Анор. Қўл қўлни ювади (ҳикоя)

Қуёш ўзининг иш кунини тугатиб, шаҳар узра ёйилган олтинранг чойшабини йиғиштириб олди. Бошловчи романист, ўртоқ прозаик Лўтти Бозов худди ана шу пайтда телефон трубкасини кўтариб, ҳаваскор ёш танқидчи, ўртоқ олим Қорин Қулиевга қўнғироқ қилди.

Ундан-бундан, ўтган-кетгандан гаплашишди.

Суҳбат сўнгида ўртоқ Лўтти Бозов ўртоқ Қорин Қулиевни уйига, бозбашга сидқидилдан таклиф этди. Қорин Қулиев, ёш олим ва штатсиз танқидчи, аввалига бироз ўзини бозорга солди. Лекин телефон трубкасидан бозбашнинг ёқимли ҳиди урилиб, димоғини қитиқлади, иштаҳасини карнай қилиб юборди. Натижада Қорин Қулиев бормасликнинг иложини тополмай қолди.

Аввало сизни Лўтти Бозов (дўстлари ҳазиллашиб уни Лўттибозов дейишади) билан таништирай. У жуда улфат йигит. Нарда ўйнашда унча-мунча одам унга тенг келолмайди. Қаердаки ошхўрлик, умуман, зиёфат бўлса, у тамадаликни қўлга олади. Унинг услуб-усули, умуман айтганда, яхши, янги, замонавий. Шундай таклифлар айтадики, қисқа, лўнда, бироқ чуқур мазмунли. Барча сўзлари тагдор, яширин мазмунга эга, абзацлари йирик-йирик, боблари эса ихчам – ҳаммаси романларга хос. Агар Лўтти Бозов ҳаётни беш бармоғидай билади десак, хато қилган бўламиз. Нега? Чунки бу фикрда тугаллик йўқ. Нега энди беш бармоқдай дейиш керак? Ахир, унинг қўлларида ўнта бармоғи бор-ку! (Оёқларидаги ўнта бармоқни ҳисобга қўшмаяпмиз ҳалиям.)

Борди-ю Лўтти Бозов ҳаётни ўн бармоғи каби билади десак, у ҳолда ҳам янглишамиз. Бинобарин, у ўз асарлари мазмунини бармоқларини сўриб ўйлаб топмаган. Гарчи у сўнгги романини “Қўл қўлни ювади, қўллар эса юзни” деб атаган бўлса-да, бундай дейишга ҳаққимиз йўқ.

Энди Қорин Қулиев ҳақида гапирадиган бўлсак, у ёш олим, домла. Шунга қарамай аспирант, романтик қарашларга бой. Қорин Қулиев жаноза ва бошқа маросимларда фотиҳани жуда ўрнига қўйиб, қироат билан ўқирди. Унинг уч хонали уйи, қоп-қора мўйлови, сариқ “Волга”си, тилла тишлари ва пушти галстуги бор. Булардан ташқари, Қорин Қулиев оз еб, оз ичадиган йигитлар тоифасига мансуб. Шундай қилиб, ҳикоямизни давом эттирамиз.

Қорин Қулиев габардин пальтосини кийиб тўғри ёш романист Лўтти Бозовнинг уйига йўл олди. Лўтти Бозов остонада унга пешвоз чиқаркан, “Хуш келибсан! Эшигимиз сен учун доимо очиқ”, деди.

Лўтти Бозовнинг ҳаёт йўлдоши, бошқача айтганда, қонуний хотини Савлатхоним ошхонадан чиқиб, меҳмонни, яъни ҳазилкаш ёш йигитни қарши олди-да, деди:

– Хуш келибсиз!

Лўтти Бозов Қорин Қулиевдан ҳол-аҳвол сўради, соғлиғи билан қизиқди, ишларини суриштирди. Кейин хотинига юзланди:

– Эй, ҳаёт йўлдошим. Бизга тезроқ бирор нарса келтирсанг-чи. Ахир, очликдан қорин қулдираяпти-ку.

Лўтти бу гапни айтишга айтди-ю, дарҳол изоҳ берди:

– Э-э, дўстим Қорин! Очликдан қорин қулдираяпти, деганимга сен хафа бўлмагин, гап кепқолди-да. Мен ҳеч нарсага шаъма қилганим йўқ. Тавба, раҳматли ота-онанг сенга бошқа тузукроқ исм тополмаган эканда-а…

– Нимасини айтасан, – деди Қорин.

