Бозор Собир (1938-2018)

Бозор Собир 1938 йилнинг 20 ноябрида Файзобод ноҳиясининг Сўфиён қишлоғида туғилган. Отасидан бевақт маҳрум бўлганлиги боис Ҳисор ноҳиясидаги мактаб-интернатда тарбияланган. 1957-1962 йилларда Тожикистон давлат Университетининг тарих-филология факултетида таҳсил олган. «Маданият ва маориф», «Садои Шарқ» журналларида назм бўлими бошлиғи, Ёзувчилар Иттифоқи назм бўлими маслаҳатчиси вазифаларида ишлаган. 1990 йилда Тожикистон Олий Совети депутатлигига сайланган.
«Пайванд» (1972), «Оташбарг» (1974), «Гули хор»(1978), «Офтобниҳол» (1982), «Симхор»(1995), «Аз «Гули хор» то «Симхор» (1997), «Хуни қалам» (2010) каби китоблари чоп этилган. Рус тилида «Каменная кладка» ва «Листья огня» номли китоблари нашр этилган. Байрон, П. Неруда, А. Рембо, Г.Апполинер, А. Фет, С.Есенин, Э.Межелайтес каби жаҳоннинг машҳур шоирларининг шеърларини  тожик тилига таржима қилган.
Бозор Собир 1988 йилда Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги давлат мукофоти, 2013 йилда «Президент юлдузи» ордени билан тақдирланган. 1973 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси, Тожикистон халқ шоири.

ЗАМИН

Азиз замин!
Эшитмоқдасан;
Бешик ғижирию
Бола сасини —
Булар келаётир менинг уйимдан.
Келажак одамин кўриб турибсан:
Мана ўша одам
Мана
Етур менинг қучоқларимда.
Ҳали суяклари қотмаган унинг,
Ҳаракат,
Ғимирлаш,
Бидирлаш,
Бир парча кулгию йиғидир бори.
Сутнинг майин ҳиди келади уйдан
Кечаю кундуз.
Қўшиқ ва умидга бўлар бошпана
Энди уйимиз.
Менинг ўзимда ҳам қанча ўзгариш.
Деворларга боқиб ундан гўёки
Недир сўрайман.
Албатта сўрайман нимадир…
Унга оқ фотиҳа берингиз, дейман,
Сўрайман дўстдан ҳам, бегонадан ҳам,
Номлари оламга кетганлардан ҳам,
Бутун дунёдан
Дилбандим олинг деб қучоғингизга,
Сиздан ҳам сўрайман яшил тепалар,
Қайноқ биёбонлар, сўрайман сиздан.
Сиздан ҳам сўрайман сокин чўққилар.
Эшитилмай қолса агар овозим —
Дарада гувиллаб турган шаршара
Менинг қўшиғимни
Куйласин унга…
Қирлар, экинзорлар,
Қушлару йўллар,
Қадрдон қишлоғу шаҳар боғлари,
Ёлғизимни сизга топширмоқдаман.
Шу лаҳза кўксидан
Майли қуш каби
Бирга парвоз қилсин қўшиқ ва йиғи,
Майли ўз ерида камол топсин у,
Она замин, унга фароғат тила.

Маъруф Жалил таржимаси

ТОЖИКИСТОН

Тожикистон, Тожикистон,
Қайга борсам ҳар замон,
Чегарангга етгунимча,
Ўзга юртга кетгунимча,
Баримни қоқибон қўяман қадам,
То хокинг бўлмасин бирор зарра кам,
Баримда кетмасин бирор зарра ҳам.

Қайда сув кўрсам агар,
Қайда биллурдек булоқларнинг лабин сўрсам агар,
Кўзима илдим унинг бир қатрасин,
Кўринарди гоҳ Зарафшон, гоҳи Вахш,
Хуш эрур этсам агар бир қатра бахш.

Ўлкалардан ўтганимда,
Йўл ғуборин ютганимда,
Қўндирардим ҳар замон киприк учига заррасин,
Токи, сенга туҳфа этсам,
То кўлайсин зарраларнинг карраси.

