Мозийнинг алами билан тотлидур.

КУЗ

Кунлар аста-секин қисқариб борар,
Ҳадемай ёғишни бошлайди ёмғир.
Дарвозам шу қадар кўп кутди сени,
Нега бунча кеч қолдинг ахир?

Кечки овқат вақти…ҳозир дастурхон,
Сенга атаганим бир кўза шароб.
Яшил гармдори, туз ва ширмойнон.
Сени кута-кута ярмини ичдим.
Нега бунча кеч қолдинг ахир?

Фақат йўлларингга боқиб мевалар,
Интизор турибди ҳали шохларда.
Узилиб тупроққа беланардилар,
Агар яна бироз кечикканингда…

ЎЗ-ЎЗИДАН…

Ўз-ўзидан ичимда бир нарсалар узилиб, тиқилар бўғзимга,
Ўз-ўзидан сакраб турарман, ўтирган еримда қолдириб ёзганларимни,
Ўз-ўзидан тушлар кўрарман, меҳмонхона йўлагида типпа-тик туриб,
Ўз-ўзидан урилади пешонамга йўл четидаги дарахт,
Ўз-ўзидан ғазабнок, оч ва бечора бир бўри ойга қараб увиллар,
Ўз-ўзидан юлдузлар кўкдан иниб, боғдаги беланчак ичида тебранар,
Ўз-ўзидан хаёлга келар – ўлсам, не кечади қабрда ҳолим,
Ўз-ўзидан хаёлимни қуёшли бир тутун қоплайди,
Ўз-ўзидан ҳеч битмайдигандек боғланарман бошланган кунга,
Ва ҳар сафар сув юзасида пайдо бўлар сенинг жамолинг…

БАЛКИ МЕН

Балки мен
У кундан
Анча аввалроқ,
бир тонг чоғи
кўприк бошида солланиб турган
соямни асфальтга тўшарман.
Балки мен
у кундан
Кўп кунлар ўтиб,
Иякларимдаги соқолларим оқ….
Омон қоларман.
Ва мен
Ўша кундан
Кўп кунлар ўтиб:
Омон қолсам агар,
Шаҳар майдонининг чеккаларида
деворларга суяниб,
Сўнгги ғавғолардан мен каби омон қолган
Қариялар учун
Байрам оқшомларида ғижжак
Чаларман…
Атрофда мукаммал бир кечанинг
Ойдин йўлкалари
Ва яна қўшиқлар куйлаб ўтажак
Бошқа инсонларнинг
Одимлари…

ЮМДИМ КЎЗЛАРИМНИ…

Юмдим кўзларимни,
Қоронғуликда сен борсан…
Кўкка юзлангандир жисми ниҳолинг,
Олтин бир учбурчак шакл ясаган
нозик билакларинг, нурли пешонанг…

Севгим! Кўзларимнинг ичидасан сен,
Юмуқ кўзларимнинг қабоқларида қўшиқлар янграр,
Энди унда ҳар не сенла бошланур,
Энди унда сендан ўзга ҳеч ким йўқ,
эртамга тааллуқли ҳеч нима йўқдир
сенга оид бўлмаган…

ДУНЁНИ БЕРАЙЛИК БОЛАЛАРГА…

Дунёни берайлик болаларга, ҳеч бўлмаса бир кунгагина,
Қирмизи ялтироқ пуфакчалар каби, берайлик, ўйнасинлар
Ўйнасинлар яллалар айтиб юлдузлар орасинда,
Дунёни болаларга берайлик…
Каттакон бир олма каби, тандирдан узилган иссиқ нон каби
Ҳеч бўлмаса бир кунгина тўйиб есинлар…
Бир кунгина бўлса-да дунё, ўргансин улардан дўстлашмоқ сирин.
Болалар заминга бизлардан кейин
Мангулик дарахтин экишар бир кун.