Бу пайт бозбашнинг хушбўй ҳиди бутун коридорга тарқалди. Қорин Қулиев астагина ютиниб қўйди. Лўтти Бозов деди:

– Қани, столга марҳамат.

Қорин Қулиев: “Қўл ювиб олсак, ёмон бўлмасди”, деди.

– Бизда негадир сув йўқ, – деди Лўтти Бозов. – Аммо ташвиш чекма, мен сенинг қўлингга сув қуйиб тураман.

Улар ваннахонага киришди. Лўтти Бозов Қорин Қулиевнинг қўлига сув қуйди, у ювди. Худди шу маҳал Лўтти Бозов Қориндан ўзининг “Қўл қўлни ювади, қўллар эса юзни” романи хусусидаги фикрини сўраб қолди. Қорин Қулиев қўлини сочиққа артар экан, “Қўл қўлни ювади, қўллар эса юзни” романини ўқиб ҳузур қилишга ҳали улгурмаганини афсус ила айтди.

Лўтти Бозов секин йўталиб қўйди. Икки ҳамкасб хонага кириб, стол атрофига ўтиришди.

Дўстлар ўтириши ҳамоно Савлатхоним буғи чиқиб турган бозбаш, кўкатлар, қип-қизил редиска келтириб қўйди. Лўтти Бозов ва Қорин Қулиев енгларини шимариб бозбаш ейишга тушдилар. Нафси бироз ором олгач, Лўтти Бозов гап оқимини яна ўша мавзуга бурди.

– Менинг романимни ҳали ўқимабсан, – деди у. – Соғлиғинг жойидами ишқилиб? Гап шундаки… Инқилобдан олдинги чоллар айтгандай, Худодан сир тутиб бўлмаган нарсани бандасидан яширишга на ҳожат. Демак, сендан ҳам сир тутишнинг иложи йўқ ва мен буни истамайман ҳам. Эртага менинг барча душманларим бирлашиб роса саваламоқчи.

Шу маҳал Савлатхоним кириб келди ва деди:

– Азизим Қорин, бозбаш қалай бўпти? Хом эмасми, оловимиз баланд ёнмаяпти, пишмай қолдими, деб қўрқдим. Хом эмасми ишқилиб?

Қорин Қулиев:

– Йўқ, йўқ, – деди. – Хом эмас.

Савлатхоним ошхонага қайтиб кетди, Лўтти Бозов сўзида давом этди:

– Демоқчиманки, эртага менинг романим муҳокама қилинади. Олий ўқув юртларининг ўқитувчилари ва студентлар, илмий институтларнинг ходимлари, қисқаси, бутун адабий жамоатчилик ҳамда барча қизиққан ўртоқлар таклиф этилган.

Худди шу маҳал Савлатхоним яна кириб келди-да, Қоринга савол берди:

– Азизим Қорин, маъзур тутасиз, тузи қалай? Кам туз солмадимми, деб хижолат бўлиб ўлдим тоза.

Ўртоқ Қорин Қулиев:

– Йўқ, йўқ – деди. – Тузи жойида, кам эмас.

Савлатхоним ошхонага қайтиб кетди, Лўтти Бозов сўзида давом этди:

– Мен уларни яхши биламан. Агар биронтани дабдала қилмоқчи бўлишса, гапирувчилар рўйхатини олдиндан тузиб қўйишади. Мен уларнинг одатини жуда яхши биламан.

Худди шу пайтда Савлатхоним яна кирди.

– Азизим Қорин, кечирасиз, суви кўп эмасми? Сувни кўп солвордимми, деб қўрқдим-да.

Қорин Қулиев:

– Йўқ, йўқ, – деди. – Ҳаммаси жойида.

Савлатхоним ошхонага қайтиб кетди, Лўтти Бозов сўзида давом этди:

– Кўрдингми уларни, менинг ёлғиз пайтимдан фойдаланиб, пўстагимни қоқишмоқчи. Холамнинг ўғли Қўрс Қўполов курортга, ҳамшаҳрим Марателев қишлоққа тўйга кетган, қўшним Графоманский эса хаста. Улар бунинг ҳаммасидан хабардор. Шу боис мени кўролмайдиганлар пайтдан фойдаланиб қолишмоқчи.

Худди шу пайт Савлатхоним кириб, Қориндан бозбашнинг қалампири кўпайиб кетмаптими, аччиқ эмасми, деб сўради. Қорин Қулиев:

– Ҳа, яхши, – деди. – Жойида. Ширин, жуда яхши. Мазали бўпти.