Қайда тош кўрсам агар,
Мен силардим ўзга юртнинг тошини,
Силагандек худди фарзанд бошини,
Ўзими дердим, уни
Келтиришгандир Бадахшон бўйидан,
Юлқиб олгандек гўдакни мушфиқ она қўйнидан.

Ҳар қаён қилсам сафар,
Ёдладим ҳар битта йўлни бир ғазалдек беғалат,
Хатма-хат,
Бошласин токи сўроғингга мени,
Беозор элтсин кучоғингга мени…

Қайда бўлсам, бўлмасам,
Мен ўшал деҳқон болангман.
Ғам чекарман тоғларингдан битта тошинг кўчса гар,
Ғам чекарман бир гиёҳинг баргидан ранг ўчса гар,
Резги нонингни ютарман бўлса гар нонинг бутун,
Сув ичарман бўлса гар дарё кўли ҳаддан узун.

Бир нафас қолсам агар ёлғиз бўлур тоғинг макон,
Токи, тошга бош қўйиб роҳатланиб олсам бир он,
Токи, дарё куйига этсин мени ҳам ҳамзабон,
Токи, йиғлатсин шалола ноласи зор-зор мени,
Токи, ёмғир айлабон куйсин булут бир бор мени,
Токи, ёлғиз қолмайин ёлғизлигимда ҳеч қачон.

Тожикистон, Тожикистон,
Борлиғингга бир эмас, минг қатла шукр,
Ҳарна тегса менга бас, минг қатла шукр,
Менга сарват бер демайман,
Менга савлат бер демайман,
Она юртимсан,
Кифоя яшнасам бағрим тўлиб,
Не саодатдир яшаш хору хасингга тенг бўлиб.

Тожикчадан Жонибек Қувноқ таржимаси.

АЙНИЙ ҲАЙКАЛИ

Халқнинг жону танидин ул кўтарди қоматин,
Анинг ҳайкалига жисм бўлди-ю, бўлди бедор тоғ.
Ҳайкал бирла юзма-юз, ҳайратдамиз боққан сайин,
Айний тимсолида бўлди халқ учун минбар тоғ.

Ҳайкал-ку, бу — маърифат, ақлу заковат ҳукмидир,
Тошда шавкат, шонни кўр-у, бунда тош туғённи кўр.
Ким унга термулса гар Фирдавсни кўргандек бўлур,
Гўёки келбатли Рустам Рахш узра ўлтирур.

Дохундалар давлатин дилда мужассам айлаган,
Неки бор халқи тилида, қалбида ҳам бошида.
Мен хаёл этмоқдаман: ким эл учун бўлса фидо,
Ўз эли кафтидадур… Таъзимдадур халқ қошида.

Халқ ғамида умрини сарф этди Айний хомага,
Чун унинг ҳар бир асари тенг шаҳодатномага.
Ҳар асарда акс этар сарманзилимиз, тонгимиз,
Ул китоблар нурида ёйилди қутлуғ номимиз.

Гарчи Айнийгача ҳам сўз дарёси сероб эди,
Ташна халққа бир анинг шохоби ҳам ноёб эди.
Вахш, Зарафшон бўйида эллар яшар эрди ва лек
Қатра сувга зор эди, чунки замон гирдоб эди.

Ёш келар кўзимга қайнаб, Панжрудда не чоқ,
Рудакий номидан ҳам ном бормиди гумдонроқ?!
Титса фаранглар Сомоний аҳлидан ноёб асар,
Излагандай эрди ўғрилар Бухоро ичра зар.

Тожик элин бирма-бир дур доналардек топди у,
Эски қўлёзма каби вайроналардан топди у.
Тожикистон ҳамда ҳар тожик анинг ашъоридир,
Халқининг бедорлигидан тунлар у бедордир.

Рудакий шеър бобида якто эди, зийрак, закий,
Аммо Айний меҳри-ла оламни кезди Рудакий.
Табобат дунёси ичра бўлса ҳам Сино чақин,
Айний ҳиммат ҳикмати этди ани халққа яқин.