Турк тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси

УЙҒОНДИМ БУ ТОНГ ҲАМ

Уйғондим бу тонг ҳам
Ва юрди устимга қараб тўғри
Девор кўрпача ойна ва ром ҳамда тахта
Ва товонга етгувчи қорайган кумушнинг нури

Ва юрди устимга бир трамвай билети
Ва тушимнинг бир ёнда тушиб сўнган ярими
Ва отел хонаси саналган ғаним мамлакати
Бир шеърдан уч қатор ва бир сомон сариғи

Юрди устимга қараб оқ манглайи-ла замон
Ва хотиралар ёмғири ва бўшлиқнинг ётоғида
Ва хабар иккимиздан ва айрилиғимиздан
Уйғондим бу тонг ҳам

НОМУС

Ойшанинг маржонлари
Ул гўзал Ойшанинг оқ гарданида
Доимо порларди уч шода маржон
Буни таққан дарвеш ёнида туриб
“Узилсин” деди гуноҳ ишлагани он

Узун кунлар ўтди ниҳоят бир йил
Бир гуноҳ ишлади қайнагач қони
Ойша ўшал Ойша фақат ул қизил
Маржонлар ўрамас оқ гарданини

ЁЗ ЁМҒИРИ

Бир ёз ёмғири ёғди ичимга
Эзилди катта узум доналари ойналаримда
Кўзлари қамашди япроқларнинг

Бир ёз ёмғири ёғди ичимга
Кумуш кабутарлар учди томлардан
Югурди ялангоёқ тупроғим

Бир ёз ёмғири ёғди ичимга
Ичимдаги тақдирни салқинлатмадим

Бир ёз ёмғири ёғди ичимга
Тўсатдан бошлади тўсатдан тинди
Эски жойида қолди иссиқлик
Кўр темирёлида қолинг занг босиб

ТЎЙ СОВҒАСИ

Шодликни тотмаслик мумкинмикан ҳеч
Ҳаётнинг энг бахтли бир кунидамиз
Қалбларни ўраган ўлмас бир севинч
Гўзал пари қизнинг тўй кунидамиз

Олдингиз қўрғоннинг гўзал қизини
Биламан дўхтирбек жуда бахтлисиз
Ҳеч ким ушламаган унинг қўлини
Гўзаллар гўзали ягонадир қиз

Бир ёстиққа бош қўйдингиз иккингиз
Унутинг ҳаётнинг аламларини
Бу аччиқ қисматга кўз ташлаб
Бахтдан маст бўлганлар эслайсиз мени

АЙРИЛИҚ

Айрилиқ темир хивчин каби силтанади ҳавода
Урилади юзимга урилади гандиракладим
Қочаяпман айрилиқ қувлайди мени
Қутулишнинг ёли йўқ қўлидан
Тиззаларим зирқирар йиқилаяпман

Айрилиқ замон эмас ёл эмас
Айрилиқ орамизда бир кўприк
Қиличдай кескиру қилдан-да нозик

Қиличдай кескиру қилдан-да нозик
Айрилиқ орамизда бир кўприк
Сен билан юзлашиб ўтирганда ҳам

* * *

Бугун эшиклар ёпилган
Туширилган ҳамма пардалар
Қайдалар қайдалар қайдалар
Борса келмас бир жойдалар
Тилсизлар карларга шивирлар

Узоқдан-да жуда узоқдан
Боқишининг кўзлари йўқ
Югуришининг оёқлари
Чарчадим қўлга тушмасин қувлашдан
Битта сигарета чекайин

ЙИЛЛАР ЎТДИ
ЁРДИН ҲАНУЗ КЕЛМАДИ ХАБАР

Йиллар ўтди ёрдин ҳануз келмади хабар
Ул вафосиз ёт элларда ажаб не қилар
Бориб унга дардларимни англатгин шамол
Қайғусиз шод кўнглимга бироз алам сол

Айрилгандим мен ундан қорли бир тунда
Эслолмади ул кечани балким бу кунда
Гўё ул самонинг порлаётган шўх юлдузлари
Ёшга тўлган эди севгилимнинг қаро кўзлари

Бутун умр ул боқишни ўйлаётгандим
Ишқимизни асло ўлмас дея билгандим
Бу ҳисларга янглишмаслик умиди бу кун
Менга умр бермоқдадир ўшал ёр учун

Шамол унга дардларимни бориб сўйлама
Келиб унинг хаста руҳин вайрон айлама

ЯНА ОҚШОМ БЎЛДИ

Яна оқшом бўлди қорайди сувлар
Бор тоғларда акс беради савол
Кўллардан учиб кетди оққушлар
Эгилган толларда инграйди шамол

Кумуш михлар билан само ҳам тўлди
Туннинг соялари тушди овулга
Лолалар сарғайди гуллар тўшалди
Булбуллар ошиқдир ул тўлин ойга

Турк тилидан Жумали Шабанов таржимаси