Савлатхоним:

– Азизим Қорин, кечирасиз, – деди, – гўштдан еб кўринг-а, жуда юмшоқ пишган. Яхши ҳазм бўлади.

– Ҳа-ҳа, яхши пишипти, юмшоқ, тез ҳазм бўлади, – деди Қорин Қулиев.

Савлатхоним яна ошхонага қайтиб кетди, Лўтти Бозов сўзида давом этди:

– Демак, сенинг соғлиғинг учун оламан, дўстим Қорин. Сен менга ака-укамдан ҳам яқинсан. Раҳмат сенга, юз йил яша. Биз эса сенинг ҳимматинг, қўллаб-қувватлашинг, бир сўз билан айтганда, соянгда яшайверайлик.

– Ташаккур.

Ичишди:

– Пфф!

– Сен менинг гуноҳимдан ўт, – деди Лўтти Бозов. – Коньякни назарда тутяпман. Бунинг учун қарздорман. Учюлдузлиги бор экан, олмадим. Бўмайди у. Кейинги ҳафта, албатта, беш­юлдузлигидан топиб қўяман. Бир ўтирамиз.

…Эртасига Қорин Қулиев муҳокамага келиб, сўзловчилар рўйхатига ёзилди. Унгача икки-уч киши гапирди. Уларнинг ҳаммаси романни дабдала қилишди, тити-питисини чиқариб ташладилар. “Қўл қўлни ювади, қўллар эса юзни” романида ёзувчининг қўли кўринмайди, ҳар жиҳатдан бўш, саёз, роман дейишга арзимайди, деган фикр билдиришди.

Лўтти Бозов Қорин Қулиев томонга энгашиб, унинг қулоғига шивирлади:

– Мен ҳалок бўлдим, энди сен менинг жасадимни ердан кўтаришинг керак. Таъсирли қилиб гапир. Образли тилда гапир. Ҳаммаси довдираб, айтган сўзларига пушаймон бўлиб қолсин.

Қорин Қулиев романни ўқимаганига яраша лоақал бош қаҳрамоннинг исмини ҳам билмайди. Бош қаҳрамон аёлми-эркакми – шундан ҳам бехабар. Сўраб олмаганига пушаймон чекди.

Бироқ бўлар иш бўлди, ишни бошладими, охирига етказиши лозим.

Қорин Қулиев гапни нимадан бошлашни билмас, оғзи қуруқшаб, тили айланмасди. У графиндан стаканга сув қуйиб, бир қултум ичди. Оғзини сал намлаб олиб, нутқини бошлади:

– Ҳурматли ҳамкасблар ва адабиёт мухлислари. Мендан олдин сўзга чиққан ўртоқларнинг фикрига сира қўшилмайман. Нима учун? Борди-ю, асар яхши бўлса, нега энди уни қоралаш, танқид қилиш керак?

Ўртоқ ёш автор Лўтти Бозовнинг “Қўл қўлни ювади, қўллар эса юзни” романининг энг асосий ютуғи шундаки, яъни унинг асосий жойи… муваффақияти шундан иборатки… у хом асар эмас. Тайёр асар. Ҳа ҳа, хом эмас, тайёр! Бу асарнинг олови ўткир, баланд бўлганини сезиб турибмиз.

Баланд олов, ҳа-ҳа, баланд олов – ёш прозаик юрагининг тафти. Бу ерда биз ҳеч қандай камтузлиликни сезмаймиз. Асарда туз етарли, лекин шўр эмас, мўътадил. Тили ширин, қайтариб айтаман, ширин, мазали. Суви кўп эмас, йўқ-йўқ, суви кам, баъзи бир бошқа ўртоқларникидай серсув эмас. Табиат жуда юмшоқ тасвирланган. Образлар пишиқ, мазали, ҳа, жуда пишиқ ва мазали… Умуман олганда, асар янги, хушбўй, одамга роҳат бағишлайди, яхши ҳазм бўлади.

Нима, сиз ўйлайсизки, камчилиги сира йўқми? Бор, албатта. Бу менинг шахсий фикрим, автор қўшиладими-йўқми – ихтиёри. Менинг назаримда, ўртоқ ёш прозаик Лўтти Бозов боблар орасига учта юлдуз эмас, бешта юлдуз қўйса, асар яна ҳам ютган ва мақсадга мувофиқ бўларди.