Гарчи шоир аҳлига хақ сўзни етказган эди,
Гавҳар шаклида тизиб у халққа тутқазган эди.
Оламга келтиргай мардум зукко фарзонани,
Айний фарзоналигин халқига ўтказган эди.

Шукрким, тоғ парчаси жисмига жисм бўлди анинг,
Қоматини тик тутар, гўё у давр сурмоқдадир.
Тожик халқин пиридир, нуроний чол ҳолида у
Тожикистоннинг мадори-ла жавон турмоқдадир.

Бу маконда биз яшармиз, биз яшармиз тоабад,
Тоабад келмасин дуч ҳайкал маломат тошига.
Йил ўтар, йиллар ўтар, ўтмоғидин не ваҳм?
Бош эгишни канда қилмас вақт ҳайкал қошида.

МАКТУБЛАР

Сенинг мактубларингни
Учирдим ҳавога қушлар мисоли,
Токи баҳорги булутдек тўлиб,
Ёғсин улар кўкдан қуйилиб.
Булут тепаликлар узра йиғласин,
Йиғласин чашмаю дарёлар узра,
Менинг ҳайрон ҳолим бўлиб йиғласин.

Шамолларга кеча мен узоқ
Сен ҳақингда қилдим ҳикоя.
Хотиралар тилга кирган чоқ,
Мисралар — сел, билмас ниҳоя.

Ҳикоямни сўзласин саҳроларга шамоллар,
Ҳикоямни сўзласин дарёларга шамоллар.
Майдалаган ёмғир остида
Бутун кеча ўй суриб юрдим.
Сочларингга ўхшатдим жуда,
Томчиларни аста силадим.

Лабларингда қолмаган бўса изларин
Йўл ёқаларига,
Ариқ бўйларига
Экиб бордим юрган еримда.
Токи, қадам босган жойларим —
Йўл ёқаларида,
Ариқ бўйларида
Гулласин бўсалар қоқигуллардек,
Ҳид таратсин ялпизлар янглиғ.

Шу кеча тўхтамай ёмир қуйилди,
Дарё тошди ўзанга сиғмай.
Шу кеча менда ёлғизлик кечди,
Ёлғизликка турардим сиғмай.

Кеча ёққан булутлар чунон
Яшнатиб юборди заминни.
Изларингдан қолмади нишон,
Ювди менинг қалбдан ғамимни.

Кўчаларда сархуш кездим шу оқшом,
Сайдини йўқотган сайёддек тамом.
Бу кеча олам ғарқ эди сувга,
Осмон ғарқ эди,
Замин ғарқ эди.
Мен-чи, сенинг номинг такрорлаб
Ташналикдан қуруқшаб лабим,
Сингиб борардим ёмғирларга.

ДИЛ ЁНАДИР

Доғу аламингдан дам-бадам дил ёнадир,
Иқбол чўғи ёнмаса ҳам, дил ёнадир.
Ишқ-ла кўзимни очмагай эрдинг кошки,
Очилган кўзимда қатра нам, дил ёнадир.

Ғаму шоддигингдан лим-лим тўлди юрагим,
Гулдек очилиб, дур каби бўлди юрагим.
Ишқинг ўлмади, тирик ўлди юрагим,
Ўлган юрагим менга алам, дил ёнадир.

Кўйингда юрак қон ютар, қон беҳуда,
Мурувватингни санадим, сон беҳуда.
Топширдим муҳаббатингда жон беҳуда,
Жонсиз қолди, афсус, бу танам, дил ёнадир.

Тор келса агар ғаминг била кенг олам,
Сарсари кезиб оламан дафтару қалам.
Дафтару қаламдан оламан шунда алам,
Ҳайф кетди-я шу дафтар-қалам, дил ёнадир.

Тикан захмидин озор чекди-ю тан,
Озорим бўлиб, сўрмадинг бир ҳол мендан.
Бўлдинг менга олам, бўлмадинг лек яктан,
Чекса ҳам ҳасрат-алам, дил ёнадир.

Тилак Жўра таржималари

ХОТИРА

Лабимда лабларингдан бўса-бўса хотира қолди,
Тилимда тилларингдан қисса-қисса хотира қолди.