…Лўтти Бозов билан Қорин Қулиев муҳокамадан сўнг бирга қайтишди. Шаҳар тун оғушида. Қуёшнинг вазифасини вақтинча бажариб турган ой эринчоқлик билан атрофни ёритади. Лўтти Бозов хиргойи қилиб бормоқда. Қорин Қулиев пешонасига шарт уриб, бирдан тўхтади.

– Вай, – деди у, – мутлақо эсимдан чиқиб кетипти. Афсус, айтмапман-а. Салгина ёғлик бўлган экан-да.

– Нима?

Озарбайжончадан Маматқул Ҳазратқулов таржимаси

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 12-сон

“ҚЎЛ ҚЎЛНИ ЮВАДИ”
ЁҲУД
ҚОВУРДОҚБОЗЛИК

Қуёш ўз ишини тугатиб қизил сочоқли кўрпасини шаҳар узра томларга ёпганида янги романнавис Мана Тўғриев гўшакни кўтариб ҳаваскор мунаққид, ёш олим дўсти Қорин Қулиевга қўнғироқ қилди. Ҳуш беш, ўн беш, фалон-писмадон. Гапнинг қисқаси Мана Тўғриев биродари Қорин Қулиевни лутфан, чин кўнгилдан ўз кулбайи вайронасига меҳмонга, қовурдоқбозликка чақирди.

Қорин Қулиев ёш олим ва штатдан ташқари танқидчи каби болакайларча мис-мислади, бироқ телефон дастагидан қовурдоқнинг ҳиди бурнига урилгандай туюлди, бормасликнинг иложи қолмади.

Агар аввалига Мана Тўғриев билан (дўстлар ҳазиллашиб унга Тулкибеков дейишарди), кейин эса ижодий ҳамкори Қорин Қулиев билан танишадиган бўлсак, айтиш жоизки, Мана Тўғриев кўпчиликни бездирган одам эди. Жуда аъло нарда отар, қайга кетса ўша ерда даврабоши бўлар ва умуман айтганда стил-услуби ҳам яхши, янги, замонавий эди: бир мунча қисқа, узуқ-юлуқ жумлалар, аммо теъран маъноли, сўзлари икки бошли, абзацлари ерли-ётоқли, матнлари кўрпа-тўшакли, романлари эса узундан-узун. Мана Тўғриев ҳаётни беш бармоғидек биларди десак тўғри бўлмас, сабабким, бу ифодада бир камчилик бор. Нега беш бармоқ бўлсин, ҳолбуки одамнинг ўн бармоғи бор ахир (ҳали оёқ бармоқларини санамадик).

Лекин Мана Тўғриев ҳаётга ўн бармоғидек муштоқ бўлсада, асарлари мавзусини бармоқларидан сўриб чиқаромаганди. Яқинда якунлаган янги романини “Қўл қўлни ювади, қўл эса юзни” деб номлаганди. Бир сўз билан айтганда, Мана Тўғриев кам ошнинг тузи эмасди.

Айтганча, дўсти Қорин Қулиев ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак, у ҳали ёш, кўнгил унвони романтик, илмий унвони аспирант эди. Қорин Қулиев яхши ёсин ўқишни билар, шаҳар марказида уч хонали уйи, қоп-қора мўйлови, сариқ волгаси, қизил тишлари ва рангбаранг галстуги бор, камига еб-ичишни канда қилмайдиган одамлардан эди. Майли, мавзудан четга чиқмайлик.

Қорин Қулиев қабардин палтосини кўз-кўз қилиб ёлғиз ўзи Мана Тўғриевникига меҳмонга келди. Уни кўрган Мана Тўғриев:

– Эҳ, сенией, кел, хуш келибсан, – деди ва қўшиб қўйди. – Доимгидек ўзингсан.

Мана Тўғриев рафиқаси, туркнинг сўзи тўғри аёли Нанам Наҳра хоним ошхонадан чиқиб меҳмон, яники, ёш мунаққид Қорин Қулиевга камоли-адаб ила:

– Хуш келибсиз! – деди.

Мана Тўғриев Қорин Қулиевдан бошдан-оёқ ҳол-аҳвол сўрагач туркнинг тўғри сўзли аёлига хитоб қилди:

– Эй турмушим ўртоғи, тезда бизга дастурхон ёз, қорин очликдан ғулдураб кетяпти.

Бу сўзларни айтган заҳоти Мана лабини тишлади:

– Аа, – дея давом этди, – азиз дўстим Қорин, қорним ғулдураяпти деганда хаёлингга бошқа нарса келмасин тағин, сўз келгани учун айтдим. Биродар, раҳматлик ота-онанг сенга жуда ўзгача исм топишганда…

Қорин:

– Ҳа, – деди, – ҳеч қиси йўқ.

Шу пайт қовурдоқ ҳиди ошхонадан бу ерга ҳужумга ўтиб хонани босиб олди, Қорин Қулиев оҳиста ютинди. Мана Тўғриев уни “Қани дастурхонга ўтайлик”, дея стол атрофига чорлади. Қорин Қулиев эса “Аввал бир қўлимни ювиб олсам яхши бўларди”, деди. Мана Тўғриев “Сувимиз тўхтаб қолди, ўзим қўлингга сув қўяман, ювиб оласан” дея уни ошхонага олиб ўтди. Мана Тўғриев сув қўйди, Қорин эса қўлини ювди. Шу пайт Мана Тўғриев ёш танқидчидан “Қўл қўлни ювади, қўл эса юзни” ҳақида нима фикрдалигини сўради. Қорин Қулиев қўлларини ювди ва сочиққа артаётиб “Қўл қўлни ювади, қўл эса юзни” романини ўқиб лаззат ололмаганини таъкидлади.

Мана Тўғриев енгил томоқ қирди, сўнгра икки ҳамкор меҳмонхонага кириб дастурхонга ўтиришди. Шу пайт дастурхонга қовурдоқ келди, камига турли салатлар, турп ва помидор ҳам. Мана Тўғриев ва Қорин Қулиев кўрмаган кўздек қовурдоққа ташланишди. Бир муддат нафас ростлашганида Мана Тўғриев дарҳол ўша асар ҳақида гап очди:

– Романимни ўқимадинг ҳали, – деди, – минг раҳматей. Бироқ бир иш бор, икки амал. Эски диндорлар инқилобдан аввал айтишганки, Аллоҳдан яширин эмасми, демак сендан ҳам яширин эмас. Бу оқшом мен ва барча душманларимиз, сир эмаски, бизни йўқ қилишни исташади.

Шу пайт Нанам Наҳра хоним хонага кириб:

– Қоринбой, қалай чиқибди қовурдоқ, чала пишмаптими ишқилиб? – дея сўради. – Бироз қаттиқроқ эди, балки яхши пишмагандир деб ўйладим…

Қорин Қулиев:

– Йўқ-йўқ, – деди ейишдан бўшамай, – чала пишмаган, зўр.

Нанам Наҳра хоним яна ошхонага қайтди ва Мана Тўғриев сўзида давом этди:

– Ҳа, шуни айтаётгандим мен ҳам, бу кеча романимнинг муҳокамаси куни белгиланди. Университетнинг домла ва талабалари, илмий инстутлар ҳамкорлари, умуман айтганда, бутун адабий ижтимоият ва қизиқувчилар чақириляпти.

Шу маҳал Нанам Наҳра хоним яна хонага кириб:

– Қоринбой, маъзур тутинг, тузи қандай чиқибди? – дея сўради. Кам эмасми, кам деб ўйладим…

Қорин Қулиев:

– Йўқ-йўқ, – деди. – Тузи жуда маромида, кам эмас.

Нанам Наҳра хоним ошхонага қайтди ва Мана Тўғриев яна сўзида давом этди:

– Мен бу гуруҳга яхшигина мухлисман. Биттасини уришни исташганида аввалдан чиқишларини ҳуштак чалиб тўхтатишади, шунинг учунам унга мухлисман.

Шу лаҳзада Нанам Наҳра хоним ошхонадан туриб:

– Қоринбой, кечирасиз, қовурдоқнинг шўрваси кўп бўлмаганми? – деди. – Кўпайиб кетдими деб ўйладим…

Қорин Қулиев:

– Йўқ-йўқ, – деди, – шўрваси жойида.

Нанам Наҳра хоним ошхонага, ўзи ишига қайтди. Мана эса яна сўзини давом қилдирди:

– Кўриб турганингдек, мени ёлғиз қолдиришди, бибимнинг ўғли Мард Мозоров курортга кетди, болалик дўстим Ҳайдарқули касаланниб ётибди, катта ўғлим Чизма Қораев қишлоққа тўйга кетди, ён қўшнимиз Ҳатаран Патаронов эса мендан ранжиганмиш.

Шу дақиқада Нанам Наҳра хоним яна келиб, улардан хабар олди:

– Қоринбой, хўш, картошкаси ширин эканми?

Қорин Қулиев:

– Ҳа, жуда ҳуштаъм, – деди.