Кўзларингга боқиб кўздан ёшлар тўкдим минг косалаб,
Ушбу ҳолдан кўзларимда коса-коса хотира қолди.

Йўлингда термулиб кечган зор-интизор онларимдан
Хотирам майсазорида майса-майса хотира қолди .

Ҳижронингда ёниб куйиб адо бўлган юрагимда,
Аламлардан асар бўлиб ғусса-ғусса хотира қолди.

Сени қўмсаб неча йиллар сарсон юриб ишқ даштида
Ҳориб толдим, вале, дилда ҳисса-ҳисса хотира қолди.

Хулоса, ул мўрча миён ҳамда ўтлуғ оғушингдан
Тамоми борлиғимда хоса-хоса хотира қолди.

Ҳасанбой Ғойиб таржимаси.

ШОИРУ ШЕЪР БОР ЭКАН ТО…

Пабло Неруда хотирасига

Шеър ёзиб шоирлигидан ношод ким,
Мен билмадим.
Лек ғазалсиз, янги шеърсиз қолса бир кун лабларим
Қуриб қолган чашмаларнинг лабларидек қақрагай,
Шунда ҳеч ким мен каби қон бўлмагай.
Минг шукур ул фурсатгаким,
Оқса жигардан тоза байт,
Мен шу байтлар қошида бешик
Қучган аёлдек шодман.
Мен гўё эркка эришган
Маҳбус каби озодман.
Дард ила дунёга келган,
Шеър гўдакка шукроналар.
Ҳар куни Наврўз, агар миллат ва халқ
Шоири дунёга келган
Кунни байрам қилсалар.
Шоиру шеър бор экан то,
Бор мудом ғамхор киши,
Хира ранглар шеър ила жилва қилур,
Ташна қолган сийналар ҳам нурга қонур.
Шоиру шеър бор экан то,
Ишқ бор,
Шафқату армон бор,
Яъни ҳар бешик бошида оналар
Мижжа қоқмай тонг оттирар,
Сийнада сут, лабда эса алла бўлар.
Халқ иззати Нерону Искандар-ла мас,
Шеър қадрию шоирларин шони билан.
Шоир улким ҳар латиф сўз-ганжни
Олса узиб мисли кончи бағридан,
Олса тандан гўё парча жонни узиб.
Шодиёна, қайғули онида халқ
Очар шоир дафтару девонини.
Дардли шоир юз йилда бир бунёд бўлар,
Шоирни ҳам бойлик каби йўқ қилмоқ осон,
Йўқолганни топиб бўлмас ҳеч қачон.
Асл шоир кеч туғилгай, бу жаҳонда
Шоир умри гарчи узоқ эмасдир
Ҳофиз умрин яшаб кўрмоқ ҳам ҳавасдир.
Ким истамас йил эмас, бир соат ҳатто
Яшаб шоир каби,
Шоир каби ўлмакни?
Қолмагай шоҳона ишлар халқ тилида,
Аммо шоир байтлари халқ дилида.
Бадбахт бўлай, майли, лек шоир бўлай,
Сарсахт бўлай, майли, лек шоир бўлай.
Розиман Саъди Салмондек
Шоирлигим-чун айблаб чоҳу зиндон қилсалар,
Шеър қотсин лабларимда,
гар тошбўрон қилсалар.
Тақдирим бўлди менинг шоирлигим,
Не учун бедард бўлай,
токи бордир оламда дард?
Шеър ёзар онимни менга
Ранжи ширин, ранжи ширин.
Ёлғон айтсам бир сўзим, бошим товон.
Бош баҳоси ҳеч нарсадир, бу хато,
Шеърда қилсам гар хато ранжин чекай,
Бу дунёдан Рўдакийдек кўр кетай.
Розиман ўлмакка ҳам,
Қўймасинлар тупроққа ҳам, лек
Мен қўлимда шеър-ла ўлгайман,
Мен бўғзимда шеър-ла ўлгайман.
Элу юртим бирла қолгайман.
Элу юртим бирла қолгайман.

Жамшид таржимаси