Нанам Наҳра хоним:

– Қоринбой, гўштларидан олинг, – деди. – Яхшилаб чайнанг, таъмини янада сезасиз. Антиқа ҳазм бўлади.

Қорин Қулиев:

– Ҳа, – деди, – антиқа ҳазм бўларкан ростан.

Нанам Наҳра хоним яна ошхонага қайтди, Мана Тўғриев эса яна сўз жуфтлади:

– Сенинг соғилиғинг учун ичаман, Қорин, сен менга қариндошдан ҳам яқинсан, жонинг соғ бўлсин, биз ҳам сояйи давлатингда камол топайлик.

– Соғ бўл!

Ичишди.

– Пфф! Заҳар! – дея Мана Тўғриев юз-кўзини буриштирди. – Гуноҳимдан ўт биродари азиз. Коняк жиҳатдан бироз янглишибман. Жуда арзон – “Уч юлдуз”. Ёдда тут, келаси ҳафта “Уч юлдуз” ўрнига “Беш юлдуз” менинг бўйнимга.

…Оқшом муҳокамага келган заҳоти Қорин Қулиев рўйҳатга ёзилди. Ундан аввал бир-икки одам асар ҳақида гапирди. Ҳаммаси асар ҳақида ёмон фикрлар билдиришди. Улар бир овоздан “Қўл қўлни ювади, қўл эса юзни” романида ёзувчи қўл ишлатмаган, оёқ билан ёзган, дейишди.

Мана Тўғриев Қорин Қулиевнинг қулоғисга аста эгилиб пичирлади:

– Ўлидиришди мени, сен энди ҳеч қурса майитимни кўтар. Яхши гапир. Яхши фикрлар билдир…

Қорин Қулиев шу маҳала асарни ҳали ўқимагани, ҳатто бош қаҳрамоннинг ҳам исмини сўрашни унутганини англади. Бош қаҳрамон йигит ё қизлигиниям билмасди ҳатто. Бироқ айтишганидек, минбарга чиқиш бир ҳисса айб, тушиш икки ҳисса айб.

Қорин Қулиевнинг ичи ёнар, тили-бўғзи қуриганди, графиндаги сувни бошидан қуйди ва нутқини бошлади:

– Муҳтарам қаламкаш дўстларим ва адабиёт муҳиблари! Мендан аввал гапирганларнинг фикрларига қўшилолмайман. Нега дейсими? Чунки бу яхши асар. Уни қоралашдан наф йўқ. Ёш муаллиф Мана Тўғриевнинг “Қўл қўлни ювади, қўл эса юзни” романининг асосий ва катта ютуқларидан бири шуки, у… чала асар эмас, пишган асар. Ҳа-ҳа, хом эмас. Бу асарда, шунингдек, кучли оловни ҳам кўриш мумкин. Ёш носирнинг, муаллиф қалбининг оташин оловини, ҳа-ҳа, оловини. Бу ерда биз тузсиз нарсаларга дуч келмаймиз. Асарнинг тузи ҳам маромида. Тили ҳам ширин, ҳа-ҳа, жуда ширин. Баъзи ёзарларнинг баъзи асарларидагидек унинг суви кўп эмас, аксинча жойида. Табиат тасвирлари ҳам юмшоқ. Образлар ҳам лаҳм-қонли, ҳа-ҳа, лаҳм-қонли. Мана Тўғриев чайналмаган воситаларга қўл урмаган. Умуман айтганда асар тароватли, хуш ифорли, тотли, лаззатли, бир сўз билан айтганда, яхши ҳазм бўлади. Нима, ҳеч нуқсони йўқми демоқчимисиз? Албатта бор. Тўғри, бу менинг шахсий мулоҳазам, муаллиф балки менинг фикримга қўшилар, балки қўшилмас. Аммо менимча ёш носир Мана Тўғриев фасллар орасида уч юлдуз эмас, беш юлдуз қўйгани маъқул.

Муҳокамадан кейин Мана Тўғриев ва Қорин Қулиев бирга қайтишди. Шаҳарга оқшом тушган, қуёшнинг вазифасини вақтинча эгаллаган Ой дангасаларча нур сочарди. Мана Тўғриев қўшиқ ҳиргойи қила бошлади. Тўсатдан Қорин Қулиев қўлини пешонасига уриб жойида таққа тўхтади:

– Вой, эсим қурсин, – деди, – буткул унутибман. Ахир ёғли демабманку…

– Нима?

Ожиз Овора

Фанд Фараж

“Мулла Насриддин – 66” ҳажвий асаридан парча.

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси